Муслим   10-30-2012, 08:30 PM
#1
Қазо рўзани кейинги Рамазонга қадар кечиктириш ҳукми

Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Биз Уни мақтаймиз, Ундан ёрдам ва мағфират сўраймиз. Нафсларимизнинг ёмонлиги ҳамда амалларимизнинг шумлигидан Аллоҳнинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ таоло кимни ҳидоят қилса уни адаштиргувчи ва кимни адаштирса уни ҳидоят қилгувчи йўқдир. Мен шериги йўқ, ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у кишига, аҳли оила ва саҳобаларига саловату саломлар йўлласин.
Сўнг…
Рамазон ойида маълум бир шаръий узр сабабли рўза тутилмаган кун қазосини кейинги йил Рамазон ойи бошланишидан аввал адо этиб қўйиш керак эканига уламолар иттифоқ қилишди. Улар бунга далил сифатида имом Бухорий ва Муслимнинг Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисни келтиришди. Ушбу ҳадисда Оиша онамиз айтадиларки:
كَانَ يَكُونُ عَلَيَّ الصَّوْمُ مِنْ رَمَضَانَ ، فَمَا أَسْتَطِيعُ أَنْ أَقْضِيَهُ إِلا فِي شَعْبَانَ ، وَذَلِكَ لِمَكَانِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ.
«Мен (Рамазон рўзаси) қазосини Шаъбонга борибгина тутишга қодир бўлардим. Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматларида бўлганим учун эди» (Бухорий (1950), Муслим (1146)).
Ҳофиз Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ деди:
وَيُؤْخَذ مِنْ حِرْصهَا عَلَى ذَلِكَ فِي شَعْبَان أَنَّهُ لا يَجُوز تَأْخِير الْقَضَاء حَتَّى يَدْخُلَ رَمَضَان آخَرُ
«Оишанинг Рамазон рўзаси қазосини Шаъбон ойида адо этишга интилишидан шундай фойда олинадики, ўтган Рамазондаги қазони кейинги Рамазонга қолдириш мумкин эмас» (Фатҳул Борий, (4/191)).
Ўтган Рамазон ойининг қазо рўзасини кейинги Рамазон киришига қадар кечиктирилиши икки ҳолатнинг бирида рўй бериши мумкин:
Биринчи ҳолат: Узр сабабли кечиктириш. Масалан, кейинги Рамазон бошланишига қадар давом этган касаллик бўлгани учун. Бундай ҳолатда у гуноҳкор бўлмайди. Чунки у қазо рўзани адо этишни узри сабабли кечиктирди. Унга қазосини тутиб беришдан бошқа бирор амал қилиши шарт эмас. У фақат рўза тутмаган кунлари миқдорича қазо рўза тутади.
Иккинчи ҳолат: Қазони узрсиз кечиктириш. Масалан, инсон қазони адо этишга қодир эди, бироқ кейинги Рамазон киргунига қадар адо этмади. Бундай ҳолатдa инсон гуноҳкор бўлади. Чунки у қазони узрсиз кечиктирди. Уламолар бундай инсон кечиктирган қазосини адо этиб қўйиши лозим эканига иттифоқ қилишди. Бироқ уламолар қазо билан бирга ҳар бир кечиктирган кун учун мискинни таомлантириши керакми ёки йўқми деган масалада ихтилоф қилишди.
Имом Молик, Шофеий ва Аҳмадлар ҳар бир кечиктирилган қазо рўза учун бир мискинни таомлантириши лозим деган қавлга борди. Далил сифатида Абу Ҳурайра ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳум каби саҳобалардан ворид бўлган асарни далил қилишди.
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ эса қазо билан бирга мискинни таомлантириш керак эмас деди. Аллоҳ таоло тутилмаган рўза эвазига рўза тутиб беришни буюрди, бироқ мискинни таомлантиришни буюрмаганини далил қилди. Аллоҳ таоло айтадики:
( وَمَنْ كَانَ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ ) البقرة/185.
«Ва ким хаста ёки мусофир бўлса, у ҳолда (рўза тутолмаган кунларининг) саноғини бошқа кунларда (тузалгач ёки сафардан қайтгач) тутади» (Бақара: 185). Кенгроқ маълумот учун «ал-Мажмуъ» (6/366), «ал-Муғний» (4/400) асарларига мурожаат қилинг.
Иккинчи қавлни имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ҳам ихтиёр қилди ва ўзининг «Саҳиҳ» тўпламида бунга ишора қилиб ўтди:
قَالَ إِبْرَاهِيمُ -يعني : النخعي- : إِذَا فَرَّطَ حَتَّى جَاءَ رَمَضَانُ آخَرُ يَصُومُهُمَا وَلَمْ يَرَ عَلَيْهِ طَعَامًا ، وَيُذْكَرُ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ مُرْسَلا وَابْنِ عَبَّاسٍ أَنَّهُ يُطْعِمُ . ثم قال البخاري : وَلَمْ يَذْكُرِ اللَّهُ الإِطْعَامَ ، إِنَّمَا قَالَ : ( فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ )
«Иброҳим Нахаий деди: «Агар (мўмин киши) сусткашликка йўл қўйиб (ўтган Рамазондан қолган қазо рўзани адо этмаса), ҳатто кейинги Рамазон кириб келса, унда у икки Рамазон рўзасини тутади» ва у (мискинни) таомлантириш лозим деб ҳисобламади. Абу Ҳурайра ва Ибн Аббосдан ривоят қилинишича, улар (мискинни) таомлантириш лозим деб билишди». Кейин Бухорий деди: «Аллоҳ (Қуръонда) таомлантиришни эслаб ўтмади, балки: «Саноғини бошқа кунларда тутади» деди».
Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ мискинни таомлантириш шарт эмас деган қавлни тўғри санаб, шундай дедилар:
وأما أقوال الصحابة فإن في حجتها نظراً إذا خالفت ظاهر القرآن ، وهنا إيجاب الإطعام مخالف لظاهر القرآن يلزمهم الله به إلا بدليل تبرأ به الذمة ، على أن ما روي عن ابن عباس وأبي هريرة رضي الله عنهم يمكن أن يحمل على سبيل الاستحباب لا على سبيل الوجوب ، فالصحيح في هذه المسألة أنه لا يلزمه أكثر من الصيام إلا أنه يأثم بالتأخير .
«Саҳобалар қавлига келсак, уларнинг ҳужжатида Қуръоннинг зоҳирий маъносига хилофлик бор. Мискинни таомлантириш вожиб экани Қуръоннинг зоҳирий маъносига зид. Чунки Аллоҳ таоло (қолдирилган рўза) саноғини бошқа кунларда тутиб беришни вожиб қилди, бундан ортиқ нарсани вожиб қилмади. Шунинг учун, Аллоҳнинг бандалари тўғри далил билан қилиниши лозим бўлган нарсанигина қилишлари лозим. Ибн Аббос ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумдан қилинган ривоятга эса мустаҳаб амал сифатида қараш керак, вожиб сифатида эмас. Ушбу масаладаги тўғри фикр, (қазони кечиктирган одам учун) рўза тутишдан ортиқ нарса лозим эмас. Қазони кечиктиргани учун эса у гуноҳкор бўлади» (Шарҳ ал-Мумтиъ (6/451)).
Шундай қилиб, мусулмон киши аввалги Рамазон ойидан қолган қазо рўзасини бирор шаръий узрсиз кейинги Рамазон ойи киргунига қадар адо этмаган бўлса, у Аллоҳ таолога холис тавба қилиши, ҳамда келажакда бу ишга қайта қўл урмасликка аҳд қилиши лозим. Сўнг қолдирган қазо рўзасини имкон бўлганда кейинги Рамазон киргунига қадар адо этиб қўйиши вожиб бўлади. Ҳар бир кечиктирилган қазо рўза учун бир мискинни таомлантиришга келсак, уламоларнинг тўғрироқ фикрига кўра, унга вожиб бўлмайди. Балки эҳтиёт юзасидан ҳар бир кечиктирилган қазо рўза учун бир мискинни таомлантирса, яхши ишга қўл урибди.
Валлоҳу аълам.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
Меҳмон   11-20-2014, 01:47 PM
#2
Oldingi yili rozasini tutmasdan bu yilgi rozani tutim oldingi yili rozasini tutiwim keremi
Дилмурод Абу Муҳаммад   04-29-2019, 12:00 AM
#3
Рўза қазосини кейинги Рамазонгача адо этиш

Дилмурод Абу Муҳаммад


[audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/savol_javob/roza_qazosini_keyingi_ramazongacha_ado_etish.mp3[/audio]
Юклаб олиш
Дилмурод Абу Муҳаммад   04-29-2019, 12:01 AM
#4
Қазо рўзани қачонгача кечиктириш мумкин?

Дилмурод Абу Муҳаммад


[audio]https://tavhid.com/downloads/maruza/dilmurod/fiqh/roza_ramazonga_oid_turli_mavzular/qazo_rozani_qachongacha_kechiktirish_mumkin.mp3[/audio]
Юклаб олиш
Admin   04-29-2019, 12:08 AM
#5
Илмсизлик туфайли Рамазон рўзасини тутмаслик

Савол: Ўн уч ёшли қиз билимсизликдан Рамазондан етти кун рўза тутмай қолибди. У нима қилиши керак, Аллоҳ Сизни афвига олсин!
Жавоб: Агар қиз рўза тутмаган пайтида балоғатга етган бўлса, у тавба ва истиғфор қилиб, ўша кунларнинг қазосини тутиб бериши керак. Бордию қазони бир йилдан ортиқ кечиктирган бўлса, кечиктирган ҳар бир кун учун бир мискинга таом едириши афзалдир. Аммо у ўша пайтда ҳали балоғатга етмаган бўлса, қазо қилиши вожиб эмас. Балоғатга етган бўлса тавба, истиғфор ҳамда қодир бўлса, эҳтиёт юзасидан таом едириш билан бирга қазо қилиши вожиб бўлади. Саҳобалардан бир қанчалари шундай фатво берганлар. Таом едириш бир соъ миқдорида бўлади. Бир соъ бир ярим килограмм бўлиб, уни ўша юртнинг асосий озиғи бўлган емишлардан чиқарилади. У қиз қодир бўлса, шундай қилиши мустаҳабдир. Агар қодир бўлмаса, бу шарт эмас.

  
Users browsing this thread: 4 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.