Шайх Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб роҳимаҳуллоҳ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим
Буюк арш Роббиси, Саҳоватли Аллоҳдан дунё-ю охират ишларингни бошқариб боришини, қаерда бўлмагин сенга Барака ато этишини ва сени берилганда шукр қиладиган, синовга учраганда сабр қиладиган ҳамда гуноҳ қилса истиғфор айтадиганлардан қилишини сўрайман. Чунки ушбу уч (хислат) саодат белгисидир.
Шуни билгилки, Аллоҳ таоло сени Ўзига итоат қилишга йўлласин, тўғри йўлдан оғмаган Иброҳим (алайҳиссалом) миллати: Аллоҳга, динни Ўзи уcун холис қилган ҳолда ибодат қилишингдир. Аллоҳ таоло шундай деди: "Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим". (Зориёт/56). Аллоҳ таоло сени Ўзига ибодат қилишинг учунгина яратганини билиб олган бўлсанг, (шуни ҳам) билгилки, ибодат фақат тавҳид билангина ибодат деб номланади. Ҳудди намоз фақат таҳорат билангина намоз деб номлангани каби. Ибодатга ширк оралайдиган бўлса, у (ибодат) ярамайди. Ҳудди таҳорат бузилгани каби. Демак ширк ибодатга оралайдиган бўлса, уни яроқсиз қилиши ва амал ҳабата бўлиб, ушбу амал соҳиби жаҳаннамда абадий қоладиганлардан (бирига) айланишини билиб олган бўлсанг, шояд Аллоҳ сени ушбу тўрдан халос этар, гарданингдаги энг муҳим нарса: ушбуни, яъни Аллоҳга ширк келтириш (нақадар разил иш) эканини билиб олдинг. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай дейди: "Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарса ёки кимсанинг) шерик қилинишини кечирмайди. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечиради". (Нисо/116). Ушбу (мақсадга) Аллоҳ таоло Ўзининг китобида зикр қилган тўрт қоидани билиш билан (эришилади).
Биринчи қоида: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга қарши жанг олиб борган кофирлар, Аллоҳ таоло Яратувчи, (ишни) Бошқарувчи, деб иқрор бўлардилар ва бу (иқрор бўлишлари) уларни исломга дохил қилолмаганини билишингдир. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: "(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: "Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!" Улар албатта: "Аллоҳ", дейдилар. Бас, сиз айтинг: "Ахир (Ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!" (Юнус/31).
Иккинчи қоида: Улар (кофирлар) айтардиларки: биз уларга (бут ва санамларга) фақатгина (Аллоҳга бироз бўлса ҳам) қурбат (ҳосил қилармикинмиз) ва (Аллоҳни ҳузурида бизни) шафоат (қилармикинлар), деб дуо қилиб, юзланамиз. (Кофирларнинг бут ва санамларга Аллоҳга) қурбат (ҳосил қилиш учун ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "У Зотдан ўзга "дўстлар"ни ("худо") қилиб олган кимсалар: "Биз (ўша "худо"ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз", (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ (қиёмат кунида) улар ихтилоф қилаётган нарсалар хусусида уларнинг ўртасида ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас". (Зумар/3).
(Кофирлар бут ва санамларга, улар бизни Аллоҳнинг ҳузурида) шафоат (қиладилар, деб ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: "Ана шу (бизлар сиғинаётган) нарсалар Аллоҳ ҳузурида бизларнинг қўлловчиларимиз бўлади", дейдилар". (Юнус/18). Шафоат икки турлидир: салбий-номақбул ва ижобий-мақбул.
Салбий-номақбул шафоат, фақатгина Аллоҳ қодир бўладиган ишлар борасида Аллоҳдан ўзгасидан сўраладиган шафоатдир. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: "Эй мўминлар, на олди-сотди, на ошна-оғайнигарчилик ва на шафоат-қўллов бўлмайдиган кун келишидан илгари сизларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ-эҳсон қилинглар! Кофир бўлган кимсаларгина зулм қилгувчилардир". (Бақара/254).
Ижобий-мақбул шафоат эса Аллоҳдан сўраладиган шафоатдир. Шафоат қилувчи шафоат (неъмати) ила иззат-икром қилингандир (мукаррамдир). Шафоат қилинадиган киши эса Аллоҳ таоло (шафоат қилинишига) изн бергач сўзи ва амалидан рози бўлган кишидир. Аллоҳ таоло шундай деди: "Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг изнисиз шафоат қилолмайди". (Бақара/255).
Учинчи қоида: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам турли нарсаларга ибодат қиладиган кимсалар рўбарўсига чиқдилар. Уларни ичида пайғамбар ва солиҳ кишиларга, тошу дарахтларга ҳамда қуёш ва ойга ибодат қиладиганлар бор эди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг орасини ажратиб ўтирмай, (барчаларига) қарши жанг қилдилар. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "То фитна тугаб, (бутун) дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз!". (Бақара/193).
Қуёш ва ойга (ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "Кеча ва кундуз, қуёш ва ой Унинг (танҳолиги ва қудратига далолат қиладигат) оят-аломатларидандир. Агар сизлар (Аллоҳга) ибодат қилгувчи бўлсанглар, қуёшга ҳам, ойга ҳам сажда қилманглар, (балки) уларни(нг барчасини) яратган Зотга – Аллоҳга сажда қилинглар!". (Фуссилат/37).
Фаришталарга (ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "У (пайғамбар) сизларни фаришталар ва (бошқа) пайғамбарларни худо қилиб олишингизга буюриши ҳам жоиз эмас". (Оли Имрон/80).
Пайғамбарларга (ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ: "Эй Ийсо бинни Марям, сен одамларга: "Аллоҳни қўйиб, мени ва онамни худо қилиб олинглар", деб айтдингми?", деганида, (Ийсо) айтди: "Эй пок Парвардигор, ҳаққим бўлмаган нарсани айтиш мен учун дуруст эмас-ку. Агар айтган бўлганимда Сен албатта билар эдинг. Зотан, Сен дилимдаги бор нарсани билурсан. Аммо мен Сенинг Зотингдаги ҳеч нарсани билмасман. Фақат Сен Ўзинг ғайб илмларининг Билгувчисисан". (Моида/116).
Солиҳ кишиларга (ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар. У Зотнинг раҳмат-марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар". (Ал-Исро/57).
Тош ва дарахтларга (ибодат қилишганига) далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: "(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) – "Лот", "Уззо", ва яна учинчилари бўлмиш тубан "Манот" ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?!". (Нажм/19-20).
Абу Воқид Ал-лайсий розияллоҳу анҳу шундай дедилар: "Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Ҳунайнга (жой номи) чиқдик. Биз эндигина исломга кирганлар эдик. Мушриклар, атрофида йиғилиб ўтирадиган ва унга қуролларини илиб қўядиган бир дарахт бўлиб, у "Зоти Анвот", дейиларди. Ўша дарахтнинг олдидан ўтиб айтдикки: Эй Росулуллоҳ, бизга ҳам уларни "Зоти Анвоти" бўлгани каби бир "Зоти Анвот" қилиб беринг…".
Тўртинчи қоида: Замонамиз мушрикларининг ширки аввалгиларникидан қўполроқ-тубанроқдир. Чунки аввалгилар роҳат-фароғат вақтида ширк келтиришар, оғир дамларда эса ихлос қилишарди. Замонамиз мушриклари эса доимий ширкда, ҳам роҳат-фароғатда ва ҳам оғир-қийин дамларда. Далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: "Қачон улар кемага минсалар, (ғарқ бўлишдан қўрқиб) Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган ҳолларида (яъни, чин ихлос билан) дуо-илтижо қилурлар. Энди қачонки (Аллоҳ) уларга нажот бериб қуруқликка (чиқаргач), баногоҳ улар (Аллоҳга) ширк келтирурлар!". (Анкабут/65).