Ибодатнинг таърифи ва қисмлари
Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Ушбу нарсаларни Яратгувчи Зот ибодатга лойиқ-ҳақлидир».
Шайх раҳимаҳуллоҳ Роб – маъбуд, деб Аллоҳ таолонинг ушбу: «Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Роббингизга ибодат қилингиз», қовлини далил қилиб келтиргач, Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг ушбу оятга берган изоҳларини нақл қилдилар. Ва ибодат турлари ҳамда ҳар бир турнинг далилини баён қилиб беришни хоҳладилар.
Ибодатнинг луғатдаги маъноси: хокисор бўлиш, бўйинсуниш. Мисол учун: «طريق معبد», яъни, устидан юриб ўтиш давомида ҳозирланган-бўйинсундирилган йўл.
Ибодат икки қисмдир:
Биринчи қисм: Барча махлуқотлар умуман олганда Аллоҳнинг бандаларидир. Мўмин, кофир, фосиқ ва мунофиқ. Бари Аллоҳнинг бандаси. Яъни, барчалари Унинг тасарруфи ва бошқаруви остидадир. Шундай экан уларга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишлари вожиб бўлади. Демак, барча халқлар, кофиру мўминларнинг бари Аллоҳнинг бандаларидир. Яъни, Унинг бўйинсундирилган махлуқотлари, улардан бирор киши Унинг бошқарувидан ташқарига чиқмайди. Аллоҳ таоло шундай деди: «Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) бўйинсунган ҳолда келгувчидир» (Марям: 93). Ушбу маъно остига осмонлар ва ердаги барча, мўмину кофир дохил бўлиб, барчалари қиёмат куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўйинсунган ҳолда келадилар ва бирор кишининг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг мулкида шериклиги йўқ.
Иккинчи қисм: Фақатгина мўминларга хос бўлган убудийят-бандалик. Аллоҳ таоло шундай деди: «Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозуъ билан юрадиган кишилардир» (Фурқон: 63). Ва мана бу қовли: «Аниқки Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир» (Ҳижр: 42). Шайтон шундай деди: «Магар уларнинг орасидаги покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Ҳижр: 40). Бу хос бандалик бўлиб, у – тоат ҳамда Аллоҳга У Зотни ибодатда яккалаш ила қурбат ҳосил қилинадиган бандалик-қулликдир.
Ибодатнинг шариатдаги таърифи борасида уламолар ихтилофлашишди. Яъни, турли иборалар ила таъриф беришган бўлса-да, бироқ маъно бирдир. Улар ичида Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Нуния»да айтганларидек: Ибодат – хокисорлик ва муҳаббатнинг чек-ниҳоясидир, деганлар ҳам бўлди.
«Раҳмонга қуллик бажо қилиш банда томонидан ғоятда муҳаббат ва хокисорлик ила бўлур. Булар (яъни, ғоятда муҳаббат ва ниҳоятда хокисорлик) икки қутбдир».
Демак, Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ ибодатга муҳаббатнинг чек-чегараси ва хокисорликнинг ниҳоий кўриниши дея таъриф бердилар.
Ва яна улар ичида: Ибодат – урф тақозо-талаби ва ақл ҳосиласидан холи ўлароқ шаръан буюрилган буйруқлар, деб айтганлар ҳам бўлди.
Чунки ибодат тавқифий-далилга қайдланган бўлиб, на ақл ва на урф-одат билан эмас, балки шариат билангина жорий бўлади. Бу тўғри таърифдир.
Бироқ шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ берган таърифлари кўп қиррали ва сермаънодир: «Ибодат – Аллоҳ таолога суюкли бўлган ҳар бир зоҳирий-ошкора ва ботиний-махфий сўз ва амални ўзида жо қилган калимадир».
Ушбу таъриф кўп қиррали ва сермаънодир. Яъни, ибодат Аллоҳ таоло буюрган барча амалларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло буюрган ишни Унга тоат ўлароқ адо этиш ва қайтарган қайтариқни Аллоҳ таолога итоат ўлароқ тарк этиш. Ана шу ибодатдир. Ибодатларни санаб адоғига етиб бўлмайди. Турлари жуда кўп. Аллоҳ таоло буюрган ҳар бир амални қилиш ва қайтарган барча қайтариқларни Унга тоат ўлароқ тарк этиш ибодатдир. Хоҳ ушбу амаллар тана аъзолари ила бажариладиган зоҳирий ёки қалбда адо этиладиган ботиний амаллар бўлсин, бари ибодатдир. Чунки ибодат тил, қалб ва тана аъзолари ила бажарилади.
Тасбиҳ, зикр, таҳлил ва икки шаҳодат калимасини нутқ қилиш каби тилда адо этиладиган шаръий сўзларнинг бари ибодатдир.
Шунингдек, Аллоҳга қурбат ҳосил қилайин дея қалбда адо этиладиган хавф, умид, рағбат, қўрқув, таваккул, тавба-тазарру, мадад сўраш каби ибодатларнинг бари қалб амалларидир. Аллоҳ таолога қалб ила суяниш-таяниш, Ундан қўрқиб, У Зотга рағбат, муҳаббат, ихлос ва содиқ бир ният қилиш, демак, қалбдаги ушбу амалларнинг бари ибодат турларидандир.
Худди шундай рукуъ, сажда, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш, нафс истакларига қарши жиҳод қилиш, ҳижрат ва рўза тутиш каби амаллар, тана аъзолари билан адо этиладиган ибодатлардир.
Демак, ибодатлар тил, қалб ва тана аъзолари ила адо қилинар экан. Сўнг ушбу ибодатлар (яна бир бошқа жиҳатдан) бадан-жасад ва мол сарф қилиш билан адо этиладиган қисмларга бўлинади.
Бадан-жасад ила адо этиладиган ибодатларга мисол: юқорида айтиб ўтилган уч турдаги тил, тана аъзолари ва қалб ила амалга ошириладиган ибодатлардир.
Мол сарф қилиш билан бўладиганга мисол: закот чиқариш, Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш, жиҳод учун мол сарф қилиш. Аллоҳ таоло шундай деди: «Аллоҳ йўлида молу жонлари билан курашган зотлар...» (Тавба: 20). Аллоҳ таоло оятда жондан аввал молни зикр қилди. Демак, мол билан жиҳод қилиш пул сарф қилиш билан адо этиладиган ибодатдир. Ҳаж ҳам бадан-жасад, ҳам мол сарф қилиш билан бўладиган ибодат. Ҳаж амаллари-маносиклар: тавоф, саъй, тош отиш, Арафа (тоғи)да туриш, Муздалифада тунаб қолиш бадан билан бўладиган ибодатлар. Булар учун пул сарф қилиш эса мол билан адо этиладиган ибодатдир. Чунки ҳаж қилиш сарф-ҳаражатга эҳтиёж сезади.
Аллоҳ таоло буюрган ибодат турларига мисол ислом, иймон ва эҳсон.
Шайх раҳимаҳуллоҳ ибодатга мисол қилиб, чеклаш мақсадида эмас, бир қанча ибодат турларини ёдга олдилар. Чунки улар шайх раҳимаҳуллоҳ зикр қилганларидан-да кўп бўлиб, уларни мухтасар бир рисолада жамлашнинг имконияти йўқ. Бироқ мисол тариқасида зикр қилдилар. Шайхулислом раҳимаҳуллоҳнинг «ал-Убудия» номли алоҳида рисолалари бўлиб, ушбу рисолада ибодат ва унинг турлари, ҳамда ибодат борасида сўфий ва бошқа тоифалар томонидан рўй берган оғишишларни баён қилиш ҳақида баҳс олиб борилган. Ушбу қимматли рисолани толиби илм ўқиб чиқишга муҳтождир.
(Муаллиф раҳимаҳуллоҳнинг): «Ислом, иймон ва эҳсон», деган сўзларига тўхталадиган бўлсак, ушбу уч тур, ибодат турларининг энг катталаридир. Ислом, иймон ва эҳсон. Шайх раҳимаҳуллоҳнинг иккинчи асос ҳақидаги сўзларида ушбу уч тур ибодатга шарҳ бериб ўтилади. Ушбу ўринда ёдга олишларига сабаб эса, чунки улар ҳам ибодат турларидандир. Ислом беш рукн: икки шаҳодат калимаси, намозни барпо қилиш, закотни ўташ, Рамазон рўзасини тутиш ва Аллоҳнинг уйини ҳаж қилиш. Ушбу ибодатлар мол ва жасад ила амалга оширилади. Шунингдек, иймон олти рукн бўлиб, улар қалбда адо этилади: Аллоҳга, малоикаларга, китобларга, элчиларга ва охират кунига иймон келтириш, ҳамда тақдирнинг яхши ва ёмонига иймон келтириш. Булар қалбий ибодатлардир.
Эҳсон эса бир рукндан иборат. У – Аллоҳга, гўёки Уни кўриб турганингдек ибодат қилишинг. Агар Уни кўрмасанг ҳам, У сени кўриб туради. Бу ибодат турларининг энг олийсидир. Чунки эҳсон ибодатларнинг энг олийси. Булар дин мартаба-даражалари, деб аталади. Чунки улар жамлангани маҳал дин барпо бўлади. Жаброил алайҳиссалом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалари гувоҳлигида бир қанча саволлар йўллаганларида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ислом, иймон ва эҳсон ҳақида жавоб бериб, сўнг шундай дедилар: «Бу Жаброил (бўлиб), сизларга динингиз иш(лар)ини таълим бергани келди». Демак, ушбу уч даража дин деб номланди.