Admin   10-06-2009, 09:22 AM
#1
Илм нима?

Муҳаддис Муҳаммад Носируддин Албоний раҳимаҳуллоҳ насиҳати

بسم الله الرحمن الرحيم
إن الحمد لله ، نحمده ، و نستعينه ، و نستغفره ، و نعوذ بالله من شرور أنفسنا و من سيئات أعمالنا، من يهده الله فلا مضل له ، و من يضلل فلا هادي له ، و أشهد أن لا إله إلا الله وحده لا شريك له ، و أشهد أن محمدا عبده و رسوله، صلى الله عليه و على آله و أصحابه أجمعين.
أما بعد:
Аллоҳга ҳамдлар ва мақтовлар бўлсин. Ундан ёрдам сўраймиз. Нафсларимиз ёмонлиги ва амалларимиз хатоликларидан Аллоҳнинг паноҳига ўтамиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким адаштира олмас ва Ул зот адаштириб қўйган кишини бирор кимса ҳидоят қила олмас. Ёлғиз Аллоҳдан бошқа ибодатга ҳақли бирор илоҳ йўқлигига гувоҳлик бераман. Унинг шериги йўқ. Ва Муҳаммад Ул зотнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бераман.
«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).
«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).
«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).
Аммо баъд:
Ҳақиқий илм нима? Бу борада фалончининг бундай, пистончи ундай дегани мусулмонларни ушбу мавзу билан боғлиқ бўлган кўпгина саволлар олдида ҳайратда қолдиради. Бу ҳақда ҳадисда айтиладики: “байнал-қийли вал-қоли ва касротис-суали ...”
"بين القيل و القال و كثرة السؤال …."
“Миш-мишлар ва кўп савол бериш орасида...”. Шундай экан, илм нима дегани?
Қуръон ва Суннатни билганлар шубҳа қилмайдики илм - бу Аллоҳ айтганидек:
“Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар” (Ҳашр: 7).
Маъноси: “Аллоҳ таоло ҳамма нарсага тааллуқли бўлган қоида ва умумий асосга буюриб айтадики: Расулуллоҳ сизларга нимани келтирган бўлса, уни дарҳол қабул қилиб олинглар. Сизларни нимадан қайтарган бўлса, ўша нарсадан дарҳол тўхтанглар. Ушбу қоида дин асослари ва бўлакларини ҳам ички, ҳам сиртқи жиҳатидан ўз ичига олади. Ҳамда маълум бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсани қабул қилиб унга эргашиш бандаларга фарзи айн бўлади. Ул кишига қарши чиқиш ҳалол бўлмайди. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир нарсага қилган ҳукмларидан келиб чиққан далил Аллоҳ таоло томонидан келган насс-ҳужжат кабидир. Бирор бир кишига у кишининг ҳукмини тарк этиш учун рухсат ҳам, узр ҳам йўқ. Ҳамда бирор кимсанинг сўзини ул киши сўзидан олдинга қўйиш мумкин эмас” (Саъдийнинг тафсиридан, Ҳашр: 7).
Бундан ташқари Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай таърифладики:
“Ботиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам) залолатга ҳам кетгани йўқ, йўлдан ҳам озгани йўқ! Ва у (сизларга келтираётган Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан пайғамбарга) ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм: 1-4).
Маъноси: “Кечасининг тугаб бораётган охирида ва ёруғликнинг яқинлашишида уфқда тушиб кетаётган юлдузга қасамки, сизларнинг соҳибингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлдан озмади ҳам, оғмади ҳам. Аллоҳ уларга танбеҳ беряптики, улар у кишидаги содиқлик ва ҳидоятни билишаётган эди. Ва у кишининг диний иши уларга махфий эмас эди. У кишининг гаплари ҳаво-нафси томонидан содир бўлмайди. Ул киши фақат ўзига қилинган ваҳийгагина эргашади. Бу ваҳий ҳидоят ҳамда у кишининг ўзи ва бошқалар борасидаги тақводир. Ушбу оят суннатнинг Аллоҳ ҳузуридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинган ваҳий эканлигига далил бўлади. Аллоҳ Таоло айтганидекки, Аллоҳ Сизга Китоб ва Ҳикмат туширди. (Демак) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ Таоло томонидан шариат хусусида берган хабарларида (хато қилишдан) сақлангандирлар. Зеро у кишининг сўзлари ҳавои нафс томонидан содир бўлмайди. У кишининг сўзлари фақат ваҳий қилинган ваҳийдан иборат” (Саъдийнинг тафсиридан қисқача таржима қилинди, Нажм: 1-4).
Демак, илм - бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарса. Шубҳасиз, бу илмларнинг асоси Қуръондир. Аллоҳ Таоло Қуръонни Ўз қулларига асосий қонун қилиб жорий қилди, Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга эса Қуръонни одамларга тушунтириб бериш вазифасини юклади. Аллоҳ Таоло айтганидек:
“Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик” (Наҳл: 44).
Маъноси: “Одамларга туширилган нарсани уларга баён қилиб беришингиз учун Биз сизга зикрни туширдик, яъни бандалар ўзларининг диний ва дунёвий ишларининг ҳам зоҳири, ҳам ботинида муҳтож бўладиган нарсалар зикри бўлган Қуръонни сизга туширдик. Бу баён қилиш Қуръоннинг ҳам лафзлари, ҳам маъноларини баён қилишни ўз ичига олади. Шояд улар бу тўғрида фикр юритсалар, яъни Қуръоннинг ҳазиналари ва илмларидан ўзларининг тайёргарликлари ва аҳамиятларига (маъно ва ҳукмлар) чиқариб олсалар” (Наҳл: 44).
Баён - бу Суннат, баён қилинаётган нарса эса - Қуръон. Мусулмонлар (саҳобалар)нинг иттифоқи билан Қуръонни Суннатсиз тафсир қилиш мумкин эмас. Кимки Қуръонни ўз фикри билан, ёки араб тили билимларининг ўзигагина суяниб, ёҳуд одамлар фикрига асосланиб ва ҳоказолар билан тафсир қилса, бу одам очиқ залолатдадир.
Quote:Шу ўринда, Қуръонни қандай тушуниш борасида уламоларнинг қоидаларига бироз тўхталиб ўтсак. Қуръонни тушуниш учун араб тилининг ўзи етарли бўлмайди. Шунинг учун араб тилини тушунганлар ўз ақллари билан Қуръонни тафсир қилишлари жоиз эмас. Бу борада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
عن بن عباس عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: "اتقوا الحديث عني إلا ما علمتم فمن كذب علي متعمدا فليتبوأ مقعده من النار ومن قال في القرآن برأيه فليتبوأ مقعده من النار" رواه الترمذي و قال: هذا حديث حسن.
Маъноси: “Менинг номимдан билмай туриб ҳадис айтишдан қўрқингиз. Кимда ким менинг шаънимга қасддан ёлғон ҳадис айтса, унинг жойи дўзахда бўлади ва кимки Қуръон оятларини ўз фикри билан тафсир қилса, унинг ҳам жойи дўзахдадир”. Аҳли суннат уламоларимиз Куръонни тафсир қилиш тартибини қуйидагича баён қилишади:
Биринчиси: Қуръонни Қуръоннинг бошқа оятлари билан тафсир қилиш.
Иккинчиси: Қуръонни Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари билан тафсир қилиш. Зеро, Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Қуръон оятларини баён қилиб келади.
Учинчиси: Саҳобаларнинг асарлари билан Қуръон тафсир қилиш. Чунки, Қуръон уларнинг замонида, уларнинг тилида нозил бўлди ва уларнинг бевосита устозлари Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Илмда ва яхшиликда саҳобаларга тенг бўла оладиган одам йўқ.
Тўртинчиси: Саҳобаларнинг ўқувчилари бўлган яхши тобиинлар асарлари билан тафсир қилиш. Чунки бундай зотлар саҳобаларни лозим топиб, уларнинг вафотларига қадар улардан илм ўрганишган.
Булардан кейинги замонларда Қуръонни тафсир қилган кишининг сўзлари, юқоридагиларнинг тафсирлари билан солиштирилади. Мувофиқ келса олинади, мухолиф бўлса тарк этилади (Таржимон изоҳи).
Қуръонни тафсир қилишда Суннатга суянишдан бошқа йўл йўқ. Бу қоидага амал қилмаган одам, Қуръонга ишонмаган бўлади. Шунинг учун Қуръонга бўлган иймон ундаги ҳар бир оят ва ҳар бир сўзга иймон келтиришни шарт қилади. Аллоҳ Таоло Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата бундай деди:
“Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик” (Наҳл: 44).
Шак-шубҳа йўқки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу вазифани бажардилар. Бу борада Аллоҳ Таоло бошқа бир оятда айтадики:
“Эй пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Аллоҳ Сизни одамлардан (зараридан) сақлагай" (Моида: 67).
Маъноси: “Эй Расул, сизга Роббингиз томонидан туширилган нарсани етказинг. Агар Роббингиз томонидан туширилган нарсани етказмасангиз, унда сиз рисолатни етказмаган бўласиз, яъни Ул Зотнинг амрига итоат қилмабсиз. Бу Аллоҳ томонидан Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган буйруқларнинг энг каттаси ва энг улуғидир. Бу ул кишига Аллоҳ туширган нарсаларни етказишдир. Бунга, умматнинг у кишидан қабул қилган ақоид, амаллар, сўзлар, шаръий ҳукмлар, илоҳий талаблардан бўлган барча ишлар киради. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам комил суратда етказдилар. Даъват қилдилар, огоҳлантирдилар, башорат бердилар, енгиллаштирдилар ва уммий (Ислом тушган замондаги арабларга уммийлар дейилган – Таржимон изоҳи.) жоҳилларга таълим бердилар. Шунда улар раббоний уламоларга айланишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз сўзлари, феъллари, ёзувлари ва элчилари билан етказдилар. У киши нима яхшилик бўлса, умматларини шунга йўлладилар, у киши йўлламаган бирон яхшилик қолмаган. Ва нима ёмонлик бўлса, албатта умматларини ундан огоҳлантирдилар. У киши огоҳлантирмаган ёмонлик қолмаган. У кишининг етказганларига умматнинг энг фазилатли зотлари бўлган саҳобалар, улардан кейинги дин имомлари ва мусулмон кишилар гувоҳ бўлишди. Аллоҳ сизни одамлардан сақлайди. Бу Ўз Расулини одамлардан Аллоҳнинг ҳузуридан бўлган ҳимоя ва сақлашдир. (Эй пайғамбар,) одамларга таълим бериш ва уларга етказишга бўлган рағбат сизга лозим бўлади. Рисолатни етказишда махлуқлардан бўлган хавф сизни чўчитмасин, тўхтатиб қўймасин. Чунки уларнинг пешоналари Аллоҳнинг қўлидадир. Сизни сақлаш кафолатини Аллоҳ Ўзига олди. Сиз зиммангизда фақат очиқ етказишдир. Кимки ҳидоят топса, ўзига фойда. Аммо фақат ҳавои нафсларига эргашиш қасди бўлган кофирларни Аллоҳ ҳидоят қилмайди. Уларнинг куфрлари сабабли яхшиликка муваффақ қилмайди” (Моида: 67).
Аниқки, шариат Қуръон ва Суннатга асослангандир, ва кимки улардан фақат бирини олса, иккинчисига куфр келтирган бўлади. Ушбу икки шартга, яъни Қуръон ва Суннатга қўшимча яна Роббиси йўлида бўлмоқчи бўлган мусулмон иймон келтириши лозим бўлган учинчи шарт бор.
Барча уламолар айтишдики, суннат уч қисмдан иборат:
1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари;
2. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ишлари;
3. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам (рад бермай) маъқуллаганлари (тақрир).
Бу суннатни ким хабар берди, етказди? Бу суннатни бизларга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари етказишди. Шунинг учун учинчи шарт - Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизларга (суннатни) етказган саҳобалардан келган нарсага иймон келтириш.
Демак, Роббимиз йўлида бўлишимиз учун ушбу уч шартни олишимиз керак. Булар:
1. Қуръон;
2. Суннат;
3. Саҳобаларнинг йўли, яъни уларнинг юқоридаги икки шартга қандай амал қилишгани.
Агар биз Қуръонни Суннатга суяниб тафсир қилиш каби шартни бажарсак, бу етарли бўладими?
Жавоб: Йўқ. Қуръон ва Суннат ишора қиладиган яна бир шарт бор. Бу мўминлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг йўлига эргашишдир. Улар Қуръон ва Суннатни тушунишган эди ва уларга амал қилишарди.
Аллоҳ Таоло айтди:
“Ким ҳақ йўлни аниқ билганидан кейин пайғамбарга хилоф иш қилса ва мўминларнинг йўлларидан бошқа йўлга эргашиб кетса, биз уни кетганича қўйиб берамиз. Сўнгра жаҳаннамга доҳил қиламиз. Нақадар ёмон жойдир у!” (Нисо: 115).
Маъноси: “Кимга Қуръон оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари асосида ҳидоят-тўғри йул баён қилиниб, равшан бўлганидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқса ва мўминлар-саҳобаларнинг йулини қолдириб, бошқа йулларга эргашиб кетса, топиб олган йўлида уни ташлаб қўямиз. Унинг ёрдамчисини бутлару санамлар қилиб қўямиз. Аммо улар, у адашган бечорани Аллоҳнинг азобидан қутқара олмаслар. Ҳамда уни хор қиламиз, унга тавфиқ бермаймиз. Чунки у ҳақни кўриб, билиб тарк этди. Охиратда уни жаҳаннамга киритамиз. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон жой!” (Саъдий тафсиридан қисқача таржима қилинган, Нисо: 115).
Бу оятда жуда муҳим кўрсатма бор: салафи солиҳлар, яъни саҳобалар тушунчалари асосида Қуръон ва Суннатни тушуниш. Дин бошида шундай эди.
Саҳобалар давридан бир қанча аср ўтгач, одамлар илмларини бу умматнинг Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий, Аҳмад ва бошқалар каби уламолари сўзларига асослай бошлади. Бу одамлар ҳақиқатан умматимизнинг имомлари бўлишса ҳам, бироқ улар хатодан сақланган эмас.
Бизнинг замонимизда биз кўпинча “Аллоҳ айтди, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар” дейишганини эшитамиз, лекин учинчиси ҳам: “Салафлар айтишди” бўлиши керак. Ушбу учинчи шартсиз, яъни Қуръон ва Суннатни салафи солиҳ, яъни саҳобалар йўли билан тушунмай киши Роббисининг йўлида бўлиши мумкин эмас.
Ушбу ҳолда киши мўминлар йўлидан юраётган бўлади.
Аллоҳ Таоло: “Кимга Қуръон оятлари ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадислари асосида ҳидоят-тўғри йул баён қилиниб, равшан бўлганидан кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиқса” деганидан сўнг дарҳол: “топиб олган йўлида уни ташлаб қўямиз. Охиратда уни жаҳаннамга киритамиз. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон жой!” демади, балки бундан кейин: “ва мўминлар-саҳобаларнинг йулини қолдириб, бошқа йулларга эргашиб кетса топиб олган йўлида уни ташлаб қўямиз. Охиратда уни жаҳаннамга киритамиз. Жаҳаннам қандай ҳам ёмон жой!” деди (Нисо: 115).
Кимдир Аллоҳ буни шунчаки айтди, деса, Аллоҳдан қўрқсин.
Савол: Инсон Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилиши етарлимасми?
Жавоб: Аллоҳ Таоло Ўз ҳикмати билан ўша оятда “ва мўминлар-саҳобаларнинг йулини қолдириб, бошқа йулларга эргашиб кетса” деб қўшимча қилди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Ул Зотнинг Суннатлари ва саҳобаларнинг, уларнинг барчасидан Аллоҳ рози бўлсин, суннатларини ушлашимизга кўрсатма бердилар. Нажот топувчи фирқага кирадиганларнинг сифатларини айтиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Суннатимни ва саҳобаларимнинг суннатларини ушлаганлар”, дедилар. Бошқа саҳиҳ ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга менинг суннатим ва мендан кейинги тўғри йўлдаги ҳидоятланган халифалар суннатини ушлаш лозим бўлади” деб марҳамат қилдилар.
Бу сўзларнинг сири шундаки, айнан саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган нарсани бизга етказишди. Бунга Қуръондан мисол келтираман:
“Ўғри эркак ва ўғри аёлнинг уларнинг қилган қилмишлари сабабли, Аллоҳ томонидан азоб сифатида қўлларини кесинглар. Аллоҳ Азизу Ҳаким бўлган Зотдир” (Моида: 38). Араб тилини билганга “ўғри” сўзининг маъноси тушунарли. Луғавий маънода баҳоси кичик бўлса ҳам, бирон нарсани ўғирлаган одам ўғри бўлади. “Қўл” сўзининг ҳам маъноси тушунарли. Демак, ўғри кимлиги тушунарли. Тухум, ёки товуқни, ёки сигирни ўғирлаганни ўғри деса бўлади ва ҳоказо.
Савол: Буларнинг ҳаммасининг қўлини кесиш керакми? Жавоб: Йўқ.
Биз қаердан буни биламиз? “Ўғри эркак ва ўғри аёл” деган Қуръонданми? Йўқ. Биз буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Динорнинг тўртдан бир қисмидан камроқ нарсани ўғирлаганларнинг қўлини кесмангизлар” деган сўзларидан биламиз. Агар киши динорнинг тўртдан бир қисмидан озроқ нарсани ўғирласа ва бундан сўнг унинг қўлини кесишса, бу унга нисбатан зулм бўлади. Энди бу оят бизга тушунарлироқ бўлди, лекин тўлалигича эмас.
Аллоҳ Таоло: “уларнинг қўлларини кесингизлар” деди. Биз қўл деганимизда елка ва қўлтиқдан бошлаб бармоқлар охиригача бўлган аъзони тушунамиз. Бу оятни биз қандай тушунамиз? Луғавий маънода қўлнинг қайси қисми кесилса ҳам, елкаданми, тирсакданми ва ҳоказо, буларнинг ҳаммаси қўл кесилиши дейилади. Бу турларнинг барчаси Қуръон матнига тўғри келади. Шариат бўйича эса қандай? Жавоб: Йўқ. Қўл билакдан кесилади.
Буни қаердан биламиз? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан.
Мана сизларга Қуръон, Суннат ва уларни саҳобалар тушунчаси асосида билиш мисоли.
Ибнул-Қоййим ўз шеърларида:
“Илм Аллоҳ айтгани, Унинг Расули айгани ва унинг саҳобалари айтганларидир. Ва бу нарса йўлдан адаштирмайди!
Илм – бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (саҳобалардан ривоят қилиниб тушунилган) сўзи ўртаси билан олим сўзи ўртасида танлаш эмас!”
Демак, илм нима дегани? Бу – Аллоҳ, Унинг Расули ва у кишининг саҳобалари айтганларини билишдир.
Бугунги кунда Раб Таоло Қуръонда: “... ва мўминлар йўлидан юрмаса ...” деб ишора қилган бу қоидага амал қиладиган одамлар оз.
Бизнинг юқорида ўғри эркак ва ўғри аёл ҳақида келтирган мисолимизда мўминлар йўли билакдан қўлни кесишдир. Ким бунга қарши чиқса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатсизлик қилган бўлади ва мўминларнинг йўлидан юрмаган бўлади.
Аллоҳ Таоло айтди:
“Кимки Аллоҳдан қўрқса, У унга нажот йўлини қилиб беради ва у билмаган томондан ризқ беради” (Талоқ: 2-3).
Қуйидаги ҳадисга диққат билан эътибор беринг. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:
عَنْ ثَوْبَانَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "يُوشِكُ الْأُمَمُ أَنْ تَدَاعَى عَلَيْكُمْ كَمَا تَدَاعَى الْأَكَلَةُ إِلَى قَصْعَتِهَا فَقَالَ قَائِلٌ وَمِنْ قِلَّةٍ نَحْنُ يَوْمَئِذٍ قَالَ بَلْ أَنْتُمْ يَوْمَئِذٍ كَثِيرٌ وَلَكِنَّكُمْ غُثَاءٌ كَغُثَاءِ السَّيْلِ وَلَيَنْزَعَنَّ اللَّهُ مِنْ صُدُورِ عَدُوِّكُمْ الْمَهَابَةَ مِنْكُمْ وَلَيَقْذِفَنَّ اللَّهُ فِي قُلُوبِكُمْ الْوَهْنَ فَقَالَ قَائِلٌ يَا رَسُولَ اللَّهِ وَمَا الْوَهْنُ قَالَ حُبُّ الدُّنْيَا وَكَرَاهِيَةُ الْمَوْتِ". رواه أبو داود
Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Яқинки, сизларга халқлар ҳар тарафдан худди ваҳший ҳайвонлар ўз ўлжасига ташланганларидек ташланади”. “Ўша кунда бизнинг сонимиз оз бўлганиданми, ё Расулуллоҳ?”, деб сўрадик. “Йўқ, у кунда сизларнинг сонингиз кўп бўлади. Бироқ сизлар сел кўпиклари каби кўпик бўласизлар. Душманларингиз қалбидан қўрқувни олиб қўйилади ва сизларнинг қалбларингизга заифлик солинади”, дедилар. “Заифлик нима?”, деб сўрадик. “Дунёга муҳаббат қўйиш ва ўлимни ёмон кўриш”, дедилар (Абу Довуд (4297), Аҳмад (5/278) ривоятлари).
“Авнул-Маъбуд” китобининг соҳиби Муҳаммад Ободий ушбу ҳадисни бундай шарҳлайди:
- Сизларга қарши курашиш, сизларнинг шону-шуҳратларингизни синдириш ва диёрларда сизлар эгаллаб турган мулкларни сизлардан тортиб олиш учун кофир фирқалар ва залолат умматлари бир-бирларини чақиришлари яқин бўлиб қолди. Бу худди овқат еювчилар идишдаги овқатларига бир-бирларини чақиришганидек бўлади. Яъни улар бирор бир тўсиқ ва чарчоқсиз ўша таомни тановул қилишади.
- Бизнинг сонимиз оз бўлгани учунми, эй Аллоҳнинг Расули?
- Йўқ. Сизларнинг сонингиз кўп бўлади. Бироқ сизлар оқаётган сув устидаги кўпик каби бўласизлар. Мусулмонларни шижоатнинг озлиги ва қадрларининг пастлиги сабабли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улардаги сув устидаги кўпик ва кирликка ўхшатдилар. Албатта Аллоҳ душманларингиз қалбидаги сизлардан бўлган қўрқув-ҳайбатни олиб ташлаб сизларнинг қалбларингизга кучсизлик солади.
- Эй Расулуллоҳ, кучсизлик нима? – деди бир киши.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:
Дунёга муҳаббат қўйиш ва ўлимни ёмон кўриш. Аллоҳдан офият сўраймиз” (Таржимон нақли).
Дунёга муҳаббат қўйиш ва ўлимдан кейинги бўладиган нарсаларни ёмон кўриш халқларнинг овқат еювчилар бир овқатга чақирганларидек идишдаги овқатларига бир-бирларини чақиришларига олиб келди. Бу халқлар ислом олами устидан сиёсатда, иқтисодда ва бошқа ишларда хўжайин бўлишди.
Нима учун?
Жавоб бошқа ҳадисда:
عَنْ ابْنِ عُمَرَ قَالَ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "إِذَا تَبَايَعْتُمْ بِالْعِينَةِ وَأَخَذْتُمْ أَذْنَابَ الْبَقَرِ وَرَضِيتُمْ بِالزَّرْعِ وَتَرَكْتُمْ الْجِهَادَ سَلَّطَ اللَّهُ عَلَيْكُمْ ذُلًّا لَا يَنْزِعُهُ حَتَّى تَرْجِعُوا إِلَى دِينِكُمْ". رواه أَبُو دَاوُد
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтадилар: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай сўзларини эшитдим: “Агар рибо (га олиб борувчи кўринишлар) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилган).
“Авнул-Маъбуд” китобининг соҳиби Муҳаммад Ободий ушбу ҳадисни бундай шарҳлайди:
Ибн Умар айтадиларки: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: “Агар иъйна-рибо олди-сотдиси билан шуғуллансангизлар, жиҳод фарзи айн бўлган замонда сигирлар думларини ушлаш ва экинзорлар билан машғул бўлишга рози бўлсангизлар ва фарзи айн бўлган жиҳодни тарк қилсангизлар, Аллоҳ сизларнинг устингизга хорликни султон қилиб қўяди, яъни ер маликларига ҳар йили сизларнинг турли-турли тўловлар берадиган қилиб қўяди. Бундай тўловларни тўлаш хорликдир. Аллоҳ билгувчироқ. Исломнинг иззати ва бошқа барча динлардан устунлиги бўлган Аллоҳ йўлидаги жиҳодни одамлар тарк этишганида бунинг эвазига Аллоҳ улар билан бунинг тескариси билан муомала қилади. Бу эса уларга хорликни туширишидир. Шунда улар иззат ҳисобланган отларнинг устида миниб юрганларидан кейин сигирлар думларини кетидан юрадиган бўлиб қолишди. Ва то динингизга қайтмагунингизча Аллоҳ бу хорликни кетказмайди!”
Демак, бунинг эвазига одамлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек динимизга қайтишлари керак.
Эваз алмашишни хоҳлайдиганлар нимани хоҳлайди? Шариат уларнинг нафси кетидан эргашсину улар эса ўз нафсларини шариатга эргаштирмоқчи эмаслар. Шу-ми? Ахир: “динингизга қайтмагунингизча” дейилган-ку.
Аллоҳ Таоло айтди:
“Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд: 11).
Маъноси: “Шубҳасиз, Аллоҳ бир қавмнинг неъматларини, уларга яхшилик қилиши ва гўзал ҳаётларини, то улар ўзларини ўзгартирмагунча, ўзгартирмайди. Яъни иймондан куфрга, тоатдан маъсиятга, ёки Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишдан уларни камситишга кўчмагунларича, Аллоҳ уларнинг неъматли ҳаётларини ўзгартирмайди. Агар улар бундай қилишса, унда Аллоҳ улардан неъматларини тортиб олади. Шунингдек, бошқа бандалар маъсиятдан Аллоҳнинг тоатига кўчиш билан ўзларини ўзгартиришса, Аллоҳ улардаги бахтсизлик ҳолатини яхшилик, қувонч, ҳавас ва раҳмат ҳаётига кўчиради” (Раъд: 11).
Демак, унинг эвази - динларингизга, Роббимиз қонунларига қайтишдир.
Аллоҳ Таоло дедики:
“Кимки Аллоҳдан қўрқса, У унга нажот йўлини қилиб беради ва у билмаган томондан ризқ беради” (Талоқ: 2-3).
Демак, бу йўл – покланиш ва тарбияланиш йўлидир. Куфр ва бидъатлардан тозаланиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва саҳобаларининг пок суннатлари асосида тарбияланиш, уларнинг ҳаммасидан Аллоҳ Таоло рози бўлсин.
Бироқ бугунги мусулмонларга қайси йўлдан кетаётганлари, ризқларини қайси йўл билан - ҳалолми, ҳаромми – топаётганлари унча муҳим бўлмай қолди. Демак, уларнинг бугунги йўли – нафс ва ҳаво йўлидир! Аллоҳга осий бўлиш ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлларига эргашмаслик!
Аллоҳ Таоло айтди:
“Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд: 11).
Тарихга қаранг.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборилган ўша даврдаги арабларнинг иқтисодий аҳволи ҳозирги кундаги мусулмонларнинг аҳволларидан ёмонроқ эди. Уларнинг кўпчилиги қашшоқ эди. Бу арабларнинг атрофини Рум ва Форс каби бой салтанатлар ўраб турарди. Уларнинг сони оз ва уларнинг ҳаммаси ўша вақтда камбағалликда яшаётганига қарамай Аллоҳ Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам ва У киши билан бирга бўлганларга кофирларга устун қилди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини ўқиганлар биладики, Ул Зот одамларнинг энг яхшиси бўлсалар-да кечаларда очликни нима билан босишни билмай ўтказар эдилар. Саҳобалар ҳам ўша вақтда камбағалликда яшашган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларга форс ва румликларга ғолиб қилди.
Улар иқтисодлари яхши бўлгани учун ғалаба қозонишдими? Йўқ!
Бугун эса биз уларга тескари иш тутмоқчимиз! Бизга Аллоҳ ваъда қилган нарсага ҳаром йўл орқали етиб олмоқчимиз. Ҳаромга йўлиққанда бизнинг шариатга эргашишимиз эмас, балки шариат ҳавоимизга эргашишини хоҳлаймиз, (ҳукм) ўрнини алмаштирмоқчи бўламиз!
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдиларки:
“Эй одамлар, дарҳақиқат, менга Руҳул-Қудс юрагимга ваҳий қилди: Албатта ризқини тўла олмагунича ва унга белгиланган вақт тугамагунича жон ўлмайди. Сизлар ҳаракат қилган нарсада ҳаракат қилинглар (яъни сизларга ҳалол қилинган йўл билан ҳаракат қилинглар). Ҳақиқатан, Аллоҳнинг ҳузурида бўлган нарса ҳаром орқали олинмайди”.
Бу ҳадис устида бир фикр юритингиз.
Суҳбатимизнинг сўнгида Аллоҳнинг:
“Кимки Аллоҳдан қўрқса, У унга нажот йўлини қилиб беради ва у билмаган томондан ризқ беради” (Талоқ: 2-3), деган сўзларини тушунтирадиган икки саҳиҳ ҳадисни келтирмоқчиман.
Агар одамлар ўз молларида ва нафсларида Аллоҳдан қўрқишса, Аллоҳ албатта уларга нажот йўлини қилиб беради.
Лекин уларнинг кўпчилиги Аллоҳдан қўрқиш ҳақида аҳамиятсиз бўлади ва ҳаромлигини билиб гуноҳлар қилишда давом этади.
Биринчи ҳадис Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобларида Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Сизлардан олдин бир киши ўтган эди. У бир бой кишига келиб:
- Менга 1000 динор олтин танга қарз беринг - деди.
- Ким кафил бўлади? - деб сўради бой.
- Аллоҳ кафил бўлади.
- Ким гувоҳ бўлади?
- Аллоҳ гувоҳ бўлади.
Бой бунга рози бўлиб 1000 динор олтинни унга берди. Бу пулларни олиб бояги киши денгиз бўйлаб саёҳат қилишга кетди ва уларни ўз ҳожатлари ва ишларида сарфлади.
Қарзни қайтариш вақти келди. Бу вақтда қарздор бойнинг мамлакатидан узоқ эди, лекин бу киши Аллоҳга содиқ, тақводор одам бўлган эди. У унга ёрдам берган бойга берган ваъдаси устидан чиқмоқчи бўлди. Лекин бу нарса унинг эсига қарзни қайтариб бера олмайдиган вақтда келиб қолди.
Хўш, у нима қилди?
У бир дарахт бўлагини олиб, ичини ўйиб ковак қилди, ичига 1000 динор олтинни солиб, уларни бостириб ковакни ёпиб қўйди. Сўнгра соҳилга келиб:
- Эй Аллоҳ, Сен кафил ҳам, гувоҳ ҳам бўлдинг,
деб айтди-да бу дарахт бўлагини денгизга улоқтириб юборди. Аллоҳ эса қалблардаги нарсаларни билади. У денгизларга буюрди ва денгизлар бу дарахт бўлагини ёрдам берган бой кутиб туриши керак бўлган жойга олиб борди. Бой келишилган кунда қарздорни кутиб олиш учун чиқди. Кутди, кутди, лекин ҳеч қандай кема келмади. Фақатгина қандайдир ёғоч унинг кўзи олдида тўлқин узра ўйнаб турарди. У ёғочни олиб унинг оғирлигини сезди. Ичини ёрганида ичида 2000 динор олтинни топди. Бир қанча вақтдан сўнг қарздор бой билан учрашди, у эса содир бўлган воқеани сўзлаб берди. Қарздор:
- Сенинг 1000 динорингни юборган одам мен бўламан - деди.
- Аллоҳ сенга молингда барака берди - деди-да 1000 динорни унга қайтариб берди”.

Мана сизларга Аллоҳнинг:
“Кимки Аллоҳдан қўрқса, У унга нажот йўлини қилиб беради ва у билмаган томондан ризқ беради” (Талоқ: 2-3), деган сўзига мисол.
Иккинчи ҳадис Муслимнинг “Саҳиҳ”ида Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:
“Бир куни бир киши чўлдан кетаётганида осмондан: “Фалончининг ерини суғоргин” деган товушни эшитди. Буни эшитиб ўша одам булутлар кетидан бораверди. Кўп юрмай бу булутлардан бир боғ жойлашган ерга ёмғир ёға бошлади. Боғнинг атрофида эса ёмғир йўқ эди. Боққа кирса, кетмон (каби қурол) билан иш қилаётган одамни кўриб қолди. Йўловчи уни осмондан эшитган отидан чақириб салом берди. Боғдаги одам мусофирни кўриб ҳайрон бўлиб сўради:
- Сен қаердан келдинг?
- Мен йўловчиман. Осмондан: “Фалончининг ерини суғоргин” деган овозни эшитганимда мен сенга йўлиққунимча булутлар кетидан боравердим. Нима учун сенинг олдингга бу булут келди?
- Аллоҳга қасамки. Билмайман. Лекин мен бу ернинг эгасиман ва унда ишлайман. Ҳосилни эса учга бўламан: бирини экишга қолдираман, иккинчисини ўзим ва оиламга сарфлайман, учинчисини эса камбағалларга бераман.
- Демак, мен кўрганларимнинг бари Аллоҳдан молингда қўрқишинг учун, ўз улушингни, оиланг улушини ва камбағаллар улушини унутмаганинг учундир. Аллоҳ сенга осмонларни бўйсундириб қўйди!”

Тақво учун бирига денгизни, иккинчисига осмонни бўйсундирган Аллоҳ айбу нуқсондан покдир. Демак ҳаромнинг эвази – ҳалол.
Аллоҳ Таоло: “Эй ақл эгалари, Аллоҳдан қўрқинглар!” деди.
Оламлар Роббиси бўлган Аллоҳга мақтовлар бўлсин! Унинг бизга раҳмат қилиб юборилган қули ва пайғамбари Муҳаммад Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда унинг аҳли ва Аллоҳнинг Китоби билан Ўз Пайғамбарининг Суннатини эҳтиёт қилиб сақлаб кейинги авлодларга етказган саҳобаларига (улардан Аллоҳ рози бўлсин!) салот ва саломлар бўлсин!

Admin   11-16-2013, 06:08 PM
#2
Фарзи айн ва фарзи кифоя бўлган илм

Биринчиси: илм
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): Илм, деган қовлларидан мурод шаръий илмдир. Чунки таълим олишлик вожиб бўлган илм, у шаръий илмдир. Ушбу масалаларни ҳар бир мусулмон эркак, аёл, ҳур, қул, бой, камбағал, подшоҳ ва фуқароларнинг барига таълим олишлик вожиб бўлади.
Уламолар буни фарзи айн деб атайдилар. Ана шу ҳар бир мусулмонга вожиб бўладиган илмдир. Беш вақт намоз эркагу аёлларга фарздир. Масжидда жамоат билан намоз ўқиш эса фақат эркакларга фарз. (Юқорида айтиб ўтилган тўрт масалани) таълим олишлик эса ҳар бир мусулмонга фарздир. Шунинг учун ҳам (муаллиф раҳимаҳуллоҳ): бизга вожиб бўлади, дедилар. Баъзимизга вожиб бўлади, демадилар. Демак ушбу илмни таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айндир. Чунки илм икки қисмга бўлинади:
Биринчиси: Таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айн бўлган илм бўлиб, ушбу илмдан жоҳил қолгани сабабли бирор кишидан узр қабул қилинмайди. Сабаби, бу илмни таълим олмай туриб кишининг дини мустақим-тўғри бўлмайди. Мисол учун беш ислом рукнлари(ни билишлик) каби. Улар: икки шаҳодат калимаси, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш. Мусулмон кишига булардан жоҳил қолиши жоиз эмас, балки ўқиб-ўрганиши лозимдир.
Икки шаҳодат калимасини таълим олиш, бу ақидани ўрганиш демакдир. Мусулмон киши амал қилайин дея ақидани ва четланайин дея унга (ақидага) зид келадиган нарсаларни ўқиб-ўрганади. Ана шу икки шаҳодат калимасининг мазмунидир. Шунингдек, намоз рукнлари, шартлари, вожиботлари ва суннат амалларини ўқиб-ўрганади. Ушбу ишларни тафсилот билан ўрганишдан ўзга чора йўқдир. Чунки киши ҳукмларини билмай туриб намоз ўқиши, ахир инсон адо қилаётган амалини билмай туриб, унга қандай амал қилади? Ҳукмларини билмай туриб, намозни қандай адо этади? Демак намознинг ҳукмлари ва уни бузувчи амалларни таълим олишлиги лозиму лобуддир.
Худди шундай закот, рўза ва ҳаж ҳукмларини ўқиб-ўрганади. Ҳаж қилишни ирода қилган вақтда, унга ҳаж ва умра ҳукмларини ўқиб-ўрганиши вожиб бўлади, тоинки ушбу ибодатларни шариат кўрсатгандек адо этсин.
Илмнинг ушбу қисмини билмай қолгани сабабли бирор кишидан узр қабул қилинмайди. Илмнинг ушбу қисми, барча мусулмонга фарзи айн деб номланади.
Иккинчи қисм эса: Юқоридаги илмга зиёда ўлароқ умумуммат эҳтиёж сезадиган шаръий ҳукмлардир. Гоҳида ҳар бир киши ҳам ушбу масалаларга эҳтиёж сезавермайди. Мисол учун: олди-сотди, муомалот, вақф, мерос, васият, никоҳ ва жиноят бобларининг ҳукмларига ўхшаш. Ушбу илмларга уммат эҳтиёжманддир. Бироқ ҳар бир кишига ушбу илмларни ўқиб-ўрганиш вожиб бўлмайди. Балки мақсад ҳосил бўлар даражадаги уламоларнинг ўқиб-ўрганишлари етарлидир. Тоинки мусулмонлар ҳожатманд бўлган қозилик, фатво бериш ва бундан бошқа вазифаларни адо этсинлар. Илмнинг ушбу қисми кифоя қиларли одамлар адо этишлари билан қолганлардан гуноҳ соқит бўладиган фарзи кифоя илм, деб аталади. Бироқ барчалари ушбу илмларни (ўқиб-ўрганишни) тарк этишса, барчалари гуноҳкор бўлишади.
Уммат ичида илмнинг ушбу қисмини таълим оладиган кишилар бўлмоқлиги лозимдир. Чунки улар ушбу илмларга ҳожатманддирлар. Бироқ ҳар бир кишига: сенга ушбу бобларда фақиҳ бўлиб етишишинг вожиб бўлади, деб айтилмайди. Чунки ушбу ишни ҳар ким ҳам эплай олмайди. Балки ушбу илмлар уммат орасидаги куч-қуввати етадиганларга хосдир. Бу, илмнинг аввалги қисми бўлмиш, ҳар бир киши у ҳақида сўраладиган илмга хилоф ўлароқ уммат ичидаги баъзи кишилар ўқиб-ўрганишса вожиб адо этилган бўлади. Чунки ушбу амалларга (исломнинг беш рукнига) фақатгина илм асосида амал қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ: бизга вожиб бўлади, дедилар. Мусулмонларга ёки баъзиларга вожиб бўлади, демадилар. Чунки ушбу масалаларни таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айндир.
Ушбу масалаларга киришишдан аввал бир нарсани билмоғимиз лозимки, умматга хоҳ фарзи айн ёки фарзи кифоя тарзида вожиб бўладиган илмдан мурод, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шаръий илмдир.
Ишлаб чиқариш, ҳисоб-китоб, муҳандислик ва бундан бошқа касб-ҳунар каби дунёвий илмга келсак, ушбу илмни ўқиб-ўрганиш мубоҳдир. Уммат ушбу илмларга муҳтож бўлгани онда, қудрати етадиган кишиларга вожиб ҳам бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло олқиш айтиб, мадҳ этган ва Пайғамбар солалллоҳу алайҳи ва саллам: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир» (Бухорий (67), Абу Довуд (3641), Ибн Можжа (223) ва Термизий (2682) Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди), деганларида қасд қилинган илмдан мурод дунёвий илм эмас, балки шаръий илмдир.
Бирор киши дунёвий илмдан бехабар қолса гуноҳкор бўлмайди. Ким ушбу илмни ўқиб-ўрганса, унга бу мубоҳдир. Умматга нафи тегса ажру-савобга эришади. Инсон ушбу илмдан бехабар ҳолда вафот этадиган бўлса, қиёмат куни жазога тортилмайди. Бироқ шаръий илмдан, хоссатан зарурий илмдан бехабар ҳолда дунёдан ўтса, ҳали қиёмат куни у ҳақда: «Нима учун ўқиб-ўрганмадинг? Нима учун сўраб-суриштирмадинг?» дея сўралади. Қабрга қўйилганда: «Роббим Аллоҳ, диним ислом, пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам» дейдиган киши нажот топади. Унга: «Ушбу нарсага (илмга) қандай эришдинг?» дейилганда, у: «Аллоҳнинг Китобини ўқиб-ўргандим», дейди.
Ушбу илмдан юз ўгирган кимса эса қабрида саволга тутилганда: «Ҳаҳ, ҳаҳ билмасам. Одамларни бир нарса дейишаётганини эшитиб, ўшани айтиб юраверардим», дейди. Ушбу кимсага қабрида жаҳаннам олови ёқилиб, Аллоҳ сақласин, қабри торайтирилганидан қовурғалари бир-бирига аралашиб кетади. Ва (қабри) жаҳаннам чоҳларидан бир чоҳга айланади. Чунки у ўқиб ўрганмади. Унга: «Билмадинг, ўқимадинг», дейилади (Бухорий (1338), Муслим (2870) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қисқартирилган суратда ривоят қилишди, Абу Довуд (4753) Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан тўлалигича ривоят қилди). Чунки у ўқиб-ўрганмаганди. Илм аҳлининг этагини тутмаганди. Балки ҳаётини зое қилди. Бундай кимсанинг оқибати бахтсизликдир. Аллоҳнинг паноҳига қочамиз.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): Илм, деган сўзлари, барчамиздан талаб қилинадиган шаръий илмдир. Яъни, Аллоҳни исм ва сифатлари ила танимоқ, Унинг бизни устимиздаги ҳаққи бўлмиш шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни билмоқдир. Бандага вожиб бўладиган аввалги нарса Роббиси азза ва жаллани ва Унга қандай ибодат қилмоқни билишидир.

  
Users browsing this thread: 3 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.