Abdulloh Salafiy   08-20-2009, 09:48 AM
#1
بسم الله الرحمن الرحيم
الحمد لله رب العلمين، و الصلاة و السلام على محمد وعلى آله وأصحابه أجمعين، أما بعد:

“Фотиҳа” сураси
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ (1)
الْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ (2)
الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ (3)
مَالِكِ يَوْمِ الدِّينِ (4)
إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ (5)
اهْدِنَا الصِّرَاطَ الْمُسْتَقِيمَ (6)
صِرَاطَ الَّذِينَ أَنْعَمْتَ عَلَيْهِمْ غَيْرِ الْمَغْضُوبِ عَلَيْهِمْ وَلَا الضَّالِّينَ (7)

1. Меҳрибон, Раҳмли Аллоҳ номи билан.
2-4. Оламлар Роббиси, Меҳрибон, Раҳмли, Жазо Кунининг Эгаси бўлган Аллоҳга мақтовлар бўлсин!
5. Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!
6. Бизларни Ўз тўғри йўлингга йўналтириб қўй.
7. Ғазабингга учраганлар (йўли) бўлмаган ҳамда адашганлар (йўли) ҳам бўлмаган, Сенинг Ўзинг уларга инъом қилган зотлар йўлига (йўллаб қўй).


“Бисмиллаҳ”, яъни Аллоҳ Таолонинг барча исмлари билан бошлайман. Чунки исм лафзи бирлик шаклидаги музоф бўлиб Аллоҳнинг барча гўзал исмларини ўз ичига олади. (Исмуллоҳ каби икки сўздан таркиб топган тўлиқмас гапга изофа таркиби дейилади. Шунда бу гапнинг “исм” сўзига музоф, “Аллоҳ” сўзига музофин илайҳи дейилади ва Аллоҳнинг исми деб таржима қилинади – таржимон изоҳи.)
“Аллоҳ” – сиғиниладиган, ибодат қилинадиган, ибодатга Унинг ёлғиз Ўзигина ҳақли бўлган зотдир.
“Ар-Роҳманир-Роҳийм” – ушбу икки исм шунга далолат қиладики, Аллоҳ Таоло - барча нарсаларни ўз ичига киритган ҳамда барча жонзотларни ўз ичига умумийлаштирган - буюк ва кенг раҳм Эгасидир. Аллоҳ Таоло ушбу раҳматини ўзининг пайғамбарлари ва элчиларига эргашувчи тақводорларга ёзиб қўйган. Бу зотларга бўлган Аллоҳ Таолонинг раҳмати мутлақо бўлиб булардан бошқаларга ундан баъзи насибалар етгувчидир.
Билинг, Аллоҳнинг исмлари ва сифатларига иймон келтириш Муҳаммадия умматининг салафлари ва имомлари иттифоқ қилган қоидалардан ҳисобланади. Сифатлар ҳукмлари мисоли шундайки: Аллоҳ Таоло Раҳмон, Раҳиймдир. Буларнинг маъноси Ул Зот Ўз-Ўзини сифатлаган раҳм Эгаси бўлиб бу раҳм раҳм қилинган (яратилган)ларга тааллуқлидир. Аллоҳ неъматларининг бари Унинг раҳмати асоратидан. Аллоҳ Таолонинг бошқа исмларининг ҳукми ҳам шундай. “Ал-Алийм” борасида айтиладики, Аллоҳ Таоло илм эгаси бўлган алийм-ўта илмли зот барча нарсаларни билади. Ул Зот қодийр, барча нарсаларга қодир бўлган қудрат эгасидир.
“Алҳамдуллилаҳ”. Комил сифатлар билан Аллоҳни мақташ, сано айтиш. Ҳамда Аллоҳнинг фазли ва адолати орасида айланиб турувчи феъллари билан Ул Зотга ҳамдлар айтиш. Шундай экан, барча жиҳатлардан Аллоҳ Таолога комил мақтовлар бўлсин.
“Роббил-ааламийн”. Роб барча оламларни тарбия қилувчи маъносини англатади. Аллоҳдан бошқасига оламлар дейилади. Аллоҳ Таоло оламларни яратиши, уларга асбоб-олатларни ҳозир қилиши ва улуғ неъматларни уларга инъом қилиши билан тарбия қилади. Шундай неъматлар биланки, агар шу неъматларни йўқотиб қўйишса, уларнинг дунёвий бақолари мумкин бўлмай қолади. Шундай экан, халқларга нима неъмат келган бўлса, фақат ва фақат Аллоҳ томонидан келган.
Аллоҳ Таолонинг халқига бўлган тарбияси икки турли бўлади. Оммавий ва хос тарбия.
Оммавий тарбия Аллоҳнинг махлуқотларини яратиши, уларга ризқ бериши ҳамда уларнинг дунёвий бақоларида ўзларига фойдали бўлган ишларга уларни йўллаб қўйиши.
Хос тарбия Алллоҳнинг Ўз дўстларини тарбия қилиши. Аллоҳ уларни иймон билан тарбия қилади, уларга иймон тавфиқини беради, уларнинг иймонларини тўлиқ қилади (ёки уларни комил инсонларга айлантиради), қийинчиликларни ҳамда улар билан Ул Зот орасини тўсиб қўйгувчи тўсқинликларни улардан даф қилади. Тарбиянинг ҳақиқати ҳар бир яхшиликка муваффақ қилиш ва ҳар бир ёмонликдан сақлаш тарбиясидир. Пайғамбарлар ўз дуоларидаги “робб” лафзини кўпроқ эсга олишдаги сир балки мана шу маънодан келиб чиққан. Чунки уларнинг талаб қилган нарсалари Аллоҳнинг хос тарбияси остига дохил бўлади.
Аллоҳнинг “Роббил-ааламийн” сўзи Ул Зотнинг яратиш, бошқариш ва неъматлар беришида ёлғизлигига ҳамда комил суратда беҳожат бойлигига, ва оламлар ҳар қандай жиҳатдан Ул Зотга тамоман муҳтож эканлигига далолат қилади.
“Маалики-явмиддийн”. Молик – мулк эгаси сифати билан сифатланган Зот. Шундай Моликки, буюриш, қайтариш, савоб бериш ва азоблаш Унинг асоратидан. Бундан ташқари Молик эгалик қилганларини Қиёмат куни бўлган жазо кунида ҳар қандай турдаги тасарруф-хўжайинлик турлари билан тасарруф қилади. У кунда одамлар амалларининг яхшиси ва ёмонига қараб жазоланади (яъни яхшисига мукофот олади, ёмонига азобланади). Зеро у кунда халқ учун (барча-барча нарсалар) очилиб равшан бўлади. Аллоҳнинг комил суратда Молик эканлиги, Ул Зотнинг адолати ва ҳикмати очиқ кўринади. Халқларининг подшоҳларидан узилишлари зоҳир бўлади. Ҳатто у кунда подшоҳлар ва уларнинг қўл остидагилари, қуллар ва озод инсонлар тенг бўлади. Уларнинг барчалари Аллоҳнинг улуғлиги олдида ўзларини паст тутган, Унинг иззати олдида камтарин бўлган ҳолларида Унинг мукофот ёки жазо беришига интизор бўладилар. Ул Зотнинг савобини умид қилувчи, азобидан қўрқувчи бўлиб мунтазир бўладилар. Шунинг учун Аллоҳ “жазо кунининг Молики” деб хос зикр қилди. Ҳолбуки, Ул Зот жазо кунининг ҳам ва ундан бошқа кунларнинг ҳам Моликидир.
“Ийяака наъбуду ва ийяака настаъийн”. Яъни, Сенинг Ёлғиз Ўзингни ибодат қилиш ва ёрдам сўрашда хослаймиз. Чунки “ийяака” олмошини феълдан олдин зикр қилиниши маънони чеклайди. Гўё айтаётган бўладики, Сенга ибодат қиламиз, Сендан бошқага ибодат қилмаймиз. Сендан ёрдам сўраймиз, Сендан ўзгадан ёрдам сўрамаймиз. Олмошнинг аввал зикр қилиниши мана шу ҳукмни исботлаб бундан бошқа маънони йўққа чиқаради.
Ибодатнинг истиъонат-ёрдам сўрашдан олдин қўйилиши умумийни хосдан олдин қўйиш боби-услубидандир. Бундан ташқари Аллоҳ Таолонинг ҳаққини банданинг ҳаққидан олдин қўйишга аҳамият қаратишдир. Ибодат кўп маъноларни ўз ичига олган сермазмун исм бўлиб, маъноси Аллоҳ яхши кўрадиган ва рози бўладиган сиртки ва ички амаллар ва сўзлардир. Истиъонатнинг маъноси фойдаларни жалб қилиш ва зарарларни даф қилишда Аллоҳ Таолога суяниш ҳамда сўралган ёрдамнинг ҳосил бўлишига қатъий бўлган ишончдир.
Аллоҳга ибодат қилиш ва Ул Зотдан ёрдам сўрашни барпо қилиш абадий бахт-саодат ва барча ёмонликлардан нажот топишга олиб борадиган ягона восита-йўлдир. Мана шу икки нарсани барпо қилмасдан нажот топишга олиб борадиган бошқа бирор бир йўл йўқдир. Ибодат фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олинган бўлиб у билан Аллоҳнинг Юзи ирода қилинганидагина ибодат ҳисобланади. Мана шу икки шарт билангина ибодат тўғри бўлади. Истиъонат ибодат маъносига кирса-да, ундан кейин алоҳида зикр қилинди. Бунинг сабаби банда барча ибодатларида Аллоҳ Таолодан ёрдам сўрашга муҳтождир. Агар Аллоҳ унга ёрдам бермаса, буйруқларни бажариш ва ҳаромлардан тийилиш ишлари бандада ҳеч қачон ҳосил бўлмайди.
Кейин Аллоҳ Таоло “иҳдинас-сиротол-мустақийм” деди. Яъни (Эй Аллоҳ), бизни сироту мустақиймга йўллагин, иршод қилгин ва муваффақ айлагин. Сиротол-мустақийм Аллоҳга ва Унинг жаннатига олиб боргувчи ойдин йўлдир. Бу - ҳақни билиб унга амал қилиш. Шундай экан (эй Аллоҳ), бизни сиротга ва сирот ичида (юришимизда) ҳидоят қил. Сиротга бўлган ҳидоятнинг маъноси Ислом динини лозим тутиш ва ундан бошқа динларни тарк этишдир. Сирот ичидаги ҳидоятнинг маъноси диний барча илм ва амалларнинг тафсилотларига бўлган ҳидоятни ўз ичига олади. Ушбу дуо дуоларнинг энг сермазмуни ва афзали ҳамда банда учун энг фойдалисидир. Шунинг учун ҳам инсоннинг намоздаги ҳар бир ракаатида Аллоҳ Таолодан мана шуни сўраши вожибдир. Зеро бу бандага энг зарур бўлган дуодир.
Сиротул-мустақийм бу шундай йўлки, Сен уларга инъом қилган зотларнинг йўлидир. Булар пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлардир. Ҳақни билиб тарк этган яҳудлар ва улар каби ғазабга дуч келганларнинг йўлига йўлламагин. Ҳамда жаҳолат ва залолат устида ҳақни тарк этган насоролар ва улар каби адашганларнинг йўлига ҳам йўлламагин.

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши ваъз билан чақир, ҳамда улар билан энг гўзал услубда баҳс қилгин» (Наҳл: 125).
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).
Admin   12-07-2013, 07:09 PM
#2
«Ҳамду сано барча оламларнинг Робби бўлмиш Аллоҳ учундир» (Фотиҳа: 2).

Ушбу оят Қуръонда «Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим»дан кейин турадиган аввалги оятлардан. Ва у жаннат аҳлининг охирги айтадиган сўзларидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Охирги тилаклари эса барча оламлар Роббиси – Аллоҳга ҳамду сано айтишдир» (Юнус: 10). Аллоҳ азза ва жалла яратишни ушбу калима билан очди-бошлади ва ушбу калима билан якунлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ҳамду сано осмонлар ва ерни яратган, зулматлар ва нурни таратган Аллоҳ учундир» (Анъом: 1). «(Зеро), уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «ҳамду сано барча оламларнинг Роббиси бўлмиш Аллоҳ учундир», дейилди» (Зумар: 75). Демак, холқ-яратишни ушбу калима билан бошлаб ва яна ушбу калима ила тугатди. Чунки бу улуғ бир калимадир.
Аллоҳ таолонинг: «Ал-ҳамду», қовлига тўхталадиган бўлсак, У Зотга муҳаббат қўйиб ва улуғлаган ҳолда барча неъматлари учун олқиш айтишдир. «Ал-ҳамду»даги «ал», мутлақ барча мақтов-олқишлар Аллоҳга хосдир ва У бунга лойиқдир маъноларини ифодалайди. Ундан ўзгаси эса қилган яхшилигига қараб мақталади. Аммо мутлақ ва тамомий маънодаги мақтов, у фақат Аллоҳ азза ва жалла учундир. Чунки неъматнинг бари У томондан (ато қилинган).
Ҳатто махлуқ ҳам сизга бирор яхшилик қиладиган бўлса, у ҳам Аллоҳ азза ва жалла ҳузуридандир. Чунки У Зот ушбу махлуқни сизга (яхшилик қилишига) бўйинсундириб қўйди. У Зот унга сизга яхшилик улашишига имконият-иқтидор берди. Демак, натижада барча мақтов-олқиш Аллоҳга қайтади.
«Ал-ҳамду лиллаҳи» қовлидаги «Аллоҳ» лафзи жалолага келсак, барча махлуқотлари устидан улуҳият ва рубубият хислатларига эга зот маъносидадир. Ушбу исм билан У субҳанаҳудан Ўзгаси номланмайди. Ҳатто Фиръавн ҳам: «Мен Аллоҳман», демаган, балки: «Мен Роббингизман», деган. Ушбу исм фақат Аллоҳгагина хосдир. Бирор киши ушбу ном билан номланмайди ва журъат қилиб: «Мен Аллоҳман», деёлмайди.
Демак, барча мақтов ва олқиш оламларнинг Роббиси Аллоҳ учун экани аниқ-равшан бўлди.
Малоика, қуш, йиртқич, ҳашарот ва Аллоҳнинг Ўзигина ададини биладиган қуруқлик ва денгиздаги барча оламларнинг Роббиси Аллоҳдир.
«Оламларнинг Роббиси», ушбу сифат фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун қўлланилади. Бирор кишига нисбатан: «Оламларнинг Роббиси», деб айтилмайди.
«Ар-Роб», деб маърифа (аниқлик артикли)да фақат Аллоҳга нисбатан қўлланилади ва Ундан бошқасига нисбатан айтилмайди. Махлуқ эса: «Роббуддар» (ҳовлининг робби-эгаси) ёки «Роббул баҳийма» (чорванинг робби-эгаси), деб бирор нарсага изофа ўлароқ ишлатилиши мумкин ва шунда ҳам роб калимаси эга, хўжайин маъноларини ифодалайди.

Admin   12-07-2013, 07:46 PM
#3
«Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз» (Фотиҳа: 5).

Ушбу оят қайд-чекловни ифодалайди. Чунки асли (жумлада) кейин келиши лозим бўлган –«اياك» («Сенгагина») - аввал келишлиги ва асли (жумлада) аввал келиши лозим бўлган – «نعبد» («Ибодат қиламиз») - кейин келишлиги чекловга далолат қилади. Демак, «اياك نعبد» («Сенгагина ибодат қиламиз») «نعبدك» («Сенга ибодат қиламиз») жумласидан батамом фарқ қилади. Сабаби «نعبد» («Ибодат қиламиз») жумласида фақат исбот мавжуд. Бироқ «اياك نعبد» («Сенгагина ибодат қиламиз») оятида эса нафий ва исбот бор. Яъни, Сендан Ўзгага ибодат қилмаймиз. Ибодат фақат нафий ва исбот билан тўғри бўлади. Ва у «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг ҳам маъносидир. Ушбу тавҳид калимасида ҳам нафий ва исбот бор бўлиб, улуҳиятни Аллоҳдан Ўзгасидан рад этиб, уни Аллоҳ азза ва жалла учун исбот қилмоқликдир.

  
Users browsing this thread: 2 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.