Жонлиқ сўйиш, унинг турлари ва далили
Жонлиқ сўйишнинг далили Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир»» (Анъом: 162).
Суннатдан далил: «Аллоҳ таоло, Ундан ўзгаси учун жонлиқ сўйган кимсани лаънатлади» (Муслим (1978) Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят).
Жонлиқ сўйиш тўрт қисмга бўлинади:
Биринчи: Бирор кишига қурбат ҳосил қилиш ва таъзим бажо қилиш учун жонлиқ сўйиш. Бу фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва тоало учунгина жоиз бўлади. Чунки бу мол сарф қилиш билан амалга ошадиган ибодатдир. Жин, шайтон, подшоҳ ва бошлиқларга таъзим бажо қилиб жонлиқ сўйиш жоиз эмас. Чунки бу ибодат бўлиб, у фақатгина Аллоҳ азза ва жаллага қилинади.
Жинларга, уларнинг ёмонликларидан омон қолиш ёки касалликдан шифо топиш учун жонлиқ сўядиган ва малҳам бағш этамиз, деб даъво қилиб, одамларга: касалингиздан шифо топиш учун фалон жонлиқни сўйинг ва сўйиш мобайнида Аллоҳни номини тилга олманг, дейдиган фолбин ва сеҳргарлар катта ширкка қўл уриб, (ислом) миллатидан чиққан мушриклардир. Аллоҳ таоло ушбу ишни Ундан ўзгаси учун қилган кимсани огоҳлантириб айтган қовлининг маъноси ҳам шу эди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим), ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир»» (Анъом: 162). Ва яна мана бу қовли: «Бас, сиз Роббингиз учун намоз ўқинг ва (жонлиқ) сўйиб-қурбонлик қилинг!» (Кавсар: 2).
Иккинчи: Гўштини ейиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Бунда зарар йўқ бўлиб, у бирор кишига қурбат ҳосил қилиш ёки таъзим бажо қилиш учун жонлиқ сўймади. Балки ўзининг ҳожати ва ундан тановул қилиш учун сўйди. Бунда монелик йўқ. Чунки у ибодатнинг бирор туридан эмас. Гўштни сотиш мақсадида жонлиқ сўйиш ҳам ушбу қисм остига дохил бўлади.
Учинчи: Шодланиб, хурсанд бўлганидан жонлиқ сўйиш. Тўй, янги уйга кўчиб ўтиш, яқинларидан бирининг келиши, қариндошлар тўпланиб қолгани муносабати билан ўзининг хурсандлигини изҳор қилиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Бунинг зарари йўқ. Чунки бунда бирор кишига таъзим бажо қилишлик ёки қурбат ҳосил қилишлик йўқдир. Балки бу рўй берган ҳодисадан шод-ҳуррам эканини изҳор қилиш бобидандир.
Тўртинчи: Гўштини фақир, мискин ва бечораларга садақа қилиш мақсадида жонлиқ сўйиш. Ушбу иш суннат деб қаралиб, ибодат остига дохил бўлади.