Admin   10-04-2009, 09:38 AM
#1
Ширкнинг таърифи

Ширкнинг таърифи: У (ширк) У билан бирга ўзгасига ибодат қилишдир, яъни, ибодатларнинг бирортасини Аллоҳдан ўзга фаришталардан бирор фаришта ёки пайғамбарлардан бўлган бир пайғамбар, солиҳ зотлардан бири ёки қадимий қадамжо-ёдгорлик, хуллас Аллоҳдан ўзга бирор махлуқотга ибодатни йўналтиришлик, Аллоҳ қайтарган қайтариқлари ичидаги энг улкани бўлмиш ширкдир.
Тавҳид ва ширкнинг тафсир-изоҳини яхшилаб билиб олинглар! Чунки баъзи кимсалар борки, тавҳид ва ширкни ўзининг изоҳи билан изоҳламайдилар.
Баъзи кимсалар: ширк бу ҳукмдаги ширкдир, дейишади. Афсуслар бўлсинким ушбу сўз бугун кенг тарқалган. Аллоҳ нозил қилган диндан ўзгаси билан ҳукм қилиш ширк турларидан бири бўлиб, тоатдаги ширк деб аталади. Шак-шубҳа йўқки, Аллоҳ ҳаром қилганини ҳалол санаш ёки Аллоҳ ҳалол қилганини ҳаром санашда махлуққа итоат қилиш ширк турларидандир. Бироқ бу ўринда ундан ҳам укланроқ ширк бор. У ҳам бўлса жонлиқ сўйиш, назр аташ, (қабрларни) тавоф қилиш ва улардан ўтиниб ёрдам сўраш билан Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишдир. Ширкнинг баридан огоҳлантиришимиз лозим. Бир турига эътибор қаратиб, ундан-да улкан ва даҳшатлироғи ташлаб қўйилмайди. Ва ширк фақат ҳукмдаги ёки сиёсатдаги ширк деб изоҳланмайди. (Ўшаларнинг) айтишича: қабрлар(га қарата қилинган ибодат сабабли бўлган) ширк оддий-аҳамиятсиз ширк эмиш. Ахир бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога журъат қилиш-ку. Ширк Аллоҳ таоло қайтарган нарсалари ичидаги энг улканидир. У (ширк) - У билан бирга ўзгасига ибодат қилиш. Ана шу ширкдир.
Яна ўшаларнинг баъзилари: ширк – мол-дунёга муҳаббат қўйиш, дейдилар. Аллоҳ таоло молни инсон табиатига севикли қилиб қўйди. «Яна мол-дунёни қаттиқ муҳаббат билан яхши кўрурсизлар!» (Фажр: 20). «Ва шак-шубҳасиз, у мол-дунё муҳаббатига жуда қаттиқ (берилгувчи)дир» (Вал-Одиёт: 8). «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Агар ота-оналарингиз, болаларингиз …. суюклироқ бўлса…»» (Тавба: 24).
Аллоҳ таоло: «Суюклироқ бўлса», деди. Яхши кўришларини инкор этгани йўқ. Бироқ буларни Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам муқаддам қўйишларини инкор қилди. Мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки бу табиий муҳаббатдир. Одамлар мол-дунёга муҳтожлар ва уни яхши кўрадилар. Демак, мол-дунёга муҳаббат қўйиш ширк эмас. Чунки у инсонлар ўзлари фойдаланадиган нарсаларини яхши кўришларидандир. Анави кимсалар эса ушбу сўзларни ё тавҳид ва ширкни таълим олмай жоҳил бўлганликлари сабабли, ё бўлмаса (тавҳиддан) батамом юз ўгириб, одамларни ушбу ҳақиқатлардан буриб, ўзларининг истакларига йўллашни хоҳлаганлари учун айтадилар. Аллоҳ таоло мақсадларни Билгувчироқдир.
Муҳими, ушбу (мол-дунёни яхши кўриш) ширк эмас. Ширк Аллоҳ билан бирга Ўзгасига ибодат қилиш ёки жонлиқ сўйиш, назр аташ, дуо қилиш, ўтиниб ёрдам сўраш, илтижо қилиб ёлбориш, хавф, умид қилиш ва бундан бошқалар каби ибодат турларининг бирортасини Аллоҳдан Ўзгасига сарф қилишдир. Ана шу энг улкан гуноҳ бўлмиш ширкки, у – Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан бирга Ўзгасига ибодат қилишдир. Чунки дуо Аллоҳ таоло айтганидек энг улуғ ибодатлардандир: «Ҳақиқий дуо-илтижо фақат Унга қилинур. Ундан ўзга – (мушриклар) дуо-илтижо қилаётган бутлар у (мушрик)ларнинг биронта, дуосини мустажоб қилмас» (Раъд: 14). Ва яна шундай деди: «Бас, (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Аллоҳга – У Зот учун динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!» (Ғофир: 14). Аллоҳдан Ўзгасига дуо қилиш ширкдир. Аммо анави кимсалар ширк, деб атаётган жузиётларга келсак, ундай эмас. Бироқ: ўша ишларнинг баъзиси ширк қисмларидандир. Ва бу ўринда улардан-да хатарлироқ ва муҳимроқ бўлган ширк турлари бор, деб айтилади. Чунки ширк ҳам турлича тафовутдадир. Баъзиси бошқасига нисбатан қаттиқроқ-оғирроқдир, Аллоҳ сақласин.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!» (Нисо: 36).
Аллоҳ таоло буюрган нарсаларининг энг буюги тавҳид эканига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!», деб айтгандик. Аллоҳ таоло тавҳидга буюриб, ширкдан қайтаришлик билан бошлагани, Аллоҳ таоло буюрган буйруқлари ичидаги энг олийси тавҳид эканига далилдир. Чунки У Зот: «Аллоҳга бандалик қилинглар», деди. Сўнг: «Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар!», деб қайтарди. Демак, тавҳидга бўлган буйруқ ва ширкдан бўлган қайтариқдан бошлади. Демак, бу Аллоҳ таоло буюрган энг буюк нарса тавҳид, қайтарганлари ичидаги энг улкани ширк эканига далолат қилади. Чунки Аллоҳ таоло оятни ана шу ишлар билан бошлади. Аллоҳ таоло фақат энг муҳим нарсалар билан бошлайди. Бу, оятдан (биз гаплашаётган мавзуга) далил келтириш услуби эди.

Abdulloh Salafiy   10-06-2009, 01:44 AM
#2
Barakallohu fiyk

«Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши ваъз билан чақир, ҳамда улар билан энг гўзал услубда баҳс қилгин» (Наҳл: 125).
«Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48).
Admin   10-13-2010, 07:59 PM
#3
ШИРК ҲАҚИДА

Тавҳиднинг зиддида ширк туради. Кечирилмайдиган энг ёмон гуноҳ ширкдир. Одам боласи охиратга борганда асосан ширк келтирганлиги туфайли бадбахт бўлиб, азобга гирифтор бўлади. Ширк келтирган одамга мушрик дейилади. Ширк – Аллоҳга бир нарсани шерик қилиш қилиш дегани. Яъни Аллоҳга ибодат қилиб ундан бошқасига ҳам ибодат қилиш. Масалан: тошга, дарахтга, қуёшга, ойга, пайғамбарга, авлиёга, юлдузга, фариштага ё бундан бошқа нарсаларга. Аллоҳ таъоло Нисо сурасининг 116-оятида:
“Шубҳасиз Аллоҳ, Унга ширк келтирмоғликни кечирмайди ва бундан бошқасини хоҳлаган кишисидан кечиради” деди. Яна Моида сурасининг 72-оятида:
“Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади, ва жойи дўзах бўлади” деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳни қўйиб бошқасига ибодат қилиш ёки Аллоҳ билан бирга бошқасига ҳам ибодат қилиш бошқасини ҳам улуғлаш ҳалокатга олиб боради”, деган маъноларда ҳадис айтдилар. Ширк – ибодатни ўз ўрнидан бошқа ўринга қўйишдир. Кимки Ҳолиқ билан маҳлуқни тенглаштирса одамларнинг энг аҳмоқроғи эканлигида шак-шубҳа йўқдир ва бу одам ақли кетиб қолиб ҳайвон билан тенглашиб қолади. Бу одам ҳеч қачон жаннатга кирмайди ва бирон-бир киши унга ёрдам ҳам бера олмайди, агар отаси, онаси, эри, хотини ё фарзанди бўлса ҳам. Мушрик ҳолларида вафот этган оталарини пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам: “Ота дўзахда” дедилар. Кунлардан бир кун пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам отам, онам қаерда? Деб эслаганларида, Аллоҳ таъоло Бақара сурасининг 119-оятида:
“Сиз дўзах аҳли тўғрисида сўралмайсиз” деди. Қуръон етти хил қироъатда ўқилади, бошқа қироъатда: “Сиз дўзах аҳли тўғрисида савол қилманг” деб Аллоҳ айтди. Шундан кейин пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи ва саллам ота-оналарини бошқа эсламаган эканлар, деб муфассирлар юқоридаги оятга шу тафсирни беришган. Аллоҳ таъоло пайғамбаримизга Зумар сурасининг 65-оятида:
(Эй Муҳаммад), қасамки: агар ширк келтирсангиз, албатта қилган амалингиз беҳуда кетар ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қоласиз” деди. Демак ширкни Аллоҳ таъоло банда тавба қилиб ҳақ йўлга қайтмаса, ҳеч кимдан кечмайди. Эй Аллоҳ бизни Ўзинг ширкдан сақлагин, Сен энг меҳрибон бўлган зотсан!
Ҳақиқий мўмин киши Аллоҳдангина қўрқиб азиз инсонга айланади. Ҳақиқий мўмин бўлмаган одам Аллоҳдан бошқа бир шахс ё жиндан қўрқиб, хор бўлади. Кимки Аллоҳдан қўрққанчалик бошқасидан ҳам шунча қўрқса катта ширк келтирган бўлади. Аллоҳ таъоло мўминларни Ўзига дўст тутган, дуосини ижобат қиламан деган, сизларни албатта жаннатга киритаман дегандан кейин, мўмин фақат Аллоҳдангина қўрқиб, унинг Ўзигагина ибодат қилади. Эй Аллоҳ сенинг Ўзингдангина қўрқиб, бошқалар орасида азиз бўлиб юришимизни насиб этишингни сўраймиз!

abu Huzayfa   12-11-2012, 10:35 AM
#4
Шайх Солиҳ ибн Фавзон ал-Фавзон ҳафизаҳуллоҳ
Ширк нима?



Тавҳидни таълим олишлик вожиб, тавҳидни билиб олишлик вожиб, ҳатто қатъий ишончга эга бўлмагунича. Агарда сен тавҳидни англаган бўлсанг, ширкнинг таърифини билиб олишинг керак, ундан сақланишлик учун. Билмаган нарсангдан қандай қилиб сақланасан?! Агарда сен ширкни билиб олмасанг, унда сен ўзинг билмаган ҳолда унга тушиб қолиш чегарасида бўласан. Шоир айтганидек:
«Ёмонликни ёмонлик қилиш учун эмас, балки ундан сақланиш учун ўргандим.
Қай бир одам ёмонлик нималигини билмаса, унга гирифтор бўлиб қолиши мумкин»
.
Шунинг учун ҳам Ҳузайфа розияллоҳу таъала анҳу айтганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари у зотдан яхшиликлар ҳақида сўрардилар, мен эса ўзимга етиб қолишидан қўрққанимдан ёмонлик ҳақида сўрардим» (Муттафақун алайҳ).
Ширк ва унинг турларини ўрганишлик шарт. Ширк – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқасига ибодат қилишликдир. Мана шу ширкдир. Баъзи уламолар айтишдики, Аллоҳдан ўзгага дуо қилишлик (ширкдир) ва бу тўғри. Лекин нафақат дуо, балки ибодатнинг барча турларида инсон учун Аллоҳга шерик қилишлиги жоиз эмас. У (дуо)нинг зикр қилинишининг сабаби, дуо ибодат турларининг улуғидир. Ширк – Аллоҳ билан бирга бирор кимга дуо қилишликдир. Ёки айтишадики, ширк – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқасига ибодат қилишликдир ва мана шу таъриф сермазмунроқ. Кимки ибодат турларидан бирини Аллоҳ азза ва жалладан бошқа бировга йўлласа, (ўша инсон) ширк келтирибди.
Ширкнинг икки турли мавжуд. Катта ширк (ширкул акбар) – (уни қилган инсонни) миллат (дин)дан чиқариб юборади ва агар шунда вафот топса соҳибини абадий жаҳаннамга дохил қилади. Аллоҳ таоло айтганидек: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72). Яна Аллоҳ субҳанаҳу айтадики: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48). Катта ширкни Аллоҳ кечирмайди. Кимки уни қилган ҳолда вафот этса, ўша қатъиян жаҳаннам аҳлидан бўлади. У маълум бир вақт жаҳаннамда бўлиб, кейин ундан чиқмайди, йўқ! Абадул-абад жаҳаннамда (бўлади)! Жаннат унга ҳаром қилинади. «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилгувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72). Мана шу ширк, мана шу хатаридир, Аллоҳдан паноҳ сўрайман. (Расулуллоҳ) соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилган ҳолда ўлса, жаҳаннамга киради» (Бухорий: № 1238). «Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмай ўлса, жаннатга киради» (Муслим: № 93). Яна (Набий) алайҳиссолату вассалам дедилар: «Ким Аллоҳдан ўзга тенгдошга дуо қилган ҳолда вафот этса жаҳаннамга киради» (Бухорий ривояти). Яна (Расулуллоҳ) алайҳиссолату вассалам дедилар: «Аллоҳ таоло Ла илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ), деб, бу билан Аллоҳни Юзини истаган кишига жаҳаннамни ҳаром қилди» (Бухорий: № 425, Муслим: № 33). Бу Тавҳиднинг фазилатидир. Ширк, Аллоҳдан ундан паноҳ сўрайман – уни Жаҳаннамга олиб борувчи (амал)дир. Абадул-абад унга (жаҳаннамга олиб борувчидир). Унинг мағфирати қабул бўлмайди. «Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас» (Нисо: 48).
(Агар биров айтсаки) «Аллоҳга Қиёмат куни мени кечириши учун тавба қиламан ва ширк қилиб қўйган бўлсам Аллоҳ Қиёмат куни зоний, ўғри ва маст қилувчи ичимлик ичувчи каби мени мағфират қилади». Биз айтамизки, йўқ! Ширк кечирилмайди! Ширк кечирилмайди! «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни…» яъни ширкдан кичигини «Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур» (Нисо: 48), субҳанаҳу ва таоло. Ширк мағфират остига дохил бўлмайди. Бу улуғ хатардир! Ширк нима дегани? Ширкнинг таърифини билишлик лозим. Ширк – Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бошқасига ибодат қилишликдир.

Ибн Атийя раҳимаҳуллоҳ деди: “Кишилар динларида қанча бидъат пайдо қилсалар, шунча суннат улардан тортиб олинади”.
Admin   12-16-2013, 11:46 AM
#5
Куфр ва ширк ўртасидаги фарқ

Савол: Риёздан синглимиз Н.С.А. ўз саволида шундай дейди: куфр ва ширк ўртасидаги фарқ нима? Бизга фатво бериш билан ажрга сазовор бўлинг!
Жавоб: Куфр ҳақни инкор қилиш ва уни яширишдир. Намоз, закот, Рамазон рўзаси, қодир бўла туриб ҳаж қилишлик ёки ота-онага яхшилик қилишни вожиб эканини инкор қилган кимса каби. Ва зино, маст қилувчи ичимлик ичиш, ота-онага оқ бўлиш ёки шунга ўхшашларнинг ҳаром эканини инкор қилган кимса каби. Ширкка келсак, у баъзи ибодатларни Аллоҳдан ўзгасига сарф этишликдир. Ўлик, ғойиб, жин, санам ёки юлдуз ва шунга ўхшашлардан ўтиниб мадад сўрайдиган кимса каби. Ёки уларга жонлиқ сўядиган ёҳуд назр атайдиган кимса каби. Кофир ҳақида у мушрикдир ва мушрик ҳақида у кофирдир деб айтилади. Аллоҳ азза ва жалла айтганидек: «Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон «ҳақ» илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Роббисининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар» (Мўминун: 117). Субҳанаҳу шундай деди: ««Аллоҳ – Масиҳ бинни Марямдир», деган кимсалар аниқ кофир бўлдилар. Ҳолбуки, Масиҳ: «Эй Бани Исроил, Роббим ва Роббингиз бўлмиш Аллоҳга бандалик қилингиз!» — демишдир. Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур» (Моида: 72). Жалла ва аъла Фотир сурасида деди: «Ана шу Аллоҳ сизларнинг Роббингиздирки, (барча оламларга) подшоҳлик ёлғиз Уникидир. (Эй мушриклар), сизлар У зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да, сизларга жавоб қила олмаслар ва қиёмат кунида уларни (Аллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, дунё-ю охират ҳақида ҳеч ким) сизга хабардор зот (яъни Аллоҳ) каби хабар бера олмас» (Фотир: 13-14). У Зот Аллоҳдан ўзгасига қилган дуоларини ушбу сурада ширк деб, Мўминун сурасида эса куфр деб атади.
Субҳанаҳу Тавба сурасида шундай деди: «Улар Аллоҳнинг нурини (яъни, исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўладилар. Аллоҳ эса, гарчи (кофирлар) хоҳламаслар-да, фақат Ўз нурини тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйишни истайди. У (Аллоҳ) Ўз росулини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хоҳламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 32-33). У Зот Унга кофир бўлганларни кофир ва мушриклар деб номлади. Бу эса кофир мушрик деб, мушрик эса кофир деб аталишига далолат қилади. Бу борада оят ва ҳадислар кўпдир. Ана шулардан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Киши билан ширк ва куфр ораси намозни тарк этишликдир» (Муслим (117)). Муслим ўз саҳиҳларида Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилдилар. Ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовллари: «Улар билан бизнинг ўртамиздаги аҳд намоздир. Бас, кимда-ким уни тарк этса, дарҳақиқат, куфр келтирибди» (Имом Аҳмад (21859), Термизий (2545), Насоий (459)). Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибн Можжа саҳиҳ иснод ила Бурайда ибн Ҳусойб розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди. Аллоҳ тавфиқ берувчидир.

Admin   02-17-2015, 01:04 AM
#6
  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.