Агар: бу оятлар санамларга ибодат қилганлар ҳақида нозил бўлган. Ахир солиҳларни қандай қилиб санамлар каби қилмоқдасизлар? Ёки қандай қилиб пайғамбарларни санамлар қилиб қўймоқдасизлар?-деса, бас, унга юқоридагилар билан жавоб беринг. Агар у, кофирлар рубубиятнинг бари Аллоҳ учун дея гувоҳлик берганлари, қасд қилганларидан фақат шафоатни ирода қилганларига иқрор бўлса, бироқ эслаб ўтганига биноан уларнинг фели билан ўзининг фели ўртасини ажратишни хоҳласа, унга кофирлар орасида санамларга дуо қилганлари бўлгани, улар орасида авлиёларга дуо қилганлари бўлганини ёдга олинг. Аллоҳ улар (авлиёлар) ҳақида шундай деди:
أُولَـئِكَ الَّذِينَ يَدْعُونَ يَبْتَغُونَ إِلَى رَبِّهِمُ الْوَسِيلَةَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ
“Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар”. (Исро: 57).
Ийсо ибн Марям ва унинг онасига дуо қилардилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло деди:
مَّا الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ وَأُمُّهُ صِدِّيقَةٌ كَانَا يَأْكُلاَنِ الطَّعَامَ انظُرْ كَيْفَ نُبَيِّنُ لَهُمُ الآيَاتِ ثُمَّ انظُرْ أَنَّى يُؤْفَكُونَ
قُلْ أَتَعْبُدُونَ مِن دُونِ اللّهِ مَا لاَ يَمْلِكُ لَكُمْ ضَرّاً وَلاَ نَفْعاً وَاللّهُ هُوَ السَّمِيعُ الْعَلِيمُ
“Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққи-рост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар. (Эй Муҳаммад), оят-ҳужжатларни уларга қандай баён қилишимизни кўринг, сўнг уларни қандай бўҳтон томонга оғаётганларни кўринг! Айтинг: «Аллоҳни қўйиб, сизлар зарар ҳам, фойда ҳам беришга эга бўлмаган нарсаларга ибодат қиласизми? Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир»”. (Моида: 75-76).
Унга Аллоҳ таолонинг ушбу қавлини ёдга олинг:
وَيَوْمَ يَحْشُرُهُمْ جَمِيعاً ثُمَّ يَقُولُ لِلْمَلَائِكَةِ أَهَؤُلَاء إِيَّاكُمْ كَانُوا يَعْبُدُونَ
قَالُوا سُبْحَانَكَ أَنتَ وَلِيُّنَا مِن دُونِهِم بَلْ كَانُوا يَعْبُدُونَ الْجِنَّ أَكْثَرُهُم بِهِم مُّؤْمِنُونَ
“(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар”. (Сабаъ: 40-41).
Ва Аллоҳ таолонинг ушбу қавли:
وَإِذْ قَالَ اللّهُ يَا عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ أَأَنتَ قُلتَ لِلنَّاسِ اتَّخِذُونِي وَأُمِّيَ إِلَـهَيْنِ مِن دُونِ اللّهِ قَالَ سُبْحَانَكَ مَا يَكُونُ لِي أَنْ أَقُولَ مَا لَيْسَ لِي بِحَقٍّ إِن كُنتُ قُلْتُهُ فَقَدْ عَلِمْتَهُ تَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِي وَلاَ أَعْلَمُ مَا فِي نَفْسِكَ إِنَّكَ أَنتَ عَلاَّمُ الْغُيُوبِ
“Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» — деганида, (Ийсо) айтди: «Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда, Сен албатта билар эдинг. Зотан Сен нафсимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг нафсингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг билимдонисан”. (Моида: 116).
Унга: Аллоҳ санамларни қасд қилганларни кофир дегани ва яна солиҳларни қасд қилганларни кофир дегани ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жанг қилганларини билдинг, деб айтинг.
Шарҳ:
Ушбу “Шубҳаларни аритиш” (дея аталмиш) буюк рисолада имом, мужаддид раҳимаҳуллоҳ юқорида муфассал баён қилинган муқаддималарни келтирдилар. Сўнг мушриклар шубҳаларининг асосларини келтирдилар ва уларга умумий жавоб бердилар. Сўнгра шубҳаларини эсга олиш ва унга муфассал жавоб беришни бошладилар.
У киши раҳимаҳуллоҳ дедилар:
“Агар: бу оятлар санамларга ибодат қилганлар ҳақида нозил бўлган. Ахир солиҳларни қандай қилиб санамлар каби қилмоқдасизлар? Ёки қандай қилиб пайғамбарларни санамлар қилиб қўймоқдасизлар?-деса, бас, унга юқоридагилар билан важоб беринг. Агар у, кофирлар рубубиятнинг бари Аллоҳ учун дея гувоҳлик берганлари, қасд қилганларидан фақат шафоатни ирода қилганларига иқрор бўлса, бироқ эслаб ўтганига биноан уларнинг фели билан ўзининг фели ўртасини ажратишни хоҳласа, унга кофирлар орасида санамларга дуо қилганлари бўлгани, улар орасида авлиёларга дуо қилганлари бўлганини ёдга олинг…”.
Ушбу шубҳа кўпчиликка тарқалган. Ҳатто кейинги муфассирлар Қуръонда Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига ибодат қилинганини қайтарув жиҳатидан ёдга олса ёки мушриклар Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилганларини васф қилса, буни санамларга ибодат дея изоҳладилар. Дарҳақиқат, луғатда қарор топган нарса шуки, санам ўйилган суратдир. Яъни, сурат шаклида ўйилган нарса. Шундай бўлар экан, батаҳқиқ, санам ё тош ёки тахта ёҳуд хамир ёкида хурмо бўлади. Шунга кўра араб ва улардан бошқа мушрикларлар Аллоҳдан ўзгасига юзланган ибодатни санамларга қаратилган эди дедилар. Шунинг учун Қурайш кофирлари фақат санамларга ибодат қилгани учун кофир бўлган дедилар. Шунингдек, улардан олдинги кофирлар ҳам санамларга ибодат қилганлари учун кофир бўлганлар (дея изоҳладилар). Бу, аҳли сунна вал жамоа ақидасига мухолиф бўлган тафсир ва ақида китобларида илмга нисбат бериладиганлар жумласидан кўпчилик асос солган аслдир. Ушбу боб ва бу залолатнинг асоси юқорида баён қилинганидек ботинийлар ва мутакаллимлар томонидан бўлди.
Батаҳқиқ, ботинийлар руҳларни васила қилишни тақрир қилганларида, балки руҳларнинг жасаддан ажралгандан кейинги бошқаруви жасадда эканлигидаги амалга оширган ишидан улканроқ дея қайд этиб ўтганларида шундай дедилар: чунки улар жасадда бўлганида ушбу танада банд-(ҳибс) қилинган эди, кетолмасди-(ҳаракатлана олмасди), фақат ушбу тана тоқати етадиган нарсада тасарруф қиларди. Фақат ушбу тананинг қудрати етганича берарди, маън қиларди, оларди, кўтарарди. Аммо ушбу жасаддан ажралгач, батаҳқиқ, у ўзининг жўнаши-(ҳаракатланиши)га қайтади. Ҳамда жасадда бўлгандаги ҳолатидан улканроқ куч-қувватга тайёр бўлади. Жасад шаҳват, айб-(камчилик) ва касаллик ўрни. Руҳ эса унда банд, ҳибс қилинган. Агар руҳ бадандан ажралса жўнайди-(ҳаракатланади) ва жасадда гаровга қўйилганлигида бўлмаган куч-қувватга эга бўлиб қолади. Шундай бўлгач: ушбу куч ва бу руҳларни васила қилиш, Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида воситачилик қилиши учун уларга интилиш, у мушрикларнинг восита қилиши каби эмас, дедилар. Чунки мушриклар санамларни восита қиладилар. Санамларнинг эса Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида ўрни йўқ. Пок, солиҳ руҳларга келсак –анбиё ва авлиёларнинг руҳи- уларнинг Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида ўз ўрни, мақоми, обрўси ва ҳурмати бор. Ушбу фарқни лозим қилиб қўйдилар. Шунинг учун бу воситачиликни тавҳид остига дохил бўлмайди дедилар. Улар наздидаги тавҳид рубубият тавҳидидир, улуҳият тавҳиди эмас. Яъни, Аллоҳ Бошқарувчи, яратишга Қодир, ўзгасидан Беҳожат, Ундан ўзга ҳар бир нарса Унга муҳтож дея иймон келтириш.
Бу мутакаллимларда тарқалиб кетди. Мутакаллимлар иймонни рўёбга чиқаришдаги ғоя рубубиятга иймон келтириш дедилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ”га иймон келтиришнинг маъноси Аллоҳдан ўзга ҳақ Роб йўқ. Яъни, Аллоҳ азза ва жалланинг ёлғиз ўзи яратиш ва пайдо қилишга Қодир. Қачон шунга иқрор бўлса мўмин-у мусулмон бўлади. Улар наздида араб мушриклари ушбу эътиқодда бўлмаганлар. Улар юлдузлар яратади, ушбу санамлар яратади, фойда ва зарар беради дея эътиқод қилганлар. Аммо ким-ки рубубиятда Аллоҳни яккаласа, батаҳқиқ, у мўмин бўлади. Шунинг учун: “Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг маъноси Аллоҳгина яратиш ва пайдо қилишга Қодирдир, дедилар.
Ёки бошқаси айтганидек: Аллоҳгина ўзгасидан Беҳожат, Ундан ўзга барча нарса Унга муҳтож. Ушбу фикр ва бу оғишиш мусулмонлар ўртасида тарқалиб кетди. Тавҳид борасида мутакаллим, ашъарий ва мўътазилаларнинг мазҳаби ҳукмрон-(устун) бўлганда аксар муфассир ва фуқаҳолар ушбу жирканч сўздан таъсирландилар. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилиш зикр қилинган оятларни санамларга ибодат қилиш дея тафсир қилдилар. Шу боис бир қанча тоифалар шайх, имом Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб раҳимаҳуллоҳ даъватларини, қандай қилиб солиҳ кишилар ва авлиёларни санамлар каби қилиб қўяди?-дея инкор қилдилар.
Чунки санамларнинг руҳи йўқ. Солиҳ ва авлиёларнинг руҳлари эса Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида пок, муқаддас.
Шунинг учун шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу шубҳани ва унга жавобни келтириб, дедилар:
“Агар: бу оятлар санамларга ибодат қилганлар ҳақида нозил бўлган. Ахир солиҳларни қандай қилиб санамлар каби қилмоқдасизлар? Ёки қандай қилиб пайғамбарларни санамлар қилиб қўймоқдасизлар?-деса, бас, унга юқоридагилар билан важоб беринг. Агар у, кофирлар рубубиятнинг бари Аллоҳ учун дея гувоҳлик берганларига, … иқрор бўлса…”.
Ушбу:
“Унга юқоридагилар билан жавоб беринг”, сўзлари билан юқорида ўтган муқаддималарни назарда тутяптилар.
“Агар у”, бу ушбу жавобга тафсилот киритишдир.
“Агар у, кофирлар рубубиятнинг бари Аллоҳ учун дея гувоҳлик берганларига, … иқрор бўлса”. Унга кофирларнинг рубубиятга нисбатан ҳолатларини қойим қилиниши сўзларини ботилга чиқаришнинг аввалидир. Аллоҳ азза ва жалла бизга рубубият тавҳидининг муайян маънолари ва кофирлар рубубият тавҳидига иқрор бўлганлари ҳамда уларнинг ширки илоҳиёт тавҳиди жиҳатидан бўлганини баён қилди. Дарҳақиқат, У азза ва жалла буни кўплаб оятларда баён қилди. Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу қавли каби:
وَلَئِن سَأَلْتَهُم مَّنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ لَيَقُولُنَّ خَلَقَهُنَّ الْعَزِيزُ الْعَلِيمُ
“(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан: «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз, албатта: «Уларни қудратли ва доно (Аллоҳ) яратган», дерлар. (Аммо ўзлари ҳеч нарса ярата олмайдиган бут ва санамларни У зотга шерик қилиб, уларга сиғинурлар)”. (Зухруф: 9). У азза ва жалланинг ушбу қавли:
وَلَئِن سَأَلْتَهُم مَّنْ خَلَقَ السَّمَاوَاتِ وَالْأَرْضَ لَيَقُولُنَّ اللَّهُ
“Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва ерни ким яратган?» деб сўрасангиз албатта «Аллоҳ» дерлар”. (Луқмон: 25). У азза ва жалланинг ушбу қавли:
وَلَئِن سَأَلْتَهُم مَّن نَّزَّلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَحْيَا بِهِ الْأَرْضَ مِن بَعْدِ مَوْتِهَا لَيَقُولُنَّ اللَّهُ قُلِ الْحَمْدُ لِلَّهِ بَلْ أَكْثَرُهُمْ لَا يَعْقِلُونَ
“Қасамки, агар сиз улардан: «Осмондан сув ёмғир ёғдириб ерни «ўлганидан» сўнг «тирилтирган» зот ким?» — деб сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», деб (жавоб қилурлар). Сиз (уларга): «Эътироф этганларингиз учун Аллоҳга ҳамду сано бўлсин», деб айтинг. Йўқ, уларнинг кўплари ақл юргизмайдилар”. (Анкабут: 63). У азза ва жалланинг ушбу қавли:
قُلْ مَن يَرْزُقُكُم مِّنَ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ أَمَّن يَمْلِكُ السَّمْعَ والأَبْصَارَ
“(Эй Муҳаммад) айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?!...”. (Юнус: 31). Ва бошқа оятлар. Намл сурасининг бошидаги оятлар. Ҳамда мушриклар рубубиятга иқрор бўлганлари баён қилинган –юқорида зикр қилинган- кўплаб оятлар.
Агар шунга иқрор бўлса, батаҳқиқ, шубҳасининг бир қисми кетди. Тоинки араб мушрикларининг ширки ушбу санамлар яратади ёки яратишга Қодир ёҳуд улар мулкда улуш-(насиба)га эга деб эътиқод қилишлари жиҳатидан бўлмаганини билсин. Шундай бўлар экан, биз: улар ушбу жиҳатдан бу санамлардан шафоатни ирода қилганлар, деймиз. У азза ва жалла айтганидек:
وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاء مَا نَعْبُدُهُمْ إِلَّا لِيُقَرِّبُونَا إِلَى اللَّهِ زُلْفَى
“У зотдан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ») қилиб олган кимсалар: «Биз (ўша «илоҳ»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар)”. (Зумар: 3). Ва У азза ва жалланинг ушбу қавли каби:
هَـؤُلاء شُفَعَاؤُنَا عِندَ اللّهِ
“Ана шу нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг оқловчиларимиз”. (Юнус: 18). У азза ва жалланинг ушбу қавли:
أَجَعَلَ الْآلِهَةَ إِلَهاً وَاحِداً إِنَّ هَذَا لَشَيْءٌ عُجَابٌ
“(Шунча) илоҳоларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан бу жуда қизиқ нарса!”. (Сод: 5).
Демак, мушриклар ушбу санамларга илоҳиёт борасида эътиқод қўярдилар. Уларга воситачилик қилиш ва шафоат учун яқинлик ҳосил қилардилар. Бу эса иккинчи ҳужжат.
Биринчи ҳужжат: ушбу шубҳага раддия беришда: мушрикларнинг рубубиятга иқрор бўлишларидаги ҳолат.
Иккинчи ҳужжат: улар санамларга нисбатан фақат воситачилик қилиш ва шафоатни қасд қилганларини ёритиб бериш. Чунки Аллоҳ азза ва жалла бизга улар санамлар борасида яратади, ризқ беради, ёмғир ёғдиради, шамолларни эсдиради ва бундан бошқаларни эътиқод қилмаганларини баён қилди. Балки улардан шафоат ҳамда санамларни васила қилишни қасд қилганлар.
Учинчи ҳужжат: шайх шундан кейин ушбу қавллари билан ёдга олганлари:
“Бироқ эслаб ўтганига биноан уларнинг фели билан ўзининг фели ўртасини ажратишни хоҳласа, унга кофирлар орасида санамларга дуо қилганлари бўлгани, улар орасида авлиёларга дуо қилганлари бўлганини ёдга олинг”. Юқорида изоҳланганидек мушрикларнинг Аллоҳдан ўзгасига ибодати тўрт турга қаратилган эди. Уларнинг хулосаси:
Улар сурати чизилган санамларга ибодат қилардилар.
Фаришталарга ибодат қилардилар
Анбиё ва авлиёларга ибодат қилардилар.
Дарахт ва тошларга ибодат қилардилар. Яъни, унга эътиқод қўйиб, ибодат қилардилар.
Ана шу турлар жумласидир. Дарахт ва тошлар остига қуёш, ой ва юлдузлар ҳам киради. Чунки улар ҳам тошдан ясалган эди. Ушбу турлардан ҳам бир тур остига бир қанча синфлар дохил бўлади.
Демак, арабларнинг ибодати бир турга қаратилган эмасди. Агар у далил истаса унга: мушрик ва кофирлардан иборат араб ва араб бўлмаганлар анбиё ва солиҳ кишиларга ибодат қилишгани жиҳатидан айтадиган бўлсак, бас, бу борада оятлар кўп. Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу қавли каби:
مَّا الْمَسِيحُ ابْنُ مَرْيَمَ إِلاَّ رَسُولٌ قَدْ خَلَتْ مِن قَبْلِهِ الرُّسُلُ وَأُمُّهُ صِدِّيقَةٌ كَانَا يَأْكُلاَنِ الطَّعَامَ
“Масиҳ бинни Марям фақат бир пайғамбар бўлиб, ундан илгари ҳам кўп пайғамбарлар ўтгандир. Унинг онаси эса сиддиқа — Аллоҳга ҳаққи-рост иймон келтирган аёлдир. Иккалалари ҳам таом ер эдилар”. (Моида: 75). У азза ва жалланинг ушбу қавли:
وَيَوْمَ يَحْشُرُهُمْ جَمِيعاً ثُمَّ يَقُولُ لِلْمَلَائِكَةِ أَهَؤُلَاء إِيَّاكُمْ كَانُوا يَعْبُدُونَ
قَالُوا سُبْحَانَكَ أَنتَ وَلِيُّنَا مِن دُونِهِم
“(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас…», дерлар”. (Сабаъ: 40-41). У азза ва жалланинг ушбу қавли:
أُولَـئِكَ الَّذِينَ يَدْعُونَ يَبْتَغُونَ إِلَى رَبِّهِمُ الْوَسِيلَةَ أَيُّهُمْ أَقْرَبُ
“Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар”. (Исро: 57). У азза ва жалланинг ушбу қавли:
وَإِذْ قَالَ اللّهُ يَا عِيسَى ابْنَ مَرْيَمَ أَأَنتَ قُلتَ لِلنَّاسِ اتَّخِذُونِي وَأُمِّيَ إِلَـهَيْنِ مِن دُونِ اللّهِ
“Эсланг (эй Муҳаммад), Аллоҳ: «Эй Ийсо бинни Марям, одамларга: «Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни илоҳ қилиб олинглар», деб сен айтдингми?» — деганида”. (Моида: 116). Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу қавли:
أَفَرَأَيْتُمُ اللَّاتَ وَالْعُزَّى
وَمَنَاةَ الثَّالِثَةَ الْأُخْرَى
“(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) — «Лот», «Уззо», ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!”. (Нажм: 19-20). Лот солиҳ киши бўлиб, ҳожиларга талқон янчиб берарди. Вафот этди ва қабри устида эътикоф ўтирдилар.
Демак, уларга солиҳ кишилар ибодат қилингани ҳақидаги очиқ оятларни жамлаб берамиз. Сўнг ушбу учинчи ҳужжатнинг иккинчи даржасига келсак: Қуръонда яна Аллоҳ азза ва жалла мушриклар ибодат қилганлар тирик эмас, ўликлар эканини баён қилди, деймиз. Аллоҳ азза ва жалла Наҳл сурасида мушриклар билан кечган ҳужжатлашувни зикр қилганда айтгани каби. Аллоҳ азза ва жалла олиҳани васф қилиб шундай деди:
لاَ يَخْلُقُونَ شَيْئاً وَهُمْ يُخْلَقُونَ
أَمْواتٌ غَيْرُ أَحْيَاء وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ
“Бирон нарсани яратгувчи эмасдир, балки ўзлари яралгувчидирлар. (Улар) жонсиз ўликлардир. Ва улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар”. (Наҳл: 20-21). Ушбу оятда арабларнинг мушрик ва кофирлари ибодат қилган нарсалар бирор нарса яратмагани ва ўзлари махлуқ экани, улар тириклар эмас, ўликлар экани баён қилинди. Аллоҳ таолонинг ушбу қавли маъноси:
أَمْواتٌ غَيْرُ أَحْيَاء
“(Улар) жонсиз ўликлардир”. (Наҳл: 21). Улар ҳозир тириклик сифатида эмас. Балки улар ўлим сифатидадир. Бу эса улар ушбу васфдан олдин тирик бўлганликларини англатади. Чунки ўлик дея сифатланган нарса, бундан олдин тирик бўлгандир.
У азза ва жалла бу ўринда деди:
أَمْواتٌ غَيْرُ أَحْيَاء
“(Улар) жонсиз ўликлардир”. Сўнг буни ушбу қавли билан таъкидлади:
وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ
“Ва улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар”. (Наҳл: 21). Яъни, қачон қайта тирилишларини билмайдилар. Қайта тириладиган нарса, у ҳаёт бўлиб, вафот этган дея сифатланадиган ўликдир. Бу эса жонсиз жисм ва санамлар (бу васфдан) ташқарида экани ҳақида очиқ-ойдин. Қайта тириладиганлар жин, инс ва ҳайвондан иборат жонли нарсалар. Шу ўринда маълум бўлдики, (юқорида) инсдан иборат ибодат қилинганлар мақсад қилинган. Шундай бўлар экан, араблар фақат тош васфига эга бўлган санамларга ибодат қилган деган даъво ботилдир. Юқорида араблар ва улардан олдингилар санамларга нима учун боғланганлари баён қилинди. Чунки улар ушбу санам муайян сурат кўринишида ишланган. Унга ушбу суратнинг руҳи ёки улар айтганидек руҳонияти тушади. Агар сурат башар суратида бўлса, хитоб қилинган вақт унга (санамга) (ушбу инсон) руҳи тушади, агар сурат фаришта суратида бўлса хитоб қилинган вақт фаришта ҳозир бўлади деб эътиқод қилардилар. Даъво қилишларича шундай эди. Улар: санамга хитоб қилган эдик, у бизга ҳам хитоб қилди. Унга гапирган эдик, у ҳам бизга гапирди. Ундан сўраган эдик, у бизга жавоб берди, деган сўзларида содиқлар. Бироқ уларга пок руҳлар жавоб бермаган. Балки уларга жирканч руҳлар, шайтон ва жинларнинг руҳлари жавоб берган.
Шунинг учун Аллоҳ азза ва жалла Сабаъ оятида айтдики:
وَيَوْمَ يَحْشُرُهُمْ جَمِيعاً ثُمَّ يَقُولُ لِلْمَلَائِكَةِ أَهَؤُلَاء إِيَّاكُمْ كَانُوا يَعْبُدُونَ
قَالُوا سُبْحَانَكَ أَنتَ وَلِيُّنَا مِن دُونِهِم بَلْ كَانُوا يَعْبُدُونَ الْجِنَّ أَكْثَرُهُم بِهِم مُّؤْمِنُونَ
“(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар”. (Сабаъ: 40-41). Яъни, уларга ҳақиқатда хитоб қилган ва уларни бунга туширганлар жинлардан бўлган шайтонлардир. Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла деди:
أَلَمْ أَعْهَدْ إِلَيْكُمْ يَا بَنِي آدَمَ أَن لَّا تَعْبُدُوا الشَّيْطَانَ إِنَّهُ لَكُمْ عَدُوٌّ مُّبِينٌ
وَأَنْ اعْبُدُونِي هَذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ
“Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?!”. (Ясин: 60-61). Шайтоннинг залолатга бошлаши асло шаҳват жиҳатидан эмас. Балки у энг улкан залолатга бошлади. У ҳам бўлса Аллоҳ азза ва жалладан ўзгасига ибодат қилиш борасидадир.
Демак, ушбу шубҳанинг жавоби ҳужжатнинг уч турини ўз ичига олади:
Биринчи: мушрикларнинг ибодати рубубиятга иқрор бўлишлари билан бўлди. Ва оятларни келтирасиз.
Иккинчи: улар ибодат қилган олиҳаларидан –гарчи санам бўлса-да- фақат воситачилик қилиши ва шафоатни ирода қилганлар. Оятларда зикр қилинганидек.
Учинчи: оятларда ушбу маъбудотлар фақат санам бўлмагани, балки у маъбудотлар инсон, фаришта ва жинлардан иборат бўлгани зикр қилинди. Фаришталарга ибодат қилинди. Солиҳ кишиларга ибодат қилинди. Авлиё ва анбиёларга ибодат қилинди.
Агар шу маълум ва аниқ-равшан бўлса, бас, ушбу ҳужжатнинг хотимасига ўтамиз. Айтамизки: ушбу ҳужжат ва юқорида ўтганидек ушбу ҳужжатга раддия бериш аниқ-равшан. Бироқ натижаси қоляпти. У ҳам бўлса: воситачилик қилишнинг маъносини тушуниб олиш, тавассулнинг маъносини фаҳмлаш, шафоатнинг маъносини тушуниб олиш. Бу шайх раҳимаҳуллоҳ жавобларининг сўнгида келади. Бироқ бундан олдин муқаддима шуки, у ушбу уч ҳужжатга босқичма-босқич таслим бўлса, у билан шафоат ҳақида сўз очишга кўчасиз. Ушбу ҳужжатлардан олдин шафоат ҳақида гап очманг. Чунки шафоат ҳақидаги сўзда қовлий, феълий ва нақлий шубҳалар кўп. Ихтилоф вақтида мурожат қилиниши учун муҳкамга ва аниқ-равшан (сўз)га эҳтиёж сезади.
Демак, мушриклар билан ҳужжатлашиш вақтида уларга -агар: аввалгилар фақат санамларга ибодат қилганлар, деса- уч ҳужжат тақдим қилинади. Шулардан кейингина шафоат ҳақида гап очилади. Ана шу дамда шафоат маъноси, уларнинг василалари қандай бўлгани, тавассул маъноси ва шунга ўхшашлар баён қилинади.
Учинчи ҳужжатдаги икки даража ўртасидаги фарқ нима?
Учинчи ҳужжатдаги биринчи даража: оятларда анбиё ва солиҳларга ибодат қилингани очиқ зикр қилинди.
Унинг иккинчи даражаси: бу тўғри эмас, балки санамларга ибодат қилганлар, улар санамларга бевосита-(тўғридан-тўғри) ибодат қилмаганлар, деб айтиши кутилганидек унга: Аллоҳ азза ва жалла мушриклар дуо-илтижо қилганларни шундай дея баён қилди, деб айтилади:
أَمْواتٌ غَيْرُ أَحْيَاء وَمَا يَشْعُرُونَ أَيَّانَ يُبْعَثُونَ
“Ўликлардир, тирик эмаслар ва қачон қайта тирилтирилишларини билмаслар”. (Наҳл: 21). Аҳқоф сурасининг бошидаги оятлар ҳам бунга очиқ-ойдин далолат қилади.
Демак, ҳужжатнинг иккинчи даражаси, улар солиҳларнинг суратларига шунчаки санам бўлгани учун ибодат қилмаганларини баён қилишдир. Балки улар тирик бўлиб, вафот этган ва қачон қайта тирилишини билмайдиганларга ибодат қилганлар.