Admin   11-10-2009, 07:46 AM
#1
Умид (الرجاء) ва унинг далили

Умид қилишга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббисига бандалик қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин)» (Каҳф: 110).
«Бас, ким …. умидвор бўлса», яъни, Аллоҳ азза ва жалланинг ажру савоби ва Уни қиёмат куни ўз кўзи билан кўришидан умиди бўса, амали солиҳ қилсин! Ушбу истагига эришиши учун сабаб бўладиган ишларни қилсин! Ушбу истак – жаннатга кириб, жаҳаннамдан нажот топиш ва Аллоҳ таолонинг Юзига боқишдир. Чунки ушбу мукофотлар бир-бирига боғлиқ. Кимки жаннатга кирса, дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жаллани кўради: «Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин!» Бу эса қуруқ умид қилишни ўзи етарли эмаслигига далолат қилади. Балки амал ҳам шартдир. Аллоҳдан (ажру савобни) умид қилсангу, бироқ амал қилмасанг, бу сабабни чиппакка чиқаришдир. Мақтовга сазовор умид – у билан амали солиҳ ҳам бўлган умид. Қораланган умид эса у билан амали солиҳ бўлмаганидир. Амал солиҳ бўлиши учун икки шарт топилиши лозим:
Биринчиси: Аллоҳ азза ва жаллага ихлос.
Иккинчиси: Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш.
Амал ушбу икки шарт топилгандагина солиҳ-яхши бўлади. Аллоҳ таолонинг Юзи учун холис бўлиб, унда ширк бўлмаслиги ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига мувофиқ бўлиб, унда бидъат бўлмаслиги. Ушбу икки шарт топилганда амал солиҳ-яхши бўлади. Икки шартдан бирига путур етгани маҳал, ушбу амал барбод бўлиб, ўз эгасига фойда келтирмайди.
Ширк аралашган амал ўз эгасига қайтарилади. Шунингдек, бидъат аралашган амал ҳам ўз эгасига мардуддур. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бир амални қилса, бас, у рад этилгандир». Ушбу оятда ибодатлардан бири бўлмиш умид зикр қилинди. Ва у фақат амали солиҳ ила саҳиҳ-тўғри бўлади.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.