Меҳмон   12-29-2011, 10:21 PM
#1
As_salamu aleykum va rohmat_Ullohi va
barokatu_Hu
Islomda, sunnatda Hazil - huzul qilishlikni hukmi qanaqa?
Kulgiga chegara-o'lchov belgilangammi?
Qanday hazil sunnatga muvofiq?
Iloji bo'lsa, kengroq tushuntirish bersela,
barok_Allohu fiykum
This post was last modified: 12-29-2011, 10:22 PM by Меҳмон.
Admin   12-31-2011, 11:36 AM
#2
Ҳазиллашаётганда ёлғон гапириш

Баъзи кишилар ҳазиллаша туриб ёлғон гапириш жоиз деб ўйлайдилар. Уларнинг биринчи апрел ва бошқа пайтлардаги ҳазил тариқасидаги ёлғонларида таянадиган «узрлари» ҳам айнан мана шу гумондир. Ҳолбуки, бу хато тушунча бўлиб, покиза шариатимизда бунинг асли йўқ. Ёлғон гапириш хоҳ ҳазил тариқасида бўлсин, хоҳ жиддий бўлсин, ҳаромдир. Бинобарин, ҳазилдаги ёлғон жиддийликдаги ёлғон кабидир.
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Албатта мен ҳазиллашаман. Бироқ, ҳақдан бошқасини сўзламайман» (Бу ҳадисни Табароний «Ал-Муъжамул-Кабир»да 12/391 рақами билан ривоят қилганлар. Ҳайсамий «Мажмаъуз-Завоид»да уни ҳасан санаганлар (8/89). Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да унинг саҳиҳлигини қайд этганлар (2494)).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саволомуз қилиб шундай дейишди: «Ё Расулаллоҳ, сиз бизлар билан ҳазил-мутойиба қиласиз?..» Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «(Гарчи ҳазил қилсам ҳам,) Мен фақат ҳақни сўзлайман», дея марҳамат қилдилар. Термизий ўз китобларида 1990-рақам билан ушбу ҳадисни ривоят қилар эканлар, бу ҳадис ҳасан ва саҳиҳдир дейдилар. Айни маънодаги ҳадисни Табароний ҳам «Ал-Авсат»да ривоят қилган бўлиб, Ҳайсамий уни «Мажмаъуз-Завоид»да ҳасан санаганлар (17/9).
Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган қизиқ бир воқеа ҳикоя қилинади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бу воқеани айтиб беришди. Бир куни саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юришларнинг бирида эдилар. Ичларидан бир киши чарчаб, ухлаб қолди. Шу вақт бир одам билдирмасдан унинг садоғидаги ўқларни олиб қўйди. Бир оздан сўнг ҳалиги киши уйғониб қараса, ёнидаги ўқлари йўқ. Бундан у даҳшатга тушиб, чўчигансимон хатти-ҳаракатлар билан атрофга аланглай бошлади. Шунда бу ҳолатни кузатиб турган кишилар кулиб юборишди. Кулгу товушини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитгач, улардан сўрадилар:
- Нега куляпсизлар?..
- Ҳеч нарсага, – дейишди улар, – фақат мана бу кишининг ўқларини олиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: «Ҳеч бир мусулмонга бошқа бир мусулмонни қўрқитмоқлик ҳалол бўлмайди» (Абу Довуд ривоятлари, 5004-ҳадис; Аҳмад ривоятлари 22555-ҳадис. Лафз Аҳмадники. Бу ҳадисни Албоний «Саҳиҳул-Жомиъ»да саҳиҳ ҳисоблаганлар (7658)).
Абдуллоҳ ибн Соиб ибн Язид оталаридан, улар орқали боболаридан ривоят қилишларича, у кишининг боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитган эканлар: «Биронтангиз ўз биродарининг нарсасини хоҳ ҳазиллашиб, хоҳ жиддийлик билан олиб қўймасин. Кимки биродарининг (ҳатто) ҳассасини (ҳазиллашиб) олиб қўйган бўлса ҳам, бас, уни дарҳол қайтариб берсин» (Абу Довуд ривоятлари, 5003-ҳадис; Термизий ривоятлари, 2160-ҳадис. Албоний «Саҳиҳул-Жомиъ»да бу ҳадиснинг ҳасанлигини қайд этганлар (7578)).

Кулдириш учун ёлғон сўзлаш

Одамларни кулдириш мақсадида ҳар хил бўлмаган нарсаларни тўқиб гапирадиган, турли хил бемаза қилиқларни такаллуф қиладиган одамлар учун қуйидаги ҳадис етарли огоҳлантиришдир.
Муовия ибн Ҳайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларни эшитдим: «Одамларни кулдириш учун ёлғон сўзлайдиган одамнинг ҳолига вайл бўлсин!.. Вайл бўлсин унга!.. Ва яна Вайл бўлсин!..» (Термизий ривоятлари, 235-ҳадис; Абу Довуд ривоятлари, 4990-ҳадис. Термизий бу ҳадис ҳақида: «Ҳасан ҳадисдир», дейдилар).

Меҳмон   01-06-2012, 03:29 PM
#3
Barokallohu fiyk

Rosululloh sollallohu alayhi va sallam, sahobalar va boshqa salafi solihiynlar hazil qilishganmi,
ularning hazil qilganlari haqida sahih axborlar bormi?
Bor bo'lsa, misol keltirsangiz,
Jazakallohu xoyro !!!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Абдуллоҳ   07-26-2017, 08:45 PM
#4
Кулги ва ҳазиллашиш одоблари

Шайх Муҳаммад ибн Ғолиб ал-Умарий ҳафизаҳуллоҳ

Кулгига келсак, модомоки у ўз ўрнида бўлар экан, қилиш мумкин бўлган ишдир. Кулги 3 хил бўлади. Табассум кўринишида, кулиш, ёки қаҳқаҳа бўлади. Табассумга келсак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам феълларининг аксари табассум бўлган. Шунингдек баъзи вақтда кулганлар ҳам. Қаҳқаҳа эса, у кулаётганда овозни шу даражада кўтариб кулишки, узоқроқда турган кимсалар ҳам ушбу товушни эшитишликларидир. Ушбу амални Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам асло қилмаганлар.
Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Кимнинг кулгуси кўпайса, ҳайбати камаяди». Киши доимо кўп кулувчи ва кулгига сабаб бўлувчи бўлмасликка ҳарис бўлиши лозим. Албатта мўминни Аллоҳнинг ибодатидан, У Зотнинг тоатидан, Аллоҳнинг зикридан ва бошқа қурбат ҳосил қилувчи амалларни қилишликдан кўп кулиб юришлик машғул қилиб қўймаслиги керак. Мен кўп кулиш демоқдаман. Аммо кулишни ўзига келсак, у жоиздир. Балки кишининг болаларига ёки аёлига қараб кулиб қўйиши мустаҳабдир. Шунинг учун ҳадисда келадики: «У бокирамиди? У билан ўйнар эдинг, у ҳам сен билан ўйнар эди. Унга қараб кулар эдинг, у ҳам сенга қараб кулар эди». Шунингдек бошқа бир ҳадисда айтилганидек: «Биродарингни юзига қараб табассум қилишинг садақадир». Лекин кулишлик, ҳазил-ҳузул, қизиқчилик, мазаҳ қилишлик, кулгили қиссалар билан вақтларни ўтказиш, соатлаб машғул бўлиш, мана шулардан мўмин киши узоқ бўлиши ва нафсини булардан (узоқ қилиб) тарбия қилиши керак. Булардан кўра авло бўлган нарсалар билан машғул бўлмоғи лозим.
Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақти-вақтида саҳобалари билан ҳазиллашиб ҳам турардилар. Масалан, бир қари аёл: «Эй Росулуллоҳ, Аллоҳга дуо қилинг, мени ҳам жаннатга киритсин» - деб сўраганида, «Жаннатга қарилар кирмайди» - дедилар. Бу сўздан жаннатга ёш бўлиб киришликларини мурод қилгандилар. Яна бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир кичкина болани ёнидан ўтиб кетаётиб: «Эй Абу Умайр, Нуғайрга нима қилди?» - деб сўрадилар. Нуғайр бу бола ўйнаб юрадиган бир қуш эди. Айтдики: «Ўлиб қолди, эй Росулуллоҳ». Шунингдек Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аҳли аёллари билан ҳам ҳазиллашиб, уларни кулдириб турардилар. Бас, кулги агар ўз ўрнида бўлса мумкин бўлган амалдир. Аммо фалон кишини фақатгина шу ҳолдан ўзгача ҳолда танишлик мумкин бўлмайдиган даражада уни кўпайтиришлик, мана бу қабиҳ бўлган ишдир. Мўмин киши ҳаётида, амалида жиддий бўлиши лозимдир. Кулгини камайтириши ва бунақанги ишлар билан машғул бўлиб қолмаслиги керак.
Яна шундай кулги борки, у кишини ислом миллатидан чиқариб юбориши мумкин. Яъни агар кулгининг сабаби шариат ишларига нисбатан масхара, истеҳзо кабилар бўлса. Худди Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларидаги мунофиқлар қилганидек. Улар истеҳзо қилишарди, ҳазил-мазаҳ қилишарди, бир-бирларини кулдириб айтишардики: «Булардан кўра, учрашганда (жангда) ўта қўрқоқ, тилда ёлғончироқ ва қоринлари эса семизроқ бўлган кимсаларни ҳечам кўрмадик». Яъни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларини назарда тутишарди. Бас Аллоҳ жалла ва ала айтдики: «Айтинг: «Аллоҳдан, Унинг оятларидан, Унинг пайғамбаридан кулувчи бўлдингизми?» Узр айтманглар! Сизлар иймон келтирганингиздан сўнг яна куфрга қайтдингиз» (Тавба: 65-66). Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатлари устидан истеҳзо қилиш, соқолни устидан кулиш, аёл кишининг ҳижобидан кулиш, дин шиорларини масхара қилиш, мана бу ишларнинг ҳаммаси хатарлидир. Оқибати ёмондир. Аммо мубоҳ бўлган ишда, унга ёлғон аралаштирмасдан ҳазил қилишлик бу мумкин, жоиз бўлган ишдир. Шунинг учун ҳам Суфён ибн Уяйнага: «Мазаҳ қилиш ҳақоратми?» - дейилганда. У киши: «Йўқ, балки у суннатдир. Лекин кимки уни яхшилай олса» - дедилар.
Баъзи кишилар ҳазил қилишни бошласа бошқа кишиларнинг фикрини ҳисобга олмай қўйишади. Анавини устидан кулишади, манавини масхара қилишади, анавига фикр айтишади, оқибатда иймон аҳлидан бўлган биродарлари билан орасида нафрат пайдо бўлишига сабаб бўлиб қолишади. Мана бунақанги ҳазил, бунақанги мазах жоиз эмас, ҳаромдир. Чунки у ҳаромга олиб боради. Аммо бошқаларни бахтиёрлиги бор бўлган, ёлғон аралашмаган, мубоҳ бўлган ишдан кулиш, бу иш мумкиндир. Унинг ҳечқиси йўқ.

Саҳиҳ Муслим шарҳи
13.07.2017

https://goo.gl/GMwRdn
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.