Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг асарларига суянган ва уни далил сифатида келтирган кибор уламоларнинг сўзлари
Аввалда айтганимиздек, ушбу асарга суянган имомлар ичида – Аҳли Суннат вал Жамоат имомларидан саналган – Аҳмад ибн Ҳанбал ҳисобланади. Ул зотдан: “Оятда қайси куфр ҳақида сўз кетмоқда?”-деб сўралганда, у киши:
“Ибн Аббосдан келганидек, Диндан чиқармайдиган куфр ҳақидадир”- деб жавоб бердилар. (“Суалат Ибн Ҳани”, 2/192, “Масаил Абу Давуд”, 114, “ас-Саля ва хукму тарикиха”, 49)
Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг бу тафсирларига суянган имомлар орасида – тафсир имомларидан деб эътироф қилинган машҳур уламо – Ибн Жарир ат-Табарий ҳам келганлар. У киши айтадиларки:
“Ҳар кимки, инкор этган ҳолда, Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм қилмас экан, у Аллоҳга нисбатан кофирдур, худди Ибн Аббос айтганидек”. (“Тафсир ат-Табарий”, 6/259)
Аллома Абу Убайд ал-Қосим ибн Салом айтадилар:
“Аллоҳ таолонинг: «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» сўзига келсак, Ибн Аббос: «Бу куфр Диндан чиқармайди», деган ва худди шундай: «Бу куфрдан кўра кичик куфрдир!», деб Ато ҳам айтган. (“Китабул-иймон”, 47)
Имом Муҳаммад Ибн Носир ал-Марвазий куфр бўлинишлигини ва Исломдан чиқармайдигани ҳам бўлишлигини тушунтириб:
“Ва алал хусус «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» оятига Ибни Аббоснинг сўзларидир”- деганлар. (“Таъзийму қодрис-солати", 2/520)
Имом Абу ал-Музаффар ас-Самъоний айтадилар:
“Ибни Аббос, мусулмонларга нисбатан, бу оятнинг маъноси: «Куфр дуна куфр»- деган. Билгинки, хаворижлар ушбу оятга суяниб, кимки Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм этмаса – кофирдур, дейишади. Аҳли Суннат эса, агар ҳукм қилишни ташласа, кофир бўлиб қолмайди, деб айтади”. (“Тафсир ас-Самъоний”, 2/42)
Хофиз Ибн Абдул-Барр айтганларки:
“Айтилдики: «Агарчи мусулмон Аллоҳ нозил қилгани ила ҳукм этмаса, бу – Диндан чиқарадиган куфр эмас, токи Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Китобларига, Росулларига ва Охиратга нисбатан куфр келтирмагунча». Бу тафсир кўпчилик уламолардан келтирилади, улар орасида эса Ибн Аббос, Товус ва Атолар бор”.(“ат-Тамхид”, 5/74)
Имом Бағовий айтадилар:
“Ибн Аббос ва яна Товус ҳам: «Бу куфр Диндан чиқармайди!», деган”. ("Маъалимут танзил", 3/61)
Имом Қуртубий айтадилар:
“Кимки Аллоҳ нозил қилгани билан ҳукм этмаса ва Қуръонни тан олмай, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни сўзларини инкор қилса, у – кофирдур, худди Ибн Аббос ва Мужохид айтишганидек!” ("Жамиъул Аҳкамул Қуръон", 6/190)
Шайхул-Ислом Ибн Таймия ҳам бундай деганлар:
“Ибни Аббос ва бошқа салафлар: «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти хусусида: «Куфрдан кичик куфр, фисқдан кичик фисқ, зулмдан кичик зулм!» - дейишганини Аҳмад, Бухорий ва бошқалар келтиришган”. (“Мажмуъул-фатава”, 7/522)
Шайхул-Ислом имом Бухорийни тилга олганликларига келсак, у киши имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ларидаги боблардан бирини: «Куфрон ‘ашир ва куфр дуна куфр» деб номлаганликларини назарда тутганлар.
Хофиз Ибн Хажар айтадилар:
“Муаллиф (Бухорий)нинг: «Куфр дуна куфр» сўзига келсак, у киши бу билан Аҳмад «ал-Иймон»(китоби)да Ато ибн Аби Рабоҳ ва бошқалардан келтирган асарга ишора қилган”. (“Фатхул-Борий фи шарҳи Саҳиҳул-Бухорий”, 1/105).
Имом Суютий ҳам “Саҳиҳул-Бухорий”га шарҳларида Бухорийнинг:
«Куфр дуна куфр» сўзларига:
“Бу Аҳмад «ал-Иймон»(китоби)да Ато ибн Аби Рабоҳдан келтирган асаридаги сўзлардир”-деганлар.
Яна Ибн Хажар имом Бухорий:
«Зулм дуна зулм» деб номлаган бошқа бобни шарҳлаб туриб бундай дейдилар:
“Ушбу сарлавҳа ҳадисдан бўлиб, уни Аҳмад «ал-Иймон» (китоби)да Атодан келтиргандир. Бу яна Товусдан «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти маъносидаги Ибн Аббоснинг сўзлари билан ҳам келган”. (“Фатхул-Борий фи шарҳи Саҳиҳул-Бухорий”, 1/109).
Мана шу жойда эътибор қилинадиган бир нарса бор: ҳофиз Ибн Хажар Ибн Аббоснинг асарларини саҳиҳлик даражасини зикр қилмадилар. Чунончи, маълумки “Фатхул-Борий”ни муқаддимасида Ибн Хажар қайси хабарни саҳиҳлик даражасини зикр қилмасалар, ўшани ҳасан деб ҳисоблашлари ҳақида ёзганлар.
Хофиз Ибн Ражаб Бухорийни: «Куфр дуна куфр» сўзлари хусусида бундай дейдилар:
“У киши бу сўзлари билан баъзи гуноҳлар куфр деб номланишлиги, аммо бу куфр Диндан чиқарувчи бўлмаслигини назарда тутган. Бу худди Ибни Аббоснинг сўзлари кабидир, қайсики Аллоҳ таолонинг: «...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти хусусида: «Бу сиз (маъносини ўзингизча ўйлаб) бурмоқчи бўлган Диндан чиқарувчи куфр эмас! Бу – куфр дуна куфр!»-деганди. Ушбу асарни Хоким келтириб: «Исноди саҳиҳ»-деди.
Яна Ибни Аббосдан ушбу оят хусусида бошқа сўзлар билан ҳам келтирилиб, у ерда:
«Бу куфрдир, аммо бу куфр Аллоҳга, малоикаларга, китобларга ва пайғамбарларга ва Охират Кунига куфр келтириш каби эмас!», дейилган.
Яна Ато ва бошқалар:
«Куфр дуна куфр», дейишган”. (“Фатхул-Борий”, 1/137-138, Ибн Ражабдан)
Шайх Ибнул-Қоййим айтдилар:
“Ибни Аббос айтди: «Куфрдан кўра кичик куфр, зулмдан кўра кичик зулм, фисқдан кўра кичик фисқ»”. (“Мадорижус-соликийн”, 1/335)
Шайх Абдурроҳман Саъдий:
«...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир» ояти хусусида ёзадиларки:
“Ибни Аббос айтди: «Куфрдан кўра кичик куфр, зулмдан кўра кичик зулм, фисқдан кўра кичик фисқ». Бу катта зулм бўлади, агарчи бу (шариат асосида ҳукм юритмаслик) ни ҳалол(мумкин) деб ҳисобласа ва катта гуноҳ бўлади, агарчи буни ҳалол (мумкин) қилмасдан бажарса”. (“Тайсирул-Каримир-Роҳман”, 2/296)
Бу имомларни сўзларига бир эътибор қилинг, улар Ибни Аббос розияллоҳу анҳунинг тафсири хусусида ноаниқ шаклда эмас, балки:
“Ибни Аббос айтди...”-дея тасдиқловчи шаклда айтишяпти.
Буни Имом Нававий тушунтиришларича, ҳадисшунослик илмида бу жуда яхши маълум, агар имомлар ҳадис ё бирон-бир хабарлар хусусида:
“келтиришларича”, “айтилдики” ёки
“хабар берилишича” каби ноаниқ ибораларни ишлатишса, уни заиф ёки саҳиҳлигида шубҳалар борлиги учун мана шундай гапирганликлари билинади. Аммо қачонки хабарларни саҳиҳлигида шубҳа бўлмаса, унда:
“айтди”, “қилди” ва шу каби иборалар билан тасдиқлайдиган шаклда айтилишидан билинади. (“ал-Мажмуъ”, 1/63)
Эй мусулмонлар, бир ўйлаб кўринг! Ахир барча зикр қилинган бу умматнинг имомлари Ибни Аббос розияллоҳу анҳу сўзларини саҳиҳлиги хусусида буткул адашиб билмаган-у, лекин баъзи бир юқорида номи келган замондошларимиз ҳақ устида бўлишдими?!
Имом Шотибий айтгандилар:
“Кейингилар аввалгиларда бўлгандан кўра, яхшироқ кўрсатма билан келолмайди! Ва булар шариатни улардан кўра, яхшироқ билолмайди!” (“ал-Мувафақот”, 3/402)
Яна шайх Албоний ҳам айтганларки:
“Ушбу оят хусусида салафлардан: «Куфр дуна куфр» тафсири келган ва бу Ибни Аббосдан келтирилгани саҳиҳдир!” (“ас-Силсиля ас-саҳиҳа”, 6/109)
Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу асарига суяниб, уни далил сифатида келтирган имомларнинг сўзларини батафсил яна узоқ келтиришимиз мумкин эди. Аммо қисқа қилиб, қўшимча сифатида ушбу асарга таянган имомларни келтириб ўтамиз:
Имом Ҳоким "Мустадрок" 2/393 да ва Заҳабий бунга мувофиқ бўлдилар;
Имом Ибн Батто "Ибона" 2/723 да;
Аллома Абу Ҳайён "Баҳрул Муҳит" тафсирлари 3/492да;
Имом ал-Воҳидий "Васит" 2/191 да;
Имом Абу Бакр ибнул Арабий "Аҳкамул Қуръон" тафсирлари 2/624 да;
Аллома ал-Хозин тафсирлари 1/310 да,
Имом Ибн Абдулбарр "Тамҳид", 4/237 да;
Имом Ибн Касир "Тафсирул Қуръанил Азийм"тафсирлари 2/64 да;
Имом Ибнул-Жавзий «Задуль-масир» тафсирларида 2/366 да;
Шайх Жамолиддин Қосимий «Махасин ат-тавил» тафсирлари 6/199 да;
Аллома Сиддиқ Ҳасан Хон "Найлул Маром" 2/472 да;
Аллома Муҳаммад Амин аш-Шинқитий "Азвоул Баён" 2/101 да;
Имом ал-Бақиъий "Назмуд-дурар" 2/460 да;
Шайх Аҳмад Шокир «Таълиқ ‘аля Тафсир ат-Табарий»да;
Шайх Ибн Бозз «Мажмуъул-фатаво»лари 3/990 да;
Шайх Ибн ‘Усаймин «Фитнатут-такфир» 68 да;
Кибор уламолар доимий ҳайъати «Фатаво ал-Лажна» № 5226 да;
Мана шуларга асосан маълум бўладики, нима учун шайх Ибн ‘Усаймин бундай деганлар:
“Шайх Албоний далил сифатида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бўлган асарни келтирди. Ушбу асарни қабул қилган бошқа олимлар ҳам шундай қилишган. Унинг санади ҳақида айримлар баъзи гапларни гапиришган бўлса ҳамки, улар бу асарни унинг саҳиҳлиги ва кўпгина шаръий матнларга мувофиқ келгани учун қабул қилишгандир. Дарҳақиқат, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Мусулмонни сўкиш – фосиқлик, у билан жанг қилиш эса – кофирликдир». Шу билан бирга мусулмон билан жанг қилиш Аллоҳ Таолонинг қуйидаги сўзларига биноан диндан чиқармайди: «Агар мўминлардан бўлган икки тоифа (ўзаро) урушиб қолса, дарҳол уларнинг орасини ислоҳ қилинглар. Агар улардан бири бошқасига тажовуз қилса, сизлар тажовуз қилган (тоифа)га қарши то Аллоҳнинг амрига қайтгунича уруш қилинглар. Агар қайтса, бас, ўрталарини адолат билан ислоҳ қилинглар. Одил бўлинглар! Зеро, Аллоҳ одилларни яхши кўради. Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инидирлар. Бас, икки оға-инингизнинг орасини ислоҳ қилинглар. Аллоҳга тақво қилинглар, шояд раҳм қилинсангизлар» (Ҳужурот, 9-10).
Аммо куфрда айблаш фитнасига йўлиққан кимсаларни бу қониқтирмагани учун, улар: «Бу асар қабул қилинмайди ва Ибн Аббосдан эканлиги саҳиҳ эмас» дейишни бошлашди. Уларга айтиладики: Қандай қилиб қабул қилинмас экан?! Ваҳоланки, ҳадис илмида сизлардан улуғроқ, афзалроқ ва билимдонроқ одамлар уни қабул қилган бўлса ҳамки, сизлар қабул эмас дейсизларми?!
Хўш, иш сизлар айтаётганингиздек: яъни, бу асар Ибн Аббосдан эканлиги саҳиҳ эмас ҳам, дейлик. Бироқ, бизда бошқа шаръий матнлар борки, улар «куфр» сўзи мутлақ лафзда келиб, ундан мурод эса диндан чиқиш эмаслигини исботлайди. Худди юқорида айтилган оят ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадислари каби, айтадиларки: «Инсонларда икки амал куфрдир: насаб билан таъна қилиш ва маййитга (атаб дод-вой солиб) йиғлаш». Бу амаллар эса диндан чиқармаслигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. (Юқорида) айтилганидек, яъни шайх Албоний, Аллоҳ уни муваффақ қилсин, айтганидек илмнинг камлиги ва шаръий қоидаларни тушунишдаги камчилик ушбу залолатга олиб келади! Шу билан бирга яна бир нарса залолатга бошлайдики, у ҳам бўлса – ёмон хоҳиш-ниятки, у эса албатта бузуқ тушунчага олиб келади. Чунки агар инсон бирон нарсани хоҳласа, у буткул тушунчасини ушбу хоҳишга қараб йўналтиради. Кейин эса, Қуръон ва Суннат матнларини ушбу (тушунча-эътиқоди)га мувофиқ равишда бузуб талқин қилишни бошлайди. Шунинг учун уламолар орасида маълум ва машҳур қоидалардан бирида: «Эътиқодга олиб, кейин унга далил излаш эмас, балки аввал далилни текшириб, сўнгра эса унга эътиқод қил!» - дейилган. Шунинг учун ҳам бу (залолат)нинг уч сабаби бор:
1) Шаръий илмнинг камлиги;
2) Шаръий қоидаларни тушунишдаги нуқсон;
3) Ёмон хоҳиш-ният устига қурилган бузуқ тушунчадир.
Энди Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан бўлган асарга келсак, бизларга шайхул-ислом Ибн Таймия, Ибн ал-Қоййим ва улар каби яна бошқа буюк алломалар уни қабул қилишгани ва уни келтириб нақл қилишгани етарлидир. Ва бу асар саҳиҳдир!” (“Фитнатут-такфир” 68-69)
Яна шайх Албоний ҳам шундай дегандилар:
“Ушбу (Ибн Аббосдан келган) асар такфир жамоати ва уларга ўхшаган ғулув кетганларнинг белини синдиради!” (“ас-Силсила ас-саҳиҳа”, 7/135).
Шайх Албонийнинг шогирди – Солим ал-Ҳилолий Ибн Аббоснинг ушбу тафсирига суяниб, уни далил сифатида келтирган кўпгина аввалги имомларни исмларини келтирганларидан сўнг, айтдиларки:
“Ҳурматли ўқувчи! Наҳотки ақли бор мусулмон, мана шу буюк уламоларнинг барчаси ҳадис илмида бўшлик қиладиган ёки «мутаассиб» (кўр-кўрона тақлид қилувчи)лар бўлди-ю, мана бу Ибни Абдул-Маннон ва унинг шайхи эса, ҳақиқатни айтган икки мужтахиддир, деб ўйлаши мумкин?!” (“Қурратул-‘уюн”, 95)
Охирида яна бир марта таъкидлаб айтмоқчимизки, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг Аллоҳ таолонинг:
“...Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган нарса ила ҳукм юритмаса, бас, ўшалар кофирлардир” ояти хусусидаги: «Куфрун дуна куфр», яъни: “Катта куфрдан пастроқ бўлган кичик куфр” сўзлари саҳиҳдир ва бунда аввалги имомлардан ҳеч ким шубҳа қилмаган. Агарчи буни кимдир рад қилмоқчи бўлса, ҳеч бўлмаса аввалги имомлардан биронтасини сўзи билан бу асарни саҳиҳ эмаслигини келтирсин!!! Йўқса, замонлар оша машҳур бўлган имомларни қолдириб, хозирдаги баъзи замондошларнинг тадқиқотларига аҳамият беришнинг хожати йўқдир!
Хотима
Энг ажабланарлиси шуки: юқоридаги масалада баъзи имомлар баъзи ровийларни заиф дейишгани билан, ўша имомларнинг биронтаси ҳам, Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг ушбу тафсирларини нотўғри деб айтишмаган ва айнан: «Куфрун дуна куфр», деб тушунишган. Бунга ўша ровийни заиф деган имомларнинг очиқ-ойдин сўзлари билан далиллар келтирилди. Холисона ёндошган зийрак қалбли одам буни яққол тушуниб олади. Энди қалби холис бўлмаган одам эса, ҳали ундай – ҳали бундай, деб илми саёз бўлган инсонларни бошини айлантириб юраверади. Уларни Аллоҳга ҳавола қилдик.
Эй, Парвардигор! Бизларни Сенинг тоатингни Ўзинг рози бўладиган кўринишда адо этишга муваффақ айлагин ва бизларни ҳақда собитқадам қилгин. Нафсларимизни, сўз ва ишларимизни поклагин, бизларни нотўғри ақида, сўз ва амаллардан Ўзинг асрагин, Сен Саҳоватли ва Соҳибкарам Зотсан.
Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобларига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.
Юклаб олиш: