Таяммум учун ёстиқ чангидан фойдаланиш
Савол: Кунларнинг бирида пешин маҳали соат иккиларда онамнинг бурнидан қон келиб, аср пайти соат тўрт яримларгача тўхтамади. Уни касалхонага олиб бордик. Унга сунъий озиқлантирувчи боғланди. Сунъий озиқлантириш, тақрибан, бешдан ўн дақиқа ўтганида тугади. Онам аср намозини ўқимоқчи бўлди, бироқ, таҳорат олишга кучи етмади. Чунки, қонни кўп йўқотганидан бошини қимирлатишга, ҳатто гапиришга мажоли қолмаган эди. Онам аср намозини ўқишни хоҳлар эди. Касалхонада таяммум қилиш учун тупроқ йўқ, ташқаридан тупроқ олиб чиқишга эса рухсат йўқ эди. Бемор аёллардан бири онамнинг қон теккан кийимларини алиштириш, олдиларига жойнамозни қўйиб, онам унга қўлларини таяммум ниятида уришини тавсия этди. Биз унинг айтганидек қилдик. Онам таяммум билан аср намозини ўқиди. Онам ўқиган бу намоз равоми ёки йўқми?
Шом намозини ўқиш учун онам таҳоратхонага борди ва намоз учун таҳорат олди. Юзини ювмоқчи бўлганида эса тиббий дока ёпиштирилган бурни ва унинг атрофларига уч марта масҳ тортди.
Бир неча кун давомида намозларини ўтириб ўқиди. Шуни ҳам айтишим керакки, мен онамнинг таҳорат олишида ёрдам бериб турдим. Чунки у, бошини ҳар тарафга қимирлата олмас эди. Аллоҳ сизга билдирсин, (биз қилган бу ишлар тўғрими), тушунтириб берсангиз?
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.
Сўнг...
Аввало, онангизнинг пок тупроққа етиша олмагани сабабли таяммум учун жойнамозга қўлларини уриши тўғридир.
Иккинчидан, тиббий докага масҳ тортиши ҳам раводир.
Учинчидан, онангизга таҳорат олишида кўмакчи бўлишингизнинг ҳам зарари йўқдир.
Тўртинчидан, онангизнинг туриб ўқишга имкони бўлмагани учун ўтириб ўқиши ҳам тўғридир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.