Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У зотнинг сифатларини билиш ила ҳосил бўлади.
Аллоҳ таоло: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Унга ўша (исм)лар ила дуо қилинг», деган (Аъроф: 180).
Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.
Аллоҳ таоло яна: «У Аллоҳ Холиқ, Бориъ, Мусаввирдур. Барча гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Яна У Азиз ва Ҳакимдир», деган (Ҳашр: 24).
«Ҳашр» сурасининг бу сўнгги оятида Аллоҳнинг бир неча гўзал исмлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:
Холиқ–яратувчи;
Бориъ–йўқдан бор қилувчи;
Мусаввир–махлуқотларнинг сувратини шакллантирувчи.
Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Кимки тонг чоғида уч марта «Аъузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм» деса ва «Ҳашр» сурасининг уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло саловот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади», деб марҳамат қилганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган «Ҳашр» сурасининг уч ояти юқоридаги ояти карима ва сурада ундан олдинги икки оятдир. Келинг, ўша икки оятнинг маънолари ва уларнинг тафсирини ҳам ўрганайлик:«У Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У ғойибни ҳам, ошкорни ҳам билувчидир. У меҳрибон ва раҳимлидир» (Ҳашр: 22).
Ушбу оятдан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундоқ зотки, сиз билан биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ билмаган нарса йўқ, демак, Унга ибодат қилиш керак.
«У Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ зотдир. У –Малик, У – Қуддус, У – Салом, У – Мўмин, У –Муҳаймин, У – Азиз, У – Жаббор, У – Мутакаббирдир. Аллоҳ Унга ширк келтиришаётган нарсалардан пок» (Ҳашр: 23).
Аввалги оят каби бу ояти карима ҳам Аллоҳ ваҳдониятининг исботи ила бошланган ва унинг бир неча исмларини эслатмоқда, жумладан: Малик–ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун, бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хўжа бўлмайди. Шунинг учун, инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона яратганга, ҳақиқий эгага қул бўлишлари лозим.
Қуддус–барча айблардан ҳоли, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
Салом–нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.
Мўмин–иймон ва омонликни берувчи.
Муҳаймин–ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни, Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
Азиз–барчанинг устидан ғолиб.
Жаббор–олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.
Мутакаббир–кибриёси ва улуғлиги муболағали зот.
Ушбу баркамоллик сифатларига эга бўлган айбсиз зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришидан ҳам покдир.
Аллоҳ таоло «Тоҳо» сурасида: «Аллоҳ – Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Гўзал исмлар Уникидир», деган (8-оят).
Яъни, Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани Ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат ва фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси танҳо Унга хосдир.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қи-линглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, бари бир. Гўзал исмлар Уникидир», деган (110-оят).
Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни: «Ё, Аллоҳ! Ё, Роҳман!» деб дуо қилаётганларини мушриклар эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.
Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига ушбу оят тушган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.
«Аллоҳга дуо қилинглар, Роҳманга дуо қи-линглар, қайсисига дуо қилсангиз ҳам, барибир».
«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан зот бир. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.
«Гўзал исмлар Уникидир», деб айт».
Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўққизтаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида келган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал исмларни ёд олган киши Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини доимо зикр қилиб юрадиган банда бўлади.
Аммо бу, Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққиздан бошқа исми йўқ, дегани эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг исмлари кўп.
Қўйидаги ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари сифатида машҳур бўлган тўқсон тўққиз исмининг зикри келади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Роҳман, Роҳийм, Малик, Қуддус, Салом, Мўмин, Муҳаймин, Азиз, Жаббор, Мутакаббир, Холиқ, Бориъ, Мусоввир, Ғаффор, Қаҳҳор, Ваҳҳоб, Раззоқ, Фаттоҳ, Алийм, Қобиз, Босит, Хофиз, Рофиъ, Муъизз, Музилл, Самийъ, Басийр, Ҳакам, Адл, Латийф, Хабийр, Ҳалийм, Азийм, Ғафур, Шакур, Алий, Кабийр, Ҳафийз, Муқийт, Ҳасийб, Жалил, Карийм, Роқийб, Мужийб, Восиъ, Ҳакийм, Вадуд, Мажийд, Боъис, Шаҳийд, Ҳаққ, Вакийл, Қовий, Матийн, Валий, Ҳамийд, Муҳсий, Мубдиъ, Муъийд, Муҳйий, Мумийт, Ҳайй, Қайюм, Вожид, Можид, Воҳид, Сомад, Қодир, Муқтадир, Муқаддим, Муаххир, Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин, Волий, Мутаъолий, Барр, Таввоб, Мунтақим, Афувв, Роъуф, Моликул Мулк, Зул Жалали вал Икром, Муқсит, Жомиъ, Ғаний, Муғний, Мониъ, Зорр, Нофиъ, Нур, Ҳодий, Бадийъ, Боқий, Ворис, Рошийд ва Собур», дедилар».
Термизий, Ибн Ҳиббон ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Энди Аллоҳ таолонинг бу гўзал исмларининг маънолари билан танишиб чиқайлик.
1. Аллоҳ.
Аллоҳ лафзи «алаҳа» феълидан олинган «илоҳ» масдарига мансуб бўлиб маъбуд–ибодат қилинган зот–маъносини англатади. Арабларда «илоҳ»-нинг аввалига алиф ва лом ҳарфлари киритилган ва «ал-илоҳу» ҳосил бўлган. Сўнгра, ҳамзанинг ҳаракатини ломи таърифга нақл қилинган ва бир жинсдаги икки ҳарфни идғом қилингандан кейин «Аллоҳ» лафзи ҳосил бўлган.
Аллоҳ лафзи яккаю ягона маъбуди ҳаққа исм бўлиб қолган. У зотдан бошқага бу исм ишлатилмаган. Баъзи уламолар, Аллоҳ исми аъзамдир, деганлар. Бу лафзи жалола ҳақида Ибн Атоуллоҳ Сакандарий каби зотлар алоҳида китоблар ҳам ёзганлар.
2. Роҳман.
«Роҳман»–улуғ неъматларни берувчи.
«Роҳман» сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага–кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи, маъносини англатади. Роҳман сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.
3. Роҳийм.
«Роҳийм»–латиф неъматларни берувчи.
«Роҳийм» сифати эса, хосроқ бўлиб, қиёмат куни фақат мўминларга раҳим қилувчи маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Пайғамбар алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.
4. Малик.
«Малик»–барча нарсанинг эгаси.
«Малик»–ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун, бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хўжа бўлмайди. Шунинг учун, инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона яратганга, ҳақиқий эга–Маликка қул бўлишлари лозим.
5. Қуддус.
«Қуддус»–барча айблардан ҳоли, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
6. Салом.
«Салом»–нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.
7. Мўмин.
Мўмин–иймон ва омонликни берувчи.
8. Муҳаймин.
«Муҳаймин»–ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни, Аллоҳ бандаларининг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.
9. Азиз.
Азиз–барчанинг устидан ғолиб. Ундан бирор нарса ғолиб кела олмайди.
10. Жаббор.
Жаббор–олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.
11. Мутакаббир.
Мутакаббир–кибриёси ва улуғлиги муболағали зот. Унинг олдида бошқалар қул бўлиб турадиган зот.
12. Холиқ.
Холиқ–асли ва ўхшаши йўқ нарсаларни аниқ бир ўлчовлар билан яратувчи. У зотда махлуқи йўқлигида ҳам Холиқлик маъноси мавжуддир. Аллоҳ махлуқлар вужудга келтирилишидан олдин Холиқ, деган васфга эга эди. У халойиқни халқ қилганидан бошлаб Холиқ исмини олгани йўқ. Холиқ мутлақ вужудга келтирувчидир.
13. Бориъ.
Бориъ–йўқдан пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи.
Бориъ тафовутсиз қилиб вужудга келтирувчидир.
14. Мусоввир.
Мусоввир–махлуқотларнинг сувратини шакл-лантирувчи. Ҳар бир нарсага ўзига хос суврат берувчи.
15. Ғаффор.
Кўплаб мағфират қилиб, бандаларнинг айбини Ўз фазли ила уларни итоб қилмасдан кечиб юборувчи.
16. Қаҳҳор.
Барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи.
17. Ваҳҳоб.
Кўплаб неъматларни беҳисоб берувчи.
18. Раззоқ.
Кўплаб ризқ берувчи. Ризқларни ва уларнинг воситаларини яратувчи. Аллоҳ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз ва қийинчиликсиз ёки ёрдам сўрамасдан ризқ берувчидир.
19. Фаттоҳ.
Кўплаб нарсаларни очувчи. Ўз раҳмат хазийнасини бандаларига очувчи.
20. Алийм.
Ҳар бир нарсани билувчи. Бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи.
21. Қобиз.
Руҳларни қабз қилувчи–тутувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини қабз қилувчи. Қалбларни қабз қилувчи.
22. Босит.
Руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилиб қўювчи. Қалбларни кенг қилувчи.
23. Хофиз.
Пасайтирувчи. Мисол учун, кофир ва фосиқларнинг мартабасини уларни хору зор қилиб пасайтиради.
24. Рофиъ.
Кўтарувчи. Мисол учун, мўмин ва тақводорларнинг мартабасини уларни азизу мукаррам қилиб кўтаради.
25. Муъизз.
Азиз қилувчи. Кимни хоҳласа, тўғри йўлга солиб азиз қилади.
26. Музилл.
Хор қилувчи. Кимни хоҳласа, эгри йўлга юргани учун хор қилади.
27. Самийъ.
Ҳар бир нарсани эшитувчи.
28. Басийр.
Ҳар бир нарсани кўрувчи.
29. Ҳакам.
Ҳукм қилувчи.
30. Адл.
Мутлақ адолат қилувчи.
31. Латийф.
Ўта лутф кўрсатувчи. Барча нарсаларнинг нозик ва дақиқ жойларигача билувчи.
32. Хабийр.
Ҳамма нарсадан ўта хабардор.
33. Ҳалийм.
ўазаби қўзимайдиган ва иқоб қилишга шошилмайдиган.
34. Азийм.
Ақл тасаввур қила олмайдиган даражада азаматли ва улуғ.
35. Ғафур.
Кўп мағфират қилувчи.
36. Шакур.
Оз амал учун кўп савоб берувчи.
37. Алий.
Мартабаси олийликда бениҳоя.
38. Кабийр.
Ҳар бир нарсадан катта.
39. Ҳафийз.
Ҳар бир нарсани комил муҳофаза қилувчи.
40. Муқийт.
Барча моддий ва руҳий қутларни яратувчи.
41. Ҳасийб.
Кифоя қилувчи. Қиёмат куни бандаларнинг ҳисобини қилувчи.
42. Жалил.
Сифатларида улуғликка эга бўлган зот.
43. Карийм.
Биров сўрамаса ҳам, бирор нарсанинг эвазига бўлмаса ҳам нарсаларни кўплаб ато қилувчи. Лутф билан итоб қилувчи. Қарама-қаршиликлардан пок бўлган. Карамли ишлар ва хислатлар соҳиби.
44. Роқийб.
Ҳеч бир заррани ҳам қўймай муроқаба қилиб турувчи.
45. Мужийб.
Дуоларни ижобат қилувчи.
46. Восиъ.
Кенг–ҳамма нарсани кенг илми ила қамраб олган. Барчани кенг раҳмати ила қамраб олган.
47. Ҳакийм.
Ҳар бир нарсани ҳикмат ила қилувчи.
48. Вадуд.
Барчага яхшиликни раво кўрувчи.
49. Мажийд.
Шон-шарафи ва қадри баланд ва чексиз.
50. Боъис.
Юборувчи: халқларга пайғамбарлар юборувчи. Кишиларга ҳиммат юборувчи. Ўликларни қайта тирилтирувчи.
51. Шаҳийд.
Ҳар бир нарсага ҳозиру нозир. Барчага шоҳидлик берувчи.
52. Ҳаққ.
Ўзгармас собит зот. Ҳақни юзага чиқарувчи зот.
53. Вакийл.
Барчанинг иши унга топширилган зот.
54. Қовий.
Қувватли зот.
55. Матийн.
Матонатли зот.
56. Валий.
Муҳаббат қилувчи, нусрат берувчи ва халқининг ишини юритувчи зот.
57. Ҳамийд.
Барча мақтовлар ила мақталган зот.
58. Муҳсий.
Барча нарсанинг ҳисобини олган зот.
59. Мубдиъ.
Барча нарсаларни аввал бошдан бор қилган зот.
60. Муъийд.
Йўқ бўлган нарсаларни яна қайтадан бор қилувчи.
61. Муҳйий.
Тирилтирувчи. У зот ўликларни тирилтирувчидир ва бу исмга уларни тирилтиришдан олдин сазовордир. Уни уларни ўлик бўлганларидан кейин жон киритиб тирик қилганидан кейин тирилтирувчи, деб аталганидек, уларни халқ қилишдан олдин, уларга ҳаёт беришидан олдин ҳам, тирилтирувчи, дейилаверади. Худди, халойиқни халқ қилишидан олдин Холиқ бўлганидек.
Аллоҳ таолога қиёмат куни ўликларни тирилтириши учун, тирилтирувчи номи берилди. Бас, шундан маълум бўлдики, тирилтириш сифати Аллоҳ таоло учун тирилтиришдан олдин ҳам собитдир.
62. Мумийт.
Ўлдирувчи. Барча жонзотларнинг жонини олувчи.
63. Ҳайй.
Тирик. У тирикдир, ўлмас. Яъни, Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмас. Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалийдир, олдиндан йўқ бўлган эмас.
Ягона Аллоҳнинг тириклиги Ўзигагина хос алоҳида ҳаёт бўлиб, бандалар ҳаётига ўхшаш бошқа масдардан берилган эмас. Бу ҳаёт азалий ва абадийдир. Бошланиш чегараси ҳам, тугаш чегараси ҳам йўқ. Аллоҳнинг тириклиги ҳеч бир жиҳатдан бандаларнинг ҳаётига ўхшамайди.
64. Қайюм.
Ўз-ўзидан қоим бўлган ва бошқаларни қоим қилган зот.
«Қайюм»лик сифатининг маъноси, Аллоҳ таборак ва таолонинг ҳар бир нарса устида турувчи эканлиги ва ҳар бир турувчи нарса Унинг сабабидангина туришидир. Шу билан, Аллоҳнинг туриши бошқаникига ўхшамайди ва доимийдир.
65. Вожид.
Топувчи. Хоҳлаган нарсасини топувчи. Бу ишда биров Уни тўса олмайди.
66. Можид.
Мажду шараф соҳиби бўлган зот.
67. Воҳид.
Ягона. Битта. Бўлинмас. У зот ўз зотида ҳам, сифатларида ҳам ва ишларида ҳам бирдир.
68. Сомад.
Сомад сифати кўп маъноларни ўз ичига олади:
- итоат қилинган улуғ–Усиз ҳеч бир иш битмайди;
- ҳеч кимга ҳожати тушмайди, барчанинг ҳожати Унга тушади;
- бутун махлуқот битиб тугаса ҳам, Ўзи доим боқийдир ва ҳоказо.
69. Қодир.
Чексиз қудрат соҳиби. У зот ҳар бир нарсага қодирдир. Ҳар бир иш унга осондир.
Аллоҳ таоло азалдан ҳар бир нарсага қодирдир. Агар Аллоҳ азалдан ҳар бир нарсага қодир бўлмаса, қачон ва қандоқ қилиб ҳар бир нарсага қодир бўла олади.
Аҳли сунна ва жамоа эса: «Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Бунга ҳамма бўлиши мумкин нарсалар киради. Бўлиши мумкин бўлмаган амри маҳол нарсаларга эса ақли бор одамлар аҳамият бермайдилар», дейдилар.
Баъзи бир фитначи одамлар мусулмонларнинг иймонига футур етказиш учун «Аллоҳ ўзи кўтаролмайдиган тошни ҳам ярата оладими?» каби бемаъни саволларни берадилар. Бу каби нарсалар амри маҳолдир ва аҳли иймонлар уларга аҳамият бермасликлари лозим.
70. Муқтадир.
Жуда ҳам қудратли.
71. Муқаддим.
Олдинга сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани хоҳлаганидан олдинга суради.
72. Муаххир.
Орқага сурувчи. У зот хоҳлаган шахс ва нарсани хоҳлаганидан орқага суради.
73. Аввал.
«Аввал»–У ҳамма нарсадан аввал, яъни, барча мавжудотлар йўқлигида Аллоҳ бор эди. Мавжудотларни «Аввал» сифатига эга бўлган Аллоҳ яратди. Яъни, Аллоҳ вужудга келишининг бошланиши йўқдир.
74. Охир.
«Охир»–ҳамма нарса йўқ бўлиб кетганда ҳам Ўзи қолади.
75. Зоҳир.
«Зоҳир»–Унинг мавжудлиги ошкор, очиқ-ойдиндир. У ҳамма нарсадан зоҳир-устундир.
76. Ботин.
«Ботин»–У кўзга кўринмайди. Ҳаммадан пин-ҳон-махфий нарсаларни билиб турувчидир.
77. Волий.
Ҳар бир нарсага волий–эга бўлган зот.
78. Мутаъолий.
Нуқсонлардан юқори турувчи зот.
79. Барр.
Улуғ яхшилик қилувчи.
80. Таввоб.
Бандаларни тавбага йўлловчи ва уларнинг тавбасини кўплаб қабул қилувчи зот.
81. Мунтақим.
Золим ва осийлардан интиқом олувчи.
82. Афувв.
Афв қилувчи.
83. Роъуф.
Ўта шафқатли ва меҳрибон.
84. Моликул Мулк.
Мулк эгаси. Бу дунёдаги ишларни ўзи хоҳлаганича қилади. Унинг қазосини қайтарадиган ва ҳукмини ўзгартирадиган йўқ.
85. Зул Жалали вал Икром.
Шараф ва камол эгаси. Карам ва икром эгаси.
86. Муқсит.
Ўз адолати ила мазлумларга нусрат ва золимларга жазо берувчи.
87. Жомиъ.
Жамловчи. Барча ҳақиқатларни жамловчи. Одамларни қиёмат куни жамловчи.
88. Ғаний.
Беҳожат. Унинг ҳеч ким ва ҳеч нарсага ҳожати тушмайди.
89. Муғний.
Беҳожат қилувчи. У зот Ўз бандаларидан қай бирини хоҳласа, беҳожат қилиб қўяди.
90. Мониъ.
Ман қилувчи.
91. Зорр.
Зарарли нарсаларни ҳам яратувчи.
92. Нофиъ.
Манфаат берувчи.
93. Нур.
Ўзи зоҳир ва ўзгаларни зоҳир қилган.
94. Ҳодий.
Ҳидоят қилувчи. У зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади. Яъни, Аллоҳ кимни тўғри йўлга ҳидоят қилса, албатта, Ўз хоҳиши ва фазли ила ҳидоят қилади.
95. Бадийъ.
Ўхшаши йўқ нарсаларни келтирувчи.
96. Боқий.
Боқий қолувчи. У доимий бордир, унга фонийлик ориз бўлмас.
97. Ворис.
Мавжудотлар йўқ бўлганда ҳам боқий қолувчи зот.
98. Рошийд.
Тўғри йўлга иршод қилувчи.
99. Собур.
Ўта сабрли. Осийларни азоблашга шошилмайди.