Ҳижрат – ширк диёридан ислом диёрига кўчиб ўтишликдир
Ҳижрат ширк диёридан ислом диёрига кўчиб ўтишликдир.
Ҳижрат луғатда бирор нарсани тарк этишликдир.
Ҳижратнинг шаръий маъносига келсак, у шайх раҳимаҳуллоҳ таъриф берганларидек: куфр диёридан ислом диёрига кўчиб ўтишликдир. Ана шу шаръий ҳижратдир. Ҳижрат улуғ бир амал бўлиб, Аллоҳ таоло кўплаб оятларда уни жиҳод билан бирга ёд этди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилгач, Ҳабашистондаги муҳожирлар ҳам Мадинага келишди ва мусулмонлар Мадинада жамланишди, барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Мадинада муҳожир ва ансорлардан иборат мусулмонларнинг давлати қад кўтарди. Ким исломга кирса уларнинг олдига келарди. Ана шу дамда Аллоҳ таоло диннинг қолган буйруқларини жорий қилди. У Зот Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳижратнинг иккинчи йили рўза ва закотни фарз қилди. Ҳажни эса саҳиҳ қовлга кўра ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилди. Ана шу алфозда ислом рукнлари тўла бўлди. Ушбу рукнларнинг аввали икки шаҳодат калимаси, охиргиси эса Аллоҳнинг уйи сари ҳаж қилишликдир.
Булардан шу хулосани оламизки, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишдаги энг биринчи муҳим иш – тавҳид экани ва даъватчи намоз, рўза, закот ёки ҳаждан олдин тавҳиддан бошламоқлигини билиб олдик. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўн йил тавҳидга даъват қилиб, ширкдан қайтаришда давом этдилар. (Бу орада) на намозга, на закотга, на ҳажга ва на рўзага буюрилмаган эдилар. Балки ушбу фарзлар у кишига тавҳид қарор топгач фарз қилинди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватчиларни (турли қабилаларга) жўнатадиган бўлсалар, уларга одамларни авваламбор тавҳидга даъват қилишни буюрардилар. Худди Муоз розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида келганидек: «Сиз аҳли китобдан иборат бир қавм олдига кетяпсиз. Уларни даъват қиладиган аввалги (чақириғингиз) «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир), деб гувоҳлик бериш бўлсин. Агар буни ижобат қилсалар, Аллоҳ таоло уларга беш вақт намозни фарз қилганини билдиринг...» (Бухорий (1395), Муслим (19) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят).
Ушбу ҳадис тавҳид рўёбга чиқиб, вужудга келгандагина намоз, закот ва рўзага буюриш мумкинлигига далолат қиляпти. Кимда-ким (даъватини) тавҳиддан бошламас экан, унинг даъвати муваффаққиятсиз, манҳажи эса элчилар алайҳимуссалоту ва салламларнинг манҳажига хилоф бўлади.
Элчиларнинг бари авваламбор тавҳид ва ақидани ўнглашдан бошлашган. Ушбу йўл (даъват йўлидан) юраман деганларга билишлари лозим бўлган ўта муҳим дастурдир. Чунки бугунги кунда ушбу дастурни лойқалатиб, ўзгартираётганлар ва ўз ижтиҳоди ёки жоҳиллардан иборат ўзгалар ижтиҳодидан келиб чиққан бир дастурни танлаяпти. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам манҳаж-дастурига қайтишлик лозиму лобуддир. Ана шу Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг сийратларини билиш ва уни уч асос зимнига киритишдан ҳосил бўлган фойдадир. Тоинки ушбу йўлдан юриш учун у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамларни қандай даъват қилганликлари ва даъватдаги манҳаж-дастурлари нима эканини билиб оласиз. Чунки у киши намунадирлар соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Ширк диёридан ислом диёрига ҳижрат қилишлик ушбу уммат гарданидаги фарздир. Ва у қиёмат қоим бўлгунга қадар боқий қолади.
Ҳижрат Аллоҳ йўлидаги жиҳод билан ўзаро боғлиқдир. Ва у мансух бўлмай, боқий қолади. Ҳижратга муҳтож бўлган ҳар бир мусулмонга ҳижрат қилишлиги вожибдир. Мусулмон кишига динини изҳор қилишга қодир бўлмаган ҳолатда куфр диёрида истиқомат қилишлиги жоиз эмас. Демак, унга мусулмонларнинг диёрларига ҳижрат қилиши вожиб бўлади. Ва у Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларига биноан боқий қолувчи фарз амалдир: «Тавба узилмагунча ҳижрат ҳам узилмайди. Тавба эса қуёш мағрибдан чиқмагунча узилмайди» (Абу Довуд (3479), Аҳмад 28/111 (16906) Муовия ибн абу Суфён розияллоҳу анҳумодан ривоят).
Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта мусулмонлар билан бирга ҳижрат қилмасдан кофирлар қўл остида яшашга рози бўлиш билан ўз жонларига жабр қилган қимсаларнинг жонларини олиш чоғида фаришталар уларга: «Қандай ҳолда яшадингиз?» — деганларида: «Биз бу ерда чорасиз бечоралар эдик», дедилар. (Шунда фаришталар): «Ҳижрат қилсанглар Аллоҳнинг ери кенг эди-ку?! (Нега дину иймонларингиз йўлида бу юртдан ҳижрат қилмадинглар?)» — дейишди. Бундайларнинг жойлари жаҳаннамдир. Кандай ёмон жойдир у! Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, ҳижрат йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган кишилар, аёллар ва болалар борки, бундайларни шояд Аллоҳ авф этса. Зотан, Аллоҳ афв этгувчи, мағфират қилгувчи бўлган зотдир. Ким Аллоҳ йўлида ҳижрат қилса, ер юзида кўп паноҳ бўлгудек жойларни ва кенгчиликни топгай. Ким уйидан Аллоҳ ва Унинг пайғамбари сари муҳожир бўлиб чиқиб, сўнг (шу йўлда) унга ўлим етса, муҳаққақки унинг ажри — мукофоти Аллоҳнинг зиммасига тушар. Аллоҳ мағфиратли, меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 97-100).
Ушбу оятларда гарчи исломдан чиқиб кетмаса-да, ҳижратга қодир бўла туриб, уни тарк этган кимсага ваъид бўлиб, унинг борар жойи жаҳаннам эканлиги айтиляпти. Нақадар ёмон жойдир у. Бироқ бу ваъид оятларидандир. Агар ҳижратни тарк этса, дарҳақиқат, вожибни тарк этган бўлиб, осийлардан бўлади. Бироқ ҳижратни тарк этиш билан исломдан чиқиб кетмайди. Ва унга қаттиқ ваъид бор. Сўнг Аллоҳ таоло ҳижратнинг вожиблигини соқит қиладиган узрни баён қилиб, шундай деди: «Фақат бирон чора топишга қодир бўлмай, ҳижрат йўлини истаб топа олмай чорасиз қолган кишилар, аёллар ва болалар борки...», яъни, Мадина шаҳрига олиб борадиган йўлни билмайдилар. Чунки ҳижрат сафар қилишликка эҳтиёжлидир. Акс ҳолда инсон ҳижрат асносида қай бир йўлга юришни билмай ҳалок бўлади. Демак уларнинг узрлари икки ишдан иборатдир:
Бирон чора топишга қодир бўлмайдиганлар.
Ҳижрат йўлини истаб топа олмай чорасиз қолганлар. Уларнинг имкониятлари бўлса-да, бироқ улар қай йўлдан юришни ва уларга йўл-йўриқ кўрсатадиган кишини билмайдилар. Ана шу яроқли-арзигулик узрдир.
Имкониятга эга ва йўлни биладиган кимсага келсак, унинг учун бирор узр йўқдир.
Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Эй иймон келтирган бандаларим, шак-шубҳа йўқки, Менинг ерим кенг, каттадир. Бас сизлар Менгагина ибодат қилингиз!» (Анкабут: 56).
Бағавий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу оят Маккадан ҳижрат қилмаган мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Аллоҳ таоло уларга иймон исми ила нидо қилди».
Анкабут сурасининг ушбу оятида ҳижратга буйруқ ва Аллоҳнинг ери кенг эканлиги хабар қилинди. Агар динингни изҳор қилишга имконият қила олмайдиган диёрда бўлсанг, Аллоҳнинг ери кенгдир. У ердан кўчиб ўт. Ушбу ярамас ўринда қолма, балки уни қўйиб Аллоҳнинг кенг ерига чиқ. Дарҳақиқат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ерни кенг қилиб қўйди. Ҳижратга суннатдан далил Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларидир: «Тавба узилмагунча ҳижрат ҳам узилмайди. Тавба эса қуёш мағрибдан чиқмагунча узилмайди».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқдир», деган қовлларига келсак, ушбу ҳадиснинг зоҳири Макка фатҳидан сўнг ҳижрат интиҳо топди деган маънони ифодалаяпти. Ва баъзи одамлар ушбу икки ҳадис ўртасида ўзаро зиддият бор деб ўйлайди. Бироқ илм аҳли ушбу ҳадисга қуйидагича жавоб беришди, фатҳдан сўнг ҳижрат йўқдир, деганидан мурод, яъни, Маккадан (ҳижрат қилинмайди). Чунки у фатҳ қилиниши билан ислом диёрига айланди. Ва яна фатҳдан сўнг Маккадан ҳижрат қилишлик ҳам боқий қолади деб ўйлайдилар. Натижада ҳижратнинг савобини ҳосил қилишни хоҳлайдилар. Куфр диёридан ҳижрат қилишлик қиёмат қоим бўлгунча боқий қолади. Далил эса юқоридаги оят ва Пайғамбар ҳадисидир. Ушбу муаммога ана шу жавоб бўлади.