Сувлар боби
1.عن أبي هُرَيْرَة ـ رضي الله عنه ـ قال: قال رسولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم، في البَحْرِ: «هُوَ الطّهُورُ ماؤُه، الحِلُّ مَيْتَتُهُ» أخرجهُ الأربعةُ، وابنُ أبي شَيْبَةَ، واللفظُ لَهُ، وصححهُ ابنُ خُزيمةَ، والترمذي.
2.وعَنْ أبي سعيد الخُدْرِي رضي الله عنه قال: قال رَسُولُ الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «إنَّ المَاءَ طَهُورٌ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ» أخرَجَهُ الثلاثةُ، وصَححهُ أحمدُ.
3.وعن أبي أُمَامَةَ الباهليّ ــــ رضي الله عنه ــــ قال: قال رسول الله صَلّى الله عَلَيْهِ وَسَلّم: «إنَّ الماءَ لا يُنَجِّسُهُ شيءٌ إلَّا ما غلبَ على رِيحهِ وطَعْمِهِ ولَوْنِهِ» أخرجهُ ابنُ ماجهْ، وضعَّفَهُ أبو حاتم.
وللبيهقي: «الماءُ طَهُورٌ إلَّا إنْ تَغَيَّرَ رِيحُهُ، أو طَعْمُهُ، أوْ لَوْنُهُ بِنَجَاسَةٍ تَحْدُثُ فيهِ».
1. Абу Ҳурайра, ундан Аллоҳ таоло рози бўлсин, айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида:
“Унинг суви тоза, ўлимтиги эса ҳалолдир”, дедилар”. Бу ҳадисни тўртовлон (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можа) ва Ибн Абу Шайба ривоят қилишди. Ҳадис лафзи Ибн Абу Шайбаники. Ибн Хузайма ва Термизий уни саҳиҳ дейишди. Буни шунингдек Молик, Шофеъий ва Аҳмад ривоят қилишган.
2. Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Албатта, сув покдир, уни ҳеч нарса нажас қилмайди””. Учовлон (Абу Довуд, Насоий, Термизий) ривоят қилишди, Аҳмад уни саҳиҳ деди.
3. Абу Умома ал-Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у айтди: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Сув покдир. Унинг ҳиди, таъми ва ранги ўзгармаса, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди””. Бу ҳадисни Ибн Можа ривоят қилган, Абу Ҳотим эса уни заиф деган. Байҳақийнинг ривоятида эса:
“Сувнинг ичига тушган нажосат унинг ҳидини, ёки таъмини, ёки рангини ўзгартирмаса, сув пок (ҳисобланади)” дейилган.
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Булуғул-маром” китобида “Таҳорат китоби. Сувлар боби” деди. Уламолар, уларни Аллоҳ раҳматига олсин, фиқҳ борасида сўз юритиб ҳадис ва масалалар китобларини (таҳорат)дан бошлашди. Чунки таҳорат икки қисмга бўлинади. Биринчиси, қалб поклиги, иккинчиси бадан поклиги. Қалб поклигига келсак, у маънавий поклик бўлиб унинг маъноси инсон қалбини ширкнинг барчасидан - у кичик бўладими, катта бўладими, очиқ бўладими, яширинча бўладими – поклашидир. Шунингдек у қалбини бидъатнинг барчасини ирода қилишдан – у оз бўладими, кўп бўладими, сўзда бўладими, феълда бўладими, поклашидир. Шунингдек уни мусулмонларга нисбатан адоватдан, ҳасаддан, уларни хурсанд қиладиган нарсани ёқтирмасликдан ва тозалаш вожиб бўлган бошқа нарсалардан поклашдир. Бу муҳимроқдир. Аммо бошқа таҳорат у бадан таҳоратидир. Бу сиртки поклаш бўлиб, ундан икки нарса мақсад қилинади. Биринчиси, таҳоратсизлик (ҳадас)лардан поклаш, иккинчиси, сийдик, ахлат ва бошқалар каби нажосатлар ва ифлос нарсалардан поклаш. Биринчи турдаги Китоб ва Суннатга эргашиш, уларнинг лафзлари ва маъноларини ҳақиқий равишда ўрганиш, тиловат қилиш ва эргашиш билан ҳосил бўлади. Иккинчи турдаги таҳорат эса сув билан ҳосил бўлади. Шунинг учун муаллиф “Таҳорат китоби” деганидан сўнг “Сувлар бобби”, деди. “Сув” сўзи кўпликда келишининг сабаби унинг турлари кўплиги эътиборидандир. Чунки сувнинг поклигида шак-шубҳа йўқ. Нажасда ҳам шак-шубҳа йўқ. Ўхшаб кетган – шубҳали нарса нажасми, покми, бу ҳақда қуйида айтилади, иншааллоҳ. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисидан бошлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам денгиз ҳақида айтдилар:
“Унинг суви тоза, ўлимтиги эса ҳалолдир”. Бу ҳадиснинг сабаби бор. Бир қавм Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб айтди:
“Эй Аллоҳнинг элчиси, биз денгизга кемада чиқамиз, бизда эса таҳорат олишга сувимиз йўқ”. Шунда у зот денгиз суви билан таҳорат олишга буюриб айтдилар:
“Ҳува ат-тоҳуру (ат-туҳуру) маауҳу”. Яъни унинг суви пок. “То” ҳарфида фатҳа бўлса (ат-тоҳуру), бундан таҳорат ҳосил бўладиган нарса назарда тутилади. Агар замма бўлса (ат-туҳуру), унда бу поклаш феъли (ҳаракати)дир. Бу ерда биринчи маъно назарда тутилган. Ёки бўлмаса, у (денгиз) шундай нарсаки, унинг суви поклайди, гарчи шўрлик ва бошқа нарсалар билан ўзгарган бўлса ҳам, ва бу ўзгариш зарар қилмайди. Чунки бу ўзгариш унинг турғунлигидан, ичига бирон нарса тушганидан эмас. Бундан ташқари ўша шўрлик ҳам аслида сувдандир.
“Унинг суви покдир”. Бу ҳар қандай денгиз сувларига нисбатан ом (умумий) маънога эга, ҳатто шўрхок ердаги ботқоқ сувлар ҳам, ҳатто ёмғирдан пайдо бўлган кўлмаклар ҳам. Буларнинг барчаси пок, унинг суви ҳам пок.
“Унинг ўлимтиги ҳалол”. Бу ҳақда савол берилмади, лекин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг карамликлари ва илм беришга бўлган интилишлари сабабли уларга эҳтиёжлари тушадиган нарсани зикр қилдилар. Чунки баъзан уларнинг озуқалари ва ичимлик сувлари тугаб қолади ва улар овқатга муҳтож бўлиб қолишади. Шунинг учун у зот уларга денгизнинг ўлимтиги ҳалол эканлигини баён қилдилар. Ҳадиснинг умумий маъноси озуқанинг барчасини ўз ичига олади. Гарчи қуруқликда унинг ўхшаши ҳаром бўлса ҳам, денгизда у ҳаром бўлмайди. Аксинча, унинг ўлимтиги ҳалолдир. Аллоҳ Таоло буни Қуръони Каримда зикр қилиб шундай деди:
“Сизларга ва йўловчиларга неъмат қилиниб денгиз ови ва таоми ҳалол қилинди» (Моида: 96). Денгизнинг овига келсак, у тириклигича олинадиган озуқадир. Аммо таоми эса, у ўлик ҳолда олинадиган озуқадир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу шундай тафсир қилган. Шунга биноан агар сув устида сен сузаётган балиқни топсанг, ёки денгиз тўлқинлари соҳилга чиқариб юборган ўлигини топсанг, уни еявер. Сенга қийинчилик йўқ, чунки у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари билан ҳалолдир.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ денгизларни зикр қилганларида сувларни ом суратда айтиб ўтиб, шундай дедилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Албатта сув покдир, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди”. “Сув” (“ал-маа”) сўзи умумийдир: ердан чиқадиган ёки осмондан тушадиган ҳар қандай сув покдир.
“Уни ҳеч нарса нажас қилмайди” деган сўзлари, яъни, сув пок бўлади, нажас бўлмайди ва уни ҳеч нарса нажас қилмайди. Лекин бундан кейин келадиган ҳадислар сувнинг ранги, ёки таъми, ёки ҳиди нажосат сабабли ўзгарса, у нажосат бўлишига далолат қилади. Шунга биноан, агар инсон ёмғирлар тўплаган сувни топса, гарчи улар оз бўлса ҳам, гарчи йиртқичлар у сувдан ичишлиги ҳақида унинг гумони кўпроқ бўлса ҳам, токи унинг таъми, ранги ва ҳиди нажосат сабабли ўзгармагунича у сув пок бўлади. Гарчи сувга сичқон тушиб қолиб ўлса ҳам, нажосат сабабли унинг таъми, ранги ва ҳиди ўзгармаса, у покдир, у билан инсон покланади ва ундан ичади. Бунда унга гуноҳ йўқ. Фақат агар ундан ичса, соғлом (одам)га зарар бўлади, дейилса, у (сувни) ичмайди, лекин таҳорат олаверади, бунда гуноҳ йўқ. Чунки (биринчидан,) қоида шуки, денгизларнинг барча сувлари покдир. Иккинчидан, ер устидаги барча сувлар покдир, агар уларнинг таъми, ёки ранги, ёки ҳиди нажосат сабабли ўзгармаса. Агар бир киши: “Очиқ-ойдин ҳиди бўлмаган ва ранги бўлмаган нажосат сувнинг ичига тушса ва у нажосат нисбатан олганда кўп бўлса, у сувни нажас қиладими?” деб айтса, биз айтамизки, ҳадиснинг зоҳири бўйича (бундай нажосат) сувни нажас қилмайди. Лекин уламолар, Аллоҳ уларни раҳматига олсин, айтадики, агар нажосатнинг ҳиди кучли бўлмаса, ранги сувнинг рангига мувофиқ бўлса, таъми эса ўзгармаса, у ўлчанади (тақдир қилинади). Агар унинг ранги сувнинг рангидан фарқ қилса, ва бу ўлчовдан сўнг сув ўзгаряпти деб (ҳисобланса), унда у нажас бўлиб қолади. Бу тақдир қилинган нажосатдир. Яъни, фараз қиламан, масалан, бу кичик идишдаги сувга бир киши бавл қилди (сийди), лекин унинг сийдигида ранг йўқ. Чунки инсонда кўп сийиш бўлса, унинг ранги ўзгармайди, ҳиди эса кучсиз бўлади. Мана шунда бу сувнинг поклиги ёки нажаслиги ҳақида ҳукм чиқаришимиз учун бу нарсанинг ранги сувнинг рангига хилоф қилишини тақдир қилишимиз (чамалашимиз) лозим бўлади. Агар биз шак қилсак (иккилансак), у шак қилинган (сув) бўлади, чунки агар сувга нажосат тушиб уни ўзгартирмаса, у покдир, бу ерда қийинчилик йўқ. Агар уни ўзгартирса, у нажасдир, бунда қийинчилик йўқ. Агар унинг ўзгарганлиги-ўзгармаганлиги ҳақида иккиланиш бўлса, у шак қилинган бўлади. Шак қилинган нарса эса аслга қайтарилади. Унинг асли эса покликдир. Аллоҳ билгувчироқдир.