Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Музорабада (мол бир томондан, хизмат эса бошқа томондан бўлган савдо шериклиги) тижорий ишни олиб борувчи шерик шариатда рухсат берилган муомалалар билан шуғулланади, фойда ўртадаги келишувга қараб бўлади. Масалан, фойда тенг бўлинади деб келишсалар, фойда юз доллар бўлса, ҳар бирига элликдан, минг доллар фойда кўрилса, ҳар бирига беш юздан бўлинади. Зарар эса - агар шерик келишилган ишни тўғри бажарадиган бўлса - фақат сармоядан ҳисоб қилинади. Яъни агар зарар бўлса ёки (ишчининг айбисиз) талофат етса, зарар фақат мол эгаси бўйнига бўлади, молни айлантирувчи эса хизматига куяди. Ишчидан ҳам зарарнинг бир қисмини тўлашни талаб этиш музораба ҳукмига зиддир.
Музорабанинг шартлари:
1. Нақд пул бўлиши керак.
2. Пулнинг миқдори маълум бўлиши керак.
3. Ўртадаги фойданинг нисбати маълум бўлиши керак.
Юқоридаги шартлардан бирининг йўқолиши билан келишув бузилади. Шунингдек ишчи молни сақлашда эътиборсизлик қилса ёки келишув мақсадига зид ишни амалга ошириб қўйса ҳам, бузилади. Бундай ҳолда молга талофат етган бўлса, сабабчи бўлгани учун зиённи ишчи тўлайди. Икки томондан бирининг вафоти билан ҳам битим ўз-ўзидан бузилади. Агар ишчи мол эгасининг ўлганини била туриб, меросхўрларнинг рухсатисиз олди-сотди қилаверса, зарар бўлса, тўлайди, фойда қилса ўртада бўлинади. Агар ишчи пулни бошқа бировга бериб юборса, етган зарарни тўлайди.
Музораба икки муслим ўртасида бўлиши шарт эмас. Шунингдек муддатни баён қилиш ҳам унинг шартларидан эмас. Қачон бўлса, аҳдни бузиш жоиз бўлаверади. Бузилган вақтда маблағ товар шаклида қолган бўлса, иккаласи биргаликда сотишади. Ишчи фойдадан ўз улушини фақатгина мол эгасининг ҳозирлигида олиши керак.
Музораба шартлари тўлиқ бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Дарҳақиқат бу битим инсонлар учун кенглик ва қулайлик яратишнинг бир кўринишидир. Мол эгаси молни бераётган вақтда шеригига ёки аксинча шериги мол эгасига баъзи шартларни қўйиши (масалан фалон нарсани сотмайсан ёки фалон шаҳардан мол олиб келмайсан..., агар шундай қилиб, зарар қилсанг, тўлайсан, деб шарт қилиши) мумкин. Албатта бу шартлар Аллоҳнинг ҳукмига зид бўлмаслиги лозим. Агар зид бўлса, шартлар бекордир. Масалан, мол эгаси берган маблағи устидан фойда қиладими, йўқми, қатъий назар муайян бир маблағни олиб туришини шарт қилса, бу шарт бекор. Чунки у фойдадаги шериклик алоқасининг узилишига олиб боради.
Валлоҳу аълам.