Admin   02-19-2011, 01:03 PM
#1
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ибодатда Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди

Иккинчи масала: Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди.
Ушбу масала биринчи масалага боғлиқдир. Биринчиси: Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишни вожиб экани ҳақида эди. У шаҳодат калимаси бўлмиш «Ла илаҳа илллаллоҳ Муҳамадур Расулуллоҳ»нинг маъносидир. Иккинчи масала эса: Ибодатга ширк оралар экан, у асло қабул қилинмайди. Чунки ибодат Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис бўлмоқлиги шартдир.
Кимки Аллоҳга ва Ундан ўзгасига ҳам ибодат қиладиган бўлса, бас, ибодати ботилдир. У ибодатнинг бор ёки йўқлиги ўртасида фарқ йўқ. Чунки ибодат фақатгина ихлос ва тавҳид билангина фойдали бўлади. Унга ширк оралайдиган бўлса бекор бўлади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Дарҳақиқат, сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!»» (Зумар: 65).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88). Ибодат фақат тавҳид билангина ибодат деб аталади. Худди намоз фақат таҳорат билангина намоз деб аталгани каби. Ибодатга ширк оралайдиган бўлса уни барбод қилади. Худди таҳоратга, таҳоратни бузувчи бирор амал оралаганда, уни бузиб, барбод қилгани каби. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло кўплаб оятларда ибодатга бўлган буйруқ билан ширкдан қайтарувни жамлаб, бир ўринда зикр қилади.
Аллоҳ таоло айтадики: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36). Ва яна шундай деди: «Ҳолбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга …. буюрилган эдилар» (Баййина: 5). Ва яна шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё: 25). Аллоҳ таолонинг: «Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ», деган қовлида икки нуқта бор: ширкни рад этиш ва ибодатни Аллоҳ таолога исбот қилиш.
Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй инсон), Роббинг, сизларга ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни амр этди» (Исро: 23). Ва яна айтдики: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут (шайтон)дан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36). Аллоҳ таоло (ушбу оятда) Ўзига ибодат қилиш билан тоғут-шайтондан йироқ бўлишни ёнма-ён эслаб ўтди. Чунки ибодат тоғут-шайтондан йироқ бўлиш ила ибодат бўлади. Тоғут-шайтон – ширкдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Бас, ким тоғут-шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256).
Аллоҳга бўлган иймон тоғутдан юз ўгириш билангина етарли-кифоя бўлади. Акс ҳолда, мушриклар ҳам Аллоҳга иймон келтирардилар. Бироқ Унга ширк ҳам келтирардилар. «Уларнинг кўплари Аллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар» (Юсуф: 106). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло уларда Аллоҳга бўлган иймон бор экани, бироқ улар уни ширк келтириш билан барбод қилганликларини баён қилди, Аллоҳ сақласин.
Ана шу шайх раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари маъноси эдики, кимда-ким Аллоҳга ибодат қилиб, Расулга итоат қилса, у Аллоҳга бирор нарсани шерик қилмайди. Чунки Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббилари азза ва жалладан ривоят қилган (ҳадийси қудсийда) шундай дедилар: «Аллоҳ таоло: «Мен шерикларни шериклик қилинмоғидан ниҳоятда Беҳожат Зотман. Кимки бирор амал қила туриб, Мендан Ўзгани унда (ўша амалида) Менга шерик қиладиган бўлса, ўзини ҳам, ширкини ҳам тарк этаман», деди» (Муслим (2985) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Бироқ шундай бир қавмга гувоҳ бўламизки, намоз ўқиб, Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир, дея кўп маротаба гувоҳлик берадилар. Рўза тутиб, ҳаж қиладилар. Бироқ қадамжоларга дуо ҳам қиладилар. Ҳасан, Ҳусайн, Бадавий ва фалончи-ю пистончиларга ибодат қилиб, ўликлардан ўтиниб ёрдам сўрайдилар. Уларнинг ибодатлари ботил-барбоддир. Чунки улар Аллоҳ азза ва жаллага ширк келтириб, ибодатни ширкка булғадилар. Аллоҳ азза ва жаллани (ибодатда) яккалаб, ибодатни У Зот учун холис қилиб, Ундан Ўзгасига сиғинишни тарк этгунларигача бутун қилган амаллари ботил ва ҳабата бўлгандир.
Акс ҳолда бирор натижага эриша олмайдилар. Демак ушбу ишга аҳамият қаратмоқ лозимдир. Чунки Аллоҳ таоло ибодатда, Ўзига бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Бирор киши айтмасинки: мен ушбу авлиё, (ўтган) солиҳ ва яхши одамларни шафоатчи бўлармикинлар дегандим. Мен жоҳилиятда бўлгани каби бут-санамларга ибодат қилмайман. Мен фақатгина ўша зотлар шафоатчи бўлармикинлар дегандим, уларга ибодат қилмайман. Биз унга айтамизки: ушбу сўз, Аллоҳнинг ҳузурида шафоат қилармикинлар деб (ўтган) солиҳ зот ва авлиёларга ибодат қиладиган жоҳилият аҳлининг ҳам сўзи эди. Аллоҳ таоло бунга асло рози бўлмайди.
Хоҳ яқин фаришта ёки юборилган элчи-пайғамбар бўлсин.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Хоҳ яқин фаришта ва юборилган элчи-пайғамбар бўлсин», деган қовлларига тўхталсак, яқин фариштадан мурод малоикаларнинг энг афзали: Жаброил алайҳиссалом, Аршни кўтариб турувчи ва унинг атрофидаги, ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога яқин бўлган (бошқа) фаришталари кабидир. Ушбу фаришталарнинг қилган ибодатлари ва тутган ўринлари Аллоҳ азза ва жаллага нақадар яқин эканига қарамай, бирор киши ибодатда буларни Аллоҳга шерик қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло Ўзига на яқин фариштани ва на Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Ийсо, Нуҳ ва Иброҳим (алайҳимуссалом) каби улул азм бўлган пайғамбарларни шерик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Демак, Ўзига бирор кишини шерик қилинмоғига рози бўлмайди. Агарчи фаришталарнинг ёки инсониятнинг энг афзали бўлса ҳам.
У Зот фаришта ва пайғамбарлардан иборат бирор кишини Ўзига шерик қилинмоғига рози бўлмаётган экан, энди улардан бошқа-қуйи авлиё ва солиҳ зотлар ҳақида нима дейсиз?! Фаришта ва элчилардан бошқаларини Аллоҳ таолога ибодатда шерик қилинмоғидан У Зотнинг рози эмаслиги авлороқ бобдандир. Ушбу сўз, солиҳ зот ва авлиёларга ибодат қилиб, улар бизни Аллоҳга бироз бўлса-да яқинлаштирадилар, деб даъво қиладиганларга раддиядир. Жоҳилиятдагилар ҳам шундай дегандилар: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз» (Зумар: 3). Ўша мушриклар ҳам ушбу санамлари бирор нарса яратмайди, ризқ бермайди, тирилтириб, ўлдириш ва қайта тирилтиришга эга эмас, деб эътиқод қилардилар. Балки ибодатлари ила Аллоҳ билан ўзлари ўртасида (ушбу ўтган солиҳ зотлар) восита вазифасини ўтармикинлар, деб мақсад қилардилар. Шунинг учун уларга яқин бўлайлик дея ибодат қилиб, қабрлар учун жонлиқ сўйиб, назр атардилар ва ўликлардан ўтиниб ёрдам сўраб, уларга (истакларини сўраб) хитоб қилардилар.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18).
Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, шериклик қилинмоғига асло рози бўлмайди. Ушбу сўз Қуръон ва Суннатда очиқ баён қилингандир. Бироқ (ушбу далиллар) ақл юргизиб, тадаббур қилган ҳамда кўр-кўрона тақлид қилиш ва пуч сабабларни ушлаб олишни ташлаб, ўзи ҳақида қайғурган кишига кор қилади. Аллоҳ таоло бирор кишини, ким бўлишидан қатъий назар, Ўзига шериклик қилинмоғига асло рози бўлмаслигига далил ушбу оятдир: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир. Бас, (масжидларда) Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» Масжидлар Аллоҳнинг уйи бўлиб, намоз учун ҳозирланган ўринлардир ва Аллоҳга энг суюкли жойдир. Ушбу уйларда Аллоҳ таоло Ўз исми баралла айтилиб, зикр қилинмоғига изн бергандир. Ушбу масжидлар Аллоҳнинг якка Ўзига ибодат қилинадиган ўринлар бўлмоғлиги вожиб бўлади. У ерда Аллоҳдан Ўзгаси учун бирор нарса содир бўлмаслиги, қабр ва қадамжолар қурилмаслиги лозим. Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишни қилганларга лаънат айтиб, бу яҳуд ва насороларнинг иши эканини хабар берганлар. Ва бизни бундай ишлардан ҳаётларининг сўнги дамларида, вафот этар чоғларида ушбу қовллари билан қайтарганлар: «Огоҳ бўлингизким, сизлардан олдингилар қабрларни масжид қилиб олишганди (ушбу сўзларни вафот этаётиб айтгандилар), огоҳ бўлингизким, қабрларни масжид-саждагоҳ қилиб олманглар. Мен сизларни бундан қайтараман» (Муслим (532) Жундуб ибн Абдуллоҳ ал-Бажалий розияллоҳу анҳудан ривоят). Ва яна соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Яҳуд ва насороларга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, пайғамбарларининг қабрларини масжид-саждагоҳ қилиб олдилар» (Бухорий (435, 436), Муслим (531) Оиша ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумолардан ривоят қилишди).
Масжидлар ширк ва бутпарастлик доғларидан покланишлиги, қабрлар устига масжид бино қилинмаслиги ва (аксинча) масжид қурилгач у ерга ўлик дафн қилинмаслиги лозим. Балки ёлғиз Аллоҳга ибодат қилиш ўрни бўлиб, намоз адо этилиб, Аллоҳнинг Исми зикр қилиниб, Қуръон тиловат қилинмоғлиги, фойдали дарслар уюштирилиши ва ибодат қилиш учун эътикоф ўтирилмоқлиги лозимдир. Ана шу масжидларнинг вазифасидир.
Масжидларга Аллоҳдан Ўзга ибодат қилинадиган бут-санамлар қўйилиши билан улар энди масжид бўлмайди. Балки ширк ўринлари бўлади, агарчи уни масжид-саждагоҳ деб номласалар-да. Чунки Аллоҳ таоло айтадики: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», яъни, Ундан Ўзгасиники эмас. Чунки масжидлар одамлар тўпланадиган ва бир-бирлари билан юз кўришадиган ўриндир. Демак, ширк, бидъат ва хурофотлардан покланмоқлиги вожиб бўлади. Энди одамлар масжидда ширкдан бўлган бирор нарсага кўзлари тушса, бундан таъсирланишади-да кейин ушбу иш оммавий тус олади. Шу сабабли ҳам масжидлар ширкдан пок бўлмоқлиги даркор.
Энг улуғ масжид – масжиди ҳаромдир. Аллоҳ таоло ушбу масжидни пок тутишга буюриб, шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), эсланг, Биз Иброҳимга Байтуллоҳнинг ўрнини (ўша уйга қараб ибодат қилиши ва уни обод қилиши учун) белгилаб бериб, (унга шундай деган эдик): «Сен Менга бирон нарсани шерик қилмагин ва Менинг байтим-уйимни тавоф қилгувчилар қиём (яъни, намозда тик-ғоз туриш), рукуъ, сажда қилгувчилар (яъни, ўша жойда намоз ўқигувчилар) учун пок тутгин!» (Ҳаж: 26). Аллоҳ таоло (Иброҳим алайҳиссаломни, байтуллоҳни) нималардан пок тутишга амр этди? Ширк, бидъат ва хурофотлардан пок тутишга амр этди, худди нажосат ва ифлосликлардан пок тутилгани каби.
Аллоҳ таолонинг: «Дуо-илтижо қилманглар!», деган қовлидан мурод: Эй инсонлар Аллоҳ билан бирга яна бирор кишига дуо қилиб, ўтиниб ёрдам сўраб, мана бунга ўхшаш сўзларни айтманглар: Эй Аллоҳ, эй Муҳаммад. Ё Аллоҳ, ё Абдулқодир ёки ё Абдулқодир, ё Муҳаммад… Аллоҳ таоло буларга асло рози бўлмайди ва қабул ҳам қилмайди.
Аллоҳ таолонинг: «Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага», деган қовлидан мурод: «Бирон кимсага», инкорий маънодаги жумлада накира-ноаниқ артиклда келиши билан умумни ифодалайди. Яъни, бирор киши истисно қилинмайди. На яқин фаришта, на жўнатилган элчи-пайғамбар, на бут-санам, на қабр, на шайху эшон, на валий, на тирик ва на ўлик.
Демак, Аллоҳдан Ўзга дуо-илтижо қилинадиган барча нарсани ўз ичига олади. «Аллоҳ билан бирга яна бирон кимсага дуо-илтижо қилманглар!» (Жин: 18). Ушбу оят, ибодат фақат тавҳид билан бўлгандагина фойдали бўлиши, ибодатга ширк оралагани заҳоти уни барбод қилиб, ушбу амал эгасига муваффаққиятсизлик бўлишига далолат қиляпти. Сўнг Аллоҳ таолонинг ушбу: «Албатта (барча) масжидлар Аллоҳникидир», қовли шунга далолат қиладики, масжидлар холис бир ният ила қурилмоғи лозим. Масжид қуришдан мақсад биров эшитсин ёки кўрсин ё бўлмаса номим кейинчалик ҳам тилга олинадиган бўлсин ва ушбу масжид исломий осор-ёдгорлик бўлиб қолсин, бўлмаслиги даркор. Ушбу мақсадларнинг бари ботил-пучдир.
Масжидлар ибодат қилинсин ва (ушбу масжидни қуриш билан) ибодат қиляпман дея қурилмоғи ва ният Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоғи лозим. Ва худди шундай ҳалол касбдан топилган пулга қурилиши керак. Ҳаромдан топилганига эмас. Чунки Аллоҳ азза ва жалла: «Аллоҳ фақат пок-ҳалолнигина қабул қилади», деган (Муслим (1015) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят). Демак, масжидлар ҳалол нафақадан қурилади. Ушбу масжидни қурувчи одамнинг нияти Аллоҳ азза ва жалланинг Юзи учун холис бўлмоқлиги, масжид қуришдан одамларнинг олқиши, номи кейинчаликка ҳам сақланиб қолиши, риё ва биров эшитсин учун бўлиб қолмаслиги лозим. Чунки масжид қуриш ибодат бўлиб, ушбу ибодат Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлмоқлиги вожиб бўлади.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.