Араблар
- Диёрлари ва қавмлари
- Ҳукумат ва иқтисодлари
- Диний ва ижтимоий ҳаётлари
Араб диёрлари ва қавмлари
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратлари – ҳаёт йўллари моҳият эътибори билан рисолат тарихидан иборатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу рисолатни инсонларга етказдилар ва уларни ана шу рисолат орқали зулматлардан нурга, бандаларга қул бўлишдан Аллоҳга қуллик қилишга олиб чиқдилар.
Бинобарин, рисолатнинг комил суратини тўлиқ чизиб кўрсатмоқ учун рисолатдан аввалги ва ундан кейинги ҳолатлар қиёслаб кўрилмоғи лозим. Шунинг учун даставвал арабларнинг қавмлари ва уларнинг исломдан олдинги ҳолатлари хусусида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолат нурини олиб келганларида арабларнинг қай аҳволда эканлиги хусусида сўз юритамиз.
Араб диёрлари
«Араб» калимасининг луғавий маъноси саҳролар, чўллар, гиёҳ унмайдиган, сувсиз ерлар демакдир. Худди шу ном қадим-қадимдан Араб жазираси - Арабистон ярим оролининг номи бўлиб келган. Арабистон ярим оролини ватан тутиб, шу ерда ҳаёт кечирган қавмга ҳам юқоридаги ном берилган.
Арабистон ярим ороли ғарбдан Қизил денгиз ва Сайно ярим ороли билан, шарқдан Араб кўрфази ва жанубий Ироқ ерларининг катта қисми билан, жанубдан Ҳинд денгизигача чўзилган Араб денгизи билан, шимолдан Шом ерлари ва Ироқнинг бир қисми билан чегараланган. Унинг майдони миллион мил квадратдан бир миллион уч юз минг мил квадратгача деб тахмин қилинади.
Ярим орол ўзининг табиий ва жўғрофий ўрни билан етук аҳамиятга эга. Оролнинг ичкарисига назар ташласангиз, у тўрт томондан саҳролар ва қумликлар билан қуршалган. Ана шундай табиий тўсиқлар туфайли у мустаҳкам қўрғонга айланган ва бегоналарнинг босқинчиликларидан омонликда бўлган. Шунинг учун ярим орол аҳолиси қадим-қадимдан ўзининг барча ишларида эркин бўлган. Ҳолбуки, улар икки улкан империяга қўшни яшашган. Юқорида тилга олинган табиий тўсиқлар бўлмаганида араблар бу икки империянинг ҳужумларига дош беролмасдилар.
Ташқи эътибор билан эса Арабистон ярим ороли қадимги дунёнинг маълум ва машҳур қитъалари ўртасида жойлашган ҳамда улар билан қуруқлик ва сув йўллари орқали боғланган. Ярим оролнинг шимолий ғарбий томони кўҳна Африка дарвозалари билан туташади. Шимолий шарқий томони Европа қитъасининг калити бўлса, шарқий томони Ажам – Ўрта Осиё, Жанубий Осиё ва Узоқ Шарқ дарвозаларини тақиллатади. Шунингдек, барча қитъалар ярим орол билан денгиз йўли орқали туташади. Турли давлатларнинг кемалари ярим орол бандаргоҳларида лангар ташлайди.
Ана шундай жўғрофий қулайлик боис унинг шимолий ва жанубий қисми кўп миллатлар келиб қўнадиган манзил, тижорат, маданият, илм-фан ва динлар учрашадиган ўзига хос бир марказ эди.
Араб қавмлари
Муаррихлар арабларни келиб чиқиш сулолаларига кўра уч қисмга бўлганлар:
Биринчи: Боида (йўқ бўлиб кетган) араблар. Улар батамом йўқ бўлиб кетган ва тарихлари ҳақида етарли даражада маълумотлар топиш имконсиз бўлган Од, Самуд, Тасм, Жадис, Имлоқ, Умайм, Журҳум, Ҳадур, Вабор, Абил, Жосим, Ҳазрамавт ва бошқа қадимги араб қавмларидир.
Иккинчи: Ориба (соф) араблар. Улар Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтоннинг авлодлари саналади ва Қаҳтонийлар деб аталади.
Учинчи: Мустаъраба (араблашган) араблар. Исмоил авлоди саналадиган бу араблар Аднонийлар деб аталади.
Ориба араблари ёки Қаҳтон шаъбининг асл ватани Яман ерлари ҳисобланади. Улар Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтондан тарқалган ва ўндан ортиқ қабилаларга бўлинган бўлиб, улардан асосан иккитаси – Ҳимяр ибн Сабаъ ва Каҳлон ибн Сабаъ қабилалари машҳур. Сабаънинг қолган уруғларига — ўн битта ёки ўн тўртта уруғ — “Сабаийлар” дейилади, уларнинг Сабаъдан кейин қабилалари йўқ.
а) Ҳимярнинг машҳур уруғлари:
1- Қудоъа (قضاعة) уруғи: ундан Баҳроъ, Балий, Қайн, Калб, Узра ва Вабаралар тарқалган.
2- ас-Сака-а-сик (السكاسك) уруғи: улар Зайд ибн Воила ибн Ҳимярнинг авлоди бўлиб, “Сака-а-сик” Зайднинг лақабидир. У Каҳлон авлодларида келадиган Кинда Сака-а-сикидан бошқадир.
3- Зайдул Жумҳур уруғи: ундан кичик Ҳимяр, кичик Сабаъ, Ҳадур, Зу-Асбаҳлар тарқалган.
б) Каҳлоннинг машҳур уруғлари:
Ҳамдон, Алҳон, Ашъар, Той, Мазҳиж (Мазҳиждан: Анс (عنس) ва Нахъ), Лахм (Лахмдан: Кинда, Киндадан: Бану Муовия, Сакун, Сака-а-сик), Жузом, Омила (عاملة), Хавлон, Маъофир, Анмор (Анмордан: Хасъам ва Бажила, Бажиладан : Аҳмас), Азд (Азддан: Авс, Хазраж, Хузоа ва Оли Ғассон номи билан машҳур Шом подшоҳлари бўлмиш Жафна авлоди).
Каҳлон Уруғи Яман ерларини ташлаб чиқиб Арабистон ярим оролининг турли томонларига тарқалиб кетди. Уларнинг улкан кўчишлари Арим селидан бироз олдин содир бўлган. Ўшанда Румликларнинг сиқуви ва денгиз савдо йўлига эгалик қилишлари, Миср ва Шомни босиб олганларидан сўнг қуруқлик йўлини ҳам йўққа чиқаришлари Каҳлон Уруғининг тижоратига катта зарар бўлиб тушган эди.
Баъзи муаррихлар уларнинг кўчишини ўша сел уларнинг экин-тикин ва мол-ҳолларни ҳалок қилиб, тижоратлари катта зарар кўрганидан ва тирикчилик воситаларидан маҳрум бўлганларидан сўнг бўлганини айтадилар. Қуръон оятлари сиёқи ҳам буни қувватлайди. («Сабаъ»-15-19 оятлар).
Каҳлон ва Ҳимяр уруғлари ўртасидаги кураш Каҳлоннинг кўчишига сабаб бўлган, деган фикр ҳам тўғри бўлиши мумкин. Каҳлон кўчганидан кейин ҳам Ҳимярнинг ўз жойида қолавергани бу фикрни қувватлайди.