Admin   11-09-2009, 08:14 AM
#1
Муъаттилалар

Улар Аллоҳ таъолонинг исм ва сифатларининг барчасини ёки баъзисини инкор этдилар ва: «Исм ва сифатларни Аллоҳ таъоло учун исбот этиш, Аллоҳ таъолони ўз махлуқларига ўхшатишни тақозо қилади» - деб гумон қилдилар. Бу бир неча сабабларга кўра асоссиздир:

Биринчидан: Бу гумон ботил сабабларни тақозо қилади. Масалан: Аллоҳ таъолонинг каломида зиддиятларни тақозо қилади. Ҳолбуки, Аллоҳ таъоло Ўзи учун исм ва сифатларни исбот этиб, ўзининг ўхшаши бўлишини рад этган. Агар уларни исбот этиш ташбеҳ (ўхшатиш) ни тақозо қилса эди, Аллоҳ таъолонинг каломида бир-бирига зиддиятлар вужудга келар эди.

Иккинчидан: Икки нарсанинг бир исм ёки сифатда бир хил келиши, уларнинг бир-бирига тамоман ўхшаш эканини тақозо қилмайди. Масалан: икки шахснинг эшитувчи, кўрувчи ва гапирувчи инсон эканини кўрасиз. Бироқ, бу уларнинг одамийлик, эшитиш, кўриш ва гапиришда бир хил эканликларини тақозо этмайди. Бундан ташқари, сиз қўллари, оёқлари ва кўзлари бўлган кўплаб ҳайвонларни кўрасиз. Лекин, бу уларнинг бир хил бўлишлари керак эканини тақозо этмайди. Махлуқларда бўлган исм ва сифатларда ўзаро тафовутлар бўлар экан, демак, Холиқ билан махлуқ ўртасида фарқнинг бўлиши очиқ-равшандир.

Admin   11-09-2009, 08:17 AM
#2
Ҳофиз Тақиуддин Абу Муҳаммад Абдулғаний Ал-Мақдисий (600 ҳ) раҳимаҳуллоҳ дедилар: ”Ва шуни билингки, Аллоҳ сизга раҳм қилсин, Ислом ва унинг аҳлига 3 гуруҳ томонидан хужум қилинган ва зарар келтирилган:
1) Аллоҳнинг сифатлари ҳақидаги ҳадисларни ва уларнинг ровийларини рад этувчи гуруҳ. Уларнинг Исломга ва унга амал қилувчиларга қилган зарарлари кофирларнинг қилган зарарларидан ҳам кўпроқдир.
2) Бу ҳадисларни (яъни Аллоҳнинг сифатларига тааллуқли ҳадисларни) саҳиҳ деб гапирувчи ва қабул қилувчи, аммо уларни (Сифатларни) таъвил (маъноларини ўзгартирувчи) қилувчи гуруҳ.
3) Юқоридаги 2 фикрдан йироқ бўлувчи ва Аллоҳни, ўзларини таъкидлашича, барча танзих (нуқсон, нокомиллик)ларлардан пок қилишни бошловчи гуруҳ. Аммо хақиқатда эса улар ёлғончилардир ва бу айтганлари юқоридаги 2 фикрга олиб боради. Шунинг учун ҳам улар юқоридаги 2 гуруҳдан ҳам зарарлироқдир”
(Ақидатул-Ҳаафиз Абдул-Ғаний, 113-бет).

Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ нақл қилганларидек: “Аҳмад ибн Ҳанбалга айтишди: “(Нафл) рўза тутиб, (нафл) намоз ўқиб, эътикоф қилган одам сизга севимлироқми, ёки бидъат аҳли хусусида гапирадиган одамми?” Имом Аҳмад айтдилар: “Агар рўза тутиб, намоз ўқиб, эътикоф қилса, бу фақат ўз нафсига фойда олади. Агар бидъат аҳли борасида гапирса, бундан мусулмонлар фойда олади ва бу афзалроқдир. Агар Аллоҳ бидъат аҳлининг даф қилиш учун шундай одамларни турғизмаганида дин бузилиб кетган бўлар эди ва унинг фасоди жангари душманларнинг эгаллаб олиш фасодидан каттароқ бўлар эди. Чунки жангарилар бостириб олганда қалбларни ва улардаги динни бузиб юборишмайди, фақат уларга эргашганлар бузилади. Аммо бидъат аҳли бошланишининг ўзидаёқ қалбларни бузиб боради” (Ал-Фатава (28/231-232)).

Имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ Китоб ва суннатни қўйиб, ўз ақлларига толиб кетганлар ҳақида шундай дейдилар: “Каломчилар ҳақидаги ҳукмим шундайдир, уларни ҳурмо шохлари билан савалаш, туяларига миндириб қабилалар орасида айлантириш лозим. Китоб ва суннатни тарк қилиб, каломга йуналган одамларнинг жазоси шудир” (Имом Бағавий “Шархус-сунна”).

Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ: “Ҳидоят йўлига эргаш, у йўлдан юраётганларни камлиги сенга зарар бермайди. Залолат йўлларидан эҳтиёт бўл, ҳалок бўлганларнинг кўплигига алданма” (Имом Шотибий “ал-Итисам”).
Admin   11-09-2009, 08:24 AM
#3
Аллоҳнинг Исм ҳамда Сифатларида адашган фирқалар асрлар давомида ўз бидъатларига даъват қилиб келадилар. Ва Аҳлус суннани эса улар Мушаббиҳа (ташбеҳ қилувчилар), яъни Аллоҳнинг Сифатларини махлуқот сифатларига ўхшатувчилар, деб аташади. Мана шу аташларини салафларимиз жаҳмиянинг белгиси қилдилар.
Имом Абу Хотим ал-Ҳанзалий ар-Розий раҳимаҳуллоҳ: “Бидъат аҳлининг аломати, ҳадис олимларига тил теккизишдир. Зиндиқларнинг аломати эса, ҳадис олимларини хашавия дейишларидир. Улар шундай қилиб, ўртадан ҳадисларни йўқ қилишни истайдилар. Жаҳмиянинг аломати аҳли суннатни Мушаббиҳа деб номлашларидир. Қадариянинг аломати, аҳли суннатни жабария деб номлашларидир. Муржиянинг аломати, аҳли суннани мухолифлар ва нуқсончилар деб номлашларидир. Рофизийларнинг аломати, аҳли суннатга Навасиб деб ном беришларидир. Аҳли суннатга эса, фақат бир исм мос келади. Бутун бу исмларни улар учун ишлатишнинг имконияти йўқдир” (Розий “Суннат ва диннинг эътиқоди”).
Шайхулислом Абу Усмон Исмоил ас-Сабуний раҳимаҳуллоҳнинг нақадар бугунги кунимиздаги бузуқ ақидавий фикрларга мос қарашлари мавжуд. Улар айтадилар: “Бидъат аҳлининг аломатлари, устиларида очиқчасига кўринади. Уларнинг аломатларини ва белгиларини энг очиқ бўлгани, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни хабарларини ўрганиб етказган одамларга душманлик қилишларидир. Уларни ҳақир кўришлари, уларни Хашавия, жоҳил, Зохирия ва Мушаббиҳа деб номлашларидир. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга доир хабарларни илм билан алоқаси йўқ деб ишонадилар. Уларга кўра илм, шайтоннинг бузуқ ақлларини натижаси ва қора қалбларининг васвасалари орасидан талқин қилиб берилган гўзал фикрлардир” (Ас-Сабуний “Ҳадис асҳоби салафнинг ақидаси”).

Аллоҳнинг Исм ҳамда Сифатлари масаласида адашган гуруҳлар бир нечтадир. Булардан баъзиларини келтирамиз:

1. Аллоҳнинг сифатларини махлуқот сифатларига ўхшатувчилар. Демак, улар учун Аллоҳнинг эшитиши, кўриши ва барча сифатлари махлуқот сифатига ўхшайди. Бу гуруҳнинг номи Мушаббиҳалар деб номланади. Буларнинг ақидаси ботилдир. Аллоҳ таоло Қуръонда бу кабиларни рад этади:
Бирон нарса У Зотга ўхшаш эмасдир. У Зот (барча нарсани) Эшитгувчи ва (барча нарсани) Кўриб Тургувчидир” (Шўро сураси, 11-оят).
Мушаббиҳалар ақидасига тескари бўлган адашган гуруҳлар:

2. Ашъарий ва Мотрудийлар. Ашъарийлар ва Мотрудийлар ўртасидаги фарқ жуда ҳам кам. Ашъарийлар Аллоҳ таолонинг фақатгина 7 сифати бор ва у сифатлар ақл билан исбот қилинган дейишади. Яъни калом илмига берилиб ақлларига кўра бу сифатлар тасдиқланади, бошқа сифатлар эса ақлларига кўра рад этилади. Демак, Ашъарийлар Аллоҳнинг 7 та сифат ва барча Исмларини тасдиқлашади, қолган сифатларни рад этишади.

3. Мўътазилалар. Аллоҳнинг барча сифатларини рад этишади, Аллоҳнинг Исмларини тасдиқлашади.

4. Жаҳмиялар. Булар Аллоҳнинг барча Исм ва Сифатларини ҳам рад этишади.

5. Ҳаддан ошган Жаҳмиялар, файласуфлар, ботинийлар ва ҳоказолар. Булар: “Бизлар Аллоҳга бирорта Сифатни тасдиқлай ҳам олмаймиз, ҳамда Аллоҳнинг бирорта Сифатини рад ҳам эта олмаймиз”, дейишади. Яъни, масалан, Аллоҳ эшитади, деб ҳам айта олмаймиз, ҳамда Аллоҳ эшитмайди, деб ҳам айта олмаймиз, дейишади. Бу ерда ақл соҳиби эътибор қилса, биринчи айтганлари иккинчи айтганларини инкор этади ва аксинча. Демак, уларнинг фикрлари ҳам ботилдир.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.