mutaallim   11-01-2011, 10:26 PM
#1
Имом Муҳаммад ибн АбдулВаҳҳоб роҳимаҳуллоҳнинг даъват ва ҳаёт йўллари.


Саудия Арабистони мамлакати муфтийси,
кибор уламолар ҳайъати ҳамда илмий тадқиқотлар ва
фатво бериш доимий қўмитаси раиси
АбдулАзиз ибн Абдуллоҳ ибн Боз роҳимаҳуллоҳ


Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир. Аллоҳ таоло Ўзининг бандаси, элчиси ва халқлари ичидан танлаб олгани саййидимиз ва имомимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у кишининг оилалари, саҳобалари ва уларга чинакам муҳаббат қўйганларга салавоту-саломлар йўллаб, баракалар ёғдирсин.
Сўнг: Ҳурматли биродарлар, азиз фарзандларим, ушбу мўжазгина марузани зеҳнлар чароғон, ҳақиқатлар аниқ-равшан бўлсин ҳамда Аллоҳга ва У Зотнинг бандаларига холис туриш, биз у киши ҳақларида гаплашмоқчи бўлган шахсият рўбарўсидаги баъзи гарданимдаги ҳақларни адо этайин дея сиз азизларга тақдим қилмоқчиман. Суҳбатимиз мавзуси: Шайх, имом Муҳаммад ибн АбдулВаҳҳоб роҳимаҳуллоҳнинг даъват ва ҳаёт йўллари.
Модомики ислоҳотлар олиб борувчи, даъватчи ва мужаддидлар ҳақида гап борар экан, уларнинг ҳолатлари, мақтовга лойиқ хислатлари ва қилиб кетишган улуғ ишларини ёдга олар эканмиз ҳамда уларнинг даъватдаги ва ислоҳотлар олиб боришдаги ихлослари ва ростгўйликларига далолат қиладиган ҳаёт чизгиларини шарҳлар эканмиз, демак ушбу улуғ зотлар, уларнинг хулқ-атворлари, амаллари ва сийратлари ҳақидаги суҳбат, жонлар айнан муштоқ бўлиб, қалблар роҳатланадиган ҳамда ушбу суҳбатга ҳар бир динига ғаюр, ислоҳотлар ва ҳақ йўлга даъват қилишга рағбат ҳосил қилган ҳар бир киши жон қулоғи билан тинглашга ошиқманд бўладиган мавзулардан бўлар экан, сизларга улуғ инсон, ислоҳотлар олиб боришда залворли қадамлар ташлаб ўтган, ғаюр бир даъватчи ҳақида сўзлаб беришни ўзимга лозим топдим. Ушбу шайх набавий ҳижратнинг ўн иккинчи асрида араб жазирасидаги ислом мужаддиди бўлмиш имом Муҳаммад ибн АбдулВаҳҳоб ибн Сулаймон ибн Али ат-Тамимий ал-Ҳанбалийдир.
Дарҳақиқат одамлар ушбу имомни таниб олишди. Айниқса араб жазирасининг ичкарисидаги-ю ташқарисидаги уламолар, бошлиқлар ва қавмнинг оқсоқоллари- ю аъёнлари. Одамлар у киши ҳақларида катта ва кичик ҳажмга эга бўлган кўплаб китоблар битиб кетишди. Кўплаб кишилар, қолаверса шарқшунослар ҳам у киши ҳақларида алоҳида китоблар битишди. Бошқалар эса ўзларининг солиҳ инсонлар ва тарих ҳақида ёзган асарлари асносида у кишини ҳам тилга олиб ўтишди. Уларнинг ичидаги инсофлилари у кишини улуғ бир солиҳ инсон, ислом мужаддиди, Роббиси томонидан бўлган ҳидоят ва нур узра (ҳаёт кечирган) деб васфлашган.
Муаъллиф Абу Бакр шайх Ҳусайн ибн Ғонам ал-Иҳсоий шулар жумласидандир. Шайх ҳақида ажойиб ва фойдали бир китоб ёзиб, у кишининг сийрат ва ғазавотларини эслаб ўтган. Ва яна ушбу китобида шайхнинг йўллаган номалари ва Аллоҳ азза ва жалланинг Китобидан олган ҳукмлари борасида узоқ тўхталиб ўтади. Яна шайх ҳақида асар ёзиб қолдирганлардан шайх Усмон ибн Башар ўзининг "Унван ал-Мажд" номли китобидир. Яна ушбу шайх, у кишининг даъватлари, ҳаёт кечмишлари ва олиб борган ғазоту-жиҳодлари ҳақида ёзганлардан, хоссатан араб жазирасининг ташқарисидагилар ичида доктор Аҳмад Амин ўзининг "Зуама ал-Ислаҳ" китоби бўлиб, ушбу китобида шайх роҳимаҳуллоҳга нисбатан ниҳоятда инсоф билан ёндашган. Катта шайх Масъуд ан-Надавий ҳам шулар жумласидандир. Шайх ҳақларида бир китоб ёзиб, уни "Ал-Муслиҳ ал-Мазлум" деб номлади. Ушбу китобида шайхнинг сийратларини тўлақонли ёритиб ўтган. Ва яна кўплаб инсонлар у киши ҳақларида ёзиб кетишди. Шулардан катта шайх Амир Муҳаммад ибн Исмоил Ас-Сонъанийдир. Бу киши шайх билан замондош бўлиб, у киши билан даъватда елкама-елка турганлардандир. Бу кишига шайхнинг бошлаган даъватлари ҳақидаги хабар келганда кўзлари қувониб, Аллоҳга ҳамд айтган эканлар.
Ҳудди шундай шайҳ ҳақида китоб ёзиб қолдирганлардан "Найл ал-Автор" китобининг соҳиби катта аллома, шайх Муҳаммад ибн Али Аш-Шавконийдир. У киши ҳақларида катта бир марсия ёзиб қолдирдилар. Ва яна шайх ҳақида бошқа кўплаб кишилар асар битиб кетишганки, уларни ўқувчи ва уламолар яхши билишади. Ушбу буюк шахснинг ҳолати, ҳаёти ва даъвати кўпчиликка махфий қолгани муносабати билан ушбу шайхнинг кечирган гўзал ҳаёт тарзи, салоҳиятли даъвати, садоқатли жиҳодини ёритиб беришда ва ушбу имом ҳақида билганларимни озгина бўлса ҳам шарҳлаб беришда мен ҳам ўз ҳиссамни қўшиб қолайин дедим. Тоинки ушбу имом ва унинг даъвати ҳақида ноўрин гаплар ва турли шубҳалар гирдобига тушганларнинг кўзи очилсин. Имом 1115 ҳижрий йили таваллуд топдилар. Роҳимаҳуллоҳнинг таваллуд топган йиллари ҳақидаги машхур қовл шудир. 1111 ҳижрий йили туғилганлар деган сўзлар ҳам бор. Бироқ ушбу биринчи қовл бўлмиш 1115 ҳижрий йили дунёга келганлар деган қовл маъруфдир.
Илк таълимни Уяйна шаҳрида оталарининг қўлида ҳосил қилдилар. Ушбу шаҳар роҳимаҳуллоҳнинг киндик қонлари тўкилган шаҳардир. Ушбу қишлоқ Нажд ерининг Ямома қисмида маълуму-машхурдир. Риёз шаҳрининг шимоли ғарбида жойлашган бўлиб, қишлоқ билан Риёз шаҳри орасидаги масофа етмиш километрдир. Роҳимаҳуллоҳ ушбу қишлоқда дунёга келиб, солиҳ бир ўғлон бўлиб ўсиб-улғайдилар. Кичик ёшларидаёқ Қуръонни ёдладилар ва оталари шайх АбдулВаҳҳоб ибн Сулаймоннинг қўлларида дарс олиб, илмни чинакам тушуниб етишда кўп тиришдилар. Оталари катта фақиҳ, олим ва Уяйна шаҳрида қози эди. Балоғат ёшига етгач Аллоҳнинг уйини қасд қилиб, ҳаж сафарига отландилар. Байтул ҳарамдаги баъзи уламолардан илм олгач, Набий соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шаҳарлари бўлмиш Мадина сари юрдилар. Шаҳар уламолари билан учрашиб, у ерда бир муддат яшадилар. Илмни Мадинанинг ўша вақтдаги иккита машхур, кибор олимларидан олдилар. Улар: Шайх Абдуллоҳ ибн Иброҳим ибн Сайф ан-Наждийдир. Асли Мажмаъа деган жойданлар. Бу киши фароиз илмидаги "Ал-Азб ал-Фаид" китобининг муаллифи шайх Иброҳим ибн Абдуллоҳнинг оталаридир. Илм олган шайхларининг иккинчиси эса Мадинадаги кибор шайх Муҳаммад Ҳаёт Ас-Синдийдир. Шайхнинг Мадинадаги илм олган устозлари ичидаги машхурлари ушбу икки олимдир. Эҳтимол биз билмаган яна бошқа уламолардан ҳам илм олган бўлишлари мумкин.
Шайх илм талабида Ироқ сари йўлга отландилар. Басрага бориб тушдилар ва у ернинг уламолари билан учрашдилар. Улардан ҳам Аллоҳ насиб этганча илм олдилар. Ўша ердан туриб Аллоҳнинг тавҳидига бўлган даъватни бошладилар. Одамларни суннатга даъват қилдилар. Одамларга барча мусулмонлар динларини Аллоҳнинг Китоби ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан олмоқликлари вожиб деб баралла айтдилар. Бу борада муноқаша ва музокаралар олиб бордилар. Ўша томонлардаги уламолар билан мунозара олиб бордилар. Ироқдаги шайхлари ичидаги машхурларидан шайх Муҳаммад ал-Мажмуъийдир. Басрадаги шум нийятли уламоларнинг баъзилари у кишига қарши фитна оловини ёқишди. У кишига ва юқорида тилга олинган шайхларига баъзи озорлар етди. Шу сабабли у ердан бош олиб чиқиб кетдилар. Шом диёрига ҳам бориш нийятлари бир эди. Бироқ ҳаражатни қоплайдиган нафақага эга бўлмаганлари сабабидан у ерга боролмадилар. Басрадан чиқиб Зубайр деган жойга бордилар. Сўнг Зубайрдан Аҳсо томон равона бўлдилар. У ернинг уламолари билан учрашиб, диннинг асосига оид масалаларда музокара олиб бордилар. Сўнг Ҳаримло шаҳри томон йўлга тушдилар. Бу валлоҳу Аълам ўн иккинчи асрнинг бешинчи ўн йиллигида бўлаётган воқеалардир. Чунки оталари Уяйна шаҳрида қозилик лавозимида эди. У киши билан ўша ернинг ҳокими ўртасида келишмовчилик юз бергани сабабли 1139 ҳижрий йили у ердан Ҳаримлога кўчиб ўтди. Шайх Муҳаммад роҳимаҳуллоҳ 1139 ҳижрий йили Ҳаримлога кўчиб келгач оталарининг ҳузурига келдилар. Ҳаримлога киришлари 1140 ёки ундан кейинги йилларга тўғри келади. У ерга ўрнашгач то оталари 1153 ҳижрий йили вафот этгунларига қадар Ҳаримлода илм олиш, таълим бериш ва даъват билан бардавом шуғулландилар. Ерлик аҳолининг баъзиларидан у кишига нисбатан нохушлик рўй берди. Баъзи разил кимсалар у кишини йўқ қилишга бел боғлаганди. Ҳатто у кишини деворларидан (уйларига) ошиб тушишга ҳам уринишлар бўлган дейилади. Баъзи одамлар уларнинг бу қилмишларидан хабар топгач, жуфтакни ростлаб қолишди. Ана шундан кейин шайх роҳимаҳуллоҳ Уяйнага жўнаб кетдилар.
Ушбу разил кимсаларнинг у кишига нисбатан ғазаб отига минишларининг сабаби, шайх маъруфга буюрувчи, мункардан қайтарувчи ва ҳукмдорларни одамларнинг молларини зўравонлик билан тортиб олиб, уларга азият етказиш билан тажовуз қиладиган мужримларнинг таъзирини бериб қўйишга ундаганларидир. Ушбу разил кимсаларни у ерларда "Ал-Абийд" деб айтиларди. Улар шайхни уларга қарши эканлари, уларнинг қилмишларига асло рози эмаслари ва ҳукмдорларни уларни жазолаш ва ёмонлик қилганларига ҳад қўллашга тарғиб қилишларини билишгач, у кишини йўқ қилишга бел боғлашди. Аллоҳ таоло шайхни Ўз ҳифзу-ҳимоясида сақлади. Сўнг Уяйна шаҳрига кўчиб кетдилар. Ўша даврдаги Уяйна шаҳрининг ҳокими Усмон ибн Носир ибн Маъмар эди. Шайх ҳокимнинг ҳузурига бориб тушдилар ва ҳоким ҳам у кишини хуш келдингиз дея кутиб олди ва шундай деди: "Аллоҳнинг йўлига даъват қилаверинг. Биз сиз биланмиз ва сизга ёрдам қўлини чўзамиз". Шундай қилиб ҳоким ўзининг эзгу тилакларини ва у кишининг йўлларига мувофиқ эканини яшириб ўтирмади.
Шайх таълим, тўғри йўлга йўллаш, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиш, одамларни эзгуликка чорлаш ҳамда жамиятда Аллоҳ учун ўзаро муҳаббат шукуҳи ҳосил бўлиши йўлида қатор ишлар олиб бордилар. Уяйнада олиб бораётган ишлари одамларнинг оғзига тушиб, шон-шуҳратлари ортиб борди. Одамлар ён атрофдаги қишлоқлардан у кишининг ҳузурларига келишарди. Кунларнинг бирида шайх ҳоким Усмонга шундай дедилар: "Келинг шу Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг (қабрлари устига қурилган) қуббани бузиб ташлайлик. Чунки у тўғри йўл асосида барпо қилинмаган. Аллоҳ жалла ва ала ушбу амалга асло рози бўлмайди. Росул алайҳиссалоту васаллам қабрлар устига бино қуриш ҳамда уларни масжид қилиб олишдан қайтарганлар. Ушбу қабр устидаги қубба одамларни фитнага тушишлари ва ақидалар ўзгаришига сабаб бўлди. Бунинг сабабидан ширк рўй берди. Демак уни бузиб ташлаш вожиб бўлади". Ҳоким эса: "Бу ишни қилишдан ҳеч қандай монелик йўқ", деди. Шайх: "Жабила аҳли ғалаён қилишларидан хавотирдаман", дедилар. Жабила қабрга яқин бир қишлоқ эди. Усмон олти юзга етадиган жангчидан иборат қўшин билан ушбу қабр устига қурилган қуббани бузиш учун йўлга тушди. Уларнинг сафида шайх роҳимаҳуллоҳ ҳам бор эдилар. Улар ушбу қуббага яқинлашгач, бундан хабар топган Жабила аҳли ҳам қабрни сақлаб қолиш умидида рўбарўга чиқишди. Ҳоким Усмонни қўшини билан бирга кўришгач, ушбу ишдан қўлларини тийиб, орқага тисарилишди. Шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу қуббани бузиш ва йўқ қилишда ўзлари бевосита иштирок этдилар. Аллоҳ азза ва жалла роҳимаҳуллоҳнинг қўллари билан ушбу ширкий қуббани йўқ қилди. Шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу ишларини олиб боришларидан олдинги Нажд диёрларининг ҳолатидан бир кўринишни ва шайхнинг ушбу даъватни олиб боришга ундаган сабабларни бир ёдга олсак.
Шайх роҳимаҳуллоҳнинг даъватларидан олдин Нажд аҳли мўмин киши кўрганда рози бўладиган ҳолатда эмасди. Катта ширк ниҳоятда кенг тарқалганди. Қабрлар устидаги қуббалар, дарахт, тош ва ғорларга ибодат қилинарди. Ким валийликни даъво қилиб чиқса –аслида нодон бўлса-да- ибодат қилинаверарди. Демак Аллоҳни қўйиб валийликни даъво қилган – аслида улар мажнун ва ақлдан озган тентаклар бўлса-да- ибодат қилинарди. Нажд диёрларида сеҳргарлик, фолбинлик кенг тарқалганди. Одамларнинг фолбинларга савол йўллаб, уларни тасдиқлашларини бирор киши инкор қилмасди, Аллоҳ хоҳлаганларгина бундан мустасно эди. Одамларни дунё ва унинг шаҳватларига шўнғиб кетиш эгаллаб олганди. Аллоҳ учун юрагида ўти борлар ва Аллоҳнинг динига ёрдам қўлини чўзадиганлар оз эди. Икки ҳарамда ҳам ҳолат ҳудди шундай эди. Ўша кезлари Яманда ҳам ширк, қабрлар устига қуббалар қуриш, авлиёларга дуолар қилиб, ёлборган ҳолатда ёрдам сўраш ва шунга ўхшаш ширкиётлар кўп эди. Хуллас Нажд диёрларида қабр, ғор, дарахт, Аллоҳни қўйиб ақлдан озган тентакларга дуо қилиш ва улардан ёрдам сўраш каби санаб адоғига етиб бўлмайдиган ширклар бор эди. Яна Нажд диёрларида машхур бўлган ширклардан жинларга дуо қилиш, улардан ёрдам сўраш, уларга атаб жонлиқ сўйиш ва ушбу жонлиқларни жинларнинг ёрдамини умид қилиб, уларнинг ёмонлигидан хавфсираган ҳолда уйнинг бир бурчагига қўйиш каби ишлар эди. Шайх, имом ушбу ширкни, одамлар ушбу ишларни ошкора бажаришларини, ширкдан қайтарадиган, Аллоҳ таолонинг йўлига даъват қилишдек вазифани адо этадиган кишини йўқлигини кўргач, ушбу ишга енг шимариб киришдилар ҳамда даъват мобайнида сабрни лозим тутдилар. Шайх ушбу ширкка қарши курашиш, (курашиш давомида) сабр қилиш ва азиятларни кўтаришдан ўзга йўл йўқ эканини жуда яхши билардилар. Уяйна шаҳрида таълим бериш ва йўл-йўриқ, кўрсатмалар беришда жидду-жаҳд билан ҳаракат қилдилар. Аллоҳнинг динига ёрдам бериш ҳамда ширк ва хурофотларга қарши курашишда ўзлари билан елкама-елка туришларига умид қилган ҳолда уламоларга номалар йўллаб, улар билан музокара олиб бордилар. Натижада даъватларини Нажд, икки ҳарам ва Яман уламоларининг кўпчилиги қабул қилдилар. Бошқалар эса у киши билан мувофиқ эканларини ўз номаларида изҳор қилдилар. Учинчи бошқа бир тоифа эса шайхга қарши чиқиб, олиб бораётган даъватларини қоралаб, мазаммат қилиб, ўзларини у кишидан четга олишди. Уларнинг ҳолати икки иш орасидадир. Ё улар, Аллоҳнинг динини, тавҳидни билмайдиган, аксинча Аллоҳ таоло айтганидек: "Албатта ота-боболаримизни бир миллат – дин устида топганмиз ва албатта биз уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз"(Зухруф/23) деб, ота-боболарининг йўли бўлмиш жоҳиллик, залолат, ширк, бидъат ва хурофотларнигина биладиган хурофий жоҳил. Ё бўлмаса илмга нисбат берилишсада, омма одамлар: сизларга нима бўлдики ушбу ишни ҳеч инкор қилмасдингиз? Нима энди ибн АбдулВаҳҳоб келди-ю, ҳақ устида бўлиб қолдими?! Ахир сизлар уламолар бўлсангиз ушбу ботилни нимага инкор қилмасдингиз?!, деб айтмасликлари учун ҳам шайхга қайсарлик ва ҳасад қилган ҳолатда рад жавобини берганлардир. Оммадан хижолат бўлганлари учун ҳам ҳасад қилишиб, ҳақга қайсарларча оёқ тираб, ўткинчи дунёни охират ажру-савобидан устун кўриб, охират турганда дунёни ийсор-ихтиёр қиладиган яҳудийларга иқтидо қилишди. Аллоҳ таолодан офият ва саломатлик сўраймиз.
Шайх эса сабр билан даъватда олдинга жиддийлик билан қадам ташлаб бораверардилар. Шайхни араб жазираси ва ташқаридаги уламолар қўллаб-қувватлаб туришди. Натижада даъватдаги азму-қарорлари ортиб, Роббилари азза ва жалладан ёрдам сўраган ҳолатда иш олиб бордилар. Буларнинг барчасидан олдин Аллоҳнинг Китобини (ўрганишда ҳам) кўп ғайрат қилиб Қуръонни тафсир қилиш ва ундан ҳукм олиш бобида беназир эдилар. Ва яна Росул соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобалари ҳаётини ўрганишда ҳам кўп изландилар. Бу борада жиддий киришиб, зийрак бир шахс ўлароқ намоён бўлдилар. Ҳатто илм соҳасида ҳақ устида силжимай, собит тура оладиган бир мартабага эришдилар. Даъватга енг шимариб жиддий киришдилар ва ҳақни одамларга етказиш ҳамда бу борада ҳукмдорлар ва уламоларга номалар йўллашда ғайрат кўрсатдилар. Натижа эса мана ўзингиз кўриб тургандекдир.
Аллоҳ таоло шайхнинг пок нийятларини рўёбга чиқарди. У киши сабаб даъват атрофга ёйилиб, Аллоҳ таоло ҳаққа қувват ато этди. Аллоҳ таоло шайхга ёрдамч-ю ансорларни ҳозирлаб берди. Ҳаттоинки Аллоҳнинг дини устун келиб, ҳақ калимаси олий бўлди. Шайх Уяйнада таълим бериш ва йўл-йўриқ кўрсатиш билан даъватда давом этавердилар. Сўнг даъват таъсир қилмаётганини кўргач ширк асаротларини феълан йўқ қилиш билан амалий босқичга енг шимариб киришдилар. Демак имкон қадар ширк изларини йўқатиш мақсадида даъватнинг амалий суратига бевосита киришдилар. Шайх ҳоким Усмон ибн Маъмарга шундай дедилар: "Зайднинг қабри устидаги қуббани бузмоқ лозим". Зайд ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу мўминларнинг амири Умар ибн Хаттобнинг розияллоҳу анҳунинг туғишган инилари эди. Ҳижратнинг ўн иккинчи йили Мусайлама Каззоб билан бўлиб ўтган жангдаги шаҳидлардандирлар. Розияллоҳу анҳу ўша вақтда қатл қилинганлардан эдилар. Айтишларича у кишининг қабрларига қубба бино қилинган. Эҳтимол у бошқа одамнинг қабри бўлиши ҳам мумкин. Бироқ одамларнинг айтишларича у Зайд розияллоҳу анҳунинг қабрлари экан. Демак юқорида эслаб ўтилгандек ҳоким Усмон шайхнинг фикрларига қўшилди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин ушбу қубба бузиб ташланди. Аллоҳга мақтовлар бўлсин, миннат қилиш Унинг Ўзигагина хосдир, ушбу қуббанинг бузиб ташлангандаги ижобий таъсири бугунги кунгача ўзининг кучини йўқотгани йўқ. Ушбу қубба солиҳ бир нийят, тўғри истак ва ҳаққа нусрат бўлсин дея бузилган экан, Аллоҳ таоло ҳам уни ер юзидан супириб ташлади. У диёрларда яна Зирор ибн ал-Азварнинг қабри дейиладиган бошқа қабрлар ҳам бор эди. Ушбу қабрлар устига қубба бино қилингани сабабли улар ҳам бузиб ташланди. Ва яна кўплаб қадамжолар бор эдики, Аллоҳ азза ва жалла уларни ер юзидан йўқ қилди. Ҳамда Аллоҳдан ўзга ибодат қилинадиган ғорлар ва дарахтлар бор эди. Улар ҳам йўқ қилиниб, масаласи ҳал қилинди ва одамлар ҳам ушбу ишлардан огоҳ этилди.
Айтмоқчи бўлган гапимиз шуки, шайх роҳимаҳуллоҳ юқорида тилга олинганидек сўз ва амал жиҳатидан даъватда давом этавердилар. Кунларнинг бирида шайхнинг олдиларига бир аёл киши келиб, зино қилганини бир неча бор эътироф этади. Шайх аёлнинг эс-ҳуши жойидами деб атрофдагилардан сўрайдилар. Шунда у кишига аёлнинг ақл-ҳуши жойида экани айтилади. Ҳалиги аёл зино қилганини қайта-қайта тан олиб, қатъий бўйнига олгач –аёл турмуш қурган бўлиб, зинога мажбурланмаган, орага шубҳа ораламаган зино бўлиб ўтгани маълум бўлгач- шайх роҳимаҳуллоҳ аёлни тошбўрон қилинишига буйруқ бердилар. Аёл у кишининг буйруқлари билан тошбўрон қилинди. Ушбу воқеа шайх роҳимаҳуллоҳ Уяйнада қозилик лавозимини эгаллаган кезлари юз берганди. Ушбу воқеадан сўнг шайхнинг қуббаларни бузиш, аёлни тошбўрон қилиш, Аллоҳнинг йўлига чақираётган буюк даъватлари ҳамда муҳожирларнинг Уяйнага оқиб келишлари ҳақидаги хабар атрофга тарқалиб кетди.
Аҳсо (жой номи) ва Бану Холид Сулаймон ибн Урайъир ал-Холидий қабиласидан иборат унга тобе бўлган минтақа ҳукмдори қулоғига шайхнинг Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш, қабр устига қурилган қуббаларни бузиш, жиноят содир этганларга жазо қўллаш ҳақидаги хабарлари етади. Ушбу бадавийнинг кўзига шайхнинг ишлари хавфли бўлиб кўринади. Чунки зулмга қўл уриш, қон тўкиш, молни зўравонлик билан тортиб олиш ва обрўни оёқости қилиш саҳроийларнинг –Аллоҳ ҳидоят қилганлари бундан мустасно- одатларидандир. Ушбу ҳукмдор шайх унинг подшоҳлигига таҳдид солиб, бошқарувига чек қўяди деб хавфсирайди. Натижада Усмоннинг юрагига ғулғула соладиган бир нома йўллайди. Ёзган хатида уни Уяйнадаги, ўзининг қўл остида бўлган ушбу "кўнгилли аскарни" ўлдиришга буюради. Хатда шундай деганди: "Ҳузурингиздаги "кўнгилли аскар" ҳақида бизга шундай-шундай хабар етди!! Ё уни ўлдирасан ё бўлмаса бизнинг қўлимиздаги ўз улушингдан ажраласан!!". Ҳоким Усмон унинг ҳузуридан келадиган тилладан иборат ўз улушига эга эди. Ҳукмдорнинг қилган ушбу иши Усмонни қўрқувга солади. Усмон ҳукмдорга итоатсизлик қилса ё ўзининг улушидан ажралиб қолишдан ёки ушбу ҳукмдор унга қарши уруш очишидан хавфсираб қолади. Шайхга шундай дейди: "Ҳукмдор бизга шундай-шундай деб нома йўллади. Сизни ўлдириш бизга ярашадиган иш эмас. Биз ушбу ҳукмдордан қўрқамиз ва унга қарши уруш очишга қодир эмасмиз. Бизнинг диёрлардан чиқиб кетиш ҳақида бир фикр юритиб, шундай қилсангиз дегандим". Шайх айтадиларки: "Мен даъват қилаётган йўл Аллоҳнинг дини, Ла илаҳа илаллоҳ калимаси ва Муҳаммадур Росулуллоҳ деб гувоҳлик беришни ҳаётда ҳаққирост амалга оширишдир. Ким ушбу динни маҳкам тутса, унга ёрдам қўлини чўзса ва ушбу ишида ростгўй бўлса, албатта Аллоҳ таоло унга нусрат бериб, қўллаб-қувватлайди ва душманлари устидан ҳукмронлик беради. Агар сабр қилиб, ушбу йўлда тўғри-устивор бўлсангиз ва ушбу яхшиликни қабул этсангиз хурсанд бўлаверинг. Яқин келажакда Аллоҳ сизга Ўз нусратини бериб, бадавий ва бошқалардан сизни Ўзи ҳимоя қилади. Ва тезда сизни унинг ва унга тобе бўлган шаҳарларига эга қилади". Ҳоким Усмон эса шайхга жавобан шундай деди: "Эй шайх биз унга қарши урушишга кучимиз етмайди. Унга қаршилик кўрсатишга сабр қилолмаймиз". Шундан кейин шайх Уяйнадан бош олиб чиқиб, Даръийя вилояти сари равона бўладилар. Айтишларича Даръийя вилоятига пиёда юриб борадилар. Усмон у кишини ҳайдаб чиқармайди. Шайх Уяйнадан куннинг аввалги қисмида пиёда йўлга тушиб, ўша куннинг кечки қисмидаёқ Даръийяга етиб келадилар. Шайх шаҳар юқорисидаги ҳурматли бир хонадонга кирадилар. Хонадон соҳиби Муҳаммад ибн Сувайлим ал-Урайний деган одам эди. Шайх унинг ҳузурида бир муддат қўним топадилар. Айтишларича ушбу киши шайх унинг уйига тушганларидан хавфсираган экан. Ер кенг бўлишига қарамасдан унга торлик қилиб қолган экан. Сабаби у Даръийя ҳукмдори Муҳаммад ибн Саъуддан қўрққан экан. Шунда шайх унинг кўнглига илиқлик олиб кириб айтган эканларки: "Хурсанд бўлавер, ҳаммаси яхши бўлади. Мен одамларни даъват қилаётганим ушбу йўл Аллоҳнинг динидир. Аллоҳ тезда уни ғолиб қилади". Муҳаммад ибн Саъуднинг қулоғига шайх Муҳаммаднинг келганлари ҳақидаги хабар етиб боради. Айтишларича Муҳаммад ибн Саъудга ушбу хабарни етказган, ўзининг рафиқаси бўлган экан. Аёлнинг олдига айрим солиҳ кишилар келиб, шундай дейишган экан: "Муҳаммадни ушбу кишидан бохабар қилинг. Уни шайхнинг даъватини қабул қилишга, унга ёрдам бериб, елкама-елка туришга тарғиб қилинг". У иффатли, солиҳа аёл эди. Даръийя вилоятининг амири Муҳаммад ибн Сауд унинг ҳузурига киргач, аёл унга шундай деди: "Ушбу улкан бахтдан хурсанд бўлинг! Бу бахтни Аллоҳ таоло сизга насиб айлади. Аллоҳнинг динига, Китобига ва Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига даъват қиладиган бир даъватчи (сизнинг амирлигингиза келибди). Ахир бундан ҳам катта бахт борми?! Уни қабул айлаб, ёрдам қўлини чўзишга шошилинг. Бу борада асло иккиланманг". Амир ушбу маслаҳатни қабул қилди. Сўнг уни олдига ўзим бораймикин ёки ўзини ҳузуримга чақираймикин деб ўйлаб қолди. Унга ўзингиз уни олдига боринг деган фикрга ишора қилишди. Айтилишича бу сафар ҳам ўша аёл бир жамоа солиҳ кишилар билан амирни ушбу ишга ундаб, айтишган эканки: "У кишини ўзингизнинг ҳузурингизга чақиртиришингиз ярашмайди. Балки ўзингиз унинг манзилига боришингиз, илмни ва эзгуликка даъват қилувчини ҳурматини жойига қўйишингиз лозим бўлади". Амир –Аллоҳ таоло у кишини ўз раҳматига олиб, ётган жойларини жаннат боғчаларидан қилсин- Аллоҳ таоло у кишига саодат ва яхшиликни китобат қилган эканки, ушбу таклифни лаббай деб қабул қилди. Амир Муҳаммад ибн Сувайлимнинг уйидаги шайхнинг олдига бориб, унга салом берди ва ўзаро суҳбат қуришди. Амир шайхга шундай деди: "Эй шайх Муҳаммд, нусрат, омонлик ва (бундан буёғига биз сиз билан) елкама-елка турар эканмиз, энди хурсанд бўлаверинг". Шайх эса амирга шундай деди: "Сиз ҳам нусрат, ер юзида ғолиб бўлиш ва гўзал оқибат билан хурсанд бўлинг. Бу Аллоҳни динидирки, ким унга ёрдам қўлини чўзса, Аллоҳ таоло унга нусрат беради. Ким ушбу динни қўллаб-қувватласа, Аллоҳ таоло уни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бунинг нишонасини тезда ўз ҳаётингизда кўрасиз. Шунда амир айтдики: "Эй шайх, сизга Аллоҳ ва Росулининг дини ҳамда Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишга байъат бераман. Бироқ сизни қўллаб-қувватлаб, ёрдам қўлини чўзсак ва Аллоҳ таоло сизни ислом душманлари устидан ғолиб қилгач, бизни ташлаб, бошқа бир ерга кўчиб кетармикинсиз деб хавотирланаман". Шунда шайх: "Йўқ асло. Мен ҳам сизга кемага тушганни жони бир дея байъат бераманки, сизнинг диёрингизни ҳеч қачон ташлаб кетмайман", деди. Демак шайх ҳам амирга ўзаро ёрдам қўлини чўзиш ва ушбу диёрда қолишга байъат берди. Ҳақиқатда шайх амирнинг ҳузурида қолиб, у билан елкама-елка туриб, Аллоҳнинг дини ғолиб бўлгунга қадар Унинг йўлида биргаликда кураш олиб борди. Чунки байъат ушбулар асосида тўла якун топганди. Одамлар Даръийяга турли ерлардан, Уяйна, Арқо, Манфуҳа, Риёз ва булардан бошқа ён атрофдаги шаҳарлардан оқиб кела бошлашди. Даръийя одамлар турли ерлардан ҳижрат қилиб борадиган бир жойга айланганди. Халойиқ шайх ҳақидаги хабарлар, Даръийяда олиб бораётган дарслари, Аллоҳнинг йўлига даъват қилиб, йўл-йўриқ кўрсатишларини бир-бирларидан эшитиб, тўп-тўп ва якка-якка ҳолда кела бошлашди. Шайх Даръийяда ҳурматлари жойига қўйиладиган, барча ёрдам қўлини чўзадиган ва севимли бир киши бўлдилар. Ақида, Қуръони Карим, тафсир, фиқҳ, ҳадис ва унинг илмлари, араб тилига оид илмлар, тарих ва бундан бошқа фойдали имлардан иборат дарсларни йўлга қўйдилар.
Одамлар турли ерлардан келиб, шайхнинг ҳузурида илм олишди. Шайх оммага ҳам, хос (толиби илмлар)га ҳам мунтазам дарслар уюштирдилар. Шайх Даръийяда илмни кенг ёйиб, даъватда бардавом бўлиб қолдилар. Сўнг жиҳод (босқичини) бошлаб, одамларга ушбу (даъват) майдонига киришлари ва ўлкаларидаги ширкни илдизи билан қўпориб ташлаш ҳақида номалар йўлладилар. Ишни Нажддан бошлаб, унинг ҳукмдорлари ва уламоларига хат жўнатдилар. Риёз уламоларига, (хоссатан) унинг амири Даҳҳам ибн Даввасга ҳам хат ёздилар. Яна Харж уламолари ва раҳбарларига, жанубий қисмдаги, Қусайм, Ҳаил, Вашм, Судайр ва бундан бошқа шаҳар уламоларига хатлар жўнатдилар. Турли диёрлардаги уламолар ва раҳбарларга номалар йўллашда давом этавердилар. Ҳудди шундай Аҳсо, икки ҳарам, мамлакат ташқарисидаги Миср, Шом, Ироқ, Ҳиндистон, Яман ва булардан бошқа диёр уламоларига номалар жўнатиб, ҳужжатни қоим қилиб, инсониятнинг кўпи бўғизигача ботган ширк ва бидъатларни эслатардилар. Бундан ушбу динга ёрдам қўлини чўзадиганлар йўқ эканда деган маъно келиб чиқмайди. Балки диннинг ёрдамчилари доим мавжуддир. Аллоҳ жалла ва ала ушбу динга ёрдамчиларни чиқариб қўйишлигини Ўз зиммасига олган. Набий алайҳиссалоту ва саллам айтганларидек ушбу уммат ичида бир тоифа ҳақ устида ғолиб бўлганча давом этиб бораверади. Шу сабабли ўша кезларда ҳам ернинг қолган бурчакларида ҳаққа ёрдам қўлини чўзганлар бор бўлган. Бироқ гап ҳозир Нажд диёрлари ҳақида кетяпти. Ушбу диёрларда Аллоҳ таологина санаб адоғига етадиган ёмонлик, фасод, ширк, хурофотлар бор эди. Шу билан бирга ушбу ўлкаларда аҳли хайр бўлган уламолар ҳам бор эди. Бироқ уларга даъватда фаол ҳаракат олиб бориш ҳамда уни лозим бўлганидек адо этиш насиб этмаганди.
mutaallim   11-01-2011, 10:36 PM
#2
Ўша кезлари Яманда ва Яман атрофларида ҳам ҳаққа даъват қилиб, унга ёрдам берадиганлар бор бўлиб, улар ушбу ширк ва хурофотларни билишарди. Бироқ Аллоҳ таоло уларнинг даъватларига шайх Муҳаммаднинг даъватларига насиб этганчалик ютуқларни насиб этмаганди. Бунинг бир қанча сабаблари бор. Шулардан: улар билан елкама-елка туриб, ёрдам қўлини чўзадиганларни ҳа деганда топилавермаслиги, кўплаб даъватчиларнинг сабр қилолмаслиги ва Аллоҳнинг йўлидаги азиятларни ўз елкасида кўтариб юролмаслиги, муносиб услублар, ҳолатга яраша нутқ ийрод қилиш, ҳикмат ва гўзал мавъиза билан одамларга йўл-йўриқ кўрсатиш имконини берадиган илмларни баъзи даъватчиларда оз экани ва яна бундан бошқа кўплаб сабаблар. Ушбу кўплаб йўлланган мактублар ва (олиб борилган) жиҳод сабабли шайхнинг қилган ишлари атрофга ёйилиб, даъватлари зоҳир бўлди. Рисолалари араб жазирасининг ичидаги ва ташқарисидаги уламоларга етиб боргач, кўплаб инсонлар у кишининг даъватларидан тасирланди. Ҳиндистон, Индонезия, Афғонистон, Африка, Марокаш ва яна ҳудди шундай Миср, Шом, Ироқ каби мамлакатларда кўплаб даъватчилар бор бўлиб, улар ҳақни таниб, унга даъват қилишарди. Уларга шайхнинг даъватлари етиб боргач, фаоллик ва куч-қувватлари янада зиёдалашди. Улар ҳам ушбу даъват билан ном чиқаришди. Шайхнинг даъватлари машхур бўлишда ҳамда ислом олами ва бошқа ўринларда ҳам зоҳир бўлишда давом этиб келяпти. Ушбу бизнинг охирги асримизда шайхнинг китоблари, рисолалари, фарзандлари, набиралари ва араб жазирасининг ичкариси-ю ташқарисидаги мусулмон уламоларидан иборат шайх билан елкама-елка туриб, у кишига ёрдам қўлини чўзганларнинг китоблари босмадан чиқди. Ҳудди шундай шайхнинг олиб борган даъватлари, таржимаи ҳоллари, у кишига ёрдам берганларнинг ҳолатлари ҳақида битилган китоблар ҳам босмадан чиқиб, кўплаб ўлкалардаги одамлар орасида донг таратди. Маълумки, ҳар бир неъматга ҳасад кўзи билан қарайдиганлар ва ҳар бир даъватчига кўплаб душманлар бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: "Шунингдек, Биз ҳар бир пайғамбар учун инсу жин(дан бўлган) шайтонларни душман қилиб қўйдик. Улар (ўзларига қулоқ солгувчиларни) алдаш учун гўзал (ялтироқ) сўзлар билан васваса қиладилар. Агар Роббингиз хоҳласа, ундай қилмаган бўлур эдилар. Бас, сиз уларни туҳмат, бўҳтонлари билан бирга тарк қилинг!". (Анъом/112). Шайх даъват майдонида ном чиқариб, кўплаб китоблар ва қимматли таълифотлар битиб, уни одамлар ўртасида тарқатиб, уламоларга мактублар йўллагач, у кишига ҳасад қилиб, қарши чиқувчи ва улардан бошқа душманлардан иборат катта бир гуруҳ юзага келди.
Шайхнинг душман ва хусуматгўйлари икки қисмдан иборатдир:
1) У кишига илм ва дин номи остида душманлик қиладиганлар.
2) Сиёсат номи остида душманлик қиладиганлар. Бироқ улар ҳам илм ва дин номи билан ниқобланишади. Яъники, шайхга душманлигини ошкор қилиб, у кишини ботил йўлда ва у фалон-пистон дейдиган уламоларнинг душманлигидан устамонлик билан фойдаланишди. Шуларга қарамасдан шайх роҳимаҳуллоҳ шубҳаларни аритиб, далилни очиқ-ойдин ёритиб, ҳақиқат йўли бўлмиш Аллоҳнинг Китоби ва Росули соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига йўллашда бардавом бўлиб қолдилар. Шайҳни гоҳ: у хаворижлардан, деб кўришди. Ва гоҳида: ижмони четлаб ўтиб, мутлақ ижтиҳод рутбасини даъво қиляпти. Ўзидан олдин ўтган уламолар ва фуқаҳоларни назар-писанд қилмайди, деб ҳам кўришди. Ва яна бошқа кўплаб туҳматлар билан айблашга уринишди. Ушбу ишлар хусуматгўйларнинг бир тоифасини илми озлиги сабабли бўлган бўлса, бошқа бир тоифа эса қолганларга кўр-кўрона тақлид қилиб, ушбу бўҳтон қилаётганларга таянди. Бошқа бир тоифа эса ўзининг эгаллаб турган лавозими ҳақида қайғуриб, сиёсат қурбонига айланди. Натижада ислом ва дин номи билан ниқобланиб, вайсақи ва залолатга етаклайдиганларнинг қуруқ сўзларига таянди.
Ҳақиқатда олиб қарайдиган бўлсак шайхнинг хусуматгўйлари уч турлидир:
1) Ҳақни ботил, ботилни эса ҳақ деб биладиган сафсатачи уламолар. Бундайлар қабрлар устига бино қуриш, қабрларни масжид қилиб олиш, Аллоҳни қўйиб ушбу ўликларга дуо қилиш ва улардан ёрдам сўраш ҳамда шунга ўхшашларни дин ва ҳидоят деб эътиқод қиладилар. Натижада ким энди ушбу ишларни инкор қилса, у дарҳақиқат солиҳ зотлар ва авлиёларга нафрат назари билан боқувчидир. Демак у, унга қарши кураш олиб бориш вожиб бўлган душмандир, деб эътиқод қиладилар.
2) Бошқа бир гуруҳ эса илмга нисбат берилганлар бўлиб, ушбу кишининг (шайхнинг) ҳақиқатидан жоҳил қолишди. У киши борасида, даъват қилаётган йўллари бўлмиш ҳақни билишмади. Балки бошқаларга тақлид қилиб, шайх ҳақида залолатга чақирувчи вайсақилар тарқатаётган гапни тасдиқлашди. Вайсақилар шайхни авлиёлар ва пайғамбарларга буғзу-адоват сақлаб, уларнинг ҳақларига тажовуз қилиб, кароматларини инкор қилади, деб айтаётган ушбу сўзларини тўғри деб гумон қилишди. Натижада шайхни мазаммат қилиб, даъватларини айблаб, у кишидан йироқлашишди.
3) Яна бир бошқа тоифа эса мансаб ва лавозимларини ўйлаб хавфга тушишди. Ушбу исломий даъват ёрдамчиларининг қўли уларга етиб қолгудек бўлса, сарой-ҳашаматларидан айрилиб, диёрлари уларнинг қўл остига ўтиб кетишини ўйлаб ҳам у кишига душманлик қилишди. Шайх билан хусуматгўйлари орасидаги сўз ва бахсу-мунозарага оид ушбу кураш давом этиб қолди. Шайх уларга нома йўлласалар, улар ҳам ўз ўрнида шайхга мактуб битишарди. Шайх улар билан мужодала олиб бориб, раддия берсалар, улар ҳам шайхга рад беришга уринишарди. Шайхнинг фарзандлари, набиралари ва ёрдамчилари билан ушбу даъватни кўролмайдиганлар ўртасидаги кураш ана шундай бўлиб келяпти. Ҳатто бу борада кўплаб рисолалар, тўплам-тўплам раддиялар йиғилиб қолди. Ушбу рисола, фатво ва раддиялар жамланганда, бир неча мужаллад китоб бўлиб қолди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин ушбу китобларнинг кўпи босмадан чиққандир. Шайх даъват ва жиҳодда бардавом бўлдилар. Бу борада у кишига Даръийя вилоятининг амири Муҳаммад ибн Сауд кўмакчи бўлди. Саудлар оиласи бу борада жидду-жаҳд кўрсатиб, жиҳод байроғини юқори кўтарди. 1158 ҳижрий йилдан жиҳод бошланиб, қилич, сўз, ҳужжат ва далил воситасида бўладиган курашга киришилди. Сўнг қилич билан жиҳод қилиш рўбарўсида даъват ҳам давомий бўлди. Маълумки Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилувчида ҳаққа ёрдам бериб, уни амалий ижро этишига кўмак бўладиган даражадаги куч-қуввати бўлмас экан, тезда унинг даъвати тугаб, шуҳрати сўнади. Сўнг ёрдамчилари ҳам озаяди. Ҳеч кимга сир эмаски, қуролнинг даъватни ёйиш, қарши чиқувчиларнинг белини синдириш, ҳаққа ёрдам қўлини чўзиш ва ботилни ер юзидан супуриб ташлашда катта рўли бор. Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу қовлида шундай дейди: "Дарҳақиқат, Биз ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб, (шунингдек), одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик. Яна Биз темирни туширдик – яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Аллоҳ ғайбда (бандалари кўзига кўринмасдан) турган ҳолида Ўзига ва пайғамбарларига (Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш билан) ёрдам берадиган кишиларни билиш учун (темирни яратди). Албатта Аллоҳ Кучли, Қудратлидир". (Ҳадид/25). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло баён қиляптики, У Зот элчиларни очиқ-ойдин оят-аломатлар билан жўнатди. Яъни, Аллоҳ таоло ҳақни аниқ-равшан ёритиб берадиган, ботилни даф қиладиган кўзни қамаштирадиган даражадаги далил-ҳужжатлардир. Элчилар билан Китоб нозил қилди. Ушбу Китобда очиқ баён, ҳидоят ва муфассал изоҳ бордир. Ҳамда улар билан ўлчов-тарозини ҳам нозил қилдики, у мазлумдан золимни қўлини тийиб қўядиган, ҳақ оёққа туриб, ҳидоят атрофга ёйилишига сабаб бўладиган адолатдир. Одамларга унинг зиёси остида ҳақ ва адолат ила муомала қилинади. Аллоҳ таоло темирни ҳам нозил қилди – яратди. Унда куч-қувват, ҳаққа хилоф иш қилганларни жиловлаб-тийиб қўйиш бордир. Темир ҳужжатдан манфаъат ҳосил қилмаган, оят-аломат унга кор қилмаган кимса учун қўлланилиб, унинг умуртқасини синдиради.
Соғлом фитрат эгаси бўлган оқил киши оят-аломатлардан манфаъат ҳосил қилиб, ҳақни далили билан қабул қилаверади. Ўз ҳавои нафсига эргашган золимни эса фақат қилич жиловлаб қўяди. Шайх роҳимаҳуллоҳ даъват ва жиҳодда жиддийлик билан олдинга интилдилар. Бу борада Сауд оиласидан иборат ёрдамчилар у кишига кўмак кўрсатишди. Биргаликда 1158 йилдан то шайх 1206 йили вафот этгунларига қадар жиҳод ва даъватда давом этиб қолишди. Демак жиҳод ва даъват эллик йил давом этди. Жиҳод, даъват, кураш, ҳақ йўлида мужодала қилиш, Аллоҳ ва Росули айтганларни изоҳлаб бериш, Аллоҳнинг динига чақириш, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жорий қилган йўл сари кўрсатмалар бериш сабаб одамлар тоат-ибодат йўлини лозим тутиб, Аллоҳнинг динига (тўла-тўкист суратда) киришди. Ўзларининг диёрларидаги қабрлар устига қурилган қуббаларни бузишди. Қабрлар устига қурилган масжидларни йўқ қилишди. Шариатни ҳоким қилиб, унга чинакам эътиқод қўйишди. Ота-боболаридан қолган расму-русум ва қонунларга биноан ҳукм қилишни тарк этиб, ҳаққа қайтишди. Масжидлар намозлар ва илм ҳалқалари билан кўрк очиб турадиган бўлди. Закотлар адо этилиб, одамлар Аллоҳ азза ва жалла жорий қилганидек рамазон рўзасини тутишди. Маъруфга буюрилиб, мункардан қайтарилди. Диёрлар, қишлоқлар, йўллар ва саҳроларда амну-омонлик ҳукм сурарди. Бадавийлар ҳам ҳаддиларидан ошмай, ўз ўринларини билишди. Аллоҳнинг динига кириб, ҳақни қабул қилишди. Шайх улар орасида даъватни кенг ёйдилар. Уларни ҳузурига йўл-йўриқ кўрсатувчиларни, саҳро ва чўл-биёбонларга даъватчиларни жўнатардилар. Ва яна турли диёр ва қишлоқларга муаллим, йўл-йўриқ кўрсатувчи ва қозиларни жўнатардилар. Ушбу улкан яхшилик ва очиқ-ойдин ҳидоят бутун Нажд бўйлаб ёйилди. Ҳақ кенг тарқалиб, у ерларда Аллоҳ азза ва жалланинг дини ғолиб бўлди.
Шайх роҳимаҳуллоҳнинг вафотларидан сўнг фарзандлари, набиралари, ўқувчилари ва у кишига ёрдам қўлини чўзганлар даъват ва жиҳодда давом этиб келишяпти. Фарзандлари орасида айниқса шайх, имом Абдуллоҳ ибн Муҳаммад, шайх Ҳусайн ибн Муҳаммад, шайх Али ибн Муҳаммад, шайх Иброҳим ибн Муҳаммадлардир. Набиралари ичида эса шайх АбдуРоҳман ибн Ҳасан, шайх Али ибн Ҳусайн, шайх Сулаймон ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ва яна бошқа кўплаб авлодлари. Шогирдларидан эса шайх Ҳамад ибн Носир ибн Маъмар ва Даръийя ҳам бошқа ўлкалардан бўлган бошқа кўпчилик уламолар. Ушбу зотлар даъват ва жиҳодда давом этиб, Аллоҳнинг динини тарқатишди. Рисолалар ва катта ҳажмга эга асарлар битишди. Дин душманларига қарши жиҳод қилишди. Ушбу даъватчилар ва уларга ғаразгўй бўлган ғаламисларнинг ўртасидаги низо ўрни бу фақат, ушбу зотлар Аллоҳни яккалаш, ибодатни Аллоҳ азза ва жалла учун холис адо этиш, ушбулар асосида тўғри-устувор бўлиб бориш, қабрлар устига қурилган масжид ва қуббаларни бузиб ташлаш, шариат билан ҳумк юритиш, маъруфга буюриб, мункардан қайтаришга даъват, (жиноят содир этганларга) шаръий жазоларни қўллашга бўлган чақириқ эди. Демак улар билан қолган одамлар ўртасидаги келишмовчилик сабаблари ана шулар эди. Гапнинг пўст калласи шуки, улар Алоҳни яккалашга йўллашди ва уларни ушбуларга буюришди. Одамларни Аллоҳ таолога ширк келтириш, наинки ширк келтириш, балки ширкка олиб борувчи ҳар қандай сабаблардан огоҳ этишди. Одамларни исломий шариатни ушлашга чақиришди. Энди ким бош тортиб, ушбу даъват, баён, изоҳ ва ҳужжатдан кейин ҳам ширкда давом этса Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида унга қарши курашишди. Ҳаққа қайтиб, бўйсунсин дея уларнинг диёрларигача кириб боришди. Ёки уни то ўзи ва ўша шаҳар аҳли ҳаққа бош эггунча уни куч-қувват ва қилич билан мажбур қилишди. Шунингдек, қабрлар устига бино ва гумбазлар қуриш, тоғутлардан ҳукм сўраб бориш, сеҳргар ва полвинларга савол бериб, жавобларида уларни тасдиқлаш ва бундан бошқа ишлар каби Аллоҳ таоло бирор ҳужжат нозил қилмаган бидъат ва хурофотлардан ҳам одамларни огоҳ этишди. Шундай қилиб Аллоҳ таоло шайх ва у кишининг ёрдамчилари қўлида ушбу қабиҳ ишларни йўқ қилди. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларини Ўзининг Раҳматига олсин.
Масжидлар Қуръони Карим, пайғамбар суннати, ислом тарихи ва араб тилига оид фойдали илмлардан иборат дарс уюштирилгани боис кўрк очиб турарди. Одамлар ўзаро илмни эслатиб туриш, ҳаққа йўллаш, даъват, йўл-йўриқ кўрсатиш билан машғул эди. Зироатчилик, саноат ва бундан бошқа дунёвий соҳаларга боғлиқ бўлганлар ҳам илму-амал, даъват билан бўлиб, дунё деб динни унутмадилар. Экинчилик қилаётган даласи ёки саноат, тижорат ва бошқа иш билан шуғулланса-да, илм олиб, уни ўзаро муҳокама қилишарди. Баъзи вақтларини диний ва қолган баъзисини дунёвий ишлари билан ўтказишарди. Аллоҳни йўлига даъват қилиб, йўлланма бериш билан бирга, диёрларида харидоргир бўлган саноат турлари билан шуғулланиб, бу билан хориждаги давлатлардан беҳожат бўладиган ризқ-рўзни ҳосил қилардилар.Ушбу даъватчилар ва Сауд оиласи Нажд диёрларидан фориғ бўлгач, даъватлари икки ҳарам ва Жазиранинг жанубий қисмларигача тарқалди. Икки ҳарамнинг олдинги ва кейинг уламоларига номалар йўллашди. Даъват жиддий (тасир) этмай, икки ҳарам аҳли қуббаларни улуғлаш, қабрлар устига бино қуриш, у ерларда ширкнинг мавжуд эканлиги, дафн қилинганлардан (ҳожатларини) сўраш каби ишларида давом этаверишгач, имом Сауд ибн АбдулАзиз ибн Муҳаммад шайхнинг вафотларидан ўн бир йил ўтиб, Ҳижоз томонга қараб юрди. Тоиф аҳли билан курашгандан сўнг Макка аҳлини қасд (қилиб йўлга тушди). Тоиф аҳли томон Сауддан олдин амир Усмон ибн АбдурРоҳман ал-Музойифий юриш қилган эди. Даръийя вилоятининг амири Сауд ибн АбдулАзиз ибн Муҳаммад Нажд ва бошқа ерлардан иборат катта қўшин жўнатиши кетиданоқ уларга қарши курашиб, Тоифни эгаллади. У ердан кўзга кўринган ҳукмдорларини чиқариб ташлагандан сўнг, Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш, ҳаққа йўллаш, ширк, ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)га ибодат қилиш ва бундан бошқа Тоиф аҳлининг жоҳил ва тентаклари сиғинишадиган нарсалардан қайтарув зоҳир бўлди. Сўнг амир Сауд отаси АбдулАзизнинг буйруғи билан Ҳижоз томонга қараб юрди. Макка атрофида лашкар тўпланди.
Макка оқсоқоллари таслим бўлиш ёки қочишдан ўзга чора йўқ эканлигини билишгач, Жиддага қараб қочишди. Сауд ва у билан бирга бўлганлар шаҳарга жангсиз кириб келишди. Маккани 1218 ҳижрий йили, Муҳаррам ойининг саккизинчи куни, шанба куни тонгда эгаллашди. Аллоҳнинг динига очиқ даъват қилиб, Хадича (розияллоҳу анҳо) ва барча қабрлар устига қурилган биноларни бузишди. Маккада Аллоҳ азза ва жаллани яккалашга очиқ даъват қилиб, мударрис, уламо, йўл-йўриқ кўрсатувчи ва шариат билан ҳукм юритадиган қозиларни тайин қилишди. Орадан бир оз муддат ўтгач, 1220 ҳижрий йили, яъни Макка қўлга олингандан икки йил ўтиб Мадина ҳам Оли Сауд бошқаруви остига кирди. Шундай қилиб икки Ҳарам Оли Сауд бошқаруви остида бўлиб қолди. У ерда ҳам йўл-йўриқ, кўрсатма берувчиларни тайин қилишиб, адолат, шариат билан бошқарув олиб бориш, ерлик аҳолига, хоссатан уларнинг ичидаги фақир ва муҳтожларига моддий ёрдам кўрсатиш каби ишларни жадаллик билан олиб боришди. Уларга Аллоҳнинг Китобини таълим бериб, яхшиликка йўллашди. Уламоларнинг ҳурматини ўрнига қўйиб, уларни таълим ва йўлланма беришга рағбатлантиришди. Икки ҳарами шариф 1226 ҳижрий йилгача Сауд оиласи бошқарувида бўлди. Сўнг Миср ва Туркия қўшинлари Сауд оиласига қарши курашиш, уларни икки ҳарам шаҳридан чиқариб ташлаш ва юқорида айтиб ўтилган бир қанча сабабларга кўра юриш қилишди. Ушбу сабаблар юқорида ўтгандек душман, ҳасадгўй, тариқчалик ақли бўлмаган сафсатачилар, ўзларининг эгаллаб турган ўринларидан ажралиб қолишдан қўрқиб ушбу даъватни бости-бости қилиш ва уни бутунлай ер юзидан супуриб ташлашни истаган баъзи сиёсатчилар бўлиб, шайх, у кишининг издошлари ва ёрдамчиларига нисбатан ёлғон тўқишиб, айтишдики: Улар Росул алайҳиссалоту ва саллам, авлиёларга нафрат назари билан боқадилар. Кароматни инкор қилиб яна фалон-фалон ножўя ишлари бор. Бу билан шайхни Росул алайҳиссалоту ва салламнинг обрўларини тўкади деб даъво қилардилар. Баъзи жоҳил ва ғаразгўйлар ушбу бўҳтонни тасдиқлаб, шайхга қандай бўлса ҳам зарар етказиб, уруш бошлаш, уларга қарши турк ва мисрликларни қайрашга бир сабаб қилиб олишди. Сўнг икки ўртада фитна ва жанг олови аланга олиб, Миср, Туркия ва улар билан бирга бўлганлар бир томонда, Нажд ва Ҳижоз диёрларининг ҳимоясига чиққан Сауд оиласи иккинчи томонда туриб жанг бошланди. Ушбу ҳақ билан ботил ўртасидаги кураш ва жанг узоқ муддат, 1226 ҳижрий йилдан 1233 ҳижрий йилгача ети йил давомида тўҳтамай бўлиб турди.
Хулоса шуки, ушбу шайх Муҳаммад ибн АбдулВаҳҳоб роҳимаҳуллоҳ Аллоҳни динини ғолиб қилиш, одамларни тавҳидга йўллаш, уларнинг қон-қонига сингиб кетган бидъат ва хурофотларни инкор қилишдек бир вазифани адо этдилар. Ва яна одамларни ҳаққа унатиш, ботилдан қаттиқ маън этиб, маъруфга буюриш ва мункардан қайтариш ишларини ҳам олиб бордилар.
Роҳимаҳуллоҳнинг даъватлари хулосаси шу эди. У киши ақидада салаф солиҳ йўлида эдилар. Аллоҳга, Унинг исм ва сифатларига иймон келтириш, фаришталар, элчилар, китоблар, охират куни, тақдирнинг яхшиси ва ёмонига иймон келтиришда буюк имомларнинг йўлида эдилар. У зотларнинг барчалари Аллоҳнинг тавҳиди, ибодатларни жалла ва аланинг ёлғиз Ўзи учун холис адо этиш, Аллоҳнинг исм ва сифатларига субҳанаҳу ва таолога лойиқ бўлганидек иймон келтириш, Аллоҳнинг сифатларини таътил қилмай, субҳанаҳу ва таолони махлуқотларига ўхшатмай, охират, қайта тирилиш, ҳисоб ва жазо, жаннат ва дўзах ақидаси асосида ҳаёт кечиришди. Иймон бобида ҳам салафлар айтгандек, у сўз ва амал, зиёдалашиб,нуқсонлашади. Тоат билан зиёдалашиб, маъсият билан нуқсонлашади дер эдилар. Ушбуларнинг бари роҳимаҳуллоҳнинг ақидалари бўлиб, у киши сўз ва амал жиҳатидан ўзларидан аввал ўтган имомларнинг йўллари ва ақидаларида эдилар. Шайх ўша зотларнинг ақидаларидан бир қадам ҳам четга чиқмаганлар. У кишининг ўзларига хос мазҳаблари ва тариқатлари бўлмаган. Балки роҳимаҳуллоҳ саҳобалар ва уларга гўзаллик билан эргашган зотлардан иборат салаф солиҳларнинг йўли узра ҳаёт кечириб ўтганлар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.
Демак ушбу даъватни Нажд ва унинг атрофидаги ўлкаларда ошкора олиб бориб, ушбу даъватдан бош тортиб, саркашлик қилган ва қарши бўлганларнинг зиддига аёвсиз кураш олиб бордилар. Ҳатто мана Аллоҳнинг дини ғолиб бўлиб, ҳақ нусрат қозонди. Шунингдек шайх аввал ўтган мусулмонларнинг йўли бўлмиш Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш, ботилни инкор қилиш, маъруфга буюриб, мункардан қайтаришдан иборат ушбу йўлда устуворлик билан давом этдилар. Шайх ва у кишининг ёрдамчилари одамларни ҳаққа чақириб, уларни ҳаққа ундаб, ботилдан қайтариб, уларга ботилни инкор қилиб, то тарк этгунларигача қаттиқ маън қилишарди. Ҳудди шундай бидъат ва хурофотларни инкор қилишда ҳам жиддий қадам ташладилар. Аллоҳ таоло у кишининг даъватлари сабаб ушбу ишларни таг-томири билан суғуриб ташлади. Демак ушбу юқорида ўтган учта сабаб, у киши билан қолганлар ўртасидаги адоват ва келишмовчилик сабабларидир:
Биринчи: Ширкни инкор қилиб, ҳақиқий тавҳидга даъват қилиш. Иккинчи: Қабрларни устига бино қуриш, қабрларни масжид қилиб олиш, мавлудхонлик йиғилишлари ва сўфийларнинг турли тоифалари ўйлаб топган тариқатлар каби бидъат ва хурофотларни инкор қилиш. Учинчи: У киши одамларни яхшиликка буюрардилар. Ким энди Аллоҳ вожиб қилган маъруфдан бош тортадиган бўлса, уни куч ишлатиш йўли билан бўлса ҳам мажбур қилардилар. Маъруфни тарк этадиган бўлса, мажбур қилиб, таъзирини бериб қўярдилар. Одамларни мункар ишлардан қайтарардилар ва уларни ушбу ишлардан қаттиқ маън қилардилар. Жиноятчиларга жазо ижро этиб, одамларни шунга мажбур қилиб, уларни ботилдан қаттиқ маън қилардилар. Шу сабабли ҳам ҳақ ғолиб бўлиб, атрофга тарқалди. Ботил енгилиб, иккинчи қаддини кўтаролмайдиган бўлди. Одамлар гўзал бир ҳаёт кечириб, бозор, масжид ва ҳаётнинг бошқа жабҳаларида соғлом бир манҳаж асосида яшашди.
Ораларида бидъатлар бўй кўтаролмай, диёрларида ширк йўқ бўлиб, зоҳирда мункар ишлар қилинмайдиган бўлди. Уларнинг диёрлари ва ҳолатларига гувоҳ бўлган кимса, беихтиёр салаф солиҳларнинг ҳолати, Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобалар ва муфаззал асрлардаги уларга гўзаллик билан эргашган зотларнинг ҳаёт тарзини ёдга оларди. Чунки бу қавм ўша зотларнинг сийрати асосида ҳаёт кечириб, уларнинг манҳажи бўйлаб юрди. Бу борада сабр қилиб, жидду-жаҳд кўрсатиб ҳатто курашга ҳам бел боғлашди. Шайх Муҳаммад, у кишининг кўплаб фарзанд ва ёрдамчиларининг вафотидан узоқ вақт ўтиб, Туркия ва Миср давлатлари томондан имтиҳон ва синов ўлароқ баъзи ўзгаришлар кузатилди. Ушбу ишларнинг бари Аллоҳ таолонинг мана бу қовлини айни тасдиғидир: "Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларигача Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас". (Раъд/11). Аллоҳ азза ва жалладан уларга етган мусибатларни билиб-билмай қилиб ўтган гуноҳларига каффорот қилишини, ораларида ушбу йўлда қатл қилинганларини шаҳидлик мартабасига кўтаришини сўраймиз. Аллоҳ таоло улардан рози бўлиб, Ўзининг раҳматига олган бўлсин. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин даъватлари бугунги кунимизгача атрофга тарқалиб келяпти. Миср лашкари Наждга бостириб кириб, қанча одамларни ёстиғини қуритиб, яна қанчаларини юртдан бадарға қилди. Бироқ бу саноқли йиллар давом этди. Сўнг, шундан кейин даъват яна оёққа туриб, атрофга ёйилди. Бундан беш йил ўтиб имом Туркий ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Саъуд роҳимаҳуллоҳ даъватни қайта жонлантириб, уни Нажд ва ён-атрофдаги ўлкаларга тарқатди. Наждда уламолар етишиб чиқиб, у ерлардаги турк ва мисрликлар чиқариб ташланди. Улар Нажднинг қишлоқ ва шаҳарларидан чиқариб ташланди. Ана шундан кейин 1240 ҳижрий йили Наждда даъват кенг тарқалди.
1233 ҳижрий йили Даръийя вилоятини вайрон қилиб, Сауд оиласининг давлатига нуқта қўйишга уруниш бўлди. Одамлар Наждда 1234 йилдан 1239 ҳижрий йилгача беш йил давомида тартибсизлик, жанг ва фитналар орасида ҳаёт кечиришди. Сўнг 1240 ҳижрий йили Нажд диёрларида мусулмонлар имом Туркий ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Сауднинг қўл остида бир тану бир жон бўлиб жамланишди. Ҳақ ғолиб бўлиб, уламолар қишлоқ ва шаҳарларга одамларни руҳлантириб, уларни Аллоҳнинг динига даъват қилиб номалар йўллашди. Шундай қилиб мисрликлар ва уларнинг ёрдамчилари томонидан рўй берган уруш ва фитна олови барҳам топди. Аллоҳнинг дини ғолиб бўлиб, ушбу воқеалардан кейин одамлар яна таълим, иршод ва даъват билан машғул бўлди. Сув ўзининг эски ўзанидан оқиб, ҳолатлар яна шайх, у кишинг ўқувчилари, фарзандлари ва ёрдамчиларининг замонларидаги ҳолатга қайтди. Мана Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, даъват 1240 ҳижрий йилдан бизнинг бугунги кунимизгача давом этиб келяпти. Сауд оиласи биридан кейин иккинчиси бошқарув ва жиҳод ишларини эгаллаб келяпти. Шайхнинг оиласи ва Нажд уламолари эса Аллоҳнинг йўлига даъват қилиш ишларини бошқариб келишяпти.
Шундай қилиб уламолар Аллоҳнинг йўлига даъват, иршод ва одамларни ҳаққа йўллаш ишларини бирин-кетин эгаллаб келишяпти. Бироқ икки ҳарам узоқ муддат Саудия давлатидан ажралган ҳолатда эди. Сўнг 1343 ҳижрий йили уларнинг бошқаруви остига кирди. Ушбу воқеа имом АбдулАзиз ибн АбдурРоҳман ибн Файсал ибн Туркий ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Сауд роҳимаҳуллоҳ замонида юз берди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, мана ҳозирги кунимизгача ушбу давлат бошқаруви остидадир.
Барча мақтовлар Аллоҳ учундир. Аллоҳ азза ва жалладан Сауд оиласи ва шайхнинг оилаларидан қолган тирикларини ва ушбу диёрдаги ҳамда барча мамлакатлардаги мусулмонларнинг уламоларини салоҳиятга йўллашини, барчаларини Ўзи рози бўладиган йўлга муваффақ айлашини, мусулмонларнинг уламоларини қаерда бўлмасин салоҳиятга бошлашини, барчаларига ҳақиқий нусрат ато айлашини, улар сабаб ботилни мағлуб айлашини, ҳидоятга даъват қилувчиларни қаерда бўлишмасин гарданларидаги вожиботларни адо этишга тавфиқ беришини, бизни ва уларни Ўзининг сиротул мустақимига йўллашини, икки ҳарами шариф ва унинг атрофидаги шаҳарлар ҳамда мусулмонларнинг диёрларига ҳидоят, ҳақ дин, Аллоҳнинг Китоби ва пайғамбари соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини улуғлаш билан янада кўрк бағш этишини, барчага то Роббилари азза ва жаллага йўлиққунча ушбу икки асосни тушуниш, уни маҳкам тутиш ва ушбу йўлда сабр ва сабот қилиш ҳамда ҳукмни ушбу икки асосдан олишларида марҳаматини дариғ тутмаслигини сўраб қоламиз. Албатта У барча нарсага қодир ва дуоларимизни ижобат қиладиган Зотдир. Ушбу шайхнинг ҳолатлари, даъватлари, ёрдамчилари ва хусуматгўйлари ҳақида айтмоқчи бўлганларимиз эди. Аллоҳнинг Ўзи ёрдам сўралгувчи, Унгагина таваккал қилинадиган Зотдир. Куч ва қувват Олий ва Буюк Аллоҳ биландир. Аллоҳ таоло Ўзининг бандаси, элчиси, пайғамбаримиз ва имомимиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, оилалари, саҳобалари ва у кишининг йўллари узра юриб ўтганларга салавоту саломлар йўллаб, баракалар ёғдирсин. Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир.
Манба:
http://www.binbaz.org.sa/mat/8193
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.