rabinya Allaha   07-19-2012, 01:35 AM
#1
Ассаламму алайкум.! Динда гулув кетиш хакида ёзсангизлар. чунки бехуда саволлар ва бехуда амаллар бн динда адашишлик купайябти. олдиндан рахмат. Аллох рози булсин!
Муслим   09-16-2012, 08:43 PM
#2
(07-19-2012, 01:35 AM)rabinya Allaha Wrote: Ассаламму алайкум.!
Валейкум ассалам ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
(07-19-2012, 01:35 AM)rabinya Allaha Wrote: Динда гулув кетиш хакида ёзсангизлар. чунки бехуда саволлар ва бехуда амаллар бн динда адашишлик купайябти. олдиндан рахмат. Аллох рози булсин!

Динда ҳаддан ошиш ва ғулув кетиш ҳақида

[Image: 45px-Bismillah.svg.png]

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфорлар айтиб, ундан нафсимизнинг шумлиги ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани тўғри йўлга солувчи зот йўқдир. Мен «Ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва расулидир» деб гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Сўнг…
Дарҳақиқат, сўзларнинг рости – Аллоҳнинг Каломи, йўлларнинг яхшиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўли, ишларнинг ёмони – (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат – залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтувчидир.
Дарҳақиқат Ислом – ҳаддан ошишликдан ҳоли бўлган мўътадил диндир. Мана шу Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам эргашишликка васият қилган тўғри йўлдир. Аллоҳ таоло айтади: “Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик” (Бақара: 143).
Бироқ шайтон мусулмонларга қарши фитна қилишдан ғофил қолмайди ва бундан толиқмайди. Шайтонда фитнага соладиган ва залолатга бошлайдиган икки йўли бор. Биринчиси маъсиятларга мойил бўлган одамни, динга нисбатан ноқис ва совуққон муносабатда бўлишга чорласа, икикинчиси шайтон ибодат ва Аллоҳга итоатда тиришқоқ бўлганларни динда ғулув кетишликка чорлайди. Бундай одамга у динда ғулув кетишликни чиройлик қилиб кўрсатади, бу билан уни тўғри йўлдан адаштириб, ҳалок қилишни истайди. Аллома Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ шайтон макрларининг турларини зикр қила туриб шундай деди: “Баъзи салафлар айтишдики: “Аллоҳдан ҳар қандай амр келган бўлмасин, албатта шайтон бунда икки дастак таъсирга эга: ёки сусайиш ва ноқислик, ёки ҳаддан ошишлик ва ғулув. У бу ҳолатнинг бири орқали устун келишда давом этаверади”. Атиги озчиликдан ташқари кўпчилик одамлар ушбу икки ҳолатдан биридалар: ёки ноқисликда, ёки ғулувда. Фақат озчиликкина Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобалари юрган тўғри йўлда мустаҳкам туришади” (Қаранг: “Иғосатул лаҳфан” 1/116).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларида ўзини Исломга нисбат берувчилар, аммо ибодатда ғайратли бўлишига қарамай ундан учиб чиқиб кетганлар бўлган. Шундай экан ўзини Ислом ва Суннатга нисбат берувчи, бугунги кунда турли сабабларга кўра Ислом динидан турли сабаблар билан чиқиб кетиши мумкинлигини билиб олсин. Бу сабаблардан бири ғулув бўлиб, Аллоҳ Ўзининг китобида уни қоралаган” (Қаранг: “Мажмуъул фатава” 3/383).
Аллоҳ таоло айтади: (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Сизларга қилган иш-амалларидан энг кўп зиён кўргувчи кимсаларнинг хабарини берайликми?! Улар қилган саъй-ҳаракатлари ҳаёти дунёдаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо (нодонликлари сабабли) ўзларини чиройли — яхши амал қилаётган кишилар, деб ҳисоблайдиган кимсалардир!»” (Каҳф: 103-104).
Ибн Касир деди: “Ушбу оят умумий бўлиб, тўғри қилаётгани ва амаллари қабул бўлаётганини гумон қилиб Аллоҳга жорий қилинмаган услубда ибодат қилаётган барчага тегишлидир. Аслида эса у адашяпти ва амаллари рад қилинади” (Қаранг: “Тафсир Ибн Касир” 3/174).
Диндаги ғулув – бидъат, куфр ва ширк, асоссиз такфир, ноҳақ қон тўкишнинг сабабидир. Бу ишнинг оқибати ҳалок қилувчи ва улкан гуноҳлар бўлгани, унинг қанчалик ёмон эканига далолат қилади.

Динда ғулув кетиш қатъий ҳаром ва ҳалок қилувчи йўл экани ҳақида
Қуръон ва Суннатдан далиллар

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг шариатида диндаги ғулув ва ҳаддан ошишлик ҳаром экани борасида қатъий кўрсатмалар мавжуд. Аллоҳ таоло яҳудий ва насороларга хитоб қилиб айтади: “Айтинг: «Эй аҳли китоб, динингизда нотўғри томонга тажовуз қилманг ва (Ислом келишидан) илгари йўлдан озган ва кўпларни йўлдан оздирган ҳамда тўғри йўлдан чиқиб кетган қавмнинг нафси ҳаволарига эргашманг!” (Моида: 77).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ деди: “Ушбу умматдан кимки насоро ва яҳудийларга тақлид қилса ва ҳаддан ошиш, ёки совуққонлик йўли билан динда ғулувга тушиб қолса, у ўшалардандир. Бу диндан учиб чиқиб кетган хаворижларнинг ҳолатидек. Хаворижлар Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлишган. Мусулмонлар улар билан мусулмонларга қарши чиққанлари учун Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амрларига биноан жанг қилишган. У кишидан улар ҳақида ўн тарафдан саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. Яна бу динда ғулув кетган рофизий, қадарий, жаҳмийр, мўътазила ва ашарийларга ҳам тааллуқлидир” (Қаранг: “Мажмуъул фатава” 3/340-350).
Яна Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло насороларга хитоб қилиб айтади: “Эй аҳли Китоб, (Ийсони худо дейиш билан) динингизда ҳаддингиздан ошмангиз! Аллоҳ шаънига эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, ал-Масиҳ Ийсо бинни Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари ва Унинг Марямга етказган сўзи ҳамда унинг томонидан бўлган руҳ (соҳибидир), холос. Бас, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирингиз! «(Тангри) учта (яъни, Аллоҳ, Марям ва Ийсо учалалари ҳам тангрилардир)», демангиз! (Бундай ботил эътиқоддан) тўхтангиз, шунда ўзингиз учун яхши бўлур. Ҳеч шак-шубҳасиз Аллоҳ якка-ягонадир. У фарзандлик бўлишдан пок бўлган зотдир” (Нисо: 171).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Насронийлар эътиқод ва амал масалаларида бошқа одамларга нисбатан кўпроқ ғулув кетишади. Шу сабабдан ҳам Аллоҳ Қуръонда уларга ғулув кетишни таъқиқлади” (Қаранг: “Иқтидо ас-сиротал мустақим” 1/328).
Шундай қилиб кўриб турганимиздек Аллоҳ таоло яҳудий ва насороларни ғулув кетишдан огоҳ қилган экан. Аммо улар Унга қулоқ солишмади, ҳадларидан ошишди ва ҳақ йўлдан оғиб кетишди.
Шунингдек Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ҳам ғулув кетишдан огоҳ қилди ва шундай деди: “Туғёнга тушмангиз! Албатта, У зот қилаётган амалларингизни кўриб тургувчидир” (Ҳуд: 112).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Динда ғулув кетишдан сақланинглар! Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» (Насоий 4/49, Ибн Можа 3029, Ибн Жаруд 473. Ибн Ҳузайма, Ибн Ҳиббон, Ҳоким, Нававий, Заҳабий, Ибн Таймия, Аҳмад Шокир, Албоний ҳадисни саҳиҳ деди).
Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Динда ғулув кетишдан сақланинглар” сўзлари умумий бўлиб, барча ғулувни ўз ичига олади, хоҳ у эътиқодда бўлсин, хоҳ амалда (бўлсин, фарқи йўқ)” (Қарамг: “ал-Иқтидо” 1/328).
Ибнул Асир раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Динда ғулув кетишдан сақланинглар” сўзларининг маъноси: динда ҳаддан ошиш ва чегарасидан чиқишликдир. Бу ҳудди бошқа бир ҳадисда айтилганидек: “Дарҳақиқат ушбу дин мустаҳкамдир. Унда чуқур кетишда юмшоқ бўлинглар” (Аҳмад 3/199). Яна ҳадис: «Дарҳақиқат Қуръонга чуқур кетмайдиган ёки ундан узоқлашиб кетмайдиган ҳофизи Қуръонни икром қилиш Аллоҳ таолони улуғлашнинг аломатидандир» (Абу Довуд 4843). Дарҳақиқат Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буни айтганларининг боиси, у зотга буюрилган одоб ва хулқларидан бири амалларда мўътадил бўлишлик кераклигидир. Амалларнинг энг яхшиси – ўрталикдир” (Қаранг: “ан-Ниҳоя” 3/382).
Шайх Али ибн Адам ал-Атюбий раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизлардан илгаригилар динда ғулув кетиш сабаблигина ҳалок бўлишган» сўзлари борасида шундай дедилар: “Яъни дин масалаларидаги ғулув – аввалги умматларни ҳалок қилган нарсадир. Шу сабабдан ушбу умматга у (аввалги уммат)ларга тақлид қилишлик жоиз эмас (бўлиб), бунинг оқибатида у (аввалги уммат)ларга етган нарса уларга етмасин” (Қаранг: “Шарҳ Сунан ан-Насоий” 26/31).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ғулув кетганлар ҳалок бўлишди!» дея уч бора такрорладилар (Муслим 2670).
Имом Хаттобий ушбу ҳадисни шарҳида шундай дедилар: «Ғулув кетганлар» - масалага чуқур кетиб, мулоҳазага файласуфлар услубига тушадиганлардир. Улар уларга тегишли бўлмаган ва уларнинг ақллари тушуниб ета олмайдиган нарсаларда чуқур кетишади” (Қаранг: “Маъалим ас-Сунан” 4/277).
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Яъни, ғулув кетганлар ва сўзу амалларида чегарадан чиққанлар” (Қаранг: “Шарҳ Саҳиҳ Муслим” 16/220).
Яна Нававий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: “(Бу ерда) гап, ўрни бўлмаган жойда қаттиқлик қиладиганлар ҳақида кетмоқда” (Қаранг: “Риёзус солиҳийн” 106).
Имом Мунавий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Айтилдики, бу шариат чегарасидан чиқиб ва шайтон васвасасида бўлиб ибодатларида ҳаддан ошганлардир” (Қаранг: “Файдул Қодир” 6/355).
Шайх Сиддиқ Ҳасанхон раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ушбу ҳадис ғулуви бўлган ҳар қандай нарсага тегишли, хоҳ у ибодатда бўлсин, ёки муомалотда бўлсин, ёки урфда бўлсин (фарқсиз). Бунинг барчаси зоҳирий ва ботиний ишларда, эътиқод ёки амалларда бўлишида фарқ йўқ. Агар бирор нарсага нисбатан муносабатдаги ҳақиқат Қуръон ва Суннатда жорий бўлган бўлса, яна нимадир унга хилоф бўлса, унда бу ҳам мана шу ҳадисга дахлдор бўлади ва буни қилаётган ҳалокатга йўлиқади. Чегарадан чиқиш, ғулув ва ҳаддан ошиш “ҳалокат” деб номланиши, унинг қатъий таъқиқланган ҳаром эканига далолат қилади. Барча нарсада ҳаддан ошиш ва ғулув кетиш, шундай қилганни ҳалокатга етаклайди” (Қаранг: “Сирож ал-ваҳҳаж” 10/198).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бу дин енгилдир ва ким бу динга қаттиқлик қилса (дин) унга ғолиб келади» (Бухорий 39).
Имом Ибн Мунайир раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Ушбу ҳадисда нубувват башоратларидан бири мавжуд. Дарҳақиқат, биз кўрдик ва биздан аввалги одамлар кўришдики, ҳар қайси динда ғулув кетган сўнар эди. Аммо ҳадиснинг маъноси ибодатни такомиллаштириш мумкин эмас дегани эмас. Чунки аксинча, бу мақтовга лойиқ ишлардан. Бироқ ҳадис маъноси шундаки, чарчоқ ва ялқовликка олиб борадиган ғулув кетишлик ҳаром эканидир. Масалан, нафл амалларни ошириб юборишлик ундан афзалини қўлдан бой беришга олиб келиши мумкин. Бунга мисол, туни билан нафл намоз ўқиган одамнинг фарз намози вақтини ўтказиб юбориши” (Қаранг: “Фатҳул Борий” 1/117).
Саҳл ибн Ҳунайф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўзингизни қаттиқ (тоат-ибодат билан) қийнаманглар! Дарҳақиқат, сизлардан илгари ўтганлар ўзларини қаттиқ қийнаш сабабли ҳалок бўлиб кетишди, уларнинг қолган-қутганларини черковларда ва монастирларда топасизлар» (Бухорий «Ат-тарихул-кабир»да келтирган, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 3124).
Бошқа ривоятда айтиладики: «Ўзингизни қаттиқ (тоат-ибодат билан) қийнаманглар! Чунки Аллоҳ ҳам сизлар билан қаттиқ бўлади».
Имом Саффароний раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис борасида шундай дедилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дин масалаларида қаттиқликни таъқиқладилар ва хабар бердиларки, қачонки Аллоҳнинг бандаси ўзига нисбатан ундан талаб қилинганидан қаттиқ бўлса, бу Аллоҳ қаттиқлик қилишни бошлашига сабаб бўлади, ёки тақдир йўли билан, ёки шаръий йўл билан. Бандага нисбатан шариат жиҳатдан қаттиқлик, оғир бўлиши мумкин бўлган, аммо инсон ўз зиммасига олган назрларни бажаришликнинг вожиблигида намоён бўлади. Тақдир жиҳатидан қаттиқликка келсак, бу амаллари шубҳа ва васвасага йўлиққан одамларга тегишлидир. Дарҳақиқат, бу одамлар ўзларига нисбатан қаттиқлик қилдилар. Шу сабабдан ўша васвасалар унга тақдир орқали қайтиб келди, унга ғолиб келди ва ундан ажралмас сифатга айланди” (Қаранг: “Шарҳ Суласият” 1/380).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллааллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Дарҳақиқат, бу дин мустаҳкамдир! Шундай экан унга мулойимлик билан чуқурлашинглар” (Аҳмад 3/199. Шайх Албоний ҳадисни ҳасан деди. Қаранг: «Саҳиҳ ал-Жомиъ» № 2246).
Ҳадиснинг бошқа бир ривоятида шундай дейилган: “Дарҳақиқат, бу дин мустаҳкамдир! Шундай экан унга мулойимлик билан чуқурлашинглар. Ахир ким ўз юки оғирлигини тўғри чамаламаса, йўлни ҳам босиб ўтолмайди, маркабини ҳам ҳалок қилади” (Байҳақии “аш-Шуъаб”да 4743).
Абу Умома розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Икки кишига менинг шафоатим етмайди: Ўта золим ва халқни талон-тарож қилувчи ҳокимга ва динда ғулув кетиб, ундан чиқиб кетган кишига» (Табароний «ал-Кабир»да 8079 ва «ал-Авсат»да 640. Ҳофиз Мунзирий ва Хайсамий ҳадиснинг барча ровийларини ишончга лойиқ дейишди. Шайх Албоний ҳадисни ҳасан деди. Қаранг: “ас-Силсила ас-саҳиҳа” № 470).
Келтирилган барча Қуръон ва Суннат ҳужжатлари ҳар қандай кўринишдаги динда ҳаддан ошишлик қатъий ҳаром эканига далолат қилади. Шунингдек ушбу ҳужжатлар динда ғулув кетишликдан огоҳ қилади. Чунки бу тўғри йўлдан оғишлик ва залолатга юз тутишлик демакдир.

Дарҳақиқат, бу дин енгилдир!

Бизга маълумки, Аллоҳ таоло шариатининг мақсади, мусулмон икки дунё саодатига мушарраф бўлишидир. Шу сабабдан шариат Аллоҳнинг бандаларига диндаги вазифаларини енгиллатади, унга қийинчилик туғдирадиган барча нарсани даф қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара: 185).
Яна Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларга машаққат қилмоқни истамайди” (Моида: 6).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Динингизнинг энг афзали – енгилидир!” (Аҳмад 1/336. Ҳофиз Ибн Ҳажар ҳадис иснодини саҳиҳ деди. Қаранг: “Фатҳул Борий” 1/116).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади: «Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашди: «Аллоҳга энг суюкли дин қайси?» У зот жавоб бердилар: «Енгил ҳанифия динидир»» (Аҳмад 1/236. Ҳофиз ибн Ҳажар, шайх Аҳмад Шокир, шайх Албоний ҳадисни саҳиҳ деди).
"Енгил" яъни ғулувдан ҳолидир. Имом Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ дедилар: «Ҳанифия енгиллик билан бирга зикр қилинди. Чунки Ҳанифия дини - тавҳид ва амаллардаги енгилликдир. Бу икки нарсага икки нарса зиддир. Бу эса - ширк ва ҳалолни ҳаром қилиб олишга зиддир» (Қаранг: “Иғосатул лаҳфан” 1/135).
Имом Закариё Ансорий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис борасида шундай дедилар: “Енгил диннинг маъноси: бошқа динлардан фарқли ўлароқ танглик ва қийинчилиги йўқ диндир” (Қаранг: “Туҳфатул Борий” 1/199).
Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни ўзининг “Саҳиҳ”ида “Енгил дин” деган бобда келтирган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ “Енгил дин” боби ҳақида шундай дедилар: “У аввалги динларга нисбатан енгил дин деб номланди. Чунки Аллоҳ бу умматдан бошқа умматларга юкланган юкни бекор қилди. Бунга энг ёрқин мисол тавбанинг кўринишидир. У аввалги умматларда ўзини ўлдириш кўринишида эди. Ҳолбуки бу уммат тавбаси гуноҳни қилишни тўхтатиш, бундай ишни ҳеч қачон қилмасликни қатъий ният қилиш ва надоматдир” (Қаранг: “Фатҳул Борий” 1/115).
Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтаётган нарса Қуръонда зикр қилинган: “Мусонинг ўз қавмига айтган гапларини эсланг: «Қавмим, сизлар бузоққа ибодат қилиш билан ўзингизга зулм қилдингиз. Энди ўзингизни (бир-бирингизни) ўлдириш билан сизни бор қилгувчи зотга тавба қиласиз. Бор қилгувчи зот наздида мана шу (қатл) сизлар учун хайрлироқдир». Бас, Аллоҳ таоло тавбангизни қабул қилди, албатта У кечиримли, меҳрибондир” (Бақара: 54).
Абу Мусо ва Анасдан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларидан бирини бирор буйруқ билан юбораётганларида, унга шундай дердилар: “Енгиллаштиринглар, оғирлаштирманглар, хушхабар беринглар, нафратлантирманглар” (Бухорий 69, Муслим 1734).
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига дедилар: “Сизлар фақат енгиллаштириш учун юборилдинглар, оғирлаштириш учун юборилмадинглар” (Термизий 147. Саҳиҳ ҳадис).
Ҳофиз Ибн Ражаб раҳматуллоҳи алайҳ дедилар: “Eнгиллаштириш – бу ибодатдаги мўътадиллик ва ўрталикдир. Инсон унга юкланган мажбурияатларида камчиликка қўл урмасин, шунингдек кучи етмайдиган нарсани ўзига юкламасин” (Қаранг: “ал-Маҳажжа” 51).
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта Аллоҳ Ўзига осийлик қилинишини ёмон кўргани каби, Ўзи берган рухсатларнинг қилинишини яхши кўради» (Аҳмад 2/108, Ибн Ҳиббон 2742. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: “Саҳиҳ ат-тарғиб” № 1059).
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатлари динда енгилликлар қилиб берганига мисоллар жуда кўп, улардан: куфр сўзларини мажбурланган ҳолатда айтишликка рухсат берилгани. Аллоҳ таоло айтади: “Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олгани ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Аллоҳ томонидан ғазаб ва улуғ азоб бордир” (Наҳл: 106).
Имом Бағавий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Кимни куфр сўзини айтишга зўрлашса, тили билан уни айтишлиги жоиз эканига уламолар ижмоъ қилишди. Агар у буни эътиқод қилмаган ҳолда тили билан айтса, унда бу куфр ҳисобланмайди. Аммо агар у рози бўлмаса ва шу сабабли ҳалок бўлса, мана шуниси афзал” (Қаранг: “Тафсир ал-Бағавий” 5/329).
Яна Аллоҳ таоло тарафидан бандаларига инъом этилган енгилликларга ўлимтикни очликда ейишликни киритиш мумкин. Аллоҳ таоло айтади: “У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларнигина ҳаром қилди. Энди кимки золим ва ҳаддан ошмаган ҳолида ночор вазиятда қолса гуноҳкор бўлмайди. Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи, раҳмлидир” (Бақара: 173).
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Кунларнинг бирида бир оилада хачир ўлиб қолди. Уларда эса егулик ҳеч нарсалари йўқ эди. Шунда улар Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб бунинг хабарини беришди. У зот уларга ўша хачирни ейишга рухсат бердилар” (Баззор “Кашф ал-астар”да 3/328. Ҳасан ҳадис. Қаранг: “ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” 4/181).
Яна енгилликларга намоз учун таҳорат қилишликка сув бўлмаса ёки касал бўлиб қолиш хавфи бўлса, ёки касалликни оғирлаштириб юбориш хавфи бўлса ёки сувга тегса ҳалок бўлиш хавфи бўладиган бўлса, тоза тупроқда таяммум қилишликка рухсат берилганини; мусофир учун намозларини қаср қилиб ўқишликка рухсат берилгани; сафарда ёки мажбурликда икки намозни жамлашликни; оёқни қайта ювмай махси ёки пайпоққа масҳ тортишни ва бошқа бундан кўп енгилликларни санаб ўтиш мумкин.
Зикр қилиб ўтилган барча нарсалар Ислом дини енгил дин эканига далолат қилади. Аммо шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз керакки, Ислом бугунги кундаги турли даъватчиларнинг кўп сонли осонлаштиришликларига муҳтож эмас. Улар дин енгилликдир деган даъво билан унинг буйруқлари ва очиқ таъқиқга хилоф чиққан ҳолда кўпгина дин ҳукмларини бекор қилиб юборишяпти. Бугунги кунда бунга жуда кўп мисолларни келтиришлик мумкин. Масалан, мусиқага рухсат беришлик, бегона эркак ва аёлларни аралашиб юришлари, бегона эркак билан аёлнинг қўл бериб саломлашиши, Исломда соқол қўйишлик вожиб эмас, асосийси қалбда бўлса бўлди деган даъволар, Исломда дўст ва душманлик тушунчаси йўқ эканини даъво қилишлик ва ҳоказолар.
Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ нафсига эргашган ҳолда Аллоҳнинг динида сустлик қилганларни рад қилиб шундай дедилар: “Кимки бунда Аллоҳнинг: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, сизларга оғир бўлишини истамайди” (Бақара: 185) суянаётган бўлса, у ҳолда биз шундоқ ҳам Аллоҳнинг барча буйруқлари енгил эканини биламиз ва бу ҳақида Аллоҳнинг ўзи айтган: “Бу динда сизларга бирон хараж-танглик қилмади”(Қаранг: “ал-Иҳкам” 869).
Шайх Абдурраҳмон Саъдий раҳимаҳуллоҳ дедилар: “Аллоҳ бандаларига қилган барча амрларидаги асос, уларнинг енгил эканлигидир. Аммо агар бирор қийинчилик содир бўлса, унда у ёки умуман бекор қилинишлиги, ёки ўшани осонлаштирилган ҳолда адо қилишлик каби бошқа ҳолат билан енгиллатилади” (Қаранг: “Тафсир ас-Саъдий” 198).
Аллоҳ Пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Admin   09-20-2014, 11:50 AM
#3
Динда ҳаддан ошиш, ҳақдан оғиш ҳамда аҳли сунна вал жамоанинг йўлини четлаб ўтишнинг хатарли эканига у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу қавллари далолат қилади: «Мен сизлар ҳақингизда қўрқадиганларимнинг энг хавфлиси Қуръон ўқиган, ҳатто унда унинг (Қуръоннинг) гўзаллиги кўринган ва исломга ёрдамчи бўлган кимса. У ундан (исломдан) чиқиб кетади ва уни ортига ташлайди. Қўшнисига қарши қилич кўтаради ва уни ширкда айблайди». Мен: «Эй Аллоҳнинг пайғамбари! Уларнинг қай бири, айбловчими ёки айблангани ширкка лойиқроқ?», дедим. У киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Балки айбловчиси», дедилар. Бухорий «Тарих»да, Абу Яъло, Ибн Ҳиббон ва Баззорлар ривоят қилди. Албоний «Саҳиҳа» (3201)га қаранг.

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.