Admin   02-04-2010, 08:22 PM
#1
ВАЛЕНТИН КУНИНИ НИШОНЛАШ

МУҚАДДИМА

Аллоҳга ҳамду-санолар, Пайғамбарга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту-саломлар бўлсин.
Аммо баъд:
Ёмонликни танидим,
ёмонлик учун эмас,
ундан сақланиш учун...
Аллоҳ таоло барча инсоният учун Исломни дин қилиб танлади ва Исломдан ўзга ҳеч қандай йўл Унинг ҳузурида мақбул бўлмаслигини маълум этган:
«Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир» (Оли Имрон: 85).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматлари орасида кофирларнинг урф-одат ва анъаналарига тақлид қилиб, эргашиб кетгувчилар чиқишидан огоҳлантирганлар. Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят этган ҳадисда шундай дейилади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитдим: «Сизлар аввал ўтган қавмларнинг йўлларига қаричма-қарич, газма-газ эргашиб кетурсизлар». Савол берилди: «Ё Расулуллоҳ, яҳуд ва насороларни айтяпсизми?» Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Бўлмаса кимни?!» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимадан огоҳлантирган бўлсалар, ўша бугун содир бўлди ва кўпчилик мусулмонлар орасида оммалашди. Аксар мусулмонлар Аллоҳнинг душманларига кўп феълларда эргашдилар ва уларнинг урф-одатлари, анъана ва байрамларига тақлид қилдилар. Оммавий алоқа воситаларининг кўпайиши натижасида эса бу баттарроқ тус олди: кофирларнинг одатлари барча дабдабаю-асъаса билан куфр ўчоқларидан мусулмонлар орасига фазовий телеканаллар, интернет тармоғи, газета ва журналлар орқали узатилди, содда мусулмонлар эса уларнинг зоҳирий зийнати таъсирига мубтало бўлдилар.
Бу одатларнинг бири – сўнгги йилларда мусулмон ёшлар орасида тарқатилган фаҳш, зино ва энг жирканч ахлоқсизликларга тўла бир анъанадир. Бу анъананинг номи «Авлиё Валентин куни» деб аталиб, мусулмонларнинг насоролар тўдасига тақлид қилишлари оқибатида юзага келди.
Ўз навбатида илм аҳли Аллоҳ ва Расулига насиҳат (холислик) ҳаққи, ўз зиммасидаги вазифаларини адо этмоқлари, бундай кўринишларга Исломнинг аниқ ва асосли муносабатини яширмасликлари лозим, ҳамда Аллоҳ таоло наздидаги азизликнинг ягона сабаби бўлмиш соғлом ақидаларини саломат сақлашга саъй-ҳаракат қилмоқлари шартдир.
Admin   02-04-2010, 08:24 PM
#2
ВАЛЕНТИН КУНИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШ ТАРИХИ

Бундан 17 аср муқаддам, Қадимги Римда буптарастлик расмий дин бўлган замонларда, «Севги байрами» деган байрам бўлган. Бу – бутпарастларнинг наздида ўз маъбудларига нисбатан «руҳий муҳаббат» изҳори саналган. Бу байрамнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бир неча афсоналар мавжуд бўлиб, кейинги насоро тадқиқотчилари тарафидан уларнинг воқеликда содир бўлганлигини улкан шубҳа остига олинган. Шундай бўлса-да, биз улардан иккитасини келтириб ўтамиз.
Энг кенг тарқалган афсонада айтилишича, Ромул (Рим асосчиси) бир куни она бўрини эмиб қўяди ва она бўри унга куч-қувват ва ҳикмат ато этади.
Римликлар бу байрамни ҳар йили феврал ўрталарида нишонлаганлар. Одат бўйича, улар ўз бутларига атаб қурбонликка эчки ва ит сўйиб, қонини икки бақувват ва кўркам йигит баданига суртишар, сўнг эса уни сут билан ювишарди. Кейин иккиси бошчилигидаги парад Рим кўчалари бўйлаб кезарди. Йигитларнинг қўлида қамчилари бўлиб, дуч келган одамни савалар эди. Римнинг туғмас хотинлари бу калтакларни бажонидил қабул қилишарди, чунки бу бепуштликдан халос қилади деб ишонишарди.
Бу байрамнинг Валентин кунига қандай алоқаси бор?
Валентин - насоролар тарихидаги роҳиблардан бирининг номи бўлиб, 296 милодий йили у Готларнинг саркардаси Клаудиус қувғинлари оқибатида ҳалок бўлган. 350 йили насоролар унинг хотирасини «абадийлаштириш» учун у ўлган жойда черков қуришган. Римликлар насронийликка ўтгач, улар мазкур «Севги байрами»ни нишонлашни тўхтатмадилар. Балки бутпарастча «руҳий муҳаббат» деб эмас, балки насороча талқин билан «муҳаббат шаҳидлари куни», «барча севишганлар байрами» деб аталди, Валентин ҳам ишсиз қолмади, унга «барча ошиқ-маъшуқлар авлиёси» мақоми берилиб, дунёда севги ва тинчликни сақлаб туриш вазифаси юклатилди.
Ушбу байрамга тааллуқли яна бир одат шу эдики, бўйи етган қизлар ўз исмларини бир парча қоғозга ёзишиб, ликопчага ташлардилар. Сўнг уйланмоқчи бўлган йигитлар чақириларди-да, ҳар бири ликопчадаги варақлардан бирини тортарди. Йигит бир йил мобайнида исми чиққан қизнинг хизматида бўларди. Келаси йил байрамида улар ё никоҳдан ўтиши керак эди, ёки яна қоғоз тортиларди.
Шуни ҳам айтиш керакки, насоро расмийлари (масалан, Италияда) бу байрамни таъқиқлаган. Чунки у ёшлар маънавиятига улкан хавф бўлиб, жамиятда фасод ва бузуқликни кўпайтирар эди. Аммо кўп ўтмасдан, 18-19 асрларга келиб Валентин куни насороларда барибир байрам қилинадиган бўлди. Бунга сабаб, бир тарафдан, ўзлари бу таъқиққа амал қилишмасди. Тарки дунё қилиб, бор умрини фақат тоат-ибодатга назр қилган насроний уммати, айниқса дин пешволари шаҳват ботқоғига аллақачон ғарқ бўлиб улгурган эди. Эркаклар баччавозлик, аёллар эса фоҳишалик билан шуғулланишар, ибодатхоналар эса фаҳш ва зино билан тўлган эди. Иккинчидан, черков, ўз тарафидан, бу байрамга қарши тақдим этишга яроқли ҳеч нарсага эга эмасди.
Натижада, бир қатор Ғарб давлатларида бутун бир дўкончалар пайдо бўлиб, «Валентин куни»га тааллуқли совғалар билан савдо қилиш бошланди, улар орасида «Валентин китоби» номли китобчалар эди. Уларда ишқий шеърлар битилган бўлиб, севги изҳор этишни истаганлар бу шеърлардан бирини танлаб, ўз севгилисига тақдим этиши мумкин эди. Уларда ишқий мактуб ёзиш бўйича тавсиялар ҳам бериларди.
Бу байрамнинг келиб чиқиши ҳақидаги бошқа бир ривоятда шундай дейилади. Насронийлик кенг тарқалиб, Римликлар насроний қилингач, учинчи милодий асрга келиб Рим императори Клаудиус II ўз аскарларига уйланишни таъқиқлайди, чунки уйланган аскарлар армия сафидан озод этиларди. Бу таъқиққа қарши Валентин исмли роҳиб (кейинроқ насоролар унга авлиё мақомини беришган), уйланишга рухсат деган фатво чиқаради ва аскарларни махфий турда никоҳдан ўтказади. Бундан хабар топган император «қонунбузар роҳиб»ни қамоққа ташлайди ва ўлимга маҳкум этади. Қамоқда Валентин қамоқхона бошлиғининг қизини севиб қолади, аммо бу ҳам сир турилиши керак эди, чунки насоро қонунлари бўйича, ҳеч бир роҳиб ё черков ходимининг уйланиш ё бирон аёлни севишга ҳаққи йўқ.
Шундай бўлса-да, насоролар уни авлиё санайдилар. Нега? Эмишки, гўё император унга агар насронийликдан қайтиб, Рим бутларига сажда қилса, унга юқори лавозим ва ўз қизини никоҳлаб беришини ваъда қилганида, Валентин рози бўлмай, насронийликни ихтиёр қилганмиш. Оқибатда 270 йил 14 февралда қатл этилган ва мазкур кун ҳалиги роҳиб номи билан боғлиқ бўлиб қолган эмиш.
Тарихчи Уилл Дюраннинг таъкидлашича, насоро черкови йилнинг ҳар кунини алоҳида авлиё номи билан атаб, тақвим тузиб чиқди. Англияда Валентин куни қишнинг сўнгига тўғри келиши керак эди. Бу кун уларнинг ақидасига кўра, ўрмондаги қушлар ўзгача фаоллик билан қўшилишар экан, шунинг учун йигитлар ҳам севган қизларининг деразаси остига гулдасталар қўйиши лозим эди (Story of Civilisation, Will Durant 15/23).
Папа 270 йилга келиб Валентин ўлган кунни «Севги байрами» деб нишонлашга расмий турда фатво чиқарди. Ниҳоят, Папа ҳазратларининг фатвоси билан бир бутпарастларнинг замонлар қолиб кетган нопок анъаналари самовий диннинг тўридан жой олди. Мана сизга папа! Папа дегани кимлигини биласизми? «Папа – бош епископ, коинот черковининг отаси, авлиё Пётрнинг ўринбосари». Кўринг динида йўқ байрамни жорий қилиб бераётган манави черков отасини!
Аллоҳ таоло ўз каломида шундай дейди:
«Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини рабб қилиб олдилар» (Тавба: 31).
Адий ибн Хотим разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Мен (ҳали мусулмон бўлмаган пайтимда) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келдим. Бўйнимда олтин салб (крест) бор эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга дедилар: «Ташлаб юбор бу бутни, ё Адий!» Сўнгра: «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг аҳборларини ва роҳибларини рабб қилиб олдилар» оятини ўқидилар. Мен дедим: «Ахир уларга ибодат қилмаганлар-ку?» У зот дедилар: «Йўқ, ибодат қилганлар! Улар ҳаромни ҳалол қилиб берсалар, ҳалол санаб, ҳалолни ҳаром қилиб берсалар, ҳаром санаганмидилар?» Мен: «Ҳа. Шундай қилгандилар». У зот дедилар: «Бас, мана шу – ибодатларидир» (Термизий ривоят қилган ҳасан ҳадис).
Admin   02-04-2010, 08:27 PM
#3
БУ БАЙРАМНИНГ АСОСИЙ РАМЗЛАРИ

- Бу кунни (худди бошқа байрамлари қаторида) қувонч ва хурсандчилик билан ўтказиш;
- Бутпарастларнинг «руҳий муҳаббат» ёки насороларнинг «севги» тимсоли бўлмиш қизил атиргуллар алишиш;
- Битоқа (откритка)лар юбориш. Уларнинг баъзиларида Купидон сурати тасвирланади.
Quote:Купидон – қадимги Римдаги севги илоҳи, яланғоч ва хатна қилинмаган қанотли гўдак бўлиб, қўлида камон ва ўқ ушлаган.
Субҳоналлоҳ! Аллоҳ уларнинг бу бўҳтонларидан юксак ва покдир!;
- Ишқий сўзлар ва истаклар ёзилган хатлар ёзиш. Уларда шеърий, насрий ёки бир неча жумлалар битилган бўлади. Баъзи хатларда кулгили сурат ва ажабтовур сўзлар ёзилган бўлиб, кўпинча «Валентиним бўл!» деган ибора билан якунланади;
- Кўпчилик Ғарб юртларида бу кун зиёфатлар ташкил қилинади, эркагу-аёл аралаш рақслар тушилади. Кўплар ўз аёли, дўсти ёки севган бошқа кишиларига атиргул, шоколад ёки бошқа совға беради;
- Севги-муҳаббат (жумладан, узоқроқ ўпишиш) мусобақалари уюштирилиб, натижада оммавий зино ва беҳаё намойишлар авж олади.
Аллоҳ таоло бизларни ўз паноҳида сақласин!
Юқоридагилардан хабардор бўлгач, қуйидаги хулосаларга келамиз:
Биринчидан, бу байрамнинг келиб чиқиш тарихи Рум бутпарастларининг Аллоҳни қўйиб, ибодат қиладиган маъбудларига нисбатан «руҳий муҳаббат»ни изҳор этишдан бошланган. Бу байрамни нишонлаётган кишилар сохта худоларни улуғлаб, ширк кўринишларидан бирини қилаётган бўлади.
Аллоҳ таоло деди:
«Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72).
Иккинчидан, бу байрам ақлга ҳам, мантиққа ҳам тўғри келмайдиган афсоналар асосига қурилган. Йирик бир шаҳар асосчисини қаёқдаги бир ваҳший ҳайвон эмизишига, унга куч-қувват ва ҳикмат ато этишига ва буни байрам қилинишига заррача ақли бор инсон ишонадими? Бу афсоналар мусулмонларнинг соф ақидаларига бутунлай зиддир, зеро барча куч-қувват ва ҳикмат шериги йўқ бўлган Аллоҳ таолога хосдир. Уни ёлғиз Аллоҳгина ато этади, урғочи ҳайвонлар эмас. Қавмларини ҳам бўрилар тўдасидан бутлар эмас, балки осмонлару-ерни сақлаётган буюк Аллоҳ сақлайди! Аллоҳ уларнинг бу ширкларидан олий ва покдир!
Учинчидан, бу байрамдаги римликларнинг жирканч одатлари, яъни эшак ва итларни ўлдириб, қонларини баданларига суртишлари ёки кўчада юрган кексалар, аёллар ва болаларни аёвсиз савалашлари эди. Поклик деган тушунчадан озгина хабари бор кишида бу байрам кайфияти эмас, балки нафрат ва жирканишни пайдо қилади.
Тўртинчидан, Валентин (уни биз ҳеч қанақа авлиё ҳисобламаймиз) билан бу байрамнинг боғлиқлигини насороларнинг ўзлари шубҳа остига олганлар, яъни бу байрамнинг бирор аниқ тарихий асоси йўқ.
Очиғини айтганда, насоролар бутпарастларга эргашиш ўрнига, Аллоҳнинг пайғамбарига эргашганларида, Ийсо алайҳиссалом келтирган соф динни ташлаб, мушрикларнинг нопок одатларидан нусха олиш ўрнига, Аллоҳнинг мўъжиза каломи ва Қиёматгача тирик мукаммал шариатини қабул қилганларида, ўзлари учун яхшироқ бўларди:
«Агар улар қилинган панд-насиҳатларга амал қилганларида, ўзлари учун яхшироқ ва иймонларини мустаҳкам қилгувчироқ иш бўлур эди» (Нисо: 66).
Бугунги аҳволни кўринг, насроний динидаман деганларнинг Ийсо келтирган дин қайси-ю, бутпарастдан келгани қайси, боши гаранг.
Улар-ку маълум, кофиру-адашганлар, аммо биз мусулмонлар-чи, яҳудий, насроний ва бутпарастларнинг ҳар қандай навига мухолиф бўлишга буюрилган, уларга эргашмасликка, уларга тақлид қилмасликка маъмур бўлган, лекин бовужуд, уларнинг ортида эргашиб юрган бизларга нима дейиш мумкин? Бу байрам Италияда, католиклар чўққисида таъқиқлангани ҳам бор, чунки у эркагу-аёлнинг орасида фасод ва расволикни тарқатувчи, ёшлар онгини заҳарловчи анъана эди.
Бас, мусулмонга мана шуларнинг ўзи уни рад қилиб, бошқа мусулмонларни ҳам ундан қайтариши учун ва зиммасидаги яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш омонатини адо этиш учун етарли эмасмиди?
Admin   02-04-2010, 08:31 PM
#4
Бир киши савол беради: Нега мусулмонлар бу байрамни нишонламайди?
Бу саволга бир неча жиҳатдан жавоб берамиз:
1. Ислом динида байрамлар Аллоҳ ва Расули тарафидан жорий қилинган бўлиб, ҳар қандай қўшимча ёки камайтиришдан ҳолидир. Байрамлар диний ибодатларнинг муҳим бўлаги саналиб, бу масалада ижтиҳод ва раъйларга ўрин берилмайди.
Аллоҳ таоло деди:
«Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик» (Моида: 48).
«Биз барча миллатга диний маросимлларни буюрганмиз - улар ўшанга амал қилгувчидирлар» (Ҳаж: 67).
Шайхул-ислом (Ибн Таймийя раҳматуллоҳи алайҳ) мазкур оят ҳақида дедилар: «Байрамлар – қибла, намоз ва рўза каби шариат арконлари, тўғри йўл ва диний маросимларнинг бир қисмидир. Кофирларнинг байрамларига шерик бўлиш билан бошқа маросимларига иштирок этиш орасида фарқ йўқ. Байрамга тўлиқ рози бўлиш, куфрга тўлиқ рози бўлиш, баъзи масалаларда рози бўлиш эса, куфрнинг баъзи кўринишларига рози бўлишдир. Динларни бир-биридан фарқлаб, ажратиб турувчи энг улкан шиорлар – байрамлар бўлиб, кимки уларни нишонласа, бас, у куфрнинг улкан шиорларини тасдиқлабди. Кофирлар билан бирга уларнинг байрамларида иштирок этиш баъзи ҳолатда ҳатто куфрга ҳам олиб бориши мумкин. Бу масалага юзаки ва бепарво бўлиш камида гуноҳдир, чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бордир» деганлар (Бухорий)» (ал-Иқтидо 1/471-172).
Модомики, Валентин куни Исломга эмас, балки Исломдан мутлақо бехабар қадимги Рим бутпарастлари ва улардан нусха олган насороларга хос ботил бир анъана экан, мусулмонлар унда на иштирок этишлари, на у билан табриклашлари ва на унга қандай турда бўлмасин, ҳисса қўшишлари мумкин эмас экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ҳар бир қавмнинг ўз байрами бордир» дейишлари эса, ҳар бир уммат ўз байрами билан ажралиб туриши керак деган мазмундадир. Агар яҳудлар ёки насоролар ўзларига хос байрамини нишонлайдиган бўлса, бунда ҳеч бир мусулмон шерик бўлмаслиги лозим, худди уларнинг динларида ва бутларга сиғинишларида шерик бўлмагани каби.
2. Валентин кунини нишонлаш аввало римлик бутпарастларга, кейинроқ насоролардан бўлмиш аҳли китоб кофирларига эргашиш ва тақлид қилишдир. Агар аҳли китобнинг динидаги одатларига тақлид қилиш биз мусулмонларга манъ этилган бўлса, у ҳолда динларида мутлақо йўқ бўлиб, ўзлари пайдо қилиб олган байрамларига нима дейиш мумкин?
Кофирларнинг (улар хоҳ аҳли китоб, хоҳ бутпараст бўлсин) ибодатлари, феъллари ва урф-одатларига тақлид қилиш Қуръон, ҳадис ва уламолар ижмосига кўра ҳаромдир.
Бунга Қуръондан далил:
«Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!» (Оли Имрон: 105).
Бунга ҳадисдан далил: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир» (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).
Шайхул-ислом дедилар: «Бу ҳадис – уларга тақлид қилишни камида ҳаром қилади. Аммо бошқа бир оятда уларни дўст тутган киши – улар каби кофир бўлиши айтилади:
«Эй мўминлар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51)» (ал-Иқтидо: 1/454).
Бунга ижмоъдан далил: Шайхул-ислом айтадиларки, кофирларга тақлид қилишнинг ҳаромлигига саҳобалар даврида иттифоқ қилинган (ал-Иқтидо: 1/454). Ибн Қоййим раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, бу масалада уламолар иттифоқ қилганлар (Аҳкому аҳлиз-Зимма: 2/722-725).
Аллоҳ таоло кофирларга тақлид қилишни таъқиқлаган ва бунинг манфур ва жирканч амаллигини маълум қилиб, унинг хатарли оқибатларидан огоҳлантирган. Буни кўп оятларда, кўп ҳолатларда ва турли йўллар билан таъкидлаган: баъзан уларга эргашиш ёки бўйсинишдан қайтаради, баъзан уларнинг ўзи ва сўзлари, феъллари ва муомалалари ортида беркинган макр-хийласига алданишдан огоҳлантиради.
Қуръондаги энг кўп огоҳлантириш – яҳуд ва мунофиқлар ҳақида, сўнгра омматан аҳли китоб ва мушриклар ҳақидадир. Аллоҳ таоло кофирларга ўхшаш ёки уларга эргашиш муртадликка олиб боришини айтган ва уларга эргашишни ҳамда уларнинг ҳавою-хоҳишлари ва разил хулқларига бўйсунишни ҳаром қилган.
Кофирларга тақлид қилишнинг ҳаромлиги Ислом шариатининг асосий қоидаларидан биридир. Аллоҳ таоло ўз Расулини ҳидоят ва ҳақ дин билан барча динлар устида зоҳир бўлиши учун юборган, ҳамда бу динни мукаммал қилиб, ҳар қандай қўшимча ва тўлдиришлардан беҳожат этган. Бунга Аллоҳнинг ўзи гувоҳлик берган:
«Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Аллоҳ таоло Ислом қонунларини инсониятнинг барча манфаатларини қамрагувчи, барча замонлар, барча маконлар ва барча инсонларнинг муаммоларини ҳал этувчи қонун қилган. Ислом аҳли учун ҳар қандай кофиру-бутпарастларнинг йўлларини қабул қилиш ёки уларга тақлид этишга эҳтиёж қолдирмаган.
Бу тақлид оқибатида мусулмоннинг шахсиятида нуқсон, жумладан, ноқислик, ўз динидан норозилик ҳисси, заифлик ва мағлубият кайфиятлари вужудга келади, бу эса, ўз навбатида Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларидан чекиниш ва узоқлашувга олиб келади.
Тажрибада кўрилганки, кофирларга ҳавас ва уларга тақлид қилиш оқибатида кофирларга нисбатан муҳаббат, уларга ишониш ва уларни яқин дўст ва ёрдамчи қилиш пайдо бўлади. Бунинг муқобаласида Исломга, унинг шиорлари, мероси, буюклиги ва қадриятларига нисбатан юзаки муносабат, ишончсизлик ва адоват пайдо бўлади. Чунки бир жасадда икки қалб жам бўлмайди:
«Аллоҳ бирон кишининг ичида икки юрак қилган эмасдир» (Аҳзоб: 4).
3. Валентин кунидан кўзланган мақсад (тарафдорларининг таъкидлашича) – барча инсонлар орасида севги, муҳаббат ва эзгуликларни тарғиб этиш. Эътибор беринг, барча инсонлар, мусулмонми-кофирми, мушрикми-бутпарастми, фосиқми-мунофиқми бундан қатъий назар, бирдай яхши кўравериш. Ваҳоланки, мусулмон учун кофирни яхши кўриш – ҳаром.
Аллоҳ таоло деди:
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбари чизган чизиқдан чиққан кимсалар билан - гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да, дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).
Ўз яқинлари Аллоҳ ва Расули чизган чизиқдан чиқса, дўстлашиш мумкин эмас экан, махлуқларнинг энг ёмони – аҳли китоб ва мушриклардан бўлмиш кофирлар ҳақида нима дейиш мумкин?!
«Албатта аҳли китобдан ва мушриклардан бўлган кофир кимсалар жаҳаннам ўтида бўлиб, ўша жойда мангу қолурлар! Ана ўшалар энг ёмон махлуқдирлар» (Баййина: 6).
Шайхул-ислом дедилар: «Аллоҳ таоло кофирни ўзига яқин дўст тутгувчи мўмин йўқлигини айтмоқда. Кофирни яқин дўст тутгувчи – мўмин эмас. Зоҳирий тақлид – фақат муҳаббат аломати деб қаралади, шунинг учун ҳам ҳаромдир» (ал-Иқтидо: 1/490).
4. Насоролар тарғиб қилаётган бу романтик севги – аслида эркак ва аёл ўртасидаги покиза ва юксак туйғулар эмас, балки шаҳвоний бузуқликлар, оммавий фоҳишабозликлар билан тўла ва оила-никоҳ чегараларидан мутлақо олис муносабатлари бўлиб, унинг оқибати – зино ва бузуқликларнинг оммавий тус олишидир. Черков уни бир пайтлар ман этгани ҳам бежиз эмас, аммо шайтон бир гуноҳнинг уруғини пайдо этгач, у тобора урчиб, кўпайиб бораверди.
Кўп ёшлар Валентин кунини (бу кунда уларнинг ишқий хоҳиш ва истаклари рўёбга чиққани учун) нишонлайдилару, аммо аслида ашаддий душмани бўлмиш кофирларга эргашиш ва тақлид кўчасига кириб қолганини фаҳмламайдилар ҳам. Фожеани кўринг, мусулмонлар насороларнинг ибодат ва феъллари у ёқда турсин, ҳатто гуноҳларида ҳам эргашмоқдалар, ваҳоланки, бу – кофирларнинг «ибодати» бўлиб, баъзилари зино каби гуноҳи кабиралар бўлса, баъзилари уни ҳалол санаш каби очиқдан-очиқ куфрдир.
Бир киши савол беради: Сиз бизни севги-муҳаббатдан маҳрум этмоқчисиз. Бу куни бизлар ўз ҳис-туйғуларимизни изҳор этамиз, ахир бунинг нимаси ёмон?
Биз бу саволга бир неча жиҳатдан жавоб берамиз.
Биринчидан: Бу кунга берилган номлар билан унинг ортида яширинган мақсадларни чалкаштириш – хато. Бу кунда маълум бўлган севги – фоҳишаю-жазманлар, ошиқ-маъшуқларнинг никоҳсиз суюқлигидир. Улар учун бу кун шаҳвоний ҳирслар куни бўлиб, унда ҳеч бир чегараю-чеклов йўқ. Улар ҳатто эрнинг ўз никоҳидаги аёлига ёки аёлнинг ўз никоҳидаги эрига нисбатан табиий туйғулари билан ҳар бир динда жирканч ва оғир гуноҳ саналган зино ва фоҳишаликнинг орасини фарқламайдилар. Бу байрам (аёллар аёлларга, эркаклар эркакларга, эр-хотин биргалашиб бошқа эр-хотинга, ҳатто инсонлар ҳайвонларга) муҳаббат ва шаҳвоний рағбат изҳор этиш воситасидир. Аллоҳ бизларни бундай тубанликдан асрасин!
Иккинчидан: Агар аҳли китоб кофирлари «ўз ҳис-туйғуларимизни изҳор этамиз» дея, дуч келган бир кунни хаёлан байрам атаб, тантаналар уюштираётган бўлсалар, ихтиёр ўзларида, бизга уларнинг қизиғи йўқ, аммо мусулмонлар уни байрам қилишлари учун бу ҳали ҳеч қанақа асос эмас. Аммо бу анъана – аҳли китобдан ҳам пастроқ манзилотдаги нопок мушрикларнинг байрами бўлса, унга нима дейсиз:
«Эй мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз, мушриклар нопок (нажас) кимсалардир» (Тавба: 28).
Учинчидан: Ўз эргашувчилари ўртасида муҳаббат ва энг олий ҳис-туйғуларни юксалтирувчи биргина йўл – Ислом динидир. Бу туйғулар бир кун билан тугаб, тўхтаб қолмайди, балки доим, барча вазиятда мукаммал суратда қоим бўлади.
Дарҳақиқат, Ислом дини бизни ўз ҳис-туйғуларимизни изҳор этишга буюради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Агар киши бир кишини яхши кўрса, яхши кўришини унга айтиб қўйсин» (Абу Довуд ва Термизий ривояти, саҳиҳ ҳадис).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам яна дедилар: «Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, то мўмин бўлмагунингизча, ҳаргиз жаннатга кирмайсиз; то бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча, ҳаргиз мўмин бўлмайсиз. Сизларни агар уни қилсангиз, бир-бирингизни яхши кўрадиган бир амалга йўллайинми? Орангизда саломни кенг ёйингиз» (Муслим: 54).
Ўзингиз бир ўйлаб кўринг, бу муҳаббат билан кофирлар айтаётган муҳаббат орасида жаннат билан дўзахдай фарқ бор, шундай эмасми?!
Тўртинчидан: Ислом таълимотида «муҳаббат, яхши кўриш» тушунчалари кенг маъноли бўлиб, икки жинс орасидаги мойиллик билан чекланмайди. Яхши кўришнинг кўп турлари мавжуд, масалан, Аллоҳни яхши кўриш, Пайғамбарни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у кишининг саҳобаларини, иймонли ва солиҳ кишиларни яхши кўриш, мусулмонларнинг диндаги ўзаро муҳаббат ва кўмаклашуви, Аллоҳ йўлида жон таслим этиш ва жаннатга дохил бўлишни яхши кўриш – муҳаббатнинг энг олий намуналари саналади.
Яхши кўришнинг олий турларидан бехабар қавмлар уни фақат шаҳвоний тубан ҳирслар билан чеклаши –жоҳилликдан ўзга нарса эмас.
Бешинчидан: Валентин кунини нишонлайдиган одамлар одатда «озод севги» (яъни ҳалол-ҳаром ўлчовларидан йироқ жинсий муносабатлар) тарафдорлари бўлиб, «бундай муносабатлар ёшларни оилавий турмушга тайёрлаб, ҳаётда бахтини топиш учун ўзига хос замин яратади», дейдилар.
Текширувлар ва воқеликдаги ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, бу гаплар қанчалик «эркпарвар ва замонавий» туюлмасин, аслида хатодан иборатдир.
Келинг аввал мусулмонлар яшайдиган энг йирик диёрларнинг бирига юзланайлик. Қоҳира (Миср) университети ўтказган сўров ва текширув натижаларига кўра, «севишиб» турмуш қурганларнинг 88% ажралиш билан якун топаётир, яъни «бахтини топганлар» бор-йўғи – 12% дан ошмайди. Аммо «анъанавий» (баъзилар уни «эскича» деб атайдилар) оилаларда бахтли ҳолатлар 70% ни ташкил этади. Бошқача қилиб айтганда, уларда оилавий бахти уч марта кўпроқ топилар экан.
Келинг, энди Валентин кунини нишонлаётган Ғарб оилаларидаги аҳволни ҳам кўрайлик. Бу байрам ёшларни оилавий турмушга қанчалик тайёрлайди-ю, улар ҳаётда бахтини қандай топаётгани билан танишайлик. Эҳтимол, бу байрамни нишонлаш ҳақиқатан ҳам оилавий ҳаётни яхшилаётгандир!?
Биз бир тарафлама ёндошувдан йироқ бўлганимиз боис, энди насоролар ўтказган текширув натижаларини келтирамиз:
1. Америкада олиб борилган тадқиқотларга кўра, эркакларнинг 79% оиладаги аёл зотини (аёли, опа-синглиллари, қизлари ёки онасини) муттасил уради. Бунда айниқса аёли кўпроқ даражада жабрланади, опа-сингиллари, она ва никоҳсиз аёл (ўйнаши) эса камроқ даражада.
2. Руҳий саломатлик Америка Миллий марказининг тадқиқотлари бўйича, ёрдам сўраб мурожаат этганларнинг 17% - эри ё жазмани тарафидан калтакланган аёллар; қайта мурожаат этганларнинг 83% - оиладаги калтакланиш қурбонлари бўлган.
3. Марказий Америка текшириш агентлигининг ҳисоботига кўра, ҳар 18 сонияда (!) Американинг қайсидир бир оиласи ё кўчасида бир аёл калтакланади.
4. Америкадаги «Тайм» журналининг аниқлашича, тақрибан 6 миллион калтакланган аёлнинг 4000 нафари калтаклар оқибатида ҳаётдан кўз юмади.
5. Германиядаги тадқиқотлар бўйича, ҳар йили никоҳдаги ё никоҳсиз эри (жазмани) тарафидан жисмоний ё психологик қийноқларга дучор қилинган аёллар сони 100000 дан кам эмас. Воқеликдаги рақам эса бир миллиондан ошади.
6. Франциядаги калтакланган аёллар сони 2000000 дан ошади.
7. Британияда 7000 аёл иштирок этган сўровлар натижасида уларнинг 28% эри ё жазмани тарафидан зўравонликларга дучор бўлганлигини тан олганлар.
Бу – насороларнинг ўзлари берган маълумотлар. Шундай экан, бу байрамнинг эркак-аёл муносабатларини яхшилашига яна ким ишонади?
Ҳақиқат шуки, «Валентин куни» Ер юзида фасод, зино ва шаҳвоний бузуқликларни кўпайтириш учун Ислом душманларининг бир уриниши холос. Ўз жуфти ҳалолини севган киши ҳис-туйғуларини изҳор этиш учун йилда бир кунни кутмайди, балки пайт танлашда мутлақо эркиндир.
Admin   02-04-2010, 08:35 PM
#5
ВАЛЕНТИН КУНИГА МУСУЛМОННИНГ МУНОСАБАТИ ҚАНДАЙ БЎЛМОҒИ ЛОЗИМ?

Юқоридаги баҳслардан келиб чиқиб, мусулмоннинг бу байрамга муносабати аниқ ва собит бўлмоғи лозим:
1. Мусулмон киши (кофирларнинг бошқа ҳар қандай байрами қаторида) «Валентин куни»ни нишонламоғи, ёки бошқаларнинг нишонлашида шерик бўлмоғи ҳаромдир.
Имом Заҳабий айтадилар: «Аммо яҳудий ва насороларнинг ўзларига хос байрамлари бўлса, мусулмон киши худди уларнинг ибодатлари ва қиблаларига шерик бўлмагани каби бу байрамларда шерик бўлмаслиги лозим» («Ташаббуҳ ал-Хамис би аҳлил-Холис», «Ал-Ҳикма» мажалласи 4/193).
Салафи солиҳлардаги асосий қоидаларнинг бири – «ал-вало вал-баро»дир.
Quote:Яъни Ислом ва мусулмонларни дўст тутиш ва уларга дўст бўлиш, куфр ва кофирларни дўст тутмаслик ва уларга мухолиф бўлиш.
«Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммад расулуллоҳ» деб гувоҳлик берган ҳар бир мўмин бунга эргашмоғи лозим бўлади, яъни у мўминларни яхши кўриб, дўст тутмоғи билан бир қаторда кофирларни ёмон кўриб, уларга мухолиф бўлмоғи ва улардан фарқланиб турмоғи шартдир.
Мусулмон киши шуни ҳам билмоғи лозимки, кофирларга нисбатан бундай муносабат унга бениҳоя манфаат келтиради, худди уларга тақлид қилиш бениҳоя зарар келтирганидек. Бундан ташқари, кофирларга тақлид қилиш кофирларнинг қалбида қувонч ва кофирлик ғурурини, тақлид қилувчининг қалбида эса кофирга муҳаббатни оширади.
Агар бир муслима бу кунни қайсидир Марина, Елизавета ёки бошқа яна кимдир нишонлаётганини кўриб, ўзи ҳам уни байрам санайдиган бўлса, унинг бу амали кофирларга тақлид, эргашиш ва уларнинг залолатини тасдиқлашини кўрсатади.
Аллоҳ таоло дейди:
«Эй мўминлар, яҳудий ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51).
Бу тақлиднинг ёмон оқибатларидан бири – уларнинг сони ошаётган ва уларнинг атбоъ ва ёрдамчилари кўпаяётган кўринишни касб этади. Мусулмон киши қандай қилиб ҳар намозининг ҳар ракъатида:
«Бизларни, ғазабга дучор бўлмаган ва ҳақ йўлдан тоймаган зотларга инъом қилган йўлинг бўлмиш - Тўғри йўлга йўллагайсан» (Фотиҳа: 6-7), деб тиловат қилиши, сўнгидан эса ихтиёрий равишда, шошганича уларнинг ортидан эргашиб кетиши мумкин?!
Статистик маълумотлар бўйича, Валентин куни насоролар орасида Рождестводан (мусулмонлар орасига Янги Йил номи билан киритилган) сўнг иккинчи оммавий диний байрамдир.
Хулоса шуки, биз, мусулмонлар, кофирларга тақлид қилмасликка, уларнинг байрамларига шерик бўлмасликка Қуръон, ҳадис ва уламолар иттифоқига асосан буюрилганмиз.
2. Мусулмон киши кофирларнинг ҳар қандай байрам тантаналарига ёрдам бермаслиги лозим, чунки улар кофирларнинг куфр анъаналари саналиб, уларга ёрдам бериш – куфрни тасдиқлаш билан баробар. Мусулмоннинг дини бундан қатъиян қайтаради.
Шайхул-ислом дедилар: «Мусулмон киши уларнинг (кофирларнинг) ўзларига хос байрамларига ибодат ё либосда бўлсин, таомда, ювинишда, олов ёқишда, кундалик турмуш тарзини ўзгартиришда ё бошқа жиҳатдан бўлсин, тақлид қилиши мумкин эмас. Хуллас, мусулмонлар кофирлар байрамининг бирон қисмини ҳам олмасликлари шарт, бундай кунлар мусулмон учун оддий кунлар қаторида ўтиши лозим» («Мажмаъул-фатаво» 25/329).
3. Уни нишонлаётган бирон мусулмонга ёрдам бермаслиги, балки, аксинча ундан қайтармоғи лозим.
Шайхул-ислом дедилар: «Биз кофирларнинг байрамларини нишонламаслигимиз зарур бўлгани каби, мусулмоннинг уларни нишонлашига ёрдам бермаслигимиз, балки, аксинча, уни бундай қилмасликка чорламоғимиз лозим» (“ал-Иқтидо” 2/519-520).
Шайхул-исломнинг сўзларига асосан, мусулмон тадбиркорлар Валентин кунига совғалар (гарчи бу либоснинг бир қисми ёки қизил атиргул, ё бошқа нарса бўлсин) сотмасликлари лозим, ҳатто бу куни совға берилса, қабул қилиш ҳам мумкин эмас, чунки совғани қабуллаш билан унинг сабаби – байрам ҳам қабулланади.
Биз барча имкониятни ишга солиб, куфрнинг ҳар қандай кўринишига, айниқса, байрам каби оммавий кўринишларига қарши турмоғимиз, ўз аҳли оилаларимиз ва биродарларимизни улардан қайтармоғимиз керак. Зеро, ҳар бир мусулмоннинг зиммасига Аллоҳ ҳузуридаги масъулият юклатилган.
Шу ўринда биз бу кунда мусулмонлар (кўпроқ муслималар) орасида кузатиладиган аломатларга ишора қилиб ўтамиз:
1) Қизлар ўнг билагига қизил боғич боғлаб олишади;
2) Қизил рангдаги либос кийишади (сирға, соч тўғнағич, оёқ кийим, қизил косметика ишлатишади, ҳатто юзига қизил рангдаги юрак шаклидаги стикер ёпиштиришади ва бир-бирига қизил рангли совғалар алишади);
3) Кун бўйи «Сени севаман» деб ёзилган қизил шарчалар (талабалар, албатта, устозлар кўзидан четда) кўтариб юришади;
4) Қўлларига юрак тасвири, исм ёки исмнинг бош ҳарфларини чизиб олишади;
5) Бу кунда зиёфатлар уюштирилиб, рақслар тушилади;
6) Бу кун қизил атиргуллар кенг тарқалади. Мусулмон диёрларда бу ниҳоятда кенг тус олганидан, Риёз шаҳрида 5 риёл турадиган қизил атиргул бу кун 7-8 баробар қимматлашиб кетади.
Бундай аҳвол мусулмонлар ўқийдиган мактаб, коллеж ва университетларда, ҳатто Ислом университетларида ҳам оммавий тус олиб бормоқда, бу кун ўқув муассасаларидаги қизлар қизил рангга бурканадилар: хуллас, Валентин номи билан, авлиё лақаби билан Иблис алайҳил-лаъна ўзининг тузоқларига ёш ва содда муслима қизларни илинтиради. Бечора муслималар...
4. Мусулмон киши бу кундаги табрик ва қутловларни қабул қилмаслиги лозим, чунки Исломда бу кун байрам эмас. Мабодо биров табрикласа ҳам, жавобан сиз табрикламанг.
Ибн Қоййим раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: «Кофирлар қўлланадиган табриклар билан уларни байрамлари билан табриклаш – уламолар иттифоқи билан ҳаромдир. Ундай қутлаш одамни кофир қилмаса-да, барибир ҳаром, чунки бу кофирнинг салбга (крестга) чўқинишини табриклаш кабидир. Аллоҳнинг наздида бу ҳатто бировни ароқ ичгани ёки зино қилгани билан табриклашдан ҳам ёмонроқ гуноҳдир, бундай қилгувчилар Аллоҳга, унинг динига мутлақо ҳурмати йўқ бўлган ҳамда қилаётган ишларининг нақадар жирканч ва душман қаршисида хорлик эканидан бехабар одамлардир. Кимки бировни куфр, бидъат ва гуноҳ билан табрикласа, ўзини Аллоҳнинг ғазаби ва нафратига кўндаланг қилибди» («Аҳкоми аҳли Зимма» 1/441-442).
5. Мусулмон киши «Валентин куни» фитнасига мубтало бўлган бошқа мусулмонларга бу байрамнинг асл моҳияти ва башарасини фош қилмоғи лозим. Мусулмон бошқалардан ўз дини билан фарқланиб турсин, ўзининг соф ақидасини барча зарарлардан эҳтиёт қилсин.
Модомики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Дин – холисликдир» деган эканлар, ҳар бир мусулмон ўз динига нисбатан холис туриб, зиммасидаги ушбу холислик омонатини адо этсин.
Admin   02-04-2010, 08:36 PM
#6
ЗАМОНАМИЗ УЛАМОЛАРИНИНГ ВАЛЕНТИН КУНИГА ОИД ФАТВОЛАРИ

Шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин фатволари:
«Валентин куни – бир неча сабабларга биноан нишонланиши мумкин эмас бўлган анъанадир:
1) Бу Ислом шариатида асоси йўқ бир бидъат;
2) Бу бидъат одамларнинг онги ва қалбларини салафи солиҳ йўлига зид ва бемаъни нарсалар билан машғул этишга чақиради.
Шунинг учун, бу кунги байрамга тааллуқли (таомда, ёки ичимликда, либосда, совға алишишда ва ҳ.к. лардаги) анъаналарнинг бирортасини қилиш ҳаром. Мусулмон киши, аксинча, ўз дини билан азиз ва мағрур турсин, шовқин-сурон кўтарган ҳар кимсага эргашиб кетаверадиган заиф ва мағлуб бўлмасин. Аллоҳ мусулмонларни барча зоҳиру-ботин фитналардан асрасин».
Шайх Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Жибрийн фатволари:
«Биринчидан: Бу янги пайдо қилинган байрамни нишонлаш жоиз эмас, чунки бу шариатда ҳеч қандай асоси бўлмаган бир бидъатдир. Шундай экан, у Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Оиша разияллоҳу анҳо ривоят этган ҳадис тахтига дохил бўлади: «Кимки бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, бас, у рад этилади», яъни янгилик киритганнинг ўзига қараб улоқтирилади.
Иккинчидан: Бу байрамни нишонлаш – кофирларга тақлид қилишни ва кофирларнинг байрамларини, уларнинг диний анъана ва маросимларини улуғлашни ўз ичига олади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам деганлар: «Ким бир қавмга ўзини ўхшатса, бас ўзи ҳам ўшалардандир».
Учинчидан: Бу байрамдан келиб чиқадиган оқибатлар, зиёфатлар, беҳаё ўйинлар, қўшиқ, мусиқа, бемаъни ва уятсиз томошалар, эркак ва аёлларнинг аралашуви, аёлларнинг эркаклар билан бемаҳрам қолиши ва ҳ.к., барчаси ҳаром бўлган ишлардир ҳамда ахлоқсизликка етакловчи воситалардир. Бунга «шунчаки кўнгилхушлик ва беозор дам олиш» каби «узр»лар келтириш ўтмайди. Чунки бу узрлар – ботил бир баҳоналардир.
Ўзининг дунё ва охирати ҳақида қайғурадиган ҳар бир мусулмон гуноҳлар ва гуноҳга етакловчи сабабларнинг барчасидан йироқлашмоғи лозим. Шунга асосан, бу байрамда совға ёки атиргул сотиш ҳам, агар харидор бу байрамга совға қилиш учун олаётганини ёки бошқа қандайдир йўл билан нишонлаётганини билсангиз, жоиз эмас, токи мусулмон сотувчи ҳам бу бидъат ва адашувга шерик бўлиб қолмасин. Аллоҳу аълам».
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмита фатвоси:
«Мусулмонлар учун бу байрамни ёки ҳар қандай ҳаром байрамни нишонлаш қандай (реклама қилиш, таом, ичимлик, совға сотиш, сотиб олиш, тайёрлаш, таратиш ёки бошқа) кўринишда бўлмасин – ҳаромдир. Чунки буларнинг барчаси маъсият, ҳаддидан ошиш ва гуноҳда ҳамкорлик саналади. Аллоҳ таоло деди:
«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз!» (Моида: 2).
Бас, мусулмонлар барча ишларида, айниқса, фасод ва фитналар кенг тарқалган бугунги даврда, Қуръон ва суннатга таянмоқлари зарур. Мусулмон закий бўлиши керак, ғазабга дучор бўлган ва адашганлар, ёки Исломга мутлақо ҳурмати йўқ золим ва бадбахтлар йўлига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлмоғи лозим.
Мусулмон Аллоҳ таолонинг паноҳини ва ҳидоятда собитқадам қилишини сўрамоғи лозим, зеро Аллоҳдан ўзга ҳидоят этгувчи йўқ ва У куч-қувват эгасидир.
Аллоҳга ҳамд ва пайғамбарга саловотлар бўлсин» (ал-Лажнатуд-доима лил-буҳусил-илмийя вал-афто).
Admin   02-04-2010, 08:38 PM
#7
СЎНГГИ СЎЗ

Сўзимиз сўнгида, биз ўз тарафимиздан мусулмон биродарларимизга бир неча тавсиялар бермоқчимиз:
1. Масжид имом-хатибларини тарғиб этсинларки, одамларга бу кун яқинлашаётганини айтиб, огоҳлантирсинлар. Ўз имомларига ушбу муаммонинг долзарб ва муҳимлигини тушунтирсинлар. Имомларга Фатволар кенгаши, Шайх ибн Усаймин ва Шайх Ибн Жибрийн фатволаридан нусха кўчириб берсинлар. Ҳар ким масжид имоми билан боғланишга ва бу муаммони айтишга ўз куч-қувватини сарфламоғи лозим. Албатта, масжид имомлари орасида ўз биродарларимиз бор, улар бу мақолани ўқисинлар, шоядки, зиммалардаги ҳақни етказиш омонати соқит бўлса.
2. Ҳар бир устоз бу байрамнинг ҳақиқий моҳиятини ўз талабаларига тушунтирсин ва уларни огоҳлантирсин. Улар эртага Аллоҳнинг ҳузурига жавобгар бўладилар. Улар юқоридаги фатволар асосида бу байрамнинг ҳаромлигини тушунтирсинлар. Фитнанинг олдини олиш учун, буларнинг барчаси бир неча ҳафта олдин тайёрланиб, ҳикмат билан олиб борилмоғи лозим.
3. Ҳар бир мусулмон раҳбар ўз қўл остидагиларни мазкур бидъатдан қайтарсин. Уларга бу бидъатнинг хавфини, унинг аянчли оқибатларини, оила ва умматга келтирадиган зарарини тушунтирсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ҳадисларида айтадиларки, «Ҳар бирингиз раҳбарсиз, ҳар бирингиз қўл остингиздагилар ҳақида жавобгарсиз».
4. Ҳар бир мусулмон ўз оила аъзоларини бу хавфдан хабардор этсин. Мактабда опа-синглиси ёки ака-укаси бор мусулмон уларни оҳлантирсин. Чунки кўпчилик бугун бу хавфдан ва ундаги яширин хатардан мутлақо бехабар.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бизларни ўз нафсларимизнинг ёмонлиги ва душманларимизнинг макр-хийлаларидан ҳимоя қилишини сўраймиз, зеро У дуоларни эшитувчи ва илтижоларни мустажоб қилгувчи Зотдир. Аллоҳу раббил-оламийнга ҳамду-санолар, Пайғамбаримизга, у кишининг аҳли байти ва асҳобларига салавоту-саломлар бўлсин.

abu Huzayfa   02-11-2013, 11:16 PM
#8
Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ
Валентин (севишганлар) куни ҳақида

Савол: Аллоҳ сизга яхшилик ато қилсин, ҳурматли шайх ҳазратлари, «Севишганлар байрами» (Валентин куни) ҳақида бир неча саволларимиз бор эди. Бу байрам туфайли жамланишни хатарини баён қилиб беришингизни ва бу мавзуда «Доимий фатво қўмитаси»дан фатво нашр қилиб беришизни сўраймиз.
Жавоб: Севишганлар байрами - нима у? Насронийларнинг байрамида мусулмонлар улар билан бирга нишонлашлари мумкин эмас. Уларга бунда кўмаклашишлари ҳам мумкин эмас. Ёлғон гувоҳлик бермасинлар. Бу кофирларнинг байрамларида мусулмонлар кўмаклашишлари жоиз эмас.
Муҳаббат, ким учун бу муҳаббат? Иблисга бўлган муҳаббатми, ёки Масиҳ алайҳиссаломга бўлган муҳаббатми? Ёки ўзларини орасидаги муҳаббатми? Уларнинг ўзларини орасида муҳаббат йўқ, Аллоҳ айтади: «Уларни бирга деб ўйлайсиз, аммо уларнинг қалблари тарқоқдир».
Аёл кишига бўлган муҳаббат? Бу - фаҳшдир (зино ва беномусликдир).

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
mutaallim   02-12-2014, 06:19 PM
#9
Валентин кунини нишонлаш

Савол: Баъзи одамлар ҳар милодий йил Феврал ойининг ўн тўртинчи куни (2/14), севги куни (Валентин куни)ни нишонлайдилар. Бир-бирларига қизил гул ҳадя қилишади, қизил кийим кийишади ва бир-бирларига табрик йўллашади. Баъзи ширинлик дўконлари қизил рангли ширинликлар тайёрлайди ва унга юрак (сурати)ни чизади. Баъзи дўконлар эса ушбу кунга хос бўлган молларига эълонлар беради. (Қуйидагиларга) нима фикр билдирасизлар:
Биринчи: Ушбу кунни нишонлаш?
Иккинчи: Ушбу кунда дўконлардан ҳарид қилишлик?
Учинчи: (“Байрам”ни нишонламайдиган) дўкон эгалари нишонлайдиганларга ана шу куни ҳадя қилинадиган айрим нарсаларни сотиши?
Аллоҳ сизларни яхшилик билан мукофотласин!
Жавоб: Китоб ва суннатдан иборат очиқ далиллар ҳамда уммат салафларининг ижмоси шуки, исломда байрамлар фақат иккитадир. Улар: Рамазон ва қурбонлик ҳайит-(байрам)лари. У иккисидан ўзга байрамларга келсак, хоҳ шахс ёки жамоат ёҳуд бирор воқеа ёкида қайси бир маънога боғлиқ бўлишидан қатъий назар, улар бидъий байрамлар бўлиб, ислом аҳлига уни нишонлаш, унга иқрор бўлиш, у сабабли шодлик изҳор қилиш ҳамда унга бирор нарса билан кўмак беришлик жоиз бўлмайди. Чунки бу, Аллоҳнинг чегараларига тажовуз қилишлик жумласидандир. Кимда-ким Аллоҳнинг ҳудудларига тажовуз қилса, батаҳқиқ, ўзига зулм қилибди. Энди бу ўйлаб топилган байрамга у, кофирларнинг байрамларидан экани қўшилса, бас, бу гуноҳ устига гуноҳдир. Чунки бунда уларга ўхшашлик ҳамда уларни дўст тутишликдан бир тур мавжуд. Дарҳақиқат, Аллоҳ субҳанаҳу мўминларни Азиз Китобида уларга ўхшаш бўлиш ва уларни дўст тутишдан қайтарди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганликлари собит бўлган: “Кимда-ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, бас, у улардандир”. (Абу Довуд (4031), Аҳмад “Муснад” (2/50)). Севги байрами (юқорида) зикр қилинганлар жумласидандир. Чунки у, бутпараст насронийларнинг байрамларидан. Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган мусулмон учун уни нишонлаш ёки унга иқрор бўлиш ёҳуд у билан табрик йўллаш ҳалол бўлмайди. Балки уни тарк этиш, Аллоҳ ва Расулининг (чақириғи)ни ижобат қилиш ҳамда Аллоҳнинг ғазаби ва азоби сабабларидан йироқ бўлиш нуқтаи назаридан ундан четлашиш вожиб бўлади. Ҳудди мусулмонга шу ёки бундан бошқа ҳаром байрамларга ейиш, ичиш, сотиш, ҳарид қилиш, ишлаб чиқариш, ҳадя улашиш, нома йўллаш, эълон бериш ёки бундан бошқа бирор нарса билан кўмак бериш ҳаром бўлганидек. Чунки бунинг бари гуноҳ ва тажовуз ҳамда Аллоҳ ва Расулига маъсият йўлида ҳамкорлик қилиш жумласидандир. Аллоҳ жалла ва аъла айтадики: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир”. (Моида: 2).
Мусулмонга жамийки ҳолатларида, айниқса фитна ва фасод кўп вақтларда Китоб ва суннатга боғланишлиги вожиб бўлади. Ҳамда унга, уларга ғазаб қилинган, адашган ва Аллоҳни улуғлашни (яъни Унга ибодат қилишни) ўйламайдиган, исломга бош кўтармайдиган фосиқларнинг залолатларига тушишдан сергак, ҳазир бўлиши вожиб бўлади. Мусулмонга Аллоҳ таолога ҳидоят ва унда (ҳидоятда) собитқадамликни сўраб илтижо қилиши вожиб бўлади. Батаҳқиқ, Аллоҳдан ўзга ҳидоят қилувчи ва У субҳанаҳудан ўзга собитқадам қилувчи йўқдир.
Тавфиқ Аллоҳдан. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг аҳли оила ва саҳобаларига саловат ва саломлар йўлласин.
Илмий Тадқиқотлар ва Фатво Бериш Доимий Қўмитаси
Фатво № 21203 (2/263, 2/264)
Раис: Абдулазиз ибн Абдуллоҳ Оли Шайх
Аъзолар: Абдуллоҳ ибн Ғудайён
Солиҳ ал-Фавзон
Бакр Абу Зайд
Манба: http://www.alifta.net/Fatawa/FatawaChapt...nguagename=
Муслим   02-22-2017, 11:34 AM
#10
Севишганлар байрами ҳукми

Савол: Фазилатли шайх Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Усаймин ҳафизаҳуллоҳ.
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Сўнг:
Охирги вақтлар Севишганлар кунини нишонлашлик одати тарқалди, хоссатан талаба қизлар орасида. Бу насронийлар байрами бўлган бир байрамдир. Бу кунда қизил рангли кийим ва пойафзал кийишади ва қизил гуллар улашишади.
Сиздан бу каби байрамни нишонлашлик ҳукмини баён қилиб беришингизни сўраймиз. Шу каби ишларда мусулмонларга нимани насиҳат қиласиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Ва алайкум ассалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Севишганлар кунини нишонлашлик бир нечта сабабларга кўра жоиз эмас:
Биринчидан: У шариатда асоси бўлмаган бидъат байрамдир.
Иккинчидан: У (ҳаром) ишқ ва эҳтиросга чорлайди.
Учинчидан: У қалбни салаф солиҳларнинг йўлига тескари бўлган, мана шу каби бемаъни ишлар билан машғул бўлишга чорлайди.
Бу кунларда ушбу байрам шиори бўлган бирор ишни қилишлик ҳалол бўлмайди: егуликда, шаробда, либосда, ҳадяда ва ҳоказо. Мусулмон дини билан фахрланиши лозим. Ҳар қандай бақироқни ортидан эргашиб кетаверадиган хизматкор бўлмаслиги керак.
Аллоҳ таолодан мусулмонларни ошкора ва яширин фитналардан сақлашини ва тўғри йўлга бошлашини сўрайман.

Муҳаммад Солиҳ ал-Усаймин томонидан ёзилди.
5/11/1420 ҳижрий йил

http://www.ajurry.com/vb/showthread.php?t=32187

Quote:
فتوى الشيخ محمد العثيمين رحمه الله في عيد الحب

فضيلة الشيخ محمد بن صالح العثيمين حفظه الله
السلام عليكم ورحمة الله وبركاته وبعد
فقد انتشر في الآونة الأخيرة الاحتفال بعيد الحب ــ خاصة بين الطالبات ــ وهو عيد من أعياد النصارى ، ويكون الزي كاملاً باللون الأحمر الملبس والحذاء ويتبادلن الزهور الحمراء ..
نأمل من فضيلتكم بيان حكم الاحتفال بمثل هذا العيد ، وما توجيهكم للمسلمين في مثل هذه الأمور والله يحفظكم ويرعاكم .

بسم الله الرحمن الرحيم

ج / وعليكم السلام ورحمة الله وبركاته .
الاحتفال بعيد الحب لا يجوز لوجوه :
الأول : أنه عيد بدعي لا أساس له في الشريعة .
الثاني : أنه يدعو إلى العشق والغرام
الثالث: أنه يدعو إلي اشتغال القلب بمثل هذه الأمور التافهة المخالفة لهدي السلف الصالح رضي الله عنهم .
فــلا يــحـل أن يحدث في هذا اليوم شيء من شعائر العيد سواء كان في المآكل أو المشارب أو الملابس أو التهادي أو غير ذلك وعلى المسلم أن يكون عزيز بدينه ولا يكون إمَّــعَــةً يتبع كل ناعق . أسأل الله تعالى أن يعيذ المسلمين من كل الفتن ما ظهر منها وما بطن وأن يتولانا بتوليه وتوفيقه .
كتبه
محمد الصالح العثيمين
في 5/11/1420هـ
التوقيع

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 5 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.