Muhsin   10-09-2011, 11:21 PM
#1
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Барча Оламлар Робби бўлган Аллоҳга ҳамду санолар, Аллоҳнинг изни билан икки дунё саодати сари чорлаган пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга салавоту саломлар бўлсин ...
Сўнг ...
Ассаламу алайкум ва роғматуллоҳи ва барокатуҳ форумдаги ака-укалар! Биладиган ака-укаларга саволим бор эди.


"Муоз ибн анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то, чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса. Фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинур», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Ким Бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракъат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда васф қилинаётган намозни Салотуш Шуруқ – Шуруқ намози ҳам дейилади. Шуруқ, дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Саҳар чоғи ниҳоятда фазилатли чоғ экани ҳақида олдинги ўрганган ҳадисларимиздан ҳам кўплаб маълумотлар олганмиз.
Бу ҳадиси шарифда ҳам Бомдод намози билан қуёш чиққунча бўлган вақтни Аллоҳнинг зикри билан ўтказишга тарғиб қилинмоқда. Шу билан бирга шуруқ намози ўқишга ҳам қизиқтирилмоқда. Аввал айтилганидек, шуруқ намози чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтдаги намозидир. Ҳадисда Бомдод намозини жамоат билан ўқишга тарғиб борлиги ҳам очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Ушбу ҳадисга амал қилишимиз жуда ҳам зарур. Саҳар чоғи Аллоҳнинг ибодати, зикри билан машғул бўлиш ўта фазилатли ишдир.
ўтган салафи солиҳлар бу ишга алоҳида эҳтимом берганлар. Бир гуруҳ ҳожиларнинг йўлини арслонлар тўсиб қолибди. Мазкур йўли тўсилган ҳожилар ичида буюк тобеъийнлардан Товус розияллоҳу анҳу ҳам бор эканлар. Қарама-қаршилик уч кун давом этибди. Уч кунгача арслонлардан қўрқиб бирор киши мижжа қоқа олмабди. Кейин арслонлар кетишибди. Саҳар чоғи экан. Ҳамма Бомдодни ўқиб ўзини уйқуга урибди.
Ухлашни хаёлига ҳам келтирмаётган Товус розияллоҳу анҳуга, уч кун мижжа қоқмадингиз, бироз ухлаб олсангиз яхши бўлар эди, дейишибди. Шунда у киши, бу пайтда ухлаб бўлмаса керагов, деб, зикрни давом эттирган эканлар.
Бизнинг давримиз аҳли солиҳлари сийратида ҳам шу одат мулоҳаза қилинади. Бу пайтда ер юзида навбатчилик қиладиган фаришталар алмашаётган бўладилар. Бу вақтда ухлаш, ғофил бўлиш ва бошқа бефойда ишлар билан машғул бўлиш мўмин одамга тўғри келмайди. Саҳарда ибодат қилганларнинг ризқи улуғ, ухлаганларнинг ризқи тор бўлади.
Ҳозирги тараққий этган илм ҳам саҳар вақтининг фазилатли эканини тасдиқламоқда. Саҳар чоғида ултра бинафша нурлар тарқалган вақт бўлар экан. ўша нурлар инсон учун жуда ҳам фойдали экан.
Хўш, ўша нурлардан энг кўп фойда оладиган шахс Бомдодни жамоат билан ўқиб қуёш чиққунча Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиб, кейин икки ракъат намоз ўқиган шахс бўлмаса ким бўлар эди?
Ҳа, бу ҳадисга доимий равишда амал қилишга одатланишимиз лозим."

Бу ҳадис ва шарҳи ислом.уздан олинган. Биринчи ҳадисда "чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса." арабча матнида ضحي деб келган, Термизийнинг лафзида намознинг номи келмаган. Дзуҳа намози саҳиҳлигини биламан, лекин Термизийнинг лафзидаги номсиз намоз саҳиҳми шуни билсангизлар айтиб юборсангиз.
mutaallim   12-08-2011, 06:33 PM
#2
Ва алайкумуссалам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!
Шуруқ намози қуёш чиқиб, (бир найза бўйи) кўтарилгач ўқиладиган икки ракат намоздир. Бомдод намозини масжидда жамоат билан ўқиса сўнгра намоз ўқиган ўрнида Аллоҳни зикр қилиб ўтиргач ушбу намозни ўқийди.
Ушбу намознинг фазилати ҳақида пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ушбу ҳадис ворид бўлган: "Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилса, сўнгра икки ракат намоз ўқиса, унга ҳаж ва умранинг ажри каби (ажр) бўлади. Тўла, тўла, тўла". Термизий (586) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди.
Ушбу ҳадиснинг саҳиҳлиги борасида ихтилоф мавжуд. Бир жамоа аҳли илм ушбу ҳадисни заиф деган бўлса, бошқалар ҳасан даражасидаги ҳадис деб айтишди. Ҳасан даражасида деб айтганлардан Албоний роҳимаҳуллоҳдир "Соҳиҳ Сунан ат-Тирмизий".
Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадис ҳақида сўралганларида шундай дедилар: "Ушбу ҳадис зарари йўқ бўлган (ўта заиф бўлмаган) йўлларга кўра ривоят қилинган. Шу сабабли у "Ҳасан лиғойриҳи" бобидан деб эътибор қилинади. Ушбу намозни қуёш чиқиб, бир найза бўйи кўтарилганда ўқишлик мустаҳаб бўлади. Яъни, қуёш чиқиб таҳминан йигирма ёки ўн беш дақиқадан ўтгач (ўқилади)". "Фатава шайх Ибн Баз" (25/171).
Ушбу намоз мустаҳаб, вожиб эмас ва у зухо намозига дахлдордир. Зеро зухо намозининг вақти қуёш кўтарилгандан то заволга кетиш олди вақтигачадир, яъни пешин намози.
Зуҳо намозининг суннатда вориб бўлгани ва унинг мустаҳаб экани ҳақида Бухорий (1178) ва Муслим (721) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган ҳадис: "Севиклигим (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) менга уч нарсани васият қилганларки, вафот этгунимгача ушбуларни тарк этмайман: Ҳар ойда уч кун рўза тутиш, зуҳо намози ва витрни ўқигач уйқуга кетиш".
Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шуруқ ва зуҳо намозлари ҳақида сўралганларида қуидагича жавоб бердилар: "Суннат(да келган) шуруқ намози у зуҳо намозидир. Бироқ ушбу (намозни) қуёш чиқиб, бир найза бўйи кўтарилиши билан эрта адо этсанг, бас, у шуруқ намозидир. Уни охирги ёки ўрта вақтида (ўқисанг) зуҳо намозидир. Бироқ у (барибир) зуҳо намози (бўлиб қолади). Чунки аҳли илм роҳимаҳумуллоҳ шундай дейишган: Зуҳо намозининг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан заволга кетишидан олдинроқ бўлган вақтгачадир". "Лиқо баб ал-мафтуҳ" (24/141).
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.