Admin   10-29-2009, 10:53 PM
#1
Куфр – таърифи ва турлари


а) Куфрнинг таърифи:
Куфрнинг луғавий маъноси «ўраш» ва «яшириш»дир, шаръий истилоҳда эса иймоннинг зиддини англатади. Зеро, куфр – у билан бирга ёлғон санаш, шак-шубҳа ё бош тортиш ё ҳасад ё кибр ё рисолатга эргашишдан тўсувчи айрим хоҳиш-истакларга эргашиш бўлсин ёки бўлмасин – Аллоҳга ва пайғамбарларига иймон келтирмасликдир. Гарчи рисолатни ёлғон сановчининг куфри каттароқ бўлса ҳам, пайғамбарларнинг ҳақлигига ишончи бўла туриб ҳасад билан инкор қилувчи ва ёлғон сановчи ҳам куфрда ундан кам эмас (Ибн Таймия: «Мажмуъул фатово» (12 - 335)).

б) Турлари: Куфр икки хил:
Биринчи: Диндан чиқарадиган катта куфр. У беш қисмдир:
1-қисм: Ёлғон санаш куфри.
Бунга далил – Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи:
«Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Ҳақ – Қуръон келган чоғида уни ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Бундай кофир кимсаларнинг жойи Жаҳаннамдадир!» (Анкабут: 68).

2-қисм: Тасдиқлаш билан бирга бўйин товлаш ва кибрланиш куфри. Бунга далил:
«Эсланг, (эй Муҳаммад), Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат Иблис кибр ва ор қилиб — кофирлардан бўлди» (Бақара: 34).

3-қисм: Шак-шубҳа куфри – у гумон куфридир. Унинг далили:
«(Кофирлик билан) ўзига зулм қилган ҳолда, боғига кирар экан, айтди: «Бу (боғ — менинг молу давлатим) ҳеч қачон йўқ бўлмайди. Қиёмат ҳам қойим бўлмайди, деб гумон қиламан. Қасамки, агар Парвардигоримга қайтарилсам, (яъни, Қиёмат қойим бўлиб, қайта тирилсам) албатта бундан ҳам яхшироқ оқибат - бахтни топурман». Биродари унга хитоб қилиб, деди: «Сен ўзингни (асли-наслинг бўлмиш Одамни) тупроқдан сўнг нутфа — бир томчи сувдан яратиб, сўнгра (уни) инсон қилиб ростлаган зот - Аллоҳга кофир бўлдингми?! Мен эса: «У – Аллоҳ Парвардигоримдир», (дейман) ва Парвардигоримга ҳеч кимни шерик қилмайман» (Каҳф: 35-38).

4-қисм: Юз ўгириш куфри. Бунга далил:
«Кофир бўлган кимсалар эса ўзлари огоҳлантирилган нарсадан (яъни охиратдаги азобдан) юз ўгирувчидирлар» (Аҳқоф: 3).

5-қисм: Нифоқ куфри. Унинг далили:
«Бунга сабаб уларнинг (тилларида) иймон келтириб, сўнгра (дилларида) кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар (иймоннинг ҳақиқатини) англай олмаслар!» (Мунофиқун: 3).

Иккинчи: Диндан чиқармайдиган кичик куфр. У амалий куфр бўлиб Китобу Суннатда куфр деб номланган гуноҳларни ўз ичига олади. Улар катта куфр даражасига етмайди. Аллоҳ таолонинг қуйида зикр қилинадиган сўзларидаги “куфр” куфрони неъмат маъносидадир:
«Аллоҳ бир шаҳарни мисол келтирур: у тинч, сокин (шаҳар) эди, ҳар томондан ризқу рўзи бекаму кўст келиб турар эди. Бас, (қачонки) у (яъни, унинг аҳолиси) Аллоҳнинг неъматига ношукрлик қилгач, Аллоҳ у (шаҳар аҳолисига) бу «ҳунарлари» (куфру исёнлари) сабабли очарчилик ва нотинчлик балосини тотдириб қўйди» (Наҳл: 112).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Мусулмонни сўкиш фисқ, у билан жанг қилиш куфрдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари), «Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнингизга қилич урадиган кофир бўлиб кетманглар» (Бухорий ва Муслим ривоятлари) деган ҳадисларида ишлатилган “куфр” ва “кофир” сўзлари Исломдан чиқармайдиган кичик куфрдир.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ким Аллоҳдан бошқаси билан қасам ичса кофир ёки мушрик бўлибди» (Термизий ривояти) деган сўзларидаги Аллоҳдан бошқа билан қасам ичган одамнинг куфри ҳам кичик куфр.
Аллоҳ таоло гуноҳи кабира соҳибини мўмин деб атади:
«Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди» (Бақара: 178), қотилни иймонлилар сафидан чиқариб ташламади, уни қасос эгаси учун биродар деб атади:
«Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйсуниш ва чиройли суратда товон тўлаш лозимдир» (Бақара: 178).
Аллоҳ таоло деди:
«Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Энди агар улардан бирови иккинчисининг устига тажовуз қилса, бас то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушинглар! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан ўнглаб қўйинглар. (Мудом) адолат қилинглар! Зеро Аллоҳ адолат қилувчиларни суюр. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир. Бас, сизлар икки оға-инингизнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар! Аллоҳдан қўрқинглар — шояд У зот томонидан бўладиган раҳматга эришсангизлар» (Ҳужурот: 9, 10) .

Катта куфр билан кичик куфр ўртасидаги фарқлар хулосаси:
1) Катта куфр диндан чиқаради ва қилинган яхши амалларни бекорга чиқаради. Кичик куфр диндан чиқармайди ва қилинган яхши амалларни бекорга чиқармайди, бироқ даражасига қараб уларни нуқсонли қилади ва соҳибини азобга дучор этиши мумкин.
2) Катта куфр эгаси дўзахда абадий қолади. Кичик куфр эгаси дўзахга кирса, унда абадий қолмайди, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилиши ва умуман дўзахга киритмаслиги ҳам мумкин.
3) Катта куфр қон ва молни ҳалол қилади. Кичик куфр қон ва молни ҳалол қилмайди.
4) Мўминлар катта куфрдаги одамни ўзларининг ашаддий душманлари деб билишлари лозим. Уни яхши кўриш, у билан дўстлашиш – энг яқин қариндошлари бўлса ҳам – мўминлар учун дуруст эмас. Кичик куфр дўстликни мутлақо ман қилмайди, унинг эгасини иймони миқдорига қараб яхши кўрилади, маъсияти миқдорига қараб ёмон кўрилади.

Admin   11-13-2009, 07:04 AM
#2
Куфр ва ширк ўртасидаги фарқ

Савол: Риёздан синглимиз Н.С.А. ўз саволида шундай дейди: куфр ва ширк ўртасидаги фарқ нима? Бизга фатво бериш билан ажрга сазовор бўлинг!
Жавоб: Куфр ҳақни инкор қилиш ва уни яширишдир. Намоз, закот, Рамазон рўзаси, қодир бўла туриб ҳаж қилишлик ёки ота-онага яхшилик қилишни вожиб эканини инкор қилган кимса каби. Ва зино, маст қилувчи ичимлик ичиш, ота-онага оқ бўлиш ёки шунга ўхшашларнинг ҳаром эканини инкор қилган кимса каби. Ширкка келсак, у баъзи ибодатларни Аллоҳдан ўзгасига сарф этишликдир. Ўлик, ғойиб, жин, санам ёки юлдуз ва шунга ўхшашлардан ўтиниб мадад сўрайдиган кимса каби. Ёки уларга жонлиқ сўядиган ёҳуд назр атайдиган кимса каби. Кофир ҳақида у мушрикдир ва мушрик ҳақида у кофирдир деб айтилади. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «ҳақ» илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117). Субҳанаҳу шундай деди: ««Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72). Жалла ва аъла Фотир сурасида деди: «Ана шу Аллоҳ сизларнинг Роббингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13-14). У Зот Аллоҳдан ўзгасига қилган дуоларини ушбу сурада ширк деб, Мўминун сурасида эса куфр деб атади.
Субҳанаҳу Тавба сурасида шундай деди: «Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хоҳламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди. У (Аллоҳ) Ўз росулини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хоҳламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 32-33). У Зот Унга кофир бўлганларни кофир ва мушриклар деб номлади. Бу эса кофир мушрик деб, мушрик эса кофир деб аталишига далолат қилади. Бу борада оят ва ҳадислар кўпдир. Ана шулардан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Киши билан ширк ва куфр ораси намозни тарк этишликдир» (Муслим (117)). Муслим ўз саҳиҳларида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар. Ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Улар билан бизнинг ўртамиздаги аҳд намоздир. Бас, кимда-ким уни тарк этса, дарҳақиқат, куфр келтирибди» (Имом Аҳмад (21859), Термизий (2545), Насоий (459)). Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можжа саҳиҳ иснод ила Бурайда ибн Ҳусойб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Admin   11-21-2010, 11:42 AM
#3
Гуноҳларни қилиш очиқ куфр эмасдир

Савол: Айрим одамлар: «Ўсим (судхўрлик)га асосланган банк ҳисоботлари ва пойдевори – очиқ куфрдан ҳисобланади» – демоқдалар. Бизга буни тушунтириб берсангиз. Аллоҳ устингиздан яхшиликлар ёғдирсин.

Жавоб: Бу, очиқ куфрдан ҳисобланмайди. Очиқ куфр – ҳалол деб ҳисоблашдир. Динда фарз (бўлган нарсани инкор этиш) ёки ҳаром эканига далолат қилган нарсани ҳалол деб ҳисоблаш – очиқ куфрдир. Бироқ, гуноҳларни қилиш очиқ куфр ҳисобланмайди. Хавориж ва мўътазилалар мазҳабигина «Гуноҳларни қилиш – очиқ куфрдандир» – деб ҳисоблайди.
Аҳли суннат гуноҳларни қилишни очиқ куфрдан деб ҳисобламайди. Очиқ куфр – ҳеч шубҳаси бўлмаган аниқ нарсадир. Бу мавзуда очиқлик қаерда? Биров зино қилса: «Бу аниқ кофир бўлди!», бошқаси ўсим билан муомала қилса: «Бу – аниқ куфрдир» – десангиз. Ахир, бу – очиқ куфр эмас-ку! Бироқ, биров: «Мен зино қилдим ва зино қилиш ҳалолдир» деса, унга насслар тушунтирилса ва шундан кейин ҳам: «Йўқ, зино – ҳалолдир!» деса, бу – очиқ-аниқ куфрдир.
Ёки биров Аллоҳни ҳақорат қилса ёхуд Аллоҳни, Аллоҳнинг китоблари, пайғамбари ёки динини масхара қилса, бу – очиқ куфрдир.
Бироқ, гуноҳ ишни қилган одамнинг ишини очиқ куфр деб аташ, очиқ куфрни нотўғри изоҳлаш учун зўрлашдир. Бундай қилиш эса яхши эмасдир.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.