Pages (5): 1 2 3 4 5   
Меҳмон   10-13-2009, 04:03 PM
#1
Ҳайз ва унинг ҳикмати

Ҳайз луғатда «оқиш» ва «қуйилиш» маъносида бўлиб, шаръий истилоҳда маълум вақтларда, бирон сабабсиз, аёл кишидан табиати тақозосига кўра келадиган қонга айтилади.
У табиий қон бўлиб, унинг касаллик, жароҳат, бола туғиш ё ташлаш каби сабаблари бўлмайди. Табиий қон бўлгани учун ҳам у ҳар бир аёлнинг ҳолати, шароити ва муҳитига қараб турлича бўлади ҳамда аёллар бу борада ўзаро аниқ тафовут билан фарқланадилар.
Ҳайздаги ҳикмат шуки, она қорнида вужудга келувчи ҳомила ташқи оламдагилар озиқланадиган йўл билан озиқлана олмайди, энг меҳрибон кишиси ҳам унга бирон озуқа етка-зиб бера олмайди. Шу боис Аллоҳ таоло аёл кишида қон ажралмаларини қилдики, у билан ҳомила онанинг қорнида ейиш-ичиш ва ҳазм қилишга эҳтиёж сезмаган ҳолда озиқланади, киндик йўли орқали қон ҳомиланинг томирларига сизиб киради ва у шу билан озиқланади. Энг гўзал яратувчи (яъни йўқдан бор қилувчи бўлмиш) Аллоҳ нақадар буюкдир!
Ҳайзнинг ҳикмати шу бўлиб, шунинг учун аёл киши ҳомиладор бўлганида ҳайз келиши тўхтайди, фақат нодир ҳолатларгина бундан мустасно. Шунингдек, эмизикли аёлларнинг ҳайз кўрадигани кам бўлади. Хусусан эмизиш даврининг бошларида ҳайз кўрмайди.
Ҳайз кўриш даври ва унинг муддати

Бу бўлимда икки нарса ҳақида сўз боради.
Биринчи: Ҳайз кўриш бошланадиган ёш. У кўпроқ 12-15 ёш орасида бўлади. Аммо аёл ўзининг ҳолати, шароити, муҳитига қараб бу ёшдан аввал ҳам ёки кейин ҳам ҳайз кўриши мумкин.
Уламолар раҳимаҳумуллоҳ аёлнинг ҳайзи келадиган муайян ёш борми ва ундан олдин ва кейин келадиган қонни ҳайз эмас, фосид қон деб белгилайдиган ҳад борми, деган масалада их-тилоф қилганлар.
Доримий бу ихтилофларни санаб ўтгандан сўнг шундай дейди: «Менимча, буларнинг ҳаммаси хато. Чунки буларнинг ҳаммаси қоннинг келишига боғлиқ. У қайси ҳолат ва қайси ёшда ке-лишидан қатъий назар уни ҳайз дейиш лозим. Валлоҳу аълам».
Доримий айтган мана шу гап тўғри. Шайхулислом Ибн Таймия ҳам шу фикрни танлаган. Аёл қачон ҳайз кўрса - гарчи 9 ёшга етмаган ёки 50 ёшдан ўтган бўлса ҳам - у ҳайз кўрган ҳисоб қилинаверади. Бунинг сабаби шуки, ҳайз ҳукмларини Аллоҳ ва Расули вужудга келишга боғлиқ қилдилар ва бунинг учун муайян ёшни белгилаб бермадилар. Демак, бу масалада ҳукмлар унга боғлиқ бўлган мавжудликка қайтиш вожиб. Муайян ёшга чеклаш Китоб ёки Суннатдан далил келтиришга эҳтиёж сезади, ҳолбуки улардан далил йўқ.
Иккинчи: Ҳайзнинг муддати, яъни неча кунлиги ҳақида.
Бу масалада ҳам олимлар 6 ёки 7 та ихтилофи сўз айтганлар.
Ибнул Мунзир айтади: «Ҳайзнинг энг ками ёки энг кўпи учун кунлар белгиланмайди».
Бу сўз ҳам Доримийнинг юқоридаги сўзига ўхшайди ва шайхулислом Ибн Таймиянинг их-тиёри ҳам шудир.
Бу тўғри, чунки бунга Қуръон, Суннат ва қиёс ҳужжат бўлади.
Биринчи ҳужжат: Аллоҳ таолонинг сўзи:
«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пай-тида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 222).
Аллоҳ таоло таъқиқнинг ниҳоясини покликка боғлади, уни бир кеча-кундуз, 3 кун ёки 15 кун қилмади. Ҳукмни ҳайзнинг бор ёки йўқлигига боғлаб қўйди. Демак, қачон ҳайз мавжуд бўлса ҳукм собит ва қачон ундан пок бўлса унинг ҳукмлари зойилдир.
Иккинчи ҳужжат: Имом Муслимнинг «Саҳиҳ»ида собит бўлган ҳадис: Оиша розияллоҳу анҳо умрада эканида ҳайз кўриб қолганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Ҳожилар қилаётган амалларни сиз ҳам қилаверинг, фақат то пок бўлгунингизга қадар Байтуллоҳни тавоф қилмай туринг» дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо айтади: «Қурбонлик ку-ни бўлганда пок бўлдим».
«Саҳиҳ Бухорий»да келтирилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: «Кутиб туринг, агар пок бўлсангиз Танъимга (яъни эҳромга кириладиган ўрин, Макка ҳарамининг ташқарисига) чиқинг» дедилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам монеълик ниҳоясини по-кликка боғладилар ва ниҳояни муайян вақтга белгиламадилар. Бу эса ҳукмнинг ҳайзни бор-йўқлигига тааллуқли бўлаётганига ҳужжат бўлади.
Учинчи ҳужжат: Бу масала хусусида сўз юритган фақиҳлар айтган тафсилот ва ўлчовлар на Аллоҳ таолонинг китоби ва на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатида уни ба-ён қилишга қаттиқ эҳтиёж бўлишига қарамасдан мавжуд эмас. Агарда уларни тушуниш ва уларга амал қилиш бандаларга вожиб бўлганда эди, ҳайзга тааллуқи бор бўлган намоз, рўза, никоҳ, талоқ, мерос каби ҳукмлар ғоят муҳим бўлгани учун Аллоҳ ва Расули ушбуларнинг таф-силотларини икир-чикиригача ҳар бир кишига тушунарли ва аниқ-равшан қилиб берган бўлар эди. Худди Аллоҳ ва расули намозларнинг сони, вақтлари, рукуъ ва сужудларини баён қилгандек, закотни: моллари, нисоблари миқдори, кимларга берилишини, рўзани: унинг муд-дати ва вақтини баён қилганидек, ҳаж ва ундан бошқа амалларни, ҳатто ейиш-ичиш, ухлаш, жимоъ, мажлис, уйга кириш-чиқиш, қазои ҳожат одоблари ва ҳаттоки ҳожатда нечта кесак билан покланишгача, хуллас у билан бандалари учун неъматини тўла ва динини комил қилиб берган нарсалари жумласидан бўлган ишларнинг каттаю кичигини баён қилиб берганидек ба-ён қилиб берган бўлар эди. Аллоҳ таоло айтганидек:
«Сизга — ҳамма нарсани баён қилиб берувчи, ҳидоят, раҳмат ва мусулмонлар учун хушхабар бўлган Китобни — Қуръонни нозил қилдик» (Нахл: 89).
«(Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки ўзидан аввалги нарсаларни (яъни самовий китобларни) тасдиқ этувчи, унга иймон келтирадиган қавм учун барча нарса-ларни муфассал баён қилиб берувчи ҳидоят ва раҳмат (бўлган бир Китобдир)» (Юсуф: 111).
Демак, Аллоҳ таолонинг Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Сун-натларида фуқаҳолар келтирган тафсилот ва ўлчовлар йўқ экан, ҳайз масаласида уларга суя-нилмайди, балки шаръий ҳукмлар унинг бор-йўқлигига боғлиқ қилиб қўйилган «ҳайз» атама-синиг ўзига суянилади.
Бу далил, яъни Китобу Суннатда ҳукмнинг айтилмаганлиги унинг эътибори йўқ эканига далилдир. Ушбу далилни билиш сизга бу ва бундан бошқа масалаларда фойда беради. Чунки шаръий ҳукмлар фақат Аллоҳнинг Китоби ёки Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сун-натлари ёки маълум ижмоъ ёки саҳиҳ қиёсдан келтирилган далил билангина собит бўлади. Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг бир қоидасида айтган: «Шунингдек, «ҳайз» атамасига Аллоҳ таоло Китобу Суннатда бир қанча ҳукмларни боғлади ва унинг ози ёки кўпи ва икки ҳайз орасидаги покликни муайян муддатга чекламади. Ҳолбуки умматнинг бунга қаттиқ эҳтиёжи бор эди. Луғат оз ёки кўп миқдор ўртасини (унисини у хил бунисини бу хил ном ила номлаш билан) фарқламайди, бас, кимки уни маълум миқдорга чекласа, Китоб ва Суннатга зид иш тутибди».
Тўртинчи ҳужжат: Саҳиҳ қиёс. Яъни, Аллоҳ таоло ҳайзнинг кўнгилсиз-нопок эканини ил-лат-сабаб қилиб кўрсатди. Демак, қачон ҳайз мавжуд бўлса, нопоклик ҳам мавжуд ва унинг биринчи куни билан ўнинчи куни орасида ёки бешинчи куни билан ўн еттинчи куни орасида фарқ йўқ. Ҳайзми ҳайз, нопокликми нопоклик.
Иллат ҳар иккала кунда ҳам баб-баробар мавжуд. Шундай экан, иллатда баробар бўлган икки кун ўртасини ҳукмда ажратиш қандай тўғри бўлсин?! Бу саҳиҳ қиёсга хилоф эмасми?! Бу икки кунни иллатда баробар бўлгани учун ҳукмда ҳам баробар қилиш саҳиҳ қиёс бўлмайдими?!
Бешинчи ҳужжат: Муддатни чекловчиларнинг сўзлари турлича ва беқарор экани. Бу эса ушбу масалада унга суяниладиган ҳужжатнинг йўқлигига далолат қилади. Булар тўғри ҳам, хато ҳам бўлиши мумкин бўлган ижтиҳодий ҳукмлар бўлиб, улардан бири бошқасидан кўра эргашишга лойиқроқ эмас. Ихтилоф пайтида фақат Қуръон ва Суннатга қайтиш лозим бўлади.
Ҳайзнинг кўп ё озига чеклов йўқ деган сўзнинг кучли ва рожиҳ сўз экани маълум бўлди. Шундай экан, аёл жароҳат ёки бошқа бирон сабабсиз табиий қон кўрса, бу унинг ёшидан ва қон кўрган кунлари сонидан қатъий назар ҳайз қонидир. Агар қон аёлда тўхтовсиз ва давомий бўлса ёки тўхтаганда ҳам бир ой давомида бир-икки кунгина тўхтайдиган бўлса, у истиҳоза бўлади. Иншоаллоҳ, истиҳозанинг баёни ва ҳукмлари ҳақида ҳам маълумот берилади.
Шайхулислом Ибн Таймия айтади: «Асл-асос шуки, бачадондан келадиган қон то унинг истиҳоза эканига аниқлик кирмагунича ҳайз деб ҳисоб қилинади».
Яна айтади: «Қон келар экан, агар унинг томир ёки жароҳат қони экани билинмаса, у ҳайздир».
Бу сўз ҳужжат томонидан олиб қараганда кучли сўздир. Шунингдек у чекловчилар айтган сўзга нисбатан фаҳм-идрокка яқинроқ, амал ва татбиққа ҳам қулайроқ. Шундай бўлгач, бу Ис-лом дини руҳига ва унинг енгиллик ва қулайликка қурилган қоидасига мувофиқ бўлгани учун ҳам қабул қилишга лойиқроқ. Аллоҳ таоло айтади:
«Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ха-раж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта, дин енгилдир. Кимда-ким уни (ўзи учун) оғирлаштирса, дин уни албатта мағлуб қилгай. Шундай экан, (амалда) ўртача бўлинглар, (имкон қадар мукаммалликка) яқинлашинглар, (ажр-савоблар билан) хушнуд бўлинглар» (Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари шундай эдики, у кишига икки иш-дан бирини танлаш керак бўлса, модомики унда гуноҳ бўлмаса енгилроғини танлардилар.
Ҳомиладорнинг ҳайзи

Аёл киши ҳомиладор бўлгач, аксарият ҳолларда ҳайзи тўхтайди. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аёллар ҳомиладорликни ҳайз тўхтаганидан биладилар».
Агар аёл кўз ёришидан бир оз, яъни 2 ёки 3 кун илгари қон кўрса ва оғриқ ҳам бўлса, у ни-фосдир. Агар кўз ёришидан анча илгари бўлса ёки кўз ёришига яқин бўлса-ю, оғриқ бўлмаса, у нифос эмас. Энди бу ҳолат ҳайз ҳукмлари татбиқ қилинадиган ҳайзми ёки ҳайз ҳукмлари татбиқ қилинмайдиган бошқа қонми? Бунда ҳам аҳли илм орасида ихтилоф бор. Тўғриси шу-ки, агар қон аёлнинг одатий ҳайзида бўладиган сифатда бўлса, у ҳайздир. Бунга асос - унинг ҳайз бўлишига монеъ бўладиган сабабнинг йўқлигидир. Китоб ва Суннатда ҳомиладорнинг ҳайз кўриши мумкин эмаслиги айтилмаган.
Имом Молик ва Шофеъийнинг мазҳабида ҳам шундай. Шайхулислом Ибн Таймияниг их-тиёри ҳам шу.
Байҳақий Аҳмаддан ривоят қилиб, унинг шу фикрга қайтганини айтган.
Шунга биноан ҳомиладорнинг ҳайзи ҳомиладор эмаснинг ҳайзидек кўрилади, фақат икки-та масалада фарқли бўлади:
Биринчиси: Талоқ масаласида.
Ҳомиласиз аёлни ҳайз ҳолатида талоқ қилиш ҳаром, ҳомиладорни ҳайз ҳолатида талоқ қилиш ҳаром бўлмайди. Чунки ҳомиласи йўқ аёлни ҳайзлигида талоқ қилиш Аллоҳ таоло-нинг қуйидаги қавлига зид:
«Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сананглар» (Талоқ: 1).
Аммо ҳомиладорни ҳайз ҳолида талоқ қилиш бу оятга зид эмас. Чунки ким ҳомиладорни талоқ қилса иддаси билан талоқ қилган бўлади. Ҳайзми, покми, фарқсиз, иддаси унинг ҳомиласига боғлиқ. Шунинг учун ҳомиладорни жимоъдан кейин талоқ қилиш ҳам ҳаром бўлмайди.
Иккинчиси: Ҳомиладор ҳайз кўрадими, йўқми, унинг иддаси кўз ёриши билангина ниҳоясига етади, Аллоҳ таоло айтганидек:
«Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).
Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари хусусида

Ҳайзнинг фавқулодда ҳолатлари турлича:
1) Кўплик ё камлик. Яъни, масалан, аёлнинг одати олти кун бўлади ва қон еттинчи кун ҳам давом этади. Ёки одати етти кун бўлса, олтинчи кунда пок бўлиб қолади.
2) Олдин ё кейинлик. Масалан, одати ойнинг охирида бўлгани ҳолда ҳайзни ойнинг аввали-да кўради. Ёки одати ойнинг аввалида бўлса, охирида кўриб қолади. Аҳли илмлар бу икки тур ҳукмида ҳар хил фикрлар билдиришган. Тўғрироғи: Аёл қачон қон кўрса у ҳайздир, қачон ун-дан пок бўлса, одатидан ошиб кетган ёки кам бўлган бўлса ҳам, олдин келган ёки кейин келган бўлса ҳам, барибир ҳайздир. Бунга илгариги бўлимларда далиллар келтирилди. Шариат ҳайзнинг ҳукмларини унинг мавжудлигига боғлаб қўйди. Бу Шофеъийнинг мазҳаби ҳамда шайхулислом Ибн Таймиянинг ихтиёридир. «Муғний» муаллифи буни қувватлаган ва қўшимча қилиб шундай деган: «Агарда одат мазкур усулга кўра эътиборли бўлганида, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига буни баён қилиб берган бўлардилар ва унинг баёнини ке-чиктиришлари асло жоиз бўлмасди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ёки бошқа аёл-ларнинг бунинг баёнига давомий эҳтиёжлари тушгани боис уни баён қилишдан ғафлатда қолишлари мумкин эмас эди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзни мужмал, истиҳозани эса тафсилоти билан баён қилганлар».
3) Сариқлик ё хиралик. Яъни қон худди жароҳат сувига ўхшаган сарғиш бўлади ёки қора ва сариқлик билан аралашган хира рангли бўлади. Агар бу ҳолат ҳайз асносида бўлса ёки ҳайздан пок бўлишига боғлиқ бўлса, у ҳайздир ва унга ҳайзнинг ҳукмлари татбиқ бўлади. Агар пок бўлганидан кейин бўлса у ҳайз эмас. Умму Атийя розияллоҳу анҳонинг сўзига мувофиқ: «Пок бўлганимиздан кейинги сариқлик ва хираликни эътиборга олмас эдик». Бу ҳадисни Абу Довуд саҳиҳ санад билан ривоят қилган. Бухорий ҳам «пок бўлгандан кейин» деган сўзларсиз ривоят қилган, лекин шу ҳадисни «Ҳайздан бошқа кундаги сариқлик ва хиралик» деган бобда келтирган. «Фатҳул Борий»да ушбу ҳадис шарҳида айтилган: «Бу билан Имом Бухорий илгари айтиб ўтилган Оиша розияллоҳу анҳонинг: «оқ суюқликни кўрмагунингизча» ҳадиси билан шу бобда зикр қилинган Умму Атийянинг ҳадиси ўртасини жамланишига ишора қилмоқда. Сабаби, Оишанинг ҳадиси ҳайз кунла-ридаги сариқлик ва хираликни кўрганликка, Умму Атийянинг айтганлари эса ундан бошқасига маҳмул». Бухорий бу бобдан илгари келтирган Оишанинг ҳадисида ишора қилинган нарса шу эдики, аёллар ҳайзнинг асари қолдими, қолмадими, билиш учун Оиша розияллоҳу анҳо олди-га келишар, аёлнинг пахтаси (латтаси)да сариқлик бўлса, Оиша розияллоҳу анҳо: «То оқ суюқликни кўрмагунингларча шошилманглар» дердилар. Оқ суюқлик – ҳайз тўхтаган пайтда ба-чадондан келадиган оқ сувдир.
4) Ҳайздаги узилиш. Унда бир кун қон кўради, бир кун тоза ва шунга ўхшаш. Бу ҳам икки ҳолатдан иборат:
Биринчи ҳолат: Аёлда ҳар доим шу ҳолат давомий бўлса, у истиҳоза қони бўлиб, истиҳозанинг ҳукми татбиқ бўлади.
Иккинчи ҳолат: Бу ҳолат аёлда давомий бўлмайди, баъзи вақт қон келиб қолади ва тўла по-клик вақти ҳам бўлади. Уламолар — раҳимаҳумуллоҳ — бу поклик хусусида, яъни у поклик бўладими ёки унга ҳайз ҳукмлари жорий қилинадими, деган масалада турли фикрлар билди-ришган.
Шофеъий ундан ривоят қилинган икки қавлнинг тўғрироғида: «Ҳайз ҳукмлари жорий қилинади ва ҳайз бўлади» деган. Шайхулислом Ибн Таймийя, «Фоиқ» соҳиби ҳамда Абу Ҳанифанинг мазҳабидаги ихтиёр ҳам шу. Сабаби, бу ерда оқ суюқлик кўринмаяпти. Агар уни поклик дейилса, ундан илгаригиси бир ҳайз, кейингиси алоҳида бир ҳайз бўлиб қоляпти. Бу қавлни ҳеч ким айтмаган, агар айтадиган бўлса, талоқ тушган бўлса, идда ҳайздан покланишга боғлиқ бўлгани учун 5 кунда идда тугаб қолган бўлар эди. Шунингдек, агар уни поклик деб қаралса, ҳар 2 кунда ғусл қилиш машаққати ва бошқа малоллик ҳосил бўлган бўларди. Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу шариатда ҳараж ва машаққат йўқ.
Ҳанбалия мазҳабидаги машҳур қавл шуки: Қон ҳайз, қоннинг узилиши покликдир, магар поклик билан ҳайзнинг мажмуъи ҳайзнинг энг кўп муддатидан ўтиб кетса, истиҳоза бўлади.
«Муғний» соҳиби айтади: «Нифос ҳақидаги гапда айтиб ўтган ривоятимизга биноан ҳайз ораси-даги поклик бир кундан кам бўлса поклик эмас, унинг бир кундан кам бўлишига аҳамият берилмай-ди. Бу тўғри фикр, иншааллоҳ. Чунки, қон бир келиб, бир тўхтайди. Ҳар пок бўлганда ғусл қилиш вожиб дейиладиган бўлса, ҳар соатда ғусл қилиш малолдир ва Аллоҳ таолонинг ушбу қавлига зиддир:
«Унинг Ўзи сизларни (шу муқаддас дин учун) сайлади ва бу динда сизларга бирон ха-раж-танглик қилмади» (Ҳаж: 78). Шунга биноан, қоннинг тўхташи бир кундан кам бўлса ва у одатининг охирига тўғри келиб қолиши ёки оқ суюқликни кўриши каби покликка далолат қиладиган нарса кўрилмаса, у поклик бўлмайди».
«Муғний» соҳибининг бу сўзи икки қавл ўртасидаги мўътадил сўздир. Аллоҳ тўғрисини билувчироқ.
5) Қондаги қуруқлик. Бунда аёлнинг қони қуриб, қон эмас фақат намликни кўради. Бу агар ҳайз асносида бўлса ёки тоза бўлишига яқин ҳолатда бўлса, ҳайз ҳисобланади. Агар тоза бўлганидан сўнг кўрса, у ҳайз эмас. Чунки у ҳайздан пок бўлгандан кейинги сариқлик ва хира-лик бўлгани учун унинг ҳукми шу.
Ҳайзнинг ҳукмлари ҳақида

Ҳайзнинг йигирмадан зиёд ҳукмлари бўлиб, улардан кўпроқ эҳтиёж тушадиганларини ай-тиб ўтамиз.
Биринчи: Намоз
Ҳайзли аёл фарз бўлсин, нафл бўлсин намоз ўқиши мумкин эмас. Ўқиса ҳам намози намоз бўлмайди. Фақат ҳайзининг аввали ёки охирида тўла бир ракъат намоз ўқий оладиган вақтни топган бўлиши унга ўша намозни вожиб қилади. Яъни, масалан, аёл қуёш ботганидан сўнг бир ракъат намоз ўқиш мумкин бўлган вақт ўтгач ҳайз кўриб қолди. Энди у пок бўлганидан кейин ўша куннинг шом намози қазосини ўқиши вожиб, чунки у ҳайз кўришидан илгари бир ракъат миқдорича вақт бор эди. Ёки бўлмасам, кун чиқишидан бир ракъат миқдоридаги вақт аввал ҳайзидан тоза бўлди. Энди у пок бўлгандан кейин бомдод намозининг қазосини ўқиши вожиб бўлади, чунки у бир ракъатга улгурадиган вақтга етган эди. Агар ҳоиз комил бир ракъатга ул-гурадиган вақтда тоза бўлмаса, унга у намоз вожиб эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким намознинг бир ракъатига етган бўлса, ўша намозга етибди» (Муттафақун алайҳ).
Бунинг маъноси шуки, ким бир ракъатдан камига етса, у ўша намозга етмаган бўлади.
Бу ерда бир масала туғилади: агар аср намози вақтидан бир ракъатга етса, унга аср намози билан бирга пешин намози ҳам вожиб бўладими? Ёки хуфтон намозининг бир ракъат вақтига етишса, унга шом намози ҳам вожиб бўладими?
Бу масалада уламолар орасида турли фикр бор. Тўғриси шуки, у аёлга фақат етиб келган намози вожиб бўлади. Юқоридаги саволга биноан фақат аср ва хуфтон холос. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига мувофиқки: «Ким қуёш ботишидан илгари аср-нинг бир ракъатига етса, дархақиқат асрга етибди» (Муттафақун алайҳ).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам «пешинга ва асрга етибди» демадилар ва пешиннинг вожиблигини айтмадилар. Асл мақсад - зимманинг фориғ бўлишидир. Бу Абу Ҳанифа ва Мо-ликнинг мазҳаби бўлиб, «Шарҳул-муҳаззаб»да буни улардан ривоят қилинган.
Аммо ҳайз кўрувчи аёл зикр, тасбеҳ, такбир, таҳмид, еб-ичиш ва бошқаларга бисмиллаҳ ай-тиш, ҳадис ва фиқҳни ўқиш, дуо қилиш, омин дейиш, Қуръон тинглаш каби ишларнинг би-ронтасидан ман қилинмайди. «Саҳиҳайн» ва бошқаларда собит бўлган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша розияллоҳу анҳонинг қучоқларига ҳайзлик ҳолида бош қўйиб Қуръон ўқиганлари айтилган. Яна «Саҳиҳайн»да Умму Атийя розияллоҳу анҳодан ри-воят қилинишича, у Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитган экан: «Ёш қизлар, келинчаклар ва ҳайзли аёллар икки ҳайит намозига чиқсинлар ва яхшиликка, мўъминларнинг дуоларига ҳозир бўлсинлар. Ҳайзлилар намозгоҳдан четда турсинлар».
Аммо, ҳайзли аёл Қуръони каримни ўқиши масаласига келсак, агар кўз югуртириб ёки ди-лидан ўтказиб, яъни тил билан айтмасдан ўқиса, зарари йўқ. Масалан: мусҳаф ёки оят ёзилган лавҳни қўйиб, оятларга қараб, дилида ўқийди. Нававий «Муҳаззаб»нинг шарҳида айтади: «Ҳеч бир хилофсиз жоиз». Аммо тил билан ўқишлиги жумҳур уламо фикрига кўра ман қилинган ва жоиз эмас. Бухорий, Ибн Жарир ат-Табарий ва Ибнул Мунзир уни жоиз дедилар. Моликдан, Шофеъийдан ҳам шу ривоят қилингани «Фатҳул Борий»да айтилган, Бухорий Иброҳим ан-Нахаъийни сўзини таълиқ қилиб: «Оятни ўқишлигида ҳеч бир зарар йўқ» деб келтирган.
Шайхулислом Ибн Таймия «Фатово»да айтади: «Ҳоизни Қуръондан ман қилиш асли суннат эмас. Чунки «Ҳоиз ва жунуб Қуръонни ўқимайди» деган ҳадис ҳадисшунос олимлар иттифоқи билан заиф ҳадисдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида ҳам аёллар ҳайз кўрардилар, агар улар-га намозга ўхшаб Қуръон ўқиш ҳам мумкин бўлмаганда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уммат-ларига баён қилиб берган бўлардилар, уммаҳотул мўъмининлар ўрганиб, таълим берган бўлардилар ва бу одамлар орасида тарқалган бўларди. Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бундан қайтарганликлари етиб келмаган экан, уни ҳаром қилиб қўйишимиз жоиз эмас. Ўша даврда ҳам ҳайзнинг кўп бўлиши билан бирга ундан қайтармаган эканлар, демак ҳоизнинг Қуръон ўқиши ҳаром бўлмайди».
Аҳли илмнинг бу масаладаги мунозарасини билганимиздан сўнг айтиш мумкинки: Ҳоизга Қуръони Каримни тил билан нутқ қилиб ўқимаслик афзалроқ, магар шунга эҳтиёж бўлган пайтдагина мумкин. Масалан, муаллима бўлса таълим олувчиларга талқин қилиб беришга эҳтиёж бўлади. Ёки таълим олувчи аёл ўқиганини текширтириб олиш учун ўқиб эшиттириш-га муҳтож бўлади ва шу каби ҳолатлар.
Иккинчиси: Рўза
Ҳоизга фарз бўлсин, нафл бўлсин рўза тутиш ҳаром, тутган тақдирда ҳам рўзаси яроқли бўлмайди, лекин фарзнинг қазосини албатта тутиб беради. Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳадисига мувофиқ: «Биз ҳайз кўрардик, шунда рўзанинг қазосини тутишга буюрилардик, намознинг қазосини ўқишга буюрилмас эдик» (Муттафақун алайҳ). Агар аёл рўзадор ҳолида қуёш ботишига бир лаҳза қолган бўлсада ҳайз кўриб қолса, рўзаси бузилади ва фарз рўза бўлса, кейин қазосини тутиб беради.
Агар ҳайз қонининг ҳаракатини қуёш ботишидан илгари сезса, лекин қуёш ботганидан кейин ташқарига чиқса, унинг рўзаси комил бўлади ва саҳиҳ қавлга кўра бузилмайди. Чунки қон ичкаридалигида унинг муайян ҳукми йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Аёл киши эркак киши тушида кўрадиган нарсани кўрса, унга ҳам ғусл вожибми?» деб сўралганларида: «Ҳа, агар сувни кўрса» деб жавоб бердилар. Демак, ҳукмни манийни ташқарида кўришга боғлиқ қилдилар, ичида ҳаракатланганини сезишга эмас. Шунга ўхшаш, ҳайзнинг ҳукми ҳам уни ташқарида кўриш билан татбиқ бўлади, олдиндан сезиш билан эмас.
Масалан, агар аёл бомдоддан бир лаҳза кейин пок бўлса ҳам ундан ўша куннинг рўзаси ду-руст бўлмайди. Агар бомдоддан бироз илгари тоза бўлса ва рўзага ният қилса, бомдод вақти киргандан кейин ғусл қилса ҳам рўзаси дуруст бўлаверади. Бу худди жунуб киши ғусл қилмаган ҳолида рўзани ният қилса, рўзаси дуруст бўлганига ўхшаш ҳолатдир. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда эҳтилом сабабли эмас, жимоъ сабабли жунуб бўлган ҳолда тонг оттирар, сўнг рўза тутар эдилар».
Учинчи: Байтуллоҳни тавоф қилиш
Ҳоиз Байтуллоҳни фарз бўлсин, нафл бўлсин тавоф қилиши мумкин эмас, агар қилса яроқли бўлмайди. Оиша розияллоҳу анҳо ҳайз кўриб қолганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳожилар қилаётган барча амалларни қилаверинг, лекин то тоза бўлгунингизгача Байтни тавоф қилманг».
Аммо қолган амаллар, яъни Сафо ва Марва орасида саъй қилиш, Арафотда туриш, Музда-лифа ва Минода тунаш, тош отиш каби ҳаж ва умра амалларини бажариш ҳаром эмас. Бино-барин, аёл киши пок ҳолида тавоф қилган бўлса, тавофни қилиб бўлишига ёки саъй асносида ҳайзи келса, бунинг амалларга ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки у тавофни пок ҳолатида қилди, саъйни эса ҳозиргина зикр қилганимиздек ҳайз ҳолатда ҳам қилса бўлаверади. Чунки Сафо ва Марва Масжидул Ҳаромдан ташқарида ҳисобланади.
Тўртинчи: Ҳоиздан видолашув тавофининг соқитлиги
Агар аёл ҳаж ва умра амалларини тўла бажарса, сўнг юртига қайтишидан илгари ҳайз кўриб қолса ва жўнаб кетгунича ҳайздан покланмаса, у видолашув тавофисиз жўнаб кетавера-ди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтдилар: «Одамлар охирги ишлари Байтуллоҳ билан видола-шув бўлишига буюрилдилар, фақат ҳоиздан бу нарса енгиллатилди» (Муттафақун алайҳ).
Ҳоиз видолашув учун Масжидул ҳаром эшиги олдига келиши ва дуо қилиши яхши мустаҳаб эмас. Чунки бу амалга Суннатдан далил келмаган. Ибодатлар далилга таянади. Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилган ҳадисда айтилишича, София розияллоҳу анҳо тавофи ифоза-дан кейин ҳайз кўриб қолганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ундай бўлса йўлга чиқаверсин», дедилар (Муттафақун алайҳ), масжид эшиги ёнига келишга буюрмадилар. Агар шундай қилиш диндан бўлганда, албатта айтган бўлардилар.
Аммо ҳаж ва умранинг тавофи аёлдан соқит бўлмайди, балки покланганидан сўнг тавоф қилади.
Бешинчи: Масжидда туриш
Ҳайздаги аёл масжидда туриши ҳаромдир, ҳатто ҳайит намозгоҳида туриши ҳам мумкин эмас. Умму Атийя розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган ҳадисга мувофиқ: «Ҳайит намозгоҳига ўсмир қизлар, келинлар, ҳоизлар чиқади ... Ҳоизлар намозгоҳдан четланади» (Муттафақун алайҳ).
Олтинчи: Жимо
Эри унга яқинлик қилиши ҳаром, аёл ҳам унга имкон бериши ҳаром. Аллоҳ таоло айтади:
«Сиздан ҳайз ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У кўнгилсиз-нопок нарсадир. Бас, ҳайз пайтида аёлларингиздан четланингиз ва то покланмагунларича уларга яқинлашмангиз!» (Бақара: 222).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Қўшилишдан бошқа барча нарсани қилаверинглар» (Муслим ривояти).
Мусулмонлар ҳайзли аёлни жимо қилиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар. Бунинг ман қилинганига Аллоҳ таолонинг Китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннат-лари ҳамда мусулмонларнинг ижмоълари далолат қилиб тургани ҳолда, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган кишининг бу мункар ишга қўл уриши ҳалол эмас. Ким шундай қилса, Аллоҳ ва Расулига қарши чиққан ва мўъминлардан бошқаларнинг йўлларига эргашиб кетганлардан бўлади.
Имом Нававий «ал-Мажмуъ шарҳул-муҳаззаб»да айтади: «Имом Шофеъий: «Ким бу ишни қилса гуноҳи кабирага қўл урибди», бизнинг асҳобларимиз ва бошқалар: «Ким ҳоизни жимо қилишни ҳалол санаса, уни кофир деб ҳукм қилинади», деганлар».
Аллоҳга ҳамд бўлсинки, жимосиз ҳам шаҳватни синдирадиган нарсаларга рухсат берилган. Масалан, ўпиш, қучоқлаш, мубошара (жинсий аъзодан бошқа ўринлардан лаззат олиш) – бироқ киндик ва тизза орасидан бирон тўсиқ ортидан фойдаланиш афзал чунки – Оиша розияллоҳу анҳо айтганлар: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайзлик пайтимда мени изор кий-ишга буюрар, мен изор кийиб олардим ва мени мубошара қилар эдилар» (Муттафақун алайҳ).
Еттинчи: Талоқ
Эрга хотинини ҳайзли ҳолида талоқ қилиш ҳаромдир. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй пайғамбар, қачон сизлар (яъни мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар уларнинг иддаларида (яъни поклик пайтларида) талоқ қилинглар» (Талоқ: 1).
Яъни, талоқ қилингандан кейин маълум бир иддани бошлай оладиган ҳолда бўлсинлар. Зеро, бу ҳомиладорни талоқ қилиш ёки ҳайздан покланганни жимо қилмасдан туриб талоқ қилиш билан бўлади. Ҳайзли аёлни талоқ қилганда эса бу ҳолат вужудга келмайди, чунки ҳайз кунлари иддадан ҳисоб қилинмайди.
Агар ҳайздан покланган аёлни жимоъдан сўнг талоқ қилса, унинг ҳам бошлайдиган иддаси маълум бўлмай қолади. Зеро, бу жимоъдан ҳомиладор бўлган бўлса, ҳомиладорнинг иддасини ўташи ёки ҳомиладор бўлмаган бўлса, ҳайзнинг иддасини ўташи аниқ бўлмайди. Демак, идда-нинг турига ишонч ҳосил бўлмайдиган ҳолатда талоқ қилиш ҳаром. Ўтган оятда айтилганидек, аёлни ҳайзли ҳолатида талоқ қилиш ҳаромдир. «Саҳиҳайн» ва бошқа ҳадис тўпламларида Ибн Умарнинг ҳадиси собит бўлган: Ибн Умар аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилганида Умар розияллоҳу анҳу буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етказди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундан ғазабландилар ва: «Унга айтинг, аёлини қайтариб олсин, сўнг ҳайздан тоза бўлгунича кутсин, сўнг кейинги ҳайзни кўради, сўнг тоза бўлади. Шундан кейин агар хоҳласа турмуш қилсин, хоҳламаса жимо қилмай туриб талоқ қилсин. Аллоҳ таоло, аёллар-ни талоқ қилишга буюрган идда мана шу» дедилар.
Агар киши аёлини ҳайзли ҳолида талоқ қилса, у гуноҳкор бўлади, у Аллоҳга тавба қилиши ва аёлини қайтариб олиши кейин Аллоҳ ва Расулининг буйруқларига мувофиқ шаръий талоқ қилиши керак. Қайтариб олганидан кейин уни талоқ қилган ҳайзидан пок бўлгунича кутади. Кейин иккинчи марта ҳайзли бўлади. Сўнг пок бўлгач, истаса турмуш қилади, истаса жимо қилмасдан туриб талоқ қилади.
Ҳоизни талоқ қилиш ҳаромлигидан учта ҳолат истисно этилади:
1) Талоқ аёл билан (биринчи бор) холи қолишдан ёки уни жимо қилмасдан олдин бўлса, уни ҳайзли ҳолида талоқ қилишнинг зарари йўқ. Чунки бу идда ўталмайдиган ҳолдир ва бу Аллоҳ таолонинг «уларни иддаларида талоқ қилинглар» (Талоқ: 1) деган буйруғига зид кел-майди.
2) Агар ҳайз ҳомиладорлик пайтида бўлса ҳам талоқнинг зарари йўқ. Бунинг сабаби айтиб ўтилди.
3) Агар талоқ бир эвазга кўра (яъни, хулъ) бўлса ҳайзли ҳолда талоқ қилишнинг зарари йўқ. Масалан: эр-хотин орасида уруш-жанжал ва иттифоқсизлик бўлса, эр уни талоқ қилиш учун эваз олса, бунда аёл ҳайзли бўлса ҳам жоиз бўлаверади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда айтилади: Собит ибн Қайс ибн Шаммоснинг аёли Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келди ва: «Эй Расулуллоҳ, мен уни хулқи ва динида айбламайман. Лекин, ис-ломда яшаб туриб куфрга тушиб қолишдан қўрқаман» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Унга (маҳр қилиб берган) боғини қайтариб берасанми?» «Ҳа» деди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг эрига: «Боғни қабул қилиб ол ва уни бир талоқ қил» деди-лар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у аёлдан ҳайздами ёки покми сўрамадилар. Чунки бу талоқ аёл киши томонидан ўзини халос қилиш учун сўралган эди. Шунинг учун у қандай ҳолатдалигидан қатъий назар ҳожат учун жоиз бўлди.
«Муғний»да шу ҳадисни ҳайз ҳолида хулънинг (яъни бирон эваз муқобилига талоқ қилишнинг) жоиз эканига далил қилиб келтирилган. Зеро, ҳоизни талоқ қилиш мумкин эмас-лиги аёлга идданинг чўзилиб кетишидан келадиган зарар туфайли эди. Хулъда эса аёл ўзи ёқтирмаган киши билан ёстиқдош бўлиш ва ёмон турмушдан етадиган зарар идданинг чўзилиб кетишидаги зарардан каттароқ бўлгани боис икки зарарнинг каттароғини даф қилиш жоиз бўлди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам талоқ сўраган аёлдан унинг ҳолати ҳақида сўрамадилар.
Аёлнинг ҳайзли ҳолида никоҳлаб олинишида зарар йўқ, чунки асл – ҳалолликдир ва бу ҳолда никоҳ қилишнинг ман этилганига далил йўқ. Лекин эрни ҳайзли келинчак ҳузурига ки-ритишда ҳолатга қаралади, агар жимо қилиб қўйиш хавфи бўлмаса, зарари йўқ. Акс ҳолда ҳаром ишга тушиб қолмаслиги учун то пок бўлгунича кирмаслиги лозим.
Саккизинчи: Талоқ иддасининг ҳайз билан ҳисоб қилиниши
Агар киши аёли билан қўшилганидан ёки у билан ҳолий қолганидан сўнг талоқ қилса, аёл ҳайз кўрувчи бўлса ва ҳомиладор бўлмаса, тўла уч ҳайз муддатда идда сақлаши вожиб. Аллоҳ таоло айтади:
«Талоқ қилинган аёллар уч ҳайз муддатида ўзларини кузатадилар» (Бақара: 228).
Агар ҳомиладор бўлса, иддаси то кўз ёригунча бўлади, муддат хоҳ узоқ бўлсин, хоҳ қисқа бўлсин, фарқи йўқ. Аллоҳ таоло айтади:
«Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4).
Агар ҳайз кўрмайдиган бўлса, яъни ҳали ёш, ҳайз кўриши бошланмаган бўлса ёки ҳайздан қолган катта ёшли бўлса ёки бачадон олиб ташлангани ё бошқа сабаблар туфайли ҳайз кўрмайдиган бўлса, унинг иддаси 3 ойдир:
«Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас (би-лингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (қизлар)нинг (ид-далари ҳам уч ойдир)» (Талоқ: 4).
Агарда ҳайз кўрадиган аёл бўлса-ю, маълум сабаблар туфайли, масалан, касаллик ёки эми-зиш сабабли ҳайзи келмай турган бўлса, то ҳайз келгунча муддат чўзилиб кетса ҳам идда ҳисобида қолаверади. Қачонки сабаби кетса, яъни касалдан тузалгач ёки эмизиш тугагач ҳам ҳайз келмаса, бунда сабаб кетганидан бошлаб тўла бир йил идда сақлайди. Мана шу саҳиҳ қавл бўлиб шаръий қоидаларга тўғри келади. Чунки сабаб кўтарилгач ҳам ҳайз келмаса, у маълум сабабсиз ҳайздан қолган ҳисобланади. Шунинг учун тўла бир йил идда сақлайди. Яъни, ҳомиладорликнинг энг кўп муддатини олиниб, эҳтиёт бобидан 9 ой ва идда учун 3 ой иддада бўлади.
Агар талоқ никоҳдан кейин, тегиниш ва холи қолишдан олдин бўлса, бу ҳолда мутлақо ид-да йўқ. Аллоҳ таоло айтади:
«Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл тегизишдан (яқинлашишдан) илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сиз-лар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас» (Аҳзоб: 49).
Тўққизинчи: Бачадоннинг ҳомиладан ҳолилигига ҳукм қилиш
Бунинг бир неча ҳолатлари бор, жумладан: Ҳомиласи меросхўр бўлиши мумкин бўлган аёлнинг бирон кишиси ўлди, у аёлнинг эри бор. Эри бу аёлни то ҳайз кўргунича ёки ҳомиласи бор-йўқлиги аниқ бўлгунича жимо қилмайди. Агар ҳомиладорлиги аниқланса, ҳомиланинг мерос қолдирувчининг ўлими пайтида борлиги ва мерос олишига ҳукм қиламиз. Агар ҳайз кўрса, ҳайз сабаб бачадон ҳоли эканига ҳукм қилганимиз учун меросхўр эмаслигига ҳукм қиламиз.
Ўнинчи: Ғуслнинг вожиблиги
Ҳоиз тоза бўлганда бутун баданини ювиб ғусл қилиши фарз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима бинт Аби Ҳубайшга айтганлар: «Агар ҳайз келса намозни ўқимай тур, агар кетса ғусл қилиб намозни ўқи» (Бухорий ривояти).
Ғуслдаги фарз энг камида бир бор бутун баданини то сочлари остигача ювишдир. Афзали Асмо бинт Шакал Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳайздан тоза бўлган аёлнинг ғусли ҳақида сўраганида у зотнинг айтган жавобларидир: «Бирингиз сувини ва сидрини олади ва ях-шилаб таҳорат олади кейин бошига сув қуяди ва яхшилаб ишқалайди, токи сочлари остигача етсин, сўнг бутун баданига сув қуяди, сўнг мушк билан хушбўй қилинган бир бўлак матони олиб, шу билан тозаланади» дедилар. Асмо деди: «У билан қандай тозаланади?». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: таажжубдан «Субҳаналлоҳ» дедилар. Шунда Оиша розияллоҳу анҳо унга: «Уни қон теккан жойларга суртасан», дедилар (Муслим ривояти).
Ўрилган сочни ёзиш шарт эмас, фақат остига сув етмай қолишидан қўрқиладиган даража-да қаттиқ ўрилган бўлсагина ёзилади. «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилишича, Умму Салама розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: «Менинг сочимни ўриб юраман, жанобатдан ғусл қилганда уни ёзаманми?» яна бир ривоятда: «Жанобат ва ҳайз ғуслида» дейилган. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Йўқ, балки бошингдан уч ҳовуч сув қуйишинг кифоя, сўнг устингдан сув қуйиб ювинасан».
Агар ҳайзли аёл намоз вақти асносида тоза бўлса, намозни ўз вақтида адо қилишга улгуриш учун ювинишга шошилиши лозим. Сафарда бўлса ва олдида сув бўлмаса ёки сув бору ишлатса зарар етишидан қўрқса ёки сув зарар қиладиган касаллиги бўлса, ғусл қилиш ўрнига таяммум қилади, ювинишдан тўсиб турган сабаб кетиши билан ювиниб олади.
Баъзи аёллар намоз вақти асносида тоза бўлган бўлади, лекин ювинишни бошқа вақтга ке-чиктиради ва ҳозир тўла поклана олмайман, дейди. Бу ҳужжат ҳам, узр ҳам эмас. Чунки у ғуслдаги фарзнинг энг камига чекланиб, намозни ўз вақтида адо қилиши керак. Кейин вақт бемалол бўлганда яхшилаб ювиниб олаверади.

This post was last modified: 10-13-2009, 04:39 PM by Меҳмон.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-03-2009, 06:16 PM
#2
Ҳайз, нифос (туғруқ) ва истиҳоза қонлари ўртасидаги фарқ

Савол: Ҳайз, нифос (туғруқ) ва истиҳоза қонлари ўртасидаги фарқ нима?
Жавоб: Мазкур қонлар бир ердан чиқиб келсада, сабабларига кўра номлари ва ҳукмлари турлича бўлади.
Нифос қони, маълумки, туғруқдан сўнгра хотин кишидан келадиган қондир. Бу қон – ҳомиладорлик даврида ва туғруқ асносида бачадонда тўпланиб, туғруқдан кейин аста-секин чиқиб келган қондир. Унинг тўхташ муддати узоқ давом этиши мумкин. Бироқ, муддатнинг қисқалиги ҳақида аниқ бир сўз айтилмаган. Аммо узоқ давом этиши қирқ кундан ўтмайди.
Ҳайз қони келадиган одатга мувофиқ келмаган қон – истиҳоза қонидир. Тўғриси, унинг кўплигининг муайян миқдори йўқ. Ҳайз ҳақида сўз юритганимизда бунга далолат қилган ҳужжатларни айтиб ўтамиз.

Туғруқдан бошқа пайтларда аёллардан келган қон


Аллоҳ таоло хотин-қизлардан ҳомиладорлик ва туғруққа салоҳиятли бўлишилари учун му-айян вақтларда уларнинг ҳолат ва табиатларига қараб ҳайз қонининг келишини суннат-қонун қилиб жорий этди. Шунинг учун ҳам, бу қоннинг мавжудлиги, инсон ҳаётининг асосий унсур-ларидан биридир. Ҳолбуки, инсон она қорнида шу қон билан озиқланади. Шунинг учун ҳам, ҳомиладорлик пайтида келган қон, кўпинча, нажас ҳисобланади. Қоннинг асли бу экан, воқеъда ҳам шундай, маълум бўлмоқдаки, онадан чиққан қоннинг асли – ҳайздир. Чунки, унинг ўз вақтида келиши аёлнинг соғлиги ва мўътадиллигига, келмаслиги эса унинг соғлом эмаслигига далолат қилади. Бу маъно шаръий илм эгалари ва тиббиёт фани олимлари ўртасида иттифоқ келингандир. Одамларнинг билимлари, одатлари ва тажрибалари ҳам бун-га яққол далилдир.
Шунга кўра, уламолар ҳайз қонини қуйидагича белгиладилар: У – хотин кишидан муайян пайтларда келадиган табиий ва хилқат қон бўлиб (шунинг учун ҳам уни «ҳайз» деб номланган ва Аллоҳ таоло уни шу ном билан атаган), унга муайян шаръий ҳукмлар қўйилгандир. Бу ҳукмлар, модомики, қон мавжуд экан ўз кучида бўлиб, қон йўқ бўлсагина ижро бўлмайди. Чунки ҳукм, сабабининг бор-йўқлигига қараб жорий бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳайз (бошла-ниши)нинг илк ёши, вақти ва (бутунлай) тўхташининг энг оз ва кўп муддати маълум эмас. Шунингдек, икки ҳайз ўртасидаги поклик даврининг энг оз муддатининг ҳам тайини йўқдир. Шаръий насслар ва мусулмонларнинг зоҳирий билимларига кўра, муддатидан ошиб ёки ка-майиб кетса ёхуд кечикса, ё умуман келмасада, қон келса - ҳайз, келмаса поклик даври бўлади. Чунки, бу сўзсиз хотин-қизлар бирон иш қила олмайдилар. Бироқ шаръий далилларга қарасак, (ҳанбалий) мазҳабга кўра, қизларнинг илк ҳайз кўрган ёшлари тўққиз, узоқ кўрган хо-тинларнинг ёшлари эса элликдир. Ҳайз қони келган энг оз муддат – бир кеча ва бир кундуз, энг кўп келган даври эса ўн беш кундир. Бу муддатдан кейин келган қон - фасод (касаллик) қони бўлиб, у келганида ибодатларни тўхтатилмайди. Агар қон одатдаги вақтидан илгари ёки кеч ёки одатдаги муддатдан ортиқ келса, бу ҳолат уч марта такрорлансагина ҳайз қони ва одат деб ҳисобланади-да, қолдирган рўза, эътикоф ва шунга ўхшаш бошқа ибодатларининг қазосини адо этади. Айрим уламоларнинг бунга далиллари: «Бу мавжуд бўлган ҳолат – нодир ҳолатдир. Бундай нодир ҳолатлар билан ҳукм собит бўлмайди» - деб айтишларидир. Бу – жуда ҳам заиф ҳужжатдир. Чунки, бор нарса ҳам бир-биридан тубдан фарқ қилиши мумкин. Иж-моъ эса, хотин-қизларнинг бу мавзуда бир-биридан тубдан фарқ қилишларини кўрсатмоқда.
Номлар уч қисм: шаръий, луғавий ва урфий бўлиб, буларнинг ҳар бири бу қоннинг ҳайз экани ва у келмаганда поклик бўлишида муштаракдир. Уч ҳақиқат иттифоқ қилган нарсадан кўра адолатлироқ ҳукм бўлмас. (Ҳанбалий) мазҳабга кўра, истиҳоза – (ҳайз қони келган ўн беш кундан) кейин келган ёки ҳайзга ўхшамаган, яъни, бир кеча ва кундуздан оз муддат давомида ёки тўққиз ёшдан олдин ёхуд эллик ёшдан сўнгра келган қондир. Гапнинг лўндаси – ҳайз асо-сий қон бўлиб, истиҳоза бирон бир касаллик ёки қон тўпланиб қолиши оқибатида ёки қон тўпланиб қолишига ўхшаш муайян бўлмаган вақтлардагина келган қондир. Хуллас, хотиндан одатдагидек келган қон - ҳайз, ундан ортиқ кунларда келгани эса - истиҳоза қони бўлиб, хотин киши одати тугагач ғусл қилиб, ибодатига давом этаверади.
Хотин (киши)нинг (қинидан келган) қони турлича: баъзилари қуюқ, баъзилари суюқ, баъзиси қора, баъзиси қизил, баъзиси бадбўй, баъзиси ҳидсиз бўлади. Қуюқ, қора рангли ва бадбўйи – ҳайз, бошқалари истиҳоза қони ҳисобланади. (Ҳанбалий) мазҳабда қоннинг ҳайз бўлишга салоҳиятли жиҳатлари бўлиб, мазҳаб уламолари бир кеча ва кундуздан кам ва ўн беш кундандан ортганда келмаслигини шарт қиладилар. Бу - мазҳаб асосига кўрадир. Аслида, юқорида айтиб ўтилганидек, бунинг эътибори йўқдир. Агар хотиннинг (муайян) одати ва қонларни ажратиш қобилияти бўлмаса, ворид бўлган ҳадисларга биноан, ҳар ой ҳайз кўрган кунларидан олти ёки етти кун ўтгунича кутади. Кейин, ҳайз деб ҳукм қилинган кунлар ўтгач ғусл қилиб, қон келаётган ерни имкони борича боғлаб, ҳар намоз вақтида таҳорат қилиб, на-мозини ўқийди, тоза бўлганида такрор ўқимайди.
Юқорида нифос – туғруқ қони, истиҳоза касаллик ёки касаллика ўхшаш нарсанинг сим-птоми-аломати, ҳайз қони эса аслий қон экани айтиб ўтилди. Валлоҳу аълам.

Шайх Абдурраҳмон ибн Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-03-2009, 06:18 PM
#3
Ҳайз кўриш ёшининг озининг ҳам, кўпининг ҳам чегараси йўқдир

Савол: Хотин киши етмиш ёшга кирса ва одати ҳануз давом этаётган бўлса, келган қон ҳайз қони, деб ҳисобланадими
Жавоб: Етмиш ёшга кирган кампир ўзи “ҳайз” деб билган ҳолатда қони келаётган бўлса, у қон - ҳайз қони, деб ҳисобланаверади. Чунки, аслида, ҳайз қони келишининг энг кичик ва энг катта ёшининг муайян йили йўқдир. Бу қон, ҳар жиҳати билан ҳайз қонидир.

Шайх Абдурраҳмон ибн Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-03-2009, 06:21 PM
#4
Жунуб ғусл қилишга шошилсин, ҳайз ва нифос қони кўраётган
аёл эса шошилмаса бўлаверади

Савол: Қуръон ўқилган сувни ичиш ёки у билан ҳаммом қилишнинг ҳукми қандай? Ҳайз ёки нифос қони кўраётган ва жунуб бўлган эркакка шаръий дам солишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Жунуб одам дам солишдан аввал зудлик билан ғусл қилиши керак. Чунки шунда-гина (дамнинг) таъсир(и) кучли бўлади. Ҳайз ва нифос қони кўраётган аёлнинг дам солинган сувни ичиши ёки ундан ҳаммом қилишининг зарари йўқ. Чунки уни кечиктириш оқибатида зарар келиши мумкин.

Аллома Муҳаммад Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-03-2009, 06:25 PM
#5
Ҳомиладор хотин ҳам баъзида ҳайз кўриши мумкин

Савол: Хотин киши ҳомиладор бўлиб, одатдагидек қон келаверса, бу қон ҳайз қони ҳисобланадими?
Жавоб: Агар хотин кишининг ҳомиладорлиги маълум бўлиб, кейин яна қон кўраверса бу-нинг ҳукми ҳақида ихтилофлар бор: «Ҳомиладор аёл ҳайз қони кўрадими ёки йўқми?». Мазҳабимизга кўра, ҳайз қони кўрмайди. У кўрган қон - фасод қон бўлиб, уни одатдан ҳисобланмайди. Имом Аҳмад эса: «Ҳомиладор хотин ҳам, модомики, соғлом экан, гоҳо ҳайз қони кўриши мумкин. Зотан бу кўп содир бўлган ва шунга биноан у қон – ҳайз қони бўлиб, ун-га ҳайз қони ҳукмлари татбиқ қилинади» - деган. Биз ҳам унинг бу сўзларини ихтиёр этамиз. Валлоҳу аълам.

Шайх Абдурраҳмон ибн Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-03-2009, 06:27 PM
#6
Ҳайз одати беқарор бўлиб қолса нима қилади?

Савол: Ҳайз одати муддатидан олдин ёки кеч, ортиқча ва кам келса, хотин киши нима қилиши керак?
Жавоб: Ҳанбалий мазҳабига кўра, хотин киши бу ҳолат такрорланмагунича кун ҳисобини ўзгартирмайди. Бу – амал қилинмайдиган хато сўздир. Одамлар «ал-Инсоф» китобида баён қилинган тўғри сўзга амал қилишда давом этмоқдалар. Хотинлар унгагина амал қилишлари лозим. Чунки аёл киши қон кўрса, покланганини аниқ билмагунича кутади: намоз ўқимайди, рўза тутмайди. Қон одатидан олдин ёки кейин ёки ортиқча келса ҳам, тўхтаганидан сўнг таҳорат қилиб, ғусл қилади ва намозини ўқийди. Масалан: одат беш кун эди, қон тўхташи етти кунга чўзилди. Бундай ҳолатнинг иккинчи марта такрорланишини кутмай, еттинчи кундан кейин пок бўлаверади. Бу – саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) ва улардан кейинги тобе-инларнинг рафиқалари қилган ишдир. Ҳатто бизнинг машойихларимиз ҳам шунга фатво бер-ганлар. Чунки, одамларнинг: «Уч марта такрорласагина шу ҳолатга амал қилинади» деган сўзларининг ҳеч қандай асоси йўқ ва далилларга зиддир. Шунингдек, ҳайз келадиган ёшнинг, гарчи тўққиздан кичик ва элликдан катта бўлса ҳам, ҳадди йўқдир. Модомики қон келар экан, (хотин киши ибодатларни қилмай) кутади. Чунки ҳайз –асосий, истиҳоза эса ўткинчи қондир.

Шайх Абдурраҳмон ибн Носир Саъдий раҳимаҳуллоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-03-2009, 06:29 PM
#7
Ёши элликдан ўтган, бироқ ҳануз қон келаётган хотиннинг ҳукми

Савол: Бир хотин элликдан ўтганига қарамай қони одатдагидек келмоқда, иккинчисининг қони эса одатдагидек эмас, балки, сариқ ва кул ранггида келмоқда, (буларнинг ҳукми нима бўлади)?
Жавоб: Одатдаги сифатлар билан келаётган аёлнинг қони, ихтилофли ҳукмларнинг кучли-сига қараганда, ҳайз қонидир. Чунки, ҳайз кўриш ёшининг каттасининг чеки йўқдир. Шунинг учун ҳам, бу қонга маълум ҳайз қонининг ҳукмлари жорий қилинади: намоз ўқилмайди, рўза тутилмайди, жинсий алоқа қилинмайди. (Қон тўхтагач) ғусл қилиниб, рўзанинг қазоси тути-лади ва ҳ.к.
Сариқ ва кул рангдаги қонга келсак, у одат пайтида ҳайздан ҳисоблансада, одатдан ташқари пайтда ҳайз қони ҳисобланмайди. Гарчи одат вақтидан олдин ёки кейин келган бўлса ҳам, ҳукм ўзгармайди. Яъни, ҳайз қони келса хотин киши кутади ва тугаса ғусл қилади. Бу - ихти-лофли икки ҳукмнинг қувватлироғига биноандир. Чунки, ҳайзнинг бутунлай тўхташ ёши маълум эмас. Бироқ, ҳанбалий мазҳабга кўра: «Эллик ёшдан сўнгра ҳайз қони келмайди. Қоннинг рангги қора бўлса ҳам рўза тутиб, намоз ўқилаверилади ва қон тўхтаганидан сўнг ғусл ҳам қилмайди». Лекин, бу гап - тўғри эмасдир.

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-05-2009, 09:31 PM
#8
Қиз бола, тўрт нарсанинг бири рўй берса балоғат ёшига етади

Савол: Ўн тўрт ёшга кирганимда ой кўра бошладим. Ўша йили рамазон рўзасини тута ол-мадим. Табиийки бу, менинг ва оиламнинг жоҳиллиги сабабли бўлган эди. Чунки биз, уламо-лардан узоқда ва илмдан бебаҳра эдик. Ўн беш ёшимда рўза тутдим. Айрим муфтийлардан қиз бола балоғат ёшига етмаган бўлса ҳам ой кўрса, рўза тутиши фарз бўлишини эшитиб қолдим. Бу нима дегани, тушунтириб берсангиз?
Жавоб: Савол берган (синглимиз) ўн тўрт ёшида ой кўргани, ой кўриш билан балоғат ёши-га етганини билмагани ва ўша йили рўза тутмаганини айтиб ўтди. У жоҳил-билмагани учун ўша йилги рўзани тутмагани учун гуноҳкор бўлмайди. Лекин, рўза тутиш фарз эканини бил-ганидан сўнг, ой кўра бошлаган йилида тута олмаган рўзасининг қазосини тутиб бериши фарз бўлади. Чунки қиз, ўша йили балоғат ёшига етган ва рўза тутиши фарз бўлган эди.

Қиз бола қуйидаги тўртта нарсадан бири бўлса, балоғат ёшига етган ҳисобланади:
1 – ўн беш ёшга тўлиш;
2 – (жинсий аъзоларининг катта лаблари устини қоплаган) тукларнинг чиқиши;
3 – эҳтилом бўлиш;
4 – ҳайз (ой) кўриш.
Булардан биронтаси қиз ҳаётида содир бўлса, худди ёши катта хотинларга фарз бўлганидек, ибодатларни адо этиш фарз бўлади.

Шайх Солиҳ ибн Фавзон ибн Абдуллоҳ Фавзон

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-05-2009, 09:36 PM
#9
Пок бўлгандан сўнгра келган сариқ ва жигарранг суюқликларнинг ҳукми

Савол: Пок бўлгандан кейин келган сариқ ва жигарранг суюқликларнинг ҳукми нима?
Жавоб: Хотинларнинг ҳайз ҳақидаги муаммолари, соҳили кўринмаган денгизга ўхшайди. Бу муаммоларнинг сабабчиси, ҳомиладорликнинг олдини олиш ва ҳайз қонинини кечикти-риш учун истеъмол қилинган дорилардир. Олдинги одамлар бундай муаммоларга дуч келма-ган эдилар. Тўғри, Одам алайҳиссалом яралганидан буён хотинларнинг муаммолари тугама-ган. Бу муаммоларнинг кўплиги олдида инсон ечим топиш учун, афсус чекиб, ҳайрон бўлиб қолади. Бироқ, умумий қоида борки, агар хотин киши ҳайздан пок бўлганини аниқ билса, яъни ҳайз тўхтаганидан сўнг хотинлар яхши билган оқ суюқлик келишини назарда тутмоқдаман, покликдан кейинги келган жигарранг ё сариқ рангдаги суюқликлар ёки «нуқта» ёхуд намлик каби нарсалар - ҳайз эмасдир. Булар намоз ўқиш, рўза тутиш ва эр билан қовушишдан тўса олмайди. Чунки улар, ҳайз қони эмасдир. Умму Атийя разияллоҳу анҳо: «Биз сариқ ва жигарранг (суюқликни) ҳайз ҳисобламас эдик» - деган. Буни имом Бухорий нақл қилган ва Абу Довуд унга: «Тоза бўлгандан кейин..» жумласини илова қилиб ривоят қилган. Бу ривоят силсиласи соғлом-саҳиҳдир.
Хулоса қилиб шуни айта оламизки, аниқ покликдан сўнгра келган нарсалар хотинга зарар қилмай, намоз ўқиши, рўза тутиши ва эрининг қовушишига монеъ бўлмайди. Бироқ, покли-гини аниқ билмагунича шошилмаслиги керак. Чунки, баъзи аёллар қон келиши секинлагани-ни кўришлари биланоқ, тўла покликни кўрмай, шошилиб, ғусл қилаверадилар. Шунинг учун ҳам саҳобаларнинг рафиқалари, истеъмол қилишган пахтани қони билан, кўриб беришлари учун, Оиша онамизга олиб боришар эди. Оиша онамиз эса: «Пахтани оппоқ кўрмагунингизча шошилманглар!» - дер эдилар (Аллоҳ улардан рози бўлсин!).

Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн раҳимаҳуллоҳ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Меҳмон   11-05-2009, 09:38 PM
#10
Пок бўлгандан сўнгра келган сариқ ва жигарранг суюқликларнинг ҳукми

Савол: Менинг одат кўришим олти кун давом этади. Бироқ, баъзи ойларда етти кунга ҳам ўтиб қолади. Мен покликни кўргач ғусл қилиб оламан. Бу поклик тўла бир кун давом этади-да, жигарранг тусда суюқлик келганини кўраман. Бунинг ҳукми қандай эканини билмаганим учун намоз ўқиш ё ўқимаслик, рўза тутиш ёки тутмаслик ва бошқа, Роббим олдидаги масъулиятим бўлган амалларимни қилиш ва қилмаслик ҳақида ўйланиб қоламан. Аллоҳ сизга савоблар берсин, йўл кўрсатинг, мен нима қилай?
Жавоб: Одат кунларингизни ва одат келадиган вақтни билсангиз, ўша пайт ичида кутиб туринг. Кейин эса рўза тутиб, намозни ўқийверасиз. Агар сариқ ва жигарранг тусдаги суюқлик келганини кўрсангиз намоз ва рўзангизда давом этаверинг. Покликнинг хотинлар биладиган ва «оппоқ пахта» деб аталган белгиси бордир. Агар хотин киши уни (яъни қўйилган пахтанинг оқлигини) кўрса, бу – ҳайз муддатининг интиҳоси ва поклик ибтидосининг белгисидир. Бундан кейин ғусл қилиш фарз бўлади ва намоз, рўза, (Қуръон) қироати каби ибодатларни қилиш мумкин.

Шайх Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон Жибрин

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Дунёда ғариб-нотаниш ёки йўловчидек бўл!» (Бухорий 6416).
Pages (5): 1 2 3 4 5   
  
Users browsing this thread: 6 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.