Ҳижрат фақат дорул куфрдан дорул исломга қилинадими ёки унинг бошқа кўринишлари мавжудми?
Ҳижратнинг ўз сабаблари, ғоялари бор. Қачон ушбу сабаблар ва ғоялар вужудга келса, ҳижрат муаммоси ҳам вужудга келади. Бинобарин, ҳижрат фақат дорул куфрдан дорул исломга қилинадиган сафар эмас. Ҳижрат дорул куфрдан дорул исломга, мураккаб куфр еридан соддароқ куфр юртига, зулм ва фосиқлик авж олган макондан зулм камроқ ерга, хавф-хатар бор жойдан тинч-хотиржамлик диёрига - шариат қоидасига биноан енгилроқ зарарга рози бўлиб, кичик зарар билан улкан зарарни дафъ этиб - ҳижрат қилиш мумкин.
Имом Шавконий ёзади: «Ҳижрат ёлғиз куфр еридан бўлиши шарт этилмаган. Қаерда мункар тантана қилса ва амри маъруф, наҳйи мункар қилиш имкони бўлмаса, ҳаромхўрларнинг таъзирини берадиганлар топилмаса, мўмин бандага бундай ердан жони ва динини қутқариб қочмоқ вожиб бўлади. У қурби етса, маъсият авж олмасдан бошқа бир ерни ватан тутади».
Демак, бир ўлкада жойлашган икки шаҳарнинг биридан иккинчисига, бир қишлоқдан бошқасига ва ҳатто бир маҳалладан қўшни маҳаллага ҳам ҳижрат қилиш мумкин экан. Чунки бир шаҳар иккинчисидан, бир маҳалла бошқа бир маҳалладан фарқи дин эътибори билан яхшироқ, солиҳроқ бўлиши мумкин.
Баъзида шаҳарнинг бир бурчаги зулм, маъсият ва фисқу фужур билан тўлиб-тошган бўлса, иккинчи қисми тоат-ибодат ва солиҳ амаллар билан яшнаётган бўлади. Яхшилар орасида яшаш, маъсиятларнинг кўзга ташланмаслиги, исломий жамоатлар бўлиши албатта, кишига ижобий таъсир кўрсатади. Бундай ҳолатда, ҳеч шубҳасиз Аллоҳ таъоло учун ҳижрат қилиш ниятида фисқ ва аҳлоқсизлик маконини тарк этиб, яхшилар даврасига кўчиб ўтмоқ мандуб амал ҳисобланади. Айрим ҳолатларда (юқорида баён қилиб ўтганимиздек) фарз ҳам бўлиши мумкин.
Исломий жамоатлардан холи, жумъалар ўқилмайдиган фосиқлар маконини тарк этиб, яхшилар даврасига - солиҳлар жамоатига қўшилмоқ лозим. Азонлар баралла айтиладиган ва хайрли амаллар макони бўлган юртни ватан тутинг.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Қишлоқда ёки саҳрода уч киши бўлсаю улар ўртасида намоз жамоат қоим қилинмас экан, шайтон уларни эгаллаб олади. Сизлар жамоатни маҳкам тутингиз. Бўри ҳам суровидан ажралиб қолган қўйни ейди». (Аҳмад, Абу Довуд ва Насоий ривояти).
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Кимки заруратсиз уч жумъани тарк қилса Аллоҳ унинг қалбини муҳрлаб қўяди».
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Кетма-кет учта жумъани тарк қилган кимса исломни орқасига улоқтирган бўлади».
Шундай экан эй азиз биродар, ҳеч қачон жумъа ва жамоатга нисбатан эътиборсиз қараманг. Зеро, исломда уларнинг шаъни улуғ.
Тақво қилмоқчи бўлган мўмин учун ҳижрат фақат дорул куфрдан дорул исломга кўчиш билан чекланмайди. Агар сиз холис ният қилиб динингиз ва жонингизни фитна-зулмлардан асрашга киришсангиз, Аллоҳ сизни чорасиз қолдирмайди.
«Ким Аллоҳдан қўрқса, У Зот унинг учун (барча ғам-кулфатлардан) чиқар йўлини (пайдо) қилур. Ва уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантирур. Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) Ўзи унга етарлидир. Албатта Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етгувчидир (яъни, Унинг хоҳишига қарши тургувчи кимса йўқдир). Дарҳақиқат, Аллоҳ барча нарса учун миқдор-ўлчов қилиб қўйгандир». («Талоқ»-2,3).
Бугун кўпчилик мусулмонлар ғарбга ҳижрат қилишаяпти. Уларнинг ана шу сафарлари ҳам Аллоҳ йўлидаги ҳижрат ҳисобланадими?
Бу ерда асосан икки нарсага қараб хулоса чиқарилади.
Биринчидан улар нима сабабдан ғарбга йўл олдилар? Иккинчидан, мазкур сафардан кўзланган ниятлар қандай?
Агар шаръий эътиборга молик ва муҳим сабаб туфайли ҳижрат қилишга мажбур бўлган бўлса, бу шаръий жоиз сабаблардандир. Масалан, муслим ўз ватанида динини зоҳир эта олмаса ёки ўлим, қамоқ каби зулм тури унга таҳдид солаётган бўлса, бошпана бўладиган исломий диёр топилмаса ва фақат бегона ғарб юртида динига, жонига ибодатига омонлик ҳамда имконият берилса, ушбу ҳижрат сабаби шаръан саҳиҳдир.
Албатта мўминнинг ҳижратидан ва кофирлар юртида яшашидан мақсад фақат дини, жони ва аҳли оиласини омон сақлаб, Парвардигорига яхшироқ ибодат қилиш бўлмоғи керак. Ҳижрат мол-дунё ёҳуд бир аёл жамолига етишиш учун қилинган бўлмасин.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
- Амаллар ниятлар биландир (яъни, амал ниятга қараб бўлади). Ҳар кимга ният қилгани бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учун бўлса, бас, унинг ҳижрати Аллоҳ ва расули учундир. Кимнинг ҳижрати мол-дунё учун ёки бирон аёлни никоҳга олиш учун бўлса, бас, унинг ҳижрати ўша ҳижрат қилган нарсаси учундир.
Хуллас, агар ният тўғри, сабаблар яроқли бўлса, кишининг ҳатто ғарбга қилган сафари ҳам ҳижратдир. Агар ният нотўғри, сабаблар фосид бўлса, ундай кимсанинг сафари Аллоҳ йўлидаги ҳижрат дейилмайди. Бошқа мақсадлар учун кофир юртни ватан тутиб, динидан тойилиб кетган кимсалар гуноҳкор бўладилар.
Биз юқорида бир қанча далилларни келтириб ўтдик. Саҳобалар ҳам куфр юртига – Ҳабашистонга ҳижрат қилганлар. Уларнинг ниятлари тўғри, сабаблари ўринли эди. Шу боис улар Аллоҳ йўлидаги муҳожирлар номини олишди.
Ибн Ҳазм бошқа имконият топа олмаган киши муайян зулмдан қутулиш учун дорул ҳарбга қочиб ўтса ва мўминларга қарши кофирларга ёрдам бермаса, унинг ҳижратида ҳеч қандай ҳараж йўқ, деб фатво берди.
Машҳур ислом олими Муҳаммад ибн Муслим ибн Шиҳоб Зуҳрий халифалик замонида, ислом ерлари кенг пайтда яшаган бўлишига қарамасдан, зулм кўрмаслик учун рум юртларига кетишга азм қилган эди. Зеро, Ибн Ҳазм таъкидлаганидек, унинг бошқа чораси қолмаганди. Сабаби - ўша даврдаги шаҳзода Валид ибн Язид ҳукм тепасига келиши билан уни қатл қилишга онт ичганди.
«Муставрид ал-Қураший Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу ҳузурида шундай деди:
- Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг «Қиёмат қоим бўлганда одамларнинг кўпи Румликлар бўлади», деганларини эшитганман».
- Нима деяётганингни ўйлаб гапир!- деди Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу.
- Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганимни айтдим.
- Агар айтганларинг рост бўлса, мен Румликларда бор тўртта хислатни айтай:
1. Улар фитна вақтида энг ҳалим бўладиган;
2. Мусибатдан сўнг ўзларини энг тез ўнглаб оладиган;
3. Чекингандан кейин энг тез фурсатда ҳужумга қайтадиган;
4. Мискинларга, етим ва заифларга энг яхши муомала қиладиган одамлар бўладилар.
Яна жуда чиройли бешинчи хислатлари ҳам бор – улар подшоҳлар зулмидан энг узоқ одамлар бўлади». (Муслим ривояти).
Улуғ саҳобийнинг 1400 йил муқаддам билдирган мулоҳазаси бугун айрим ғарб давлатларида ўз тасдиғини топган.