Биз ҳам шу нарсанинг гувоҳи бўлиб турибмизки, бугунги кунда Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюргандек уламоларга нисбатан бўлган ҳурмат ва керакли муносабат йўқ. Уламоларга бўлган муносабатда инсонлар асосан ҳаддан ташқари улуғлайдиган ва уларни менсимайдиган, қоралайдиганларга бўлинади. Одамлар орасида шундайлари борки, улар мусулмонларнинг хор ҳолатига уламолар айбдор дейишга журъат қилади. Гўёки улар сафсатабозлик билан шуғулланадилар ва ҳукмдорларга ёқадиган гапларнигина гапирадилар. Афсуски улар орасида, Аллоҳ таоло ҳузурида айтилган ҳар бир сўз учун жавоб берилишини хис қилмаган ҳолда, Аҳли-сунна вал-жамоа[5] уламоларини кофирликда айблайдиганлари ҳам бор.
Масалан, баъзи жоҳил кимсалар турли интернет саҳифаларда шайх Ибн Боз ёки Албонийни муҳокама қилишга, залолат ёки кофирликда айблашга журъат қиладилар. Бидъатга қарши курашган ва мағрибу машриқда соғлом ақидани[6] ёйишликда катта хисса қўшган одамларни, залолат ва кофирликда айблашда фақатгина бидъат ва ҳаво аҳлларигина журъат қиладилар. Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Мусулмон уламоларни кофирликда айбловчи жоҳилларнинг ўзбошимчаликларига келсак, бу қораланишга лойиқ энг улкан амаллардандир. Бу ишларни хавориж[7] ва рофизалар[8] бошлаб берган. Улар ўзларининг гумонларига суяниб, мусулмонлар имомларини кофир дейишди. Уларни динда хатога йўл қўйишган деб ҳисоблашди»[9] («Мажмуъ ул-фатава» 35/100).
Одамлар орасида уламоларсиз амаллаб яшаса бўлади деб ҳисоблайдиганлар бор. Улар Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларига таянадилар: «Ҳақиқат одамлар орқали танилмайди, балки одамлар ҳақиқат орқали танилади». Наҳотки мана шундай фикрда бўлганлар Қуръон ва Суннатни,[10] уламоларнинг ёрдамисиз, тўғри тушунишга лаёқатлимиз деб ўйласалар?! Шубҳа йўқки Али розияллоҳу анҳунинг сўзларида улкан ҳикмат бор, бироқ бу сўзларни тўғри тушуниш керак. Имом Шотибий деди: «Ҳақиқатдан ҳам одамлар ҳақиқат орқали таниладилар, ҳақиқат одамлар орқали эмас. Шундай бўлсада биз ўша ҳақиқатни одамлар орқали биламиз» («ал-Эътисом» 2/880).
Шунингдек, ҳар ким ҳам одамларни ҳақиқат мезонида баҳолаш ҳуқуқига эга эмас, фақатгина ҳақиқатни билган бундан мустасно.
Бугунги кун мусулмонларининг муаммоси шундаки, улар уламо ким эканлигини билмайдилар ва Исломда далил нима ҳисобланишини тушунмайдилар. Улар олимни мутафаккир ёки хатибдан ажрата олмайдилар ва ҳар кимдан ёки фатвоси эҳтиросига асослангандан фатво[11] олаверадилар. Имом Молик ҳикоя қилади: «Бир куни Робиъа қаттиқ йиғлади. Ундан сўрадилар: «Сенга кулфат етдими?» У жавоб берди: «Йўқ, бироқ илми йўқ одамдан фатво ола бошладилар ва Ислом даҳшатли нарсага йўлиқди»» (ал-Фасавий 1/670, Хотиб 1039).
Агар минг йилдан кўпроқ йил аввал яшаб ўтган Робиъа ҳақли бўлмаганлар фатво бераётганига йиғлаган бўлсалар, ҳар ким ўзини олим санаб, мусулмонларнинг омма муаммоларини ҳал қилишга киришаётган бугунги кунимиз ҳақида нима дейиш мумкин?! Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ҳали одамларга шундай алдамчи замонлар келадики, унда ёлғончининг гапини рост деб кўрилади, ростгўйни ёлғончига чиқарилади, хиёнатчига омонат қўйилади, омонатдор хиёнат қилади, унда рувайбиза гапдонлик қилади», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, рувайбиза ким?», деб сўралди. «Ақлсиз одам, омманинг ишига тааллуқли гапларни гапиради», деб жавоб бердилар (Аҳмад 2/291, Ибн Можа 4036. Шайх Аҳмад Шокир ва шайх Албоний ҳадисни ҳасан деди).
Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари ҳақ эканлигини бугунги кунда гувоҳи бўлиб турибмиз. Динда бошланғич илмга эга бўлмаган одамлар, мусулмон оммаси муаммоларини ҳал қилишга киришаётганларини кўриб, эшитмоқдамиз. Масалан, аввалда кофирга чиқариб, кейин мусулмон ҳукмдорларга қарши чиқишлар (ҳуруж); ёки жиҳод масалалари, қаерда жиҳод бор ёки йўқлиги, уни қачон бошлаш, қачон бошламаслик; кофирликда айблаш масаласи (такфир); қотиллик; бировнинг молига эгалик қилиш ва ҳ.к.
Дарҳақиқат, уламо бўлмаган, бироқ одамлар уламо ҳисоблаганлар, ўзларига, Исломга ва мусулмонларга катта зарар келтиришлари мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дарҳақиқат, умматим учун залолатга етакловчи имомлардан қўрқаман!» (Абу Довуд, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳиббон, Ҳоким. Имом Абу Исо Термизий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, ҳофиз Ибн Касир ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. «Саҳиҳул Жомиъ» 2316).
Зиёд ибн Ҳудайр ривоят қилади: «Бир куни Умар ибн Хаттоб мендан сўради: «Исломни ким бузишини биласанми?» Мен жавоб бердим: «Йўқ». У айтди: «Исломни уч нарса бузади: олимнинг хатоси, мунофиқнинг Қуръон устида тортишуви ва адаштирувчи имомларнинг ҳукми» (Доримий 1/71. Шайх Абдулқодир Арнаут ҳасан деди).
Имом Шотибий деди: «Одамларнинг муаммолари, ўшалар олим ҳисоблаган жоҳиллар сабабли юзага келади» («ал-Эътисом» 1/145).
Имом Абу Шома деди: «Кўпинча одамлар қандайдир инсонни илм ва тақво эгаси деб ҳисоблаб, аслида у бундай бўлмаган инсон сабабли бидъатга кириб қоладилар. Бундай одамлар унинг сўз ва амалига қараб, унга эргаша бошлайдилар. Шундай қилиб улар ўзларининг амалларини барбод бўлган ҳолда топадилар!» («ал-Маърифа ват-тарих» 1/670).
Тўқсон тўққиз кишини ўлдирган ва тавба қилишга аҳд қилиб, ўзи олим деб ҳисоблаган, аслида олим бўлмаган инсондан ўзининг ҳолати ҳақида сўраган инсон ривоятини эсланг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сизлардан аввал ўтган умматлардан бир одам тўқсон тўққиз кишини ўлдирган эди. У одамлардан ер юзидаги энг олим кишини излади. Улар бир роҳибни кўрсатишди. У роҳиб ҳузурига бориб деди: «Мен тўқсон тўққизта одам ўлдирганман, менга тавба борми?». У: «Йўқ», деди. Шунда у роҳибни ҳам ўлдириб, ўлдирган одамлар сонини юзтага етказди. Бироқ у яна ер юзидаги барчадан олимроқ кишини излашни давом этди ва унга яна бир олим киши кўрсатилди. Олимнинг олдига бориб: «Юзта одамни ўлдирдим, менга тавба борми?» деганида, олим: «Ҳа. Ким тавба қилувчининг тавбасини тўса олади?!» деди» (Бухорий 3480, Муслим 2766).
Кўриб турганимиздек, «Сенга тавба йўқ» деган киши тавба қилишга аҳд қилган одамга қанча зарар келтириши мумкин эди. Ахир у яна гуноҳида бардавом бўлиб, шу ҳолатида вафот этиб кетиши мумкин эдику. Бизга маълумки амаллар фақат хотимасига қараб баҳоланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда: «Бир банда одамлар аҳли жаннатнинг амали деб биладиган ишларни қилиб юради. Ваҳоланки ўзи аниқ дўзах аҳлидан бўлади. Бир банда одамлар дўзах аҳлининг амалидан деб биладиган ишларни қилиб юради. Ваҳоланки ўзи жаннат аҳлидан бўлади. Амаллар фақат хотимасига қараб ўлчанади», деганлар (Бухорий 6493).
Бундан ташқари ўша жоҳил роҳиб хато фатво бериб ўзининг ўлимига сабабчи бўлди.
Бугунги кунда мусулмонларни оёққа турғазиш ва ораларини парчалаш учун, одамлар аҳли илм деб ҳисоблаган биргина инсон кифоя қилади. У мусулмонларни ва айниқса уларнинг ҳукмдорларини кофирликда аблайди. У буни мана қуйидаги оятни ўзича тафсир қилиш орқали қилади:
«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44). Ёки мана бу оятни:
«Яҳудий ва насронийлар уларнинг динига кирмагунингизча ҳаргиз сиздан рози бўлмайдилар» (Бақара: 120). У ушбу оятларни мусулмонлар мажлисларида чиройли ва ҳиссиётга берилган ҳолда ўқийди. Шунингдек у мусулмонлар таҳқирланаётгани ва қийноқларга солинаётгани ҳақида ҳикоялар айта бошлайди. Бу билан у ҳиссиётни қўзғатади. Шу билан у мусулмонлар сафига фитна солиб, уларни шошма-шошарлик ва пухта ўйланмаган, шариат қатъий ҳаром қилган амалларни қилишга чорлайди. У ёки бу ҳолатда қандай йўл тутиш ва ушбу оятларни қандай тушуниш кераклигини уламолардан сўрамасликнинг оқибатидир. Кўпгина мусулмонлар мана шундай даъватчилар ва ҳиссиётларига эргашишлик оқибатида шундай амалларга қўл урадиларки, бунинг оқибатида нафақат ўзлари, балки барча мусулмонлар зиён кўрадилар. Бунга мисол тариқасида дунё бўйлаб содир этилаётган кўп сонли портлашларни келтириш мумкин. Биз ўша инсонларга савол берамиз: «Агар сиз ҳиссиётингизни ўйнаган оддий бир инсонга мана шундай кўр-кўрона эргашар экансиз, ўликларни тирилтириш, ёмғир ёғдириш ва бошқа Аллоҳ берган кўпгина мўъжизакор қобилиятлари билан одамларни фитнага солувчи Дажжол пайдо бўлса нима қиласиз?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Дажжол ҳақида эшитса, ундан қочсин! Аллоҳга қасамки, биров унинг олдига ўзини мўминман деб ўйлаб келади. Бироқ, у (Дажжол) ёяётган шубҳалар сабабли Дажжолга эргашиб кетади!» (Аҳмад, Абу Довуд 4319. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳул-жомиъ» 6301).
Муҳаммад ибн Сийрин дедилар: «Дажжол пайдо бўлганида, нафс-ҳаво аҳлининг дарҳол унга эргашганини кўрасан»[12] (Лалакаий 235. Исноди саҳиҳ).
Юқорида айтилганларга асосланиб ва ушбу масаланинг жиддийлиги сабабли, уламо ҳисобланган, аслида ундай бўлмаганларнинг залолатларига эргашиб кетмаслик учун, уламоларнинг ким экани ва уларнинг сифатларини аниқлаш учун Қуръон ва Суннатга қайтишимиз лозим. Буюк Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматига тушунмовчилик ёки ихтилофли ҳолатда Унга ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишни буюрди:
«Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Шайх Муҳаммад Амин Шанқитий деди: «(Оятда зикр қилинган) «бирон нарса ҳақида» сўзи ихтилофнинг ҳар қандай турини ўз ичига олади, у хоҳ усулда ёки фуруъда бўлсин» («Адваул баян» 1/333).
Маймун ибн Миҳрон ушбу оят хусусида деди: «Аллоҳга қайтарингиз – бу Қуръонга қайтарингиз дегани. Пайғамбарига қайтарингиз эса – Суннатга қайтарингиз дегани» («ал-Ибона» 1/74).
Аллома Ибнул Қоййим деди: «Агарда Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларида ҳар қандай ихтилофга изоҳ бўлмаганида эди, Аллоҳ ихтилофлашиб қолганда Қуръон ва Суннатга мурожаат қилишни буюрмаган бўлар эди» («Иъламул мувақиъин» 1/49).
Шундай қилиб, уламоларнинг ким эканлигини билиш учун салафлар[13] ва умматимиз имомлари тушунчаларига суянган ҳолда Ислом манбаларига мурожаат қилишимиз лозим.
Ушбу асарда эътибор билан ўрганиш ва тушуниш керак бўлган кўпгина жуда муҳим маълумотлар мавжуд. Ушбу мавзуни тушунгач, кўпгина мусулмонлар ўзларини қизиқтирган кўп сонли саволларга жавоб оладилар. Уламоларнинг ҳақиқий аломатларини ва оддий мутафаккир билан ҳақиқий олимнинг фарқини тушуниш орқали, мусулмонлар Аллоҳнинг раҳмати ила динни тушунишда кимга эргашишлик, Ислом умматининг муаммолари ҳақида гапириш ва ҳал қилишга ким ҳақли эканини тушуниб етадилар.
____________________________________________________
[5] Шайхулислом Ибн Таймия «аҳли-сунна вал-жамоа» атамаси ҳақида айтади: «Улар Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннати, шунингдек муҳожир ва ансорлардан бўлган аввалги авлод ва уларга ихлос билан эргашганлар иттифоқ қилган нарсага қаттиқ эргашувчилардир» (Мажмуъ ал-фатава 2/375).
Ибн Таймия яна айтади: «Бидъат тафриқа (фуруқо) билан боғлиқ бўлганидек, Суннат бирлик (жамоат) билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам айтадиларки: «аҳлул-бидъа вал-фурқо» (аҳли бидъат ва тафриқа)» (ал-Истиқома 1/42).
[6] Ақида ёки Ақида асослари – бу инсоннинг «иймон асослари» (арканул ийман) деб номланувчи нарсаларга ишонишидир. Булар Аллоҳга, фаришталарга, Китобларга, пайғамбарларга, охират кунига ва тақдирнинг яхши-ёмонига иймон келтиришдир (ал-Иршад ила саҳиҳил-эътиқод, 9). Асли ақидага тегишли бўлмаган, бироқ кейинчалик уммат имомлари ақида бўлимига баъзи масалаларни киритганлар. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини сўкишни таъқиқлаш, мусулмон ҳукмдорга қарши чиқиш ёки таҳоратда махсига масҳ тортиш. Бунга сабаб, мана шу масалаларда адашган гуруҳларнинг пайдо бўлишидир («Шарҳ Лумъатул эътиқод» Солиҳ Оли Шайх).
[7] Хаворижлар – бу энг аввалги гуруҳлардандир. Уларнинг вакиллари мусулмон ҳукмдорга сўз ва қурол билан қарши чиқадилар. Шунингдек мусулмонларни катта гуноҳлари сабабли кофирликда айблайдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўпгина ҳадисларида уларнинг пайдо бўлиши хабарини берганлар. Шайхулислом Ибн Таймия ва ҳофиз Ибн Касир айтадилар: «Дарҳақиқат, аввалги бидъат ва Ислом умматининг парчаланиши хаворижлар фитнаси сабабли бўлди» («Мажмуъ ал-фатава» ва «Тафсир Ибн Касир» 12/468).
Имом Ажуррий деди: «Аввалги ва охирги авлод уламолари орасида, Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламга осий бўлган халқларнинг энг ёмони хаворижлар эканида ихтилоф йўқ. Уларнинг рўза, намоз ва ибодатдаги тиришқоқликларининг кўплигига қарамай, буларнинг барчаси уларга хеч қандай наф келтирмайди. Ҳатто уларнинг амру маъруф ва наҳий мункарга очиқчасига ундашлари ҳам уларга ёрдам бермайди. Чунки улар Қуръонни ҳаволарига мувофиқ тафсир қиладилар. Аллоҳ, Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам, хулофои рошидийн, саҳоба ва уларга эргашганлар бизни улардан огоҳлантиришган» («аш-Шариъа» 1/21).
Ҳофиз Ибн Касир айтади: «Хаворижлар ҳақида баъзи салафлар томонидан айтилган сўзлардан кўра яхшироқ сўз борми?! Улар айтишларича, Аллоҳ таолонинг:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»» (Каҳф: 103-104), оятида хаворижлар назарда тутилган» («ал-Бидоя ван-ниҳоя» 7/228).
Имом Абул Олия деди: «Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлимидан сўнг ўн йил давомида муҳкамни (аниқ, тушунарли бўлган Қуръон ва Суннат матнлари) ўқидим ва Аллоҳ менга икки марҳаматини ато этди. Буларнинг қайси бири афзал эканини билмайман: мени Ислом йўлига йўллаганими ёки мени хавориж қилиб қўймаганими» («ат-Табақот ал-кубро» 7/113).
[8] Рофизийлар – бу шиъа-имомийларнинг бир тоифасидир. Улар фақатгина Али ибн Абу Толиб авлодидан ўн икки имомни тан олишади. Алини саҳобаларнинг афзали деб ҳисоблашади. Кўпчилик саҳобаларни мунофиқ деб ҳисоблашади, улар гўё Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг Қуръонни ўзгартирган эканлар. Шунингдек Оиша онамизни зинода айблайдилар. Имом Моликдан ушбу сўзлари ривоят қилинади: «Абу Бакрни ҳақорат қилганга дарра уриш керак, Оишани ҳақорат қилганни эса қатл қилиш керак!» Ундан сўрашди: «Нима учун?» У зот жавоб бердилар: «Чунки Оишани зинода айблаган Қуръонни инкор қилибди. Ваҳоланки Аллоҳ айтади:
«Уни эшитган пайтингизда: «Бу (миш-мишни) сўзлаш биз учун жоиз эмасдир. Эй пок Парвардигор, бу улуғ бўҳтон-ку!» десангизлар бўлмасмиди?! Агар мўмин бўлсангизлар, ҳаргиз унга ўхшаган нарсаларга қайтмасликларингизни Аллоҳ сизларга панд-насиҳат қилур» (Нур: 16-17)» («ас-Саримул маслул» 565).
Рофизаларнинг яна бир жирканч ҳислати борки, улар одамлардан асл эътиқодларини яширишни жоиз санашади. Афсуски, бугунги кунда бу ҳислат кўпгина мусулмонларда бор. Бир куни бир эътиқодда эканларини эълон қилсалар, бошқа кунда бошқасини. Охирида эса асл эътиқодларини маълум манфаат учун яширганларини эълон қиладилар.
Имом Шофеий рофизалар ҳақида айтади: «Мен ҳеч қачон бидъат аҳли орасида шиъа-рофизалардан кўра ёлғончироғини кўрмадим» («Минҳажус Сунна» 1/39).
[9] Шартларга риоя қилмасдан ва инсонни Исломдан чиқишига монелик қилувчи нарсаларни эътиборга олмай (маваниъ) кофирликда айблаш (такфир) гуноҳи кабиралар сарасига киради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўъминни кофирлик билан айблаган киши(нинг гуноҳи) уни ўлдириш кабидир» (Табароний. Саҳиҳ ҳадис. «Саҳиҳул-жомиъ» 3/111).
Имом Қуртубий дедилар: «Кофирликда айблаш (такфир) – кўпчилик яқинлашган ва қоқилган хатарли эшикдир. Бу эшик олдида сара (инсонлар) тўхтади ва нажот топдилар. Нажотга нима тенг кела олади!» («ал-Муфҳим» 3/111).
Имом Ибн Обидин дедилар: «Куфр – хатарли нарсадир! Мен куфрга дохил бўлишига бир дона бўлса ҳам узрни топсам, (ўша) мўминни кофирликда айбламайман» («Фатавас-суғро» 4/224).
Ҳофиз Ибн Абдулбарр дедилар: «(Мусулмонни) кофирликда айблаб бўлмайди, илло ихтилоф бўлмаган нарсага асосланиш бундан мустасно» («ат-Тамҳид» 17/22).
Шайхулислом Ибн Таймия дедилар: «Кофирликда айблаш маълум шахснинг ҳолатига қараб фарқ қилиши мумкин. Чунки ҳар бир хатокор бидъатчи ёки жоҳил бўлиб қолмайди ва ҳар бир адашган кофир, фосиқ ёки оддий гуноҳкор бўлиб қолмайди» («Минҳажус-сунна» 5/250).
Ибн Таймия яна дедилар: «Ҳеч бир мусулмонни, ҳатто агар у хато қилса ёки адашса ҳам, унга ҳужжат барпо қилинмагунча, кофирликда айблаш мумкин эмас» («Мажмуъ ул-фатава» 12/468).
Ҳофиз Ибн Ҳажар дедилар: «Ўзида Исломни зоҳир қилган кимса, ундан (Исломдан) фақатгина худди шундай зоҳир бўлган далиллар асосидагина чиқади» («Фатҳул Борий» 2/314).
Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб дедилар: «Менинг душманларим таъкидлашича, гўёки мен таҳминларимга асосланиб, ёки кофирларга бўлган муҳаббатим, ёки гуё мен жоҳил кимсаларни ҳужжат етиб бормасидан кофирликда айблар эканман. Буларнинг барчаси улкан бўхтондир. Бу каби сўзлар орқали улар одамларни Аллоҳ ва Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йўлидан адаштиришни истайдилар!» («Мажмуъу муаллифат» 3/14).
Яна Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб дедилар: «Биз барча уламолар иттифоқ қилгандан бошқа нарсаларда кофирликда айбламаймиз. Бу эса икки шаҳодатдир (Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад Расулуллоҳ)» («ад-Дурарус-сания» 1/102).
Юқорида зикр қилиб ўтилганлар бизга кофирликда айблаш (такфир) қанчалик жиддий масала эканини кўрсатади. Бунга шунингдек фосиқликда айблаш (тафсиқ) ва бидъатда айблашни (табдиъ) киритиш мумкин. Аҳли сунна куфр амалини содир этган мусулмонни, унга қилаётган амали куфр эканлиги ҳақидаги ҳужжатни тушунтирмагунича, кофир демайди. Ҳужжатни қоим қилиш ҳуқуқи эса инсоннинг илм даражасига боғлиқ бўлади.
Қуръон ва Суннат амал ҳамда амални содир этувчи шахс ўртасини ажратади. Чунки ҳар қандай куфр амалини қилган инсон кофир ҳисобланмайди. Шунингдек, Исломнинг бирор ҳолатини инкор қилувчи ҳамда уни таъвил (хато талқин) қилувчи ўртасида фарқ бор. Чунки иккинчи ҳолатдагидан фарқли ўлароқ биринчи ҳолатдаги кофир ҳисобланади. Яна умумий ҳамда хос бўлган ҳолат ўртасида фарқ бор. Масалан, «Қуръон яралган» деган инсон кофир бўлишида ижмоъ қилинган. Бироқ шунга қарамай, агар бу сўзни муайян мусулмон айтса, бу масалани алоҳида кўриб чиқиш лозим. Буни шайхулислом Ибн Таймия изоҳлаб берадилар: «Баъзи мусулмонларнинг ҳукмдорлари жаҳмийларнинг «Қуръон яралган» ва «охиратда Аллоҳни ҳеч ким кўра олмайди» ва ҳ.к. гапларини айтишган. Улар бу сўзларни одамлар орасида ёйганлар. Уларнинг даъватига ижобат қилмаганларни қийноқлар остига олиб жазолаганлар ва уларга эргашмаганларни кофирликда айблаганлар. Бирор кимсани асирга олгач, Қуръон яралган деган эътиқодни тан олмагунича уни қўйиб юборишмаган. Буни эътироф қилганларнигина ўзларига ўринбосар қилиб тайинлаганлар ва шундайларгагина давлат хазинасидан ёрдам кўрсатганлар. Шундай бўлсада имом Аҳмад Аллоҳдан уларга раҳм қилишини ва уларни мағфират қилишини сўраганлар. Чунки имом Аҳмад уларнинг бу ишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф иш қилаётганларини тушунишмаябди деб ҳисоблаганлар. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсани тўғридан-тўғри инкор қилмаганлар. Бироқ улар матнларни хато талқин қилаётган ва буни уларга таълим берганларга кўр-кўрона эргашаётган эдилар» («Мажмуъ ул-фатава» 3/229-231).
Шайх Ибн Усаймин айтадилар: «Бирор кимсани қилган амали (яъни ширк ёки куфр) учун мушрик, кофир ёки лаънатланган дейиш мумкин эмас. Чунки бу масалалардаги ҳукм ўзининг шартлари ва таъқиқи (маваниъ) мавжуд. Биз рибо билан шуғулланаётганни лаънатланган демаймиз. Чунки у лаънатга дохил бўлишига тўсқинлик қилувчи бирор сабаб бўлиши мумкин.* Масалан, илмсизлик ёки шубҳа ва ҳ.к. Ширк билан боғлиқ масала ҳам шунга ўхшайди. Биз маълум шахсни ширк қилаётган амали учун мушрик демаймиз. Чунки у билан бирга яшовчи уламоларнинг масъулиятсизлиги сабабли унга ҳужжат етиб бормаган бўлиши мумкин.
* Шайх Усаймин одамларга ҳужжатни уламолар етказиши кераклигига ва уламоларнинг масъулиятсизлиги инсонни кофирликда айблашликка тўсқинлик қилувчи омил эканлигига кўрсатма бермоқдалар. Энди бирорта ҳам олими бўлмаган бизнинг ўлкалар (МДҲ) ҳақида нима ҳам дея оламиз?!
... Ўлганлардан бирор нарса сўрашлик ширкдир. Бироқ маълум шахсни шу каби амални содир этгани учун мушрик дейиш мумкин эмас, ҳатто бизга унга ҳужжат етиб боргани аниқ бўлмагунича» («ал-Қовлул-муфид шарҳ Китабит-тавҳид» 29-30).
Мусулмонларни кофирликда айблаш бидъат аҳлининг ўзгармас сифатларидандир. Имом Асбахоний айтадилар: «Аҳли сунна вал жамоа бир-бирларини кофирликда айбламайдилар, бир-бирини кофирликда айбловчи ҳавориж, рофизий ва қадарийлар каби бидъат аҳлидан фарқли ўлароқ. Агар уларнинг еттитаси бир мажлисга тўплансалар, улар албатта бир-бирларини кофирликда айблашлари оқибатида тарқаладилар. Улар яҳудий ва насоролар кабидирлар, Аллоҳ улар ҳақида айтади:
«Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди» (Бақара: 113)» («ал-Ҳужжа» 2/255).
Такфир масаласида инсонлар икки бир-бирига қарама қарши ҳолатга тушиб қолдилар. Бирлари ҳатто Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам кофир деганларни кофир дейишга қўрқадилар. Масалан, насроний ва яҳудийларни. Бошқалар эса мутлақо қарама-қарши ҳолатдалар. Улар ўзларини бунга ҳақлиман деб мусулмонларни кофирликда айблай бошладилар. Иш шу даражага етдики, бутун оламда фақатгина ўзини ва бир неча инсонларнигина мусулмон деб ҳисоблайдиганлар пайдо бўлди. Шунингдек улар ҳозирги вақтда ер юзида Ислом ери (дорул Ислом) йўқ деб ҳисоблайдилар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Албатта, мен сизлар учун, Қуръон ўқийдиган ва унинг чиройи (яъни Қуръоннинг чиройи) унда кўринадиган ва у Исломнинг ҳимоясига турадиган кишидан хавф қиламан. Сўнгра у Қуръонни ортига ташлаб тарк этади ва ўз қўшнисига, уни ширкда айблаб қилич билан ташланади». Ҳузайфа розияллоҳу анҳу сўради: «Ё Расулуллоҳ, уларнинг қай бирлари ширкка яқинроқ, айбловчими ёки айбланувчими?!» Улар жавоб бердилар: «Йўқ, айбловчи» (Бухорий «Тарих» 297, Ибн Ҳиббон 81. Ҳайсамий, ҳофиз Ибн Касир ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ дедилар. «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 3201).
Кўриб турганимиздек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хавф қилган нарса бугунги кунимизда содир бўлди. Қанчадан қанча ҳақ йўлга эргашувчилар тўғри қилаябман деган гумон билан ўзларининг ақида ва манҳажларини бутунлай ўзгартириб юборишмоқда. Ҳаққа эргашиш нақадар ажойиб, аммо асосийси ўша ҳақ устида вафот топишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисда айтиб ўтганлардан бўлиб қолишдан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз. Барча мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хавф қилган нарсадан қўрқишлари вожибдир.
Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Аллоҳ Муҳаммад пайғамбаримизга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга ихлос билан эргашганларга салавоту саломлар йўлласин.
[10] Кўпгина мусулмонлар «Суннат» сўзининг асл маъносини тушунмайдилар ва уни фақатгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зоҳирий амаллари билан чегаралайдилар. Шайхулислом Ибн Таймия деди: «Суннат – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътиқоди, сўзи ва амалидир» («ал-Ҳамавия» 2). Салаф солиҳларимиз «Суннат» сўзидан аввалги салафлар ушлаган ақида ва манҳажни тушунган. Ҳофиз ибн Ражаб деди: «Умматимиз имомлари «Суннат» сўзидан, шубҳа ва шаҳватлардан ҳоли бўлган, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг саҳобалари тутган йўлни тушунганлар. Кейинчалик «Суннат» сўзидан ақидани ёки Аллоҳ, малоикалар, китоблар, пайғамбарлар, Қиёмат куни ва қадар масалаларидан хатоларни поклаш, шунингдек саҳобаларнинг мартабалари ва ҳ.к. масалаларни назарда тута бошладилар. Шундай мавзудаги китоблар «Суннат» деган ном билан номлана бошладилар. Ушбу илмнинг «Суннат» деб номланишига сабаб, унинг муҳимлигидир. Кимки ушбу китоблардаги нарсага хилоф қилса, ўша ўзини ҳалокатга ташлабди» («Кашфул кубро» 1/320).
Салаф солиҳларимиз ақида ва манҳажга оид китоб ёзар эканлар, уни «Суннат» деб номлаганлар. Булардан «Суннат асослари» имом Аҳмад, «Шарҳус-Сунна» Барбахорий, «Суннат» Ибн Абу Осима, «Суннат» Абдуллоҳ ибн Аҳмад, «Суннат» Ибн Наср Марвазий, «Суннат» Ибн Шахин, «Суннат» Ҳаллол ва бошқалар.
Ҳақиқий Ислом – Суннатга мувофиқ Исломдир. Шунинг учун ҳам, ўз замонаcининг Суннат имоми, имом Барбахорий дедилар: «Билингки, Ислом – бу Суннат, Суннат эса – Исломдир. Бири иккинчисисиз бўла олмайди» («Шарҳус-сунна» 34).
[11] Кўпчилик мусулмонлар «фатво» нима эканлигини билмайдилар ёки бу сўзни нотўғри тушунадилар. Улар уламоларнинг қандайдир муайян масала, шахс ёки ҳудудга боғлиқ фатволарни, диннинг умумий ҳолати ҳақида айтилган сўзларидан ажрата олмайдилар. Яна баъзилар дин ҳукмларининг изоҳи ёки уламоларнинг сўзларини етказиш фатво эмаслигини, бу фақатгина дин ҳукмларини етказиш эканлигини тушунмайдилар. Фатво – бу бирор бир шариат ҳукмига таалуқли аниқ қўйилган саволга, нуфузга эга бўлган уламонинг далилга асосланган жавобидир (Ибн Ҳамдоннинг «Сифатул фатва вал-муфти вал-мустафти» 4).
[12] Ибн Сийрин ҳақ сўзни айтди. Чунки Дажжол пайдо бўлганида унга, йўлбошчиси нафс-ҳаво бўлган хаворижлар ҳам эргашадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Машриқ тарафдаги умматим орасидан шундай одамлар чиқадики, Қуръон ўқийдилар, бироқ бўғизларидан ўтмайди! Улар ҳар асрда пайдо бўлишади ва яксон қилинадилар, ҳар асрда пайдо бўлади ва яксон қилинадилар», ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу сўзларни йигирма мартадан ортиқ такрор қилдилар: «ва шу йўсинда давом этади, қачонки қўшинлари орасидан Дажжол чиқмагунича!» (Аҳмад 2/174, Ибн Можа 173. Ҳофиз Бусайрий ва шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди. «Саҳиҳул-жомиъ» 8171. Шунга ўхшаш ҳадисни имом Насоий 4103 ривоят қилади, ҳофиз Ибн Ҳажар уни саҳиҳ деди).
Ушбу ҳадисда хаворижлар фақатгина саҳобаларнинг даврида бўлган, бугунги кунда улар йўқ, деювчиларга радия бор. Бу хато фикр, чунки улар ўша даврда бўлган, ҳозир ҳам бор ва Қиёмат кунигача бўладилар. Шайхулислом Ибн Таймия дедилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга, ҳаворижлар Дажжол пайдо бўлгунича чиқишни тўхтатмасликларини ҳадисларда хабар қилдилар» («Мажмуъул-фатава» 28/495).
Яна ушбу ҳадисларда Дажжол хаворижлар орасидан чиқишига кўрсатма бор. Шунингдек ушбу ҳадисда Аллоҳ Таоло ҳеч қачон, ер юзида фитна ва фасод қилувчи хаворижларга ҳукмни бермаслигига далил бор. Улар ҳеч қачон ҳақ тарафдорларидан устун келолмайдилар! Ҳадис шарҳида айтилади: ««Яксон қилинадилар» деган сўзнинг маъноси шундаки, ҳар қачон хаворижлар пайдо бўлганида, ҳақ аҳли улар устидан ғалаба қозонади (далил ёки қурол ёрдамида). Шу билан бирга улардан бир гуруҳи қолади ва охир замонда Дажжол билан бирга чиқади» («Шарҳу Сунан Ибн Можа» 1/233, ҳофиз Суютий).
[13] Салафлар – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошчилигидаги мусулмонларнинг аввалги уч авлодидир.
عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий