Умар родияллоҳу анҳу жоҳилият даврида қизини кўмиб юборганми?
Барча ҳамдлар Аллоҳнинг Ўзигагина муносибдир. Аллоҳ Набийимиз ва Ҳабибимиз бўлган Муҳаммадга, У кишининг аҳлига ва саҳобаларига ҳамда уларга яхшилик билан эргашувчиларга саловот-у саломлар йўлласин.
Сўнгра…
Бугунги кунимизда Умар родияллоҳу анҳуни сийратларини ўргатувчи китоблар ва марузаларда Умар родияллоҳу анҳуга нисбатан баъзи бўҳтонларни нисбат берилишлигини гувоҳи бўламиз. Ушбу туҳматлардан энг машхури у кишининг қизларини жоҳилият даврида қавми орасида уят ва ор деб билган холда кўмиб юборганларидир.
Эмишки: У киши родияллоҳу анҳу баъзи саҳобалар билан ўтиришар экан, жоҳилиятдаги баъзи амалларни эслашди. Уларни эслаганда Умар кулди сўнгра йиғлади. Шу ердагилардан бири нега кулиб сўнгра йиғлаганларини сўради. Умар эса: «Биз жоҳилият даврида бир-бирига чапланган хурмодан бут-санам ясаб, унга ибодат қилардик. Сўнгра уни еб қўярдик. Мана шу кулгуйимнинг сабабидир. Йиғлаганимнинг сабаби эса, мени бир қизим бўлар эди. Уни кўммоқчи бўлиб ўзим билан бирга олиб йўлга тушдим. У учун бир чуқур қазидим. У эса соқолимдаги сачраган тупроқни тозалаб қўярди. Кейин уни тириклайин кўмдиб юбордим», дебдилар.
Бу жуда кўп минбар ва эшиттиришлар ҳамда китоблар орқали айтиб берилган қисса. Лекин бу ривоятнинг қанчалик саҳиҳлиги ҳақида кўпчилигимиз бехабармиз.
Тўғри, бу амал жоҳилият даврида содир бўлар эди. Бу ҳақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таъало Қуръонда хабар бериб айтади: «Фарзандларини пасткашлик, илмсизлик ила қатл қилганлар ҳамда Аллоҳ уларга ризқ қилиб берган нарсаларни манъ қилганлар ҳасрат-зиёнкорликда қолдилар. Батаҳқиқ, улар залолатга кетдилар ва ҳидоятга юрувчилардан бўлмадилар» (Анъом 140-оят). Яна Аллоҳ Таъало деди: «Тириклайин кўмиб юборилган қизлар ҳақида, «Қайси гуноҳи учун ўлдирилди?», деб сўралганда…» (Таквир 9-оят).
Аммо Умар родияллоҳу анҳу баъзи қизларини кўмиб юборгани ҳақидаги ривоятлар саҳиҳ бўлмаган ва ботил ривоятлардир. Маълумки, Умарнинг биринчи аёли Усмон ва Қудоманинг синглиси Зайнаб бинти Мазъум эди. У унга Ҳафсани туғиб берди. Шундан сўнг у Абу Ҳафса – Ҳафсанинг отаси деб аталадиган бўлди. Зайнабдан яна Абдуллоҳ ва катта Абдурраҳмон дунёга келди. Ибни Касир роҳимаҳуллоҳнинг «Ал-бидая ван ниҳая»ларида келтирилганидек: Воқидий, Ибни Калбий ва улардан бошқалари айтишди: «Умар жоҳилият даврида Усмон ибн Мазуъмнинг синглиси Зайнаб бинти Мазъумга уйланди. У унга Абдуллоҳни, катта Абдурраҳмонни ва Ҳафсани туғиб берди. Аллоҳ Улардан рози бўлсин».
Умар родияллоҳу анҳу ҳақида «Мустадрок»да ва бошқа китобларда келганидек, Ҳафса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар этиб юборилишларидан беш йил муқаддам туғилган: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юборилишларидан беш йил олдин Ҳафса туғилди ва Қурайш аҳли (унга) уй қуриб берди».
Ҳафса Умарнинг энг катта қизи эди, уни кўммади. Нега энди ундан кичикларини кўмар экан? Набодо ундан кичикларни кўмган бўлса ҳам дейлик, нега уни яқинларидан бирортасидан бу ҳақида хабар келмаган ва муҳаддислар бу ҳақида бирор нарса топишмаган? Нега бу ҳақида Ҳафсадан ва ундан кичик қизларидан, синглисидан ҳеч қандай маълумот келмаган?
Агар Умар родияллоҳу анҳу бу амални жоҳилиятда қилган бўлса ҳам, Исломда бўлганида унга таъна ва мазаммат қилинмайди, жирканч рофизалар каби саҳобаларни ҳақорат қилинмайди. Чунки Ислом – ўзидан аввалги гуноҳларни каффорат қилиб юборади. Бу ривоятнинг зоҳири эса уйдурмадир.
Ушбу Умар қизини тириклайин кўмиб юборгани ҳақидаги қиссанинг саҳиҳ эмаслигига, уни Умарга нисбат беришликнинг нотўғри эканлигига аниқликлар киритиб ўтамиз:
1 – Бу ҳақида Китоб ва Суннатда, асар ва тарих китобларида ворид бўлмаган. Бу ривоят аввалида фақатгина жирканч рофизалардан бирор бир ҳужжатсиз, ёлғондан улдурилган, тўқилган кўйда ривоят қилингандир.
2 – Қизларини кўмиб юборишлик Бани Одий ва бошқа қабилаларда тарқалган амалдир. Умар ибн Хаттоб эса Қурайшда туғулиб ўсган. Унинг қизи Ҳафса эса Нубувват келишидан беш йил бурун туғилган ва Ислом келганидан кейин иймон келтирган ҳамда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиққанлар родияллоҳу анҳумо. Умар уни ўлдирмаган. Шубҳасиз далолат қилиб турибдики, бу жоҳилият даврида Умарнинг одатидан бўлмаган. Ҳофиз ибн Ҳажарнинг «Исоба»(7/582)ларидан мўминларнинг онаси Ҳафса бинти Умарнинг таржимаи ҳолинига қаранг.
3 – Мўминларнинг амири Умар бин Хаттоб родияллоҳу анҳунинг қизини кўмиб юбормаганларига далолат қилувчи яна бир ривоят, Нўмон ибн Башир родияллоҳу анҳудан келган. У дейди: «Умар бин Хаттобдан эшиттим, у «Тириклайин кўмиб юборилган қизлардан сўралганда…» (Таквир 8-оят) ояти ҳақида сўралди. У айтди: «Қайс ибн Осим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: «Мен жоҳилият даврида саккизта қизимни кўмиб юборганман», деди». (Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга): «Ҳар биридан биттадан қул озод қил», дедилар. У «Мен туялар соҳибиман (туя инфоқ қилсам бўлмайдими?)», деди. У киши: «Хохишинг. (Ундай бўлса) ҳар биридан биттадан қиз туя бергин», дедилар.
(Барроз (1/60), Табароний «Муъжамул кабийр»(18/337)да ривоят қилди. Ҳайсамий «Муъжамуз завоид»(7/283)да: «Ҳусайн ибн Маҳдий Ал-айлийдан ташқари Барроз кишилари саҳиҳ кишилардир. У эса ишончлидир», деди. Ҳамда Албоний «Силсила ас-саҳиҳа»да 3298-рақамда саҳиҳ деди.)
Умар ибн Хаттоб родияллоҳу анҳунинг ушбу ривоятидан далолат қиладики, кимки жоҳилият даврида қизини тириклайин кўмиб юборган бўлса, у каффорат беришлиги керак. Буни Умарнинг ўзи Қайс ибн Осимнинг амали билан ривоят қилди. Ўзи эса каффорат бермади. Шунинг учун ҳам қизини тириклайин кўмиб юборишлик жиноятини Умар ибн Хаттобга нисбат беришлик бўҳтондир.
4 – Жоҳилият давридиги қилинган ёмон амалларнинг бари, Исломга дохил бўлишлик билан мағфират қилинади. Улар қайтадан эсланиб, мазаммат қилинмайди. Аллоҳ таъало Ўзининг чексиз фазли ила ҳамма гуноҳларни, ҳаттоки куфр ва ширкни ҳам ҳам кечириб юборганидан кейин, бошқа гуноҳлар ҳақида нима дейишлик мумкин? Хўп, Умар жоҳилиятда қизини уят ва ор санаб кўмиб юборган ҳам дейлик, шубҳасизки унинг бу гуноҳини Исломдан кейин Аллоҳ тааъло кечирилиб юрорар эди. Бироқ у бундай қилмаган. Шунинг учун бу ривоят саҳиҳ деб олиб қаралганида ҳам Умарни бу жиноятда айблаб бўлмайди. Аллоҳ ундан ва барча саҳобалардан рози бўлсин!
Аллоҳ Набийимиз Муҳаммадга, У кишининг аҳли-оиласига ва саҳобаларига ҳамда уларга яхшилик билан эргашувчиларга саловот-у саломлар йўлласин!
This post was last modified: 07-30-2014, 09:44 PM by Меҳмон.