Ҳашр сураси, 18-24 оятлар
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдурроҳим Бухорий ҳафизаҳуллоҳ
18. Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир.
19. Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган, бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ўзларини ҳам унуттириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз! Ана ўшалар фосиқ-итоатсиз кимсалардир!
20. Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари (бахт-саодатга) эришгувчи зотлардир.
21. Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоғга нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Аллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз. Биз бу мисолларни одамлар учун, шояд улар тафаккур қилсалар, деб келтирмоқдамиз.
22. У – Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. (У) ғайб ва шаҳодатни (яъни яширин ва ошкора нарсаларни) билгувчидир. У меҳрибон ва раҳмлидир.
23. У – Аллоҳ, шундай зотдирки, ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, фақат Унинг Ўзи бордир. У (ёлғиз) подшоҳдир, (барча айб-нуқсондан) покдир-саломатдир, (Ўзи хоҳлаган бандаларини дунё бало-офатлари ва охират азобидан) омон қилгувчидир, (бандаларнинг амалларини) кўриб-кузатиб тургувчидир, қудрат соҳибидир, бўйсундиргувчидир, (танҳо) кибр эгасидир. Аллоҳ уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан покдир.
24. У – Аллоҳ яратгувчидир, (йўқдан) бор қилгувчидир, (барча нарсага) сурат-шакл бергувчидир. Унинг гўзал исмлари бордир. Осмонлар ва ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У қудрат ва ҳикмат соҳибидир.