У хотин ўша куннинг рўзасини тўла тутиши керакми?
Савол: Хотин киши рамазон ойининг охирида ҳайз кўрган ёки нифос даврининг охирида бўлган ва бомдод намозидан кейин қон тўхтаганини кўрган бўлса, ўша куннинг рўзасини тўла тутадими ёки йўқми? Агар ғусл қилиб, рўзасини бошлаганидан кейин, бирдан, одат кунлари тугаган бўлишига қарамай ҳайз ёки нифос қони келиб қолса, рўзасини бузадими ёки бу қон рўзасига таъсир қилмайдими?
Жавоб: Аввало, саволнинг биринчи қисмига тўхталайлик: агар аёлнинг ҳайз ёки нифос қони (рамазонда) кундуз куни тўхтаса, у ғусл қилади, намоз ўқийди ва куннинг қолган қисмини рўзадор бўлиб ўтказади. Кейин эса бу куннинг қазосини тутиб беради. Қазосини тутиб бериши фарздир.
Саволнинг иккинчи қисмига келсак: ҳайз қони тўхтагач ғусл қилса ва яна қон келганини кўрса, унга эътибор берилмайди. Умму Атийя разияллоҳу анҳо:
«Биз пок бўлгандан кейинги кулранг ва сариқ (ранг)ларга эътибор бермас эдик» деган. Шунинг учун бунга эътибор берилмайди.
Нифос қони кўраётган аёлга нисбатан эса, агар унинг қони қирқ кундан илгари тўхтаган ва у ғусл қилганидан сўнгра қон кела бошласа, бу қон нифос қони ҳисобланади. У хотин, қон нифос қони келадиган муддат ичида келгани учун, рўза ҳам тутмайди, намоз ҳам ўқимайди
Бироқ, қирқ кун ўтиб, ғусл қилганидан сўнгра қон келиб қолса, унга ҳам эътибор берилмайди. Аммо нифосдан аввалги ҳайз кунларига тўғри келиб қолса, келган қон ҳайз қони бўлади. Хуллас, буни муфассал билиш керак: агар ҳайз кунлари тугаб, ғусл қилганидан сўнгра қон келса унга эътибор берилмайди.
Агар одат кунлари тугамай қон тўхтаб, ғусл қилса ва яна одат кунлари ичида қон кела бошласа, бу қон – ҳайз қони ҳисобланади. Чунки у, одат кунлари ичида келди. Шунингдек, нифос қони кўраётган аёлнинг қони тўхтаса ва қирқ кун ичида такрор кела бошласа, у қон – нифос қонидир. Агар қирқ кун ўтганидан сўнгра кела бошласа ва нифос ёки ҳомиладорликдан аввалги ҳайз кунларига тўғри келмаса, келган қонга эътибор берилмайди.