АЛЛОҲГА ЯҚИНЛАШИШ ВА ШАФОАТ ТАЛАБ ҚИЛИШ БАЁНИ
Савол-41: Аллоҳ таолога қандай воситалар билан яқинлашамиз?
Жавоб-41: Воситанинг мумкин ва мумкин бўлмаган турлари бор:
1. Аллоҳга восита қилишнинг мумкин тури: Бундан мақсад Аллоҳнинг исм-сифатлари, яхши амал қилиш ва тирик, солиҳ одамлардан дуо талаб қилиш орқали Аллоҳга яқинлашишдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар)
» (Аъроф: 180).
Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва Унга яқин бўлиш йўлини излангиз ҳамда Унинг йўлида жиҳод қилингиз» (Моида: 35).
Муфассирлардан бири Ибни Касир Қатода номли олимдан нақл қилиб, ушбу оят ҳусусида зикр қилинади: Яъни,
«Аллоҳга унга итоат қилиш ва У рози бўладиган аммалллар билан яқинлашинглар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Ўзингни номлаган барча исмларинг билан сўрайман» (Имом Аҳмад ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг жаннатда бирга бўлсак, деган биродарига айтган гаплари:
«Ўзингга кўп сажда қилиш билан кўмак бергин» (Имом Муслим ривоятлари).
Яна бунга мисол, ғорга кириб кетиб, ғорнинг оғзи ёпилиб қолганда Аллоҳ учун қилган яхши амалларни айтишиб, Аллоҳга яқинлашган кишиларнинг қиссасидир. Аллоҳ уларнинг яхши амалларини қабул қилиб, дуоларини ижобат қилди ва ғордан эсон-омон чиқишди.
Яна Аллоҳни, пайғамбарни ва авлиёларни яхши кўриш орқали Аллоҳга яқинлашиш ҳам мумкин. Чунки уларга бўлган муҳаббатимиз яхши, савобли ишлардан ҳисобланади.
2. Аллоҳга восита қилишнинг ман этилган тури: Бу ўликлардан нажот тилаб, улардан ҳожатларини сўрашдир. Бу нарса ҳозирги кунимизда мавжуд бўлиб, у катта ширкдандир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Аллоҳни куйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!» (Юнус: 106).
Аммо пайғамбаримиз саллаллоҳи алайҳи ва салламнинг обрўлари билан Аллоҳга яқинлашиш эса, яъни, Эй Роббим, пайғамбаримизнинг обрўлари ҳаққи ҳурмати менга шифо бергин, дейиш каби ишлар эса, ножоиздир. Чунки саҳобалар бу ишни қилишмаган, Умар разияллоҳу анҳу Аббоснинг тирикликларида у кишидан дуо сўраса ҳам, вафот этган пайғамбаримизнинг исмлари билан дуо қилмади. Чунки, пайғамбаримизнинг вафотларидан кейин у киши орқали Аллоҳга яқинлик қилиш ширкка олиб бориши мумкин. Шунингдек, инсон Аллоҳ таоло амир, ҳокимлардек бир одамнинг востаси билан иш юритади, дуо қабул қилади, деса, Яратувчини бандаларга ўхшатган бўлади.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи айтади:
«Аллоҳдан сўраётганда Ундан ўзга бирон нарсани восита қилишни ҳуш кўрмайман, чунки яхши иш эмас».
Савол-42: Дуони банда востасида қилишга ҳожат борми?
Жавоб-42: Дуони банда востасида қилишга ҳожат йўқдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Бандаларим Сиздан (эй Муҳаммад саллаллоҳи алайҳи ва саллам)
Мен ҳақимда сўрасалар, Мен уларга яқинман» (Бақара: 186).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Сизлар яқин, эшитгувчи зотга дуо қиляпсизлар. У зот Ўз илми орқали сизлар билан биргадир» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-43: Тириклардан дуо талаб қилиш мумкинми?
Жавоб-43: Ҳа, ўликлардан эмас, тириклардан дуо талаб қилиш мумкиндир.
Далил: Аллоҳ таоло пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тирикликларида хитоб қилиб айтади:
«Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга)
, ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари)
учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинади:
«Кўзи ожиз бир одам пайғамбаримизга келиб, «Аллоҳ таолодан менга офиятини сўраб дуо қилинг», деди» (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисдан биламизки, тирик, тақводор одамдан дуо талаб қилса бўларкан.
Савол-44: Пайғамбаримизнинг воситалиги нима дегани?
Жавоб-44: Пайғамбаримизнинг воситалиги бу – унинг даъватидир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эй, пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг!» (Моида: 67).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларнинг:
«Гувоҳлик берамизки, сиз динни бекаму кўст етказдингиз», деган гапларига жавобан шундай дедилар:
«Эй Парврдигоро, гувоҳ бўлгин» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-45: Пайғамбаримизнинг шафоат қилишларини кимдан сўраймиз?
Жавоб-45: Пайғамбаримизнинг шафоат қилишларини Аллоҳдангина сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Айтинг: «Барча шафоат-оқлов ёлғиз Аллоҳникидир»» (Зумар: 44).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобаларга мана бундай дуо қилишни ўргатар эдилар:
«Эй Парвардигоро, мени пайғамбаримизнинг шафоатларидан баҳраманд этгин» (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Мен дуойимни умматимдан Аллоҳга ширк келтирмасдан ўлганларни Қиёмат кунида шафоат қилиш учун сақлаб қўйдим» (Имом Муслим ривоятлари).
Савол-46: Тириклардан шафоат сўраймизми?
Жавоб-46: Ҳа тириклардан дунё ишларида шафоат сўраймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Ким (одамлар орасида)
чиройли — ҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзига ҳам унинг савобидан бир улуш тегур. Ким ноҳақ тараф олиш билан тараф олса, ўзи учун унинг гуноҳидан бир улуш тегур» (Нисо: 85).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Шафоат қилинглар, савоб оласизлар» (Имом Абу Довуд ривояти).
Савол-47: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни меъёрдан ортиқ мақтамоқ жоизми?
Жавоб-47: Йўқ, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақтовларида ошириб-тошириб муболаға қилмаймиз.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, уларга)
айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман. Менга Тангрингиз ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда»» (Каҳф: 110).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Христианлар Ийсо ибн Мариямни ошириб мақтаганлари сингари мени ҳам ошириб мақтаманглар! Чунки мен бир бандаман, холос. Балки, фақат Аллоҳнинг бандаси ва элчиси, денглар» (Имом Бухорий ривоятлари).
Савол-48: Биринчи яратилган нарса нимадир?
Жавоб-48: Инсонларнинг ичида энг аввал яратилган банда Одам алайҳиссалом бўлиб, нарсаларнинг ичида энг аввал яратилгани қаламдир.
Далил: Аллоҳ таоло айтади:
«Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: «Албатта мен лойдан бир одам яратгувчидирман»» (Сод: 71).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Сизларнинг барчаларингиз Одамнинг авлодисизлар, Одам бўлса тупроқдан яратилган» (Имом Баззор ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Аллоҳ таоло энг аввал яратган нарса қаламдир (яъни сув ва аршдан кейин қаламни яратди)» (Имом Абу Довуд ва имом Термизий ривояти).
«Эй Жобир, энг биринчи яратилган нарса пайғамбарингни нуридир», деган ҳадис эса, тўқилган, ёлғон ҳадис бўлиб, Қуръон билан Суннатга ва ақлга тескаридир. Олимлардан Суютий раҳимаҳуллоҳ айтдиларки, бу ҳадис беисноддир. Ғуморий: тўқима, ёлғон ҳадис деса, Албоний: ботил ҳадисдир, дейди.