Admin   10-15-2009, 07:00 AM
#1
Таваккул ва унинг далили

Таваккулга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Агар мўмин бўлсангизлар, ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар-таваккал қилинглар!» (Моида: 23).
Таваккул – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ишни топшириб, Унга таянишдир. Ишларнинг барини субҳанаҳу ва таолога топшириш. Ана шу таваккулдир. Ва у ибодатларнинг энг олийларидандир.
«Ёлғиз Аллоҳгагина суянинглар-таваккал қилинглар!», яъни, Ундан ўзгасига эмас. «Агар мўмин бўлсангизлар», яъни, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккал қилишни иймоннинг шарти қилди. Бу эса, кимда-ким Аллоҳга таваккул қилмас экан, бас, у мўмин эмас, деган маънога далолат қилади. Демак, таваккул улуғ бир ибодатдир. Мўмин киши доимо Аллоҳга таваккал қилиб, Унга таянади. Аллоҳнинг исмларидан бири: «ал-Вакил»дир, яъни, бандаларининг ишлари Унга топширилган маъносида. Таваккул фақат Аллоҳгагина қилинади. Фалончига таваккал қилдим, деб айтиш жоиз эмас. Чунки таваккул ибодатдир. Ибодат эса фақат Аллоҳгагина бўлади.
Одамлардан бирортасига иш бошқарувини ишониб топширишга келсак, бу таваккул эмас, балки ваколат бериш, деб аталади. Ваколат барчага маълум бўлиб, сиз бирор кишига ҳожатингизни адо этиши учун ваколат берасиз. Дарҳақиқат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзи ишларда ўзларига ноиб бўладиган кишиларга ваколат берганлар. Демак, ваколат бериш таваккал қилиш эмас. Таваккул ибодат бўлиб, у фақат Аллоҳга йўналтирилади. Фалончига таваккал қилдим, деб айтиш жоиз эмас, балки: фалончига ваколат бердим, деб айтасиз.
Демак, сиз унга ваколат берасиз, таваккул қилмайсиз. Балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таологагина таваккал қиласиз. Таваккул билан ваколатнинг фарқини яхшилаб уқиб олинг.
Аллоҳ таоло Ўзининг ушбу қовлида зикр қилган:
[Image: 8_2.png]
«Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ (номи) зикр қилинган вақтида қалбларига қўрқинч тушадиган, Унинг оятлари тиловат қилинганда иймонлари зиёда бўладиган ва ёлғиз Роббиларигагина суянадиган-таваккул қиладиган кишилардир» (Анфол: 2), ушбу сифатлар мўминларнинг васфларидир. Таваккул улуғ бир ибодат бўлиб, у фақат Аллоҳгагина қилинади. Чунки У Зот барча нарсага Қодир, жамийки нарсаларнинг Эгаси-Молик ва У Зотгина истагингизни рўёбга чиқаришга Қодирдир. Махлуқ эса истагингизни амалга оширишга қодир эмас. Сиз унга фақат баъзи ишларингизни адо этишда ваколат ҳуқуқини берасиз ва ушбу ишга эришишда Аллоҳга таваккал қиласиз.
Сўнг таваккул қилишлик сабабларни бажаришга зид келмаслигини ҳам билишимиз керак. Мусулмон киши Аллоҳга таваккул қилиш билан сабабларни бажариш орасини жамлайди. Ушбу икки иш орасида зиддият йўқдир. Сиз ўзингиз буюрилган сабабларни амалга оширасиз, бироқ сабабларга таяниб қолмайсиз. Балки Аллоҳга таянасиз. Мисол учун ерга экин экдингиз. Бу сабабдир. Бироқ қилган экинчилигингизга таяниб, суянмайсиз. Балки ушбу экин ўсиб, ҳосил бериши ва нобуд бўлишидан ҳимоя қилишда Аллоҳга таянасиз. Шунинг учун ҳам субҳанаҳу ва таоло айтадики: «Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Уни сизлар ундириб-ўстирурмисизлар ёки Биз ундиргувчимизми?!» (Воқеа: 63-64). Ҳақиқий ундиргувчи Аллоҳ таолодир. Сиз эса сабабни адо этдингиз холос. Эҳтимол ушбу экин ўсиб, ҳосил берар, эҳтимол ҳосил бермас. Ўсиб, турли зарарлар етгани боис нобут бўлиши ҳам, нобут бўлмаслиги ҳам мумкин.

Admin   07-01-2015, 06:19 PM
#2
  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.