Жаннатга элтувчи амаллар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Аллоҳ Таъолога ҳамду санолар, У Буюк Зотнинг Пайғамбари ҳазрати Муҳаммад ва аҳли байтларига, саҳобаларига ҳамда тобеийнларига дуруду салавотлар бўлсин!
Кейин…
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У зот айтадилар: «(Бир кун) Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (саҳобаларга савол қилиб):
«Бугун қайси бирингиз рўзадор бўлиб тонг оттирди?» - дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Мен», - дедилар.
-
«Бугун қайси бирингиз жанозага эргашди? (яъни, жаноза маросимига иштирок этди?)» - дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Мен», - дедилар.
-
«Бугун қайси бирингиз камбағал - бечорани таомлантирди?» - дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Мен», - дедилар.
-
«Бугун қайси бирингиз касал кўргани борди?» - дедилар. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Мен» - дедилар. Шунда, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Қайси бир кишида мана шу амаллар жамланса, албатта у жаннатга киради» - дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Бу ўзида гўзал хислатларни жамлаган буюк бир ҳадисдир. Ҳадиси шарифда баён қилинган мана шу гўзал хислатларга эга бўлган шахс (Аллоҳнинг марҳамати билан) албатта жаннатга киради. Жаннатга элтувчи бу гўзал хислат (амал)лар Аллоҳ Таъоло осон қилган кишиларга осондир. Инсон нафсини жиловласа бас, бу каби нафснинг қаршисига амал қилишнинг натижаси жаннатдир. Жаннат эса, Аллоҳ Таъолонинг моли.
«Огоҳ бўлинсин! Аллоҳнинг моли қимматбаҳодир! Огоҳ бўлинсинки, Аллоҳнинг моли жаннатдир!» (Имом Термизий ривояти).
Шундай экан, эй азиз биродарлар! Раҳмон Таъолонинг қимматбаҳо моли жаннатни ҳарид қилиш учун саъй-ҳаракат қилайлик!
Дўстлар! Нафл рўза, жанозага қатнашиш, бечора - камбағални таомлантириш ва касал кўриш каби солиҳ амаллар буюк фазл соҳиби бўлмиш Аллоҳ Таъолонинг биз мўмин бандаларига бўлган фазли карамидандир. Юқоридаги ҳадиси шарифда айтиб ўтилганидек, қайси бир мусулмон шахс, ушбу улуғ амалларни бир кун ичида амалга оширса, у шубҳасиз жаннатга киради.
Мухтарам ўқувчи! Иншааллоҳу Таъоло, биз ушбу суҳбатимизда, мана шу тўрт хислат; рўза, жаноза, камбағал-бечорани таомлантириш ва касал кўриш ҳақида алоҳида-алоҳида тўхталиб, уларнинг фазилати ҳақида сўз юритмоқчимиз.
Биринчи: Рўза
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Аллоҳ азза ва жалла айтди: «Одам фарзандининг барча амали музоаф этилади (яъни, савобини зиёда этиб, кўпайтирилади) - қилинган биттагина солиҳ амал ўн баробардан етти юз баробаргача музоаф этилади. Магар рўза (ундай эмас). У Мен учундир, унинг мукофотини Ўзим бераман, (чунки, бандам) Мен учун шаҳватини, таомини тарк этади. Рўзадорга икки шодлик бор: бир шодлик ифтор пайтида, яна бири Парвардигорига учраган пайтда. Унинг оғзидаги (рўза сабабли пайдо бўладиган) ҳид Аллоҳ Таъоло наздида мушк-анбар ҳидидан кўра хушбўйроқдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Рўза ва Қуръон қиёмат куни бандани шафоат қилади. Рўза айтади: «Эй Роббим! Мен бу (банданг)ни кундузлари таоми ва шаҳватидан ман қилдим. Энди мени унга шафоатчи қилгин!». Қуръон айтади: «Мен уни тунлари уйқудан қўйдим (яъни, тунлар мени тиловат қилиб уйқудан қолган) менинг унга қилган шафоатимни қабул қилгин (Эй Роббим)!» Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Иккисига ҳам шафоатга рухсат берилади» (Имом Аҳмад ривоятлари)
Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Қайси бир банда Аллоҳ йўлида (яъни, холис Аллоҳ Таъоло учун) бир кун рўза тутса, Аллоҳ Таъоло шубҳасиз, манна шу кун баробарига унинг юзини дўзахдан етмиш ҳариф (яъни, етмиш йиллик масофа) йироқлаштиради» (Муттафақун алайҳ).
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:
«Жаннатда бир эшик бор, уни «Райён» дейилади. Қиёмат куни ана шу эшикдан фақатгина рўзадорлар киришади, улардан бошқа биров (бу эшикдан) кирмайди. Рўзадорлар қаерда деб нидо қилинади, улар ўринларидан турадилар улардан бошқа биров (бу эшикдан) кирмайди. Улар киришгач (бу эшик) ёпилади ундан бошқа биров кирмайди» (Муттафақун алайҳ).
Қаранг дўстим?! Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло ушбу солиҳ амал бўлмиш рўзанинг ажру-савобини Ўзим бераман деб ваъда қилди. Ушбу ибодат нақадар буюк ибодат эканлиги ва унга бериладиган ажру-савобнинг нақадар улканлиги ҳақида сира сўраманг! Бу Аллоҳ Таъолонинг мўмин бандаларига ато этган буюк фазли-карамидир! Аллоҳ Таъоло
«Рўзанинг мукофотини Ўзим бераман» - деди.
Рўзанинг фазилатлари жуда кўп бўлиб, улардан:
1 - Рўза дўзахдан қалқон.
2 - Рўза шаҳватни жиловловчи омил.
3 - У жаннатга элтувчи йўл.
4 - У рўзадорни қиёмат куни ўз шафоатига олади.
5 - Рўза гуноҳларнинг мағфират этилишига сабаб ва уларга каффорат ҳамдир.
6 - Рўза банданинг икки дунёда бахт-саодат топмоғига сабаб бўладиган омиллардандир.
7 - Рўзадор оғзида пайдо бўладиган ҳид Аллоҳ Таъоло наздида мушки-анбардан ҳам кўра хушбўйроқ.
8 - Рўзадорлар то ифтор қилгунларига қадар Фаришталар уларнинг гуноҳларига мағфират тилаб, дуо қилиб турадилар.
Иккинчиси: Жанозага эргашишнинг фазилати
Ибтидо интихо билан, учрашув айрилиғ билан тугамоғи ва тирик жонзотнинг бир кун келиб вафот топмоғи бўлиши муқаррар, инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқатдир. Аллоҳ Таъоло айтади:
«Ҳар бир жон ўлимни тотгувчидир» (Оли Имрон: 185). Ўлим барча тирик жонзотнинг ниҳоясидир. Инсон ўлимдан кейин бу дунёда қилган амаллари қошига, ҳақиқий манзилига равона бўлади. Шундай экан,
«Доно ўзини ўзи тергаган, ўлимдан кейинги ҳолат учун амал қилган кишидир». Ушбу ҳикмат Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак сўзларидир.
Аллоҳ Таъоло айтади:
«Бас, ким (ҳаётида) зарра мисқолича яхшилик қилса, (Қиёмат Куни) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7, 8).
Мусулмон кишининг ҳуқуқларидан бири вафот топганидан кейин унинг жанозасида ҳозир бўлишдир (яъни, бу тирикларнинг вазифаси).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Мусулмоннинг (бошқа) мусулмон (биродари) устидаги ҳаққи олтидир:
1 - Унга учрашганингда салом бер!
2 - Сени (зиёфат учун) чақирса, унга ижобат эт!
3 - Сендан насиҳат сўраса, унга (холис) насиҳат қил (яъни, унга холис маслаҳат бер)!
4 - Акса уриб, «алҳамду лиллаҳ» деса, сен унга (жавобан) «ярҳамукаллоҳ» де!
5 - Агар тоби қочиб касал бўлса, уни кўришга боргин!
6 - Агар вафот топса, ун(инг жанозаси)га эргаш (яъни, унинг жанозасида иштирок эт)! (Муслим ривоятлари).
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Кимки, иймон билан, савоб умидида мусулмоннинг жанозасига унга намоз ўқилиб, дафн қилингунга қадар қатнашса, икки қийрот савоб билан қайтади. Ҳар бир қийротнинг миқдори Уҳуд тоғичадир. Жаноза намозини ўқиб, дафндан аввал қайтса, унинг савоби бир қийротга тенгдир» (Бухорий ривоятлари).
Ҳурматли ўқувчи! Мана ўзингиз гувоҳ бўлганингиздек Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло мусулмоннинг ҳаққини шу даражада эътиборга олдики, ҳатто унинг ўлганидан кейин ҳам қолган мусулмонлар устиларида ҳаққи бор эканлигини баён қилди. Улар ана шу ҳақни адо этишларига тарғиб этиб, уни бажаришга саъй-ҳаракат қилган мусулмонга ажри азийм ваъда қилди.
Учинчиси: Камбағал - бечорани таомлантиришнинг фазилати
Аллоҳ Таъоло айтади:
«Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва асирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): «Биз сизларни Ёлғиз Аллоҳнинг Юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз - кутмасмиз. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобдан юзлар) тиришиб, буришиб қолгувчи бир Кундан қўрқурмиз». Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва - нур, (дилларига) сурур бахш этди» (Инсон: 8 - 11).
Салафи солиҳлар таомлантириш (хоҳ очни тўйдириш, хоҳ солиҳ биродарни таомлантириш)ни бошқа кўп ибодатлардан олдинги ўринга қўйишарди. Таомлантиришда таомлатирилувчи шахснинг фақир бўлиши шарт эмас. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Қайси бир мўъмин киши бошқа мўминни очлик пайтида таомлантирса, Аллоҳ Таъоло уни жаннат меваларидан таомлантиради. Кимки, мўминни чанқоқлик устида (пайтида) суғорса (яъни, сув ичириб қондирса), Аллоҳ Таъоло уни «ар-Раҳиқ ал-Махтум»дан суғоради (яъни, Қиёмат Кунида)» (Имом Термизий ҳасан иснод билан ривоят қилдилар).
Баъзи салафлар айтган экан: «Дўстларимдан ўн кишини чақириб, уларни ўзлари ёқтиришган таом билан таомлантирмоғим, менга Исмоил алайҳиссаломнинг авлодларидан бўлган ўнта қулни озод қилганимдан кўра яхши - афзалроқдир». Салафлар кўплари, ўзлари рўзадор бўла туриб, ифторликларини муҳтожларга эҳсон қилиб юборишарди. Улардан баъзилари: Абдуллоҳ ибн Умар ибн ал-Ҳаттоб розияллоҳу анҳумо, Довуд ат-Тоий, Молик ибн Динор, Аҳмад ибн Ҳанбал ва булардан бошқа кўплар…
Ибн Умар розияллоҳу анҳумо фақат мискин, етим-есирлар билан бирга ифтор қилардилар, агар аҳллари улар (мискин, етим-есирлар)га рухсат этмаганлигини билиб қолсалар ўша кеча ифтор қилмас эканлар.
Салафлардан яна баъзилари, ўзи рўзадор ҳолатида дўстларини таомга таклиф этиб, уларга хизмат қилиб, кўнгилларини олар эди. Ҳасан ал-Басрий, Абдуллоҳ ибн ал-Муборак ана шулар жумласидан.
Абу Суввор ал-Адавий айтади: «Мана шу масжидда номоз ўқийдиган Баний Адий қабиласининг одамларидан биронталари уйларида меҳмонсиз ифтор қилмасди, унга меҳмон бўлиб ифтор қиладиган бирор киши бўлмаса, таомини масжидга олиб чиқиб масжид аҳли билан бирга ифтор қиларди».
Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Эй, Одамлар! (Ўрталарингда) саломни ошкор қилинглар, таом едиринглар, тунда одамлар ухлаб ётган пайтида (туриб, таҳажжуд) намоз ўқинглар (шундай қилсанглар, мукофотига) тинчлик - омонлик билан жаннатга кирасизлар» (Имом ат-Темизий ривоят қилди ва бу ҳасан саҳиҳ ҳадисдир дедилар).
Тўртинчиси: Касал кўришнинг фазилати
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таъоло инсонга санаб тугатиб бўлмайдиган, ҳисобсиз неъмат ато этди. Ана шу неъматлардан бири тан сиҳатлик неъматидир. Инсон эртаю-кеч тан сиҳатлик неъмати ичига бурканиб юрса, у ушбу неъматдан ажрамагунча унинг қадрига асло етмайди. Бухорийда собит бўлган саҳиҳ ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Икки неъмат - тан сиҳатлик ва бекорлик(бўшлик)дан кўп одамлар бепарводирлар (яъни, ушбу икки неъматдан файдаланишдан маҳрумдирлар)».
Салафлардан бири айтган эди: «Тан сиҳатлик соғломлар бошидага тождир, уни фақатгина беморлар кўра оладилар».
Мана шунинг учун Ислом динимиз, соғлом кишиларни Аллоҳ Таъолонинг неъмати ичида хотиржам юрганликларини хис этиб ва у неъматнинг қадрига етишлари ва бу неъмат учун Аллоҳ Таъолога шукр қилмоқларига ҳамда бемор биродарлари учун тан сиҳатлик, хотиржамлик тиламоқларига тарғиб қилди.
Касал кўришда ибратланиш, одам ўзининг тан сиҳатлигини эслаши булардан ҳам муҳимроғи касал кўриб, унинг кўнглини кўтарган кишига ваъда қилинган ажри азим бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Аллоҳ азза ва жалла Қиёмат Куни дейди:
«Эй Одам фарзанди! Касал бўлдим, мени кўгани келмадинг»».
У айтади:
«Эй Роббим! Қандай қилиб сени кўришга борайин, Сен бутун оламни тарбияловчи зот бўлсанг?».
- «Фалон бандам касал бўлди. Билмадингми? Уни кўришга бормадинг, агар сен уни кўришга борганингда, унинг ҳузурида Мени топган бўлардинг. Эй Одам фарзанди! Сендан таом талаб қилдим, сен Мени таомлантирмадинг».
- «Эй Парвардигор! Мен Сени қандай қилиб таомлантираман, Сен Ўзинг бутун оламни тарбият қилгувчиси бўлсанг?!».
- «Фалон бандам таом талаб қилди. Билмадингми? Сен эса уни таомлантирмадинг. Агар сен уни таомлантирганингда унинг ажрини Менинг ҳузуримда топган бўлардинг». Эй, Одам фарзанди! Сендан сув талаб қилдим, сен Мени суғормадинг.
- Эй Роббим! Қандай қилиб мен Сени суғорайин, Сен Ўзинг бутун оламнинг парвардигори бўлсанг!?.
- Фалончи бандам сендан сув талаб қилди, сен эса, уни суғормадинг, сен уни суғорганингда эди ана шуни (савобини) Менинг ҳузимда топардинг!» (Имом Муслим ривоятлари).
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Касални кўришга боринглар, очни таомлантиринглар, қулни озод қилинглар!» (Бухорий ривоятлари).
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:
«Қайси бир мусулмон киши, (бошқа бемор) мусулмонни кундуз кун кўришга борса, то кеч киргунча етмиш минг фаришта унинг ҳаққига салавотлар ўқиб туради. Агар оқшом зиёрат қилса, етмиш минг фаришта то тонг отгунча унинг ҳаққига салавотлар ўқиб туради ва жаннатда унга бир бўстон (боғ) бўлади» (Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан ҳадисдир дедилар).
Яна Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:
«Кимки, бир касални кўришга борса, ёки Аллоҳ йўлидаги дўстини зиёрат қилса, унга бир жарчи нидо қилади: «Пок - хуш бўлдинг, босган ерларинг ҳам пок - хуш бўлди ва жаннатдан ўзинга жой ҳозирладинг!»» (Имом Термизий ва Ибн Можа ривоят қилдилар ва Термизий бу саҳиҳ ҳадис дедилар).
Эй азиз дўстим! Касалхоналардан бирига бориб, у ерда ётган касалларни ҳеч кўрганмисан? Қара! Мана бу касалнинг юраги хаста, бунисининг буйрагида тош бор, мана бунинг бутун аъзоси куйиб кетган ва мана бу беморнинг эса оёқ-қўли шол бўлиб қолган ва ҳоказо… Умуман олганда бу беморларни ушбу даргоҳга етаклаб келиб тўшакка михлаган касаллик юзларидаги табассум ўрнига хафачилик, нур ўрнига сўлгинликни алиштирган ҳамда кундалик ҳаётларини ҳам издан чиқариб юборганлигининг гувоҳи бўласан. Ўзинг ўйлаб кўр! Ҳозир сен соғломсан, бола-чақанг билан шод-ҳуррамликда ҳаёт кечирмоқдасан. Қани айтчи? Сенинг асло касал бўлмаслигингга ҳамда бу тан сиҳат, хотиржамлигинг абадий эканлигига ким кафолат бера олади? Ўша беморларни касалхонага келтирган хасталик сени ҳам уларнинг қаторига қўшиб қўйишлиги мумкин эканини ҳеч ўйлаб кўрдингми? Дўстим! Сўзларимни оғир олма, модомики сен ҳозир соғ-саломат экансан, бу неъматнинг қадрига ет! Аллоҳ Таъолодан савоб умид қилган ҳолингда хаста-беморларни зиёрат қилиб, уларнинг кўнгилларини кўтар! Ушбу амал жаннатга етакловчи амаллардан эканида асло шубҳа йўкдир.
Хотима ўрнида:
Ушбу муборак ҳадисда бу фоний дунёда яшашдан мақсад нима эканини идрок этиб, дунёларидан охиратлари учун захира ҳозирлаган, Аллоҳ Таъоло белгилаб қўйган чегарани босиб ўтмай, бутун аъзоларини маъсиятдан тийиб, ҳаром ва шаҳвониятдан ўзларини узоқ тутиб, бу дунё ҳақида оқилона фикр юргизган, «маданият» деб аталмиш бемаъни сафсата бўрони ва унинг макри ҳийлаларидан таъсирланмаган олий ҳиммат, ақли расо қишиларга ўз умматлари учун ота-оналариданда меҳрибонроқ бўлган ҳазратимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан оталарча қилинган панду насиҳат ва жаннатга элтувчи йулга тарғибу ташвиқ мавжуддир.
Саҳобайи киром розияллоҳу анҳумлар ушбу панд-насиҳатларни у муборак зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан бевосита эшитиб, бу фоний дунёнинг қадрсиз бир нарса эканлигини идрок этиб, иймон ва ишонч, ихлос ва ростгўйлик билан охират томонга одим отиб, Аллоҳ Таъолонинг тоат-ибодатида жидду-жаҳд қилиб, хайрлик ишларни амалга оширишда - худди аҳли дунёлар дунё устида мусобақалашганлари каби балки, ундада кучлироқ - мусобақалашиб натижада Аллоҳ Таъолонинг ризосига сазовор бўлдилар.
Мухтарам ўқувчи! Юқорида сиз билан биргаликда жаннат боғларида сайр этиб, солиҳ амаллар соясида сояланиб, у боғ сайридан фориғ бўлганимиздан кейин, энди сизнинг фикрингизни бир муҳим нуқтага қаратмоқчимиз. У қандай нуқта эканлигини биласизми?! У ихлос … Ҳа! У солиҳ амаллар охиратда бандага фойдали бўлиши учун ана шу амалларни ихлос билан холисаллиллаҳ бажаришдир!
Қанча-қанча рўзадорлар борки, рўзаларидан кўрганлари фақатгина очлигу ташналик ва қанча-қанча касал кўрган, очни тўйдирган - таомлантирган кишилар борки, улар бу қилган ишлари билан фақатгина қийналиб уйқудан қоладилар холос. Сизни ҳам, мени ҳам шундай кишилардан бўлиб қолишдан Аллоҳ Таъоло Ўзи сақласин!
Салафи солиҳийн амаллари ҳабата бўлиб кетишидан қўрққанлари боис, амалларини яширишликка қаттиқ ҳаракат қилишарди.
Улуғ тобеин Айюб ас-Сихтиёний ҳақида Ҳаммод ибн Зайд шундай дейди: «Гоҳида Айюб ас-Сихтиёний бир ҳадисни айтиб, (таъсирланиб) қалби юмшаб, (кўзига ёш келарди) четга қайрилиб (бу ҳолатни яшириш учун) бурнини артиб, тумов жуда ёмон иллатда, деб, ўзида содир бўлган йиғини яшириш мақсадида, гўё ўзини тумовлаган киши қилиб кўрсатарди».
Муҳаммад ибн Восеъ айтади: «Мен шундай зотларни кўрганманки, баъзилари аёли билан бир жойда - бир ёстиққа бош қўйиб ётган пайтида, (охиратни эслаб, кўнгли юмшаб) кўз ёши қилар бироқ буни аёли ҳам сезмасди».
Баъзилари сафда туриб, кўзининг ёши соқолини юварди бироқ, буни ёнидаги кишига сездирмасди.
Айюб ас-Сихтиёний кечанинг ҳамма қисмида бедор бўлиб махфий равишда - бировга сездирмай, ибодат қилиб, тонг отган пайтда ўйқудан ҳозир уйғонган киши каби овозини баланд қилиб қўярди.
Ибн Абу Адий ўз ривоятида айтади: «Довуд ибн Аби Хинд қирқ йил нафл рўза тутди аммо бундан аҳли оиласи бехабар эди. У киши бўзчи эди, тонг саҳар оиласи ҳозирлаб берган тушлик таомини, уларнинг кўз ўнгида ўзи билан бирга олиб чиқиб кетар, йўлда эса уни садақа қилиб юборар, кечга қайтиб келиб, улар билан биргаликда ифтор қиларди».
Суфён ас-Саврий айтадилар: «Менга етиб келган (хабарда) айтилишича: «Банда амални яширинча - бировларга кўрсатмай амалга оширса, уни бу каби яхши ҳолатда қолишини хоҳламаган Шайтон уни васваса қилади, натижада (у банданинг баъзи бир нотўғри ҳатти-ҳаракати сабабли) унинг амаллари ошкора қилинган амаллар қаторига ёзилади. Кейин, Шайтон яна васваса этишда давом этади, натижада банда мана шу амали устида уни мақталишини хуш кўриб қолади, охир оқибат бу амал ошкор қилинган (холис) амаллар жумласидан махв этилиб, риё билан қилинган амаллар қаторидан жой олади». Аллоҳ Таъоло сизни ҳам, бизни ҳам бу каби зиёнкорликдан Ўз паноҳида асрасин!
Ҳурматли, қадрдон ўқувчи! Сўзимиз охирида Аллоҳ Таъолонинг Ўзига илтижолар қилиб, фойдали сўзларни эшитганда унга сидқи дилдан холисаллиллоҳ амал қилишни ҳаммамизга ҳам, У Буюк Зотнинг Ўзи насиб этмоғини ва нафсимизнинг ёмонлиги, лаънати Шайтоннинг макри ҳийласидан Ўзи паноҳ бериб, розилиги ва муҳаббатига мушарраф айламоғини сўраймиз ҳамда Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад, аҳли байтлари, саҳобалари ва Қиёмат кунигача уларга яхшилик билан эргашган зотларга дуруду салавотлар айтамиз ва сизларга эса, Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ деб суҳбатимизни якунлаймиз!
Манба: Ислом Нури