Жунуб одамнинг оқмас-тўхтаб турган сувда ғусл қилишининг шариатдаги ҳукми нима?
Савол: Жунуб одамнинг оқмас-тўхтаб турган сувда ғусл қилишининг шариатдаги ҳукми нима? Шуни айтмоқчиманки, чўлларда ёзда ёки кузда сувлар келиб тўпланадиган ва масжидларда ҳам мавжуд бўлган чуқурлар бўлиб, улардаги сувларни ёмғир сувларигина ўзгартиради.
«Жунублик ҳолида бировингиз тўхтаб турган сувда ғусл қилмасин!» деб айтилган ҳадисдаги наҳий-таъқиқнинг ва бу наҳийни қилган одамнинг ҳукми нима? Бундан ташқари, қишлоқ аҳолиси шу сувлар олдига келиб, лунгиларини бир-бирларининг авратларини кўрадиган даражада тиззаларидан юқорига кўтарадилар.
Жавоб: Аллоҳнинг Ўзигагина ҳамдлар, Унинг пайғамбари, пайғамбарининг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Сўнг...
Аввало, оқмас-тўхтаб турган сувда ғусл қилишга журъат этиш, Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан Имом Муслим ривоят қилган ҳадисга кўра, жоиз эмасдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Бировингиз жунуб экан, тўхтаб турган сувда ғусл қилмасин!» – дедилар. –
Ҳой Абу Ҳурайра, у қандай қилади?, деб сўралганида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу:
Ундан ҳовучлаб сув олади-да!, деб жавоб берди. (Имом Муслим, 1-ж., 163-бет, ал-Мактабул Исламий нашриёти); Насоий ривояти, 143-бет (Ҳалабий нашриёти); Ибн Можжа, ҳадис № 605).
Иккинчидан: Агар сувнинг миқдори қуллатайн – 160,5 литр ёки ундан кўп бўлиб, ундан жунубликдан ғусл қилинганида рангги ёки таъми ёки ҳиди ўзгармаса, ундан таҳорат ва ғусд қилиш жоиз бўлиб, ифлослик ва маънавий кирлик (жунублик)ни кетказиш учун салоҳиятли бўлади. Агар нажосат туфайли ўзгарса, бундай сувни ифлослик ва жунубликдан тозаланиш учун истеъмол қилиш умуман мумкин эмасдир. Бироқ, нажосатдан эмас, балки жунубликдан кетма-кет ғусл қилиш оқибатида ўзгарса, бундай сувнинг поклигида уламолар ўртасида ихтилоф бор. Ихтилофдан чиқиш ва эҳтиёт нуқтаи назаридан бундай сувни истеъмол қилмаслик, афзалдир. Агар қуллатайн – 160,5 литрдан оз бўлиб, унга жунуб одам тушса ва жунубнинг баданидаги нажосат сабабли ўзгарса, бундай сувни ифлослик ва жунубликни кетказиш учун истеъмол қилиш дуруст эмасдир. Бу сув гарчи нажосатдан ўзгармаган бўлса ҳам, уни ифлослик ва жунубликдан тозаланишда истеъмол қилишнинг дурустлигида (уламолар ўртасида) ихтилоф бордир. Бошқа сув бўлса, бундай сувларни таҳоратда истеъмол қилишдан сақланиш эҳтиёт нуқтаи назаридан афзалдир.
Учинчидан: Одамларнинг чўл ва масжиддаги сув тўпланадиган жойларга тушиб жунубликдан ғусл қилиш одатлари жоиз бўлмай, уларга насиҳат қилиш зарур. Насиҳатни олсалар, алҳамдулиллаҳ, олмасалар раҳбарлар уларни бу ишдан қайтариш учун жазо чораларини кўришлари керак.
Тўртинчидан: Инсоннинг ўз авратини танҳо қолганида тўсиши Ислом одобларидан ҳисобланиб, ҳаё омилларидан биридир. Авратни хотини ва чўрисидан бошқа одам олдида тўсиш – фарз, очиш эса ҳаромдир. Авратга хотини ва чўрисидан бошқасининг заруратсиз қараши – ҳаромдир. Имом Муслим ва бошқалар Абу Саид разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:
«Эркак киши (бошқа) эркакнинг авратига, хотин киши (бошқа) хотиннинг авратига боқмасин. Бир эркак (бошқа) эркакнинг, бир хотин (бошқа) хотиннинг олдига битта кийимда чиқмасин» - дедилар. (Қаранг: Имом Аҳмад ривояти, 3-ж., 63-бет; Имом Муслим ривояти, 1-ж., 183-бет (ал-Мактабул Исламий нашриёти); Термизий ривояти, 10-ж., 137-бет; Туҳфатул Ахузий (Мактабатул маъариф нашриёти)). Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.