Abu Umar   05-09-2014, 04:37 AM
#1
Истиғфор

Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гунохларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53). Ушбу ояти карима Аллоҳнинг раҳмати ва бандаларига лутфи кенг эканини баён қиляпти. Унда энг улкан ва шармандали гуноҳларга (ширк, куфр ва гуноҳи кабиралар шунинг остига дохил бўлади) қўл урган гуноҳкор ва ўз жонига жиноят қилганларга Раҳмон, Раҳим Зот томонидан ушбу гуноҳларини ташлаб, Ғофур, Раҳим бўлган Раббиларига истиғфор айтишликларига нидо қилиняпти. Батаҳқиқ, У барча гуноҳларни мағфират қилади ва ҳар қанча катта ва улкан бўлмасин гуноҳ соҳиби истиғфор айтиб, тавба қилса У асло гуноҳни катта санамайди. Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳ табарока ва таоло шундай деди: Эй Одам боласи! Модомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умид қилар экансан, сени гуноҳинг қанча бўлишига қарамай мағфират қиламан ва аҳамият бермайман. Эй Одам боласи! Агар гуноҳларинг осмон булутларига етса сўнг Мендан мағфират сўрасанг, сени мағфират қиламан ва аҳамият бермайман. Эй Одам боласи! Сен агар Мени ҳузуримга ер қобиғичалик хатолар билан келсанг сўнг Менга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолатда йўлиқсанг, албатта, сени олдинга унинг қобиғичалик мағфират билан келаман» (Термизий (3540)).
Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръонда бандаларини истиғфор айтишга буюриб, шундай деди: «Аллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Музаммил: 20). Аллоҳ таоло деди: «(Аллоҳ сизларга амр қилурки), Раббингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилинглар» (Ҳуд: 3). У субҳанаҳу Ундан мағфират сўраган кишини мағфират қилишини баён қилиб, шундай деди: «Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини топар – кўрар» (Нисо: 110). Аллоҳ истиғфор айтувчи бандаларини мадҳ қилиб, шундай деди: «Ва саҳарларда Аллоҳдан мағфират тилайдиган бандалари» (Оли Имрон: 17). Субҳанаҳу деди: «Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун) Парвардигордан мағфират сўрар эдилар» (Зориёт: 18). Кўп истиғфор айтишлик у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан эди. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман» (Муслим (2702)). Бошқа ҳадисда эса: «Етмиш мартадан кўпроқ» (Бухорий (6307)).
Унинг дунёвий фойдаларидан бири Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида ворид бўлган: «Мен дедимки: «Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур, ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12). Асарда Ҳасан ал-Басрий раҳимаҳуллоҳга бир киши қурғоқчиликдан шикоят қилиб келгани ворид бўлган. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. У кишига бошқаси фақирликдан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Бошқаси боғи қуриб қолганидан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Бошқаси эса у кишига фарзандсизликдан шикоят қилди. Шунда: «Аллоҳга истиғфор айт», дедилар. Сўнг уларга Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги қавлини тиловат қилдилар: «Мен дедимки: «Раббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур, ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12). «Яъни, агар Аллоҳга тавба қилиб, Унга истиғфор айтиб, бўйинсунсангиз сизларга кўп ризқ ато этади. Сизларни осмон баракаларидан суғоради. Сизлар учун ер баракаларини ўстириб қўяди ва зироатга унум беради. Сизлар учун сутни мўл-кўл қилади, ҳамда сизларга мол ва фарзандлар билан мадад беради. Яъни, сизларга мол ва фарзандлар беради. Сизларга турли мевалари бор боғ-роғлар беради ва ўртасидан оқар дарёлар ўтказади» (Ибн Касир тафсири, Нуҳ сураси (8/233)). Бу ўринда зикр қилинган самаралар, банда айтган истиғфори мукофоти ўлароқ дунёда эришадиган умумяхшиликлар, мукаррам ҳадялар ва турли-туман самаралардир.
Истиғфор айтувчилар қиёмат куни эришадиган мўл-кўл савоб, улкан ажр, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш ва азобдан саломат қолишга келсак, бу Аллоҳ таологина саноғига етадиган ишдир. Ибн Можжа «Сунан»да Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «(Амал) саҳифасида кўп истиғфорни топган кишига шодлик бўлсин» (Ибн Можжа «Сунан» (3818)). Санади саҳиҳ. Табароний «Авсат»да ва Зиё ал-Мақдисий «Ал-Аҳадис ал-Мухтароҳ»да Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимни (амал) саҳифаси хурсанд қилишини яхши кўрса, бас, унда истиғфорни кўпайтирсин» (Табароний «Муъжам ал-Авсот» (839), Байҳақий «Шуъаб ал-Ийман» (639)).
Бироқ бу ўринда истиғфордан, унга (гуноҳда) давом этишни ташлашлик чамбарчас боғлиқ бўлгани ирода қилинганини билишлик лозим бўлади. У ана шу дамда ўзидан олдинги нарса-(гуноҳ)ни бекор қиладиган чинакам тавба деб саналади. Ана шу Аллоҳ тарғиб этган ва эгаларига мағфиратни мукофот қилиб берган истиғфордир. Аллоҳ таоло деди: «(У тақводор зотлар) қачон бирон-бир нолойиқ иш қилиб қўйсалар ёки (қандайдир гуноҳ иш қилиш билан) ўзларига зулм қилсалар, дарҳол Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишни сўрайдиган. — Ҳар қандай гуноҳни ёлғиз Аллоҳгина мағфират қилур, — билган ҳолларида қилган гуноҳларида давом этмайдиган кишилардир. Уларнинг мукофотлари Раббилари томонидан мағфират ва тагларидан дарёлар оқиб тургувчи жаннатлар бўлиб, улар ўша жойда абадий қолажаклар. Яхши амал қилгувчиларнинг ажрлари нақадар яхши ажр!» (Оли Имрон: 135-136).
Эй Аллоҳ! Гуноҳларимизнинг барини, кичиги ва каттаси ҳамда биз билган ва билмаганларимизни мағфират қил. (Ҳаётимизни) солиҳ амалларимиз билан якунла.


«Пайғамбарнинг амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63)
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.