Admin   07-14-2010, 08:46 PM
#1
Шаъбон ойи ўртасидаги тун фазилати ҳақида

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳга ҳамду санолар ва Унинг расулига салавоту саломлар бўлсин.
Баъзи мусулмонларнинг айтишича, Шаъбон ойининг ўртасидаги тунда таҳажжуд намози ўқиш ва ибодатларда ғайрат қилиш керак эмиш. Чунки ўша тунда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлар экан. Бу ишни қилувчилар, қуйидаги заиф ҳадисга суянадилар: «Шаъбон ўртасидаги тун кирганида, ушбу тунда намоз ила қоим бўлинглар. Кундузи эса рўза тутинглар» («ас-Силсила ад-даъифа» 2132).
Бироқ Шаъбон ўртасининг туни фазилати ҳақида бошқа саҳиҳ ҳадис ворид бўлган: «Бизнинг Олий Роббимиз Шаъбон ойи ўртасидаги тунда нозил бўлади ва барча махлуқотларининг гуноҳларини мағфират қилади. Илло мушрик ва адоватли бидъатчи бундан мустасно!»
Ушбу ҳадисни Ибн Можа 1390, Баззор 2/408, Ибн Ҳиббон 5636, Байҳақий 7/419, Табароний 20/108, Ибн Аби Осим 509 ва бошқалар ривоят қилишган.
Ҳадис кўпгина ровийлар силсиласига эга ва у Абу Бакр, Оиша, Муоз ибн Жабал, Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Амр, Абу Мусо, Абу Саълаба, Авф ибн Молик, Усмон ибн ал-Ос каби бир гуруҳ саҳобалардан ривоят қилинган.
Ҳадиснинг яна бошқа ривоятлари орасида кўпгина заифлари мавжуд. Аммо ҳадиснинг айрим ривоятлари ҳасан ва ўша ҳадиснинг бошқа барча ривоятлари бир-бирини қувватлайди. Бу нарса шубҳасиз ҳадисни саҳиҳ даражасига кўтаради. Ушбу ҳадис саҳиҳлигини имом Баззор, ҳофиз Ибн Ражаб ва шайх Албоний каби имомлар тасдиқлашган («ал-Баҳр аз-зоҳир» 1/206, «Шарҳ ал-Маваҳиб» 7/473, «ас-Силсила ас-саҳиҳа» 1144, 1563).
Шунинг учун ҳам шайх Албоний раҳимаҳуллоҳдан Шаъбон ойи ўртасининг фазилати ҳақида сўрашганида, улар унда (Шаъбон ойида) ягона фазилат бор, у ҳам бўлса Аллоҳ мушрик ва мушаҳиндан ташқари барчанинг гуноҳини кечиришидир, деб жавоб берганлар («ас-Силсила ҳуда ва нур» 564).
Мушаҳин – бу ибн Асир айтганларидек: «ал-Мушаҳин (المشاحن) – душманлик қилувчи. Аш-шаҳна (الشحناء) эса душманлик, ат-ташаҳун (التشاحن) эса – ундан бўлган алоқадир». Авзоий деди: «Мушаҳин (المشاحن) сўзидан мурод – уммат бирлигини парчаловчи бидъат соҳибидир» (Ан-ниҳоя фи ариб ал-ҳадис ва ал-асар).
Ушбу тунни ва кунни бирорта ибодат тури учун хослаш мумкин эмас. Бу иш бидъат бўлади. Ҳатто агар бу шариатда асоси бўлган ибодат тури бўлса ҳам. Бироқ инсон одатига кўра тунда намоз ўқиса, одатдагидек намозини ўқийверсин. Агар ҳар ой ўртасида рўза тутган бўлса, бу кунда ҳам рўзасини тутаверсин. Ушбу мавзуни Муҳаммад Саид Раслан ҳафизаҳуллоҳ жума хутбаларида муҳокама қилар эканлар, шндай хулосага келганлар. http://www.rslan.com/vad/items_details.php?id=2343
Шайх Усайминда Шаъбон ойи атрофидаги бидъатларга оид хутбалари бор. Ўша ерда шайх айтганлар: «Баъзи одамлар Шаъбон ойи ўртасидаги тунни улуғлашади ва уни ибодатлар, намозда қоим бўлиш учун хослашади... Худди шундай ушбу кунларни рўза учун хослашади. Бироқ бунга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Суннатидан ҳеч қандай саҳиҳ асос йўқ. Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу кунни тунги намозда қоим бўлиш учун хослаганлари ворид бўлмаган. Ваҳоланки, ўша барча ҳадислар мавзу (тўқима), Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғондир. Бу ҳақида кўпгина муҳаддисларнинг айтиб ўтишган.
Шунингдек, ушбу ой ўртасидаги кунни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза учун хосламаганлар.
Тўғри, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ойда кўп рўза тутганлар. Аммо аниқ бир кунни бу учун хосламаганлар. Ибодат учун макон ёки маълум кунни чеклаш ёки хослаш учун, Қуръон ёки Суннатдан далил бўлиши керак. Бунга эса на Қуръондан, на Суннатдан далил йўқ..!»
(ас-Силсила ал-бабу ал-муфтуҳ, 222-тасма (б), 23:20).
Аллоҳ таоло Ўзининг иймон келтирган бандаларини бу тунда мағфират қилиши каби улуғ раҳматига келсак, бу ҳадисдан ушбу мағфиратга дохил бўлиш учун қандайдир ибодатни адо этиш лозим деган хулоса келиб чиқмайди. Бу Аллоҳ таолонинг раҳматидир! Бу раҳмат шундоқ ҳам ҳар бир адоват ва бидъатдан сақланувчи муваҳҳидга насиб бўлади!
Аллоҳ таолодан ушбу тунда мағфират қиладиганлардан бўлишимизни насиб айлашини сўраб қоламиз.

Admin   07-23-2010, 11:06 PM
#2
Шаъбон ойи ўртасини нишонлаш ҳукми

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Динимизни комил қилган ва бизлар учун барча яхшиликларни тугаллаган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Унинг Пайғамбари ва Расули Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.
Сўнг:
Аллоҳ таоло айтади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3).
Яна субҳанаҳу ва таоло айтади: «Балки улар (Макка мушриклари) учун (куфр ва ширк каби) Аллоҳ буюрмаган нарсаларни — «дин»ни уларга шариат қилиб берган шериклари — бутлари бордир?!» (Шуро: 21).
Саҳиҳайнда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир».
Саҳиҳ Муслимда Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума хутбаларида дедилар: «Сўнг: Дарҳақиқат сўзларнинг тўғрироғи – Аллоҳнинг каломи, йўлларнинг яхшироғи – Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) йўли, ишларнинг ёмонроғи – бидъат ва барча бидъат – залолатдир».
Ушбу маънодаги оят ва ҳадислар жуда кўп.
Бу шуни англатадики, Аллоҳ таоло ушбу уммат учун динни комил қилди ва барча яхшиликларни якунлади. Аллоҳ ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламни вафот топдирмади, илло у зот ўз умматларига (рисолатни) етказганларидан кейин ва Аллоҳ уларга жорий қилган сўз ва амаллардан иборат мажбуриятларнинг барчасини тушунтириб бермагунларича (вафот топтирмади). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у зотдан кейин исломга нисбат бериб киритилган барча сўз ва амалдан иборат янгиликларни, ўша бидъатни қилган одамдан қабул қилинмаслигини тушунтириб кетдилар. Ҳатто агар унинг нияти яхши бўлган бўлса ҳам. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари, шунингдек улардан кейинги ислом уламолари ушбу қоидани билишар эди. Улар бидъатни қоралашар ва ундан огоҳлантиришар эди. Худди Ибн Ваддоҳ, Тартуший, ибн Шома ва бошқалар каби суннатни улуғлаш ва бидъатни қоралаш ҳақида (китоблар) ёзганлар зикр қилиб ўтганларидек.
Баъзи одамлар киритган бидъатлардан бири: Шаъбон ойи ўртасидаги кечани нишонлаш ва ушбу кунни рўза тутишлик билан хослаш бидъатидир. Буларнинг барчаси ҳақида суянишга яроқли далил йўқ. Бу кеча фазилати борасида заиф ҳадислар келган. Уларга таяниш мумкин эмас. Ушбу кечада адо этиладиган намознинг фазилати ҳақида келган нарсаларга келсак, барча ҳадислар мавзудир. Бунга кўпгина уламолар кўрсатма беришган. Аллоҳнинг изни билан уларнинг баъзи сўзларини яна келтирамиз.
Бу кеча борасида Шомлик ва бошқа баъзи салафлардан ривоятлар келган. Жумҳур уламоларнинг фикрига келсак, уни нишонлаш бидъат. Унинг фазилати ҳақида келган ҳадисларнинг барчаси заиф. Баъзилари эса мавзу. Бу ҳақида зикр қилганлардан бири ҳофиз Ибн Ражабдир. У ўзининг «ал-Латоиф ал-Маъориф» китобида буни зикр қилиб ўтадилар ва бу кишидан бошқа кўпчилик (бу ҳақида айтиб ўтишган). Заиф ҳадисларга келсак, фақатгина саҳиҳ далил билан тасдиқланган асосга эга бўлган ибодатлардагина уларга асосланиб амал қилинади. Шаъбон ойи ўртасидаги кечани нишонлашга келсак, у заиф ҳадислар ёрдамида мойил бўлиш мумкин бўлган саҳиҳ асосга эга эмас. Ушбу қоидани имом Абул Аббос шайхулислом Ибн Таймия (раҳимуҳуллоҳ) зикр қилиб ўтганлар.
Уламолар одамлар ихтилоф қилган масалаларни Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Суннатларига қайтариш вожиб эканига иттифоқ қилишди. Шунингдек улар (Қуръон ва Суннат) ёки улардан бири қонун жорий қилса, унга эргашишлик вожиб бўлади. Уларга (Қуръон ва Суннатга) хилоф бўлган нарсани эса ташлаш вожиб бўлади. Уларда келмаган ибодат бидъатдир, уни бажариш, айниқса унга даъват қилиш ва уни маъқуллаш мумкин эмас. Аллоҳ таоло айтганидек: «Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз! Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, — агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир» (Нисо: 59).
Яна Аллоҳ таоло айтади: «Сизлар ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми (Қиёмат кунида) Аллоҳга (қайтарилур ва У зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)» (Шуро: 10).
Яна Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади»» (Оли Имрон: 31).
Яна Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича-бўйинсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).
Ушбу маънодаги оятлар кўп. Ихтилофли масалаларни Қуръон ва Суннатга қайтариш, уларнинг ҳукмига рози бўлиш вожиблиги ва бу иймонга мувофиқ экани ҳақидаги ушбу шаръий матнлар банда учун бу дунёда ҳам, барзаҳда ҳам энг афзал бўлган иш ва энг афзал қайтаришликдир.
Ҳофиз Ибн Ражаб ўзининг «Латоиф ал-Маъориф» китобида деди: «Шомлик тобиинлардан Холид ибн Маъдан, Макҳул, Луқмон ибн Амир ва бошқалар шаъбон ўртасидаги кечани улуғлашар ва ибодат қилишга ғайрат қилишар эди. Одамлар унинг фазилати ва улуғлигини ўшалардан олишди. Айтилдики, бу борада уларга етиб борган нарса исроилиёт ривоятидан эди... Ҳижознинг аксар уламолари эса буни қоралашди. Улардан Аъто, Ибн Абу Мулайка. Буни Абдурраҳмон ибн Зайд ибн Аслам Мадиналик уламолардан етказди. Шунингдек бу имом Моликка эргашувчилар ва бошқаларнинг сўзларидир. Улар айтишдики, буларнинг барчаси бидъат... Шунингдек имом Аҳмаднинг шаъбон ўртасидаги кеча борасидаги фикри маълум эмас...». Шундан сўнг (Ибн Ражаб) деди: «Шаъбон ўртасидаги кечада намозда қоим бўлиш борасида на Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва на у зотнинг саҳобаларидан бирор саҳиҳ нарса келмаган». Ибн Ражаб сўзларидан исталгани тугади.
Бунда (яъни юқоридаги сўзларда) у кишининг (Ибн Ражаб) шаъбон ўртасидаги кеча борасида на Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва на у зотнинг саҳобаларидан бирор саҳиҳ нарса келмаганлиги ҳақида очиқ-ойдин мулоҳазаси бор.
Мусулмон ҳар қандай шаръий далил билан тасдиқланмаган нарсани шаръий деб, уни Аллоҳнинг динига киритиши мумкин эмас. Буни у ёлғиз ўзи бажарадими ёки жамоат бўлибми, фарқи йўқ. У буни яширадими ёки ошкор қиладими фарқи йўқ. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг умумий сўзларидан келиб чиқади: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир». Шунингдек бидъатни қораловчи ва ундан огоҳ қилувчи бошқа далиллар ҳам шунга кўрсатма бўлади.
Имом Абу Бакр Тартуший (раҳимаҳуллоҳ) ўзларининг «ал-Ҳавадис вал бидъа» номли китобларида айтадилар: «Ибн Ваддоҳ Зайд ибн Масламадан ривоят қилади: Биз шайхларимиздан ва уламоларимиздан бирортасини шаъбоннинг ўртасига, Макҳулнинг ҳадисига ўгирилганларини учратмадик. Шунингдек уни (шаъбон ойининг ўртасидаги кечани) бошқадан (кечалардан) афзал эканини кўрмадик. Ибн Абу Мулайкага айтилди: Дарҳақиқат Зиёд Нумайрий айтаяптики: Дарҳақиқат, шаъбон ўртасидаги кеча ажри, лайлатул қадр кечасиникидек. У (Ибн Абу Мулайка) деди: Агарда мен уни (шу сўзларни айтаётганида) эшитганимда ва қўлимда таёқ бўлганида, мен уни (ўша таёқ билан) урган бўлардим. Зиёд қисса айтувчилардан эди».
Атоқли олим Шавконий (раҳимаҳуллоҳ) «ал-Фаваид ал-Мажмуъа»да деди: ««Эй Алий, кимки шаъбон ўртасидаги кечада 100 ракаат намоз ўқиса, ҳар бир ракаатида Фотиҳа ва «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни 10 марта ўқиса, Аллоҳ унинг барча эҳтиёжини бажаради ...» ва ҳадиснинг охиригача. Бу мавзу (тўқима) ҳадис. Унинг сўзларида ақл эгасида унинг мавзу эканлигида шубҳа йўқ. Унинг ровийлари номаълум. Шунингдек бошқа ровийлар силсиласи барчаси мавзу ҳисобланади, унисининг ҳам ровийлари номаълум».
Яна «ал-Мухтор»да айтади: «Шаъбон ўртасидаги намоз ҳақидаги ҳадис ботилдир. Уни Ибн Ҳиббон Алийдан ривоят қилади: «Агар шаъбон ўртасидаги кеча кирса у кечада қоим бўлинглар ва кундузида рўза тутинглар». У заифдир».
Яна «ал-Лаий»да айтади: «Шаъбоннинг ўртасидаги 100 ракаат намоз, ихлос билан биринчи марта …». Мавзу ва унинг уч иснодидаги кўпчилик ровийлари номаълум ва заиф». Айтадики: «12 ракаат 30 марта холислик билан» эса мавзу, шунингдек 14 (ракаатли) мавзу.
Бир гуруҳ уламолар, (масалан) «ал-иҳё» муаллифи ва бошқалар, шунингдек баъзи муфассирлар ушбу ҳадисга алданишди. Ушбу кеча намози кўп тарафлардан ривоят қилинган, уларнинг барчаси тўқима...»
. Иқтибос тугади.
Ҳофиз ал-Ироқий деди: «Шаъбон ўртасидаги намоз ҳадиси Пайғамбарга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нисбатан тўқима ва унга нисбатан ёлғондир».
Имом Нававий «ал-Мажмуъ» китобида деди: «Рағойиб намози (номи) билан танилган намоз, у 12 ракаатдан иборат бўлиб шом ва ҳуфтон орасида ражаб ойининг илк жума кечасида ўқилади, шунингдек шаъбон ўртасидаги 100 ракаатлик намоз, ушбу икки намоз қораланган бидъатдир. Уларнинг «Қувватул қулуб», «Иҳёу улумуд дин» китобларида зикр қилинганига, уларда зикр қилинган ҳадисларга алданманг. Чунки буларнинг барчаси ботил. Яна унинг (намознинг) ҳолати аниқ бўлмаган баъзи уламоларга ва уларнинг мустаҳаб экани ҳақида варроқлар ёзганларига алданманг. Чунки дарҳақиқат бу хатодир».
Шайх, имом Муҳаммад Абдурроҳман ибн Исмоил ал-Мақдисий уларга (яъни рағойиб, шаъбон ўртасидаги намоз) раддия қилиб қимматли китоб ёзди. У буни энг гўзал услубда адо этди.
Бу масала борасидаги уламоларнинг сўзлари жуда кўп. Агар ушбу масаладаги уларнинг сўзларида тўхталиб ўтганларимизнинг барчасини келтиришни бошласак, гап чўзилиб кетади. Менимча шу ҳақ изловчига кифоя қилади.
Ҳақ изловчига келтирилган оят, ҳадис ва уламоларнинг сўзларидан шу нарса маълум бўладики: шаъбон ўртасидаги кечани намоз ўқишлик ёки намоздан бошқа нарса билан нишонлашлик, кундузисини рўза билан хослашлик жумҳур уламолар наздида қораланган бидъатдир. Пок шариатда унинг асоси йўқдир. Аксинча бу саҳобалар (розияллоҳу анҳум) давридан кейин исломга янги киритилган нарсалардандир. Ушбу бобда ҳақ изловчи учун Аллоҳ таолонинг мана бу сўзлари кифоя қилади: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим» ва шу маънода келган оятлар (кифоя қилади). Шунингдек Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзлари: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани пайдо қилса, у рад қилингандир» шу маънода келган ҳадислар (кифоя қилади). Саҳиҳ Муслимда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: «Агар бошқа оқшомларда намоз ўқимасангиз, жума оқшомини таҳажжуд (тунги намоз) учун танламанг. Агар бошқа кунларда рўза тутмасангиз, жумани рўза тутиш учун танламанг. Фақат одатий рўза тутадиган кунингизга тўғри келиб қолсагина, жума куни рўза тутинг».
Агар кечалардан бирортасини ибодат билан хослашлик жоиз бўлганида эди, жума кечаси (хослашликда) муқаддам қилинган бўлар эди. Чунки унинг кундузи қуёш чиққан кунларнинг энг яхшисидир, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келган саҳиҳ ҳадислардан келиб чиққан ҳолда. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни бошқа кечалар орасида (намозда) қоим бўлиш билан хослашликдан қайтарганларидан шу нарса маълум бўладики, кечалар орасида бошқа кечаларни қандайдир ибодат билан хослашлик мумкин эмас. Фақатгина хослашликка далолат қилувчи саҳиҳ далил асосида хослашлик мумкин.
Лайлатул қадр ва рамазон кечаларида қоим бўлиш ва ғайрат кўрсатиш жорий бўлганига Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўрсатма бердилар ва умматни бунга рағбатлантирдилар. Ўзлари ҳам бу ишни қилдилар. Саҳиҳайнда Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келади: «Кимки Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида бедор бўлса, унинг аввалда қилган гуноҳлари кечирилади».
Агарда шаъбон ўртасидаги кеча, ёки ражабнинг биринчи жумасидаги кеча, ёки исро ва меърож кечасини нишонлаш ёки қандайдир ибодат билан хослашлик шаръий бўлганида эди, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) албатта умматларини бунга йўллаб қўйган ёки ўзлари амал қилган бўлардилар. Агар булардан бирортаси содир бўлганида ҳам саҳобалар (розияллоҳу анҳум) умматга буни етказган ва буни ундан яширмаган бўлардилар. Улар (саҳобалар) энг афзал инсонлардир ва Пайғамбарлардан кейин энг насиҳатгўй эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан Аллоҳ рози бўлсин.
Сен уламоларнинг сўзларидан билдингки: Ражабнинг биринчи жума кечаси ва шаъбон ўртасидаги кечанинг афзаллиги ҳақида на Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва на унинг саҳобаларидан бирорта саҳиҳ нарса келмаган. Яна бизга маълум бўлдики, уларни нишонлаш исломга киритилган бидъатдир. Худди шундай, уларни бирорта ибодат билан хослашлик қораланган бидъатдир. Яна баъзи одамлар Исро ва Меърож кечаси деб эътиқод қиладиган ражабнинг 27 кечаси, келтирилган далиллардан келиб чиқиб, уни бирорта ибодат тури билан хослашлик мумкин эмас, худди уни уни нишонлаш билан ажратиш мумкин бўлмаганидек. Бу агар (унинг санаси) маълум бўлганида, агар уламоларнинг саҳиҳ сўзларидан унинг (аниқ санаси) номаълум экани аён бўлсачи?! Кимки у ражаб ойининг 27 кечасида деб айтган сўзига келсак, бу сўзлар ҳақиқат эмас. Бу гаплар саҳиҳ ҳадисларда асосини топмаган. Мана бу сўзларни айтган, қандай ҳам ажойиб сўзларни айтган:
Афзал амал – тўғри йўлга эргашиб қилинганидир
Энг ёмон амал эса – янги киритилган бидъатлардир.
Аллоҳдан бизга ва барча мусмулмонларга суннатга эргашишда ва унда мустаҳқам бўлишда, унга хилоф бўлганлардан огоҳлантиришда ёрдам беришини сўрайман. Албаттп У Карийм зотдир.

Admin   07-23-2010, 11:12 PM
#3
Шаъбон ойининг 15 кунини ибодатлар учун хослаш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/bidat/zamonga_xos_bidatlar/zamonga_xos_bidatlar_001_shabonning_15_kunini_ibodatlar_uchun_xoslash.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Шаъбон ойининг 15 кунидаги рўза тутиш, ушбу кун кечасида (бароат кечасида) намозда қоим бўлиш ва бу кечада айтиладиган дуоларнинг ҳукми нима?
Жавоб: Бунинг асоси йўқ. Бу амалнинг саҳиҳ асоси йўқ. Шаъбон ойининг 15 кунида рўза тутиш мустаҳаб эмас. Шаъбоннинг 15 кечасида намозда қоим бўлиш мустаҳаб эмас. Чунки бу ҳақида саҳиҳ ҳадислар мавжуд эмас. Биз аввалда бу ҳақида бир нечта мақолалар чиқарганмиз.

Admin   07-23-2010, 11:24 PM
#4
Шаъбон ойининг 15 кечасини нишонлаш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/bidat/zamonga_xos_bidatlar/zamonga_xos_bidatlar_002_shabonning_15_kechasini_nishonlash.mp3[/audio]
Юклаб олиш

Савол: Шаъбоннинг 15 кечаси (бароат кечаси)ни нишонлаш ва обод қилиш мумкинми?
Жавоб: Шаъбоннинг 15 кечасини нишонлаш мумкин эмас. Бу амалнинг асоси йўқ. Шунингдек улар «Исро ва Меърож кечаси» деб номлайдиган ражаб ойининг 27 кечасини ҳам нишонлаш мумкин эмас. Буларнинг барчаси – бидъат. На шаъбоннинг 15 кечасини, на ражабнинг 27 кечасини нишонлаш жоиз эмас. Буларнинг барчаси одамлар тўқиб чиқарган бидъатлар сарасидандир. Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам мавлидини нишонлаш ҳам бидъат. На пайғамбар мавлидини, на шаъбоннинг 15 кечасини, на улар «Исро ва Меърож кечаси» деб номлайдиган ражабнинг 27 кечасини нишонлаш жоиз эмас. Буларнинг барчаси – бидъат. На Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, на хулофои рошидийнлар, на уларнинг бошқа саҳобалари, Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин, на аввалги афзал уч асрнинг солиҳ уламолари буларни қилишмаган. Буларнинг барчасини одамлар тўқиб чиқарган. Биз Аллоҳдан омонлик сўраймиз.

Admin   07-16-2011, 11:35 AM
#5
Шаъбон ойининг ўн бешинчи куни рўза тутиш

[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/roza/nafl_roza/nafl_roza_005_shabonning_15_kuni_roza_tutish.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Кўпчилик одамлар шаъбоннинг ўн бешинчи куни рўза тутадилар. Бу суннатда келганми ёки бу бидъатми?
Жавоб: Бунинг асоси йўқ. Ўн бешинчи кунни рўза учун хослашлик – ушбу амалнинг асоси йўқ. Саҳиҳ суннатда бу амалга далолат қилувчи бирор нарса йўқ. Аммо «Айёмул бийз» (ойдин кечалар – яъни ойнинг 13, 14, 15 кунлар)да рўза тутиш барча ойларда мустаҳаб. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айёмул бийзда рўза тутганлар. Шунингдек шаъбон ойида тўлиқ рўза тутганлар ва шаъбон ойининг катта қисмида рўза тутган бўлишлари мумкин. Баъзида у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам шаъбон ойида тўлиқ, баъзида эса катта қисмида рўза тутганлар.


Admin   07-16-2011, 12:15 PM
#6
Шаъбон ойининг 15 кечасида 100 ракат намоз ўқиш


[audio]https://tavhid.com/downloads/fatvolar/bidat/zamonga_xos_bidatlar/zamonga_xos_bidatlar_003_shabonning_15_kechasida_100_rakat_namoz_oqish.mp3[/audio]
Юклаб олиш [mp3]

Савол: Бир китобда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис келтирилади. Унда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган эканлар: «Кимки шаъбоннинг 15 кечаси 100 ракат намоз ўқиса, ҳар бирида (ракатида) Фотиҳа сурасини ва 5 марта Ихлос сурасини ўқиса, Аллоҳ унга 500 000 фариштани юборади. Уларнинг ҳар бирида нурдан бўлган китоб бўлади. Улар намозхоннинг савобини Қиёмат кунигача ёзиб туришади». Китобда намознинг номи кўрсатилмаган. Ҳурматли шайх, у қандай (намоз)? Бу қанчалик тўғри эканини тушунтириб берсангиз. Аллоҳ сизга яхшиликлар ато этсин.
Жавоб: Ушбу ҳадис Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сохталик билан нисбат берилган. Унинг асоси ва саҳиҳлиги йўқ. Шаъбоннинг 15 кечаси намозда қоим бўлиш, ундаги хос дуолар ва ушбу кечада нима ўқиш кераклиги ҳақида айтилган (ҳадисларнинг) барчаси ёлғондир. Буларнинг барчасида ҳеч қандай асос йўқ. Буларнинг барчаси саҳиҳ эмас. Бу сен билишинг керак бўлган қоида бўлсин. Бу ҳадис ҳам худди шундай. Бу ишончли бўлмаган мавзу ҳадис. Биз Аллоҳдан офият сўраймиз.

Муслим   04-14-2020, 12:42 PM
#7
Шаъбон ойи ўртасидаги кунни рўза билан хослаш ҳукми

1) Шаъбон ойи ўртасидаги кунни рўза билан хослаш мумкин эмас. Чунки Набий ﷺ ва саҳобалари бу кунни рўза билан хослашмаган.
2) Шаъбон ўртасида рўза тутиш ҳақида ворид бўлган ҳадис саҳиҳ эмас, балки аллома Албоний айтадики: «Жуда заиф ёки мавзу (тўқима)». Уни барча ҳадис уламолари, тўрт мазҳаб аҳли ва бошқалар заиф дейишди.
3) Кимнинг айёмул бийз кунлари, у ҳам бўлса (ҳижрий ойнинг) 13, 14 ва 15 кунлари, ёки Шаъбоннинг аксар қисмида рўза тутиш одати бўлса, илм аҳлининг наздида Шаъбон ўртасида рўза тутиши мустаҳаб бўлади. Чунки у бу кунни рўза билан хослашни ирода қилмади, балки одатий амалини ирода қилди.
4) Аксар уламолар наздида Шаъбон ўртасидаги тун фазилати ҳақида Набийдан ﷺ келган ҳадис саҳиҳ эмас. Ҳофиз Ибн Ражаб ўзининг «Латоифул Маъориф» (136-бет) китобида бу ҳақида ёзади: «Аллоҳ учун (намозга) қоим бўлиш, ёки зикр, ёки истиғфор, ёки дуо, ёки тиловат, ёки жамланиш ва зикр билан нишонлаш, ёки таом садақа қилиш ва шу каби бундан бошқа ибодатлардан бўлмиш бирор нарса билан (Шаъбон ойи ўртасидаги тунни) хосланмайди».
Бу кунни бундай ишлар билан хослашни Макка ва Мадина аҳли бўлмиш тобеин фуқаҳолар, ҳамда улардан кейин келган бошқалар инкор қилиб, шундай дейишди: «Буларнинг бари бидъатдир».

Шайх Абдулқодир ибн Муҳаммад ал-Жунайд ҳафизаҳуллоҳ
http://t.me/aljounaid77/1239

عُرضت على السيف خمس مرّات، لا يقال لي: ارْجع عن مذهبك، لكن اسكتْ عمن خالفك، فأقول: لا أسكت. أبو إسماعيل الهروي
Беш мартта қилич остига келтирилдим. Менга: «Йўлингдан қайт», дейилмади. Бироқ: «Сенга хилоф бўлганлардан тилингни тий», (дейилди). Мен эса: «Жим бўлмайман», дедим.
Абу Исмоил ал-Ҳарвий
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.