Abu Solih   10-13-2011, 08:26 PM
#1

Ибн Аббосдан: "Куфр дуна куфр"нинг саҳиҳлиги ҳақида

Бисмиллаҳ, алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу аъла Росулиллаҳ. Ва баъд...
Афсуслар бўлсинким, кўпинча баъзи мусулмонларни ўз фикрига суяниб ёки ўзларича, бу жуда кучли далил деб ўйлаган ҳолда, жиддий масалалар хусусида муҳокама қилаётганларини гувоҳи бўлаяпмиз.

Ҳозирги кунда Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Моида сураси 44-оятидаги Аллоҳ таолонинг: “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир”сўзи хусусидаги: «Куфрун дуна куфр», яъни: “Катта куфрдан пастроқ бўлган кичик куфр” (Ислом миллатидан чиқармайдиган куфр) сўзининг саҳиҳлигини инкор этишга уриниш, шулардан биридир.

Ажабланарлиси шундаки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келган ушбу хабарни заифлиги ҳақида баъзи замондошларимиз гапиришган холос, аммо буни аввалги имомлардан ҳеч ким қилмаган.

Бу замондошларимиз далил сифатида қуйидагиларни келтиришади:

«Бу хабарни ал-Марвазий “Таъзийму қодрис солат” 2/521да, Ҳоким “Мустадрак” 2/313да Ҳишом ибн Ҳужайрдан, у эса Товусдан, Товус эса Ибни Аббосдан ушбу сўзни ривоят қилган.

Имом Аҳмад, Яҳё ибн Маъин, Уқайлий ва баъзи олимлар Ҳишомни заиф дейишган (“аз-Зу’афа” 4/337-338, “ал-Камил” 7/2569).

Али ибн Мадиний бир куни Яҳё ибн Саъидга: “Ҳишом ибн Ҳужайрдан Ибн Журайж ривоят қилди”-деб ўқиётганда Яҳё: “Уни тарк эт”-деди. Ибн Мадиний: “Уни хабарларини ташлаб юборайми?!”-деб сўраганди, Яҳё: “Ҳа”-деди (“Тахзиб ал-Камал” 30/180).

Абдуллоҳ ибн Аҳмад “Тахзиб ал-Камал” 30/179да: “Ҳишом ибн Ҳужайр Маккий ҳадисларда заифдир”-деди.
Яна Ибн Уяйна: “Агар Ҳишом ибн Ҳужайр ривоят қилган сўзни бошқа бировдан топмасак, у сўзни олмасдик”-деган.

Юқорида зикри ўтган сўзни эса Ҳишом ёлғиз ўзи ривоят қилган, бундан ташқари “сиқот”(ишончли) кишилар ривоят қилган сўз, Ҳишом ривоят қилган сўзнинг аксини кўрсатмоқда: Абдуллоҳ ибн Товус отасидан, у эса Ибну Аббосдан ривоят қилади: “Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти хусусида сўраганида, Ибн Аббос: “У – куфрдир”, деди. Бошқа лафзда эса: “Унинг шу иши куфрига етарлидир”, деди. Буни Абдураззоқ ўз тафсири (1/191)да, Вакиъ эса “Ахбарул қузо”да, Ибну Жарир Табарий ҳам (Тафсир 6/256) ва бошқалар саҳиҳ санад билан ривоят қилишган.
Ҳишом ибн Ҳужайр ривоят қилган сўз икки жиҳатдан инкор қилинишга лойиқдир: Биринчидан, у заиф ровий бўлиб, ёлғиз ўзи ривоят қилган. Иккинчидан, у ривоят қилган сўзнинг аксини ривоят қилувчилар, ундан кўра ишончлироқ бўлган кишилардир».


Мана шу уларнинг асослари бўлиб, унга кўра: “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти ҳақида Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг: «Куфрун дуна куфр» тафсири заифдир ва яна устига-устак, саҳобий бу билан Аллоҳ нозил қилган Дин ила ҳукм юритмаган ҳар қандай кимсага ҳолатидан қатъий назар катта куфрни нисбат бермоқда, демоқчи ҳам бўлишяпти.

Аслида эса, айнан мана шу тушунчани бизнинг замондошлардан Сулаймон ал-‘Алван, Ҳамуд ибн Абдуллоҳ ибн ‘Ақала аш-Шуъайби ва Абу Муҳаммад ал-Мақдисийлар келтиришган бўлиб, Аллоҳ билади қай бири буни аввал ёзди ва қай бири кўчириб батафсил текширмасдан тарқатди.

Яна қандайдир Ҳассон ибн Абдул-Маннон деган киши ҳам бир рисоласида юқоридагиларни далил сифатида келтириб, Ибн Аббоснинг ушбу тафсирини заиф деган.
Ибн Абдул-Маннон ҳақида тўхталсак, у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари борасидаги ҳадисларни саҳиҳ ё заифга чиқаришда ўйнашадиган одамдир. У Аҳли Суннат эътиқодини қуришда суяниладиган ва аввалги имомлар саҳиҳлигида ижмоъ қилишган кўпгина ҳадисларни заиф деган. Масалан, Абу Довуд 4607, Тирмизий 2676, Ибн Можжа 42да келган: «Дарҳақиқат, сизлардан кимдир узоқ яшаса, кўп ихтилофларни кўради. Шунинг учун, сизлар менинг Суннатимни ва Тўғри Йўлдан юрувчи, ҳидоятли халифалар суннатини тутинг! Уни озиқ тишларингиз билан ушланг ва бидъатлардан четланинг! Чунки ҳар бир бидъат залолатдир!» машҳур ҳадисни заиф деган. Аксинча, Тирмизий, Баззор, Ҳоким, Ибн ‘Абдул-Барр, Дия ал-Мақдисий, Нававий, Ибн Касир ва яна бошқалар бу ҳадисни саҳиҳлигини исботлашган. Шунинг учун ҳам, ўша Ибн Абдул-Манноннинг рисолалари ва ҳадис илмидаги ғалати даъволари тарқалганда, машҳур муҳаддис олим шайх Албоний унга кўп раддиялар берганлар ва ҳатто ҳадисларни аниқлашдаги унинг залолатларига бағишлаб алоҳида “Имомларнинг китобларини тадқиқотларида юзлаб саҳиҳ ҳадисларни заиф деган Ибн Абдул-Маннонга насиҳат ва унинг рисолаларидан огоҳлантириш” номли китоб ҳам ёзганлар. Шундан кейин уни ҳолати мусулмонларга ошкор бўлганидан сўнг, у Абу Суҳайб ал-Кармий номи билан ёза бошлади.

Демак, бизга маълум бўлдики Ибн Аббоснинг асарини заифга чиқарганлар фақат замонамиз олимларидир. Буларнинг ҳеч бири ҳадис илмида бирор эътиборли китоблар ёзишмаган, бунинг устига яна эътироф этилган буюк ҳадис имомларига ҳам хилоф қилишди!
Бу ерда бир ўринли савол туғилади: “Наҳотки, асарнинг саҳиҳ ёки заифлиги тўғрисида интернет орқалими, ё бошқа таги номаълум бўлган жойдан олинган ва ўзини ботил ақидаси-ю, ҳавои-нафсига мувофиқ келган сўзларни топиб олиб, дарров ҳар тарафга жар солгандан кўра, ҳадис илмининг буюк имомлари бўлган ва илмларига бирор киши шубҳа қилмаган уламоларимизнинг сўзларига суянган яхши эмасми?!”. Дарҳақиқат, Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ёмонликда пешқадам бўлгандан кўра, яхшиликда эргашувчи бўлиш – яхшироқдур!”-деганлар (Ибн Абу Шайба 37188. Саҳиҳ).

Имом Молик роҳимаҳуллоҳ эса: “Киши то ўзидан илмли бўлган кишидан сўрамагунча, ўзини бирон нарсада лойиқман, деб ўйламасин!”-дегандилар.



Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг сўзини заиф деган шубҳаларга жавоб


Аслида, аввалги имомларнинг барчаси ва кейингилар ҳам, Ибн Аббоснинг “Куфр дуна куфр” асарини саҳиҳ санашган ва унга таянишган. Аммо бизнинг баъзи замондошларимиз буни заифга чиқаришга ҳаракат қилишди.

Улар буни иккита сабаб билан заиф эканини айтишган.
Биринчи сабаб: “Куфр дуна куфр” лафзи ривоят қилинган санадда Ҳишом бин Ҳужайр исмли заиф ровийнинг борлиги учун заиф дейишди.

Аллоҳнинг инояти ила, Ибн Аббосдан келган ушбу хабарни муайян бир шахсларнинг тадқиқотларидан кифояланмай ва баъзилар каби ўшалардаги сўзларга кўр-кўрона эргашиб кетмай, батафсил таҳлил қилиб кўрамиз.

Авваламбор айтиш керакки, Яҳё ал-Қаттон ва Уқайли деган имомлар Ҳишомни заиф ровий деб ҳисоблашган. Суфян бин Уяйна айтади: “Биз Ҳишомнинг ҳадисини олмаймиз, токи бошқа жойда уни тасдиқловчиларини топмагунча”. (Тахзиб ат-тахзиб 11/33)
Ибн Маъиндан эса Ҳишом ҳақида иккита фикр бор. Бир жойда уни “заиф” дедилар, бошқа жойда эса уни “солиҳ” дедилар. Аммо уни заиф деб даъво қилувчилар Ибн Маъиннинг "солиҳ" деган сўзларини ҳадисларни ривоят қилишда эмас, балки "динда солиҳ киши", деб тушунтиришмоқда. Аслида, бу фақатгина тахминдир холос.

Имом Аҳмаддан келган хабарлар ҳам шундай ҳолатда. Чунки Имом Аҳмад Ҳишомни умуман заиф деб, ёки қабул қилинмайдиган ровий, деб ҳисобламаганлар. У киши Ҳишом ҳақида шундай деганлар: “Маккалик, ҳадислари заиф”, яна шундай деганлар: “У кучсиз ровий”.

Аммо ҳар доим ҳам Имом Аҳмад ушбу сўзлари билан бу каби ровийнинг ҳадислари қабул қилинмайди, деб ҳисобламаганлар. Аксинча, кўп ҳолларда бундай ҳадис саҳиҳ эмас, балки ҳасан даражасида эканлигини назарда тутганлар. Буни Ибн Таймия қуйидагича тушунтирадилар: “Аҳмаддан шундай ривоят келади: “Фалончи заиф, кучли ровий эмас.” Бу иборанинг маъноси шуки: Аҳмад бу ровийнинг ҳадисини саҳиҳ эмас деб, аммо ҳасан деб ҳисоблаганлигини билдиради. Шунинг учун ҳам, шундай бўлардики, бу каби ҳадисларни заиф дейишар, аммо далил сифатида келтиришарди. Модомики, бу ҳадислар ҳасан бўларди”. (“Мажмуъул-фатаво”, 3/243)

Имом Заҳабий айтдилар: “Кўпинча одамлар ҳақида: “кучсиз ровий”-деб айтилар ва лекин уларга таяниларди”. (“Муқаддима ал-Мавқиза”, 319)

Ушбу сўзларга далил сифатида Имом Аҳмаднинг ўзлари “... Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмас экан, бас улар кофирлардир” оятининг тафсирида Ибн Аббоснинг асарига асосланганларини келтириш мумкин. Қачонки, Имом Аҳмаддан: “Оятда қайси куфр ҳақида сўз кетмоқда?”-деб сўралганда, у киши: “Ибн Аббосдан келганидек, Диндан чиқармайдиган куфр ҳақидадир”- деб жавоб бердилар (“Суалат Ибн Ҳани”, 2/192, “Масаил Абу Давуд”, 114, “ас-Саля ва хукму тарикиха”, 49)

Бундан ташқари, кўпчилик имомлар Ҳишом бин Ҳужайрни ишончли ровий деб ҳам ҳисоблашган.

Ҳофиз Ибн Ҳажар имом Ибн Саъд айнан Ҳишом ҳақида: “У ишончли ровий эди”-деганларини ривоят қиладилар. Имом Сажий у ҳақида шундай дейдилар: “У ростгўй ровий”. Имом Ижлий эса у ҳақида шундай дедилар: “Ишончли, Суннат соҳиби” (“Тахзиб ат-Тахзиб”, 11/33-34)

Ибн Шубрума ҳам Ҳишом ҳақида шундай дедилар: “Маккада унга тенги йўқ”.
Яна Ҳишомни ишончли ровий деб ҳисоблаганлар орасида Ибн Ҳиббон, ҳамда Ибн Шаҳин ҳам борлар ва “ас-Сиқот” китобларининг 344-бетида уни ишончли деб айтганлар.

Аммо Ибн Аббоснинг асарини заифга чиқармоқчи бўлаётган замондошларимиз эса айтадиларки: Ҳишомни “сиқот” – ишончли деб ҳисоблаганлар ҳадис илмида санадга талабни юмшатиб қарайдиган олимлар бўлишган, дейишади. Бу даъво ҳам асоссиз эканлигига бир неча сабаблар бор:

Биринчидан, бу борада Ибн Ҳиббонни ва ал-Ижлийни айблашган. Маълумки, улар “мажҳул” – номаълум ровийларни сиқот санашганди. Бу ҳолатимизда эса номаълум ровий ҳақида сўз бормаяпти.

Иккинчидан, ҳадис илмидан хабардор ҳар бир киши биладики, агар юқоридаги имомларнинг ровийлар ҳақидаги фикрлари кейинги келган имомлардан Заҳабий ва Ибн Ҳажарнинг фикрларига мувофиқ келса, бу қабул қилинади. Чунки булар ўз тадқиқотларида имомларнинг ровий ҳақидаги ихтилофли сўзлари борасида якуний хулосалар чиқаришган. Масалан, имом Заҳабий имом Аҳмаднинг Ҳишом ҳақидаги: “У кучсиз-заиф ровий”, деган сўзини келтириб, кетидан: “У кучли-сиқот ровийдир!”-деганлар. (“ал-Кашиф”, 2/335)

Учинчидан, Ҳишомни фақат ровийларга енгил қарайдиган олимларгина ишончли ҳисоблашган, деган сўз нотўғридир. Чунки имом Абу Ҳотим уни ишончли ровий деб айтганлар. Ибн Абу Ҳотим ровий Ҳишомнинг биографиясида уни заиф деган имомларнинг сўзларини келтириб, отасининг сўзи билан якунлаган: “Маккалик, унинг ҳадисларини ёзиш лозим!” (“Жарх ва Таъдил”, 9/53)

Абу Ҳотимнинг мавқеълари хусусида эса: уламолар у кишини “жарх ва таъдил” илмининг имоми, деб берган баҳолари маълум ва машҳурдир! Имом Заҳабий айтадилар: “Агар Абу Ҳотим бирор кишини ишончли деган бўлса, уни сўзига эргашгин! Чунки, у фақат ҳадиси саҳиҳ бўлган кишинигина ишончли деб айтган”. (“ас-Сияр”, 13/260)

Аммо, тажжубки Ибн Аббос сўзларининг саҳиҳлигини инкор этувчилар Абу Ҳотимнинг: “Унинг ҳадислари ёзилади”, деган сўзларини: “унга таянилмайди”, деб ҳисоблашди. Бу ҳам етмагандек, улар: “Абу Ҳотим ушбу сўзлари билан Ҳишомни заиф ҳисоблаган”, деб даъво қилишди.

Abu Solih   10-15-2011, 05:32 PM
#2

Дарҳақиқат, бу жуда ажабланарли ҳол! Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг бундай ҳолатларга: “Кимки бирон-бир фанда илмсизларча гапирса, ўта ажабланарли нарсаларни талаффуз қилади!”-деб, ҳақ гапни айтганлар.

Келинг, Абу Ҳотимнинг ушбу терминлари ҳақида унинг ўғли Ибн Абу Ҳотимга мурожат қилиб кўрамиз. У киши ҳадис илмидаги бу каби терминлар хусусида айтганларки: “Агар бирор киши ҳақида “Ростгўй” ёки “Унда муаммо йўқ” дейилса, бундай ровийнинг ҳадислари ёзилади ва унга таянилади. Бу эса (ровийлар борасида) иккинчи даражадир!” (“Жарх ва Таъдил”, 2/37)

Имом Заҳабий айтдилар: “Унинг ҳадислари ёзилади” ёки “Унда муаммо йўқ”, ёки “Шайх” дейилса, бу “таъдил”– қувватлашдир, “жарх”– қоралаш эмас” (“ал-Муғний”, 1/4)

Демак, Ҳишом бин Ҳужайрнинг “сиқот” – ишончли ровий экани ҳақида ихтилоф борлиги маълум бўлди. Аммо, унинг ривоятларини олинмаслиги ҳақида эса, ҳаттоки, уни заиф санаган имомлар ҳам бирорта асосли эътироз келтиришмади. Шу сабабдан, ҳофиз Ибн Ҳажар у хусусида: “Ростгўй, аммо хатолар қиларди”- дедилар. (“ат-Тақриб”, 7288)

Шунинг учун, Имом Бухорий ва Имом Муслимлар санадида Ҳишом ибн Ҳужайр бўлган баъзи ҳадисларни ўз тўпламларига киритишган. Мисол учун, машҳур ҳадис: «Бир куни пайғамбар Сулаймон ибн Довуд алайҳиссалом: “Қасамки, мен бу кечада етмишта хотинимни айланиб чиқаман ва уларнинг ҳар бири менга Аллоҳ йўлида жанг қиладиган ўғил туғиб беради”- дедилар. Қачонки, унга: “Инша Аллоҳ деб айт!”- дейилганда, эсларидан чиқиб айтмадилар. Хотинларининг ҳеч бири ҳомиладор бўлмади, илло биттаси бўлди ва ярим баданли бола туғди. Агарда “Инша Аллоҳ” деганларида эди, ўшанда ниятлари амалга ошарди» (Бухорий 3424, 6639, Муслим 1654).

Шундай қилиб имомлардан Абу Ҳотим, Ибн Шубрума, Ибн Саъд, ал-Ижлий, Ибн Шаҳин, ас-Сажий, Ибн Ҳиббон ва Заҳабийлар Ҳишом бин Ҳужайрни ишончли ровий деб ҳисоблашган. Юқорида айтилган сўзларга кўра, бундай ровийнинг ҳадиси ҳасан даражасидан пастга туширилмайди. Шунинг учун ҳам, Ибн Аббоснинг “Куфр дуна куфр” деган сўзларининг саҳиҳлигини имом Ҳоким, Заҳабий, Албоний, Ибн Бозз, Ибн Усаймин ва бошқалар тасдиқлашди. Бундан ташқари аввалги имомларнинг қарийиб барчаси бу асарга таянишган ва уни далил сифатида келтириб, уни саҳиҳ санашган. Бу тўғрисида кейинчалик яна тўхталиб ўтамиз, инша Аллоҳ.


Иккинчи сабаб: Ибн Аббоснинг “Куфр дуна куфр” асарларини заифга чиқарувчилар гўёки, Ҳишом ўзидан кўра ишончлироқ ровийлари бор ривоятга тескари сўз келтирган дейишади. Яъни, Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Аллоҳнинг: “... Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти ҳақида: “Бу куфрдир”,-дедилар ва бу ерда кичик куфрлигини айтмадилар, деб келтиришади. Шунинг учун, кичик куфр ҳақидаги ривоятни ёлғиз Ҳишом ривоят қилган дейишади.

Уларни бу келтираётган даъволари аввалгисига ўхшаб кетади. Бунинг устига, бу даъволарига раддиямиз, Аллоҳнинг инояти ила, биринчи даъволарига раддиямизни кучайтириб, уни янада мустаҳкамлайди.

Биринчидан, Ибн Аббосдан кичик куфр ҳақидаги ривоятни фақатгина Ҳишом ибн Ҳужайрдан келган, деган сўзлари ё ёлғон, ёки улар бу масалани ҳақиқатдан ҳам билмайдилар. Аксинча, бу маънодаги Ибн Аббоснинг сўзи ҳақида умуман бошқа санад билан ривоят бўлиб, бу санадда Ҳишом ибн Ҳужайр йўқ. Муовия ибн Солиҳдан Абдуллоҳ ибн Солиҳ ривоят қилади, у эса Али ибн Абу Талҳадан Ибн Аббос Аллоҳнинг: “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти ҳақида айтдилар: “Кимки Аллоҳ нозил қилган нарсани инкор қилса кофир бўлибди. Ким буни тан олса-ю, аммо бу билан ҳукм қилмаса у золим ва фосиқдир!” (Табарий, 6/166, Ибн Абу Ҳотим, 4/1142)

Бу ривоятнинг ҳамма ровийлари ишончлидир. Аммо имомларнинг орасида Али ибн Абу Талҳа деган ровий Ибн Аббосдан ҳадис эшитганми ёки йўқми деган ихтилоф бор. Имом Абу Жаъфар ан-Наххас айтадилар: “Али ибн Абу Талҳа ҳақида ёмон сўз айтадиганлар: у Ибн Аббосдан эшитмаган ва ушбу тафсирни Ибн Абббосдан эмас, балки Мужоҳид ва Икримадан олган, - дейишади. Бу сўзлар аслида таъна эмас, чунки Али ибн Абу Талҳа тафсирни икки ишончли одамдан олибди ва уни ўзи ҳам ишончли ва ростгўй эди!” (“Носиҳул Мансуҳ”, 75)

Имом Суютий ёзадилар: “Баъзилар Ибн Абу Талҳа бу тафсирни Ибн Аббосдан эшитмаган, балки Мужоҳиддан ва Саъид ибн Жубайрдан олган, дейишди. Ҳофиз Ибн Ҳажар: У ишончли ровийдир ва унга қарши бу таънада ҳеч қандай зарар йўқ! - деганлар”. (“ал-Итқон”, 2/188)
Шундай қилиб, бу асарнинг санади ҳасандир. (“Қурротул-ъуюн”, 71)

Ахир, бу ерда келган Ибн Аббоснинг сўзлари ҳам “Куфр дуна куфр” (Куфрдан пастроқ бўлган кичик куфр)нинг маъноси каби эмасми?! Наҳотки, бундан Ибн Аббос оятдаги “куфр” сўзини кичик куфр, деб талқин қилганлари тушунарли бўлмаса?!

Яна Товус роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Мен Ибн Аббосдан: “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти ҳақида сўрадим. Айтдиларки: “Бу куфр, Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига куфр келтириш каби эмас!” (Табарий 10/355, Ибн Батта 2/735)
Бу асарни Ҳасан, у Абу Усомадан, у эса Суфёндан, у эса Муъаммардан, у эса Ибн Товусдан ривоят қиладилар. Ҳамма ровийлар ишончли ва ростгўйдирлар. Бу асар саҳиҳдир.

Аммо бунга мухолиф бўлганлар имом Ибн Саъднинг Абу Усома ҳақидаги сўзларини келтирадилар. Унга кўра: унинг исми Ҳаммод ибн Усома бўлган ва у ростгўй, аммо “тадлис” (нотўғри талқин қилиш) билан шуғулланарди, дейилган.

Аслида эса, Абу Усомани “тадлис”да айблаган фақатгина Ибн Саъд бўлди ва яна қўшимчасига, бу айбига бирорта далил ҳам келтирмади. Шу сабабдан, ундан бу сўзларни қабул қилишмади.

Ҳофиз Ибн Ҳажар Абу Усома ҳақида шундай дейдилар: “У ишончли имомлардан, унинг росгўйлигига ижмоъ қилингандир!” (“Ҳадюс-Сари”, 399). Имом Заҳабий айтадилар: “Абу Усома – ишончли ровийлардан биридир, у ҳақидаги мана бу сўзлар (яъни, тадлис қилиши) – ёлғондир!” (“ал-Мизан”, 1/588)
Шундай қилиб бу асар ҳам саҳиҳ ва бирорта асосли камчиликка эга эмасдир.

Яна бошқа санад билан “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти ҳақида Ибн Аббосдан ривоят қилинади, айтадиларки: “Бу – Диндан чиқармайдиган куфрдир!” (Табарий, 6/256, Ибн Наср , 574)
Яна Ато ибн Аби Рабоҳдан ривоят қилинади, Ибн Аббос учта оят: “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир”(Моида, 44); “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар золимлардир”(Моида, 45); “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар фосиқлардир”(Моида, 47) ҳақида айтдиларки: “Бу куфрдан кичик куфрдир, зулмдан кичик зулмдир, фисқдан кичик фисқдир”. (“Тафсир Ибн Касир”, 2/97, “Дуррул-Мансур”, 3/87)

Бу хабарларнинг барчаси Ибн Аббосдан бир маънога: “Куфр дуна куфр” (Куфрдан пастроқ бўлган кичик куфр), яъни Диндан чиқармайдиган куфрга далолат қилади ва бу хабарларда Ҳишом ибн Ҳужайр йўқ.

Агарчи бу ривоятларнинг баъзиларини санадларида заиф ровийлар бор, дейилса ҳамки, бу ривоятларнинг жамланмаси бир-бирини қувватлайди ва бунда биронта шубҳа қолмайди. Чунки бу ровийларнинг ичида бирортаси ёлғон билан, ё фосиқлик билан ёки тадлис билан айбланганлари йўқ. (Яъни баъзи ровийлар заиф бўлса-да, бу заифликлари енгилдир.) Агарчи улардан баъзиларини заиф дейишган бўлса ҳам, унинг ҳифзининг заифлиги, ё ҳадисларни чалкаштириб юбориши, ёки шунга ўхшаш сабаблар билан заиф дейишган, холос. Маълумки бир неча заиф ҳадислар, агар уларнинг ровийларини ичида ёлғон билан, ё ҳадисни тўқиш билан ва ё фосиқлик билан таъна қилинган ровийлар бўлмаса, бундай ҳадислар саҳиҳликда бир-бирини қувватлайди. (“Қоваид ат-Таҳдис”, 90, “Шарҳ ан-Нуҳба”, 25)

Ва бунинг устига яна, ушбу мавзуга тегишли хабарлар орасида саҳиҳлиги қуёш каби маълум бўлганлари ҳам мавжуддир. Демак, маълум бўлдики, Ибн Аббосдан “Куфр дуна куфр” маъносини ривоят қилган Ҳишом ибн Ҳужайр ягона ровий эмас экан.

Иккинчидан, Ибн Аббоснинг асарини заиф дейдиганлар Ҳишом ибн Ҳужайр Ибн Товусдан келган ривоятга тескари деб даъво қиладилар. Аммо бу – очиқ-ойдин “тадлис”дир! Улар “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти ҳақида Ибн Аббос: “Бу куфрдир”-деганларини келтириб, ҳеч бирлари ривоятни охиригача келтиришмайди.

Саврий “Тафсир”да, Ибн Товус отаси Товусдан, у киши эса Ибн Аббосдан: “У кофир бўлибди, аммо бу куфр Аллоҳга ва Охират кунига кофир бўлгани каби эмас”, деган лафз билан Ибн Аббоснинг сўзлари билан ривоят қилади.
Ал-Марвазий “Таъзиму Қодрис Солат” китобларида: “У кофир бўлибди, аммо бу куфр Аллоҳга, малоикаларига, китобларига ва пайғамбарларига кофир бўлиш каби эмас”, деган лафз билан Ибн Аббоснинг сўзларидан ривоят қилинган. Бу иккиси саҳиҳ ривоятлар.

Бошқа ривоятда: Ибн Аббос: “Бу куфрдир”- деганлари кетидан эса Ибн Товус айтдилар: “Аммо бу куфр Аллоҳга, малоикаларига, китобларига ва пайғамбарларига кофир бўлиш каби эмас”, деган лафз билан Ибн Товуснинг сўзлари орқали ривоят қилинди.(“Тафсир ат-Табари”, 6/256, “Таъзиму Қодрис-Солат”, 570)

Ибн Товус Ибн Аббоснинг сўзларини бир сафар улаб, бошқа сафар ўзларининг сўзлари сифатида ривоят қилдилар. Бундай қилиш бошқа имомларнинг сўзларида ҳам топилади. Бу эса ушбу асарнинг маъноси Ибн Аббосдан эканига шубҳа қолдирмайди.
Хўш, юқоридаги Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан келган хабарни саҳиҳ эмас дегувчиларни холислиги ва тақводорлиги қаерда қолди?! Наҳотки, қандай бўлса ҳам, ўз тушунчасини исбот қилиш учун, ҳаттоки, “тадлис”дан фойдаланишса?!

Ахир Ибн Товус ҳам, у кишини оталари Товус ҳам Ибн Аббоснинг мазҳабларини ҳозиргилардан кўра яхшироқ билгувчи бўлганлар. Чунки Товус роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирдларидир. Шунингдек, у кишидан ҳам ривоятда келадики: “Бу диндан чиқармайдиган куфрдир”. (Табарий 6/166, Марвазий 2/522, “ас-Силсиля ас-Саҳиҳа” 6/114. Исноди саҳиҳ.)

Демак, Ҳишомнинг ривояти бошқа ривоятга тескари деган даъво ёлғондир ва бу ерда “тадлис” ишлатилгандир.
Хўш, юқоридаги шубҳаларни тарқатаётганлар буларга нима дейишаркин?!

Бундан ташқари, “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” оятининг тафсирида кичик куфр ҳақида сўз бораётганини Ибн Аббоснинг Товусдан бошқа шогирдлари-тобеъинлардан ҳам келган саҳиҳ ривоятлар тасдиқлайди. Мана масалан, Ато ушбу оят хусусида айтадилар: “Куфрдан кичик куфр, фисқдан кичик фисқ, зулмдан кичик зулм”. (Табарий, 6/165, Ибн Батта, 2/735, Исноди саҳиҳ деб шайх Албоний айтганлар.)

Аммо Ибн Абдул-Маннон (у ҳақда юқорида айтиб ўтилган) Ибн Журайж “тадлис” билан шуғулланган ва Атодан эшитмаган деган даъвони келтирди. Эх қани энди бу одам ўз билганига кифояланмай, балки бу илмнинг имомларига мурожаат этганида эди! Ҳа, Ибн Журайж ўзини “тадлис”и билан танилган, аммо айнан Атодан уни келтиргани олинади. Чунки у Атодан эшитгандир, бу ҳақда ўзи бундай деган: “Агарда: «Ато айтди»-десам, демакки шундайдир, чунки мен ўзидан эшитганман”.(“Тахзиб ат-тахзиб”, 6/406)

Яна бу оятнинг тафсири борасида Ибн Аббоснинг шогирдларидан Мужоҳид ва Икримадан худди шу каби ривоятлар келади. (“Таъзиму Қодрис-Солат”, 5/522, “ал-Иман”, 36)

Ибн Аббоснинг “Куфр дуна куфр” асарлари саҳиҳлигида бирон-бир шубҳа қолмаслиги учун қуйида аввалги имомларимизнинг бу асарга таянганликларини далил сифатида келтирамиз.

Abu Solih   11-15-2011, 09:39 PM
#3

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг асарларига суянган ва уни далил сифатида келтирган кибор уламоларнинг сўзлари

Аввалда айтганимиздек, ушбу асарга суянган имомлар ичида – Аҳли Суннат вал Жамоат имомларидан саналган – Аҳмад ибн Ҳанбал ҳисобланади. Ул зотдан: “Оятда қайси куфр ҳақида сўз кетмоқда?”-деб сўралганда, у киши: “Ибн Аббосдан келганидек, Диндан чиқармайдиган куфр ҳақидадир”- деб жавоб бердилар. (“Суалат Ибн Ҳани”, 2/192, “Масаил Абу Давуд”, 114, “ас-Саля ва хукму тарикиха”, 49)

Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу тафсирларига суянган имомлар орасида – тафсир имомларидан деб эътироф қилинган машҳур уламо – Ибн Жарир ат-Табарий ҳам келганлар. У киши айтадиларки: “Ҳар кимки, инкор этган ҳолда, Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм қилмас экан, у Аллоҳга нисбатан кофирдур, худди Ибн Аббос айтганидек”. (“Тафсир ат-Табарий”, 6/259)

Аллома Абу Убайд ал-Қосим ибн Салом айтадилар: “Аллоҳ таолонинг: «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» сўзига келсак, Ибн Аббос: «Бу куфр Диндан чиқармайди», деган ва худди шундай: «Бу куфрдан кўра кичик куфрдир!», деб Ато ҳам айтган. (“Китабул-иймон”, 47)

Имом Муҳаммад Ибн Носир ал-Марвазий куфр бўлинишлигини ва Исломдан чиқармайдигани ҳам бўлишлигини тушунтириб: “Ва алал хусус «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» оятига Ибни Аббоснинг сўзларидир”- деганлар. (“Таъзийму қодрис-солати", 2/520)

Имом Абу ал-Музаффар ас-Самъоний айтадилар: “Ибни Аббос, мусулмонларга нисбатан, бу оятнинг маъноси: «Куфр дуна куфр»- деган. Билгинки, хаворижлар ушбу оятга суяниб, кимки Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм этмаса – кофирдур, дейишади. Аҳли Суннат эса, агар ҳукм қилишни ташласа, кофир бўлиб қолмайди, деб айтади”. (“Тафсир ас-Самъоний”, 2/42)

Хофиз Ибн Абдул-Барр айтганларки: “Айтилдики: «Агарчи мусулмон Аллоҳ нозил қилгани ила ҳукм этмаса, бу – Диндан чиқарадиган куфр эмас, токи Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Китобларига, Росулларига ва Охиратга нисбатан куфр келтирмагунча». Бу тафсир кўпчилик уламолардан келтирилади, улар орасида эса Ибн Аббос, Товус ва Атолар бор”.(“ат-Тамхид”, 5/74)

Имом Бағовий айтадилар: “Ибн Аббос ва яна Товус ҳам: «Бу куфр Диндан чиқармайди!», деган”. ("Маъалимут танзил", 3/61)

Имом Қуртубий айтадилар: “Кимки Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм этмаса ва Қуръонни тан олмай, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўзларини инкор қилса, у – кофирдур, худди Ибн Аббос ва Мужохид айтишганидек!” ("Жамиъул Аҳкамул Қуръон", 6/190)

Шайхул-Ислом Ибн Таймия ҳам бундай деганлар: “Ибни Аббос ва бошқа салафлар: «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти хусусида: «Куфрдан кичик куфр, фисқдан кичик фисқ, зулмдан кичик зулм!» - дейишганини Аҳмад, Бухорий ва бошқалар келтиришган”. (“Мажмуъул-фатава”, 7/522)

Шайхул-Ислом имом Бухорийни тилга олганликларига келсак, у киши имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларидаги боблардан бирини: «Куфрон ‘ашир ва куфр дуна куфр» деб номлаганликларини назарда тутганлар.

Хофиз Ибн Хажар айтадилар: “Муаллиф (Бухорий)нинг: «Куфр дуна куфр» сўзига келсак, у киши бу билан Аҳмад «ал-Иймон»(китоби)да Ато ибн Аби Рабоҳ ва бошқалардан келтирган асарга ишора қилган”. (“Фатхул-Борий фи шарҳи Саҳиҳул-Бухорий”, 1/105).

Имом Суютий ҳам “Саҳиҳул-Бухорий”га шарҳларида Бухорийнинг: «Куфр дуна куфр» сўзларига: “Бу Аҳмад «ал-Иймон»(китоби)да Ато ибн Аби Рабоҳдан келтирган асаридаги сўзлардир”-деганлар.

Яна Ибн Хажар имом Бухорий: «Зулм дуна зулм» деб номлаган бошқа бобни шарҳлаб туриб бундай дейдилар: “Ушбу сарлавҳа ҳадисдан бўлиб, уни Аҳмад «ал-Иймон» (китоби)да Атодан келтиргандир. Бу яна Товусдан «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти маъносидаги Ибн Аббоснинг сўзлари билан ҳам келган”. (“Фатхул-Борий фи шарҳи Саҳиҳул-Бухорий”, 1/109).

Мана шу жойда эътибор қилинадиган бир нарса бор: ҳофиз Ибн Хажар Ибн Аббоснинг асарларини саҳиҳлик даражасини зикр қилмадилар. Чунончи, маълумки “Фатхул-Борий”ни муқаддимасида Ибн Хажар қайси хабарни саҳиҳлик даражасини зикр қилмасалар, ўшани ҳасан деб ҳисоблашлари ҳақида ёзганлар.

Хофиз Ибн Ражаб Бухорийни: «Куфр дуна куфр» сўзлари хусусида бундай дейдилар: “У киши бу сўзлари билан баъзи гуноҳлар куфр деб номланишлиги, аммо бу куфр Диндан чиқарувчи бўлмаслигини назарда тутган. Бу худди Ибни Аббоснинг сўзлари кабидир, қайсики Аллоҳ таолонинг: «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти хусусида: «Бу сиз (маъносини ўзингизча ўйлаб) бурмоқчи бўлган Диндан чиқарувчи куфр эмас! Бу – куфр дуна куфр!»-деганди. Ушбу асарни Хоким келтириб: «Исноди саҳиҳ»-деди.

Яна Ибни Аббосдан ушбу оят хусусида бошқа сўзлар билан ҳам келтирилиб, у ерда: «Бу куфрдир, аммо бу куфр Аллоҳга, малоикаларга, китобларга ва пайғамбарларга ва Охират Кунига куфр келтириш каби эмас!», дейилган.

Яна Ато ва бошқалар: «Куфр дуна куфр», дейишган”. (“Фатхул-Борий”, 1/137-138, Ибн Ражабдан)

Шайх Ибнул-Қоййим айтдилар: “Ибни Аббос айтди: «Куфрдан кўра кичик куфр, зулмдан кўра кичик зулм, фисқдан кўра кичик фисқ»”. (“Мадорижус-соликийн”, 1/335)

Шайх Абдурроҳман Саъдий: «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти хусусида ёзадиларки: “Ибни Аббос айтди: «Куфрдан кўра кичик куфр, зулмдан кўра кичик зулм, фисқдан кўра кичик фисқ». Бу катта зулм бўлади, агарчи бу (шариат асосида ҳукм юритмаслик) ни ҳалол(мумкин) деб ҳисобласа ва катта гуноҳ бўлади, агарчи буни ҳалол (мумкин) қилмасдан бажарса”. (“Тайсирул-Каримир-Роҳман”, 2/296)

Бу имомларни сўзларига бир эътибор қилинг, улар Ибни Аббос розияллоҳу анҳунинг тафсири хусусида ноаниқ шаклда эмас, балки: “Ибни Аббос айтди...”-дея тасдиқловчи шаклда айтишяпти.

Буни Имом Нававий тушунтиришларича, ҳадисшунослик илмида бу жуда яхши маълум, агар имомлар ҳадис ё бирон-бир хабарлар хусусида: “келтиришларича”, “айтилдики” ёки “хабар берилишича” каби ноаниқ ибораларни ишлатишса, уни заиф ёки саҳиҳлигида шубҳалар борлиги учун мана шундай гапирганликлари билинади. Аммо қачонки хабарларни саҳиҳлигида шубҳа бўлмаса, унда: “айтди”, “қилди” ва шу каби иборалар билан тасдиқлайдиган шаклда айтилишидан билинади. (“ал-Мажмуъ”, 1/63)

Эй мусулмонлар, бир ўйлаб кўринг! Ахир барча зикр қилинган бу умматнинг имомлари Ибни Аббос розияллоҳу анҳу сўзларини саҳиҳлиги хусусида буткул адашиб билмаган-у, лекин баъзи бир юқорида номи келган замондошларимиз ҳақ устида бўлишдими?!

Имом Шотибий айтгандилар: “Кейингилар аввалгиларда бўлгандан кўра, яхшироқ кўрсатма билан келолмайди! Ва булар шариатни улардан кўра, яхшироқ билолмайди!” (“ал-Мувафақот”, 3/402)

Яна шайх Албоний ҳам айтганларки: “Ушбу оят хусусида салафлардан: «Куфр дуна куфр» тафсири келган ва бу Ибни Аббосдан келтирилгани саҳиҳдир!” (“ас-Силсиля ас-саҳиҳа”, 6/109)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу асарига суяниб, уни далил сифатида келтирган имомларнинг сўзларини батафсил яна узоқ келтиришимиз мумкин эди. Аммо қисқа қилиб, қўшимча сифатида ушбу асарга таянган имомларни келтириб ўтамиз:
Имом Ҳоким "Мустадрок" 2/393 да ва Заҳабий бунга мувофиқ бўлдилар;
Имом Ибн Батто "Ибона" 2/723 да;
Аллома Абу Ҳайён "Баҳрул Муҳит" тафсирлари 3/492да;
Имом ал-Воҳидий "Васит" 2/191 да;
Имом Абу Бакр ибнул Арабий "Аҳкамул Қуръон" тафсирлари 2/624 да;
Аллома ал-Хозин тафсирлари 1/310 да,
Имом Ибн Абдулбарр "Тамҳид", 4/237 да;
Имом Ибн Касир "Тафсирул Қуръанил Азийм"тафсирлари 2/64 да;
Имом Ибнул-Жавзий «Задуль-масир» тафсирларида 2/366 да;
Шайх Жамолиддин Қосимий «Махасин ат-тавил» тафсирлари 6/199 да;
Аллома Сиддиқ Ҳасан Хон "Найлул Маром" 2/472 да;
Аллома Муҳаммад Амин аш-Шинқитий "Азвоул Баён" 2/101 да;
Имом ал-Бақиъий "Назмуд-дурар" 2/460 да;
Шайх Аҳмад Шокир «Таълиқ ‘аля Тафсир ат-Табарий»да;
Шайх Ибн Бозз «Мажмуъул-фатаво»лари 3/990 да;
Шайх Ибн ‘Усаймин «Фитнатут-такфир» 68 да;

Кибор уламолар доимий ҳайъати «Фатаво ал-Лажна» № 5226 да;
Мана шуларга асосан маълум бўладики, нима учун шайх Ибн ‘Усаймин бундай деганлар: “Шайх Албоний далил сифатида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бўлган асарни келтирди. Ушбу асарни қабул қилган бошқа олимлар ҳам шундай қилишган. Унинг санади ҳақида айримлар баъзи гапларни гапиришган бўлса ҳамки, улар бу асарни унинг саҳиҳлиги ва кўпгина шаръий матнларга мувофиқ келгани учун қабул қилишгандир. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш – фосиқлик, у билан жанг қилиш эса – кофирликдир». Шу билан бирга мусулмон билан жанг қилиш Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзларига биноан диндан чиқармайди: «Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (ўзаро) урушиб қолса, дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилинглар. Агар улардан бири бошқасига тажовуз қилса, сизлар тажовуз қилган (тоифа)га қарши то Аллоҳнинг амрига қайтгунича уруш қилинглар. Агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинглар. Одил бўлинглар! Зеро, Аллоҳ одилларни яхши кўради. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инидирлар. Бас, икки оға-инингизнинг орасини ислоҳ қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар, шояд раҳм қилинсангизлар» (Ҳужурот, 9-10).
Аммо куфрда айблаш фитнасига йўлиққан кимсаларни бу қониқтирмагани учун, улар: «Бу асар қабул қилинмайди ва Ибн Аббосдан эканлиги саҳиҳ эмас» дейишни бошлашди. Уларга айтиладики: Қандай қилиб қабул қилинмас экан?! Ваҳоланки, ҳадис илмида сизлардан улуғроқ, афзалроқ ва билимдонроқ одамлар уни қабул қилган бўлса ҳамки, сизлар қабул эмас дейсизларми?!
Хўш, иш сизлар айтаётганингиздек: яъни, бу асар Ибн Аббосдан эканлиги саҳиҳ эмас ҳам, дейлик. Бироқ, бизда бошқа шаръий матнлар борки, улар «куфр» сўзи мутлақ лафзда келиб, ундан мурод эса диндан чиқиш эмаслигини исботлайди. Худди юқорида айтилган оят ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари каби, айтадиларки: «Инсонларда икки амал куфрдир: насаб билан таъна қилиш ва маййитга (атаб дод-вой солиб) йиғлаш». Бу амаллар эса диндан чиқармаслигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. (Юқорида) айтилганидек, яъни шайх Албоний, Аллоҳ уни муваффақ қилсин, айтганидек илмнинг камлиги ва шаръий қоидаларни тушунишдаги камчилик ушбу залолатга олиб келади! Шу билан бирга яна бир нарса залолатга бошлайдики, у ҳам бўлса – ёмон хоҳиш-ниятки, у эса албатта бузуқ тушунчага олиб келади. Чунки агар инсон бирон нарсани хоҳласа, у буткул тушунчасини ушбу хоҳишга қараб йўналтиради. Кейин эса, Қуръон ва Суннат матнларини ушбу (тушунча-эътиқоди)га мувофиқ равишда бузуб талқин қилишни бошлайди. Шунинг учун уламолар орасида маълум ва машҳур қоидалардан бирида: «Эътиқодга олиб, кейин унга далил излаш эмас, балки аввал далилни текшириб, сўнгра эса унга эътиқод қил!» - дейилган. Шунинг учун ҳам бу (залолат)нинг уч сабаби бор:
1) Шаръий илмнинг камлиги;
2) Шаръий қоидаларни тушунишдаги нуқсон;
3) Ёмон хоҳиш-ният устига қурилган бузуқ тушунчадир.
Энди Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бўлган асарга келсак, бизларга шайхул-ислом Ибн Таймия, Ибн ал-Қоййим ва улар каби яна бошқа буюк алломалар уни қабул қилишгани ва уни келтириб нақл қилишгани етарлидир. Ва бу асар саҳиҳдир!”
(“Фитнатут-такфир” 68-69)

Яна шайх Албоний ҳам шундай дегандилар: “Ушбу (Ибн Аббосдан келган) асар такфир жамоати ва уларга ўхшаган ғулув кетганларнинг белини синдиради!” (“ас-Силсила ас-саҳиҳа”, 7/135).

Шайх Албонийнинг шогирди – Солим ал-Ҳилолий Ибн Аббоснинг ушбу тафсирига суяниб, уни далил сифатида келтирган кўпгина аввалги имомларни исмларини келтирганларидан сўнг, айтдиларки: “Ҳурматли ўқувчи! Наҳотки ақли бор мусулмон, мана шу буюк уламоларнинг барчаси ҳадис илмида бўшлик қиладиган ёки «мутаассиб» (кўр-кўрона тақлид қилувчи)лар бўлди-ю, мана бу Ибни Абдул-Маннон ва унинг шайхи эса, ҳақиқатни айтган икки мужтахиддир, деб ўйлаши мумкин?!” (“Қурратул-‘уюн”, 95)

Охирида яна бир марта таъкидлаб айтмоқчимизки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ таолонинг: “...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти хусусидаги: «Куфрун дуна куфр», яъни: “Катта куфрдан пастроқ бўлган кичик куфр” сўзлари саҳиҳдир ва бунда аввалги имомлардан ҳеч ким шубҳа қилмаган. Агарчи буни кимдир рад қилмоқчи бўлса, ҳеч бўлмаса аввалги имомлардан биронтасини сўзи билан бу асарни саҳиҳ эмаслигини келтирсин!!! Йўқса, замонлар оша машҳур бўлган имомларни қолдириб, хозирдаги баъзи замондошларнинг тадқиқотларига аҳамият беришнинг хожати йўқдир!

Хотима

Энг ажабланарлиси шуки: юқоридаги масалада баъзи имомлар баъзи ровийларни заиф дейишгани билан, ўша имомларнинг биронтаси ҳам, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу тафсирларини нотўғри деб айтишмаган ва айнан: «Куфрун дуна куфр», деб тушунишган. Бунга ўша ровийни заиф деган имомларнинг очиқ-ойдин сўзлари билан далиллар келтирилди. Холисона ёндошган зийрак қалбли одам буни яққол тушуниб олади. Энди қалби холис бўлмаган одам эса, ҳали ундай – ҳали бундай, деб илми саёз бўлган инсонларни бошини айлантириб юраверади. Уларни Аллоҳга ҳавола қилдик.

Эй, Парвардигор! Бизларни Сенинг тоатингни Ўзинг рози бўладиган кўринишда адо этишга муваффақ айлагин ва бизларни ҳақда собитқадам қилгин. Нафсларимизни, сўз ва ишларимизни поклагин, бизларни нотўғри ақида, сўз ва амаллардан Ўзинг асрагин, Сен Саҳоватли ва Соҳибкарам Зотсан.

Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Юклаб олиш:
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.