Бекор қилинган постлар - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Умумий бўлим (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=5) +--- Forum: Модераторлар учун (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=41) +--- Thread: Бекор қилинган постлар (/showthread.php?tid=1499) |
Чумоли - Admin - 10-15-2009 ЧУМОЛИ
Доктор Носир ибн Сулаймон Умар Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Биринчи: Кириш Барча мақтовлар Аллоҳ таологагина хосдир. Биз Унга ҳамду санолар ва истиғфорлар айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлиги ва ёмон амалларимиздан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен «Шериксиз ягона Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир» деб гувоҳлик бераман. «Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102). «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71). Азиз дўстлар, ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Мен Аллоҳ азза ва жаллага ҳамду санолар ва шукроналар айтиб, Ундан ушбу учрашувни Ўзи учун холис қилишини сўрайман ҳамда бу масжидда уни уюштирган барчага, масжид мутасаддиларига ва хусусан бунга бошу-қош бўлган биродаримиз Одил Калбонийга чуқур миннатдорчилигимни изҳор этаман. Аллоҳ таоло уни ва сизларни хайрли мукофотлар билан тақдирласин. Бундан ташқари, билим ва манфаат олиш учун ҳозир бўлган сиз - тингловчиларга ҳам ўз миннатдорчилигимни изҳор қиламан. Аллоҳ таолодан мени сизлар умид қилиб келганингиз фойдаларни тақдим қила олишимга муваффақ қилишини сўрайман. Азиз дўстлар, бугунги мавзумиз – чумоли ҳақидадир. Камина бу сўздан кўпларингизнинг ҳайратланганингизни кўриб турибман. Ҳатто, ушбу мавзунинг танланиши ва унинг сарлавҳаси ажабтовур ном билан - «Чумоли» деб аталган экани ҳақида изоҳ сўраб, менга саволлар билан мурожаат қилиб, уйимга сим қоққанлар ҳам бўлди. Мен сизларнинг ҳайратланганингиздан ажабланаяпман. Ахир сизлар Аллоҳнинг Китобини ўқимаганмисизлар?! Ундаги суралардан бирининг номи «Чумолилар» деб аталишидан хабарларингиз бордир?! Чумолилар билан чумоли ўртасида нима фарқ бор? Униси бир исмнинг кўплик, буниси эса бирлик сони, холос. Балки Қуръон Каримда бу исмнинг бирлик сони, яъни «чумоли» зикр қилинган: «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди» (Намл: 18). Шунинг учун ҳам айта оламанки: Қуръоннинг узун сураларидан бирининг «Чумолилар» деб номланиши алоҳида маъно касб этади. Аллоҳ таоло айтади: «Қуръон ҳақида тафаккур қилмайдиларми ёки қалбларига қулфлар урилганми?!» (Муҳаммад: 24); «Қуръон ҳақида фикр юритмайдиларми? Агар у Аллоҳдан бошқаси тарафидан юборилса эди, (Унда) кўплаб қарама-қаршиликлар топган бўлар эдилар!» (Нисо: 82). Азиз биродарлар, мен бу мавзу – энг муҳим мавзулардан бири деб ўйлайман. Бу муболаға эмас. Чунки, чумоли мавзуси анча вақтдан бери диққатимни ўзига тортган. Мен бу митти жониворнинг ҳаёти ҳақида фикр юритиб, у ҳақида ёзилган китобларни мутолаа қила бошладим. Муфассирларнинг «Намл» сурасининг чумоли ҳақидаги ояти тафсирлари ҳамда биология китобларига мурожаат қилдим. Ўқиганим сайин, бу ажойиб митти жониворга бўлган ҳайратим ортиб борди. Шунинг учун ҳам, мен айтмоқчи бўлган сўзлар «Намл» сурасидаги оятлар ва улар учун ёзилган тафсирларгагина чекланган эмас. Мен сўзимни у билан бошламоқчиман, холос. Аслида бу мавзу анча узун. Мен сизларга: «Мен мавзуни қандай қилиб мухтасар қилар эканман, чунки шом ва ҳуфтон намозлари ўртасидаги қисқа вақтда бу мавзуни тўлақонли ёрита оламанми» деб бошим қотди, десам, таажжубланасизлар. Чунки, мен бу мавзу уни тўлақонли тушунтириш учун бир неча давраларга муҳтож эканига амин бўлдим. Чумолилар ҳақида Қуръоннинг бошқа бир ояти ҳам бор. Бироқ у чумолининг бошқа тури ҳақида. Шунинг учун мен уни дарсимизнинг охирига қолдирдим. Балки баъзиларимиз Қуръонни такрор-такрор ўқиган, ҳатто Қуръонни ёд олган бўлсак-да, бу тур чумолилар унга кутилмаган нарса бўлар. Нега чумоли ҳақида? - Admin - 10-15-2009 Иккинчи: Нега чумоли ҳақида? Биродарлар, чумоли – митти жонивордир. Бироқ, Аллоҳ таоло шундай деди: «Парвардигоримиз барча нарсага ўз хилқатини — шаклини ато этиб, сўнгра (уни) тўғри йўлга солиб қўйган зотдир» (Тоҳа: 50); «Бас, эй ақл эгалари, ибрат олингиз!» (Ҳашр: 2). Мен чумоли ҳақида битта эмас, кўплаб ҳикоялар бор эканини айтмоқчиман. Аллоҳ таоло баъзи қиссаларни ҳикоя қилар экан, унинг аввалида ёки охирида: «Дарвоқе, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир» (Наҳл: 66); «Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас» (Юсуф: 111), деб айтган. Биродарлар, мен нега чумоли мавзусини танладим? Сабаби, мен уни ўргандим. Бу - келтириладиган мисоллар ва ҳақиқатлар билан аниқ равшан бўлади. Шояд кўплаб талабалар чумоли даражасига эришса. Менинг бу сўзимда ҳеч муболаға йўқ. Аллоҳ номига қасам ичиб айтаманки, бу – ҳақиқатдир. Дўстлар, мен бу ерга мазаҳ қилиб кулишимиз учун қисса айтгани келганим йўқ. Балки ибрат учун мисоллар келтиришни хоҳладим. Азиз дўстлар, менинг, мавзудаги асосий бўлим - чумолининг биринчи тури ҳақида айтадиган сўзларимни диққат билан тингланг, кейин мен сиздан бир нарсани илтимос қиламан: бу чумоли билан ўзингизни, чумолилар оиласи билан жамоатингизни таққослаб кўринг. Агар инсофли бўлсангиз, чумолидек яшашдан қанчалар узоқ эканингизни тушуниб етасиз! Кўп ўринларда чумоли эришган нарсаларга эришишни орзу қиласан киши. Буни асоссиз эмас, талайгина толиби илмлар ҳаётига назар ташлашдан олган хулосамга суяниб айтмоқдаман. Шунинг учун ҳам бу ерга шу мавзуда гапириш ва Аллоҳ таоло яратган ушбу жониворда кўпчилигимиз бирон марта ўйлаб кўрмаган ибрат ва насиҳатлар бор эканини айтиш учун келдим. Кошки буни эътироф этсак, ибрат олсак ва фойдалансак. Ичимиздаги кўпчиликка чумолининг ҳашаротлардан бири экани, уйимизга кириб қолгудек бўлса, ундан қандай қилиб қутулиш фикри ўрнашиб қолган. Лекин ғаройиб чумолидаги чиройли жиҳатларга қараш ҳаёлга ҳам келмаган. Чумолининг Сулаймонга нисбатан муносабатидан олинадиган дарслар - Admin - 10-15-2009 Учинчи: Чумолининг Аллоҳнинг пайғамбари Сулаймон алайҳиссаломга нисбатан муносабатидан олинадиган дарслар Азиз дўстлар, сўзимизни Аллоҳ таолонинг Китобидаги «Намл» сурасининг оятлари билан бошлайлик: «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деган эди» (Намл: 18). Агар мен бугунги маърузамни фақат шу оятнинг маъноларига бағишлаганимда ҳам, унинг адоғига ета олмаган, балки, мавзунинг баъзи тарафларинигина ёрита олган бўлардим. Чунки мавзу ғоят серқирра, шунинг учун мен унинг баъзи қирраларигагина ишора қилиб ўтаман. Зеро, донога ишора кифоя. «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида ...» Демак, у ер «Чумолилар водийси» эди. У ерни нега «Чумолилар водийси» деб аталди? Чунки у ерда яшайдиган жониворларнинг энг кўпи чумолилар эди. Баъзи минтақаларга борсак, у ерларни Амр қабиласи ёки Шеҳр қабиласининг минтақаси деб аталади. Бу ном нимани англатади ва нимага далолат қилади? Бу, ўша минтақада яшаётган одамларнинг аксарияти Амр ёки Шеҳр ёки бошқа, сиз таниган қабилага мансуб кишилар эканини англатади. Демак, бу водийда яшаётган жониворлар чумолилар эди. Бу нимага далолат қилади? Бу чумолилар сонининг кўплигига далолат қилади. Шунинг учун ҳам бу водий «Чумолилар водийси» деб аталди. Муфассирларнинг бу водийнинг жуғрофий ўрни ҳақида айтган сўзлари бизни қизиқтирмайди. У Тоифдами ёки бошқа ердами, бунинг фарқи йўқ. Бизни қизиқтирган нарса – у водийнинг чумолилар билан тўлиб-тошганидир. Хўш, қандай воқеа содир бўлди? Воқеа Сулаймон алайҳиссалом лашкарлари билан «Чумолилар водийси»га етиб келганидан сўнг бошланди: «То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: «Эй чумолилар, уяларингизга киринглар ...» деди (Намл: 18). Аллоҳу Акбар! Азиз биродарлар, ўз оиласига хатар яқинлашаётганини билган чумоли баланд товуш билан: «Эҳтиёт бўлинг ва ўзингизни қутқаринг!»: «... яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар» дея нидо қилди (Намл: 18). Бу қандай ҳам ажойиб чумоли! У ўз қавми учун қайғуриб, уларнинг масъулиятини зиммасига олибди! У хатарнинг олдини олиб: «Бошингизга хатар келаяпти, жонингизни қутқаринг!», деб нидо қилмоқда. Бу чумолининг қилган иши нақадар ҳайратомуз! Эй биродарлар, бу чумоли хатарни сезган пайтида ўз жонини қутқариш учун қочиб қолдими? У: «Мен нима ҳам қила олар эдим. Мен ёлғиз чумоли бўлсам! Олдимдаги лак-лак қўшинга қарши нима ҳам қила оламан! Чумолилар уммати жуда кўп сонли, бироқ, бир ўзимнинг қўлимдан нима ҳам келарди?!» - дедими?! Азиз дўстлар, Аллоҳга онт ичиб айтаманки, Ислом Уммати бошига келаётган хатар Сулаймон алайҳиссалом давридаги чумолилар устига ёпириб келган хатардан каттароқ эмасми?! Қайси биримиз хатарни чумолидек ҳис этиб, Уммат ҳаётини қутқариш учун тиришаяпмиз?! Чор атрофидан хатар ёпирилиб келаётган бу Умматнинг қайғуси билан ким шуғулланаяпти?! Аллоҳ номига қасамки, бу хатар – битта ёки иккита эмас, балки сон-саноқсиздир: «(Улар) устма-уст зулматлардир» (Нур: 40). Ҳа, таҳдидлар остида қолган бу Уммат ғамини ким чекаяпти?! Ўзимиз билан очиқ ва ростгўй бўлайлик. Биз бу Уммат учун қайғураяпмизми?! Унга нисбатан қилинаётган фитналар ва ҳужумлар олдида сергакмизми?! Ёки иш, оила, бола-чақа ва бошқа ғамларимизни олдинга қўйиб, Уммат ғамини ўртага ёки орқага қўймоқдамизми?! Уммат ғамини олдинга қўйган кишиларнинг сони жуда ҳам оз! Севимли дўстлар, оятга яна бир назар ташлайлик: «бир чумоли айтди» дейилмоқда. Бу оятда «чумоли» сўзи ноаниқлик кўринишида истеъмол қилинди. Аллоҳ таоло: «Муайян чумоли айтди», демади. Балки ноаниқлик шаклидаги «чумоли» сўзини истеъмол қилди. Бу чумоли чумолилар подшосими, йўқми, бу ҳам маълум эмас. Ҳа, бу сўз ноаниқлик шаклида истеъмол қилинди. У – узоқларга чўзилган водийдаги оддий бир чумоли, ўзининг ким эканини билди. Бизчи, биз нима билан машғулмиз?! Биримиз: «Уммат манфаати учун фалончи шайх нима қилибди? Шайх Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳ нима қилибди?» - деб сўрасак, бошқалар: «Мўътабар Уламолар Ҳайъати нима қилибди?» - деб сўраса, яна бошқалар: «Беш кишилик қўмита нима қилаяпти?» - деб, баъзилар эса: «Фалончи ва пистончи нима қилдилар?» - деб савол берадилар. Мен айни шу саволни сизларга бермоқчиман: «Уммат манфаати учун сиз ўзингиз нима қилдингиз?!». Номаълум чумоли бир қавмни қутқариб қолди. Аллоҳ таоло оддий бир чумоли воситаси билан катта чумоли қавмига нажот берди. Азиз дўстим, Уммат ғамини бировлар елкасига ортиб қўйишдан кўра осонроқ иш йўқ. Келинг, очиқчасига гаплашайлик: «Сиз Уммат манфаати учун нима қилдингиз, нима қилмоқдасиз ва нима қила оласиз?!». Номаълум чумоли ... Дўстим, сиз Умматингиз учун шу бир чумоли ўз оиласи учун қила олган ишни қила оласизми?! Биз, энди иншааллоҳ, яна бир нуқтада бир оз тўхталиб ўтамиз. Чунки, юқорида дарсни мухтасар қилишимни таъкидлаган эдим. Ушбу ҳолат ҳам ажойиб: «Ҳой чумолилар, инларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар» (Намл: 18). Аллоҳу Акбар! Чумоли ниятларни йўйиш билан кутиб ўтирдими?! У: «Сулаймон сизларни таҳқирлади, чунки сизлар кучсиз махлуқотсиз! Сизларга эътибор ҳам бермади» - дедими?! У ўз қавми билан савол-жавоб қилиб ўтирдими?! Агар бирон нарса демаса ҳам яхшилик қилган бўлар эди. Чунки, у Сулаймон алайҳиссалом ва лашкарларини оқлаб: «Мен сизларни эзиб-янчиб ташласалар ҳам, уларни ниятлари боис айбламайман. Чунки, улар сизларни «ўзлари сезмаган ҳолларида ...» эзиб-янчиб ташлашлари мумкин» деган эди. Аллоҳу Акбар! Бизнинг ҳолимиз ва воқелигимизга бир назар солинг! Жоҳилият масалаларининг бир юз ўн иккинчисида: «Пайғамбарларнинг издошларини «дунё толиблари» дея айблаш, жоҳилият масалаларидан биридир» деб айтган Сулаймон Тамимийни Аллоҳ таоло раҳмат қилсин. Ҳа, ҳозирда одамлар уламоларни кўрсалар, дарҳол уларнинг ниятлари ҳақида баҳс қила бошлайдилар: «Бу - дунё мансабларидан бирини, у – ҳокимиятни, фалончи эса фалон нарсани мақсад қилаяпти», дейдилар. Уларни «радикаллар» демоқдалар! Сизлар «радикаллар» сўзи нимани ифодалашини жуда яхши биласизлар. Кошки бу «лақаб» илмоний (секулярист)ларнинггина оғзидан чиққан бўлса. Баъзи толиби илмлар ва олимлар (биз улар ҳақида ёмон фикрда эмасмиз) ҳам ўзлари қолиб, бошқаларнинг ниятларини таъвил қилиш билан овора бўлиб қолдилар: бу даъватчи ундай, униси бундай, у уни хоҳлайди, бу буни истайди, деб жар солмоқдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд разияллоҳу анҳуга ҳаммамиз билган ҳодисада ва бошқа бир ҳодисада унинг ўғли Усома разияллоҳу анҳуга: «Унинг қалбини ёриб кўра қолмабсан-да?!» - деб танбеҳ берганлар (Имом Муслим, «Иймон»: 96; Абу Довуд: 2643; Имом Аҳмад: 5/ 207). Дўстлар, бир-биримизнинг қалбимизни ёриб кўришни Аллоҳ бизга амр қилмади. Ушбу чумоли ҳам бу масалани тушуниб етди. Ўз оиласига: «... Сулаймон ва унинг лашкарлари сизларни босиб-янчиб кетмасинлар», деганида бошқа гапга ўрин қолмаган бўлар эди. Бироқ, агар у шу гапни айтиб, жим қолса, оиласи жим қолмаслиги мумкин эди. Улар: «Сулаймон нима қилмоқчи ўзи? У нега бу ердан ўтаяпти, бошқа ер қуриб кетибдими?» - деб ниятлар таъвилига киришиши мумкин эди. Шунинг учун ҳам бу чумоли савол дарвозаларини беркитди ва: «улар сезмаган ҳолларида» деди. Яъни, унинг ниятларини таъвил қилманглар! Шундай экан, модомики, бир сўзни айтар эканлар, бандаларнинг қалбларидаги нарсаларни тахмин қилиш билан овора бўлманглар! Бир чумолининг ўз қавмини ҳақиқатан эзиб-янчиб ташлаш учун келаётган лашкар ҳақидаги фикри шу бўлса, уларнинг нажоти учун куйиб-пишаётган биродарларининг ичларидаги ниятларини таъвил қилиш билан вақтларини зое қилаётган кишиларнинг ҳолига нима дейсиз?! Хўш, чумолилар унга: «Сен салтанатни, шуҳратни қўлга киртмоқчисан!» - дедиларми? Йўқ! Чумолилар у айтган гапга қулоқ солиб, инларига кириб кетдилар ва шу митти чумолининг чақириғи билан жонларини сақлаб қолдилар. Ҳа, ҳикоянинг шу ерида катта ибратлар бор. Лекин мен, юқорида айтиб ўтганимдек, сўзни мухтасар қилишга ҳаракат қиламан. Келинг, чумоли қиссасида давом этайлик. Чумоли сифатларидан бири – ростгўйлик - Admin - 10-15-2009 Бешинчи: Чумоли сифатларидан бири – ростгўйлик Азиз дўстлар, чумолилар жамияти – ростгўй жамиятдир. Уларнинг жамиятида ёлғонга ўрин йўқ. Уларда ёлғоннинг на қизили, на оқи, на қораси бор ва на муғомбирлик бор! Бу сўзларга ишониш учун келинг, аллома ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Мифтаҳу дарис-саадаҳ» (Бахт-саодат диёрининг калити) китобида ҳикоя қилган қиссани айтиб берай. У чумоли ҳақидаги ажойиб қисса. Бир одам ҳолвами ёки шакарми хуллас бир ширинликни ерга қўйибди. Ҳеч қанча вақт ўтмай чумоли келибди. — Улар худбинлиги йўқ, ҳамкор жамият бўлганлари учун (қисса мобайнида бунга гувоҳ бўласиз, иншааллоҳ) чумоли шерикларини чақира бошлабди. Quote:Биология фанидан маълумки, чумолилар бошларидаги «сезги маркази» деб аталган икки туксимон шохлари билан биз радиоалоқа деб атаган услубда хабарлашадилар.Ширинликни қўйган одам уни жойидан олиб қўйибди. Шу лаҳзада бошқа чумолилар етиб келишибди. Бироқ ширинлик йўқ! Бу қиссанинг мағзини чақишга ҳаракат қилинглар. Чунки унинг бир иловаси бор. Чумолилар бу ҳолатдан ҳайратга тушишибди-да, ортларига қайтишибди. Хабар берган чумоли эса ўртада ҳайрон бўлиб туриб қолибди. Ҳозир у бошқа чумолилар наздида ёлғончидек бўлиб қолди. Ҳалиги одам яна ширинликни ерга қўйибди. Чумоли хурсанд бўлиб, дарҳол яна хабар берибди. Хабар ишорасини олган чумолилар қайтиб келишганида, яна ширинликни олиб қўйибди. Чумолилар келиб ширинлик илинжида айлана бошлашибди. Ширинликни топа олмагач, аввалгидан кўра қаттиқроқ нафратлангандек узоқ туриб қолишибди-да, сўнгра орқаларига қайтишибди. Ҳалиги одам ширинликни учинчи марта ерга қўйибди, чумоли ҳам учинчи марта хабар берибди. Кейин яна ширинликни ердан олиб қўйибди. Мана шу пайтда фожеа рўй берибди: чумолилар келиб, ширинликни топа олмаганларида биласизми нима қилишибди? Бу ёлғоннинг учинчиси эди. Ким кечирса огоҳлантирибди, ким огоҳлантирса узрга ўрин қўймабди. Улар бирваркайига хабарчи чумолига ташландилар-да, уни парчалаб ташладилар. Бириси унинг қўлини, бириси оёғини, бириси бошини, бириси думини тортиб кетди. Унда бошқалар учун ибрат бор эди. Чунки у «ёлғон» хабар берган эди! Аслида эса у бечора ёлғон хабар бермаган эди! Қани айтингларчи, агар шу ишни одамларга татбиқ қилинса қандай бўлади? Йўқ, йўқ, одамларни қўя турайлик, чунки одамларнинг яхшиси ҳам бор, ёмони ҳам. Ҳар биримиз ўзимизга татбиқ қилиб кўрайлик: сизнинг бир ёки икки ҳафтангиз муғомбирликсиз ёки битта бўлсада ёлғонсиз ўтадими?! Агар сиз шундай бўлсангиз, мен сизни табриклайман. Бироқ, биз бу масалада ўта бепарво бўлиб кетганмиз. Демак, чумолилар жамиятида ёлғонга ўрин йўқ экан. Чумоли сифатларидан бири худбинлик эмас, ҳамкорлик - Admin - 10-15-2009 Олтинчи: Чумоли сифатларидан бири худбинлик эмас, ҳамкорлик Азиз дўстлар, чумоли сифатларидан бири – ҳамкорликдир. Сиз ўн ёки йигирмата чумолининг битта йўлдан кетаётганини кўрганмисиз ёки ҳар бири алоҳида йўллардан кетаётганини кўрганмисиз? Албатта чумолилар бир чизиқдан юрадилар. Уларнинг сонлари ўнта, йигирмата, ўттизта, қирқта, юзта бўлса ҳам, бир йўлда кетма-кет юрадилар. Бу – ҳамкорлик ва бирдамлик намунасидир. Илмий изланишлар бирорта чумоли касал бўлиб қолса бошқалари кўтариб, инига олиб бориб, даволаганларини исботлаган. Сизлар бирдамлик ва ҳамкорлик намуналарини ўз кўзларингиз билан кўрмаганмисиз. Ахир озуқани бир неча чумоли биргалашиб кўтариб кетаётганини кўргандирсиз?! Бу ҳамкорлик ин қуришдаги чумолилар «ҳашари»да очиқ кўринади. Инни битта эмас, ўнта эмас, юзлаб чумолилар биргаликда қурадилар. Бу ишлар чумолиларнинг ҳамкор эканини кўрсатмоқда. Аллоҳ таоло дейди: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида: 2). Чумоли сифатларидан бири – фидокорлик - Admin - 10-15-2009 Еттинчи: Чумоли сифатларидан бири – фидокорлик Муҳтарам дўстлар, чумолиларнинг ғаройиб жиҳатларидан бири – уларнинг фидокорликларидир. Илмий изланишлар чумолилар ҳамкор яшашлари ва бу ҳамкорлик йўлида жонларини қурбон қилиб, фидокорлик кўрсатишларини исботлаган. Мен сизларга бу мавзуда бир иккита мисол келтирмоқчиман: Чумоли ўз жонини шериклари учун қурбон қилади. Тажрибалар шуни кўрсатдики, чумолилар йўлларида сувга йўлиқиб қолса, нима қилади? Мен, табиийки, Фурот ёки Нил дарёларини назарда тутмаяпман. Бу сув «ҳавза»сидан ўтишнинг икки йўли бор: улардан биринчиси жуда ҳам ғаройиб. Чумолилар бир-бирига боғланадилар. Уларнинг ҳар бири ёнидагини ушлайди ва сувнинг нариги томонига етиб боргунча боғланишади. Натижада, кўприк ҳосил бўлади. Бошқа чумолилар эса уларнинг устидан ўтиб борадилар. Ҳамма ўтиб бўлгач кўприкнинг бош тарафини тутиб турган чумоли кўприк устидан ўтиб боради. Сўнгра кейингиси, ва ҳоказо. Ва ниҳоят уларнинг ҳаммаси соғ-саломат ўтиб олишади. Энди қаршидаги сув устига кўприк қилиб бўлмайдиган даражада каттароқ бўлса. Бу пайтда чумолиларнинг бир тўпи ўзини сувга отиб, бир-бири билан маҳкам боғланишади. Кейин бошқалари ҳам ўзларини сувга отиб (ҳудди қайиққа мингандек) уларнинг устларига чиқиб оладилар. Дўстларни қутқаришнинг бу амалиёти мобайнида сувга тушган биринчи чумолиларнинг кўпи ғарқ бўлади! Субҳоналлоҳ! Бу фидоийлик ва олдинга интилиш – нақадар ҳайратли! Аллоҳ номига қасамки, биз шундай мисолларга қанчалар муҳтожмиз. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «Эй оқиллар, ибрат олингиз!» – демоқда (Ҳашр: 2). Чумоли сифатларидан бири – тартиб ва интизом - Admin - 10-15-2009 Саккизинчи: Чумоли сифатларидан бири – тартиб ва интизом Муҳтарам дўстлар, чумолилар оиласининг тажрибалардан сўнг билинган ажойиб сифатларидан бири – тартиб ва интизомдир. Мен сизларга: «Бу митти жониворнинг ҳаётида бошбошдоқликка ўрин йўқ. Сиз бепарволик билан қараётган ушбу жониворлар оиласи ўта тартиб-интизомли оила», - десам таажжубланишингиз мумкин. Биринчидан: Чумоли эртадан кечгача ишлайди. Бирон бир узр сабабли ташқарига чиқмаган бўлса, кечқурун инига кириб ухлайди. Иккинчидан: Чумоли интизомли бўлгани учун, инини бир неча «хона»ларга бўлган: ётоқхона, меҳмонхона, омборхона ва (ўсимлик) шираси (ҳашарот) учун хона. Бу ширани чумоли ўзи билан бирга олиб юради. Ҳа, чумолининг ини тартиблидир. Биз-чи?! Айримларимизнинг уйларига қарасак бетартиб. Китобжавони ошхонасида, китоблари уйнинг чор атрофига сочилган. Ажабо, инсоннинг ишлари тартибсиз, аммо чумолининг ини ҳайратга солгудек тартибли. Дўстлар, чумолиларнинг ўта интизомли эканига яна бир мисол келтирмоқчиман. Баъзи чумолилар ер устига ин қурадилар. Бу ин узун бўлиб, олд тарафида кириш учун тешик, орқаси эса берк бўлади. Бунинг ҳайратли жиҳати шундаки, иннинг берк тарафи доимо шарқ тарафда бўлади. Шунинг учун ҳам бразилияликлар ва у ерга келган сайёҳлар чумоли инига қараб шарқ ва ғарб тарафни билиб оладилар. Иннинг олд кириши ғарб, орқа, берк тарафи эса шарқдир. Ҳа, дўстларим, у ҳеч хато қилмайдиган компас кабидир. Қора чумоли оиласидаги чумолиларнинг бошқа чумолига тажовуз қилмаслиги - Admin - 10-15-2009 Тўққизинчи: Қора чумоли оиласидаги чумолиларнинг бошқа чумолига тажовуз қилмаслиги, чумоли сифатларидан бири Муҳтарам дўстлар, чумоли оиласидаги аъзолар тўрт қисмга бўлинади: малика, жангчи, хизматчи ва қўриқчилар. Маликанинг вазифаси - тухум қўйиш ва чумолилар мамлакатини бошқариш, қўриқчиларнинг вазифаси – мамлакатни ёт унсурлардан қўриқлаш, тозалаш ва малика фармонларини бошқа жангчиларга етказиш, жангчиларнинг вазифаси – чумолилар ва уларнинг инларини ҳимоя қилишдир. Хизматчи чумолиларни биз доимо ташқарида кўрамиз. Ҳа, чумолиларнинг ҳам хизматчилари бўлади, бироқ, улар бизнинг хизматчиларимиздек эмас. Бу тўрт қисм бир-бириниг ишига зарурат туғилсагина аралашади. Бирон бир хатар туғилиб, қўриқчилар мудофаага кучи етмаса, малика фармон чиқаради-да, қўриқчилар, жангчилар ва хизматчилар хатарни даф қилиш учун бир ерга тўпланадилар. Яна қачон тўпланишади? Хатар пайтида! Инлари бузилганида ҳам, қайта тиклаш учун зудлик билан тўпланадилар. Ва бир неча дақиқа ичида ин қайта тикланади. Бу - жиддий интизом нишонасидир. Яқинда бир китобни ўқир эканман, чумолилар ҳаётидаги интизомнинг бошқа ажойиб қиррасини ҳам билиб олдим. Чумолилар ичида «чўпон» деб аталувчи чумоли ҳам бўлар экан. Ўз-ўзидан савол туғилиши мумкин: «У нимани боқади?». У ўсимлик шираси деб аталувчи ҳашаротни боқади. Quote:Бундан кейин ўсимлик ширасини қисқа қилиб «шира» деймиз.Сизга маълумки, баъзи дарахтлар ўзидан ширин моддалар чиқаради. Чўпон чумоли эрталаб ширани кўтаради-да, ўша дарахтга олиб бориб қўяди. Шира у моддаларни сўради. Кечқурун эса, ширани кўтариб индаги махсус хонага олиб келади ва ширадаги ширинликни соғиб олади. Бу чумоли «чўпон» деб аталади. Ҳар бир чумоли инида «чўпон»лар бўлади. Буни полизларда ҳам кузатишимиз мумкин. Чумоли ширани эрталаб ширин моддалар бўлган япроқларга қўйиб кетса, кечқурун қайтариб инига олиб кетади. Чунки чумоли ширинликни яхши кўради. Уйингизнинг бир бурчагига оғзи очиқ идишдаги асални қўйиб, синаб кўришингиз мумкин. Бир онда чумолилар қаердан ёпирилиб келганини билмай қоласиз. Чунки у ширинликни яхши кўради. Шунинг учун ҳам у ширани мазкур тартибда боқади. Бундан ҳам ҳайратлиси. Чумолилар ичида «деҳқон»лари ҳам бор. Улар қўзиқоринлардан бир навини экадилар. Биолог олим Саъд Омир: «Чумолилар – ҳайратомуз ўрнак, ўта интизомли ва вазифалари ўзаро нозик дид билан тақсимланган ҳашаротлардир» - дейди. Чумоли сифатларидан бири бирдамли - Admin - 10-15-2009 Ўнинчи: Чумоли сифатларидан бири бирдамлик Дўстлар, чумолилар ҳаётидан ўрганган нуқталаримдан бири – уларнинг бирдамлигидир. Чумолилар оиласида бирдамлик ҳукмрон ва хусусан душман қаршисида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишади. Мен бунга тааллуқли икки ҳикояни айтиб беришдан аввал, қалбимни оғритган бир ҳолатни эслатмоқчиман. Кичик араб давлатларидан бирида бўлдим. Аҳолисининг 60 фоизи рофиза (шиа), 40 фоизи эса аҳли суннат (сунний)ларни ташкил қилар экан. Бу 40 фоиз суннийлар ичида ҳамма ерда бўлганидек, фосиғи ҳам бор, солиҳи ҳам. Аҳли суннат ичидаги яхшилар миқдори 10 фоизча ҳам келмайди. Бошқа 30 фоизи турли жамоат ва ҳизбларга мансубдирлар. Аҳли суннат ва жамоатга, бошқача сўз билан айтсак салафийликка мансуб шу 10 фоиз, етти қисмга бўлинишган экан! Мен бу гапларимни расмий ҳисоботларга кўра айтмоқдаман. Уларнинг аҳоли ичидаги нисбати-ю, бўлинган етти қисмларини кўринг! Ҳар йигирма, ўттиз, қирқ ёки эллик киши бир жамоат бўлиб олган. Субҳоналлоҳ! Бу нима деган гап?! Чумолилар эса ундай эмас. Бразилияда бирон бир хатарни сезиб қолсалар, ўттиз мингта чумоли душманига ёпирилиб ҳужум қилади, ҳаттоки катта-катта ҳайвонларни ҳам ҳалок қиладилар. Қандай қилиб ўша ҳайвонларни ҳалок қилдилар? Бирдамлик ва бир ёқадан бош чиқариш билан! Синмайди новдалар бўлса бир даста,
Иккинчи мисолга келсак, мен бир филм кўрдим. Унда узунлиги бир неча метр бўлган илон чумолилар йўлига тушиб қолади. Хатарни сезган чумолилар дарҳол унинг устига, қорнига ва бошига ёпирилиб чиқадилар. Илон аламидан бошини кўтариб, тишларини чиқариб, устидаги чумолилардан қутилмоқчи бўлар эди. Лекин, чумолиларга қандай зарар етказа олсин! Чумолилар унинг бошидан бошлаб то думигача ёпишиб олган эди. Ҳаш-паш дегунча баҳайбат илон жон таслим қилди! Узун илонга қарши чумолиларнинг якдил ҳаракат этишлари, зафар билан якунланди. Битта новда синади, доим, бир пасда! Ислом Умматининг сони миллиардлар дейилади. Яҳудийларники-чи? Уч ёки тўрт миллион. Араб давлатларида яшаётган арабларнинг ўзи юз миллиондан ортиқ. Бироқ, қалбларимиз жисмларимиз айрилишидан аввалроқ айрилиб бўлгани боис биз бугунги ачинарли аҳволга тушиб қолдик. Душманларимиз бизни парчалаб ташлашга қаттиқ уринаётган ҳозирги даврда Биз – Ислом уммати бирдамлик ва ҳамкорликка ўта-ўта муҳтожмиз! Машҳур инглиз мақолини эсланг: «Парчалаб ташла, ҳукмрон бўласан!» Парвардигоримиз амри-фармонига қулоқ тутинг: «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз!» (Оли Имрон: 103); «Аниқ ҳужжатлар келганидан кейин бўлиниб кетган ва бир-бирлари билан ихтилоф қилиб, талашиб-тортишган кимсалар каби бўлмангиз!» (Оли Имрон: 105). Ҳа, чумолилар оиласи ичида келишмовчиликка ўрин йўқ. Биолог олимлардан бири шундай дейди: «Гоҳида бир гуруҳ чумоли бошқа ерга кўчиш тараддудига тушади. Бошқа бир гуруҳ эса кўчмаслик тарафдори бўлади. Биринчи гуруҳ кўчиб, иккинчи гуруҳ қолади деб, ўйлайсизми? Йўқ, улар иттифоқ қиладилар. Қандай қилиб дейсизми? Икки тараф бир-бири билан курашади. Қайси тараф ғолиб бўлса, ўшанинг фикри устун бўлади. Яъни кўчмоқчи бўлганлар ғолиб бўлса ҳамма кўчиб кетади, қолмоқчи бўлганлар ғолиб бўлса ҳамма қолади! Уларнинг муаммолари шу билан ҳал бўлади». RE: Чумоли - Admin - 10-15-2009 Ўн биринчи: Чумоли сифатларидан бири – озодалик Чумолиларнинг ўз инини озода тутадиган жонивор эканини биолог олимларнинг тажрибаларидан билиб олдингиз. Бундан ташқари, чумоли ўз танасини бир кунда йигирма мартага яқин тозалаши маълум бўлган. Биз, икки жума ўртасида — бу орада шаръий сабабга кўра ювинишга мажбур бўлиб қолмаса — бир бор ювинадиган одамга: «Офарин, раҳмат сизга!» - деймиз. Гоҳида баъзи кишилар икки ёки уч ҳафта давомида ювинмайдилар! Бундай инсонлар масжидга кирганида эса, бошқалар унинг тезроқ чиқиб кетишини орзу қилиб туради. Ҳа, баъзи биродарларим менга: «Баъзида масжидга кириб: «Фалончи борми ёки йўқми?» - деб қарайман. Агар у масжиднинг бу бурчагида бўлса у бурчагига, у бурчагида бўлса бу бурчагига қочаман!» - дейди. Ҳа, айтаётган гапим ҳақиқат. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хом саримсоқ ва пиёз еган одамни масжидга келишдан қайтардилар. Quote:Имом Бухорий: «Азон», ҳадис № 855; имом Муслим: «ал-Масажид ва мавозиус-солат», ҳадис № 564; Термизий: «ал-Атъимаҳ», ҳадис № 1806; Насаий: «ал-Масажид», ҳадис № 707; Абу Довуд: «ал-Атъимаҳ», ҳадис № 3822; имом Аҳмад 3/ 400. Демак, чумолилар оиласи – озода ва тартиблидир. Шунинг учун ҳам, агар бир ҳафтада бир марта ювинишдан эринсангиз, чумолини хотирланг! |