Admin   12-17-2011, 11:57 AM
#1
Рамазон ойи улкан марҳаматдир

بسم الرحمان الرحيم

Дарҳақиқат, Аллоҳ бандаларига санаб адоғига етиб бўлмайдиган кўплаб неъматларни инъом қилди.
«Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир» (Иброҳим: 34). Мутлақ ва қайдланган, ҳамда диний ва дунёвий неъматлар. У Зот бандаларни шуларга далолат қилиб йўллади ва уларни омонлик диёрига чорлади.
«Аллоҳ тинчлик диёри —жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган зотларни тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Юнус: 25). Уларнинг ақллари ва баданларига офият берди, пок нарсалар билан ризқлантирди, ҳамда осмонлар ва ердаги бор нарсани улар учун бўйинсундириб қўйди. У субҳанаҳу томонидан ушбу инъомнинг бари бандалар Унга шукр қилиб, шериксиз ёлғиз Унга ибодат қилишлари, Унинг розилигига ноил бўлиб, Унинг миннати ва раҳмати ила бахтли бўлишлари учундир.
У Зотнинг мўмин бандаларига (берган) улкан тортиғи ва мўл-кўл неъматларидан бири, уларга муборак Рамазон ойи рўзасини жорий қилиб, уни диннинг буюк рукнлари ва дин унинг устига қоим бўладиган асосларидан бири қилганидир. Рамазон рўзаси Аллоҳ бандаларига марҳамат қилган улкан неъматларидан бири бўлгани учун Аллоҳ Рамазон ойи рўзасига буюрган оятларни ушбу қавли билан якунлади: «Шояд шукр қилсангиз» (Бақара: 185). Чунки шукр У Зот махлуқотларни яратиши ва неъматларни турли-туман қилишидаги ғоядир.
Шукрнинг асли ва унинг ҳақиқати: «Неъмат ато этувчининг инъомини Унга бўйинсуниш, хокисорлик ва муҳаббат қўйиш тарзида эътироф этмоқдир. Кимда-ким неъматни билмаса, балки ундан жоҳил бўлса, унга шукр қилмайди. Кимки уни (неъматни) билсаю неъмат қилиб берувчини билмаса, у ҳам шукр қилмайди. Кимки неъмат ва уни инъом қилувчисини билсаю, бироқ унга инъом қилувчининг неъматини инкор қилувчи рад этгани каби рад этса, дарҳақиқат, унга куфрони неъмат қилибди. Кимки неъмат ва уни инъом қилувчини билса ва у (неъматни) тан олиб, инкор қилмаса, бироқ Унга бўйинсуниб, муҳаббат қўйиб, Ундан рози бўлмаса, у ҳам унга (неъматга) шукр қилмабди. Кимки уни (неъматни) ва инъом қилувчини билса, Унга бўйинсуниб, муҳаббат қўйиб, Ундан рози бўлса, ҳамда уни (неъматни) У яхши кўрган ўринлар ва Унинг тоатида фойдаланса, ана шу унга (неъматга) шукр қилувчидир». Сўзлари тугади.[1]
Шу билан маълум бўладики «Шукр беш қоидага қурилган: Шукр қилувчи шукр қилинмиш Зотга бўйинсуниб, Унга муҳаббат қилиб, Унинг неъматини эътироф этиши, Унга шу неъмат билан олқиш айтиши, ҳамда уни У ёмон кўрган нарсаларда фойдаланмаслигидир. Ана шу беш қоида шукрнинг асоси ва унинг биносидир. Қачонки ундан бирортаси топилмаса шукр қоидаларидан бирига путур етади. Шукр ҳақида гапириб, унинг чегарасини белгилаб берганларнинг барини сўзи ушбу қоидаларга қайтиб, унинг атрофида айланади».[2]
Одамлар шукрни вожиб қилувчиларни билишлик бўлмиш улуғ Яратувчи, буюк Роб, саҳоватли инъом этувчини танишликда тафовутли бўлганлари учун шукрни рўёбга чиқаришликда ҳам улкан тафовутдадирлар. Улардан Аллоҳни, Унинг исм, сифат, феъл, ажойиб махлуқот ва ишлари, ҳамда гўзал оят ва ҳадялари тафсилотларини билганлари бор. Натижада қалби Унга нисбатан муҳаббатга тўлиб, тили Унга олқиш айтади ва аъзолари Уни рози қиладиган ишларни адо қилишга юмшайди-(букилади), ҳамда унга (бандага) инъом қилган барча неъматларини Уники дея эътироф этиб, уларни У яхши кўриб, рози бўладиган нарсаларга бўйинсундиради. Улардан яна нафсини Аллоҳдан ғофил ва жоҳил қолиш билан булғаганлари бўлиб, у ўзининг рад ва инкор қилиши ёки Уни эътироф этсада амрига бўйинсунмай, шариатига бўйин эгмаслиги сабаб Аллоҳдан фақат узоқлашиш жиҳатидан зиёда бўлади.
Муборак Рамазон ойи мўминларнинг иймони зиёда бўлиши, ҳамда сусткашлик ва нуқсонга йўл қўювчилар тавба қилиши учун бандаларга илоҳий совға ва раббоний ҳадядир. Дарҳақиқат, Аллоҳ ушбу ойни бир қанча хусусиятлар билан хослади ва уни бошқа ойлардан ажралиб турадиган бир қанча имтиёзлар билан ажратди. Энди, Унга ҳақиқий шукр ва ибодат қилишимиз учун бизга инъом қилиб берган ушбу неъматнинг улканлигини идрок қилайлик дея уларнинг баъзиларига тўхталиб ўтсак:
Улуғ Рамазон ойининг Қуръон сабаб ўзига хос хусусияти бор. У одамларга ҳидоят бўлиб Қуръони Карим нозил қилинган ойдир. Аллоҳ таоло деди: «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» (Бақара: 185). Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада рўза ойини бошқа ойлардан буюк Қуръонни нозил қилиш учун танлаб олганини айтиб мадҳ этди. Балки ҳадисда, у пайғамбарларга илоҳий Китоблар нозил бўлган ой экани ворид бўлган. Имом Аҳмаднинг «Муснад»и ва Табаронийнинг «Мўъжам ал-Кабир»ида Восила ибн Асқоъдан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Иброҳим алайҳиссаломнинг саҳифалари Рамазоннинг аввалги тунида нозил қилинган. Таврот Рамазондан олти (кеча) ўтганда нозил қилинган. Инжил Рамазондан ўн уч (кеча) ўтиб нозил қилинган. Фурқон эса Рамазондан йигирма тўрт (кеча) ўтганда нозил қилинган».[3] Ушбу ҳадис Рамазон ойи, у элчилар алайҳимуссаломга илоҳий Китоблар нозил бўлган ой эканига далолат қиляпти. Бироқ улар нозил қилинган пайғамбарга бир бутун ҳолида нозил бўларди. Қуръони Каримга келсак, шарафининг зиёдалиги ва фазилатининг улканлиги сабабли дунё осмонидаги «Байтул Изза»га бир бутун ҳолида нозил бўлган. Бу эса муборак Рамазон ойининг қадр кечасида бўлган. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик» (Қадр: 1). Субҳанаҳу шундай деди: «Албатта Биз уни бир муборак-баракотли кечада нозил қилдик. Дарҳақиқат Биз (инсонларни ушбу Қуръон билан охират азобидан) огоҳлантиргувчи бўлдик» (Духон: 3). Шундан сўнг юлдузларнинг ботар жойларига кетма-кетлик билан алоҳида-алоҳида нозил бўлди. Бу ўринда ушбу рўза ойи, муборак Рамазон ойининг, шаъни нақадар буюк ва унинг Қуръони Карим сабаб ўзига хос хусусиятга эга эканига далолат бор. Зеро унда Аллоҳ томонидан ушбу уммат учун ана шу катта фазл – Унинг буюк ваҳийси, ҳамда ҳидоятни ўз ичига олган улуғ Каломи нозил бўлиши юз берди.
«Одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва фурқон (ҳақ билан ботилни ажратгувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб…» (Бақара: 185). Дин ва дунё фойдаларига йўллашлик. Унда ҳақ аниқ-равшан баён қилинган. Унда (Қуръонда) ҳидоят ва зололат, ҳақ ва ботил, ҳамда зулуматлар ва нур орасидаги Фурқон бор.
Сўнг Рамазон ойида Аллоҳ у ҳақда шундай деб айтган қадр кечаси бор: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 2-3). Яъни, у кечадаги амал ундан ўзга минг ойдаги амалдан яхши. Ажр ҳам ҳудди шундай.
Ушбу ойнинг рўзаси гуноҳлар мағфират қилинишига сабабдир. Икки шайх Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким Рамазон рўзасини (фарз эканига) иймон келтириб, (ажрини Аллоҳдан) умид қилган ҳолда тутса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади».[4] Яъни, Аллоҳга иймон келтирган ва зиммасига рўза фарз эканига рози бўлган, ҳамда унинг ажру савобини умид қилган ҳолда. Унинг фарз эканини ёмон кўрмай ва унинг ажру савобида шак-шубҳа қилмаган бўлиши. Шунда Аллоҳ унинг ўтган гуноҳларини мағфират қилади. Муслим(нинг «Саҳиҳ»лари)да яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Беш вақт намоз, жума (кейинги) жумагача, Рамазон (кейинги) Рамазонгача гуноҳи кабиралардан узоқ бўлса ўрталаридаги (гуноҳ)ларни каффорот қилувчидир».[5]
Юқорида ёдга олинганлар бўлмиш кимки Рамазонда иймон ва (ажрини) умид қилган ҳолда қоим бўлса ўтган гуноҳлари кечирилишига қўшимча ўлароқ унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Жаннат эшиклари очилади ва дўзах эшиклари ёпилади. Ушбу ойда Аллоҳнинг дўзахдан озод қиладиган (банда)лари бўлиб, бу ҳар кечада (юз беради).
Ушбу муборак ойда Аллоҳ мусулмонларга катта Бадр ғазотида мушрик душманлари устидан нусрат берди. Ушбу жангда мушрикларнинг адади мусулмонлардан уч баробар кўп эди. Бу ойда Аллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қўлларида омонлик диёри Маккаи мукаррамани фатҳ қилди. Байт-(Каъба) ва унинг атрофидаги санамларнинг сони уч юз олтмишта эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу санамларни синдира туриб, шундай дердилар: «Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолгувчи нарсадир»» (Исро: 81). У ғайрат, фаол-тетиклик ва амал ойи. Ибодат ва Аллоҳ йўлида жиҳод қилишлик ойи. Ушбу фазилатга эга ва Аллоҳнинг бандаларига ана шу эҳсони бўлган ой, бандалар улуғлашлиги ҳамда улар учун ибодат мавсуми ва қайтиш куни учун озуқа бўлишига ҳақлидир.
Эй Аллоҳ! Бизни ушбу ойнинг ўрни ва ҳурматини биладиганлардан қил! Унда Сени рози қиладиган ишларни адо қилишмизга муваффақ айла! Албатта, Сен дуоларни Эшитувчисан.
Эй Аллоҳ! Бизни Ўзингнинг тоатинга муваффақ айла. Бизга Сени зикр қилиш, шукр қилиш ва Сенга гўзал ибодат қилишда кўмак бер. Бизни осонликка муяссар қил. Ушбу ҳурматли меҳмон ҳаққини адо қилиш билан бизга неъматни тўла-тўкис қил. Эй оламларнинг Раббиси, бизга унинг рўзаси, қиёми ва унда гўзал одобда бўлишга мадад бер.



_______________________________________________________


[1] Ибнул Қоййим «Ториқул Ҳижротайн» (175).
[2] Ибнул Қоййим «Мадариж ас-Саликин» (2/244).
[3] Аҳмад «Муснад» (4/107) 16921-рақам, Табароний (17646), лафз имом Аҳмадники.
[4] Бухорий (2014), Муслим (760).
[5] Муслим (233).
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.