Биринчи апрел ҳазили
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Жамики коинот аҳлидан содир бўлувчи ҳамду санолар ёлғиз Аллоҳга хосдир. Унга ҳамду сано айтамиз, барча ишларимизда Унинг Ўзидан мадад сўраймиз ва қилган гуноҳларимизга Ундан мағфират тилаймиз. Нафсларимизнинг ёвузлиги-ю амалларимизнинг ёмонликларидан Унинг паноҳига қочамиз. Аллоҳ кимники ҳидоят йўлига йўллар экан, бас, уни адаштиргувчи бирон-бир кимса йўқдир. Кимники Аллоҳ адаштирар экан, бас, уни ҳидоят қила олгувчи бирон-бир кимса йўқдир. Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ, У улуҳият ва рубубиятда танҳо, Унинг бирон-бир шериги йўқ. Мулк ҳам, подшоҳлик ҳам Уникидир ва У ҳар ишга қодирдир. Ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расулидир. Аллоҳ таоло Ул зотга, аҳли байтларига ва барча асҳобларига салавоту саломлар ёғдирсин.
Аммо баъд...
Шубҳа йўқки, кизб-ёлғончилик ёмон хулқлардан бўлиб, барча самовий шариатлар ундан огоҳлантирган ҳолда келган ва инсоният фитрати уни рад этгандир. Мардлик ва соғлом ақл соҳиблари доимо ундан нафратланишган.
«Сидқ-ростгўйлик эса олам давомийлигининг устунларидан биридир... У барча мақтовли хулқларнинг асли, рисолат устуни ва тақво самарасидир. Усиз барча шариат аҳкомлари ботил бўлур эди...
Ёлғончилик билан сифатланиш инсонга ато этилган нутқ хусусиятининг инсонийлик сифатларидан батамом суғурилиб чиқиб кетиши демакдир» (Муҳаммад Ходимий, «Барийқатун Маҳмудийя», 3/183).
Ҳақ шариатимизда Китоб ва Суннат орқали бу амалдан огоҳлантиришлар келган. Унинг ҳаромлигига уммат ижмоъси воқеъ бўлган. Ёлғончининг оқибати бу дунёда ҳам, охиратда ҳам хунук бўлиши хабар берилган.
Ислом дини ёлғон ишлатишга фақатгина муайян ва махсус ўринлардагина рухсат берадики, бу ҳолатлар бировларнинг ҳақларини ейиш, қон тўкиш ва одамлар обрўсига путур етказиш каби зарарли оқибатлар билан натижаланмайди. Билъакс, унинг замирида жонларни қутқариш, икки хусуматлашган кишининг ўртасини ислоҳ этиш ва эр-хотин ўртасидаги муҳаббат ришталарини мустаҳкамлаш каби буюк манфаатлар ётади.
Ислом шариатида киши бемалол ёлғон сўзлаб, оғзига келган сўзни гапиришга рухсат берилган бирон-бир кун ёки бирон-бир лаҳза йўқ. Бироқ, таассуфки, бугунги кунда кўпчилик авом кишилар ғайридинлар томонидан кириб келган «апрел ҳазили» деб аталувчи бузуқ одатга мубтало бўлганлар. Уларнинг даъволарига кўра, қуёш тақвимининг тўртинчи ойи бўлмиш апрелнинг биринчи кунида ҳеч қандай шаръий меъёрсиз ёлғон гапириш жоиз.
Ушбу келгинди одатнинг келиб чиқиши ва унинг илдизлари қаерларгача бориб тақалиши ҳақида сўз юритишдан аввал ёлғон сўзлашнинг шаръий ҳукми ва унинг зарарли оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз.
Кизб-ёлғоннинг ҳаромлиги
Аллоҳ таоло айтади:
«Ёлғон сўзларни ҳам фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларгина тўқурлар. Ана ўшалар ёлғончидирлар» (Наҳл сураси, 105-оят).
Ушбу ояти каримани тафсир қилар эканлар, Ибн Касир қуйидагиларни ёзадилар:
«Сўнгра Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туҳматчи ҳам, каззоб ҳам эмаслиги ҳақида хабар беради. Зеро, Аллоҳ ва Расули ҳақида ёлғон нарсаларни фақатгина Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиган, одамлар орасида каззоблиги билан танилган кофир ва мулҳидлардан иборат инсониятнинг энг ёмон тоифасигина тўқиши мумкин. Аммо Расул соллаллоҳу алайҳи васаллам эса одамларнинг энг ростгўйи, энг яхшиси, илмда ҳам, амалда ҳам, иймону яқийнда ҳам энг мукаммали эдилар. У киши ўзларига рисолат тожи кийдирилишидан аввал ҳам қавмлари орасида ростгўйликлари билан танилган бўлиб, бу борада қавмдошларидан ҳеч ким шубҳа қилмасди. Маккада у зотдан бошқа бирон-бир кимсани «Ал-Амин» яъни ростгўй, ишончли, омонатдор деб атамас эдилар. Шу боис ҳам, Рум ҳукмдори Ҳирақл билан Абу Суфён ўртасида бўлиб ўтган - пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари ҳақидаги - савол-жавобда Ҳирақл Абу Суфёнга қуйидаги саволни берган эди:
- Хўш, қани айт-чи менга, сизлар у одамнинг (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг) ҳозир айтаётган сўзларини айтишидан илгари ҳеч ёлғон гапирганини биласизларми, уни бирон марта ёлғонда айблаганмисизлар?
- Йўқ!.. – деди Абу Суфён.
Шунда Ҳирақл бундай деди:
- Инсонларга ёлғон сўзлашдан тийилган одам Аллоҳ азза ва жалла ҳақида ёлғон гапириши мумкин эмас!..» (Ибн Касир тафсири, 2/588).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:
«Мунофиқнинг аломати учтадир: Гапирса, ёлғон сўзлайди, ваъда берса, ваъдасининг устидан чиқмайди, омонат топширилса, хиёнат қилади» (Бухорий ривоятлари, 53-ҳадис; Муслим ривоятлари 59-ҳадис).
Имом Нававий «Саҳиҳи Муслимнинг шарҳи»да бу ҳадисга изоҳ берар эканлар, бу ҳақда муҳаққиқ уламолар томонидан билдирилган фикрларнинг хулосасини келтирадилар. Жумладан, юқорида саналган учта хислат нифоқ хислатлари эканлиги, бироқ бу уч хислат кимдадир топилса, уни дарҳол мунофиққа ҳукм қилиб бўлмаслигини, балки ундай одам мунофиқлар хулқи билан хулқланиб қолган бўлишини таъкидлайдилар. Негаки, мунофиқлик икки хил бўлиб, бири эътиқодий, яъни ҳақиқий нифоқ, иккинчиси эса амалий нифоқдир. Баъзи бир иймони заиф кишилар ҳам нифоқ хислатларидан айримларига йўлиқиб қоладиларки, бу уларнинг ҳақиқий мунофиқ эканликларидан эмас, балки, уларда мунофиқларда бўладиган хислатлар пайдо бўлиб қолганлигидан дарак беради (Бироқ бундай одатлардан қутулишга ҳаракат қилмаслик замирида уларнинг соҳибига ниҳоятда катта бир таҳдид ётади. Наъувзу биллаҳи мин залик! – Таржимон). Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг
«Тўрт хислат бор, улар кимда бўлса, холис мунофиқ бўлибди...» деган ҳадиси шарифларини Нававий
«Ўша хислатлари туфайли мунофиқларга қаттиқ ўхшаб қолибди», дея таъвил қиладилар. Ундан ташқари, баъзи уламолар бу ҳадис мазкур хислатлар ўзига ғолиб келган одам ҳақида эканлигини айтиб, бу ишлар ўзидан нодир ҳолатлардагина содир бўлиб қоладиган одам ҳадис маъносига дохил эмаслигини айтадилар.
Ёлғоннинг энг ёмон кўриниши
Ёлғоннинг энг қабиҳ кўриниши бу – Аллоҳ ва Унинг Расули ҳақида ёлғон сўзлашдир. Бу - ёлғоннинг энг каттасидир. Унинг соҳиби Аллоҳ ва Расули томонидан қаттиқ таҳдидга учратилган. Баъзи аҳли илмлар бу ишни қилган одамнинг диндан чиқиб, кофир бўлишини таъкидлайдилар.
Аллоҳ таоло айтади:
«Сизлар Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни Аллоҳ буюрмаган ҳукмларни Аллоҳники дейиш учун)
тилларингизга келган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки, Аллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар» (Наҳл сураси, 116-оят).
Алий разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Менинг шаънимга ёлғон сўзламанглар. Кимки, менинг номимдан ёлғон сўзласа, бас, у дўзахга кираверсин!» (Бухорий ривоятлари, 106-ҳадис).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
«Кимки менинг шаънимга ёлғон тўқиса, бас, у киши дўзахдан ўзига макон ҳозирлайверсин!» (Бухорий ривоятлари, 110-ҳадис; Муслим ривоятлари, 3-ҳадис).
Ушбу ҳадиснинг шарҳида Ибнул Қоййим қуйидагиларни айтадилар:
« مَباءَة » «Маба'атун» (Ҳадисда арабча «табавваъа» феъли ишлатилган. Бу дегани ўзига доимий жой, яъни арабча ибора билан «мабаъа» тутди дегани) деб кишининг сўнгги қайтар макони, доимий ўрнашиб қоладиган жойига айтилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
من كذب عليّ متعمّدا فليتبوأ مقعده من النار
«Кимки, қасддан менинг номимдан ёлғон тўқиса, бас, у дўзахдан ўзига қароргоҳ ҳозирлайверсин!» деган ҳадисларидаги فليتبوأ «фал-ятабавваъ» калимаси шу маънога далолат қилади. Яъни бас, у киши дўзахдан ўзига доимий ўрнашиб қоладиган бир «мабаъат» - қароргоҳ тутаверсин дегани бўлади бу. Бу - вақтинча туриб, сўнгра кўчиб кетиладиган «манзил» сўзидан фарқли ўлароқ доимий турадиган қароргоҳ маъносини билдиради» («Тарийқул-Ҳижратайн», 169-бет).
Савдо-сотиқда ёлғон ишлатиш
Абу Зарр разияллоҳу анҳудан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
«Уч тоифа инсон борки, Аллоҳ таоло қиёмат кунида улар билан гаплашмайди, уларга қиё боқмайди ва уларни гуноҳларидан покламайди. Ва уларга аламли азоб бордир». Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларни уч қайта айтдилар. Шунда Абу Зарр разияллоҳу анҳу:
«Батаҳқиқ, зиён кўрдилар, ютқаздилар, ким ўзи улар, ё Расулаллоҳ?» - дедилар. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Улар: изорини (тўпиқдан пастга) тушириб юрувчи, миннатчи ва молини ёлғон қасам билан ўтказувчи кишилардир» (Муслим ривоятлари, 106-ҳадис).
Қуйидаги ҳадис эса Ҳаким бин Ҳизомдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар:
«Савдолашувчи икки киши токи бир-бирларидан ажралиб кетмагунларигача (савдони бузиш ёки бузмасликда) ихтиёрлидирлар. Агар савдода рост сўзлаб, (молларининг яширин жиҳатларини) очиқ баён қилсалар, уларнинг савдоларига барака берилади. Бордию яширсалар ва ёлғон сўзласалар, савдоларининг баракаси ўчирилади» (Бухорий ривоятлари, 1973-ҳадис; Муслим ривоятлари, 532-ҳадис).
Шайхул-Ислом Ибн Таймия айтадилар:
«Дарҳақиқат Аллоҳ таоло рост сўзлашга ва очиқ баён қилишга буюрди, ёлғон сўзлашдан ҳамда билишга эҳтиёж сезилган ўринларни яширишдан қайтарди. Худди Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам марҳамат қилганларидек: «Савдолашувчи икки киши токи бир-бирларидан ажралиб кетмагунларигача (савдони бузиш ёки бузмасликда) ихтиёрлидирлар. Агар савдода рост сўзлаб, (молларининг яширин жиҳатларини) очиқ баён қилсалар, уларнинг савдоларига барака берилади. Бордию яширсалар ва ёлғон сўзласалар, савдоларининг баракаси ўчирилади». Шунингдек, Аллоҳ таоло айтадики:
«Эй, иймон келтирган зотлар, Аллоҳнинг Ўзи учун Ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат-гувоҳлик берувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин. Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида сураси, 8-оят)» (Минҳожус-Сунна, 1/16).
Қулоққа чалинган ҳар бир нарсани гапиришнинг ножоизлиги
Ҳафс ибн Осим разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар:
«Эшитган ҳар бир нарсасини гапириши кишига етарли гуноҳдир» (Муслим ривоятлари, 5-ҳадис)
Имом Нававий ҳадисга мана бундай изоҳ берадилар:
«Ушбу бобга тааллуқли бўлган ҳадис ва асарларнинг мазмуни қулоққа чалинган ҳар бир нарсани тортинмай гапираверишдан қайтаришни ўз ичига олади. Негаки, киши одатда ростни ҳам, ёлғонни ҳам эшитади. Агар эшитгани ҳар бир хабарни бошқаларга етказаверса - бўлмаган воқеани ҳам гапиргани учун - пировардида ёлғон сўзлаган бўлиб чиқади. Аввалда айтиб ўтганимиздек, аҳли ҳақ (аҳли сунна) мазҳабига кўра, кизб-ёлғон деб, бирон воқеа-ҳодиса ёхуд бирон нарса ва ҳолат ҳақида унинг асл кўринишига хилоф бўлган нарсани хабар беришга айтилиб, унинг кизб деб эътибор қилиниши учун бу ишнинг қасддан қилиниши шарт қилинмайди. Бироқ, атайин қилиш унинг гуноҳ сифатида ёзилишининг шарти ҳисобланади, Валлоҳу аълам...» (Саҳиҳи Муслим шарҳи, 1/75).
Ҳазиллашаётганда ёлғон гапириш
Баъзи кишилар ҳазиллаша туриб ёлғон гапириш жоиз деб ўйлайдилар. Уларнинг биринчи апрел ва бошқа пайтлардаги ҳазил тариқасидаги ёлғонларида таянадиган «узрлари» ҳам айнан мана шу гумондир. Ҳолбуки, бу хато тушунча бўлиб, покиза шариатимизда бунинг асли йўқ. Ёлғон гапириш хоҳ ҳазил тариқасида бўлсин, хоҳ жиддий бўлсин, ҳаромдир. Бинобарин, ҳазилдаги ёлғон жиддийликдаги ёлғон кабидир.
Ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
«Албатта мен ҳазиллашаман. Бироқ, ҳақдан бошқасини сўзламайман» (Бу ҳадисни Табароний «Ал-Муъжамул-Кабир»да 12/391 рақами билан ривоят қилганлар. Ҳайсамий «Мажмаъуз-Завоид»да уни ҳасан санаганлар (8/89). Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да унинг саҳиҳлигини қайд этганлар (2494)).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Саҳобийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саволомуз қилиб шундай дейишди:
«Ё Расулаллоҳ, сиз бизлар билан ҳазил-мутойиба қиласиз?..» Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«(Гарчи ҳазил қилсам ҳам,) Мен фақат ҳақни сўзлайман», дея марҳамат қилдилар. Термизий ўз китобларида 1990-рақам билан ушбу ҳадисни ривоят қилар эканлар, бу ҳадис ҳасан ва саҳиҳдир дейдилар. Айни маънодаги ҳадисни Табароний ҳам «Ал-Авсат»да ривоят қилган бўлиб, Ҳайсамий уни «Мажмаъуз-Завоид»да ҳасан санаганлар (17/9).
Абдураҳмон ибн Абу Лайлодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда саҳобалар ўртасида бўлиб ўтган қизиқ бир воқеа ҳикоя қилинади: «Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бу воқеани айтиб беришди. Бир куни саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга юришларнинг бирида эдилар. Ичларидан бир киши чарчаб, ухлаб қолди. Шу вақт бир одам билдирмасдан унинг садоғидаги ўқларни олиб қўйди. Бир оздан сўнг ҳалиги киши уйғониб қараса, ёнидаги ўқлари йўқ. Бундан у даҳшатга тушиб, чўчигансимон хатти-ҳаракатлар билан атрофга аланглай бошлади. Шунда бу ҳолатни кузатиб турган кишилар кулиб юборишди. Кулгу товушини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшитгач, улардан сўрадилар:
- Нега куляпсизлар?..
- Ҳеч нарсага, - дейишди улар, -
фақат мана бу кишининг ўқларини олиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
«Ҳеч бир мусулмонга бошқа бир мусулмонни қўрқитмоқлик ҳалол бўлмайди» (Абу Довуд ривоятлари, 5004-ҳадис; Аҳмад ривоятлари 22555-ҳадис. Лафз Аҳмадники. Бу ҳадисни Албоний «Саҳиҳул-Жомиъ»да саҳиҳ ҳисоблаганлар (7658)).
Абдуллоҳ ибн Соиб ибн Язид оталаридан, улар орқали боболаридан ривоят қилишларича, у кишининг боболари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитган эканлар:
«Биронтангиз ўз биродарининг нарсасини хоҳ ҳазиллашиб, хоҳ жиддийлик билан олиб қўймасин. Кимки биродарининг (ҳатто) ҳассасини (ҳазиллашиб) олиб қўйган бўлса ҳам, бас, уни дарҳол қайтариб берсин» (Абу Довуд ривоятлари, 5003-ҳадис; Термизий ривоятлари, 2160-ҳадис. Албоний «Саҳиҳул-Жомиъ»да бу ҳадиснинг ҳасанлигини қайд этганлар (7578)).
Болаларни ўйнатишда ёлғон сўзлаш
Гўдак ва кичик болаларни ўйнатиш асносида ва умуман улар билан муомала қилаётганда ёлғон сўзлашдан эҳтиёт бўлмоқ даркорки, акс ҳолда бу ҳам ўз соҳибининг зарарига ёзиб қўйилади.
Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишдан огоҳлантирганлар. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо кичик ёшларида бўлиб ўтган қуйидаги воқеани ривоят қиладилар: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнинг уйимизда ўтирган эдилар. Онам мени:
«Бери кел, мана сенга бир нарса бераман», дея чорладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамга ўгирилдилар ва онамдан:
- Нима бермоқчи эдинг, - деб сўрадилар.
- Хурмо... - дедилар онам.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Агар унга ҳеч нарса бермасанг, сенга битта ёлғон гапирганлик гуноҳи ёзиб қўйилади».
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар:
«Кимки, гўдак болага: «Мана!.. Бери кел (бир нарса бераман)», - деб, кейин ҳеч нарса бермаса, бас, унинг бу иши ёлғондир (яъни унинг бу иши ёлғон гапириш маъсиятининг худди ўзидир)» (Абу Довуд ривоятлари, 4991-ҳадис. Албоний уни «Саҳиҳул-Жомиъ»да ҳасан санаганлар (1319)).
Кулдириш учун ёлғон сўзлаш
Одамларни кулдириш мақсадида ҳар хил бўлмаган нарсаларни тўқиб гапирадиган, турли хил бемаза қилиқларни такаллуф қиладиган одамлар учун қуйидаги ҳадис етарли огоҳлантиришдир.
Муовия ибн Ҳайда разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Мен Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларни эшитдим:
«Одамларни кулдириш учун ёлғон сўзлайдиган одамнинг ҳолига вайл бўлсин!.. Вайл бўлсин унга!.. Ва яна Вайл бўлсин!..» (Термизий ривоятлари, 235-ҳадис; Абу Довуд ривоятлари, 4990-ҳадис. Термизий бу ҳадис ҳақида: «Ҳасан ҳадисдир», дейдилар).
Ёлғоннинг оқибати
Ёлғончи учун бу дунёда ҳалокатга туширувчи, ҳолини хароб қилувчи, охиратда эса шармандаю шармисор қилувчи мудҳиш уқубатлар бор.
Улардан айримлари қуйидагилар:
Қалбда пайдо бўлувчи нифоқ.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Бас, (садақотлар берурмиз, деб)
Аллоҳга берган ваъдаларига хилоф қилганлари ва (иймон келтирганмиз, деб)
ёлғон гапирувчи бўлганлари оқибатида (Аллоҳ)
то улар Унинг Ўзига рўбарў бўладиган Кунгача уларнинг дилларида нифоқ бўлишини қисмат қилиб қўйди» (Тавба сураси, 77-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар:
«Мунофиқни учта амали орқали таниб олинг: Гапирганда ёлғон сўзлайди, ваъда берса, хилоф қилади, омонат топширилса, хиёнат қилади». Сўнгра Абдуллоҳ ибн Масъуд юқоридаги оятни ўқидилар (Ибн Абий Шайбанинг «Мусаннафи», 6/125).
Ёлғончининг фисқу-фужурга ва унинг ортидан дўзах томонга етакланиши.
Ҳаёти давомида ростгўйликни қидирган, ростгўй бўлиб яшашга астойдил интилган, нафси амморасининг ёлғонга ундайдиган васвасаларини енгишга ҳаракат қилган инсон бориб-бориб ростгўйликнинг, тасдиқнинг, иймоннинг энг юқори даражаси бўлмиш сиддиқлик мақомига ноил бўлади.
Аммо ростгўй бўлишга интилиш ўрнига ёлғонни ўзига одат қилиб олган киши эса охир-оқибатда каззоб деган «мақом»га сазовор бўлади. Аллоҳ ҳаммамизни бундай хунук оқибатдан асрасин!
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб дедилар:
«Албатта сидқ-ростгўйлик яхшилик сари етаклайди. Яхшилик эса жаннат сари етаклайди. Албатта банда ростгўйлик қила-қила, ростгўйликка интила-интила, ахийри, Аллоҳ қошида Сиддиқ, деб ёзиб қўйилади. Албатта кизб-ёлғон фужур йўлига бошлайди. Фужур эса дўзахга олиб боради. Албатта банда ёлғон гапира-гапира, ёлғонни излай-излай, охир-оқибатда Аллоҳ наздида Каззоб, деб ёзиб қўйилади» (Бухорий ривоятлари, 5743-ҳадис, Муслим ривоятлари, 2607-ҳадис).
Санъоний айтадилар:
«Ҳадисда қуйидаги нарсаларга ишора бор: Инсон ўз сўзида ростгўйликка риоя қилишга интилса, бора-бора ростгўйлик унинг сажиясига (туғма характери, табиатига) айланиб қолади. Ва аксинча, кимки қасддан ёлғон сўзлашда давом этса, ундан қутулишга интилмаса, ёлғончилик унинг сажияларидан бирига айланади. Демак, яхши ва ёмон хислатларнинг кўпи касбий бўлиб, уларга ҳаракат, давомийлик ва машқ қилиш натижасида эришиш мумкин. Шунингдек, ҳадис ростгўйликнинг шаъни нечоғли юксаклигига ва у охир-оқибатда ўз соҳибини жаннатга олиб киришига далолат қилади. Ҳамда ёлғончиликнинг нақадар қабиҳ иш эканлигидан ва у пировард натижада ўз соҳибини жаҳаннам қаърига қулатиб юборишидан хабар беради. Бу - ҳар иккала хислат соҳибларининг охиратдаги насибаларидир. Уларнинг бу дунёда оладиган улушлари эса шундан иборатки, ростгўй кишининг сўзи одамлар ичида қабул, шаҳодати ҳокимлар қошида мақбулдир. Унинг сўзлари қалбларга маҳбуб ва марғубдир. Каззобнинг сўзи эса мазкурларнинг аксидир» («Субулус-Салом», 2/687).
Ёлғончи гувоҳлигининг рад қилиниши.
Ёлғончининг шаҳодати қабул қилинмайди. Муҳаддислар ёлғон билан танилган эмас, балки бир марта ёлғон сўзлаган одамнинг - гарчи у ёлғон энг арзимас нарсада бўлса ҳам - ривоятини қабул қилишмаган. Зеро, ёлғон - ҳадис ровийсида мавжуд бўлиши муҳим саналган адолат сифатларига тамоман зиддир.
Ҳадис илмида амирул-мўъминийн номига сазовор бўлган Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи битта ҳадис ривоятини тўғридан-тўғри ровийнинг оғзидан эшитиш учун минглаб чақирим йўл босиб, не-не машаққатлар билан уни топганларида, у кишининг ўз отини (ёки туясини) алдаб, ўзини гўёки ем бермоқчи бўлаётгандек кўрсатган ҳолда чақираётганини кўргач, ундан юз ўгириб, орқаларига қайтган эканлар.
Ёлғончининг гувоҳлиги рад қилинишининг ҳикмати борасида Ибнул Қоййим мана бу сўзларни айтадилар:
«Гувоҳлик, фатво ҳамда ривоятнинг рад этилиш сабабларидан энг кучлиси бу ёлғондир. Негаки, бу нарса айнан ўша шаҳодат, фатво ва ривоят жиҳозидаги носозликдан дарак беради. Баски, ундай одамнинг гувоҳлиги худди кўзи ожиз кимсанинг ҳилолни кўрганлиги ҳақидаги гувоҳлигига ёхуд кар кишининг бирор нарсага иқрор қилувчи шахснинг иқрорини эшитганлиги тўғрисидаги даъвосига ўхшайди. Зеро, ёлғон гапирувчи тил ҳам ишдан чиқиб, яроқсиз ва нафсиз бўлиб қолган тана аъзоси кабидир. Балки ундан-да ёмонроқдир. Дарҳақиқат, инсондаги энг ёмон нарса бу ёлғончи тилдир» («Аъломул-Мувқиъийн», 1/95)
Дунёю Охиратдаги қаро юзлик.
Аллоҳ таоло айтади:
«Қиёмат Кунида Аллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз» (Зумар сураси, 60-оят).
Ибнул Қоййим айтадилар:
«Шу боис ҳам, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қиёмат Кунида Ўзининг ва Расулининг шаънига ёлғон сўзлагувчи кимсаларнинг белгиси сифатида уларнинг юзларини қора қилиб қўйди. Кизб юзнинг қорайишида қаттиқ таъсирга эгадир. У соҳибининг устига нафратдан бичилган бир либос ташлайдики, уни ҳар бир содиқ кўра олади. Каззобнинг сиймоси ҳар бир кўзи очиқ одамга унинг ким эканини айтиб туради... Содиқ кишига Аллоҳ таоло маҳобат, виқор ва улуғворлик либосини кийгизади. Уни кўрган одам ундан ҳайбатланади ва уни яхши кўриб қолади. Каззобга эса хўрлик ва нафрат туширилади. Уни кўрган одам ундан нафратланади ва уни ҳақир санайди. Тавфиқ Аллоҳдандир» («Аъломул-Мувқиъийн», 1/95).
Ёлғончи ўлгандан кейин рўбарў бўладиган азоблардан бир кўриниш.
Самура ибн Жундуб разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпинча асҳобларидан:
«Биронтангиз бугун бирор туш кўрдингизми», дея сўрар эдилар ва Аллоҳ хоҳлаган кимса Ул зотга ўша кечаси кўрган тушини айтиб берарди. Бир куни тонгда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
«Бугун тунда менинг ҳузуримга икки келувчи келди. Улар мени ўрнимдан турғазиб, йўлга туш, дедилар... Бас, биз йўлга тушдик. Йўл юриб, чалқанчасига ётган кишига дуч келдик. Унинг тепасида бошқа бириси қўлида улкан темир қайчи ушлаган ҳолда турарди. Қараб турсам, ҳалиги қайчи ушлаган киши ерда ётган одамнинг бир ёқ лунжидан қайчи тиқиб, унинг юзини энсасига қадар йиртар эди. Кейин қайчини бурнидан тиқар ва энсасигача ёриб ташларди. Кейин кўзидан қайчи тиқиб, у ердан ҳам бошининг орқа томонигача бўлган терини қирқиб чиқарди. Кейин юзининг бошқа томонига ўтиб, у томони билан ҳам аввалги томонига қилган ишини қиларди. Юзининг иккинчи томонидан фориғ бўлгунича биринчи томони яна соғайиб, ўз ҳолига келиб қолар, ва ҳалиги киши яна қайтадан бояги ишни такрор қиларди. Мен: «Субҳаналлоҳ! Булар кимлар?» дея сўрадим. Менинг ҳамроҳларим эса: «Юр, йўлингда давом эт», дедилар...» Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша кечаси кўрсатилган барча сир-синоатларни Ул Зотга ҳамроҳ бўлган икки фаришта тафсир қилиб беради ва бояги киши ҳақида шундай дейишади:
«Энди бояги лунжи, бурни ва кўзи энсасигача ёриб ташланаётган киши бўлса, у шундай одамки, эрталаб уйидан чиқиб кетади ва уфқларгача бориб етадиган ёлғон сўзлайди...» (Бухорий ривоятлари, 5745-ҳадис).
Салафларнинг ёлғон ҳақидаги сўзларидан
Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу айтадилар:
«Албатта киши рост сўзлаб, ростгўй бўлишга интилиб борар экан, охири унинг қалбида фужур ўрнашиб, қарор топиши мумкин бўлган нинадек ҳам жой қолмайди. Ва албатта киши ёлғон сўзлаб, ёлғонни қасд қилар экан, бора-бора у қалбини эгаллаб олади ва унинг қалбида сидқ учун нинадек ҳам жой қолмайди».
Ул зотдан яна ушбу сўзлар ҳам ривоят қилинган:
«Ёлғон жиддийликда ҳам, ҳазиллашишда ҳам ярамайди». Сўнгра у киши мана бу оятни ўқидилар:
«Эй иймон келтирганлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва (иймонларида)
ростгўй бўлган зотлар билан бирга бўлингиз!» (Тавба сураси, 119-оят).
Абу Бакр Сиддиқ разияллоҳу анҳу дедилар:
«Ёлғондан сақланингиз, Зеро, у иймоннинг аксидир».
Мана бу асар Саъд ибн Абу Ваққос разияллоҳу анҳудан нақл қилинган:
«Мўмин табиатан ўзидаги барча туғма хусусиятларга мойил бўлади, магар кизб ва хиёнат бундан мустаснодир».
Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг насиҳатларидан:
«Токи, ҳазиллашишда ҳам ёлғонни тарк қилмас экансан, иймон ҳақиқатига ета олмайсан!» (Ибн Абий Шайбанинг «Мусаннафи», 5/235, 236).
Рухсат берилган ёлғон
Шариат уч ўринда ёлғон гапиришга рухсат беради:
1. Уруш вақтида;
2. Икки хусуматлашган кишининг орасини ислоҳ этиш учун;
3. Эрнинг хотинига ёки хотиннинг эрига ўзаро меҳр-муҳаббатни кучайтириш ҳамда ўртага совуқчилик тушишининг олдини олиш мақсадида ёлғон ишлатиши.
Умму Кулсум бинти Уқба разияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган ушбу ҳадисни ривоят қиладилар:
«Одамлар ўртасини ислоҳ қилиб, эзгуликни ўстирувчи ёки яхшиликни гапирувчи киши ёлғончи эмасдир!» (Бухорий ривоятлари, 2546-ҳадис; Муслим ривоятлари, 2605-ҳадис).
Бу ҳадисдан одамлар ўртасини келиштириш учун ёлғон ишлатган кишининг ёлғончи бўлмаслиги тушунилади.
Навбатдаги ҳадис Асмо бинти Язид разияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дея марҳамат қилдилар:
«Ёлғон фақат уч хил ҳолатда ҳалол бўлади: 1. Эрнинг ўз аёлини рози қилиш учун (ёлғон) гапириши. 2. Урушдаги ёлғон. 3. Одамлар ўртасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирмоқлик» (Термизий ривоятлари, 1939-ҳадис. Албоний уни «Саҳиҳул-Жомиъ»да ҳасан санаганлар (7723)).
Апрел ёлғони
Апрел ёлғонининг келиб чиқиши ҳақида қатъий ва аниқ бир тўхтам йўқ. Бироқ бу ҳақда турлича қарашлар мавжуд:
Баъзилар уни кеча ва кундуз тенглашадиган 21 март кунидан бошлаб ўтказиладиган баҳор байрамларига тааллуқли деб ҳисоблайдилар...
Баъзилар бу бидъат биринчи бўлиб Францияда 1564 милодий йили янги тақвим мажбурий равишда жорий қилингандан сўнг бошланган деган фикрни илгари сурадилар. Янги тақвимга амал қилишдан бош тортган кишилар апрел ойининг биринчи кунида халойиқ кўз ўнгида кулги ва масхара қилинарди...
Бошқа бир тоифа эса, бу бидъатнинг илдизлари яна ҳам чуқурроқ эканлигини таъкидлаб, уни қадимий асрларда нишонланадиган ширкий байрамларга боғлайдилар. Зеро, агар таъбир жоиз бўлса, бу байрам баҳор фаслининг бошидаги муайян сана билан боғлиқ бўлиб, шу жиҳатдан қадимда баҳор фаслининг бошланиши билан ўтказиладиган ширкий маросимларнинг қолдиқларидандир. Мазкур фикр соҳибларининг айтишларича, ўша давр одамларининг баъзиларида баҳор фаслида қилинадиган ов кунларининг биринчи куни ов бароридан келмайди, ов алдамчи бўлади деган эътиқод мавжуд бўлган. Айнан шу нарса апрел ойининг биринчи кунида тўқиб чиқариладиган уйдирмалар учун асос бўлиб хизмат қилган...
Айрим Европаликлар апрел ёлғонини «апрел балиғи» деб атайдилар. Унинг важҳи тасмияси шундан иборатки, бу кунда қуёш балиқ буржидан чиқиб, кейинги буржга ўтар эмиш... Ёки балиқ маъносини англатувчи «басион» (Мақолада учраган ажнабий сўзлар ўзининг асл шрифтида эмас, балки арабий ҳарфлар билан берилгани боис, уларни тўғридан-тўғри ўзбек шрифтида ёзишга мажбур бўлдик) деган сўз аслида азоб маъносини билдирувчи «бўвасион» деган сўзнинг бузилган шакли бўлиб, бу - насоролар даъвосига кўра, Исо алайҳиссалом тортган азобларнинг рамзи эмиш. Уларнинг даъвосича, бу биринчи апрел куни содир бўлган эмиш...
Айрим ғайридинлар тоифасининг ҳузурида эса бу кун инглизлар таъбирига кўра, «барча аҳмоқлар ва тентаклар куни» деб аталади. Негаки, улар бу кунда ҳар хил ёлғон нарсаларни тўқиб, бир-бирларини алдайдилар. Бу ёлғонлар тузоғига илинган одам эса аҳмоқ ҳисобланиб, кулги ва масхараларга нишон бўлади...
Энг биринчи апрел ёлғони қачон содир бўлгани «Дрейк журнали» деб номланган мажаллада зикр этилган. Мажалланинг 1698 милодий йил, 2 апрел сонида қайд этилишича, бир қанча кишилар апрел ойининг биринчи куни эрта тонгда Лондон буржида ўтказиладиган қора танлиларни ювиш маросимига таклифнома қабул қилишган...
Биринчи апрел куни Европада содир бўлган энг машҳур воқеаларнинг бири эса 1756 йили Англияда содир бўлган. Мазкур санада Англиянинг «Эйфенд стар» жаридаси: «Эртага, 1 апрел куни Эслингтон шаҳрининг қишлоқларидан бирида катта эшаклар кўргазмаси бўлиб ўтади», деган эълонни нашр қилган. Эртаси куни эшаклар томошасига ишқибоз бўлган юзлаб эркагу аёл, ёшу қаридан иборат одамлар оқими чор атрофдан белгиланган жойга оқиб бора бошлади. Қишлоқ клубида катта бир оломон тўпланиб, кўргазма бошланишини интизорлик билан кута бошлашди. Бироқ, кўргазма ҳадеганда бошланавермас эди. Кутавериб, тоқати тоқ бўлган одамлар кўргазма вақтини сўраб-суриштиришга тушдилар. Бироқ, бундан ҳеч қандай натижага эришолмадилар. Чунки у ерда ўзларидан бошқа бирон кимса йўқ эди. Фақат шундан сўнггина кўргазма қилинадиган эшаклар аслида ўзлари бўлиб чиққанликларини сезиб қоладилар...
Аммо доктор Осим бин Абдуллоҳ Қарютийнинг «Апрел ёлғони, унинг тарихи ва шаръий ҳукми» номли китобида эса бу воқеанинг келиб чиқиш сабаблари юқорида айтиб ўтилган фикрлардан ўзгачароқ бир тафсир билан ёритилади.
Муаллиф бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:
«Кўпчилигимиз апрел ёлғони (ҳазили) деб номланувчи одатни байрам қиламиз, ҳолбуки, бунинг сўзма-сўз таржимаси аслида «апрел ҳийласи» деган маънони билдиради.
Бироқ бу сўзнинг ортида яширинган аччиқ ҳақиқатдан қанчамизнинг хабаримиз бор.
Бундан тахминан минг йилча муқаддам Андалусда (Испания) мусулмонлар ҳукмронлик қилган даврларда Мусулмон Андалус парчалаш амримаҳол бўлган қудратли давлат эди.
Ўша замонларда ғарб насронийлари Исломни замин юзидан ўчириб ташлашни орзу қилардилар. Афсуски, улар ўзларининг қора ниятларини амалга оширишда бир қадар «муваффақиятга» ҳам эришдилар.
Насроний ғарби Исломнинг Андалусдан бошлаб, барча фаранги юртлар бўйлаб кенг қулоч ёзишидан ниҳоятда қўрқар эди. Шу жиҳатдан Андалус ниҳоятда муҳим геосиёсий мавқени эгаллаган бўлиб, доимо ғаразгўй насронийларнинг диққат марказида турарди.
Улар кўп маротабалаб Андалусни истило қилиб, бу давлатни мусулмонлар қаламравидан чиқариб олишга ва бу ерлардан Ислом шиорларини батамом маҳв этишга уринишлар қилдилар. Бироқ барча ҳаракатлари муваффақиятсизликка учрайверди.
Шундан сўнг кофирлар вазиятни диққат билан ўрганиш ҳамда мусулмонлар синмас қувватининг сирини билиш учун бу мамлакатга ўз жосуслари ва миссионерларини юбора бошладилар.
Ва ниҳоят, мусулмонларнинг енгилмас кучининг сири ҳам очилган, калаванинг учи топилган эди. Бу – Андалус халқининг тақвони лозим тутишлари ва Қуръону Суннатга маҳкам ёпишганликлари эди, холос.
Мусулмонлар қудратининг асосий сирини билиб олган насронийлар, ортиқ бу қувватни синдира олиши мумкин бўлган бир стратегия устида астойдил бош қотира бошладилар.
Улар ўзларининг шайтоний ақллари ёрдамида жуда катта бир макр-ҳийла ўйлаб топдилар. У ҳам бўлса тақвога қарши фужур билан курашиш эди. Андалусга маст қилувчи ичимликлар ва тамаки бепул юборила бошлади.
Насроний тождорлари томонидан Андалус ҳокимига кўнгилхушлик қилиш учун жориялар совға қилинди. Ўзини Мусулмон Андалусга дўст мақомида кўрсата бошлаган узоқ-яқиндаги фаранги ҳокимлари томонидан турли туман ҳушомадгўйликлар кўрсатила бошланди. Натижада мусулмон юртига фаҳш-бузуқлик ўрмалаб кирди.
Ғарбнинг бу хил тактикаси ўзининг аччиқ меваларини бера бошлаган эди. Секин-секин мусулмонларда иймон заифлашиб борди. Хусусан, ёшларнинг кўпи маданий урушнинг қурбонларига айландилар. Дин учун қайғуриш ва сергак туриш ўрнига одамлар қалбига ғафлат уя қурди.
Бу ишларнинг оқибати ғарб католик насороларининг Андалусни батамом ўз ҳукмларига бўйсундиришлари ва бу мамлакатда қарийб саккиз юз йилдан зиёдроқ муддат давом этган Ислом ҳукмронлиги ва маданиятини тугатишлари билан хотималанди. Биринчи апрел куни эса бой берилган Андалусдаги мусулмонларнинг сўнгги қалъаси бўлмиш Ғирнота (Гранада) ҳам қулади.
Кофирларнинг тоғларни ҳам ўрнидан қўзғатиб юборай дейдиган мудҳиш найранглари ўз ишини берган эди. Шу боис ҳам бу воқеани «Апрел ҳийласи» («April fool») деб эътибор қилдилар.
Ўша санадан буён бугунга қадар улар бу кунни байрам сифатида нишонлаб келадилар ва мусулмонларни ақлсиз, аҳмоқлар дея эътибор қиладилар. Эътиборли ва сергаклантирадиган жиҳати шундаки, улар аҳмоқлик ва соддаликни, алданишга мойилликни фақат Ғирнота қўшинидагина эмас, балки бутун Ислом Умматида кўрадилар.
Мазкур байрамларда ҳозир бўлишимиз жаҳолатнинг бир тури бўлса, ушбу жирканч ғояни ўзида сақлаган ўйинда уларга эргашишимиз, кўр-кўрона тақлиддан ва баъзиларимизнинг чиндан ҳам кулгига сазовор бўлган аҳмоқлигимиздан бошқа нарса эмас. Зеро, бу байрамнинг сабабини билганимизда эди, ҳеч қачон ўз мағлубиятимизни нишонламаган бўлардик.
Ҳақиқатни билганимиздан кейин, келинг, бу кунни асло нишонламасликка ўзимизга қатъий ваъда берайлик. Ўтмишимизнинг аччиқ хотираси - Андалуснинг йиқилиши бизни ҳушёрликка ундаши лозим. Ундан керакли сабоқлар олишимиз ва Исломни чин маънода ҳаётимизга татбиқ этишимиз ҳамда иймонимизнинг заифлашувига асло йўл қўймаслигимиз даркор».
Юқорида келтирилган фикрлардан қайси бири ҳақиқатга яқинроқ, буниси бизга қоронғу. Бироқ, бу бидъатнинг аслини билиш, биз учун у кунда ёлғон сўзлашнинг ҳукмини билишчалик муҳим эмас. У хоҳ Мусулмон Андалуснинг йиқилишига тааллуқли бўлсин, хоҳ бутпарастлик даврининг ширкий байрамлари сарқитларидан бўлсин, хоҳ яна бошқа сабаблар натижасида пайдо бўлган бўлсин, бунинг бизлар учун заррача аҳамияти ҳам, фарқи ҳам йўқ. Қатъий қилиб айтишимиз мумкин бўлган бирдан-бир ҳақиқат шуки, бу бидъат Исломнинг саодат асрлари деб аталмиш гуллаб-яшнаган аввалги даврларида бўлмаган. Боз устига, унинг келиб чиқиши ҳам мусулмонлардан эмас, балки уларнинг душманларидандир.
Апрел ёлғони туфайли вужудга келадиган нохуш воқеалар ҳам оз эмас. Кимдир отаси ёки хотини ёки ўзига яқин ва суюкли бўлган одамлардан бирисининг вафот этганлиги ҳақидаги қайғули хабарни эшитгач, бундай туйқус зарбага дош беролмай, анавилардан олдин ўзи вафот этади. Яна кимдир вазифасидан бўшатилгани ёхуд уйи ёниб кетгани ёки оиласи автомобил ҳодисасига учрагани ҳақида хабар берилиб, юрак хуружига учрайди. Бундай ҳолатда инфаркт, инсулт ёки қанд хасталиги каби оғир дардларга бир зумда чалиниб қолиш ҳам ҳеч гап эмас. Бошқа биров эса ўзининг дўсти ёки ҳамкасбига унинг аёли ҳақида, масалан, уни бегона эркак билан кўриб қолгани ва ҳоказо ёлғон гапларни айтади. Бу эса аёлнинг эри томонидан ўлдирилишига ёки талоқ қилинишига сабаб бўлади.
Шу тариқа бундай воқеа ва ҳодисаларнинг кети узилмайди. Буларнинг бари дин ҳам, ақл ҳам ҳаром қилган ва ҳақиқий мардлик рад этган ёлғон туфайлидандир.
Шариат ҳатто ҳазилда ҳам ёлғонни ман қилганлигини кўриб ўтдик. Мусулмон мусулмонни хоҳ жиддий равишда, хоҳ ҳазиллашиб, хоҳ сўз билан, хоҳ феъл билан қўрқитиши мумкин эмаслигини, бундан қайтарилганлигини билдик. Бу Ўз бандаларининг аҳволини ва уларнинг салоҳияти нимада эканлигини ўзларидан кўра яхшироқ биладиган Ҳикмат соҳиби бўлган Зот – Аллоҳнинг шариатидир.
Тавфиқ Аллоҳдандир...