dimu   01-13-2013, 08:56 PM
#1
Ассалому алайкум! Термизий ва бошка мухаддислар Усмон ибн Ханийфдан ривоят килган кузи ожиз кишининг пайгамбар алайхиссаломни васила килиб дуо килганлиги хакидаги хадисдан кандай хукмлар чикади? Унинг шархларида нима дейилган?

“Эй иймон келтирган инсонлар, Аллоҳга итоат қилинглар, Расулга итоат қилинглар ва ўзингиздан бўлган раҳбарларга ҳам”. (Нисо/59)
Муслим   02-06-2013, 12:09 AM
#2
(01-13-2013, 08:56 PM)dimu Wrote: Ассалому алайкум!
Валейкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
(01-13-2013, 08:56 PM)dimu Wrote: Термизий ва бошка мухаддислар Усмон ибн Ханийфдан ривоят килган кузи ожиз кишининг пайгамбар алайхиссаломни васила килиб дуо килганлиги хакидаги хадисдан кандай хукмлар чикади? Унинг шархларида нима дейилган?
Ботил тавассул тарафдорлари ушбу амални жоиз эканига ҳужжат сифати сиз сўраган ҳадисни далил қилиб келтиришади.
Эътиборингизга шайх Муҳаммад Носириддин Албоний раҳимаҳуллоҳнинг "Тавассулнинг ҳукми ва турлари" номли китобларидан иқтибос келтираман. Ушбу китоб тавассул бобидаги ажойиб китоблардан ҳисобланиб, шайх Солиҳ Фавзон ҳафизаҳуллоҳ фатволарининг бирида савол берувчига ушбу китобни ўқишликни тавсия қилганларини эшитганман.
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, ушбу китобнинг асосий қисми ўзбек тилига ҳам таржима қилиб бўлинган. Баъзи биродарларимиз китобнинг қолган оз қисмини ҳам таржима қилиб тугатишса, ушбу саҳифада китобнинг тўлиқ матнини тез кунларда ўқиш имконимиз бўлади иншааллоҳ.
Демак, шайх Муҳаммад Носириддин Албоний раҳимаҳуллоҳ "Тавассулнинг ҳукми ва турлари" китобларининг Тўртинчи қисмини "Шубҳалар ва уларга бўлган жавоблар" деб номладилар ва шундай дедилар: Бу мавзуда мухолиф томон ўз хато фикрларини асослаш учун, оммага уни тўғри деб кўрсатиш ва ишни уларга қоронғилаштириш учун баъзи эътироз ва шубҳаларни келтиради. Қуйида мен бу шубҳаларни кетма-кет келтираман ва олдинги қисмдаги баёним билан иқрор ва мутобиқ бўлган жавоб воситасида уларга илмий қаноатлантирувчи раддия бераман, иншааллоҳ. Унинг натижасида ҳар қандай мухлис, инсофли киши қаноат топади ва биза қарши ҳар қандай ботил тўқима рад этилади. Аллоҳнинг Ўзидангина тавфиқ ва ёрдам сўраймиз!
Сўнг ушбу бобда келган шубҳали далилларга тўхталиб, уларга гўзал услубда раддия бердилар.
Тўртинчи қисмнинг иккинчи шубҳаси айни сиз сўраган ҳадис бўлиб қуйида шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ у ҳақида айтган сўзларини келтирамиз:
Иккинчи шубҳа: Кўр кишининг ҳадиси
Умарнинг Аббос розияллоҳу анҳу билан қилган тавассули ҳақидаги ҳадисдан фориғ бўлганимиздан ва у мухолифларга ҳужжат эмаслиги, балки уларга қарши ҳужжат эканлигини баён қилганимиздан сўнг, энди зарар кўрган кишининг ҳадиси ҳақида фикрни таҳқиқ қилиш ва маъносига назар солишга киришамиз: у уларнинг фойдасигами, ёки яна уларнинг зарарига ҳужжатми?
Айтамизки, уни Аҳмад ва бошқалар саҳиҳ санад билан Усмон ибн Ҳунайфдан ривоят қилишди: “Бир кўр киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Аллоҳга дуо қилинг, менга офият (шифо) берсин”, деди. У зот: “Хоҳласанг, ҳаққингга дуо қиламан. Хоҳласанг, буни кейинга суриб қўй, бу яхшироқдир (бир ривоятда: “Хоҳласанг, сабр қилинг, бу сен учун яхшидир), дедилар”. У: “Дуо қил Унга”, деди. Шунда у зот унга яхшилаб таҳорат олиб икки ракат намоз ўқишни ва мана бу дуони ўқишни буюрдилар:

اللهم إني أسألك وأتوجه إليك بنبيك محمد نبي الرحمة يا محمد إني توجهت بك إلى ربي في حاجتي هذه فتقضى لي اللهم فشفعه في [ وشفعني فيه ].

“Аллоҳим, мен Сендан Пайғамбаринг Муҳаммад, раҳмат пайғамбари билан сўрайман ва юзланаман. Эй Муҳаммад, мен сиз билан Роббимга ушбу ҳожатим ечилиши ҳақида юзланаман. Аллоҳим! Уни менга шафоатчи қил, мени унга шафоатчи қил”. Бу киши шундай қилиб соғайиб кетди”.
Мухолиф томон бу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёки бошқа солиҳларнинг обрўси билан тавассул қилиш жоизлигига далолат қилади, деб ўйлайди. Чунки унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўр кишига дуода ўзлари билан тавассул қилишни ўргатдилар, бу кўр киши шу ишни қилиб кўрадиган бўлди.
Биз эса бу ҳадисда ихтилоф қилинган тавассулга – зот билан тавассул қилишга ҳужжат йўқ деб ҳисоблаймиз. Балки бу биз юқорида айтиб ўтган тавассул турларидан бўлган учинчи турига бўлган яна бир далилдир. Чунки бу кўр кишининг тавассули фақат дуоси билан бўлган эди. Биз айтаётган нарсанинг далиллари бу ҳадиснинг ўзидан кўп. Уларнинг энг муҳими:
Биринчидан, бу кўр киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига фақат у зот унинг ҳаққига дуо қилишлари учун келди. Бу эса у кишининг: “Аллоҳга дуо қилинг, менга шифо берсин”, деган сўзларидир. Демак бу киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан Аллоҳга тавассул қилди, чунки у билардики, у зотнинг дуолари Аллоҳ томонидан қабул бўлишига бошқа кишиникидан кўра умиди кўпроқдир. Агар бу кўр кишининг мақсади Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зотлари, ёки обрўлари, ёки ҳақлари билан тавассул қилиш бўлганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келишнинг ва у зотдан дуо қилишларини талаб қилишнинг ҳожати бўлмасди. Балки у уйида ўтириб Роббисига масалан бундай дуо қилиши мумкин эди: “Аллоҳим, мен Пайғамбаринг обрўси ва унинг Сенинг ҳузурингдаги ўрни билан сўрайман, менга шифо бер ва мени кўрадиган қил”. Лекин у бундай қилмади. Нима учун? Чунки у араб бўлиб, араб тилидаги тавассул сўзининг маъносини ҳақиқатан тушунарди ва билардики, у (тавассул) ҳожат эгаси тавассул қилинувчининг исмини зикр қилиш сўзи эмас. Балки албатта салоҳияти ва Китобу Суннатнинг илми бор деб эътиқод қиладиган киши унинг олдига келиб ундан ўз ҳаққига дуо талаб қилишидир.
Иккинчидан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дуо қилишни ваъда бериб шу билан бирга унга афзалроқ нарсани баён қилдилар. Бу эса у зотнинг: “Хоҳласанг, ҳаққингга дуо қиламан. Хоҳласанг, сабр қил, бу сен учун яхшироқдир”, деган сўзларидир. Бу иккинчиси эса (насиҳатлари), Роббилари Табарока ва Таолодан ривоят қилган ҳадисларига ишора қилишларидир. (Аллоҳ) айтди: “Агар бандам икки севгилиси, яъни икки кўзи, билан мубтало бўлиб шунга сабр қилса, у иккисининг ўрнига унга жаннатни алмаштириб бераман” (Бухорийнинг Анас розияллоҳу анҳудан ривояти).
Учинчидан, кўр кишининг дуо талаб қилишда давом этишидир. Бу эса унинг: “Дуо қилинг”, сўзларидир. Бундан келиб чиқадиган нарса – Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дуо қилдилар, чунки у зот ваъдасига вафо қилувчиларнинг энг яхшиси эдилар. Юқорида айтилганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга дуо қилишни ваъда қилгандилар. Бояги киши дуони хоҳлади ва шу хоҳишда давом этди. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга албатта дуо қилган бўлишлари керак. Шундай қилиб мақсад собит бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам раҳматларидан келиб чиқиб ва кўр киши ҳақидаги дуоларига Аллоҳ Таоло ижобат қилишини қаттиқ хоҳлаганларидан уни яхшиликни атрофлича жамласин деб машруъ бўлган тавассулнинг иккинчи турига - солиҳ амал билан тавассул қилишга йўллантирдилар. Шундай қилиб у зот унга таҳорат олиб, икки ракаат намоз ўқиб ўзига дуо қилишни буюрдилар. Бу амаллар эса Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога тоатдир. У киши ушбу амалларни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга дуо қилишларидан олдин тақдим қилди. Бу эса юқорида айтилганидек, Аллоҳ Таолонинг: “Унга етишишликка васила излангизлар”, сўзларига киради.
Шундай қилиб Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам кўр кишига ваъда қилган дуолари билан чекланмадилар, балки иш ҳар томондан мукаммал бўлиши ҳамда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг қабули ва ризосига яқинроқ бўлиши учун уни Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолога тоат ва Унга яқинлашиш бўлган амаллар билан машғул қилдилар. Шунга биноан бу ҳодисанинг барчаси дуо атрофидадир, бу очиқ-ойдиндир, ва унда улар даъво қилаётган нарсадан биронтасининг зикри йўқ.
“Мисбаҳ” муаллифи бундан ғафлатда бўлган ёки ўзини билмаганга солган. У китобида шундай деган: “Хоҳласанг, дуо қиламан”, яъни: “Хоҳласанг, сенга дуо ўргатаман ва уни сенга айтиб тураман”. Ҳадиснинг боши билан охири мувофиқ бўлиши учун бундай таъвил вожибдир”.
Мен айтаман (Албоний): бу таъвил кўп жиҳатдан ботилдир. Уларнинг ичида:
Кўр одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан унинг ҳаққига дуо қилишни талаб қилди холос, унга дуо ўргатишни эмас. Агар кўр кишининг талабига биноан у зотнинг жавоблари: “Хоҳласанг, дуо қиламан”, бўлса, бу унинг ҳаққига дуо эканлиги албатта муайян бўлади. Мана шу маъно ҳадиснинг охирига мувофиқдир. Шунинг учун “Мисбаҳ”нинг муаллифи кўр кишининг қуйидаги сўзларини келтирмаганини кўрамиз: “Аллоҳим! Уни менга шафоатчи қил, мени унга шафоатчи қил”. Чунки, юқорида баён қилганимиздек, бунда тавассул Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан бўлгани очиқ-ойдиндир.
Кейин у (“Мисбаҳ” муаллифи) айтди: “Ундан кейин, агар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўр кишига дуо қилдилар деб рози бўлсак, бу эса ҳадиснинг бошқа нарсалар учун умумий маънога эга бўлишига тўсқинлик қилмайди”.
Мен айтаман (Албоний): Бу одамларни яширинмасдан адаштиришдир. Чунки ҳеч ким бу ҳадиснинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрдан бошқага қиладиган дуолари умумийлигини инкор қилмайди. Лекин у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рафиқул-аълога кўчганларидан сўнг дуолари тавассул қилувчиларнинг турли ҳожат ва хоҳишларига нисбатан маълум эмас. Уларнинг ўзлари ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг у кишининг дуолари билан тавассул қилишмаган. Шунинг учун ҳукмлар турлича. Демак, “Мисбаҳ” муаллифининг юқоридаги айтган розилиги унинг қаршисига ҳужжатдир.
Тўртинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўргатган дуоларида: “Аллоҳим, уни менга шафоатчи қил”, сўзлари бор (бу жумла Аҳмад, Ҳоким ва бошқаларда саҳиҳ санад билан мавжуд). Буни эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зотлари, ёки обрўлари, ёки ҳақлари билан тавассул деб тушуниш мумкин эмас. Чунки унинг маъноси: “Аллоҳим, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг менинг ҳаққимдаги шафоатларини қабул эт”, яъни, кўриш хислати менга қайтарилиши борасидаги дуоларини қабул эт. Шафоатнинг луғатдаги маъноси дуодир ва бу у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам, бошқа пайғамбарлар ва солиҳлардан Қиёмат Кунида собит бўлган шафоатдан муроддир. Бу эса шафоат дуодан хосроқ эканлигини баён қилиб беради. Чунки у фақат икки киши бирон бир ишни талаб қилаётганидагина бўлади. Икковидан бири иккинчисига шафоат қилувчи бўлади. Бу эса бир кишидан биров шафоатни сўрамасдан туриб қилган дуосидан фарқ қилади. “Лисонул-араб”да шундай дейилган:
“Шафоат – шафоат қилувчининг подшоҳ олдида бировнинг ҳожатини сўраб айтган сўзлари. Шафоат қилувчи биров учун талаб қилувчидир. Унинг ёрдамида талаб қилинаётган нарсага эришилади. Фалончини фалончининг олдига шафоатчи қилдим, у менга ўша киши олдида шафоат қилди, дейилади”.
Демак, шу билан бояги кўр кишининг тавассули Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари билан эканлиги, зотлари билан эмаслиги собит бўлди.
Бешинчидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўр кишига ўргатган дуоларида: “Аллоҳим, мени унга шафоатчи қил” (бу жумла Аҳмад ва Ҳоким ҳадисида саҳиҳдир. Уни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий унга мувофиқ бўлган. Ушбу ҳадисни зот билан тавассул деб тушуниш ботиллигига бу жумланинг ёлғиз ўзи катъий далилдир). Яъни, кўриш хислати менга қайтиши ҳақидаги Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари - дуолари қабул бўлиши ҳақида шафоатимни - дуоимни қабул эт. Бу жумладан бошқа маънони тушуниш мумкин эмас.
Шунинг учун кўрасизки, мухолифлар ўзларини бу (жумла)ни кўрмаганга солишади ва уни яқиндан ҳам, узоқдан ҳам келтиришмайди, чунки у уларнинг тузган иморатларини асосидан бузиб юборади ва илдизи билан суғориб олади. Агар улар уни эшитса, сизга ҳушидан кетган одамнинг назари билан қарашади. Чунки Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўр кишига нисбатан шафоатлари тушунарли. Лекин кўр кишининг Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан шафоати қандай? Уларда бунга албатта жавоб йўқ. Бу жумла уларнинг таъвилларини ботилга чиқаришини улар билишаётганига далолат қиладиган нарсалардан бири шуки, уларнинг биронтаси бу жумлани ишлатмаслигини кўрасиз, масалан, бундай деб: “Аллоҳим, менинг ҳаққимда Пайғамбарингни шафоатчи қил, мени эса унинг ҳаққида шафоатчи қил”.
Олтинчидан, бу ҳадисни уламолар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари, ижобат бўлган дуолари, Аллоҳ у кишининг дуолари барокотидан рўёбга чиқарган ғайриоддий ҳолатлар ва касалликларнинг йўқ бўлиши қаторида зикр қилишган. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари сабабли Аллоҳ бу кўп кишига кўриш хислатини қайтарди. Шунинг учун бу ҳадисни Байҳақий ва бошқалар “Пайғамбарлик далиллари” китобларида ривоят қилишган. Бу эса кўрнинг шифо топиши сири фақатгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларида эканлигига далолат қилади. Буни қўллаб-қувватлайдиган нарса шуки, агар сир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларисиз ўша кўрнинг ёлғиз ўзининг дуосида бўлганида эди, Аллоҳ Таолога ихлос билан, инобат билан дуо қилган ҳар қандай кўр шифо топган бўларди, балки улардан камида биронтаси шифо топган бўларди. Бу эса бўлмаган иш, эҳтимол, ҳеч қачон бўлмайди ҳам.
Шунингдек, агар сир кўпчилик кейинги авлоддагилар тушунганидек ўша кўр киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обрўлари, қадрлари ва ҳақлари билан тавассул қилишида бўлганида эди, ушбу шифо у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг обрўлари билан тавассул қилувчи бошқа кўр кишиларга ҳосил бўлиши керак эди. Балки улар баъзан бунга барча пайғамбарлар, расуллар, авлиёлар, шаҳидлар, солиҳларнинг обрўларини, ҳамда Аллоҳнинг ҳузурида обрўси бор барча фаришта, инсон ва жинларнинг обрўсини қўшиб қўйишади. Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг ўтган асрлар ора ҳозирги кунимизгача бундай (шифо топиш) ҳосил бўлганини биз билмаймиз ва биронтаси билади деб ўйламаймиз ҳам.
Биз келтирган важҳлар кўр кишининг ҳадиси фақатгина Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари атрофида айланишига далолат қилади ва унинг зот билан тавассул қилишга алоқаси йўқ. Ана шу муҳтарам ўқувчига аён бўлса, ўша кўр кишининг дуосидаги қуйидаги: “Аллоҳим, Сендан сўрайман ва Пайғамбаринг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан тавассул қиламан” сўзларидан мурод фақатгина: “Мен Сенга Пайғамбаринг дуоси билан тавассул қиламан. Яъни, музоф (бошқа сўзга қўшилувчи сўз) туширилган. Бу эса луғатда маълумдир. Мисол учун Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзи:

{ واسأل القرية التي كنا فيها والعير التي أقبلنا فيها }

«Биз бўлган қишлоқдан ва биз у билан қайтган карвондан сўра» (Юсуф сура, 82-оят). Яъни, қишлоқ аҳлидан ва карвон соҳибларидан. Биз ва мухолифлар бунда, яъни музофнинг туширилишига иттифоқмиз. Бу Умарнинг дуоси ва Аббос билан тавассул қилишларини кўрганимизга ўхшайди. Демак, ёки, улар даъво қилишаётгандек, унда назарда тутилгани:

إني أتوجه إليك ب [ جاه ] نبيك ويا محمد إني توجهت ب [ ذات ] ك أو [ مكانت ] ك إلى ربي

“Мен Сенга Пайғамбаринг (обрўси) билан, ва эй Муҳаммад мен сиз(нинг зотингиз) ёки (маконингиз) билан Роббимга юзландим”.
Ёки бўлмаса, бизнинг наздимиздек, унда назарда тутилгани:

إني أتوجه إليك ب [ دعاء ] نبيك ويا محمد إني توجهت ب [ دعاء ] ك إلى ربي

“Мен Сенга Пайғамбаринг (дуоси) билан, ва эй Муҳаммад мен сиз(нинг дуоингиз) билан Роббимга юзландим”. Ва бу иккаласидан далилга суяниб албатта бирини танлаш керак. Уларнинг “обрў” назарда тутилган деган фикрларига келсак, бунга бу ҳадисда ҳам, бошқасида ҳам далил йўқ. Чунки матнда “обрў”нинг зикр қилинишига аниқ сўз ҳам, ишора ҳам, далолат қиладиган нарса ҳам мутлақо йўқ. Шунингдек уларда Қуръондан ҳам, Суннатдан ҳам, саҳобаларнинг феълидан ҳам обрў билан тавассул қилишга ҳеч нарса йўқ. Шундай қилиб уларнинг бу ерда назарда тутилгани ҳақидаги фикри танлашсиз қолади ва эътибордан тушади. Аллоҳга ҳамд бўлсин!
Аммо бизнинг бу ерда нима назарда тутилгани ҳақидаги фикримизга кўпгина далил бор, улар юқорида важҳларда келган.
Бу ерда яна зикр қилишга лойиқ бир нарса бор. Агар кўр кишининг ҳадисини зоҳирига қараб зот билан тавассул қилиш деб тушунилса, кейинги сўзларини йўққа чиқаради: “Аллоҳим! Уни менга шафоатчи қил, мени унга шафоатчи қил”. Бу эса махфий эмаски, жоиз эмас. Шунинг учун бу жумлани ундан кейингиси билан мувофиқлаштириш вожиб. Буни фақат тавассул дуо билан бўлган деб тушунишимиз билангина амалга ошади. Шу билан мурод собит бўлади ва зот билан тавассул қилишга бу ҳадисни далил қилиб келтириш ботилга чиқади. Аллоҳга ҳамд бўлсин!
Бундан ташқари мен айтаманки, агар ўша кўр киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зотлари билан тавассул қилгани рост бўлса, унда бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хос ҳукм бўлади ва бу ҳукмда у кишига бирон пайғамбар ёки солиҳ шерик бўлмайди. Уларни у зотнинг ҳукмларига қўшишни соғлом назар қабул қилмайди, чунки у зот барчасининг саййиди ва афзалидир. Шундай қилиб бу Аллоҳ улардан кўра у зотни хос қилиб ажратганидан бири бўлади, худди саҳиҳ хабарларда келганидек бошқа кўп нарсаларда хос қилгани каби. Хусусият бобига эса қиёслар кирмайди. Кимки кўр киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зотлари билан тавассул қилган деб ҳисобласа, у ўша ерда тўхтаб зиёда қилмаслиги керак, худди имом Аҳмад ва Изз ибн Абдуссалом раҳимаҳумаллоҳдан нақл қилинганидек. Мана шу - инсоф билан илмий баҳс тақозо қиладиган нарса. Аллоҳ тўғри йўлга йўллагувчидир.
Ваҳм (хато фикр)ни даф қилиш.
Ушбу мавзуга тааллуқли бўлган муҳим бир нарсани албатта баён қилиш керак. Биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарлар ва солиҳларнинг обрўси билан тавассул қилишни йўққа чиқараётганимизда уларнинг обрўси, қадри ёки Аллоҳ ҳузурида маконларини инкор қилмаймиз. Худди шундай бу биз уларни ёмон кўрганимиз учун эмас, уларнинг қадри ва Аллоҳнинг олдидаги манзилларини инкор қилганимиз учун эмас, бир китоб муаллифи бизга ёлғон тўқиганидек қалбларимиз уларга нисбатан муҳаббатни сезмаётгани учун эмас. У шундай деди: “Бир гуруҳ кишиларнинг қалблари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббатни сезмаётгани учун улар адашишди. Улар у киши соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг зотлари билан тавассул қилишни инкор қила бошлашди...”.
Йўқ, ва яна йўқ! Биз, Аллоҳга ҳамд бўлсин, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан инсонларнинг энг қаттиқ қадрлайдиганларданмиз ва улар ичида у зотга энг кўп муҳаббат қўйган ва фазилатларини эътироф этганларданмиз. Агар бу гап бирон нарсага далолат қилса, у фақат сунний даъват ва унинг соҳиблари душманларининг қалблари тўлган кўр-кўрона адоватга далолат қилади. Ҳаттоинки улар бундай хатарли, оғир, хунук ва мункар жиноятга қўл уришди, ўз мусулмон биродарларининг гўштини ейишди, уларни бирон бир далилсиз, Аллоҳга қасамки, фақат гумон сабабли кофирга чиқаришди. Набий Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эса гумонни “сўзларнинг энг ёлғони” дедилар (икки шайх ва улардан бошқалар Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди).
Қандай қилиб бу ўзига зулм қилувчи муаллиф бундай ҳукм чиқарганини мен билмайман. Ваҳоланки бундай ҳукмни фақат қалбларнинг сирларини ва кўкракларнинг ичидагини Ёлғиз билувчи ҳамда Ундан сир махфий қолмайдиган Аллоҳ Азза ва Жалла чиқариши мумкин эди. У бундай ишни қилганнинг жазосини билмайди деб ўйлайсизми, ёки у буни билади, лекин суннат даъватчиларига нисбатан бўлган қора адоват ва яширилган кўролмаслик уни кўр қилиб қўйдими? Бу иккаласидан қай бири бўлмасин, биз унга иккита ҳадиси шарифни эслатамиз, шояд адашишидан тўхтаса, ғафлатидан уйғонса ва феълидан тавба қилса.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

( أيما رجل أكفر رجلا مسلما فإن كان كافرا وإلا كان هو الكافر ).

“Қайси киши мусулмон кишини кофирга чиқарса, у шундай бўлса (шундай), бўлмаса, ўзи кофир бўлади” (икки шайх ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан).
Шунингдек у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

(إن من أربى الربا الاستطالة في عرض المسلم بغير حق).

“Риболарнинг энг каттасига мусулмон кишининг шаънига ноҳақ зулм қилиш киради” (Аҳмад ва Абу Довуд Саъид ибн Зайд розияллоҳу анҳудан саҳиҳ санад билан).
Охирида биз унга айтамиз:
“Сиз англаяпсизми, ушбу сўзларни айтганингизда бу умматнинг солиҳ ўтмишдошларига раддия бериб унинг Абу Ҳанифа ва асҳоблари раҳимаҳумуллоҳ каби мужтаҳид имомларини кофирга чиқаряпсиз, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва бошқалар билан уларнинг вафотларидан сўнг тавассул қилишни жоизмас дейишган. Абу Ҳанифа юқорида айтилганидек шундай деганлар:

( أكره أن يتوسل إلى الله إلا بالله ).

“Мен Аллоҳдан бошқаси билан тавассул қилишни кариҳ кўраман (ёқтирмайман)”.
Агар сиз буни билмасангиз, бу мусибатдир. Агар буни билсангиз, ундан-да катта мусибат”.
Сўзимизга қайтиб айтамизки, ҳар қандай ихлосли, инсофли киши аниқ биладики, биз, Аллоҳга ҳамд бўлсин, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламга энг қаттиқ муҳаббат қўйганларданмиз, уларнинг қадрлари ва фазилатларини, ҳамда пайғамбарларнинг афзали ва расулларнинг саййиди, охири, энг яхшиси эканликларини энг кўп билганлариданмиз. У киши мақталган байроқ, олдига бориладиган Ҳовуз, улкан шафоат, васила, фазилат, гўзал мўъжизалар соҳиби. Аллоҳ Таоло у кишининг дини билан бошқа ҳар қандай динни мансух-бекор қилди, у кишига еттита такрорланувчи (сура)ни ва Буюк Қуръонни нозил қилди, у кишининг умматларини инсонлар учун чиқарилган энг яхши уммат қилди. Шунингдек у зотнинг улуғ қадрлари ва олий обрўларини баён қилиб берадиган бошқа фазилатлари ва мақтовли сифатлари бор, у кишига Аллоҳнинг кўпгина салоту саломлари бўлсин!
Мен айтаманки, биз, Аллоҳга ҳамд бўлсин, буни эътироф этадиган инсонларнинг энг биринчисимиз. Шояд Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг муҳаббатини даъво қилаётган ва қадрларининг маърифатини кўрсатаётаган бошқалардан кўра бизда кўпроқ ўрин эгаллагандирлар. Чунки буларнинг ҳаммасида ибрат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишда, буйруқларига бўйсунишда ва қайтариқларидан қайтишдадир. Худди Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло айтганидек:

{ قل إن كنتم تحبون الله فاتبعوني يحببكم الله ويغفر لكم ذنوبكم }

“Айт, (эй Муҳаммад): “Агар Аллоҳни яхши кўрсангизлар, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни яхши кўради ва гуноҳларингизни кечиради” (Оли Имрон сураси, 31-оят).
Аллоҳнинг фазли билан биз Аллоҳ Азза ва Жалланинг тоати ва Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишига энг кўп рағбат қилганларданмиз. Бу иккови эса таъзимдаги чуқур кетиш ва сифатлашдаги ҳаддан ошишдан фарқли ўлароқ холис муҳаббатнинг энг ростгўй далилларидан биридир. Бундай чуқур кетишдан Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло қайтариб шундай деган:

{ يا أهل الكتاب لا تغلو في دينكم ولا تقولوا على الله إلا الحق }

“Эй Китоб аҳли, динингларда чуқур кетманглар ва Аллоҳ ҳақида фақатгина ҳақни айтинглар” (Нисо сураси, 171-оят).
Худди шундай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар:

(لا تطروني كما أطرت النصارى أبن مريم فإنما أنا عبد فقولوا : عبد الله ورسوله)

“Насоролар Марям ўғлини ҳаддан ташқари улуғлагани каби мени улуғламанглар. Мен фақат бандаман. “Аллоҳнинг бандаси ва Расули”, денглар” (Бухорий “Саҳиҳ”да, Термизий “Шамоил”да, Аҳмад ва Доримий).
Шуни эслаш мақсадга лойиқки, ҳожи Минода тош отмоқчи бўлса, катта тошларни танлашини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам динда чуқур кетиш деб қарор қилдилар ва бармоқлар билан ушланадиган тошларни танлашни буюрдилар.
“Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, у киши айтди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга катта устунга тош отиш кунининг тонгида шундай дедилар: “Менга тошларни териб кел”. Мен у кишига бармоқлар билан ушлайдиган тошларни териб қўлларига солдим. У зот: “Шунга ўхшаш”, деб уч марта айтдилар: “Динда чуқур кетишдан эҳтиёт бўлинглар! Сизлардан олдингилар фақат динга чуқур кетишлари учун ҳалок бўлишди” (Аҳмад, Насоий, Ибн Можаҳ ва бошқалар саҳиҳ санад билан).
Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тош отиш масаласини мақсади шайтонга отиш ва у билан урушиш бўлган, лекин ҳақиқатан уни ўлдириш бўлмаган рамзий масала деб ҳисобладилар. Шунинг учун мусулмон киши бу ишни ҳақиқатга чиқариши лозим ва инсоннинг энг ашаддий душманига, ундан бошқа бундай муросасиз душмани бўлмаган шайтонга тош отиши лозим. Лекин динга чуқур кетишдан мана шу қаттиқ огоҳлантиришга қарамай мусулмонлар афсуски унга шўнғиб кетдилар ва Китоб аҳлининг одатларига эргашиб кетдилар...
“Итро”дан икки маъно чиқиши мумкин: мутлақо мадҳдан қайтариш ва ҳаддан ташқари мадҳдан қайтариш...
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни энг катта мадҳ килиш – у зот ҳақида Роббимиз Азза ва Жалла айтган сўзни айтишдир: “У – Аллоҳнинг бандаси ва расули”. Мана бу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга энг катта тазкия бўлади, унда ҳаддан ошиш ҳам, камчиликка бориш ҳам йўқ...
Шояд кучлироқ фикр биринчи маъно бўлса.
Танбеҳ.
Билингки, кўр кишининг ҳадисининг баъзи йўлларида иккита қўшимча борки, уларнинг шозлигини албатта баён қилиш лозим.
Биринчиси: “Агар ҳожатинг бўлса, шундай қил”. Буни Ҳаммод ибн Салама ривоят қилди ва ўзидан ишончлироқ бўлган ровий Шўъбага хилоф қилди.
Табароний “ал-Мўъжам ал-Кабир”да бир кишига Усмон ибн Ҳунайф Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан (вафотларидан сўнг) тавассул қилишини ўргатганини ривоят қилган. Уни фақат Ибн Вахб Шабиб ибн Саъиддан, у эса Ровҳ ибн Қосимдан ривоят қилган. Шунингдек Ибн Вахбдан ташқари Исмоил ва Аҳмад Шабибдан ривоят қилишди. Исмоил мажҳул ровий. Шабиб ибн Саъид ишончли бўлса ҳам, хотирасида заифлик бор эди. Унинг ривоятлари мақбул бўлишига муҳаддислар икки шарт қўйишган: ундан ўғли Аҳмад ривоят қилган бўлиши керак ва унинг ўзи эса Юнусдан ривоят қилган бўлиши керак...
Мана шу равшан бўлганидан сўнг сизга бу қиссанинг заифлиги ва ҳужжатга ярамаслиги аён бўлади.
Бундан ташқари менга кейин унинг иккинчи камчилиги кўринди, у эса Аҳмад (ибн Шабиб)нинг ривоятидаги ихтилофи. Ибн Сунний “Амалул-явм вал-лайла”да ва Ҳоким Аҳмад ибн Шабибдан уч йўл билан бу қиссасиз ривоят қилди. Шунингдек Авн ибн Умора Ровҳ ибн Қосимдан ривоят қилди. Авн ибн Умора заиф бўлса ҳам, у Шўъба ва Ҳаммод ибн Салама Абу Жаъфар Хотмийдан қилишган ривоятга мувофиқ бўлгани учун Шабибникидан авлороқдир.
Гапнинг хулосаси: бу қисса заиф ва мункардир, чунки унинг учта камчилиги бор. Якка ривоят ровийсининг хотираси заифлиги, ундан бу ҳадисдаги турли ривоятлар келгани ва бу қиссани зикр қилмаган ишончли ровийларга хилоф қилгани. Мана шу нарсаларнинг биттаси бу қиссанинг соқит бўлишига кифоядир. Улар жамланган бўлса қандай бўларкан?
Ўша қиссада шундай жумла борки, агар саҳобаларнинг фазилатларини билган ақли расо қиши уни ўйлаб кўрса, унинг мункар ва заифлигининг бошқа далилини топади. У эса – тўғри йўлдаги халифа Усмон розияллоҳу анҳу ўша кишининг ҳожатига назар солмагани ва унга қарамаганидир. Қандай қилиб бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан саҳиҳ бўлган ҳадисда келган: “Фаришталар Усмондан уялади” сўзлари билан ва у кишида маълум бўлган инсонларга нисбатан юмшоқлиги ва яхшилиги билан мувофиқ бўлади? Буларнинг ҳаммаси сабабли ўша қисса бўлганини биз ҳақиқатдан узоқ деймиз, чунки бунинг содир бўлиши у зот розияллоҳу анҳу ва арзоҳунинг комиллигини йўққа чиқарадиган зулмдир.

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.