Admin   10-04-2009, 02:41 PM
#1
Аср сураси ўз ичига олган тўрт масала


Илм

Шуни билгилки, Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин
(Муаллиф Раҳимаҳуллоҳнинг): Шуни билгилки, деган сўзлари мавзунинг нақадар аҳамиятли эканига ишора қиладиган бир калимадир. «Шуни билгилки», деган эканлар, демак бунинг маъноси: сизга кўндаланг қилинажак ушбу иш ниҳоятда муҳимдир. Демак, ушбу калима бошланадиган мавзунинг нақадар аҳамиятли эканига далолат қилади.
«Шуни билгилки» (калимасининг) маъноси: билмоқ сўзидан ясалган буйруқ феълидир. Яъни, ўқиб-ўрган. Илм – бирор нарсани ўзининг воқеликдаги ҳақиқатига кўра идрок қилмоқ ёки бирор нарсани воқеликка мувофиқ тарзда тасаввур қилмоқдир.
Бирор нарсани ўзининг воқеликдаги ҳақиқатига зид равишда идрок ёки тасаввур қилмоқ жоҳиллик бўлиб, бу илмнинг айни аксидир.
«Аллоҳ сени ўз раҳматига олсин», деган сўзларига келсак, бу, толиби илмнинг ҳаққига бўлган дуодир. Шайх раҳимаҳуллоҳ толиби илмларга Аллоҳ уларни Ўз Раҳматига олишини ва улар устига Субҳанаҳу ва таоло Ўзининг Раҳматини нозил қилишини сўраб дуо қиляптилар. Бу билан муаллим мутааллимга лутф билан (муомала қилмоғини ўрганамиз). (Муаллим) сўзини эзгулик ва солиҳ бир дуо билан бошлайди, тоинки бу (мутааллимда) ўз таъсирини кўрсатиб, ўқитувчисига талпинсин.
Бироқ муаллим сўзини қўрс ва бемаврид гаплар билан бошласа, бу фақат у (мутааллим)ни нафратлантиради. Муаллим, Аллоҳни йўлига даъват қилувчи, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарувчига, суҳбатдошини ҳаққига дуо, унга олқиш ва юмшоқ сўзлар билан илтифот кўрсатиши вожиб бўлади. Чунки бу даъватни қабул қилинишида ниҳоятда қўл келади.
Қайсар ва кибр қилувчига эса ўзгача ёндашилади. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло шундай деди: «(Эй мўминлар), сизлар аҳли китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала-мунозара қилинглар, магар уларнинг орасидаги зулму-зўравонлик қилган кимсалар билангина (кескин муомала қилишингиз мумкиндир). Ва айтинглар: «Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ҳам, сизларнинг илоҳингиз ҳам Бир (Аллоҳ)дир ва бизлар Унгагина бўйинсунгувчимиз»» (Анкабут: 46).
Аҳли китобларнинг зулм, қайсарлик ва кибр қилганларига чиройли йўсинда хитоб қилинмайди, балки уларни жиловлаб қўядиган йўсинда мурожаат қилинади. Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй пайғамбар, кофир ва мунофиқларга қарши курашинг ва уларга қаттиққўл бўлинг! Уларнинг жойлари жаҳаннамдир. Нақадар ёмон оқибат бу!» (Тавба: 73). Мунофиқларга қурол-аслаҳа билан эмас, балки уларни жиловлаб, одамларни улардан нафратлантириш учун ҳам ҳужжат, сўз ва раддия бериш билан кураш олиб борилади. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деди: «Ўзлари ҳақида етук сўзларни айтинг!» (Нисо: 63). Демак уларга хос муомала қилинади. Чунки улар қайсар ва кибр қилувчидирлар. Ҳақни эмас, балки одамларни залолатга етаклашни истайдилар. Демак уларга, ўзларига лойиқ услубда муомала қилинади.
Ҳақ талабидаги ёки рушду-ҳидоят истагидаги кишига эса юмшоқлик, меҳрибонлик ва илтифот билан мурожаат қилинади. Чунки у ҳақ, илм ва фойда истагидаги кишидир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Аллоҳ сени Ўз Раҳматига олсин», деган сўзлари: сени ҳаққинга раҳмат тилаб дуо қилишдир. Аллоҳ сени Ўз Раҳматига оладиган бўлса, дунёю охиратда бахтли бўласан. Ушбу дуо буюк олим ва солиҳ бир инсон томонидан бўлган экан, Аллоҳнинг хоҳиши ила қабул қилиниши умид қилинади.
Бизга тўрт масалани таълим олишлик вожиб бўлади.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Вожиб бўлади», деган сўзларига (тўхталсак). Вожиб – ушбу ишни қилувчиси ажрга эришади, тарк қилувчиси эса жазоланади. Мустаҳаб – ушбу ишни қилувчиси ажрга эришади, тарк қилувчиси эса жазоланмайди. Мубоҳ – ушбу ишни қилишда ажр, тарк этишда эса жазо йўқ.
Демак: «Вожиб бўлади», деган сўзлари, ушбу иш мустаҳаб ва мубоҳ ишлардан эмас, балки у фарзи айндир, деган маънони ифодалайди.
Ушбу масалаларни таълим олмай, ташлаб қўяр эканмиз, албатта гуноҳкор бўламиз. Чунки мавзу вожиб иш устида кетяпти. (Муаллиф раҳимаҳуллоҳ): бизга (ушбу тўрт масалани таълим олишлик) мустаҳаб бўлади ёки таҳсинга сазовор бир иш бўларди, демадилар. Балки: вожиб бўлади, дедилар. Вожиб бўлди, дегани: (масала) узил-кесил муқаррардир, деган маънони англатади. Ким ушбу ишни тарк этса гуноҳкор бўлади. Илмга эса таълим олишлик билан эришилади. Таълим олиш эса эътибор, пешонатер ва вақтга, ҳамда фаҳм ва уйғоқ бир қалбга эҳтиёждир. Ана шу таълим олишдир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Тўрт масала», деган қовллари, яъни (тўрт иш борасида) изланиш олиб бориш, деган маънодадир. Масала, деб аталишига келсак, чунки у ҳақда сўраб-суриштириш ва аҳамият қаратиш вожиб бўлади.
Биринчиси: илм
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): Илм, деган қовлларидан мурод шаръий илмдир. Чунки таълим олишлик вожиб бўлган илм, у шаръий илмдир. Ушбу масалаларни ҳар бир мусулмон эркак, аёл, ҳур, қул, бой, камбағал, подшоҳ ва фуқароларнинг барига таълим олишлик вожиб бўлади.
Уламолар буни фарзи айн деб атайдилар. Ана шу ҳар бир мусулмонга вожиб бўладиган илмдир. Беш вақт намоз эркагу аёлларга фарздир. Масжидда жамоат билан намоз ўқиш эса фақат эркакларга фарз. (Юқорида айтиб ўтилган тўрт масалани) таълим олишлик эса ҳар бир мусулмонга фарздир. Шунинг учун ҳам (муаллиф раҳимаҳуллоҳ): бизга вожиб бўлади, дедилар. Баъзимизга вожиб бўлади, демадилар. Демак ушбу илмни таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айндир. Чунки илм икки қисмга бўлинади:
Биринчиси: Таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айн бўлган илм бўлиб, ушбу илмдан жоҳил қолгани сабабли бирор кишидан узр қабул қилинмайди. Сабаби, бу илмни таълим олмай туриб кишининг дини мустақим-тўғри бўлмайди. Мисол учун беш ислом рукнлари(ни билишлик) каби. Улар: икки шаҳодат калимаси, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш. Мусулмон кишига булардан жоҳил қолиши жоиз эмас, балки ўқиб-ўрганиши лозимдир.
Икки шаҳодат калимасини таълим олиш, бу ақидани ўрганиш демакдир. Мусулмон киши амал қилайин дея ақидани ва четланайин дея унга (ақидага) зид келадиган нарсаларни ўқиб-ўрганади. Ана шу икки шаҳодат калимасининг мазмунидир. Шунингдек, намоз рукнлари, шартлари, вожиботлари ва суннат амалларини ўқиб-ўрганади. Ушбу ишларни тафсилот билан ўрганишдан ўзга чора йўқдир. Чунки киши ҳукмларини билмай туриб намоз ўқиши, ахир инсон адо қилаётган амалини билмай туриб, унга қандай амал қилади? Ҳукмларини билмай туриб, намозни қандай адо этади? Демак намознинг ҳукмлари ва уни бузувчи амалларни таълим олишлиги лозиму лобуддир.
Худди шундай закот, рўза ва ҳаж ҳукмларини ўқиб-ўрганади. Ҳаж қилишни ирода қилган вақтда, унга ҳаж ва умра ҳукмларини ўқиб-ўрганиши вожиб бўлади, тоинки ушбу ибодатларни шариат кўрсатгандек адо этсин.
Илмнинг ушбу қисмини билмай қолгани сабабли бирор кишидан узр қабул қилинмайди. Илмнинг ушбу қисми, барча мусулмонга фарзи айн деб номланади.
Иккинчи қисм эса: Юқоридаги илмга зиёда ўлароқ умумуммат эҳтиёж сезадиган шаръий ҳукмлардир. Гоҳида ҳар бир киши ҳам ушбу масалаларга эҳтиёж сезавермайди. Мисол учун: олди-сотди, муомалот, вақф, мерос, васият, никоҳ ва жиноят бобларининг ҳукмларига ўхшаш. Ушбу илмларга уммат эҳтиёжманддир. Бироқ ҳар бир кишига ушбу илмларни ўқиб-ўрганиш вожиб бўлмайди. Балки мақсад ҳосил бўлар даражадаги уламоларнинг ўқиб-ўрганишлари етарлидир. Тоинки мусулмонлар ҳожатманд бўлган қозилик, фатво бериш ва бундан бошқа вазифаларни адо этсинлар. Илмнинг ушбу қисми кифоя қиларли одамлар адо этишлари билан қолганлардан гуноҳ соқит бўладиган фарзи кифоя илм, деб аталади. Бироқ барчалари ушбу илмларни (ўқиб-ўрганишни) тарк этишса, барчалари гуноҳкор бўлишади.
Уммат ичида илмнинг ушбу қисмини таълим оладиган кишилар бўлмоқлиги лозимдир. Чунки улар ушбу илмларга ҳожатманддирлар. Бироқ ҳар бир кишига: сенга ушбу бобларда фақиҳ бўлиб етишишинг вожиб бўлади, деб айтилмайди. Чунки ушбу ишни ҳар ким ҳам эплай олмайди. Балки ушбу илмлар уммат орасидаги куч-қуввати етадиганларга хосдир. Бу, илмнинг аввалги қисми бўлмиш, ҳар бир киши у ҳақида сўраладиган илмга хилоф ўлароқ уммат ичидаги баъзи кишилар ўқиб-ўрганишса вожиб адо этилган бўлади. Чунки ушбу амалларга (исломнинг беш рукнига) фақатгина илм асосида амал қилиш мумкин. Шунинг учун ҳам шайх раҳимаҳуллоҳ: бизга вожиб бўлади, дедилар. Мусулмонларга ёки баъзиларга вожиб бўлади, демадилар. Чунки ушбу масалаларни таълим олишлик ҳар бир кишига фарзи айндир.
Ушбу масалаларга киришишдан аввал бир нарсани билмоғимиз лозимки, умматга хоҳ фарзи айн ёки фарзи кифоя тарзида вожиб бўладиган илмдан мурод, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган шаръий илмдир.
Ишлаб чиқариш, ҳисоб-китоб, муҳандислик ва бундан бошқа касб-ҳунар каби дунёвий илмга келсак, ушбу илмни ўқиб-ўрганиш мубоҳдир. Уммат ушбу илмларга муҳтож бўлгани онда, қудрати етадиган кишиларга вожиб ҳам бўлади. Бироқ Аллоҳ таоло олқиш айтиб, мадҳ этган ва Пайғамбар солалллоҳу алайҳи ва саллам: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир» (Бухорий (67), Абу Довуд (3641), Ибн Можжа (223) ва Термизий (2682) Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди), деганларида қасд қилинган илмдан мурод дунёвий илм эмас, балки шаръий илмдир.
Бирор киши дунёвий илмдан бехабар қолса гуноҳкор бўлмайди. Ким ушбу илмни ўқиб-ўрганса, унга бу мубоҳдир. Умматга нафи тегса ажру-савобга эришади. Инсон ушбу илмдан бехабар ҳолда вафот этадиган бўлса, қиёмат куни жазога тортилмайди. Бироқ шаръий илмдан, хоссатан зарурий илмдан бехабар ҳолда дунёдан ўтса, ҳали қиёмат куни у ҳақда: «Нима учун ўқиб-ўрганмадинг? Нима учун сўраб-суриштирмадинг?» дея сўралади. Қабрга қўйилганда: «Роббим Аллоҳ, диним ислом, пайғамбарим Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам» дейдиган киши нажот топади. Унга: «Ушбу нарсага (илмга) қандай эришдинг?» дейилганда, у: «Аллоҳнинг Китобини ўқиб-ўргандим», дейди.
Ушбу илмдан юз ўгирган кимса эса қабрида саволга тутилганда: «Ҳаҳ, ҳаҳ билмасам. Одамларни бир нарса дейишаётганини эшитиб, ўшани айтиб юраверардим», дейди. Ушбу кимсага қабрида жаҳаннам олови ёқилиб, Аллоҳ сақласин, қабри торайтирилганидан қовурғалари бир-бирига аралашиб кетади. Ва (қабри) жаҳаннам чоҳларидан бир чоҳга айланади. Чунки у ўқиб ўрганмади. Унга: «Билмадинг, ўқимадинг», дейилади (Бухорий (1338), Муслим (2870) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан қисқартирилган суратда ривоят қилишди, Абу Довуд (4753) Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан тўлалигича ривоят қилди). Чунки у ўқиб-ўрганмаганди. Илм аҳлининг этагини тутмаганди. Балки ҳаётини зое қилди. Бундай кимсанинг оқибати бахтсизликдир. Аллоҳнинг паноҳига қочамиз.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): Илм, деган сўзлари, барчамиздан талаб қилинадиган шаръий илмдир. Яъни, Аллоҳни исм ва сифатлари ила танимоқ, Унинг бизни устимиздаги ҳаққи бўлмиш шериксиз, якка Ўзига ибодат қилишни билмоқдир. Бандага вожиб бўладиган аввалги нарса Роббиси азза ва жаллани ва Унга қандай ибодат қилмоқни билишидир.
У Аллоҳни, пайғамбарини ва ислом динини далиллари билан билмоқдир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): У Аллоҳни (билмоқ-танимоқ), деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, (авваламбор) банда Роббисини қандай танийди? Унинг оятлари ва махлуқотлари воситасида таниб олади. Кеча ва кундуз Унинг оятларидан. Қуёш ва ой эса Унинг махлуқотларидандир. Аллоҳнинг хоҳиши ила бу ҳақда яна баён қилинади.
Демак, Аллоҳни борлиқдаги ва Қуръоний оятлари ила танийди. Қуръонни ўқиса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло осмонлару ерни яратган эканини, У Зот осмонлар ва ердаги нарсаларни бўйинсундириб қўйганини, У Зотгина ўлдириб, тирилтиришини ва У барча нарсага Қодир эканини, ҳамда У Раҳмон ва Раҳим эканини билиб олади. Қуръон бизга Аллоҳ азза ва жаллани танитиб боради. У Зот бизга барча неъматларни инъом қилиб берди ва У бизни яратиб, ризқ берди. Қуръонни ўқийдиган бўлсангиз Роббингиз субҳанаҳу ва таолони исм-у сифатлари ҳамда феъллари ила таниб оласиз.
Борлиққа назар ташлар эканисиз, Роббингиз субҳанаҳу ва таолони, У Зот барча махлуқотларни яратгани, борлиқни бўйинсундириб, уни Ўзининг ҳикмати ва илмига кўра ҳаракатлантириб қўйганини биласиз. Ана шу Аллоҳ азза ва жаллани билмоқдир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): пайғамбарини (билмоқ-танимоқ), деган қовлларидан мурод: у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Чунки у киши Аллоҳ азза ва жалланинг номидан (рисолатни) етказувчидирлар. У киши рисолатни етказишда биз билан Аллоҳ азза ва жалла ўртасида восита (вазифасини ўтадилар). Демак у киши ким эканлари, наслу насаблари, (туғилиб ўсган) шаҳарлари ва қандай дин олиб келганлари, у кишига ваҳий қай йўсинда (нозил бўла) бошлагани, Макка ва Мадинада Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишни қандай адо этганларини билишинг лозим бўлади. Хуллас қисқача бўлса-да Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини билишинг даркор.
Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдулмуттолиб ибн Ҳошим ибн Абдуманофдан то Иброҳим алайҳиссаломга тақаладиган насаб соҳибидирлар. Пайғамбарликдан аввал қандай ҳаёт кечирганлари, у кишига Аллоҳ азза ва жалла томонидан ваҳий қай йўсинда келгани, пайғамбарликдан кейин нима ишлар қилганларини, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини дарс қилиш билан билиб оласан. Мусулмон кишига Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламни танимай ўтиши нолойиқдир. Ахир ўзингиз (ҳали яхши) танимаган одамга қандай эргашасиз?! Бунга ақл бовар қилмайди.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): ислом динини (билмоқ-танимоқ), деган сўзларидан мурод, Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг динларики, Аллоҳ азза ва жалла ушбу дин(га иймон келтиришни) Ўзининг бандаларига амр этди. Ушбу динга эргашишликни сенга амр этди, ҳали бу ҳақда сўраласан. Демак, ушбу динни билмоғинг лозим. Ислом, бу барча элчиларнинг динидир. Барча элчиларнинг дини умумий маънода исломдир. Элчилардан бирортасига эргашган киши, у Аллоҳ азза ва жаллага таслим бўлган, Унга бўйинсуниб, (ибодатда У Зотни) яккалган кишидир. Бу умумий маънодаги исломдирки, у барча элчиларнинг дини. Ислом – Аллоҳ таолога, У Зотни (ибодатда) яккалаш ила тўла таслим бўлиш, У Зотга тоат ила бўйинсуниш ҳамда ширк ва унинг аҳлидан тўла халос бўлишдир.
Хос маънодаги ислом эса, у Аллоҳ таоло Ўзининг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ила жўнатган диндир. Чунки Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг фақат у кишининг динлари дин бўлиб қолади. Демак, ислом у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишда чекланади. Яҳудий ёки насроний Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар этиб жўнатилганларидан сўнг у кишига эргашмай туриб: мен мусулмонман, дейиши мумкин эмасдир. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар бўлгач, ислом энди фақат у кишига эргашишликдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: «Агар сизлар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. (Шунда) Аллоҳ сизларни севади» (Оли Имрон: 31). Булар исломнинг умумий ва хос маънолари эди.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Далиллари билан», деган сўзларидан мурод, тақлид асосида эмас, балки Қуръон ва Суннатдан иборат далиллар билан (билмоқ), деган маънодадир. Ана шу илмдир.
Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «ал-Кофия аш-Шофия»да шундай дедилар:
«Илм – Аллоҳ, Унинг Расули ва саҳобалар айтганидир, асло кўзбўямачилик эмас.
Илм Расул билан фақиҳнинг раъйини тентакларча ўзаро қарама-қарши қилиб қўйишинг ҳам эмас».
Ана шу илм деб айтилади. Илм – Китобу Суннат илмидир. Уламоларнинг сўзлари эса Аллоҳ ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг каломини шарҳлаб, изоҳлаб беради. Гоҳида унда (уламоларнинг сўзларида) ёки баъзисида хато ҳам бўлади. Уламоларнинг сўзлари далил эмас, балки далил Қуръон оятлари ва пайғамбар ҳадисларидир. Уламоларнинг сўзлари эса ўз-ўзидан далил бўлмай, балки ушбу (асосни) шарҳлаб, изоҳлаб, ёритиб беради.
Ушбу биринчи масала бўлиб, у асосдир. Шайх раҳимаҳуллоҳ ушбу масаладан бошлаганларининг боиси, чунки у аслдир. Демак ўқиб-ўрганиш, таълим бериш ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишда ақида-асосдан бошланади. Ақидадан бошланади. Чунки у аслу асосдир.
Admin   10-04-2009, 02:45 PM
#2
Амал илм биландир

Иккинчиси: унга амал қилмоқ
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Унга амал қилмоқ», деганларидан мурод, (ана ўша) илмга (амал қилмоқ) деган маънодадир. Чунки инсонга таълим бериб, ўқиб-ўрганишини ўзи кифоя қилмайди. Балки илмига амал қилмоғи лозимдир. Амалсиз илм кишининг зарарига ҳужжатдир. Илм фақат амал билангина манфаатли бўлади. Илм олиб, амал қилмаган ғазабга дучор бўлганлардан бўлади. Чунки у ҳақни билди ва уни била туриб тарк этди.
Шоир айтадики:
Илмига амал қилмаган олим
Бутпарастлардан аввал азоблангай
Ҳадиси шарифда ҳам: «Қиёмат куни жаҳаннам ўтида ёнадиганларнинг аввалгиси, илмига амал қилмаган олимдир» (Термизий (2382) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди), дея эслаб ўтилган. Илм амалга чамбарчас боғлиқдир. Амал илмнинг самарасидир. Амалсиз илм бамисоли мевасиз дарахтдир. Ундан бирор фойда йўқ. Илм амал қилинсин учун нозил қилинган.
Худди илмсиз амал ўз эгасига муваффаққиятсизлик ва залолат бўлганидек. Инсон илмсиз амал қилар экан, унинг амали муваффаққиятсизлик ва турган битгани ўз соҳибига машаққатдир. Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким бизнинг буйруғимиз бўлмаган бирор амални қилса, бас у рад этилгандир» (Бухорий (7350) ҳадисдан олдин Муслим (18) ва (1718) Оиша розияллоҳу анҳoдан ривоят қилишди).
Ҳар ракатда Фотиҳа сурасининг ушбу оятларини ўқиймиз: «Ўзинг бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. (Бизларни) шундай зотларнинг йўлига (бошлагин)ки, Сен Ўзинг уларга (тўғри йўлни) инъом қилгансан – улар (Сен томондан) ғазабга дучор бўлмаганлар ва залолатга кетмаганлар – адашмаганлар» (Фотиҳа: 6-7). Аллоҳ таоло илмсиз амал қиладиганларни адашганлар деб, билиб туриб, амал қилмайдиганларни эса ғазабга дучор бўлганлар, деб атади. Бунга аҳамият бермоғимиз лозим. Чунки бу жуда муҳимдир.
Admin   10-05-2009, 09:48 PM
#3
Илмга даъват қилиш

Учинчиси: унга (ўша илмга) даъват қилмоқ
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Унга (ўша илмга) даъват қилмоқ», деган сўзларига келсак, яъни, инсон ўқиб-ўрганиб, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилмай ўзи амал қилиб юравериши етарли бўлмайди. Балки бошқаларни даъват қилиб, ўзига ҳам, ўзгага ҳам фойда улашадиган бир шахс бўлмоғи лозим. Чунки бу илм омонатдир. Бу сени мулкинг эмаски сақлаб қўйиб одамларни ундан, муҳтож бўлсалар-да, маҳрум этсанг. Сенга етказиш, баён қилиш ва одамларни яхшиликка чақириш вожиб бўлади. Аллоҳ таоло сенга юклаган ушбу илм, у сенга вақф эмас, балки у сенга ва бошқаларга ҳамдир. Уни шахсий мулкинга айлантириб олиб, одамларни ундан фойдаланишликларидан тўсма. Илмни етказиш ва уни одамларга баён қилиб бериш лозимдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Эсланг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у (Китобни) одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!», деб аҳд-паймон олган эди» (Оли Имрон: 187).
Ушбу, Аллоҳ таоло уламолардан, яхшилик атрофга тарқалиб, инсонлар зулматлардан нурга чиқишлари учун одамларга, Аллоҳ таълим берган илмни баён қилиб берасизлар деб олган аҳд-паймондир. Бу айнан элчилар алайҳимуссалоту вассалам ва уларга эргашганларнинг вазифасидир. Аллоҳ таоло шундай деди: «Айтинг: «Менинг йўлим шудир. Мен Аллоҳга даъват қиламан. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга-ишончга эгамиз. (Ҳар қандай шерикдан) Аллоҳни поклайман. (Зеро), мен мушриклардан эмасман»» (Юсуф: 108). Демак, бу Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у кишининг издошлари босиб ўтган йўлдир. Илм, амал ва Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиш. Кимда-ким даъват қилишга қодир бўла туриб даъват қилмаса ва илмга эга бўла туриб, уни яширса, ҳадисда келганидек, қиёмат куни оловли юган билан юганланади (Абу Довуд (3658), Термизий (2649), Ибн Можжа (261) ва (266) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким (билган) бирор илмдан сўралса-ю, уни яширса, Аллоҳ уни қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганлайди». Ибн Можжа (265) Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким Аллоҳ таоло одамларнинг (умумий)-дин ишида фойда етказиши (мумкин) бўлган бирор илмни яширса, Аллоҳ уни қиёмат куни оловдан бўлган юган билан юганлайди»).
Admin   10-05-2009, 09:53 PM
#4
Даъват йўлидаги азиятларга сабр қилиш

Тўртинчиси: даъват йўлидаги азиятларга сабр қилмоқ
(Мусанниф раҳимаҳуллоҳнинг): «Даъват йўлидаги азиятларга сабр қилмоқ», деган қовлларига тўхталадиган бўлсак, маълумки, одамларни даъват қилиб, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган киши пасткаш кимсалар томонидан азиятларга дуч келади. Чунки инсонларнинг кўпчилиги яхшилик бўлишини истамайди, балки шаҳват, ҳаром ишлар, ботил ҳаво-истаклар бўлишини хоҳлайдилар. Энди уларни Аллоҳнинг йўлига даъват қилиб, шаҳватларидан қайтарадиган киши келса, улар томондан ҳам ё сўз ёки амал билан рад (жавоби) бўлиши тайиндир. Аллоҳнинг Юзинигина истаб, Унинг йўлига даъват қилаётган кишига, азиятларга сабр қилиши, даъватда бардавом бўлиши вожиб бўлади. Унинг бу йўлдаги пешвоси элчилар алайҳимуссалоту васалламлар ва уларнинг яхшилари ва якунловчилари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.
Одамлар томонидан қандай қилмишларни тотиб кўрдилар-а? Сўз ва амал билан бўлган қанчадан-қанча азиятларни бошдан кечирдилар. Сеҳргар, каззоб, ақлдан озган, дейишди. Улар айтган барча ҳақоратларини Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда эслаб ўтгандир. Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилганларида товонларидан қон оқар даражада тошбўрон қилдилар. Каъба атрофида саждада эканлар, устларига туянинг ичак-човоғини ташлашди. Ўлдирамиз дея қўрқитиб, таҳдид қилишди. Уҳуд ғазоти у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари розияллоҳу анҳумларга қанчалар қийин кечди. Тишларини синдириб, бошларини ёришди ва Аллоҳнинг пайғамбари бўла туриб чоҳга йиқилдилар. Буларнинг бари Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилиш мобайнидаги азиятлар эди. Бироқ у киши сабр қилиб, халқларнинг энг афзали бўла туриб (ушбу оғриқларни) кўтара билдилар. Ушбу даъватдек бир (масъулиятли вазифани) олиб бораётган киши иймони ва даъватига қараб азиятларга тутилиши чорасиздир. Бироқ унга сабр қилиши вожиб бўлади. Модомики ҳақда экан, албатта сабр қилиб (оғриқни) кўтара олиши керак. У Аллоҳнинг йўлидадир. Наинки азият етса, ҳасанот палласида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан ажр бўлади.
Далил, Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Вақт-замонга қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)» (Аср сураси).
Ушбу тўрт масалани муфассал суратда ўрганишимиз вожиб бўлади. Шайх раҳимаҳуллоҳ айтганларига далил борми? Бизга ушбу тўрт масалани ўқиб-ўрганиш вожиб бўлади. У киши раҳимаҳуллоҳ бизга далилсиз бирор гап айтмасликка ваъда бердилар. (Айтганларига) далил борми?
(Раҳимаҳуллоҳ) шундай дедилар: Бунга далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. «Вақт-замонга қасамки, (барча) инсон зиён-бахтсизликдадир. Фақат иймон келтирган ва яхши амаллар қилган, бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган ва бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)». «Фақат иймон келтирган»: Бу биринчи масаладир, яъни, илм. Чунки иймон фақат илм билан бўлади. У Аллоҳ азза ва жаллани танимоқ, пайғамбарини танимоқ ва ислом динини далиллар билан билмоқдир.
Иккинчи масала: «Ва яхши амаллар қилган», бу эса амал илм билан бирга эканидир.
Учинчи масала: «Бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган», бу эса илм ва амалга бўлган даъват-чақириқдир.
Тўртинчи масала: «Бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)».
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: «Вақт-замонга қасамки», қовлига тўхталсак.
Аллоҳ таоло махлуқотлардан бири бўлган замон ва вақт билан қасам ичди. Аллоҳ жалла ва ала махлуқотларининг хоҳлагани билан, махлуқ эса фақат Аллоҳ(ни номи) билан қасам ичади. Аллоҳ таоло аҳамиятга молик нарса билангина онт ичади. Ушбу замон (дея аталмиш махлуқот) аҳамиятга молик ва унда кўплаб ибратлар бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло вақт-замон, (борлиқни ўз зулмати билан) ўраб келаётган кеча ва чошгоҳ вақтлари билан қасам ичди.
Махлуқ эса фақат Аллоҳнинг номи ила қасам ичади. Бизга Аллоҳ(нинг номидан) бошқаси билан онт ичишимиз жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимда-ким Аллоҳдан ўзгаси(ни номи) ила онт ичса, дарҳақиқат, куфр ёки ширк келтирибди» (Абу Довуд (3251) ва Термизий (1535) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ(нинг номи) билан қасам ичсин, йўқса жим бўлсин» (Бухорий (6108) ва Муслим (1646), (3) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишди).
Демак, Аллоҳ таоло аҳамиятга молик ва ибратли нарсаларнинг хоҳлагани билан қасам ичади. Ушбу замон-вақтда қандай ибрат бор? Бунда улкан ибратлар борки, тун ва кун ўзаро бир-бирини қувиб, гоҳида тун узайса, гоҳида кун узаяди. Ушбу ўзгармас, тартибли ажойиб бир интизом билан тун ва кун бир-бирини таъқиб қилиб боради.
Бунинг бари Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қудратига далолат қилади. Ушбу вақт-замонда рўй бераётган турли ҳодисот, ҳалокату мусибат ва неъмату яхшиликларнинг бари ибратланарли нарсалардир. Шунинг учун ҳам тун ва кун солиҳ амал (қилиб қолишлик учун бўлган) бир заминдир. Аллоҳ таоло шундай деди: «У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир» (Фурқон: 62).
Кеча ва кундуз Аллоҳ азза ва жалланинг тоати йўлида унумли фойдаланаман деганларга улкан бир касб-имкониятдир. Олдингизда кеча ва кундуздан ўзга амал учун ўрин-замин йўқ. Туну кун дунё ва охират учун покиза ризқ ва амали солиҳ қилишга бир заминдир. Кеча ва кундузда ибрат ва фойдалар бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло вақт-замон билан қасам ичди.
Қасамга жавоб ўлароқ Аллоҳ таоло шундай деди: «(Барча) инсон зиён-бахтсизликдадир». Бирор киши истисно қилинмай, жамийки одам болалари, подшоҳ, раис, бой, камбағал, озод, қул, эркак ва аёлнинг бари ушбу қимматли вақтни зое қилиб, уни Аллоҳнинг маъсияти ва ўзларига зарарли нарсалар йўлида фойдаланишар экан, уларнинг бари зиён ва ҳалокатдадир.
Ушбу вақт инсонларнинг кўпини наздида арзимас бир нарсага айланди. Вақт ўтиши билан зерикишгач, «вақтни ўлдиришни истаймиз», дея кўнгилхушлик қилиб ёки таътилни ўтказиш учун хорижга сафар қилиб ё бўлмаса кулишиб, ҳазил-ҳузул қиладилар. Ушбу кимсалар вақтни зое қилишгани учун ҳам қиёмат куни уларга зиён ва надомат бўлажак. Вақтга риоя қилганларида, у уларнинг саодатлари манбаи эди.
Демак, тўрт сифат билан сифатланганлардан ташқари жамийки одам болалари зиён ва ҳалокатдадир. Ушбу сифатлар: илм, амал, Аллоҳни йўлига даъват қилиш ва азиятларга сабр қилиш.
Кимда-ким ушбу сифатлар билан сифатланса, бахтсизликдан нажот топади.
Аллоҳга иймон келтириш фақат У Зотни танимоқ ила амалга ошади.
«Яхши амаллар қилган», яъни, вожиб ва мустаҳаблардан иборат солиҳ амалларни қилганлар. Дин ва дунёларига фойдали бўлган солиҳ амалларни қилиш билан вақтларидан унумли фойдаланганлар. (Аллоҳнинг) тоатига ёрдам бўлсин дея дунё учун амал қилишда яхшилик ва ажр бор. Энди охират учун амал қилиш ҳақида нима дейсиз? Муҳими вақтни зое қилманг. Балки ундан ўзингизга фойда ва манфаатли нарсалар йўлида фойдаланинг.
«Бир-бирларига ҳақ (йўли)ни тавсия этган», яъни, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарган, Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилган, фойдали илмни таълим бериб, одамлар орасида илм ва яхшиликни тарқатган, натижада Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилувчи бўлган зотлардир.
«Бир-бирларига (мана шу ҳақ йўлида) сабр-тоқат қилишни тавсия этган», яъни, етган азиятларга сабр қилган зотлар. Сабр луғатда: танбалаб қўймоқдир. Бу ерда ирода қилинган маъно шуки: Аллоҳга тоат қилиш йўлида нафсни танбалаб-жиловлаб қўйиш.
Сабр уч турлидир:
Биринчи: Аллоҳга тоат қилиш йўлида сабр қилиш.
Иккинчи: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қайтишда сабр қилиш.
Учинчи: Аллоҳнинг тақдирига сабр қилиш.
Биринчи: Аллоҳга тоат қилиш йўлида сабр қилиш. Чунки нафс дангасалик ва роҳат-фароғатни истайди. Демак инсон нафсини тоат, намоз, рўза ва Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш учун сабрга ўргатиши лозим. Нафс ушбу ибодатларни ёмон кўрса-да, инсон уни Аллоҳга тоат қилиш йўлида танбалаб-жиловлаб қўяди.
Иккинчи: Аллоҳ ҳаром қилган нарсалардан қайтишда сабр қилиш. Нафс ҳаром иш ва шаҳватларни хоҳлаб, мойиллик сезади. Уни ҳаром ишлардан танбалаб-жиловлаб қўйиш лозимдир. Бу эса сабрга эҳтиёж сезади. Нафсни ҳаром шаҳватлардан тўсиш осон иш эмас. Кимда сабр бўлмас экан, нафси унга ғолиб келиб, ҳаром ишларга ҳавас уйғотади.
Учинчи: Аллоҳ таолонинг аламлантирувчи тақдирига сабр қилиш. Инсоннинг жигаргўшаси вафот этиши, мол-дунёнинг ҳароб бўлиши, турли касалликлар етиши каби мусибатлардан иборат Аллоҳнинг қазою қадарига сабр қилиб, жазавага тушмай, аччиқланмай, балки тилни уввос солиб йиғлашдан, нафсни эса бетоқат бўлишдан, қўлни эса юзни тимдалаш ва кийим йиртишдан тийиб қўйиш – мусибатларга сабр қилишдир.
Камчилик-нуқсонларга келсак, уларга сабр қилинмайди, балки Аллоҳ таолога тавба қилиб, улардан узоқлашилади. Бироқ инсон ожизлик қиладиган, балки Аллоҳ азза ва жалла томонидан синов, имтиҳон ёки қилган гуноҳига жазо ўлароқ мусибатлар келганда (сабр қилиши лозимдир). Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса – гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).
Мусулмон кишига жони, моли, фарзанди, яқини ёки биродарларидан бирига мусибат етганда сабр қилиб, ажрни Аллоҳдан умид қилиши лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтадики: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бирор мусибат келганда: «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз», дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг! Ана ўшаларга Роббилари томонидан саловот (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчилардир» (Бақара: 156-157). Ана шу сабрдир. Аллоҳ азза ва жалланинг йўлига даъват қилишдаги азиятларга сабр қилиш ҳам шулар жумласидандир. Яхшилик йўлида тотаётган азиятларга сабр қилиб, хайрли амалдан воз кечмаслигингиз даркор. Чунки баъзилар яхшилик қилишни хоҳлайди. Бироқ кариҳ кўрган бирор нарсага дуч келгач: бундай ишларга киришишим менга вожиб эмас, дейди-да, муаллим бўлса таълимни, даъватчи бўлса Аллоҳ йўлидаги даъватни, масжидда имом-хатиб бўлса имомлигу хутбани, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришни тарк этади. Ушбу кимса тотган азиятларига сабр қилолмади.
Хатога йўл қўйган бўлсанг ҳаққа қайтишинг лозимдир. Аксинча ҳақда бўлиб, хатога йўл қўймаган бўлсанг, сенга сабр ва ажрни Аллоҳдан умид қилиш вожиб бўлади. (Тотаётган азиятларинг) Аллоҳ азза ва жалланинг йўлида (бўлганинг) сабабли эканини ва сен бунинг учун ажр-у савобга эришишингни ҳис қилиб, пайғамбар алайҳиммуссалоту васалламларнинг бошига қандай оғир кунлар тушганини ва Аллоҳ азза ва жалла уларга нусрат бергунга қадар қандай сабр қилиб, курашишганини ёдингда тут.
Admin   11-16-2013, 05:21 PM
#5
Шофиий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Аллоҳ таоло халқларига ҳужжат ўлароқ фақат ана шу суранигина нозил қилганида, албатта уларга кифоя қиларди».
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Шофиий» деган қовлларига тўхталсак. У киши имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиийдир. Исми Шофи бўлган тўртинчи боболарига нисбат бериладилар. Имом Шофиий Қурайшдан, Бани Мутталибдандир. 204 ҳижрий йили вафот этдилар. У киши тўрт имомнинг биридир. Ушбу сўзни айтганларига сабаб, Аллоҳ таоло аср сурасида бадбахтлик ва саодат сабабларини баён қилиб берди.
Саодат сабаблари: инсон ушбу тўрт сифатга эга бўлмоғидир: илм, амал, даъват ва Аллоҳ йўлидаги азиятларга сабр қилиш. Ушбу сура билан халқларга Аллоҳнинг ҳужжати қоим бўлди. Аллоҳ субҳанаҳу уларга қарата: дарҳақиқат Мен ушбу мўъжазгина, мухтасар сурада сизларга саодат сабабларини баён қилиб берганман, деб айтади.
Қуръоннинг бари ва суннат ушбу тўрт масаланинг тафсилотидир. Бироқ ушбу сура саодат сабабларини умумий суратда баён қилди. Натижада халқларга қарши ҳужжат қоим бўлди. Қуръон ва Суннатнинг қолган ҳужжатлари эса ушбу тўрт масалага ойдинлик киритади. Имом Шофиийнинг сўзларидан мурод, Аллоҳ таоло ушбу сурадан ўзгасини нозил қилмаганида, одамларга шунинг ўзи кифоя қиларди, деган маънода эмас. Бироқ ушбу сура ҳужжатни қоим қилди. Чунки Аллоҳ таоло ушбу сурада саодат ва шақоват сабабларини баён қилди. Энди қиёмат куни ушбу мўъжазгина сурани ўқиган бирор киши: мен бахт ва бадбахтлик сабабларини билмагандим, деб айтолмайди.
Бухорий раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: илм сўз ва амалдан олдин эканлиги ҳақидаги боб. Далил: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун, ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!» (Муҳаммад: 19). (Аллоҳ таоло) сўз ва амалдан олдин илм билан бошлади.
Бухорий: у киши имом Муҳаммад ибн Исмоил ибн Иброҳим ал-Бухорийдир. Машриқдаги Бухоро шаҳрига нисбат берилади. Ҳадис аҳлининг имоми, ҳифзда мустаҳкам бўлган (раҳимаҳуллоҳ). Аллоҳнинг Китобидан кейинги китобларнинг энг саҳиҳи бўлмиш «ас-Саҳиҳ» китобининг соҳиби.
Илм сўз ва амалдан олдин, деган сўзларидан мурод, амал фақат илмга асослангандагина нафи тегади. Жаҳолатга қурилган амал, ўз соҳибига фойда келтирмайди. Балки қиёмат куни муваффаққиятсизлик ва залолат бўлади. Амалдан олдин илмни ўрганишдан ўзга чора йўқдир.
«Далил», деган сўзлари, яъни, бобнинг ана шундай номланишига далил Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидир: «Бас, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун… мағфират сўранг!» Демак, Аллоҳ таоло илмдан бошлади. Аллоҳ таолонинг: «Мағфират сўранг!», деган қовли эса, амалга ишорадир. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илмни амалдан олдин қўйди. Чунки амал илм асосида бўлмаса, ўз соҳибига фойда келтирмайди. Демак, инсон авваламбор илмдан бошлайди. Сўнг билганига амал қилади. Ана шу асосдир.

  
Users browsing this thread: 1 Guest(s)
Powered By TAVHID.COM, © 2002-2024 Tavhid Forum.
Made with by Curves UI.