Admin   10-14-2009, 08:22 AM
#1
Дуо – унинг турлари ва далили

Дуо ибодат турларидандир. (Муаллиф раҳимаҳуллоҳ) Дуо билан бошлаганларининг сабаби эса, чунки у энг улуғ ибодатлардандир.
Дуо икки қисмга бўлинади:
Ибодат ва сўров-талаб дуоси:
Ибодат дуоси: Фотиҳа сурасининг аввалида келгандек Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога олқиш-мақтов айтишдир: «Ҳамду сано барча оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир. Меҳрибон ва Раҳмли. Дин-Жазо кунининг Эгаси. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 2-5). Суранинг ушбу оятлари ибодат дуосини ўз ичига олди. «Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин» (Фотиҳа: 6). Суранинг қолган қисми эса сўров-талаб дуосини ўз ичига олади.
Сўров-талаб дуоси: ҳидоят, ризқ, илм ва тавфиқ каби Аллоҳ азза ва жалладан бирор нарсани сўрашдир.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).
«Масжидлар»: ушбу калимадан саждагоҳ ва намоз ўқиладиган ўринлар ирода қилинади. Масжидлар Аллоҳ азза ва жаллага энг суюкли ўринлардир. Шариатимизда масжид бино қилишга тарғиб қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимки Аллоҳ учун каклик тухум туғадиган жой каби ёки (ундан-да) кичикроқ (бўлса-да) масжид қурса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади» (Аҳмад 4/54 (2157) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан, Ибн Можжа (738), Ибн Хузайма (1292) Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди).
Аллоҳ таоло шундай дейди: «Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар» (Тавба: 18). Обод қилишдан мурод, бино қуриш билан намозхонларга бошпана бўладиган, уларни иссиқдан тўсиб, совуқдан сақлайдиган моддий жиҳатдан обод қилиш ва яна шу билан бирга ибодат, намоз, Қуръон тиловати, ҳамда Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш каби маънавий жиҳатдан обод қилиш маънолари тушунилади. Яна масжид калимасидан етти сажда аъзолари бўлмиш: пешона, бурун, икки қўл, икки тизза ва оёқнинг бош томонлари ҳам ирода қилинади. Чунки ушбу аъзолар билан Аллоҳ таолога сажда қилинади. Ушбу оят икки маънони ҳам ўз ичига олади: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», яъни, намоз ўқиладиган жойлар ва Аллоҳ азза ва жаллага сажда қилинадиган аъзолар.
«Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» Ушбу ўринлар-масжидларни ширк ва Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилинадиган ўринлар қилиб олманглар. Балки масжидлар ширкдан батамом покланмоғи, у ерда қабрлар ва Аллоҳдан ўзгага дуо-илтижо қилиш, бидъату хурофотлар, ҳамда сўфийларнинг бидъий ҳалқалари бўлмаслиги даркор.
Масжидлар ширк, бидъат ва маъсиятлардан батамом пок тутилиши зарур. Чунки улар ёлғиз Аллоҳ азза ва жалла учун бунёд этилган. Демак, у ерда фақатгина Аллоҳ азза ва жаллани рози қиладиган ишлар бўлмоқлиги керак. Ушбу масжидларда Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар. Ва Аллоҳ таолодан ўзгага сажда аъзоларингиз билан ерга йиқилиб сажда қилманглар. Чунки ушбу ишлар бут-санам, қабр ва Аллоҳдан ўзгага сажда қилган кимсанинг қилмиши каби катта ширкдир.
Аллоҳ таолонинг ушбу: «Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» қовлидан, дуони ёлғиз У Зот учун қилишга бўлган буйруқни англаймиз.
«Яна бирон кимсага», яъни, Аллоҳдан ўзга малоика, пайғамбар, валий, дарахт ва бошқа нарсаларни ўз ичига олади. Чунки ушбу иш катта ширкдир.
Кимда-ким ушбу (ибодат)лардан бирортасини Аллоҳдан ўзгасига сарф этар экан, бас, у мушрик, кофирдир. Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилса, бас, унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117).
Ҳадисда айтилишича: «Дуо ибодатнинг мағзидир» (Термизий (3371), исноди заиф).
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй инсонлар), Роббингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган ҳолларида жаҳаннамга кирурлар», деди» (Ғофир: 60).

«(Эй инсонлар), Роббингиз... деди», яъни буюрди. «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман». Субҳанаҳу ва таоло Ўзига дуо қилишимизга буюриб, (дуоларимизни) мустажоб қилишга ваъда берди. Бу субҳанаҳу ва таолонинг Саховатпешалигидандир. Чунки У бизнинг дуоларимиздан Беҳожат. Бироқ биз субҳанаҳу ва таолога дуо қилишга муҳтожмиз. У Зот бизни биз муҳтож бўлган ва бизга фойда бўлган ишга буюряпти. Махлуқдан бирор нарса сўрасанг ғазаб қилса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эса Ундан (дуо қилиб) сўрашни тарк этсанг ғазаб қилади. Шунинг учун ҳам шоир айтадики:
Аллоҳ таоло Ундан (дуо қилиб) сўрашни тарк қилсанг ғазаблангай.
Одам боласи эса сўралганда ғазаблангай.
Одамлар уч турли:
Биринчи: Аслида Аллоҳ таолога дуо-илтижо қилмайдиган кимса. Ушбу кимса Аллоҳнинг ибодатидан кибр қилган бўлади.
Иккинчи: Аллоҳга дуо қиладиган кимса. Бироқ У билан бирга ўзгасига ҳам дуо қилади. Натижада мушрик бўлади.
Учинчи: якка Аллоҳга холис дуо қиладиган киши. Ана шу муваҳҳиддир.
Ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо ибодатнинг мағзидир», дедилар. Яна бир ривоятда: «Дуо – ибодатдир», дедилар (Абу Довуд (1479), Термизий (2969), Ибн Можжа (3828) Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят. Термизий: «Ҳасан, саҳиҳ ҳадис», дедилар). Бу дуонинг нақадар буюк ва ибодат турларининг энг улуғи эканига далолат қилади. Чунки Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ибодатнинг мағзидир», дедилар. Маъноси бир бўлса-да ушбу «Дуо – ибодатдир» ривояти «Дуо ибодатнинг мағзидир», ривоятига қараганда саҳиҳроқдир.
Ҳадис икки ривоят йўли билан дуонинг нақадар буюк (ибодат) эканини кўрсатяпти. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳу ва саллам: «Ҳаж – Арафадир», деганларидек, яъни, ҳажда Арафада туришлик ҳаж рукнлари ичидаги энг олий рукндир. Бундан ҳажнинг бари Арафа экан-да, деган маъно келиб чиқмайди. Бироқ Арафада туриш, у ҳаж рукнларининг энг олийси. Шунингдек, ибодат фақат дуога чекланиб қолмаган. Бироқ дуо ибодат турларининг энг олийсидир. Шунинг учун: «Дуо – ибодатдир», дедилар. Бу эса дуонинг нақадар олий даражадаги ибодат эканидандир.
Сўнгра шайх раҳимаҳуллоҳ ибодат турларининг далилларини зикр қиладилар.

Admin   06-07-2014, 12:43 PM
#2
14-савол: Аллоҳ таологагина сарф қилинадиган ибодатга мисоллардан бири «Дуо»дир. Бунга далил нима?
Дуо, Аллоҳ таоло буюрган ибодатдир. Кимки ёлғиз Аллоҳга дуо қилса, бас, у муваҳҳиддир. Кимда-ким Аллоҳдан бошқасига дуо қилса, дарҳақиқат, ширк келтирибди.
Аллоҳ таоло деди: «Ва Аллоҳни қўйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106).
«Сунан»да Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан шундай собит бўлган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дуо – ибодатдир» - дедилар (Абу Довуд «Сунна» (1479), Албоний раҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳ Сунан Аби Дауд» (1479)да саҳиҳ деди).

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.