Ali   09-23-2011, 10:07 AM
#1
Assalomu Alaykum va rahmatulloh turmushda er va ayol turli yo'llar bilan deylik kutilmagan homiladorlikdan saqlanmoqchi bo'ladida er ayoli bilan yaqinlik qilyapkan vaqtda deylik urug'ni ayolini ichiga emas balki tashqariga chiqaradi eki ayol speral quydiradi vahokazo hullas turli yollar bilan saqlanadi men bir audio darslardan birida (Usulul Fiqh Ruslan Abu Ibrohim utgan) shu yaqinlik vaqtida urug'ni ayolidan tashqariga chiqarishdan Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам sahobalarni qaytarganliklari haqida sahih hadis kelganini aytib utadi shu hadis eki shu masalaga oyid olimlarni sharh va fatvolari busa keltirib bersanglar iltimos
Муслим   10-28-2011, 06:44 PM
#2
Исломда азлнинг (ҳомиладан сақланиш) ҳукми

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.
Аммо баъд...
Азл – жинсий алоқа вақтида эркак уруғи чиқишидан аввал, аёл кишининг қинига уруғ тўкмаслик учун, жинсий аъзони ташқарига чиқаришга айтилади (Қаранг: «Шарҳ Саҳиҳ Муслим» 10/9, «Найлул автор» 12/301).
Ҳомилани олдини олиш учун жинсий алоқа мобайнида азл қилиш жоиз экани борасида уламолар ихтилоф қилишди. Бу борада улар томонидан бир неча фикрлар билдирилди.
Жумҳур уламоларнинг фикрича бу жоиз амал. Қолганлари эса буни макруҳ дейишди. Баъзилари эса уни ҳаром деди. Ҳаром эканлиги ҳақидаги фикрни имом Ибн Ҳазм ихтиёр қилди (Қаранг: «ал-Муҳалла» 10/70).
Азл қилиш жоиз деган уламоларга келсак, улар қуйидаги далилларга суянишди:
Жобир разияллоҳу анҳу деди: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврида азл қилсакда, Қуръон нозил бўлаверар эди». Ҳадис ровийси Суфён деди: «Агар азл ҳаром бўлганида, Қуръон уни таъқиқлаган бўларди» (Бухорий 5208, Муслим 1440).
Ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятида айтилишича, Жобир розияллоҳу анҳу деди: «Биз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврида азл қилар эдик. У зотга бунинг хабари етди, аммо буни таъқиқламадилар» (Муслим 1440).
Яна Жобир розияллоҳу анҳу ривоят қилишича, кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир киши келиб деди: «Менда бир жория қиз бор. У бизни хизматимизни қилади ва ҳурмоларимизни суғоради. Мен у билан шаръий қовушаман, аммо ҳомиладор бўлишини кариҳ кўраман». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Хоҳласанг азл қилавер. Аммо тақдир қилинган нарса бўлади». Ҳалиги киши кетди ва баъзи вақт кўринмади. Сўнг у яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: «Жориям ҳомиладор бўлиб қолди». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жавоб бердилар: «Мен сенга айтган эдимку тақдир қилинган нарса бўлади деб» (Муслим 1439).
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилади, кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир одам келиб деди: «Эй Расулуллоҳ. Менинг хизматкорим бор. У билан жинсий яқинлик қилар эканман, охирида закаримни унинг қинидан чиқариб оламан. Мен фақатгина қолган эркаклар ҳам хоҳлаган нарсани хоҳлайман. Бироқ яҳудийларнинг айтишича, жинсий алоқа якунида закарни қиндан чиқариб олиш, гўдакни ўлдириш билан баробар эмиш». У зот жавоб бердилар: «Яҳудийлар ёлғон айтишди! Агар Аллоҳ болани пайдо қилмоқни ирода қилса, сен буни олдини ололмайсан» (Аҳмад 3/33, Абу Довуд 2171, Таҳовий 2/371. Шайх Албоний ҳадис саҳиҳ деди).
Азл қилишни макруҳ санаганларга келсак, улар қуйидаги далилларга суянишган:
Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу деди: «Ғазот вақтида асираларни қўлга киритганимизда, биз Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) азл ҳақида сўрадик ва у зот дедилар: «Йўқ, ундоқ қилмаслигингиз лозим. Дарҳақиқат агар жон дунёга келиши тақдир қилинган бўлса, Аллоҳ албатта уни яратади»» (Бухорий 5210, Муслим 1438).
Бироқ салафлар «Йўқ, ундоқ қилмаслигингиз лозим» сўзлари борасида ихтилоф қилишди. Чунки ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятида бу сўзлар акси айтилган: «Бундай қилишингизни сизларга зарари йўқ» ва айни шу ривоятни ҳофиз Ибн Абдулбарр ихтиёр қилди. Унинг айтишича шундай тушунишлик азл қилиш жоиз эканига далолат қилувчи қолган ҳадисларга ҳам мувофиқ келади (Қаранг: «ат-Тамҳид» 11/294).
Шундай тушунишликни ушбу ҳадиснинг бошқа ривоятларидан бири ҳам қувватлайди:
Абу Саид розияллоҳу анҳу деди: «Ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) азл ҳақида дедилар: «Нега сизлардан бирингиз бундай қилади?» ва у зот: «Бирортангиз бундай қилмасин!» демадилар» (Муслим 1438/132).
Яна азлнинг макруҳ ва ҳаром деган фикр тарафдорлари Жумома бинт Ваҳб ҳадисига суянишган. У киши ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азл ҳақидаги саволга дедилар: «Бу махфий қотиллик!» (Муслим 1442).
Бироқ уламолар ушбу ҳадис борасида қаттиқ ихтилоф қилишди. Чунки зоҳиран у яҳудийлар азл гўдакни ўлдириш деб айтишгани ҳақидаги ҳадисга хилоф. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари: «Яҳудийлар ёлғон айтишди!» дедилар (Аҳмад 3/33, Абу Довуд 2171).
Шу сабабдан ҳам баъзи имомлар Жумоманинг ҳадисини заиф санашди ва уни очиқ хато дейишди (Қаранг: «Найлул автор» 12/304).
Қолганлар эса, шу жумладан имом Таҳовий ҳам, айтишдики Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам аввал яҳудийлар каби, азл гўдакни тириклайин кўмиш кабидир деганлар. Бу каби ишни жоҳилият даврида араблар қизларни шундай қилишар эди. Кейин у зот бунинг ҳукмини билганларидан кейин яҳудийларнинг фикридан қайтдилар (Қаранг: «Мушкилул асар» 2/255).
Бироқ кўпчилик имомлар бунга эътироз билдирди. Айтишдики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч бир нарсани яҳудий ва насронийларнинг шариатига асосланиб ҳаром қилмаганлар.
Ушбу ҳадисларни энг афзал тушунишлик эса, баъзи уламолар уларни жамлаган ҳолатдир. Бу ҳақида ҳофиз Ибн Ҳажар ва Ибнул Қоййимлар келтирганлар. Унда айтилишича, яҳудийлар азлни воқеликдаги болани ўлдиришга тенглаштиришди. Бу эса ёлғондир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса буни фақатгина болани ўлдиришга тенглаштирдилар холос. Бу эса бир хил иш эмас (Қаранг: «Фатҳул Борий» 9/254, «ат-Таҳзиб» 3/85).
Азлни жоиз деган уламоларга келсак, улар қуйидаги далилларга суянишган:
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳур аёлнинг розилигисиз азл қилишдан қайтардилар» (Аҳмад 1/31, Ибн Можа 1928).
Бироқ ушбу ҳадис заиф. Чунки унинг иснодида Ибн Лаҳиъа исмли ровий бор. Бу ҳақида ҳофиз Бусайрий ва шайх Албоний айтиб ўтишган (Қаранг: «Мисбаҳ аз-зужажа» 2/99, «Ирво ал-ғалил» 2007).
Бироқ ушбу маънодаги сўзлар баъзи саҳобалардан ривоят қилинган. Яъни эркак киши жория билан азл қилишида ихтиёрли, ҳур аёл билан эса фақатгина унинг розилиги билан азл қилиши керак. Ушбу қавлни Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган: «Ҳур аёлнинг розилигисиз азл қилиш мумкин эмас» (Абдурраззоқ 12562, Байҳақий 7/231).
Шунингдек ушбу қавл Ибн Умар, Ибн Масъуд ва Анасдан ривоят қилинган (Байҳақий «Сунан ал-Кубро» 7/231, Баззор «ал-Муснад» 2263, Ибнул Мунзир «ал-Ишроф» 1/137).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ деди: «Баъзи уламолар азлни таъқиқлашди. Бироқ тўрт мазҳаб имомлари хотиннинг розилиги билан азл қилишни жоиз дейишди» (Қаранг: «Мажмуъ ал-фатава» 32/110).
Бундан ташқари баъзи имомлар бу масалада ижмо бор эканини айтишди. Ҳофиз Ибн Абдулбарр раҳимаҳуллоҳ деди: «Кишининг хотини билан унинг розилигисиз азл қилиши мумкин эмаслигида уламолар ўртасида ихтилоф йўқ. Чунки жинсий алоқа – у (аёл)нинг талаб қилиши мумкин бўлган шаръий ҳаққидир» (Қаранг: «ат-Тамҳид» 11/335).
Яна ушбу масаладаги ижмони имом Ибн Ҳубайра раҳимаҳуллоҳ ҳам айтиб ўтган (Қаранг: «ал-Ифсаҳ» 8/88).
Агар ҳатто ушбу ижмони заиф деб қарасак ҳам, заиф ижмо жумҳурдан кўра афзалроқдир. Ушбу фикрни Доимий фатво қўмитаси ва шайх Усаймин раҳимаҳуллоҳ ихтиёр қилган (Қаранг: «Фатава ал-Лажна» 19/309, «Фатава Исломия» 3/190).
Юқорида келтирганларимиз ушбу масаладаги барча тараф далиллари эди.
Энг тўғрироқ фикр шундан иборатки, азлнинг асли ҳаром эмас. Бироқ агар унга эҳтиёж бўлмаса макруҳ бўлади. Азлнинг макруҳ эканига Маъқал ибн Ясор ривоят қилган ҳадис кучли далил бўлади: «Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Дарҳақиқат, менга жуда гўзал, аммо туғмас аёл ёқиб қолди. Унга уйланаверайми?» деди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ», дедилар. У уч бора қайтиб келди ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу ишига рухсат бермадилар. Сўнг дедилар: «Эрига муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлга уйланинглар. Мен бошқа умматлар олдида сизнинг кўплигингиз билан фаҳрланаман»» (Абу Довуд 2050, Насоий 3227. Шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. Қаранг: «Ирво ал-ғалил» 1784).
Имом ал-Мунавий деди: «Ушбу сўзларда эркакларга нима сабабдан муҳаббат қиладиган ва кўп туғадиган аёлларга уйланиш буюрилганига кўрсатма бор. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу икки нарсани бирга зикр қилишларининг сабаби, агар аёл муҳаббат қиладиган бўлсаю, аммо туғмайдиган бўлса, бундай ҳолатда эркак кишида унга қизиқиш бўлмайди. Ҳудди шундай агар аёл кўп туғадиган бўлсаю, бироқ муҳаббат қиладиган бўлмаса, унда у эрининг эҳтиёжларини қондира олмайди» (Қаранг: «Файдул Қодир» № 3286).
Шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ деди: «Нима бўлган тақдирда ҳам мен азлни макруҳ деб ҳисоблайман. Тоинки бу иш кофирлар кўзлаган ниятга боғлиқ бўлмаса. Бундай ниятларга масалан кўп фарзандлик сабабидан келадиган қашшоқликдан бўлган қўрқув, фарзандларга ёки уларнинг тарбияларига қилинадиган қўшимча ҳаражатлардан хавфсирашни киритиш мумкин. Бундай ният билан қилинган азл макруҳ ҳолдатидан ҳаром амаллар тоифасига кириб қолади. Чунки бундай ҳолатда ушбу амални қилган ўз ниятида кофирларга тақлид қилмоқда. Маълумки улар қашшоқлик ва муҳтожликдан қўрқиб ўз фарзандларини ўлдиришар эди. Агар аёл касал бўлса ва шифокор унинг ҳомиладор бўлиши касалининг кучайишига олиб боришидан хавфсираши бошқа гап. Бундай ҳолатда у вақтинча ҳомиладан сақловчи воситаларни қўллаши мумкин бўлади. Аммо агар касаллик хатарли бўлса ва ўлимга олиб бориши мумкин бўлса, унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун, бундай ҳолатда бачадон найини боғлаб қўйиши жоиз ва ҳатто вожиб бўлади» (Қаранг: «Адабу аз-зифаф» 136).
Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсонлар), болаларингизни йўқчилиқдан қўрқиб ўлдирмангизлар — уларга ҳам, сизларга ҳам Биз ўзимиз ризқ берурмиз» (Исро: 31).
Турли хил ҳомиладан сақловчи воситалардан, хусуан презервативдан фойдаланишга келсак, бунинг зарари йўқ. Ҳомиладан сақловчи таблеткаларни истеъмол қилишга келсак, шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ деди: «Икки шарт бўлган ҳолатдан бошқа ҳолатларда аёл кишига ҳомиладорликка қарши таблетка истеъмол қилиши мумкин эмас: Биринчи шарт: Аёл кишининг бунга эҳтиёжи бўлиши. Масалан касал бўлиши. Шу сабабли ҳар йил туғишга қийналиши, ёки семириб кетгани, ёки ҳар йили туғишига ғов бўлувчи бошқа сабаблар. Иккинчи шарт: Унинг эри бунга ижозат бериши. Чунки унинг насл кўришга ҳаққи бор! Яна шифокорлар билан ушбу таблеткалар зарарлими ёки йўқми деб маслаҳатлашиш керак» (Қаранг: «Фатава маратил-муслима» 2/657).
Яна бошқа ўринда шайх Ибн Усаймин раҳимаҳуллоҳ деди: «Мен баъзи шифокорлардан эшитдимки, ҳомиладорликка қарши таблеткалар зарарли экан! Агар ҳатто улар тиббий тарафдан буни билишмаганида ҳам, биз ўзимиз тарафдан биламизки, Аллоҳ таоло Одам қизларига жорий қилган ҳар қандай табиий нарсага монелик қилишлик – зарарлидир! Аллоҳ таоло – Ҳикмат соҳибидир. У ҳикмат билангина маълум вақтларда аёлларда ҳайз келадиган қилди. Бундан ташқари, менга шу нарса етиб келдики, ушбу таблеткалар бачадонга зарар етиши ва асаб касалларига сабаб экан. Шунинг учун улардан огоҳ қилинишини тақозо этади» (Қаранг: «Лиқо Баб ал-мафтуҳ», савол № 1147).
Эй мусулмонлар, насл қолдиришнинг Исломда тутган ўрни қанчалар муҳим эканини унутманг!
Аллоҳ таоло айтади: «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга қўшилиш ҳалол қилинди. Улар сизларнинг либосингиз, сизлар улар учун либоссиз (яъни эр-хотин бир-бирига киши либосга муҳтож бўлгани каби муҳтождирлар). Аллоҳ сизлар ўзларингга хиёнат қилаётганларингни билиб, тавбаларингизни қабул қилди ва сизларни афв этди. Энди улар билан (рўза кечаларида ҳам бемалол) қовушингиз ва Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани талаб қилингиз!» (Бақара: 187).
Ибн Аббос, Мужоҳид, Икрима, Ҳасан Басрий, Суддий, Даҳҳоқ ва бошқалар «Аллоҳ сизлар учун ёзган нарсани талаб қилингиз!» сўзлари борасида айтишдики: «Бунинг маъноси: фарзандни талаб қилингиз» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 2/318).
Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизникига келдилар. Онам у зотни мени ҳаққимга Аллоҳга дуо қилишларини сўрадилар. У зот мен учун барча яхшиликларни сўраб дуо қилдилар ва дуоларининг сўнгида дедилар: «Эй Аллоҳим, Унинг молини ва боласини кўп қилгин!»» Анас розияллоҳу анҳу деди: «Аллоҳга қасамки, шубҳасиз, менинг молим кўпдир ва бугун менинг болаларимнинг ва болаларимнинг болаларининг адади юздан ортади» (Муслим 2481).
Аллоҳ таоло бизга хабар беришича, унинг пайғамбари Закариё алайҳиссалом мана бу дуо билан дуо қилган экан: «Парвардигорим, менга ҳам ўз ҳузурингдан бир покиза фарзанд ато эт! Албатта Сен дуо-илтижоларимни эшитгувчисан» (Оли Имрон: 38).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кунларнинг бирида Сулаймон ибн Довуд пайғамбар, алайҳимуссалам, деди: «Қасамки бугун бир кечада тўқсонта хотинимни айланиб чиқаман. Уларнинг ҳар бири менга ўғил туғиб беради. Улар эса Аллоҳ йўлида жанг қилишади»» (Бухорий 3424, 6639, Муслим 1654).
Имом Қуртубий раҳимаҳуллоҳ деди: «Аллоҳдан фарзанд сўрашлик расуллар ва солиҳларнинг суннатидир» (Қаранг: «Тафсир ал-Қуртубий» 4/72).
Имом Ибнул Жавзий раҳимаҳуллоҳ деди: «Ахир шундай бўлиши мумкинки, жинсий алоқа оқибатида бола пайдо бўлиши мумкин. У эса имом Шофеий ёки Аҳмад ибн Ҳанбал каби бўлиб чиқиши мумкин. Бу (ота-онаси учун) минг йил давомида ибодат қилишликдан яхшироқдир» (Қаранг: «ан-Назаир» 185).
Охирги тилагимиз эса барча оламлар Робби – Аллоҳга ҳамду сано айтишдир.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Admin   12-29-2013, 11:57 AM
#3
Дилмурод Абу Муҳаммад

Оилага оид турли мавзулар

Спирал қўйдириш ҳукми


[audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/fiqh/oilaga_oid_turli_mavzular/spiral_qoydirish_hukmi.mp3[/audio]
Юклаб олиш
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.