Ва алейкумус салам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ
“ الجنة تحت أقدام الأمهات , من شئن أدخلن , و من شئن أخرجن “
«Жаннат - оналар оёғи остидадир. (Қайси она фарзандини) хоҳласа киргазади, хоҳласа чиқариб юборади».
Ҳадиснинг ушбу лафзи тўқимадир. Шайх Албоний «Силсила аз-зоифия вал мавзуъа» (58/2) да «мавзуъ» дедилар. Ровийлардан Мусо ибн Муҳаммад ибн Ато, Уқайлий роҳимаҳуллоҳ «Зуафо»ларида айтганларидек - «каззоб», ҳадис эса «мункар»дир. Ибн Тоҳир ровийлардан бўлган:
«Мансур ва абу Назр нотанишдир, ҳадис эса мункардир», дедилар. Хотиб «Жомеъ»да, Муновий «Файзул Қодир»ида ибн Тоҳир роҳимаҳуллоҳнинг сўзларини келтиришган. Яна бир қанча муҳаддислар ушбу ҳадиснинг мункарлигини ўзларининг заиф ва тўқима ҳадислар тўпланган китобларида қайд этишган.
Аммо шу лафзга яқин маънода, Муовия ибн Жаҳимадан бир ҳадис бор:
Муовия Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ғазотда иштирок этишлигини сўраб келганида, у киши уни онасини сўрайдилар. Муовия онасини ҳаёт эканлигини айтганда, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
فالزمها فإن الجنة تحت رجليها
«У (онангни) лозим тутгин. (Чунки) Жаннат - унинг икки оёғи остидадир», дедилар.
Насаий, Табароний ривоят қилди. Ҳоким (151/4 да) саҳиҳ деди. Унга Заҳабий мувофиқ келди ва Мунзирий (214/3 да) тасдиқлади.