Бекор қилинган постлар - Printable Version +- Тавҳид форуми (https://tavhid.com/forum) +-- Forum: Умумий бўлим (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=5) +--- Forum: Модераторлар учун (https://tavhid.com/forum/forumdisplay.php?fid=41) +--- Thread: Бекор қилинган постлар (/showthread.php?tid=1499) |
Бадр жанги - Admin - 09-08-2010 Бадр жанги ҳақида
Азиз биродарлар! Ушбу муборак ойда Аллоҳ таоло буюк Бадр урушида мусулмонларга мушрик душманлари устидан ғалаба ато этди ва бу кунни «Фурқон (ажралиш) куни» деб атади. Чунки, шу куни Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўз пайғамбарини ва мўминларни ғолиб, кофир ва мушрикларни мағлуб қилиш билан ҳақ ва ботил ўртасини ажратди. Бу воқеа ҳижрий иккинчи йилнинг Рамазон ойида бўлиб ўтди. Мазкур урушнинг сабаби шу бўлдики, Абу Суфён Қурайш карвонига бош бўлиб, Шомдан Маккага қараб йўлга чиққанлиги хабари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қулоқларига етгач, у зот асҳобларини карвонни қўлга киритиш учун отланишга чақирдилар. Чунки, Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларга нисбатан уруш ҳолатида бўлиб, ўртада сулҳ йўқ эди. Улар мўминларни мол-мулкларидан маҳрум этиб, ўз диёрларидан қувиб чиқаришган, уларнинг ҳақ даъватлари йўлида асосий тўғаноқ бўлиб туришар, шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳоблари уларнинг карвонларини қўлга олишга ҳақли эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч юз ўндан ошиқ асҳоблари билан икки от ва етмишта туяда йўлга отландилар. Улардан етмиш киши муҳожирлар, қолганлари ансорлар эди. Улар карвонни қасд қилган бўлишиб, урушни мақсад қилмаган эдилар. Лекин Аллоҳ албатта амалга ошиши керак бўлган ишни (яъни, мусулмонларнинг ғалаба қозонишлари, кофирларнинг мағлуб бўлишларини) амалга ошириш учун ва Ўзи ирода қилган иш рўёбга чиқиши учун улар билан душманларини ўртада ҳеч қандай ваъдалашувсиз бир жойга келтириб қўйди. Абу Суфён мусулмонларнинг чиққанларидан хабар топгач, Қурайшни ўз карвонларини ҳимоя қилишга чорлаб чопар йўллади ва одатий йўлдан воз кечиб, денгиз соҳили бўйлаб юриб, қутулиб кетди. Қурайшга чопар етиб келгач, улар зодагонлари бошчилигида аёллари билан минг чоғли киши йўлга отланишди. Уларда юзта от ва етти юзта туя бор эди. «Ўз диёрларидан (яъни, Маккадан) кибру ҳаво билан ўзларини одамларга кўз-кўзлаб чиққан ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадиган кимсалар каби бўлмангизлар! Аллоҳ уларнинг қилаётган ишларини иҳота қилгувчидир (ўраб олгувчидир)» (Анфол: 47). Ўзлари билан қўшиқчи аёлларни ҳам олишган, улар мусулмонларни ҳажв қилиб қўшиқлар айтишарди. Абу Суфён Қурайшнинг йўлга чиққанидан хабар топгач, уларга ўзининг қутулиб кетганини хабар бериб ва уларни ҳам урушмасдан ортларига қайтиб кетишларини маслаҳат бериб чопар юборди. Улар урушсиз ортга қайтишдан бош тортишди. Абу Жаҳл деди: «Ортга қайтиш йўқ, Бадрга етиб бориб туялар сўямиз, одамларимизга таомлар едириб, ароқлар ичирамиз. Арабларга донғимиз кетиб, биздан бир умр ҳайиқадиган бўлишади». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайшнинг чиққанини эшитгач, асҳобларини йиғиб, уларга маслаҳат солдилар ва: «Аллоҳ таоло менга икки тоифанинг бирини, яъни карвонни ёки лашкар (устидан ғалаба)ни ваъда қилди», дедилар. Муҳожирларлан бўлган Миқдод ибн Асвад ўрнидан туриб: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ азза ва жалла сизни нимага буюрган бўлса, ўшани қилаверинг. Аллоҳга қасамки, биз Бану Исроил Мусога айтганидек: «Бас, боргин, сен ўзинг ва Парвардигоринг улар билан уришаверинглар. Биз эса мана шу ерда ўтириб кутурмиз», (Моида: 24) демаймиз. Балки, сиз билан ёнма-ён, елкама-елка туриб жанг қиламиз», деди. Шундан сўнг ансорларнинг Авс қабиласи раиси Саъд ибн Муоз туриб деди: «Ё Расулуллоҳ, балки сиз ансорлар ўз диёрларидан ташқарида сизга ёрдам бермасликка ўзларини ҳақли деб кўришларидан қўрқаётгандирсиз. Мен сизга ансорлар номидан гапириб айтаманки, истаган томонингизга юринг, истаган кишингиз билан алоқа қилиб, истаган кишингиздан алоқани узинг, молларимиздан истаганингизча олиб истаган кишингизга беринг. Биздан олганларингиз қолдирганларингиздан кўра бизга яхши. Қай бир ишга амр қилманг, биз сизга тобеъмиз. Аллоҳга қасамки, бизларни Ғамдоннинг Барк деган жойигача бошлаб борсангиз ҳам сиз билан бораверамиз. Агар бизни денгизга рўбарў қилиб, унинг ичига шўнғисангиз, биз ҳам сиз билан шўнғиймиз. Бизни эртагаёқ душман қаршисига олиб чиқишингизни ҳам ёмон санамаймиз. Биз уруш пайти сабр-матонатли кишилармиз. Умид қиламизки, ҳали биздан хурсанд бўласиз». Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам муҳожир ва ансорлар розияллоҳу анҳумнинг сўзларидан хурсанд бўлдилар ва: «Отланинглар, мен сизларга хушхабар бераман, Аллоҳга қасамки, мен қавмнинг ҳалокат ўринларини кўриб тургандекман», дедилар. Шундан сўнг у зот Раҳмоннинг лашкари ҳамроҳлигида йўлга тушиб, Бадр қудуқларидан энг яқин бир қудуқ олдига тушдилар. Ҳаббоб ибн Мунзир ибн Амр ибн Жамуҳ номли саҳоба: «Ё Расулуллоҳ, шу жойни маъқул деб кўрасизми? Бу Аллоҳ сизни шу ерга тушишга буюрган, ундан олдинга ҳам, орқага ҳам кўчиш мумкин бўлмаган жойми ёки бу ерга тушиш сизнинг шахсий фикрингиз ва уруш стратегиясими?», деб сўради. «Йўқ, бу шахсий фикрим ва уруш стратегияси», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Ундай бўлса, ё Расулуллоҳ, бу ер маъқул жой эмас. Менимча, душманга энг яқин бўлган сув (қудуқ) олдига тушсак-да, орқадаги қудуқларни кўмиб ташласак, сўнг ўша ерга бир ҳовуз қилиб сув тўлдириб олсак, шунда биз сув ича оламиз, улар ичиша олмайди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг бу фикри маъқул келди ва юришда давом этиб, Бадрнинг Мадинага яқин тарафидаги ал-Удватуд-Дуня деган жойига тушдилар, Қурайш эса Макка тарафига яқин жойлашган ал-Удватул-Қусво деган ўринга тушди. Аллоҳ таоло шу куни тунда ёмғир ёғдириб, бу ёмғир мушрикларга қаттиқ машаққат келтирди, улар лойга ботиб, юролмай қолишди. Мусулмонлар тушган жой қумлоқ бўлгани учун ёмғир уларга қумни қотириб, ерни уларга қулай ва қаттиқ қилиб қўйди. Мусулмонлар жанг майдонидан юқорироқдаги бир тепалик устига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун чодир тикиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирларидан тушиб келиб, асҳобларининг сафларини текисладилар, бўлажак жанг майдонида юриб қўллари билан мушрикларнинг ҳалок бўладиган ўринларини кўрсатиб: «Бу – иншоаллоҳ – фалончининг ҳалокат ўрни, бу эса фалончининг ҳалокат ўрни», дер эдилар. Мушриклардан биронтасининг ўлими у зот кўрсатган жойдан бошқасида бўлмади. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига ва Қурайшга назар солиб, Аллоҳ таолога шундай дуо қилдилар: «Эй Парвардигор! Мана бу Қурайш ўзининг бор кибру ғурурлари билан отланиб, Сенга қарши уруш қилиш ва пайғамбарингни ёлғончига чиқариш учун келиб турибди. Эй Парвардигор! Сендан Ўзинг менга ваъда қилган нусратингни сўрайман. Эй Парвардигор! Берган ваъдангни рўёбга чиқаргайсан. Эй Парвардигор! Мен Сендан аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман. Эй Парвардигор! Истасанг Сенга ибодат қилинмайдиган бўлади. Эй Парвардигор! Агар бугун мана шу жамоат ҳалок бўлса, Сенга ибодат қилинмайди». Мусулмонлар Парвардигорларидан нусрат ва мадад сўраб илтижолар қилдилар. Аллоҳ таоло уларнинг дуоларини ижобат қилди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўшанда Парвардигорингиз фаришталарга: «Албатта, Мен сизлар билан биргаман, бас, сизлар иймон келтирган зотларнинг (ғалаба қозонишларига бўлган ишончларини) маҳкамланглар! Мен кофир бўлган кимсаларнииг дилларига қўрқув солажакман. Бас, уларнинг бўйинларини узинглар, бутун-ҳамма бармоқларини чопинглар», деб ваҳий қилган эди. Бунга сабаб, уларнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турганларидир. Кимки, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши турса, бас, албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир. (Эй кофирлар), мана шу сизларнинг (жазоингиздир), бас, тортаверинглар. Кофирлар учун яна дўзах азоби ҳам бордир» (Анфол: 12-14). Шундан сўнг икки гуруҳ бир-бири билан тўқнашди ва уруш бошланиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чодирда, ёнларида Абу Бакр ва Саъд ибн Муоз қўриқлаб туришар, у зот Парвардигордан мадад ва ғалаба сўраб дуо қилишда давом этардилар. Орада бир оз ўзларини йўқотгандек ҳолат (яъни ваҳий тушиш ҳолати) юз берди. Сўнг «Яқинда ўша жамоат енгилиб, ортларига қараб қочиб қолурлар!» (Қамар: 45) деган оятни ўқиганча чиқиб келдилар, асҳобларини жангга ундадилар ва: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, бугун қай бир киши улар билан жанг қилиб, сабр қилган, ажр умид қилган ва ортга чекинмай, фақат олға борган ҳолда ўлдирилса, Аллоҳ уни албатта жаннатга киргизади», дедилар. Шунда Умайр ибн Ҳимом ал-Ансорий деган саҳобий ўрнидан турди, қўлида еб турган бир неча хурмолар бор эди, у деди: «Ё Расулуллоҳ, кенглиги еру осмонларча бўлган жаннатгами?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа», дедилар. У: «Ваҳ, ваҳ, ё Расулуллоҳ, мен билан жаннатга киришим ўртасида фақат мени ўшалар ўлдиришигина бўлса, мана шу хурмоларимни еб тугатгунимча бўлган ҳаёт ҳам мен учун жуда узунлик қилади», деди-да, хурмоларни улоқтириб, ўзини жангга урди ва шу жангда ўлдирилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир сиқим тупроқ ёки майда тош олиб, қавмга қараб сепиб юбордилар. Шунда улардан бирортаси ҳам қолмай ҳаммасининг кўзига тупроқ кирди ва ҳаммаси кўзи билан овора бўлиб қолди. Бу Аллоҳ азза ва жалла тарафидан у зотга берилган бир мўъжиза бўлди. Мушриклар гуруҳи мағлуб бўлиб, ортга чекинди, мусумонлар уларнинг ортидан қувиб ўлдиришар ва асир олишарди. Шу куни улар етмиш мушрикни ўлдириб, етмиштасини асир олдилар. Ўлдирилганлардан йигирма тўртта катта-катта шахсларнинг жасади Бадр қудуқларидан бирига ташланди. Абу Жаҳл, Шайба ибн Рабиъа, укаси Утба ва унинг ўғли Валид ибн Утба ҳам улар ичида бор эди. «Саҳиҳул Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбага юзланиб, мазкур тўрт кимса ҳақида дуоибад қилган эдилар. Аллоҳни гувоҳ қиламанки, мен уларнинг жасадларини қуёш тиғида бузилиб ётганини кўрдим, кун қаттиқ иссиқ эди». «Саҳиҳул Бухорий»да Абу Талҳа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр жанги куни Қурайш пешволаридан йигирма тўрттасининг жасадини Бадрдаги ифлос қудуқлардан бирига ташлаттирдилар». Бир қавм устидан ғалаба қозонганларида у ерда уч кун турардилар. Бадрда туришларининг учинчи куни туяларини эгарлатиб миндилар, сўнг юра бошладилар, асҳоблари у кишига эргашдилар. Қудуқнинг лабига бориб турдилар ва уларни номма-ном чақириб: «Эй Фалончи Фалончи ўғли, эй Фалончи Фалончи ўғли, Аллоҳ ва Расулига итоат қилганингизда ўзингизга яхши бўлармидикан?! Биз Раббимиз бизга ваъда қилган нарсанинг ҳақ эканини топдик, сизлар ҳам Раббингиз ваъда қилган нарсанинг ҳақлигини билдингизми?!» дея бошладилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, жонсиз жасадларга гапираяпсизми?!» деган эди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Муҳаммаднинг жони Қўлида бўлган Зотга қасамки, менинг сўзларимни улар сизлардан кўра яхшироқ эшитиб туришибди», дедилар. Асирлар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларига маслаҳат солдилар. Саъд ибн Муоз деди: «Бу Аллоҳ таоло мушриклар бошига солган биринчи зарба эди, урушда эркакларни қириб ташлаш мен учун уларни асир олишдан кўра яхшироқ эди». Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дедилар: «Менинг фикрим – ҳар биримизга имкон берсангиз уларнинг бўйнига қилич урсак, Алий Ақилнинг бўйнига урсин, мен фалончи қариндошимнинг бўйнига урай, чунки улар Қурайшнинг пешволари ва зодагонлари». Абу Бакр розияллоҳу анҳу дедилар: «Улар қариндош-уруғларимиз. Менинг фикримча, улардан фидя (тўлов) олсак, бу биз учун кофирларга қарши куч-қувват бўларди. Шояд, Аллоҳ уларни ҳам Исломга ҳидоят қилиб қўйса». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фидя олиш ҳақидаги маслаҳатни қабул қилдилар. Улардан кўпчилиги минг дирҳамдан тортиб тўрт минг дирҳамгача фидя тўлаб қутулишди. Баъзилар Мадиналик болаларга ўқиш ва ёзишни ўргатиб қўйиш эвазига жонларини қутқаришди. Айримларнинг фидяси Қурайш қўлидаги мусулмон асирларни бўшатиш бўлди. Айрим ашаддий дилозорларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қатл қилдирдилар. Айримларни эса ҳеч қандай тўловсиз ҳам бўшатиб юбордилар. Ушбу Бадр ғазотида Аллоҳ таоло озчилик гуруҳга кўпчилик устидан ғалаба ато этди. «Сизлар учун бири Аллоҳ йўлида жанг қилган, иккинчиси кофир бўлган икки гуруҳ орасидаги тўқнашувда ибратли ҳодиса бўлган эди. Улар (мусулмонлар) ўз кўзлари билан (кофирларнинг) икки баробар кўп эканини кўриб турар эдилар. Аллоҳ эса Ўзи истаган кишиларни ғолиб қилиш билан қўллаб-қувватлайди. Албатта бу воқеада фикр эгалари учун ибрат бордир» (Оли Имрон: 13). Озчилик гуруҳ ғолиб бўлди. Чунки улар Аллоҳнинг динида туриб, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш учун, Унинг динини мудофаа қилиб жанг қилдилар, шу боис Аллоҳ уларга ғалаба ато этди. Эй мусулмонлар! Сизлар ҳам динингизни барпо этинг, душманларингиз устидан ғалабага эришасиз. «Эй мўминлар, сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) ҳозир бўлиб турингиз! Ва Аллоҳдан қўрқингизким, (шунда) шояд нажот топгайсизлар!» (Оли Имрон: 200). Эй Парвардигор! Бизларга Ислом билан нусрат бергин, бизларни унинг ансор-ёрдамчиларидан ва унга даъват қилувчилардан қилгин, то Ўзингга йўлиққунимизча унда барқарор қилгин. Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин. Аёллар учун Рамазон насиҳатлари - Admin - 09-09-2010 Аёллар учун Рамазон насиҳатлари
Тайёрловчи: Дорул-Ватан нашриёти
Таржимон: Абдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамду санолар ҳамда Пайғамбаримиз Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, аҳли оилаларига ва саҳобаларига салоту саломлар бўлсин. Биз муборак Рамазон ойининг кириши муносабати билан ушбу қисқа калималарни ва қимматли нидоларни муслима аёлларга бағишлаймиз. Аллоҳ таолодан бу насиҳатларни мўмина опа-сингилларимизга фойдали қилишини ва уларга Аллоҳга итоат қилишларида ҳамда бу улуғ ойда Аллоҳнинг розилиги ва мағфиратига етишишларида ёрдамчи қилишини сўраймиз. Биринчи насиҳат Рамазон биз шукр қилишимиз лозим бўлган неъматдир. Муҳтарама опа-сингиллар! Рамазон ойи Аллоҳнинг мўмин бандаларига берган энг улуғ неъматларидан. Бу ойда Аллоҳнинг раҳмати ёғилади, гуноҳлар мағфират қилинади, ажр-савоблар кўпайтирилади ва Аллоҳ бандаларини жаҳаннамдан озод қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «... Агар Рамазон ойи кирса, жаннат дарвозалари очилади, жаҳаннам қопқалари ёпилади ҳамда шайтонлар занжирбанд қилинади ...» (Муттафақун алайҳ). «Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазон рўзасини тутса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади. Кимки иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг олдин қилган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ). Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади: «Одам боласининг барча амаллари ўзи учун, фақат рўза Мен учундир. Унинг мукофатини ҳам Ўзим бераман» (Муттафақун алайҳ). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рамазон ойининг ҳар кеча-кундузида Аллоҳнинг жаҳаннамдан озод қиладиган бандалари бор ва ҳар бир мусулмоннинг дуо қилса, ижобат қилинадиган бир дуоси бор» (Аҳмад ривояти). Яна бу ойда қадр кечаси ҳам бор. «Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» («Қадр», 3). Муниса опа-сингиллар! Биз Рамазон ойининг баъзи фазилатларини зикр этдик. Бу Аллоҳнинг сизга берган неъматининг нечоғлик улуғлигини баён қилиб беради: Сизни бошқалардан афзал қилиб, Рамазон рўзаси ва қиёми учун тайёрлади. Ўтган Рамазонда биз билан бирга рўза тутган қанча кишилар ҳозир тупроқ остида, қабрларидалар. Бу неъмат учун Аллоҳга шукр қилинг, уни гуноҳлар ва маъсиятлар билан қарши олманг. Акс ҳолда, бу неъмат завол топади. Мана бу шоирнинг сўзи қандай ҳам яхши: Шукр эт, Аллоҳнинг иноятига,
Иккинчи насиҳатТоки гуноҳ сабаб топмасин завол. Омонлик фақат Ҳақ ибодатида, Ношукр бандага кўп оғир савол. Рамазонни қандай қаршилаш керак? 1. Ҳақиқий тавба қилишга шошиш билан... «Барчаларингиз Аллоҳга тавба қилинглар эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар» («Нур», 31). 2. Ёлғон, ғийбат, чақимчилик, бузуқлик, мусиқа, жоҳилият ясан-тусани, номаҳрамлар билан аралашиш каби барча гуноҳлардан халос бўлиш билан. 3. Рамазонни солиҳ амаллар билан барпо қилишга ҳамда қимматли вақтларни беҳуда сарфламасликка қатъий ният ва олий ҳиммат билан. 4. Зикр, дуо, истиғфор ва Қуръон тиловатини кўпайтириш билан. 5. Беш вақт намозни ўз вақтида, хотиржамлик ва хушуъ ила адо қилиш билан. 6. Фарзларни бажаргандан кейин нафл ибодатларни ҳам комил адо қилиш билан. Учинчи насиҳат Муслима тутган рўзаси Аллоҳ ҳузурида қабул бўлиши учун рўзанинг фарзлари, суннатлари ва одобларини ўрганиши лозим. Аёллар рўзасига тегишли бўлган ҳукмларни келтириб ўтамиз. 1. Балоғатга етган, оқила, муқим (мусофир эмас), қодир (касал эмас), ҳайз ва нифос каби ман қилувчилардан холи ҳар бир муслима аёлга рўза тутиш фарз бўлади. 2. Агар навниҳол қиз кундузи балоғатга етса, куннинг қолган қисмида (рўзани бузувчи нарсалардан) тийилиши керак. Чунки унга рўза фарз бўлди. Ойнинг ўтган қисмининг рўзасини қазо қилиб тутиб бериши лозим эмас. Чунки у пайтда унга рўза вожиб эмас эди. 3. Фарз рўзада қалб билан ният қилиш шарт. Тил билан талаффуз қилинмайди. Шунингдек қазо рўза ва каффорат рўзалари каби вожиб рўзаларда ҳам ният шарт. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кечаси рўза (тутишни ният) қилмаган кишига рўза йўқ (яъни рўзаси саҳиҳ эмас)» (Аҳмад ривояти). Туннинг қайси қисмида ҳатто тонг киришидан бир лаҳза олдин бўлса ҳам ният қилсангиз, рўзангиз дуруст бўлади. 4. Қуйидагилар рўзани бузади: а) Емоқ, ичмоқ; б) Жимо; в) Қучоқлашганда, ўпганда эркак ёки аёлдан маний келиши; г) Озиқлантирувчи укол каби қувват бўладиган нарсаларни олиш; д) Қасддан қайт қилиш; е) Ҳайз ва нифос қонининг келиши. 1. Ҳайз кўрган аёл оқликни (яъни ҳайз тугагандан кейин чиқадиган оқиш суюқлик. Бу билан аёл покланганини билади) кўрса, кечаси рўзани ният қилиб, рўза тутади. Агар аёл покланганини билолмаса, пахта ёки шунга ўхшаш нарса билан ҳайз ўрнини артади, тоза бўлса, рўза тутади, акс ҳолда, рўза тутмайди. 2. Ҳайз кўрган аёл ўз табиатида қолиши афзал. Аллоҳ унга ёзиб қўйган нарсага рози бўлсин ва ҳайзни тўсадиган ёки кечиктирадиган дориларни истеъмол қилмасин. Чунки бу (ҳайз) Аллоҳ таоло Одам алайҳиссалом қизларига ёзиб қўйган нарсадир. 3. Агар нифос кўрган аёл қирқ кун тўлмасдан покланса, рўза тутади ва намоз учун ғусл қилади. Агар нифоси қирқ кундан ўтиб кетса, рўза ва намоз ниятида ғусл қилади. Тўхтамаётган қонни истиҳоза деб эътиборга олади. Лекин ўша кунлар одатий ҳайз вақтига тўғри келса, ҳайз ҳисобланади. 4. Истиҳоза қони рўзани бузмайди. 5. Ҳомиладор ва эмизикли аёл рўза оғирлик қиладиган касалга қиёс қилинади. Оғиз очишлари жоиз. Улар қазосини тутиб беришади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ мусофирдан рўзани ва намознинг ярмини кечди. Ҳомиладор ва эмизикли аёлдан рўзани кечди» (Термизий ривояти). 6. Рўзадор эҳтиёж туғилганда таомни татиб кўриши мумкин. Лекин ютиб юбормайди. Оғзига олган таомни туфлаб ташлаши рўзасини бузмайди гарчи унинг таъмини димоғида топса ҳам. 7. Шомга азон айтилиши билан намоздан олдин ифторликни тезлатиш, саҳарликни эса бомдод азонигача кечиктириш мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Инсонлар модомики ифторликни тезлаштирар эканлар, яхшиликда давом этадилар» (Муттафақун алайҳ). Тўртинчи насиҳат Рамазон рўза ойи, таом ойи эмас! Аллоҳ Рамазон рўзасини мусулмонлар сабрга одатланиши учун фарз қилган. Токи улар нафсларини ва шаҳватларини тиювчи, Роббиларига тақво қилувчи бўлсинлар. «Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди» («Бақара», 183). Салафларнинг биридан: «Рўза нима учун машруъ қилинган?» - деб сўралди. У жавоб берди: «Бой ҳам очлик нималигини билиши учун. Шунда камбағални унутмайди». Афсуски кўпчилик бу улуғ ойда исрофгарчиликка йўл қўйишади. Аксар оилаларнинг Рамазон ойида истеъмол қиладиган таомлар миқдори ва тури йилнинг бошқа ойларига нисбатан кўпроқ. Фақат Аллоҳ раҳм қилганлар бундан мустасно. Шунингдек аёл кунининг кўп қисмини ошхонада турли таомлар ва пишириқлар тайёрлаш билан ўтказади. Энди у қачон Қуръон ўқийди? Қачон Аллоҳни зикр қилиб, У Зотга дуо ва истиғфор билан юзланади? Қачон рўза ҳукмлари ва кечаси қоим бўлиш одобларини ўрганади? Қачон Аллоҳга итоат қилиш учун фурсат топади? Муҳтарама опа-сингиллар! Бу ойни Аллоҳга итоат, ибодат қилмасдан беҳуда ўтказиб юборишдан эҳтиёт бўлинг! Дарҳақиқат Рамазонга етиб, гуноҳлари кечирилмаган кимса бахтсиз бўлибди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласи қориндан кўра ёмонроқ идишни тўлдирмаган. Одам боласига белини тутиб турадиган бир неча луқма таом кифоя. Жуда бўлмаса, қориннинг учдан бири таомига, учдан бири ичимлигига ва яна учдан бири эса нафас олишигадир» (Аҳмад ва Термизий ривояти. Албоний саҳиҳ деган). Бешинчи насиҳат Рамазон – Қуръон ойидир. Рамазон ойининг Қуръон билан ўзига хос боғлиқлиги бор. «(У саноқли кунлар) Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқон (ҳақ билан ботилни ажратувчи)нинг очиқ оятлари бўлиб Қуръон нозил қилинган» («Бақара», 185). Рамазон ва Қуръон бир-бирига боғлиқдир. Рамазон зикр қилинганда Қуръон ҳам зикр қилинади. Ибн Аббос розияллҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг қўли очиғи эдилар. Рамазонда Жаброил алайҳиссалом билан учрашган пайтларида яна ҳам саҳийроқ бўлар эдилар. Жаброил Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига Рамазоннинг ҳар кечасида келарди ва Қуръондан таълим берарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил алайҳиссалом билан учрашган пайтларида ҳур шамолдан ҳам яхшиликни (улашувчи) саҳийроқ бўлар эдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Демак Рамазон тунлари Қуръон тиловат қилиш ва Қуръондан дарс қилиш мустаҳаб экан. Чунки кечаси ташвишлар тин олади. Инсон бир хотиржамлик туяди. «Албатта кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш (тун уйқу-ором вақти бўлгани сабабли) жуда оғир юкдир ва (лекин у пайтда кундузги безовталиклар бўлмагани учун) энг тўғри сўздир» («Муззаммил», 6). Салафлар Рамазонни Қуръон тиловати билан ўтказардилар. Баъзилари Рамазоннинг ҳар ўн кечасида қоим бўлиб Қуръонни хатм қилардилар. Қатода ҳар доим етти кунда хатм қиларди. Рамазонда эса уч кунда хатм қиларди. Охирги ўн кунлигида ҳар кеча хатм қиларди. Зуҳрий Рамазон ойи кирса: «Бу ой Қуръон тиловат қилиш ва таом бериш ойидир» - деб айтарди. Ибн Абдулҳакам айтади: «Молик Рамазон ойи кирганида ҳадис ўқишни ва илм мажлисларини тарк қилиб, мусҳафдан Қуръон тиловат қилишга киришар эди». Абдураззоқ айтади: «Суфён Саврий Рамазон ойи кирганда барча нафл ибодатларни тарк қилиб, Қуръон тиловатига киришарди». Сиз ҳам Қуръон тиловатини одат қилиб олинг. Шунда қалбингиз уйғонади, нафсингиз покланади ва аъзоларингиз Аллоҳ ҳукмига бўйсунади. Иншааллоҳ Қиёмат куни Қуръоннинг шафоатига ноил бўласиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рўза ва Қуръон Қиёмат куни бандага шафоатчи бўлади. Рўза айтади: «Эй Роббим. Мен уни таомдан ва шаҳватдан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Қуръон айтади: «Мен уни кечаси уйқудан тўсдим. Мени унга шафоатчи қилгин». Ҳар иккаласи шафоатчи қилинади» (Аҳмад ва Ҳоким ривояти). Олтинчи насиҳат Рамазон саховат ва эҳсон ойидир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларни садақа қилишга чақириб, шундай дедилар: «Эй аёллар! Садақа қилинглар ва кўп истиғфор айтинглар. Жаҳаннам аҳлининг кўпчилиги сизлардан эканини кўрдим» (Муслим ривояти). «Эй аёллар! Тақинчоқларингиздан бўлса ҳам, садақа қилинглар» (Бухорий ривояти). Оиша разияллоҳу анҳо онамиз бир куни юз минг садақа қилиб юбордилар. Ўша куни рўзадор эдилар. Хизматчиси айтди: «Инфоқ-эҳсон қилган нарсаларингиздан бир дирҳамига ифторлик қилишингиз учун гўшт сотиб олсангиз бўларди-ку?». Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар эслатганингда, шундай қилган бўлардим». Рамазонда қилинган саховат бошқа ойда қилинган эҳсондан афзалдир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳур эсадиган шамолдан ҳам саҳийроқ бўлар эдилар. У кишининг саҳийликлари саховатнинг барча турларини ўз ичига олар эди. Аллоҳнинг динини ғолиб қилишда ва бандаларни тўғри йўлга бошлашда Аллоҳ учун илмини, молини ва жонини сарфлар эдилар. Инсонларга кўп томонлама фойда етказар эдилар. Очларни таомлантирар, ваъз-насиҳат қилар, ҳожатларини раво этиб, оғирларини енгил қилар эдилар. Рўзадорларга таом бериш Рамазондаги саховатлар жумласидандир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким рўзадорга ифторлик қилиб берса, унга ҳам рўзадорнинг ажридек ажр бўлади. Лекин (бу билан) рўзадорнинг ажридан бирор нарса камаймайди» (Аҳмад ва Термизий ривояти). Шунингдек ажри мудом етиб турувчи садақа (садақаи жория)га ҳам ҳарис бўлинг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Одам боласи вафот этса, амали тўхтайди. Фақат уч нарса тўхтамасдан давом этиб туради: Жорий садақа, фойдаланиладиган илм ёки уни дуо қиладиган солиҳ фарзанд» (Муслим ривояти). Еттинчи насиҳат Рамазон – кечалари қоим бўлиш ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечалари намоз ўқиб қоим турардилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетарди. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтдилар: «Ё Расулуллоҳ! Сиз нимага бундай қиляпсиз, ваҳоланки сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингиз кечирилган-ку?». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Шукр қилувчи банда бўлмайинми» (Муттафақун алайҳ). Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким иймон билан ва савоб умид қилиб Рамазонда (кечалари) қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳ). Аёл ҳам намоз учун масжидга чиқиши мумкин. Лекин уйда ўқиган намози афзал. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аёлларингизни масжиддан тўсманглар. (Лекин) уйлари улар учун яхшироқдир» (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти. Албоний саҳиҳ деган). Ҳофиз ад-Димётий айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вақтларида аёллар намозга чиқсалар, кийимлари, ёпинчиқлари билан ўраниб чиқардилар. Ғира-ширада уларни таниб бўлмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиб салом берсалар, эркакларга: «Аёллар кетгунларича жойларингда ўтиринглар!» - дер эдилар. Шундай бўлса ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уйларида ўқиган намозлари афзал» - деб айтдилар. Энди бўяниб, ясан-тусан қилиб, «танноз» бўлиб кўчага чиқадиган аёллар хусусида нима дейсиз?!. Оиша разияллоҳу анҳо айтдилар: «Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларнинг у кишидан кейин нималар қилганларини билганларида, уларни масжидга чиқишдан тўсиб қўйган бўлар эдилар». Бу Оиша онамизнинг ўз даврларидаги аёллар хусусида гапирган сўзлари, у зот бизнинг замона аёлларини кўрганларида нима дер эдилар?!». Оқила аёл масжидга чиқмоқчи бўлса, салафларнинг аёллари каби ўраниб, мастура бўлиб чиқиши керак. Аёлнинг нияти тўғри бўлсин. Яъни намозни адо қилиш учун ва Аллоҳнинг оятларини эшитиш учун боряпман, деб ният қилиб олсин. Бу уни хотиржамлик, виқор ва бошқаларнинг эътиборини ўзига тортмасдан юришга чақиради. Аёл кишига уйидан чиқаётганида хушбўйлик сепиш мумкин эмас. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қайси аёл хушбўйлик сепса, биз билан бирга хуфтон намозига ҳозир бўлмасин» (Муслим ривояти). Аёллар агар ўз ҳолига ташлаб қўйилса йиғлаб, бақириб ёки масжиддаги нарсаларни ўйнаб, атрофдаги мусулмонлар хаёлини чалғитадиган ёш болаларни ўзлари билан бирга намозга олиб чиқмасинлар. Саккизинчи насиҳат Тана аъзоларининг рўзаси. Муҳтарама опа-сингиллар! Рўзадор ўзининг аъзоларини гуноҳлардан тияди. Кўзлари ҳаромга қарашдан, қулоқлари ёлғон, ғийбат, чақимчилик, мусиқа каби ҳаром овозларни эшитишдан тийилади. Қўллари зулмдан, оёқлари ҳаромга боришдан, тили ғийбат, ёлғон, туҳмат ва бузуқ сўзлардан, қорни еб-ичишдан ҳамда фаржи қўшилишдан тийилади. Фақат фойдали ва яхши сўзларни сўзлайди. Рўзасига зарар етказадиган ёки бузиб юборадиган беҳаё, бузуқ сўзларни гапирмайди. Шунингдек мусулмонларнинг шаънига ёлғон, ғийбат, чақимчилик ва ҳасад тўқимайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким ёлғонни, унга амал қилишни ва жоҳилликни тарк қилмас экан, унинг емай-ичмай юришининг Аллоҳга бирор-бир ҳожати йўқ» (Бухорий ривояти). «Агар биронтангиз рўза тутса, бузуқ сўзни айтмасин, бақирмасин. Бирортаси уни ҳақорат қилса ёки уришса: «Мен рўзадорман» - деб айтсин» (Муттафақун алайҳ). Фақат еб-ичишдан тийилиб, мусулмонларнинг гўштлари ва обрўларига чанг солишдан тийилмаган кимсага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзлари тааллуқлидир: «Қанчадан-қанча рўзадорлар борки, уларнинг рўзадан насибалари фақат очлик ва ташналик бўлади» (Аҳмад ва Ибн Можа ривояти). Тўққизинчи насиҳат Рамазон ойида вақтни беҳуда ўтказмаслик учун амалий қадамлар. Муслима опа-сингиллар! Бу улуғ ойда вақтларингизни Қиёмат куни сизга ютуқ ва бахт келтирадиган ишларга сарфланг. Жаннатга яқинлаштирадиган ва жаҳаннамдан узоқлаштирадиган ишларда Рамазон кеча ва кундузларини ғанимат билинг. Албатта, бу Аллоҳга итоат қилиб, маъсиятлардан узоқлашиш билан бўлади. Рамазонни хайрли ўтказиш учун қуйидагиларга риоя қилинг: 1. Уйдан фақат зарурат ёки ибодат учун чиқинг. 2. Бозорларда айланиб юрманг. Хусусан Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ўзингизни ушланг. Ҳайит учун кийим-кечакларни охирги ўн кунликкача ёки Рамазонгача харид қилиш ҳам мумкин. 3. Беҳуда меҳмондорчиликларни йиғиштиринг. Агар касални кўриш каби сабабли зиёрат бўлса, узоқ ўтириб қолманг. 4. Ёмон давралардан четланинг. У ерлар ғийбат, чақимчилик, ёлғон, бошқаларнинг устидан кулиб, таъна етказиш мажлисларидир. 5. Мусобақаларга, (топишмоқ) бошқотирма ечишга, кино ва сериаллар кўришга вақтингизни кетказманг. Акс ҳолда сиз Рамазондан фойдалана олмайсиз. 6. Бомдодгача бедор бўлишдан четланинг. Чунки бу намозларни зое қилишга ва кун бўйи ухлашга олиб боради. 7. Ёмонлар суҳбатидан қочинг. 8. Кунни ухлаб ўтказманг. Баъзи бировлар бомдоддан кейин уйқуга кетиб, пешиндан кейин уйғонадилар. Бу қанақа рўза бўлди? 9. Бутун вақтингиз турли егуликлар тайёрлаш билан ўтмасин. 10. Вақтни ясан-тусан қилиб, бўяниб-тараниб ойна олдида ўтказманг. 11. Вақтни телефон (ҳозирги кунда мессенжер (таҳририят))да гаплашишга сарфламанг. Бу иймони заифларнинг очлик ва чанқоқни енгиш учун тутган йўлларидир. Агар улар Аллоҳнинг Китобини тиловат қилиб, дарс қилганларида, ўзлари учун яхшироқ бўларди. 12. Талашиб-тортишишдан йироқ бўлинг. Чунки бу фақат вақтни зое кетказиш ва ҳаром ишларни қилишга олиб боради. Агар сиз билан кимдир тортишмоқчи бўлса, «Мен рўзадорман» - деб айтинг. Ўнинчи насиҳат Рамазоннинг охирги ўн кунлиги. Муслима опа-сингиллар! Рамазон ойининг йигирма куни ўтган бўлса, яна ўн кун фурсат бор. Агар ўтиб кетган кунларда сусткашлик қилган бўлсангиз, қолган ўн кунни ғанимат билинг. Чунки амаллар хотималарига қараб баҳоланади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (охирги) ўн кунликда кечасини бедорлик билан ўтказардилар, оила аъзоларини уйғотардилар, белларини маҳкам боғлардилар» (Муттафақун алайҳ). Бу саноқли кунларни баъзи инсонлар ғанимат билишади. Баъзилар эса ҳасратда қолишади. Ҳабиб Абу Муҳаммаднинг аёли кечаси унга шундай дерди: «Кеча ўтиб кетди. Йўл эса узоқ. Озуқамиз жуда оз. Солиҳларнинг карвони узоқлашиб бораяпти. Биз эса ортда қолиб кетдик». Аллоҳ таоло Ўз фазли билан «Қадр кечаси»ни охирги ўн куннинг бирида қилиб қўйди. Бу охирги ўн куннинг тоқ кечаларида бўлади. Оиша разияллоҳу анҳодан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтардилар: «Қадр кечасини Рамазонда охирги ўн куннинг тоқ кечаларидан қидиринглар» (Муттафақун алайҳ). Қадр кечаси улуғ кеча ва ғанимат фурсатдир. Унда қилинган ибодат минг ойлик ибодатдан яхшидир. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Албатта бу ой келди. Унда минг ойдан яхшироқ бўлган бир кеча бор. Ким бу кечадан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан маҳрум бўлибди. Унинг яхшилигидан фақат маҳрумгина бебаҳра қолади» (Ибн Можа ривояти. Албоний саҳиҳ деган). Қадр кечасини талабида бедор бўлинг. Бу улуғ ажрдан маҳрум бўлманг. Агар сиз охирги ўн куннинг барча кечаларида қоим бўлсангиз ҳамда уни ибодат ва тоат билан ўтказсангиз, шубҳасиз қадр кечасига етасиз. Қадр кечасида қилинадиган дуо. Оиша разияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар: «Агар қадр кечасига етсам нима деб дуо қилай?» У киши дедилар: «Эй Аллоҳим! Сен афв этгувчисан. Афвни яхши кўрасан. Мени афв этгин» (Аҳмад ва Термизий ривояти). «Аллоҳумма иннака афуввун туҳиббул афва фаъфу анний». Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга, аҳли оилаларига ҳамда асҳобларига салоту саломлар бўлсин! Кинофилмлар томоша қилиш - Admin - 09-09-2010 Мусулмон ҳаётига кинофилмларнинг таъсири
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Мўминларни кўзларини ҳаромга қарашдан қайтарган Аллоҳга ҳамду санолар, «Кўзнинг зиноси қараш» деб айтган пайғамбаримизга, унинг аҳли байти, саҳобалари ва ул зотга Қиёматгача яхшилик билан эргашганларга салоту саломлар бўлсин. Бу мавзу машҳур даъват олимларидан бири томонидан дарс қилиб ўтилган. Устоз дарсни бошлашларидан олдин, толибларидан бири қисқача муқаддима қилган, сўнгра дарс бошланган. Мазкур муқаддимадан бир бўлагини шу ўринда келтириб ўтамиз: В. И. Ленин партия мажлисларидан бирида коммунистларга қараб: «Коммунистлар ичида коммунизмга энг кўп хизмат қиладиган ким?», деб савол беради. Шунда атрофидагилар баъзи бир фаол коммунистларни тилга олишганларида, Лениннинг ўзи саволига жавоб бериб: «Коммунизм учун энг кўп хизмат қиладиган бу кинематографдир, чунки у мингта тартибли коммунистни коммунизмга қиладиган хизматини ёлғиз ўзи қилади», деб айтган. Унинг сўзидан киночининг жамиятга бўлган таъсири қанчалик эканлиги англашилмоқда. Ленин кино ҳақида ўз замонасининг кинематографиясига қараб айтган. У замондаги кинолар бугунги киноларга солиштирилса анча «тақводор» кинолар бўлиб қолади. Ўша замонда, ўша жамиятда кинонинг жамиятга таъсири ҳақида шундай сўзлар айтилган бўлса, бугунги кинонинг жамиятга таъсири ҳақида нима деса бўлади. Устоз дарсни бошлаб айтадиларки: «Қадим-қадим замонлардан бери Одам алайҳиссалом ва Иблис лаъанаҳуллоҳ ўрталарида кураш, бир-бирларига бўлган қарама-қаршилик давом этиб келмоқда. Ер юзида мусулмон бор экан, Шайтон ва унинг инсу-жиндан бўлган лашкарлари ўртасида кураш давом этаверади. Кофирлар мусулмонларни диндан чиқариш, динларини йўқотиш учун, динларини қолоқ, ҳозирги замонга тўғри келмайдиган дин ёки оғир, амал қилиб бўлмайдиган дин қилиб кўрсатиш учун ва бундан бошқа ғаразлар йўлида мусулмонларга қарши турли-турли хийлалар қилишади. Кофирларнинг макр-хийлаларининг энг катталаридан бири кинофилмлардир. Кинофилмлар таъсири билан бутун жамиятни ўзгартириб юбориш мумкин. Бугунги кунда телевизор ва видеомагнитофонга эга бўлиш муаммо эмас. Йигирма, йигирма беш йил олдин кино кўрмоқчи бўлган одам кечқурунни кутар, кўчага чиқиб кинохона кассаси олдида навбатда турар, агар машҳурроқ кино бўлса ур-тўполон билан чиптани ўз нархига ёки қимматроққа сотиб олар, сўнгра кино томошасига кирар эди. Аммо бугунги кунда хоҳлаган пайтда, исталган кинони кўриш чой ичишдан кўра енгилроқ бўлиб қолди. Бугунги кунда телеканалларнинг ҳисобига ҳам етиб бўлмаяпти. Телевизор қаршисига чиройли ўрнашиб ўтираётган одам, мен бир иймонимни қувватлантириб олайин деган нияти йўқлиги ҳам махфий эмас. Ундай бўлса нима учун ўтирдингиз, деб сўрашни ҳожати бўлмаса керак, чунки бу маълум нарса. Бугунги кунда «АҚШ, Буюк Британия, Франция, Ҳиндистон ва Русия кинофилмлари иймонни қувватлантиради», деган фикрни, — алҳамдулиллаҳ — ҳеч ким кўтармайди. Бугунги кунда кинофилмлар мусулмонлар хонадонларининг ичкари-ичкариларга кириб кетдики ҳатто энг ичкари ётоқхоналаригача кузатиб, ухлатиб қўядиган қилиб кириб келди. Шундай экан кинофилмлардан қайтариш у ёқда турсин у ҳақда гап очишдан ожиз қоласиз. Биз бугунги дарсимизда кинофилмларнинг мусулмонга зарарлари ҳақида сўз юритамиз, кейин филмларнинг мусулмонга фойдаси қанчаю зарари қанчалигини ўзингиз хулоса қилиб оласиз. 1. Филм томоша қилиш мусулмоннинг қалбини тебратади, қалқитади Биз: «Эй қалбларни тебратгувчи Зот қалбимни динингда мустаҳкам қил, саботли қилгин», яъни иймонимиз қалқиб турмасин, безовта бўлмасин, бизда яқийн бўлсин («яқийн» бу худди ҳовузда сув қарор топгандек иймон қалбимизда қарор топсин), деб Аллоҳдан сўрашга буюрилганмиз. Кинофилмлар мусулмоннинг қалбини тебратиб юборади. Қандай қилиб тебратмасин?! Ҳолбуки, филмлар энг дабдабали уйларда, энг гўзал маишат воситалари ёрдамида, энг чиройли одамлар иштирокида суратга олинади. Улар филмда қатнашаётганларида ўзларини роса айш-ишратда яшаётганнамо қилиб кўрсатишади, нопок озиқ-овқатларга, эҳтиросларга берилиб ҳаёт кечиришади. Кинофилмлар шундай қилиб кўрсатилади. Буни кўраётган мусулмон ҳаётда шунча ноз-неъматлар бор экан, наҳотки шунча нарсадан маҳрум бўлиб яшасам деган хаёл унинг миясига уради. Бу хаёл унинг миясини тарк этмайди ва ақли қолиб нафси билан фикр юрита бошлайди. «Шунча ноз-неъматлардан мени тўсаётган нарса нима?» У унинг дини ва ақидаси. Шайтон қулай фурсатдан фойдаланиб унга дини ва эътиқодини ёмонлай бошлайди, ҳамма бало шунда, сени шунча нарсадан тўсаётган будир, одамларни қара мазза қилиб юришибди, деб унинг қалбини васваса қила бошлайди. Шундан кейин унда иккиланиш пайдо бўла бошлайди, дини, эътиқоди тебранади, қалқиб безовта бўлади. Дин тебрангандан кейин у ўз саботини йўқотади. Натижада ибодатларни дангасалик билан адо қиладиган, қилганда ҳам кино қаҳрамонларининг гап сўзлари, ҳатти-ҳаракатлари ҳақида хаёл суриб намозларини ўқийдиган бўлади ва бориб-бориб — Аллоҳ асрасин — намозни тарк қилиши ҳам мумкин. 2. Филмлар томоша қилиш туфайли мусулмон динига бўлган ғаюрлигини йўқотади Филм томоша қилаётган мусулмондан динига бўлган ғаюрлиги кўтарилади, унинг ўрнига эса ўша кўраётган филмидаги аҳлоқ ва одатлар кириб келади. Кино кўраётган одам актёрлардан нафратланай, бир уларнинг башарасини кўриб уларга бўлган ғазабимни янгилаб олай, деб экран қаршисида ўтирмайди, балки у роҳатланиб, ҳатто бутун вужуди кўз ва қулоқ бўлиб ўтиради. Аслида соф мусулмон: «Энг Ҳақ Дин, энг олий ҳулқ ва энг олий ҳаёт тарзи, энг олий дунёқараш менда», деб қатъий эътиқод қилади. Агар бутун халойиқ бир томонда қолса-ю, унинг ёлғиз ўзи бир томонда қолса ҳам у ҳақдир, чунки у МУСУЛМОН, унинг йўли Жаннат йўли, энг тўғри ҳаёт тарзи уникидир. Бошқалар йўлларининг охири Дўзах, ҳаёт тарзлари ботил, залолатдир. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўлган дин фақат Ислом динидир» (Оли Имрон: 19). Айни суранинг 85, 88 - оятларида бундай дейди: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўргувчилардандир. Иймон келтириб, пайғамбарнинг ҳақ пайғамбар эканлигига гувоҳ бўлишганидан кейин ва уларга далил-оятлар келганидан кейин кофир бўлган кимсаларни Аллоҳ қандай ҳидоят қилсин?! Аллоҳ зулм қилгувчи қавмни ҳидоят қилмайди. Уларнинг жазоси — устларига тушажак Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънатидир. Улар азоблари енгиллатилмаган ҳолда дўзахда абадий қолгувчилардир ва уларга (бу азоб бирон лаҳза) кечиктирилмайди» (Оли Имрон: 85-88). Филмларни томоша қилаётган одамдаги динига бўлган ғаюрлигининг кўтарилишига сабаб кино қаҳрамонлари кофир ва бадбахт инсонлардир. Бу кинолар куфр оламидан кириб келган, у ерларда ароқ, зино ҳаром, деб ҳисобланмайди. Демак, мазкур филмлар орқали кириб келаётган фалсафа, дунё қараш, турмуш тарзи мусулмонникининг ғирт акси. Ароқхўрлик базмлари, ярим яланғоч ойимлар билан ўйинга тушиш, бўса олишлар, охирги филмлардаги «Тунги клублар»дан лавҳаларга термилиб ўтирган мусулмоннинг диний ғайрати қандай ҳам йўқолмасин?! Диний ғайрати бор одам Аллоҳ ҳаром қилган бирон иш содир бўлаётганини кўрса, Аллоҳ учун ғазаб қилиб, дарҳол бу мункар ишни тўхтатишга ҳаракат қилади. Кино томоша қилиб ўтирган мусулмонда ғайрат қолмаганлигидан бировни қайтариш у ёқда турсин, ўзи қайтаришга мустаҳиқ бўлиб ўтирибди. Аллоҳ ҳар бир мусулмоннниг қалбига диний ғаюрлик-жонкуярликни берсин! 3. Мусулмон одам кинофилмлар кўраётганида ғайридинларнинг ақидаларидан таъсирланади Кинофилмларнинг аксарияти у ёки бу йўл билан уни ишлаб чиқарувчиларнинг динига тарғиб қилади ёки ўз ақидасини томошабинларга сингдиришга ҳаракат қилади. Масалан, кино қаҳрамонлари бирор ишга киришаётганида, ёрдамга муҳтож бўлиб қолганларида ўзларининг ботил олиҳаларига сиғинадилар, ибодат рамзи бўлган ҳаракатларни қиладилар. Улар кинофилмлар орқали Яратувчи, ҳаётнинг бошланиши, ғайб олами, фаришталар, жинлар, Жаннат ва Дўзах ҳақидаги ўз ақидаларини тасвирлаб, томошабинларга сингдиришади. Натижада мусулмон киши фаришталарни хаёлига келтирса, қайсидир филмда кўрган нуроний, (аёл шаклидаги) махлуқотни тасаввур қилса, Жаннат ва Дўзах ҳақида фикр юритганда дунёнинг энг гўзал манзараларини ёки қайнаб турган катта дош қозонни кўз ўнггига келтиради. Ҳолбуки, Жаннат ва Дўзах у тасаввур қилган нарсалардан минг чандон фарқли. Ҳаётнинг бошланишини эса Дарвин нарзарияси бўйича тушунади. Мусулмон киши қандай қилиб Одам алайҳиссалом ва Момо Ҳаввони ўз фарзандлари билан ибтидоий жамоа тузумида яшаган деб тасаввур қилади. Одам алайҳиссалом пайғамбар бўлган, Аллоҳ унга барча нарсаларнинг номларини ўргатган, Ўзи томонидан уларга кийимни туширган, нимани емоқ ҳалол нимани емоқ ҳаромлигини баён қилган. Буларнинг барчаларига далил Қуръонда бор, бахсимиз чўзилиб кетмаслиги учун уларни зикр қилмаймиз. Булардан ташқари мусулмон киши кинофилмлар томоша қилиш сабабли кўплаб моддий, маънавий ва диний зарарланади. Аҳлоқи бузилади, ўрнакни салаф солиҳ қолиб киноактёрлардан олади. Биз зарарга одамлар тушунчаси билан эмас, Ислом тушанчаси билан қараймиз. Зарар Қиёмат куни савобни камайтирадиган, ундан маҳрум қиладиган ёки жазога мустаҳиқ қиладиган ҳар бир ҳаракат ва амал. Абу Масъуд розияллоҳу анҳу деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Қиёмат кунида одам фарзандининг оёқлари тўрт нарсадан сўралмай туриб турган жойидан қимирламайди: Умридан - уни қандай ўтказди, йигитлигидан - унда нима амаллар қилди, бойликларидан - уни қаердан топиб, қаерларга сарф этди ва (илмидан) - унга қандай амал қилди»» (Имом Термизий ривояти, ҳасан ҳадис). Мазкур ҳадисга кинофилмлар томоша қилувчи мусулмонни солиб қарайлик, кино унинг ҳаётидан соатлаб вақт олади, қайси оқил кино кўриш учун сарфлаган умрига, экран қаршисида ёшлик кунларини хазон қилганига, кино учун сарфлаган жарақ-жарақ пулларига Аллоҳ менга ажр беради деб айтади?! Кинонинг маънавий зарарларидан - томошабин кино қаҳрамонларига юриш-туришда, кийинишда, таомланишда, гап-сўзларда тақлид қилади. Бу алфоздаги мусулмонни кўрган киши унинг мусулмонлигида шубҳа қилади. Сериялларни томоша қилиш орқали, билхусус, Мексика сериялларидан ака қандай қилиб уканинг хотини билан ўйнашишни, ота қандай қилиб ўғлининг жуфти ҳалолини ўзига маъшуқа қилиб олишни, хотин эри йўқ пайтларда кимлар билан, қандай қилиб дон олишишни хуллас, турмушда қандай хиёнатлар бўлса барини ўта намунали суратда таълим олади. Бу нарсалар мусулмоннинг дини ва аҳлоқига қўшиб охиратини ҳам барбод қилади. Кинофилм қаҳрамонига қўшилиб хурсандчилигига хурсанд, хафачилигига қайғуриб, унга қўшилиб кулиб, унга қўшилиб йиғлашини гапирмасак ҳам бўлади. Бу ҳолатлар мусулмон қилиши керак бўлган Аллоҳ учун дўстлашиш ва Аллоҳ учун ёвлашиш ўрнига ана шу кофирларни яхши кўриш ва уларнинг душманларини ёмон кўришни жойлаштириб қўяди. Кўз қалбнинг туйнуги дейилган. Инсоннинг қалби оқ қоғозга ўхшайди, ҳар бир қилинган гуноҳ сабабли унга бир қора нуқта тушади. Нуқталар тушаверади-тушаверади охир оқибат қалб қаро қалбга айланади. Ана энди у яхшиликка буюрмайдиган ва ёмонликдан қайтармайдиган бўлиб қолади. У Аллоҳ Азза ва Жалла Мутаффифийн сурасида хабар берган дил эгасидир: «Улар жазо (Қиёмат) Кунини ёлғон дейдиган кимсалардир! У (Кун)ни фақат барча гуноҳга ботган тажовузкоргина ёлғон дер! Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!» (Мутаффифийн: 11 - 14). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аъзоларнинг зиносини зикр этарканлар: «Кўзнинг зиноси (ҳаромга) қараш» дедилар. Мусулмон эркак ва аёл Аллоҳ таоло томонидан кўзини ҳаромдан сақлашга буюрилган: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда (зарурат сабабли) кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкларкларини рўмоллари билан тўссинлар!» (Нур: 30 - 31). 4. Филмлар инсон қалбидаги ғализаларини тебратиб, кўзғатиб, чиқариб юборади Ҳар бир инсон ичида шаҳват йиғиндилари йиғилиб турган бир тўда бўлади, худди арилар инига ўхшаган. Мана шу нарсани ичида яшириб, камайтириб, билдирмасдан юрадиган нарса унинг дини, одоби бўлади. Дини туфайли ўшандай шаҳватпараст бўлиб кетишдан сақланиб туради. Филмларда яланғоч жасадларга қараганда, шаҳвоний ҳаракатларга қараганида, шаҳватга тегадиган севги изҳорларини эшитганида унинг ичидаги шаҳват ғализалари қайнайди, филмлар ундаги шаҳват ғализаларини отиб чиқариб юборади, худди ариларнинг инини бузиб юборгандек. Кейин у кўзғалиб, ёрилиб чиққан шаҳват яна шундайлигича телевизор ўчирилганидан кейин яна ўрнига тушиб қолмас экан балки у тўядиган, қониқадиган восита керак бўлади, шундагина бу одам тинчиши мумкин. Бўлмасам асаб-асаблари билан ўша нарсага машғул бўлиб туради. Агар у мусулмоннинг оиласи бўлса майли, аммо ёш йигит ёки қизлар бўлсачи? У кейин нима қилади? У бузуқ йўлларни қидиришни бошлайди. Шунинг учун ҳам баъзан зино қилмоқчи бўлиб, шаҳвати қўзғалган одамга қарасангиз унинг йўлида нимадир чиқиб қолса ўлдиради ёки нима қилса қилади, чунки у ҳозир мажнун токи ўша иши битмагунича. Кейин бу одамлар ўша воситани қидиради, кимдир Аллоҳ асрасин зинога боради, кимдир гиёҳвандликдан ўша нарсани қондиришни қидиради. Чунки ўша нарсадан қутилиш керак, бўлмасам у тинчимайди. Шунинг учун филмлар инсонга бузуқ тарбия бериб, мужрим, зинокор қилиб етиштиради. Бу филмлар кўришни тўртинчи зарари. 5. Филмларни томоша қилиш инсоннинг соғлигини йўқотади Филмларни кўраётганда узоқ тикилиб, ҳар хил рангларга тикилиб қараб туриш инсоннинг кўзига қандай зарар бўлмасин. Яна филмлар томоша қилаётганда узоқ вақт бир хил берилиб ўтиради, худди кинонинг ичида қатнашаётгандек бир хил қимирламасдан ўтиради. Бу эса ўз навбатида соғлигига зарар, қон юришлари бўладими ва ҳ.з. Энг оғири асабларни бузиб юборади, чунки кино асабларни ўзига боғлаб юборади. Натижада кино кўраётган одам яхши кўрган қаҳрамонини душмани чиққанида асабийлашиб кетади, телевизорни ичига кириб уни уриб юборгиси, ёрдам бергиси келади. Ёки яхши кўрган қаҳрамонини бошига мусибат тушганида йиғлаб беради. Лекин Аллоҳ учун йиғлай олмайди, шунинг учун ҳам илм аҳли: «Йиғлаш ўн хил бўлади, тўққизтаси Шайтон учун, биттаси Раҳмон учун», деб айтишади. Филм кўраётган одам унга шунчалик боғланадики қаҳрамони хурсанд бўлса қарсак чалади, йиғласа йиғлайди ва ҳ.з., яъни асаблари ўша билан боғланиб кетади. Энди биродарлар кечирасизларку, қўполроқ бўлса ҳам айтамиз агар мабодо шу филм тугашига ўн минут қолса ва бу кинофилмнинг охири нимадур бўлиб тугаши керак ёик филм қаҳрамони фойдасига ёки зарарига аниқ эмас, шунда ҳожатхонага бориш зарур бўлиб қолса кино кўраётган одам бормайди, тушунмай қоламан дейди. Унга кимнингдир тушинтириб бериши кифоя қилмайди, қани энди видео бўлса-ю, уни ўчирса. Лекин баъзилар уни ҳам ўчирмайди, сабр қилади балки хушуъ-хузуъ билан «ибодат» қилаётган бўлади, бошқа нима ҳам дейсиз. Яна бугунги кунда бу филмлар ичида «филмларнинг вабоси - ужас» филмлари бор. Бу қандай бир мусибат, ким ундан ҳаёт ўрганади, ёки ибрат олади, ёки тарих ўрганади, ёки ривожланади, ёки нима бўлади? У инсонни бузиб, ҳалокатга олиб боришдан бошқа нарса эмас. Шунинг учун шундай филмларни тўхтамасдан, кечаси кўраётган одам кечқурун ҳожатхонага бориб келишга ҳам қўрқади. Бу албатта, инсон соғлигига зарар ва инсонни узоқ вақт ухлатмасдан ўзига маҳлиё қилиб олиб ўтиради. Филмга берилган одам ўн иккидан олдин ухлашга ҳеч кимни кўзи етмаса керак, валлоҳу аълам. Телевизор билан хайрлашиб кейин ухлайди. Натижада кейин нима бўлади? Тахажжуд тўғрисида гап бўлиши мумкин эмас, балки бечора, мазлума хотини келиб, зўрға титраб уйғотади. Хотини уйғотаётганида хотинига бақиришдан кунни бошлайди ёки хотини уйғотиб эри урушишидан қўрқиб қочиб кетади. Бу жаҳл билан уйғонган эрнинг куни хушмуомала, хуштабиатли бўлади дейсизми?! Йўқ, унинг куни жаҳл, ғазаб билан ўтади ва ҳ.з. Байрам кечаси телевизордаги ҳар хил чалғитувчи кўрсатувлврни кўрган одамлар тонг оттирганларида кўзларига бир назар солинглар, агар мабодо кулса шам жаҳл билан кулаётган бўлади, ёки ҳозир сизни ямламай ютиб юборадигандек бўлиб туришини кўриш мумкин. Аллоҳ кечани биз учун ором оладиган, дам оладиган қилиб яратган. Кечаси инсоннинг барча аъзолари дам олади, эртасига эрталаб қувват йиғиб соғлом табиат билан хизматига, ибодатига туриши керак эди. Лекин у ўша нарсалардан маҳрум бўлади. 6. Филмлар орқали наркотиклар тарғиб қилинади, ташвиқ қилинади ва тарқатилади Биз наркотик моддаларнинг нима эканлигини қаердан билдик, агар кинолар бўлмаганида ёки кимдир олиб келиб кўрсатдими? Йўқ, биз буни кинолардан ўргандик. Наркотиклар қандай тарғиб қилинади? Миср аҳолисининг 60% нашавандлари нашани ҳаром эмас, ҳатто макруҳ ҳам эмас деб эътиқод қилишар экан. Сабаби нима дейилса? Араб давлатларини ичида олган кинофилмлари кўп бўлган давлат Миср ҳисобланар экан. Шунинг учун қирқта араб давлати бўлса, киноси кўплигидан ҳаммаси Миср шевасини билади, деб айтишади. Экспертлар, тадқиқотчи олимларнинг берган маълумотларига қараганда наркотик моддаларини тарқатувчи восита филмлар бўлади, деб хулоса қилишган. Масaлан, бир филм кўрсатилади ва у филмда наркотик моддага қарши гўё бирон бир куч, полиция, хавфсизлик хизматларти, фидоийлар курашаётган бўлишади. Лекин булар токи битта наркоманни ушлагунча у филмни бошидан охиригача наркотикни қандай ясаш, қандай топиш, у қандай истеъмол қилиш, ундан қандай роҳатларни келиши ва бошқалари, хуллас ҳаммаси ўргатилиб бўлинади ва охирида ҳалиги наркоман ёки қўлга тушади, ёки наркотик таъқиқланади. Лекин бу охирги гап бор йўғи саҳнадаги пардани ёпади холос ва бундан бошқа нарса эмас. Демак наркотикка қарши курашаман деган одам биринчи филмларга қарши курашиши керак экан. 7. Филмлар оила аъзолари, қариндош-уруғлар орасидан силаи раҳмни кесиб, кўтариб йўқ қилиб юборади Филмлар орқали ота-онани қандай ташлаб кетишлик ўргатилади, ота-она билан қандай муносабатда бўлиш кераклигини ўргатади, яъни бузуқ нарсаларни ўргатади. Филмлар орқали соппа-соғ фарзандлари бор бўлган хотинин ташлаб зино қилиб юришни ўргатади. Бадбахт сериаллар орқали эри йўқлигида хотин қандай ишлар қилиши кераклигини, қандай зино қилиш керак, қандай шаҳват сўзлар билан гапирса одамни маҳлиё қилиб зино қила олади ва бундан бошқа кўпдан кўп ифлос, жирканч нарсаларни ўргатади. Натижада оилалар бузилиб, пароканда бўлиб кетади, силаи раҳм инсонлар ўртасидан кўтарилади. 8. Филмлар кўп моддий зарар келтиради Масалан, ўн, ўн беш йил олдинги замон билан ҳозирги замонни олсак туппа тузук телевизори бор бўлган одамлар, ҳозир янги пультли телевизор чиқибди, деб ҳамма сотиб олган. Ҳозир биз муслмонлар тўғрисида гаплашаяпмиз, бошқаларни қўйиб турайлик. Олдин оилаларда битта телевизор бўлар эди, ҳозир ҳар битта уйланганни ётоқхонасида телевизор бўлмаса замондан қолиб кетган куёв ҳисобланади. Антенналар сотиб олинади ва кабел телевидениеларга уланиб ҳар ойда пул тўланиб турилади, қанча-қанча ҳаражатлар қилинади. Бугунги кунда телевизорлар янгиланиб келинаётган бир пайтда уни фитна босади, яъни алиштиришим керак экан бу энди модадан қолиб кетибди, деганга ўхшаш. Бу филмларни моддий зарар келтиришидир. Қўшимча Кўп филмлар кўришни таъсирларидан яна бири, кўп филмлар кўрувчи одам ўзини кофирларга ўхшатиш деган иллат унда пайдо бўлади. Натижада уларга ўхшаб сочини олади, уларга ўхшаб сўзлашади, уларга ўхшаб ҳаракат қилади, ҳатто баъзи бир араб диёрларида агар узун оқ кўйлакларни кийса фариштадек юрадиган кўйлакларни, соқолларни йўқотиб Боб Марли, Майкл Жексон ёки шунга ўхшаганларга ўхшаб ҳаракат қилиб юрадиганлар бўлар экан. Қизиқ бир томони шуки, шундай бир балога мубтало бўлганлар, менга фалончи причёскани қилиб беринг деб, аёллар, эркаклар боришади. Баъзи бир мусулмон одамларни диндан чалғитувчи кўрсатувларни кўриб, бир гап гапираётганида, фалончи аскиячи айтгандики, деб ўшани гапини далил қилиб келтириб гапини зийнатламоқчи бўлади. Ваҳоланки, мусулмон: «Роббим айтган, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар», деб айтиши керак эди. Хулоса Ҳар бир мусулмон бу тўғрисида: Жиддий фикр юритиши керак; Нималар қилаётганлиги, соатлаб ўтаётган вақтлари нима билан ўтганлиги ҳақида фикр юритиши керак; Бу мавзуни мусулмон аҳлига тарқатиш керак; Бу мавзудан ғафлатда қолиб кетмаслик керак; Кофирларнинг макридан ғафлатда қолиб кетмаслик керак!!! Аллоҳ таъоло ҳаммамизни гуноҳларимизни кечириб, Сиротол мустақиймда саботли қилиб, мана шу филм ва шунга ўхшаш нолойиқ нарсалардан тийилишда сабрли қилишини Аллоҳдан сўраймиз. Амин. Эй, мусулмон биродар, шунча гаплардан кейин яна кинога қайтасизми ёки ўзингизни бир ҳисоб-китоб қилиб, сизни яратган, кўрадиган икки кўзни сизга неъмат қилиб берган, тинч-тотувликда яшатиб кўйган Роббингиздан ҳаё қилиб бу ишингизни ташлайсизми. Агар ташласангиз сизга Жаннат бўлсин! Ташламасангиз Одил Парвардигордан қилмишингизга яраша жазо олишга ҳам тайёрланинг, У бандаларига зулм қилмайдиган Одил Зотдир! Биз бу суҳбатимизга Қоф сурасидан баъзи оятларнинг маъноларини келтириш билан якун ясаймиз. Quote:Танбеҳ: Оятларда зикри келган «Кофир» калимаси мутлақ кофирга ҳам, мусулмонман деб туриб Аллоҳнинг буйруқларидан юз ўгириб, унинг неъматларига нонкўр бўлганларга ҳам далолат қилади.«Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз, — Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз. Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз-амалларини) қабул қилиб-ёзиб турурлар. У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур). Мана ўлим мастлиги (яъни жон чиқар пайти) ҳаққи-рост (етиб) келди. (Эй инсон), бу (ўлим) сен қочгувчи бўлган нарсадир. (Қайта тирилишга даъват қилгувчи) Сур ҳам чалинди. Бу (кофирларга азоб) ваъда қилинган Кундир! Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдагувчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалларига) гувоҳлик бергувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди. (Эй инсон), аниқки, сен бу (оғир Кун)дан ғафлатда эдинг. Бас, Биз сендан пардангни (яъни мана бу Қиёмат Куни ҳақидаги шак-шубҳаларингни) очиб юбордик. Энди бу Кун сенинг кўзинг жуда ўткирдир. Унинг (Осийнинг) яқини-ҳамроҳи (бўлган, унинг қилиб ўтган гуноҳларини ёзиб-гувоҳлик бергувчи фаришта) деди: «Мана бу (номаи аъмол) менинг ҳузуримда ҳозиру нозир бўлган нарсадир». (Шундан кейин дўзах ходимларидан икки фариштага айтилур): «Барча (Ҳаққа қаршилик қилгувчи) қайсар, яхшиликни манъ қилгувчи, зўравон ва (Аллоҳнинг динига шак келтиргувчи) кофир-кўрнамакни жаҳаннамга ташланглар! (Қай) бир кимса Аллоҳ билан бирга бошқа бир «илоҳ» қилиб олса (яъни ёлғиз Аллоҳга бирон нарса ё кимсани шерик қилиб олса), бас, уни қаттиқ азобга ташланг-лар!» Унинг яқини (бўлган шайтон): «Парвардигоро, уни мен туғёнга солганим йўқ, лекин унинг ўзи (ҳақ йўлдан) йироқ-залолатда бўлди», деди. (Аллоҳ кофир ва унинг шайтонига) айтди: «Менинг даргоҳимда талашиб-тортишманглар, аниқки, Мен илгари сизларга (кофир ва осий бўлганлар охиратда азобга гирифтор бўлишлари тўғрисида) ваъда қилганман. Менинг даргоҳимда (ваъда қилинган) сўз ўзгартирилмас ва Мен бандаларга зулм қилгувчи ҳам эмасдирман». У Кунда Биз жаҳаннамга «тўлиб битдингми?» дермиз, у эса «Яна қўшимча борми?» дер. Quote:Изоҳ: Юқоридаги оятларда ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсаларнинг Қиёмат Кунида кечадиган аҳвол-кўргуликлари батафсил баён этилгач, энди тақво эгалари учун тайёрлаб қуйилган жаннат манзаралари тасвирланади.Жаннат тақводор зотларга йироқ бўлмаган (бир маконга) келтирилди (ва уларга дейилди): «Мана шу (неъматлар) сизларга — ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи), ғайбдаги Раҳмондан қўрққан ва тавба-тазарруъ қилган дил билан келган кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир. Унга (жаннатга) тинч-омон кирингиз! Бу (кун) мангу (қоладиган) Кундир». Улар учун у жойда хоҳлаган нарсалари бордир. Ва яна Бизнинг даргоҳимиздаги қўшимча (иззат-икром)лар ҳам бордир» (Қоф: 16 - 35). Нашрга Ислом Нури таҳририяти тайёрлади, 05/08/2005.
Уламолар аломати - Admin - 09-10-2010 Уламолар аломати
Шайх Муҳаммад Ҳусайн Яъқуб
Мутаржим: Абдуллоҳ Бухорий Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бутун оламлар Робби бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар ва расулларнинг энг шарафлиси бўлмиш Муҳаммадга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин. Уламолар аломатлари Аллоҳ таоло деди: «Бас, агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўранг!» (Анбиё: 7). Бас, буюк ва олий бўлган Аллоҳ бизларни билмаган пайтда уламолардан сўрашга йўлламоқда ҳамда уларни зикр аҳли деб номламоқда. Демак, ана шу уламоларнинг хусусияти, уларнинг Қуръон ва суннат нассларини энг яхши билган инсонлар бўлишлигидир. Уламолар Аллоҳнинг шариатини билувчилар, Унинг динининг фақиҳлари ва ҳидоят ҳамда аниқ ҳужжат узра ўз илмларига амал қилувчилардир. Улар ҳикмат эгаларидирки, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: «Кимга ҳикмат берилган бўлса, демак, унга кўп яхшилик берилибди» (Бақара: 269). Бас, ана ўшалар дин пешволари ва пайғамбарлардан илмни мерос қилиб олган нубувват ворисларидир. Улар илмни кўксиларида кўтарган ва амаллари дилларида қарор топган илмларига мувофиқ бўлган зотлардир... Улар инсонларга Аллоҳнинг динини баён қилиб бериш учун чиққан, даъватдек фарз ва огоҳ қилишдек муҳим ишни бажарган гуруҳдир. Аллоҳ таоло деди: «Мўминлар ёппасига (жангга) чиқишлари мумкин эмас. Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими? (Қолганлари пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (Аллоҳнинг азобидан) огоҳлантирмайдиларми?! Шояд улар огоҳ бўлсалар» (Тавба: 122). Бундайлардан бирон замон ҳоли бўлмас. Албатта, улар, Аллоҳнинг амри билан қоим бўлувчи нусратланган тоифанинг бошидир. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ушбу умматдан бир тоифа Аллоҳнинг амри (дини) узра қоим бўлиб давом этади, токи Аллоҳнинг амри келгунига қадар мухолиф бўлган кимсалар уларга зарар етказа олмайди». Имом Бухорий: «Улар – илм аҳлидир» деди. Биз буни, гарчи уламолари камайиб кетган бир замонда яшасакда, шубҳаланувчининг шубҳасини кесган ҳамда: «Биронта ҳам олим қолмади, олдимизда фақат мана бу жоҳил пешволар қолди, холос» деяётган бақироқларга қулоқ солаётган умидсиз маъюс инсоннинг қалбига солишни орзу қилган ҳолда эслатиб ўтяпмиз. Табиийки, биз унинг шубҳаларига мўътабар ҳадис билан жавоб берамиз ва у ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади. Аллоҳнинг Ўзи мададкордир. Уламолар – биз уларга қўшилишга буюрилган ва айрилишдан огоҳлантирилган – жамоъатнинг бошидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жамоъатдан бир қарич ажралса, ўз бўйнидан Ислом боғичини ечибди» – дедилар. Илм аҳлининг «жамоат» маъноси ҳақидаги сўзларининг мазмуни икки сўзда мужассамлашади: Биринчиси: «жамоат» – шаръий имом атрофида жамланган вақтдаги мусулмонлар жамоатидир. Иккинчиси: «жамоат» – дастур ва йўлдир. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у Зотнинг саҳобалари ҳамда салаф солиҳ йўлланмаси узра бўлган ҳар бир кимса, жамоат билан биргадир. Мазкур икки сўзга кўра ҳам, ушбу жамоат вужудининг бош асоси уламолардир. Улар «ал-ҳалл вал-ъақд» аҳли (ишни ҳал қилувчи эътиборли шахслар)дир. Улар соғлом манҳажга йўлловчилардир. Лекин одамларнинг воқеълигида кўп такрорланаётган ва жавоби яхши тушунилмаётган савол бор. У ҳам бўлса: Илм эгаларининг, уларга ўзларини ўхшатганлардан фарқловчи аломатлари нима? Илм толиби ўзининг устозини ушбу муборак тоифаданми ёки улардан бошқами, буни қандай ажратиб олади? Бунинг жавоби илмий назарий ажрим қилишдаги муҳим бир тадаббур қилишликка ҳамда буни илмий ажрим қилишликдаги татбиқ қилишликка муҳтож бўлади. Чунки бизнинг ҳозирги вақтдаги илм талабаларининг офатларини энг каттаси, йўлланма ва етукликсиз балки ҳавою ҳоҳишларига мувофиқ ҳамда тортишувчиларнинг бир бирларига ўқларни отганидек тасниф қилишлик мусибатидир. Бас келинг, эй фиқҳ талабгори, бизларни ушбу масъаланинг ҳақиқатига йўналтириши учун салаф солиҳ уламоларимизнинг саҳифаларини бирма бир варақлаб кўрамиз. Улар шундай деганлар: Олимнинг аломати: 1 - Шубҳа ўринларида тойилмас устиворлик. Ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтди: «Албатта илми чуқур олимга агар денгиз мавжлари сонича шубҳалар келса ҳам, унинг аниқ ишончини йўқота олмайди ва бирон шубҳа билан камайтира олмайди. Уни илми пухталиги учун шубҳалар уммони қўзғатолмайди, балки бирон шубҳа келгудай бўлса, илм соқчилари ва лашкарлари манфур ва мағлуб ҳолатда қайтариб юборади». Шунинг учун ҳам, уламоларнинг тарих оша фитналар чиққан вақтда ҳам мағрур турганини кўрасиз. Аҳли суннат имоми имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳга боқинг. У, мўътазила гуруҳи Аббосийлар халифасининг ҳар томонлама кўмагига таянган ҳолда амалга оширган тазйиқларга қарамай, «Қуръонни яратилган» деган бидъатга қарши қандай ташаббус кўрсатди? Шайхулислом Ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳда акс этган бошқа нурафшон лаҳзаларга боқинг, унинг бидъатчи фирқалар билан қилган мунозараларини тафаккур қилинг. Бунинг мисоли, шайхулисломнинг суфий рифоъийя тариқатига нисбатан тутган муносабатидир. Бу тоифа ўзини: «Аллоҳ бизга темирни мулойим қилиб қўйган, заҳар ҳамда оловнинг таъсирини кетказган ҳамда жинларнинг ҳаддан ошганларини бизга бўйинсундириб қўйган», деб даъво қилар эди. Дарҳақиқат, шайхулислом улардан, сирка ва иссиқ сув билан ювиниш шартига кўра ўзларини оловга ташлашни талаб қилди. Чунки улар оловнинг куйдиришидан сақлайдиган моддалар билан ўзларини мойлашар эди. Улар бунга кўнишмади ва бу билан қақшатгич зарбага дучор бўлдилар. Quote:Шайхулислом Ибн Таймия ўзининг Рифоийяларнинг бир фирқаси бўлмиш батоиҳий аҳмадий сеҳргарлари билан қилган мунозараси ҳақида айтади: «Батоиҳийлар шайхи менга овозини кўтариб: «Бизда мана бундай, мана бундай ҳолатлар бор» деб, ўтда ёнмаслик ва шу каби ишларнинг уларга хос эканини даъво қилди. Шунда мен ҳам овозимни кўтариб, ғазаб билан: «Мен машриқдан мағрибгача барча аҳмадийларга хитоб қилиб айтаманки, сизлар ўт билан нима иш қилсангиз, мен ҳам худди шуни қиламан. Ким ўтда куйса мағлуб бўлади — ёки «унга Аллоҳнинг лаънати бўлсин» дедим шекилли, — лекин бир шарт биланки, аввал жисмларимиз сирка ва иссиқ сув билан яхшилаб ювилади» дедим. Амирлар ва одамлар мендан бунинг сабабини сўрадилар, мен уларга: «Чунки, буларнинг ўт билан алоқаларида (куймайдиган қилиб қўядиган) ҳийлалари бор, уни қурбақанинг ёғи, норинж пўстлоғи, талқ тошидан тайёрлашади (ва баданларига уни суртишади)» дедим, шунда одамлар шовқин кўтаришди. У бу ишга қодирлигини кўрсатиб: «Сен ҳам, мен ҳам жисмларимизга олтингугурт суртиб, бўйрага ўраламиз» деди. Мен: «Бўпти, тур» дедим ва уни бунга зўрлай бошладим. У кўйлагини ечмоқчи бўлгандай қўлини кўтараётган эди, мен: «Йўқ, аввал иссиқ сув ва сирка билан ювинасан» дедим. У ўзларининг одатларига кўра одамларни чалғитмоқчи бўлди. Сўнг: «Ким амирни яхши кўрса, бир боғ ўтин келтирсин» деди. Мен айтдим: «Бу вақтни чўзиш ва жамоатни тарқатишга ҳаракат, бу билан мақсуд ҳосил бўлмайди. Унинг ўрнига чироқ ёқилсин-да, мен ҳам, сен ҳам бармоқларимизни аввал ювиб, сўнг унга тиқамиз. Кимнинг бармоғи куйса, ўша мағлуб ҳисобланади – ёки унга Аллоҳнинг лаънати бўлади, дедим шекилли». Бу гапимдан сўнг унинг авзойи ўзгарди ва мағлуб бўлди. (Мажмуъул фатово (11/446-465)).Янги асрда эса, фазилатли шайхимиз Муҳаммад ибн Исмоил Муқаддам, Маҳдий Қаҳтоний ҳаракати зоҳир бўлган пайтда ўзининг ҳажда бўлганлигини эсга олиб, дейди: «Дарҳақиқат саросима одамлар ичларига сизиб кириб бўлган эди. Мен асрининг муҳаддиси фазилатли шайх Муҳаммад Носируддин Албоний турган чодирга бориб турар эдим. Қарасам шайх Албоний тоғ мисоли собит турибди. Шайх, мамнун ва хотиржам ҳолда ўша ўзини Маҳдий деб ҳисоблаган одамнинг шубҳаларига жавоб қайтарар эди». Мана шу каби уламолар, илмдан бирон сармояси бўлмаган ҳолда, ўзларини илмли қилиб кўрсатадиган кимсалар ичида алоҳида танилиб турадилар. 2 - Албатта улар Аллоҳга қилган ибодатлари ва қўрқув-хушуълари билан танилиб турадилар. Аллоҳ таоло деди: «Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқадилар» (Фотир: 28). Имом Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ фойдали илм Аллоҳ таолодан қўрқишлик йўли эканини баён қилар экан шундай деди: «Бунинг боиси шуки, албатта фойдали илм икки ишга далолат қилади: Биринчиси: Аллоҳни танишликка ҳамда Аллоҳнинг лойиқ бўлган гўзал исмлари, олий сифатлари ва ҳайратомуз ишларига далолат қилади. Бу эса У зотни улуғлаш ва буюклашни, Ундан қўрқиш ва ҳайбатланишни, У зотни суюш ва Ундан умид қилишни, Унга таваккул қилиш ҳамда У зотнинг қазосига рози бўлиш ва Унинг синовига сабр қилишни тақозо қилади. Иккинчиси: Эътиқод, ошкору пинҳона амал ва сўзлар ичидан, Аллоҳ суюб рози бўлганини ҳамда У Зот ёқтирмай ғазаб қилганини билишликка далолат қилади. Бу эса буларни билган кимсага, Аллоҳнинг муҳаббати ва ризоси бўлган нарсаларга шошилишни ҳамда Аллоҳ ёқтирмаган ва ғазаб қилган нарсалардан узоқ бўлишни вожиб қилади. Бас, агар илм ўз соҳибига ушбу самарани берса, демак, манашу фойдали илмдир... Шундай зотлар инсонларнинг Аллоҳдан энг кўп қўрққанидир. Шунинг учун уларни илмсизлик билан фатво беришга журъат қилмаётганларини кўрасиз. Зотан улар Аллоҳдан мутаассир бўлганлардир. Дарҳақиқат, улар Аллоҳ ҳақида уларда қўрқув ва хушуъни зиёда қилувчи илмга эгадирлар. Шунинг учун ҳам, илмлари билан нархи арзон фоний дунё бисотини сотиб олмайдилар». (Араб тилидаги қўрқув маъносидаги) «Хошяҳ» – «хавф»(нинг маъноси)дан кўра хосроқдир. У маърифат билан бириккан қўрқувдир. Шунинг учун ушбу умматнинг салаф уламолари ҳақидаги хабарлар, уларнинг Аллоҳга бўлган қўрқувларининг қаттиқлиги ҳамда қалбларининг таъсирчанлиги билан тўлиб тошгандир. Сувайд ибн Саъид раҳимаҳуллоҳ деди: «Мен Суфён раҳимаҳуллоҳнинг ҳузурида эканман, Шофиъий раҳимаҳуллоҳ кириб келиб салом берди ва ўтирди. Ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ бир таъсирли ҳадис ривоят қилди. Буни эшитган Шофиъий раҳимаҳуллоҳ ҳушидан кетди. Шунда: «Эй Абу Муҳаммад, Муҳаммад ибн Идрис ўлиб қолди!!» дейилди. Агар у ўлган бўлса, ўз замонасининг зубдаси ўлибди» – деди ибн Уяйна». Авзоъий раҳимаҳуллоҳнинг онаси унинг намоз ўқиган жойини қидирар ва тун бўйи тўккан кўз ёшларидан у жойнинг ҳўл бўлиб кетганини кўрар эди. Бу эса аҳли суннат имоми – имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ. У агар ўлимни эсласа, йиғидан томоғи бўғилар (кўз ёшларидан томоғи тиқилар) ва «Қўрқув мени таом еб, ичимлик ичишдан тўсиб қўяяпти. Агар ўлимни эсласам, менга дунёнинг барча иши арзимас бўлиб қолади. Бу таом – таом эмас ва бу либос – либос эмас! Бу – фақат озгинагина кунлардир холос», дер эди. Ҳа, мана бу буюкларга назар солинг ва уларни асримиздаги ўзини олим қилиб кўрсатаётганларнинг ҳолатига таққослаб кўринг. Бу сохтакорлар илмни қанчадан-қанча маърифату маълумотлардан иборат зеҳннинг юки қилиб олишди. Уларнинг қалбга бирон таъсири йўқ. Албатта илм, фақат ўзининг самараси билангина билиб олинади. Шунинг учун салафлар: «Илм фақат хошяҳ - қўрқувдир» деганлар. Аммо биз-чи, муноразаларга уста тили бурро одам, бармоқлар билан ишора қилинадиган кимсага айланиб қолди. Ичимизда мана шу одам олим бўлиб қолди. Аслида илмнинг самараси, кишининг амалида кўриниши бўлиб, олим – сиз умид қилган бармоқлар билан ишора қилинадиган шахс эмасдир. Ушбу масъалани шошмасдан ўйлаб кўринг. Чунки, ушбу замонда биродарларимизнинг кўплари мана шу сабабли тойилиб кетди. 3 - Улар инсонларнинг дунёдан ва дунё ҳузур ҳаловатларидан энг кўп устун келувчиларидир. Салаф уламоларининг сийратлари, уларнинг подшоҳлар ва амирларнинг ҳадяларини қайтарганлари ҳамда илмни ҳимоя қилганлари ҳақидаги хабарлар билан тўлиб тошгандир. Зеро, дунё уларнинг оёқлари остида бўлсада, у томон чопишмаган. Дарҳақиқат, айримларига фақирлик зарар етказганида ҳам дунёга қўлини чўзмаган ва илми эвазига бирон нарса сотиб олмаган. Мана бу тобиъинлар сардори Саъид ибн Мусайяб раҳимаҳуллоҳ байтул молда ўзига тегишли ўттиз мингдан ортиқ ҳадя(лар) бўла туриб, олиб кетиш учун чақирилганида уни олишдан бош тортган эди. Ўзи эса ўсимлик ёғи сотиб тижорат қилар, елкасига ёғ солинган қўй мешини кўтариб: «Молининг барчасини ҳалолдан бўлишини истамаган, ундан ҳақдорга ҳаққини бермаган ва у билан одамлардан юзини тўсмаган кимсада бирон яхшилик йўқ» – дер эди. Бу эса араб тили қоидаларининг имоми ва аруз илмининг ихтирочиси Халил ибн Аҳмад Фароҳидий раҳимаҳуллоҳ. У – тақводор, лаззатлардан ўзини тийган обид эди. Басрада икки чақага баҳоланмайдиган қамишдан қилинган чайласида яшарди. Ҳолбуки шогирдлари ундан олган билим билан молу мулк топишар эди. У кўпинча шундай деб айтар эди: Захирага зарурат, бор бўлса сенда агар,
Буниси эса мўъминлар қалбига севимли бўлган – имом Аҳмад. У, кўпинча, кунларини муҳтож бўлиб ўтказишига қарамай, бармоғи билан бир ишора қилса, ҳар томондан ҳадялар келиши мумкин эди. Лекин у: «Кўнгиллари Қуръонни англаган кишиларнинг жигарларини дунё ғами эритиши менга жуда оғир келади» – дер эди. У тирикчилик илинжида қалам ҳақи эвазига нусха кўчирар, ўримдан қолган бошоқларни терар, нонвойга харид қилган нони учун оёқ кийимини гаровга қолдирар ва рафиқаси йигириб берган ипни сотар эди. Кўпинча кўйлагини ямашни хоҳласа унга ямоқ тополмас эди. Кўп ҳолларда бир бурда нонни олиб, ундаги чангларни қоқар ва бир идишга майдалаб устидан сув қуяр, кейин туз билан ер ва бу унинг таоми бўлар эди.Тополмассан захира, мисоли солиҳ амал Эй, ўзини фақиҳ деб ҳисоблаган одам, балки ичингизда пичирлаб: “Улар уммат салафлари эди-да! Ҳозир эса замон ўзгарган” дерсиз. Шунинг учун ҳам, ўзим ва сизга ҳужжат бўла оладиган замондошимиз бўлган гувоҳларни келтириб ўтаман. Мен устозимиз аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усайминнинг оёқяланг юрганини ўз кўзларим билан кўрганман. У нақадар машҳур ва боён шаҳарда яшаган бўлишига қарамай, ўзи сув билан қотган (қуриган) нонни есада, биродарларига гўшт инъом қилар эди. 4 - Одамларнинг кўплари томонидан мақтовга сазовор бўлишлари ҳамда шуҳратларининг уфқларга ёйилиши. Шайхул ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дейди: «Кимнинг уммат ичида яхши номи бўлса, яъни унга мақтов айтилса ва уммат авлодларининг кўплари томонидан мадҳ қилинса, ўшаларгина ҳидоят имомлари ва зулматдаги чироқлардир». Мусулмонлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидир. Ривоят қилинган ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари бир жаноза олдидан ўтдилар ва у ҳақда яхши сўз айтдилар. Буни эшитган Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Вожиб бўлди» – дедилар. Кейин бошқа бир жаноза олдидан ўтдилар ва у ҳақда ёмон сўз айтдилар, Шунда у Зот: «Вожиб бўлди» – дедилар. Умар разияллоҳу анҳу: «Нима вожиб бўлди?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «У ҳақда яхши сўз айтдинглар, оқибатда унга жаннат(га кириш) вожиб бўлди. Бу ҳақда эса ёмон сўз айтдинглар, оқибатда унга жаҳаннам(га кириш) вожиб бўлди. Сизлар – Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисиз» – дедилар. Бошқа ривоятда: «Мўъминлар – Аллоҳнинг ердаги гувоҳларидир» дейилган. Албатта, бу ўриндаги одамларнинг мақтовидан мурод, фазилат соҳиблари ва ишончли кишиларга ишора қилишдир. Боиси шуки, гоҳо айримларга ушбу вазифа аҳлидан бўлмаган кимсаларнинг шуҳрати мушкил бўлиб қолади. Шуҳрат масъаласи нисбийдир. Зеро қанчадан қанча донг таратмасликни устун кўриб, шуҳрат топмаган уламолар бор. Шундай бўлсада Аллоҳ, халқлар устига ичларидан илм эгаларини зоҳир қилишлик билан ҳужжатни қоим қилишни истайди. Ушбу умматнинг салафлари ва уларга яхшилик билан эргашган мусулмонларнинг уламолари, ўқувчиларга токи уларнинг муносибликларини кўрмагунларича бошлиқ- раҳбарлик қилишликка йўл бермасдилар. Шунинг учун ҳам, улар орасидан фақат мустаҳиқ бўлганларигина машҳур бўлган. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ деди: «Токи ўзидан кўра илмлироқ бўлган кимсалардан сўрамагунича, бирон киши ўзини бирон нарсага муносиб деб билиши лойиқ эмасдир. Мен токи Робиъа ва Яҳё ибн Саъид раҳимаҳумаллоҳлардан сўрамагунимча ва улар мени шунга буюрмагунича фатво бермадим. Улар мени қайтарганларида эди, албатта мен қайтган бўлардим». 5 - Шайх - катта устозлар қўлида тарбия олган бўлиши Дарҳақиқат (салафлар) уламолар соясида тарбия олган кимсалардан илм олиш зарурлиги ҳақида ёзганлар. Аммо (устозсиз китоб) саҳифалар(ини ўқиш) орқали шайх бўлганларнинг қадамлари тойилиб кетишидан шубҳа қилмаганлар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос разияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ бандаларидан суғуриб олгандек илмни чангаллаб олмайди, балки илмни олимларни вафот эттириш билан олади...». Аллоҳ илмни бандалари (қалби)дан суғуриб олиш билан олиб қўймайди, балки илмни олимлардан олиш билан олиб қўяди». Мана шу ҳадисда, уламоларнинг илм очқичлари эканлигига шак шубҳасиз далил бордир. Ҳофиз ибн Ҳажар («Фатҳул-Борий»)да: «Абу Умоманинг ҳадисидаги қўшимча фойдалардан бири шуки, уламоларнинг вафоти боис илм кўтарилганидан кейин китобларнинг қолишлиги, олим бўлмаган кимсаларга бирон фойда бермайди» — деди. Шунинг учун бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: «Эй Набийюллоҳ, бизнинг ўртамизда мусҳафлар бўлса, биз ундаги оятларни ўрганиб, фарзандларимиз, аёлларимиз ва хизматкорларимизга ўргатсак, қандай қилиб биздан илм кўтарилиб кетади?» – деб сўраганида, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғазабланган ҳолда унга боқдилар ва: «Мана яҳудий ва насоролар, ўрталарида мусҳафлар бор бўла туриб пайғамбарлари олиб келган нарсалардан бирон бир ҳарфга боғланишмади» – дедилар. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Агар одамлар: «Илмни устозсиз таҳсил қилиш мумкинми ёки йўқми?» деб ихтилоф қилсалар, имконият бор, деймиз. Бироқ одатларнинг жараёнидаги воқеълик шуки, албатта, муаллим бўлиши зарур ва бу бутунлай иттифоқ бўлинган нарсадир». Кейин сўзини шундай давом эттирди: «Дарҳақиқат шундай ҳам дейишган: Аслида илм кишиларнинг кўнгилларида эди. Кейин китобларга кўчиб ўтди ва илм очқичлари илмли кишилар қўлида қолди. Бу сўзлар, илмни илмли кишилардан таҳсил қилмай илож йўқлигини тақозо қилаяпти». Эй, ўзини фақиҳ деб ҳисоблаган одам! Устоздан бошқа чора йўқ. Имом Шофиъий раҳимаҳуллоҳ: «Мусибатларнинг энг ёмони – саҳифа орқали шайх бўлишдир» – деган ва бу билан илмларини саҳифалардан, яъни (устозга кетмай) китоблардан олаётган кимсаларни назарда тутдилар. Баъзи салафлар шундай дейишган: Кимнинг китоби бўлса устози
Абу Заръа раҳимаҳуллоҳ деди: «Суҳуфий (устозсиз саҳифадан илм олган) одамларга фатво бермайди ва уларга мусҳафий (устозсиз мусҳафдан қори бўлган) Қуръон ўргатмайди».Бўлур тўғрисидан кўпроқ хатоси Савр ибн Язид раҳимаҳуллоҳ: «Одамларга суҳуфийлар фатво бермайди» – дер эди. Албатта, сиз учун пухта шайх, моҳир мураббий ва холис суҳбатдош зарурдир. Агар мазкур уч хислат бир кишида жам бўлса ўзи учун яхшидир. Иккиси бўлса ҳам майли, бироқ учаласининг ҳам бўлиши энг афзалидир. Илм аҳлидан айрилмаган, уларнинг қўлида тарбия олган ва уларга эргашгани ҳамда уларнинг одобидан одоблангани билан танилган кимсалардан бўлиши, илмнинг шартидан, деб ҳисобланган. Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ илми билан ўртага чиққан олимнинг сифати ҳақида шундай деган: «Унинг ўз илми билан, устозлар тарбия қилган кимсалар сафида бўлишидир. Илмини улардан олгани ва уларни лозим тутгани боис, у шу илмда шайхлар сифатланган сифат билан сифатланишликка лойиқдир». Салаф солиҳ мана шундай бўлган. Салафнинг энг аввалгиси – саҳоба разияллоҳу анҳумларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айрилмагани ва у Зотнинг сўзлари ва феълларини олгани ҳамда ким бўлишидан қатъий назар, у Зотдан келаётган нарса қандай кўринишда бўлмасин, уларнинг шу нарсага суянганидир. Улар аввало Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутган нарсанинг мағзини тушиниб етдилар, ҳатто унинг қаршилик қилиб бўлмайдиган ҳақиқат ҳамда қонуни синдирилмас ва камолотининг ҳудуди атрофида нуқсон айланмас ҳикмат эканини билдилар ва ишонч ҳосил қилдилар. Албатта бу мудом айрилмаслик ва ўта устиворлик билан амалга ошди. Ҳудайбия сулҳидаги Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг қиссаси ҳақида ўйлаб кўринг. У айтди: «Ё Расулуллоҳ, биз ҳақ, улар эса ботил узра эмасми?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Шундай» – дедилар. – «Ичимиздан ўлганлар жаннатда, уларнинг ичидан ўлганлар жаҳаннамда эмасми?» – «Шундай» дедилар. – «Унда нимага динимизда бўлмаган ишни қабул қиламиз ва биз билан улар ўртасида Аллоҳ ҳукм қилмай туриб ортга қайтамиз?» – «Эй Хаттобнинг ўғли, Мен албатта Аллоҳнинг расулиман ва Аллоҳ мени ҳеч қачон зое қилмас». Умар разияллоҳу анҳу сабр қилмай аччиқланганича чиқди ва Абу Бакр разияллоҳу анҳунинг олдига келиб айни гапларни такрорлади. Абу Бакр разияллоҳу анҳу: «Албатта, У Аллоҳнинг расулидир. Аллоҳ у Зотни ҳеч қачон зое қилмайди» деди. Ровий деди: «Шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга Макка фатҳи ҳақида Қуръон нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умар разияллоҳу анҳуга элчи юбориб, буни унга ўқиттирди». Умар разияллоҳу анҳу: «Ё Расулуллоҳ, у (сулҳ) фатҳ эдими?» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳа» дедилар. Шунда Умар разияллоҳу анҳунинг кўнгли ҳотиржам бўлиб, қайтиб кетди. Бу – уламолардан айрилмаслик, уларга бўйинсуниш ва ҳужжат бўлмагунича муаммоли ўринларда уларнинг қарорларига сабр қилишликнинг фойдаларидандир. Мазкур қисса ҳақида Сиффин кунида Саҳл ибн Ҳунайф разияллоҳу анҳу шундай деди: «Ҳой Одамлар!! Фикрларингиздан қайтингиз! Аллоҳга қасамки, мен ўзимни Абу Жандал кунида шундай ҳолда кўрдимки, агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва салламнинг амрларини рад қилишга қодир бўлсам рад қилган бўлар эдим». Умар разияллоҳу анҳу юқоридаги гапларни фақат сулҳ асносида пайдо бўлган муаммолар сабабли айтган эди. Бошларига тушган қайғу ва муаммонинг қаттиқлиги боис тушкунлик ҳамда ишнинг тушунарсиз даражада аралашиб кетганидан сўнггина Фатҳ сураси нозил бўлди. Оят нозил бўлгач шубҳалардан қутулдилар ва ўз фикрларидан воз кечдилар, муаммо ва тушунмовчилик ўз-ўзидан йўқ бўлди. Бу – саҳобалардан кейингилар учун ўрнак бўлди. Тобиинлар саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга юриб олган сийратларини лозим тутиб фақиҳ бўлдилар ва шаръий илмларнинг камолот чўққиларига эришдилар. Одамлар орасида илм бериш билан машҳур бўлган бирон олимни кўрган бўлсангиз, унинг ўз замонасида шуҳрат топган ўрнаклиги борлиги, сиз учун мазкур қоиданинг тўғри эканига кифоядир. Қачон йўлдан озган бир фирқани ёки суннатга мухолиф бўлган бирон кишини кўрсангиз, унда шу сифатларнинг йўқлиги маълум бўлади. Шу жиҳатлари сабабли Ибн Ҳазм Зоҳирий айбланди. У шайх - катта устозлардан илм олмади ва уларнинг одоблари билан одобланмади. Тўрт имом ва уларга ўхшаган илми чуқур уламолар бунинг акси бўлганлар. Масалан, ушбу васф билан, имом Молик ўзи кабилардан айрилиб турган ва шу сифат билан сифатланишга ўта қаттиқ эътибор берган. Бўлмаса, динда эргашиладиган зотларнинг барчалари ҳудди шундай бўлганлар. Лекин Молик шу маънода муболаға билан машҳур бўлган. Ушбу сифат тарк қилингач, яъни ҳар бир ўқувчи ўзининг устозига, унинг сифати, васфи, тариқати ва йўналишига эргашиш тарк қилингач, бидъатлар бош кўтарди. Чунки эргашишни тарк қилиши тарк қилувчининг олдида, асл илдизи майлликларга эргашиш бўлган бир ишнинг пайдо бўлганига далилдир. Эй Аллоҳ йўлидаги биродарим, мен билан бирга эргашиш борасида имом Молик раҳимаҳуллоҳга аталган ушбу бўлим ҳақида ўйлаб кўринг. Чунки бу фойдадан холи эмасдир. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни зикр қилса, ранги ўзгарар ва эгилиб кетар ҳатто бу нарса бирга ўтирганларга оғир ботар эди. Бир куни ундан бу ҳақда сўралганида, шундай жавоб берган эди: «Агар сизлар мен кўрган нарсани кўрганингизда эди, кўрганингиз ҳолимни инкор қилмас эдингиз. Мен қориларнинг сардори – Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳни кўрар эдим. Ундан бирон ҳадис ҳақида сўраб қолсак шундай йиғлар эдики, унга раҳмимиз келар эди. Мен Жаъфар ибн Муҳаммад раҳимаҳуллоҳни ҳам кўрганман. У серҳазил, сертабассум киши бўлсада, олдида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилиниб қолса юзлари сарғаярди. Мен унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан биронта ҳадисни таҳоратсиз айтганини кўрмадим. Уни унинг даргоҳига бир муддат бориб келиб юрдим ва ҳар доим уни уч хислатда кўрдим: ё намоз ўқирди ёки жим турарди ёки Қуръон ўқирди. Ўзига алоқаси бўлмаган нарса ҳақида сўзламас эди. У – Аллоҳ азза ва жалладан қўрқадиган обид ва уламолардан бири эди. Абдурраҳмон ибн Қосим раҳимаҳуллоҳ Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни тилга олганида рангига қаралса, гўё у кўп қон йўқотган кишига ўхшаб (оқариб) кетар ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳайбатидан, тили оғзида қуриб қоларди. Мен Умар ибн Зубайр раҳимаҳуллоҳ ҳузурига борар эдим. Унинг ҳузурида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тилга олинса, йиғлайверганидан кўзларида ёш қолмас эди. Мен Зуҳрий раҳимаҳуллоҳни ҳам кўрдим. У одамларнинг энг ёқимлиги ва кўнгилга энг яқини бўлсада, унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилинса, гўёки у сизни танимагандай, сиз ҳам уни танимагандай бўлиб қолар эди. Мен Сафвон ибн Сулайм раҳимаҳуллоҳ ҳузурига ҳам борар эдим. У мужтаҳид обид эди. Агар унинг олдида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам зикр қилинса, тўхтамай йиғлаганидан одамлар уни ташлаб олдидан туриб кетишар эди». Бас, унинг устозларини мулоҳаза қилишлигини ва уларга қараб, ҳолатлари ҳақида тафаккур қилиб, кейин уларга эргашганликлари ҳақида сиз ҳам ўйлаб кўринг. Ўзларидан олдингиларга ҳам, шундай эргашганлар. Улар буни узоқ айрилмаслик ва чиройли ўрнакдан истифода қилган эдилар. Ҳолатнинг табиатидан келиб чиқиб, албатта хатодан саломат бўлиш шарт қилинмайди. Чунки ҳар бир илмнинг тармоқлари тарқалган вақтда ва баъзилари баъзиларига асосланганда иштибоҳли бўлиб қолади. Бу эса унинг олимлигига дарз етказа олмайди. Хатога йўл қўйишлиги ёки ундан айрим васфларнинг йўқолиши, иқтидо қилинадиган имом бўлишига зарар етказмайди. Лекин қачон шартларнинг тўла топилиши камаяр экан, ана шу нуқсон миқдорича комиллик даражаси ҳам камаяди. Модомики, ўша кемтикни тўлдирмас экан, комиллик даражасига лойиқ бўлмайди. Имом Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Илм имомларининг буюгининг тўғрилиги кўп, ҳақни аниқлашга бўлган ҳаракати маълум, илми чор қиррали, закоси тийрак бўлиб, салоҳияти ва тақвоси ҳамда суннатга эргашиши билан танилса, унинг хатоси кечирилади. Уни адашган деб ҳисобламаймиз, уни ташлаб яхшиликларини унутмаймиз. Ҳа, биз унга бидъати ва хатосидагина эргашмаймиз ва хатосидан қайтишлигини умид қилиб қоламиз». 6- Билимига амал қилиш Имом Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтди: «Илми билан ўртага чиққан олимнинг белгилари ва аломатлари бордир. Улардан бири: олган билимига амал қилишидир. Токи сўзи, амалига мувофиқ бўлсин. Агар сўзи, амалига мухолиф бўлса, ундан илм олиш ва бирон илмда унга эргашишга аҳл-муносиб эмасдир». Мана шу нарса инсонни қайғу ва таассуфга солади. Шуни ҳам таъкидлашимиз керакки, илмига боамал олимлар ҳар жойда камёб бўлиб қолди. Аллоҳдан Аллоҳни бошқаларга эслатиб ўзимизнинг унутишимиздан, нифоқ ва нифоқ аҳлининг сафида бўлишдан ҳамда фойда бермайдиган илмдан паноҳ сўраймиз. Али разияллоҳу анҳу айтди: «Илм ўрганинглар, у билан таниласизлар, унга амал қилинглар, илм аҳлидан бўласизлар. Мана шундан кейин яқинда бир замон келадики, унда ўнта одамнинг тўққизтаси савоб нималигини билмайди. Бундан донғи чиқмаган ва ёмонликни билмаганларгина нажот топадилар. Чақимчи, бузғунчи ва сергап вайсақилар эмас, ана ўшалар ҳидоят имомлари ва зиё чироқларидир». 7- Дарслари, фатволари ва китоблари орқали илмларининг устунлигининг кўриниши Имом Абу Тоҳир Салафий раҳимаҳуллоҳ Имом Хаттобий ҳақида шундай дейди: «Абу Довуд раҳимаҳуллоҳнинг китобини шарҳлаган Абу Сулаймон раҳимаҳуллоҳга келсак, унинг имомлиги ва диёнати келтирган ривоятлари ва омонатдорлигидан ўртага чиққан. У ҳадис ва бошқа илмларни ўрганиш учун сафарлар қилган ва дунё кезган. Шундан кейин илмнинг турли фанларида китоб ёзиб тасниф қилган». Аллоҳим, ҳақни ҳақ қилиб кўрсат ва бизни унга эргашишни насиб эт, ботилни ботил қилиб кўрсат ва бизни ундан четланишни насиб эт! Адашиб кетмаслигимиз учун ҳақиқатни бизларга чигал қилиб қўйма! Аллоҳим, бизга нарсаларни ўз ҳолича кўрсат! Бизни бандаларингни Сен томон йўлловчи кимсалар жумласидан айла ва динда бизларни фақиҳ қил! Пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг аҳли ва асҳобига Аллоҳнинг салоту саломи бўлсин. Бутун Оламлар Робби бўлмиш Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Рамазон ойи ва Рўзанинг фазилатлари - Admin - 09-10-2010 Рамазон ойиннг фазилати Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Рамазон кирса, осмон эшиклари очилиб, дўзах эшиклари беркитилади ҳамда шайтонлар кишанланади», — деганлар» (Муттафақун алайҳ). Уламолар ўртасидаги ихтилоф - Admin - 09-11-2010 Уламолар ўртасидаги ихтилоф:
сабаблари ва уларга муносабатимиз Аллома Муҳаммад ибн Солиҳ Усаймийн
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча ҳамдлар Аллоҳга хосдир... Биз Ундан ёрдам, нафсимизнинг ёмонлиги ва амалларимизнинг шумлигидан паноҳ ҳамда мағфират сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган одамни адаштирувчи, адаштирган одамни ҳидоятловчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад эса Унинг бандаси ва элчиси эканига гувоҳлик бераман. Аллоҳ Унга, Унинг оиласи, саҳобалари ва уларга Қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган издошларга салавоту саломлар йўлласин. «Ҳой мўъминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек қўрқинглар ва мусулмон бўлган ҳолингизда вафот этинглар!» (Оли Имрон: 102). «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1). «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилар. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70 – 71). Сўнг ... Бу мавзу кўпчиликда саволлар туғдириши мумкин. Ҳатто баъзилар: «Нега бу мавзу ва нега бу сарлавҳа? Ахир диннинг бундан кўра муҳимроқ масъалалари бор-ку?!» – дейиши мумкин. Шундай бўлсада, бу мавзу ва бу сарлавҳа ҳозирда жуда кўп одамларнинг, ҳатто толиби илмларнинг ҳам оромини бузмоқда. Сабаби, оммавий ахборот воситаларида оммага (ислом) аҳкомлари ёйилмоқда ва узатилмоқда. У ёки бу кишиларнинг гапларидаги фарқлилик, одамлар ўртасида тушунмовчилик, ҳатто ихтилоф манбаъларидан хабарсиз оммада шубҳаланиш манбаига айланди. Шунинг учун ҳам, Аллоҳдан ёрдам сўраб, талайгина мусулмонларнинг фикрларига ўрнашиб қолган ушбу мавзу ҳақида сўз юритмоқчиман. Ихтилофнинг дин асослари ва асосий манбаъларида бўлмаслиги, Аллоҳ таолонинг Ислом Умматига берган неъматлардан бири бўлиб, ихтилоф – мусулмонларнинг зарурий яхлитлигини бузмайдиган нарсалардадир. Камина, сўз юритмоқчи бўлган моддаларни, қуйидагича соддалаштирдим: Биринчи: Барча мусулмонлар Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан (қуйидаги нарсаларни) жуда яхши биладилар: Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳидоят ва ҳақ дин билан юборган. Бу – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ислом динини етарлича, бошқа изоҳга ўрин қўймай тушунтирган эканликларига кафолатдир. Чунки, ҳидоят – ўзининг маънолари билан, залолатнинг барча маъноларига зиддир. Ҳақ дин (Ислом) – ўзининг барча маънолари билан Аллоҳ рози бўлмаган барча ботил динларга зиддир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳидоят ва ҳақ дин билан юборилган. Замондошлари ихтилофли масъалаларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилишар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳоҳ Аллоҳнинг сўзлари ва ҳоҳ ҳануз нозил бўлмаган Аллоҳнинг ҳукми ҳақида бўлсин, ҳукм қилар ва тушунтирар эдилар. Сўнгра бу масъалаларга изоҳ бўлиб оят нозил бўлар эди. Биз Қуръон Каримда: «Сиздан ... ҳақида сўрайдилар» оятини кўп учратамиз ва бу оятдан сўнгра Аллоҳ таоло пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга етарли ва қониқарли жавоб бергани ва бу жавобни одамларга етказишга буюрганини кўрамиз: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, мўминлар) Сиздан ўзлари учун нималар ҳалол қилинганини сўрайдилар. Айтинг: «Сизлар учун барча покиза нарсалар ва яна сизларнинг таълимингизни олган жониворларнинг — Аллоҳ сизларга билдирган нарсалардан билдириб қўлга ўргатган жониворларнинг (тутиб келтирган овлари) ҳалол қилинди. Бас, улар сизлар учун ушлаб келтирган нарсаларни еяверинглар ва (уларни овга қўйиб юбораётганларингда) Аллоҳнинг номини зикр қилинглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи зотдир» (Моида: 4); «Ва Сиздан (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар. (Ўзингиздан) ортганини, деб жавоб қилинг! Шундай қилиб, дунё ва охират ҳақида тафаккур қилишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини баён этади» (Бақара: 219); «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Сиздан ўлжалар ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Ўлжалар Аллоҳ ва пайғамбарникидир. Бас, Аллоҳдан қўрқингиз ва ўз ораларингизни ўнглангиз! Агар мўмин бўлсангизлар, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига бўйсунингиз!» (Анфол: 1); «Сиздан ойлар ҳақида сўрашади. Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир. Уйларингизга орқа томонидан киришингиз яхшилик эмас, балки Аллоҳдан қўрққан киши яхшилик қилгувчидир. Уйларга эшикларидан кирингиз! Ва Аллоҳдан қўрқинг! Шояд нажот топсангиз» (Бақара: 189); «Сиздан «шаҳри ҳаром» — уруш ҳаром бўлган ойда жанг қилиш ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «У ойда жанг қилиш катта гуноҳдир. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга ишонмаслик ва Масжид-ал-Ҳаромдан (яъни Маккадан) тўсиш ва ундан аҳлларини қувиб чиқариш, Аллоҳ наздида улуғроқ гуноҳдир. Фитна (алдаш) ўлдиришдан-да каттароқ гуноҳдир. Улар (кофирлар) қўлларидан келса то динингиздан қайтаргунларича сизлар билан уришаверадилар. Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунёю охиратда беҳуда кетади. Улар жаҳаннам эгаларидир ва унда абадий қолажаклар» (Бақара: 217). Ва ҳоказо ... Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этгач, Уммат, шариат тамойиллари ва манбаъ асосларига зарар бермайдиган нарсаларда фарқли қарашларни ўртага ташлади. Биз, иншааллоҳ, бу фарқли қараш-ихтилофнинг баъзи сабабларини айтиб ўтамиз. Ҳар биримиз билими, омонатдорлиги ва диндорлигига ишонилган биронта олимнинг Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари далолат қилган ҳукмга қасддан хилоф қилмаганини жуда яхши биламиз. Чунки, билим ва диндорлик билан тавсифланган одамнинг йўлбошчиси – ҳақиқат бўлади. Аллоҳ эса, йўлбошчиси ҳақиқат бўлган одамнинг ишларини енгил қилади. Аллоҳнинг ушбу оятларига қулоқ солинг: «Қасамки, Биз Қуръонни зикр-эслатма олиш учун осон қилиб қўйдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?» (Қамар: 17, 22, 32, 40); «Ана энди ким (ўз мол-давлатидаги камбағал-бечораларга берилиши лозим бўлган закот ва бошқа садақотларни) ато этса ва (Аллоҳдан) қўрқса. Ҳамда гўзал оқибатни (яъни жаннат бор эканини) тасдиқ этса, бас, Биз уни осон йўлга муяссар қиламиз» (Лайл: 5-7). Бироқ, бу имомлардан ҳам биз юқорида ишора қилиб ўтган асосларда эмас, балки, Аллоҳнинг аҳкомларида хатолар содир бўлиши мумкин. Бу хатоларнинг содир бўлиши ҳам муқаррардир. Чунки, инсон, Аллоҳ таоло айтганидек: «(Зотан), инсон ожиз қилиб яратилгандир» (Нисо: 28). Ҳа, инсон билими ва идрокида ожиздир. У шомиллиги ва бир нарсани тўлақонли қамраб олишда ожиздир. Шунинг учун ҳам, ундан айрим ишларда хатолар содир бўлиши муқаррардир. Биз илм аҳлларидан содир бўлаётган хатоларнинг, аслида соҳилсиз денгиз каби сабаблари кўп бўлсада, қуйидаги еттита сабабини қисқача айтиб ўтмоқчимиз. Илм аҳлларининг сўзларини тушуна оладиган ҳушёр одамгина, тарқалган ихтилоф сабабларини идрок эта олади. Биринчи сабаб: Далил, ҳукм қилишда хато қилган мухолифга етиб келмаган. Бу сабаб – саҳобалардан кейинги мусулмонларга хос эмас. Балки, саҳобаларда ҳам, улардан кейингиларда ҳам мавжуд бўлган. Бунга мисол ўлароқ саҳобалар ҳаётида бўлган икки ҳолатни келтирамиз. Биринчи мисол: Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и ва бошқа китоблардан ўрганганимизга кўра, амирул мўъминийн Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу Шомга сафарга чиқдилар. Сафар асносида Шомда вабо касаллиги тарқалгани ҳақидаги хабар келди. Умар разияллоҳу анҳу у ерга бориш ёки бормаслик ҳақида саҳобалар билан маслаҳат қилдилар. Муҳожир ва ансорлар бир-бирига фарқли фикрларни айтишган бўлсада, қайтиш фикри қувватлироқ чиқди. Маслаҳат асносида, даврада баъзи эҳтиёжлари учун чиққанлигидан иштирок эта олмаган Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу кириб келди ва: «Камина бу ҳақда биламан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Бир ерда вафо борлиги ҳақида эшитган бўлсангиз, у ерга бормангиз! Сизлар турган жойда вабо тарқалса, у ердан қочиб чиқмангиз!» – деганларини эшитганман» – деди. Бу ҳукмни ансор ва муҳожирлар ичидаги мўътабар саҳобалар ҳам билмас эдилар. Уларга бу ҳадисни Абдурраҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳу айтиб берди. Иккинчи мисол: Алий ибн Абу Толиб ва Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар ҳомиладор аёлнинг эри вафот этса икки муддат: кўзи ёриши ва тўрт ою ўн кунлик идданинг энг узунини идда ўлароқ ўтиради, – деб ўйлашар эди. Яъни, тўрт ою ўн кун ўтмай туриб кўзи ёриса, тўрт ою ўн кун, тўрт ою ўн кун ўтгунича кўзи ёримаса, кўзи ёригунича идда ўтириши керак, деб ўйлашар эди. Чунки Аллоҳ таоло: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4); «Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар» (Бақара: 234) – деган эди. Бу икки оят ўртасида умумий ва хусусий жиҳатлар бор. Икки оят ўртасини бирлаштирадиган суратда жамлаш йўлининг ҳам, хусусий ва умумий жиҳатлари бор. Бу – Алий ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумолар тутган йўлдир. Бироқ, суннат бундан кўра устунроқдир. Субайъа Асламийя разияллоҳу анҳо эрининг вафотидан бир неча кун ўтгач фарзанд кўргани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга турмуш қуришга рухсат берганлари ҳақида ҳадис ворид бўлган. Бунинг маъноси шуки, биз Кичик Нисо сураси деб аталадиган Талоқ сурасидаги: «Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари ҳомилаларини қўйишлари (яъни кўз ёришларидир)» (Талоқ: 4) оятини оламиз ва унинг умумий маъноларига қарайверамиз.. Бироқ, мен шуни қатъият билан айта оламанки, агар Алий ва Ибн Аббос разияллоҳу анҳумоларга ушбу ҳадис етиб келганида эди, улар бу ҳадисни қабул қилиб олишлари аниқ эди ва бошқа фикрларга аҳамият бермас эдилар. Иккинчи сабаб: Олимга ҳадис етиб келган, бироқ етказган одамга ишонмаган ҳамда ўзининг қувватли деб ўйлаган далили билан мухолиф бўлган ва қувватлироқ далилини ушлаган. Бунга ҳам саҳобалардан кейинги даврдагилардан эмас, балки, саҳобаларнинг ўзларидан мисол келтирамиз. Фотима Қайс қизи разияллоҳу анҳони турмуш ўртоғи уч талоқ қўйди. Эри идда давомидаги нафақаси ўлароқ, вакили орқали арпа жўнатди. Фотима разияллоҳу анҳонинг бу оз нарсага жаҳли чиқиб, арпани қабул қилмади. (Собиқ) эр ва хотин ҳар иккиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига даъвогар бўлиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима разияллоҳу анҳога на нафақа ва на турар-жой берилишини тушунтирдилар. Чунки, эри уни бойин талоқ қўйган эди. Бойин талоқ қўйилганида, талоқ қўйилган хотин учун турар-жой ва нафақа эрнинг зиммасида бўлмайди. Фақат, хотин ҳомиладор бўлсагина, унинг нафақаси ва турар-жойи эрнинг зиммасида бўлади: «Агар улар ҳомиладор бўлсалар, у ҳолда то ҳомилаларини қўйгунларича (кўзлари ёригунича) уларга нафақа бериб туринглар!» (Талоқ: 6). Билиму фазилатида шубҳа бўлмаган Умар разияллоҳу анҳу бу суннатни билмас ва (бойин) талоқ қўйилган хотинга ҳам нафақа ва турар-жой эр тарафидан берилиши тарафдори эди. Шунинг учун Фотима Қайс қизи разияллоҳу анҳонинг ҳадисини «унутган бўлиши мумкин» деган эҳтимол билан рад этди ва: «Роббимизнинг сўзини эсида турган ёки унутган бир хотиннинг сўзини деб рад этамизми?!» – деди. Яъни, Умар разияллоҳу анҳу Фотима Қайс қизи раҳимаҳаллоҳнинг далилига қониқмаган эди. Бу қониқмаслик Умар разияллоҳу анҳу ва ундан бошқа саҳобалар ҳамда улардан кейинги тобиинлар ҳаётида рўй берган бўлса, улардан кейинги тобиинлар издошлари ҳаётида бизнинг кунларимизга қадар ва ҳатто Қиёмат кунигача содир бўлиши эҳтимолдан холи эмасдир. Яъни, инсон, далилнинг соғломлигига қониқмаслиги мумкин. Биз талайгина илм аҳлларининг ҳадисларни саҳиҳ-соғлом дея истеъмол қилган сўзларини кўрдикки, бошқа илм аҳллари у ҳадисларни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нақл қилиниш йўли – санадлари ишончсиз бўлган, дея заиф деганлар. Учинчи сабаб: Ҳадис олимга етиб келган, бироқ у, бу ҳадисни унутган. Унутмайдиган одамлар жуда ҳам оздир. Бир ҳадис ёки оятни унутган одамлар сони, саноқсиздир. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кунларнинг бирида саҳобалар билан намоз ўқир эканлар, бир оятни тушириб қолдирдилар. Намозни тугатгач, саҳобалар ичидаги Убай ибн Каъб разияллоҳу анҳуга: «Эслатиб қўймайсанми?!» – дедилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга оятлар нозил бўлар ва У ҳақида Аллоҳ таоло: «Биз сизни (Жаброил алайҳиссалом воситасида Қуръон) қироат қилдирамиз. Бас, сиз Аллоҳнинг Ўзи (унутишингизни) хоҳлаган оятлардан бошқа (бирон оят)ни унутмассиз. Албатта У зот ошкора (сўз ва ишлар)ни ҳам, яширин нарсаларни ҳам билиб туради» (Аъло: 6, 7) – деган эди. Ҳадис олимга етиб келгани, бироқ олимнинг у ҳадисни унутганига мисол, Умар ибн Хаттоб ва Аммор ибн Ёсир разияллоҳу анҳумолар ўртасида бўлиб ўтган воқеъадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у иккисини бир иш учун жўнатдилар. (Йўлда) иккиси ҳам жунуб бўлдилар. Аммор разияллоҳу анҳу ижтиҳод қилиб, тупроқнинг поклигини сувнинг поклигига ўхшатди ва сув бутун баданига тегиши зарур бўлганидек тупроқ ҳам тегиши учун ҳайвонлар думалаганидек тупроққа думалаб беланди ва намоз ўқиди. Умар разияллоҳу анҳу эса намоз ўқимади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга тўғри йўлни кўрсатдилар ва Аммор разияллоҳу анҳуга: «Сиз қўлларингиз билан шундай қилишингиз етарли эди» – дедилар ва икки қўлларини ерга бир марта уриб, ўнгини чапига, кафтларининг устлари ва юзларига сурдилар. Аммор разияллоҳу анҳу бу ҳадисни Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳунинг халифалик даврида ҳам, ундан илгари ҳам айтиб юрар эди. Бир куни Умар разияллоҳу анҳу уни ҳузурига чорлади ва: «Сен айтаётган ҳадис қандай ҳадис?» – деб сўраб қолди. Аммор разияллоҳу анҳу унга бўлган воқеъани айтиб берди: «Эсингиздами, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни бир иш учун жўнатган эдилар. Ўшанда жунуб бўлган эдик. Сиз намоз ўқимаган, мен эса тупроққа думалаб беланган эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизнинг шундай, шундай қилишингиз етарли эди» – деган эдилар». Умар разияллоҳу анҳу бу воқеъани эслай олмади ва: «Ҳой Аммор, Аллоҳдан қўрқ!» – деди. Аммор разияллоҳу анҳу: «Агар хоҳласангиз, Аллоҳнинг зиммамга юклаган сизга бўлган итоатим ўлароқ, буни ҳеч ҳам айтмай!» – деди. Умар разияллоҳу анҳу: «Эга бўлган нарсангга сени раҳбар қиламиз!», яъни, «Одамларга у воқеъани айтавер!» – деди. Хуллас, Умар разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таҳоратсизлик пайтида бўлганидек, жунублик пайтида ҳам таяммум қилишга тавсия қилганини унутган ва бу бобда Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳунинг фикрига эргашган эди. Чунки, Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳумолар ўртасида бу мавзуда мунозара бўлди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Аммор разияллоҳу анҳунинг Умар разияллоҳу анҳуга айтган сўзларини ҳужжат қилиб келтирди: «Умар разияллоҳу анҳу Аммор разияллоҳу анҳунинг гапларига қонқимаганини кўрмадингизми?!» – деди. Абу Мусо разияллоҳу анҳу эса: «Амморнинг гапини қўйинг. Сиз ушбу оят – Моида сурасининг оятини назарда тутмоқда – ҳақида нима дейсиз?» – деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бирон нарса демади. Чунки, (ҳукмнинг) тўғриси – «Таҳоратсиз одам каби жунуб ҳам таяммум қила олади» – деб айтган жамоатники эди. Хуллас, гоҳо унутиб шаръий ҳукмларни билмаслиги ва узрли бўла туриб баъзи гапларни айтиши мумкин. Бироқ далил илми – узрли эмасдир. Шу билан учта сабаб айтиб ўтилди. Тўртинчи сабаб: Ҳадис олимга етиб келган, бироқ у, ҳадисдан назарда тутилган мақсаднинг аксини тушунган. Биз бунга икки мисолни, бирисини Аллоҳнинг китоби – Қуръон Каримдан, иккинчисини эса суннатдан келтирамиз. 1. Қуръон Каримдан мисол: Аллоҳ таоло айтди «Агар бетоб ё сафарда бўлсангизлар, ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса, ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз ва (мазкур ҳолатларда) сув топа олмасангиз покиза тупроқ билан таяммум қилиб, юз ва қўлларингизга суртинглар» (Нисо: 43). Уламолар: «ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз» жумласи ҳақида фарқли фикрлар айтдилар. Айримлар: «Бундан мақсад – (аёлнинг баданига) мутлақ тегишдир» – деса, бошқалар: «Бундан мақсад, шаҳватни қўзғовчи тегишдир» – дедилар. Учинчи гуруҳ эса: «Бундан мақсад – жинсий алоқадир» – дедилар. Бу – Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг фикри эди. Оят ҳақида бир оз фикр юритиб кўрсангиз, «Ундан мақсад – жинсий алоқадир» – деган гуруҳ ҳақли эканини биласиз. Чунки, Аллоҳ таоло сув билан покланиш ҳақида икки нарсани – катта ва кичик таҳоратни зикр қилган (катта таҳорат – ғусл, кичик таҳорат – оддий таҳоратдир). Аллоҳ таоло таҳорат ҳақида: «... юзларингизни ҳамда қўлларингизни чиғаноқларигача ювингиз, бошларингизга масҳ тортингиз (яъни нам қўлларингиз билан силангиз) ва оёқларингизни ошиқларигача ювингиз!» (Моида: 6), ғусл ҳақида эса: «Агар жунуб бўлсаларингиз, чўмилингиз!» (Моида: 6) – деган. Таяммум билан покланишда, ҳар икки покланишга сабаб бўлган нарсаларни ҳам эсга олиш – балоғат ва изоҳ тақозо этган нарсалардандир. Аллоҳ таолонинг: «... ёки сизлардан бирон киши ҳожатхонадан чиққан бўлса» (Нисо: 43) ояти кичик таҳорат – таҳоратнинг сабабчисидир... Аллоҳ таолонинг: «ёхуд хотинларингиз билан яқинлашган бўлсангиз» (Нисо: 43) ояти катта таҳорат – ғуслнинг сабабчисидир. Агар «яқинлашиш»дан мақсад «ушлаш-тегишдир» деб айтсак, оятда катта таҳорат- ғуслнинг зикри эмас, кичик таҳорат-таҳоратнинг сабабчиларидан иккитасининг зикри келган бўлади. Бу эса Қуръон балоғати тақозо этган нарсанинг зиддидир. Ушбу оятдан мақсад мутлақ ушлаш эканини тушунган одамлар: «Агар эркак киши хотин кишининг баданини ушласа таҳорати бузилади, ёки шаҳват билан ушласа таҳорати бузилади, ёхуд шаҳватсиз ушласа таҳорати бузилмайди» – дедилар. Аслида эса, бу икки ҳолатда ҳам таҳорат бузилмайди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рафиқаларининг биридан бўса олар ва таҳорат қилмай намозга чиқиб кетар эдилар. Бу ҳадис, бир-бирини қувватлайдиган йўллардан ривоят қилинди. 2. Суннатдан мисол: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аҳзоб жангидан қайтгач, уруш анжомларини қўйганларида Жибрил алайҳиссалом келиб: «Биз ҳали қуролларни қўймадик. Бас, Қурайза қабиласига (уруш қилиш учун) чиқинг!» – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни урушга отланишга буюрдилар ва: «Ҳар бирингиз аср намозини Қурайза қабиласида ўқисин!» – дедилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини бир-бирларидан фарқли тушундилар. Баъзилари: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сафарга чиқишга шошилишларидан мақсад – аср вақтида Қурайза қабиласида бўлишимиздир»,– деб тушундилар. Шунинг учун ҳам аср вақти бўлгач, ҳали йўлда бўлишларига қарамай, вақтидан кечиктирмай намозни ўқидилар. Бошқа саҳобалар эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Намозни Қурайза қабиласига етиб боргач ўқинглар!» – деб айтган сўзларини Қурайза қабиласига боргандагина ўқишни тушундилар ва намозни кечиктириб Қурайза қабиласида, намозни вақти чиққанидан кейингина ўқидилар. Намозни ўз вақтида ўқиганларнинг тўғри иш қилгани, шубҳасиздир. Чунки, намознинг вақтида ўқилишининг фарзлиги ҳақидаги насслар – муҳкам-аниқ-равшандир. Бу эса муштабиҳ – мақсади ноаниқ нассдир. Илм йўли эса ҳукми ноаниқ бўлган нассларни муҳкам – ҳукми аниқ бўлган насслар ҳукмига жорий қилишдир... Демак, хилоф сабабларидан бири – далилдан Аллоҳ ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсадини билмасликдир. Бу – тўртинчи сабабдир. Бешинчи сабаб: Олимга ҳадис етиб келган, бироқ, бу ҳадис носих билан исқот қилинмаган мансухдир. Ҳадис саҳиҳ ва тушунарли бўлиши мумкин, бироқ у мансух бўлиб, олим унинг мансухлигини билмайди. Бу пайтда уни узрли ҳисобланади. Чунки асос – носихни билмагунича насснинг мансух эмаслигидир. Quote:Мансух – ҳукми бекор қилинган, носих – бошқа бир насснинг ҳукмини бекор қилиш учун юборилган насс-ваҳий.Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу шундай қилган эди... Рукуъ пайтида одам қўлларини қаерга қўйиши керак? Исломнинг аввалги даврларида намозхон рукуъ қилар экан қўлларини юмиб, тиззалари орасига қўяр эди. Кейинчалик бу ҳукм бекор қилинди ва қўлларни тиззаларга қўйиш машруълашди. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»и ва бошқа китобларда бу ҳукмнинг мансух бўлгани ҳақида далилар бор. Бироқ, Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу бу ҳукмнинг мансух бўлганини билмас ва қўлларини юмиб, тиззалари орасига қўяр эди. Унинг ёнида Алқама ва Асвад разияллоҳу анҳумолар намоз ўқиб, қўлларини тиззалари устига қўйдилар. Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу уларга буни таъқиқлади ва тиззалари орасига икки қўлни юмиб қўйишга буюрди... Нега?! Чунки у, бу ҳукмнинг мансух бўлганини билмас эди. Инсонни кучи етган нарсаларнигина қилишга таклиф қилинади... Аллоҳ таоло айтди: «Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. (Ҳар кимнинг) қилган (яхши) амали ўзи учундир ва (ёмон) амали ҳам ўзининг бўйнигадир. Роббимиз, агар унутган ёки хато қилган бўлсак, бизни азобингга гирифтор айлама! Роббимиз, бизларнинг зиммамизга биздан илгари ўтганларнинг буйинларига қўйган юкингни юклама! Роббимиз, бизларни тоқатимиз етмайдиган нарсага зўрлама! Бизларни афв эт, (гуноҳларимизни) мағфират қил, (ҳолимизга) раҳм айла! Ўзинг хожамизсан! Бас, бу кофир қавм устига Ўзинг бизни ғолиб қил!» (Бақара: 286). Олтинчи сабаб: Олим ўзига етиб келган далилга насс ва ижмоъга кучлироқ бўлган нарса билан қарши эканини тушунади. Яъни, ҳужжат, далил сўраган одамга етиб келди. Бироқ у, етиб келган насс ва ижмоъга: «Ундан кўра кучлироқ далилларим бор» – деб қарши туради. Бу – талайгина уламоларнинг ихтилофидаги сабабдир. Кўплаб одамларнинг ижмоъ дея келтирган ҳужжатларини эшитамиз, аммо, бир оз ўйлаб кўрилса, уларнинг ижмоъ эмаслиги маълум бўлиб қолади. Ижмоъ ҳақида нақл қилинган ҳукмларнинг энг ғаройибларидан бири шуки, баъзилар: «Қулнинг гувоҳлигини инобатга олишга ижмоъ қилинган!» – дейишса, бошқалар: «Қулнинг гувоҳлиги инобатга олинмайди» – дедилар. Бу – энг ғаройиб нақл эди. Чунки айрим одамларнинг атрофида бир фикрга келган одамлар бўлса, гўё уларнинг мухолифи йўқдек туюлади ва: «Насслар тақозоси шугинадир» деган эътиқодда бўлади. Натижада, унинг зеҳнида насс ва ижмоъ далиллари тўпланади. У, нассларни соғлом қиёс ва соғлом қараш тақозоси деб ўйлайди ва: «Мендаги соғлом насс билан ўзимдаги соғлом қиёс ўртасида ихтилоф ҳам йўқ, уларга қарши насс ва ижмоълар ҳам йўқ» – деб гумон қилади. Аслида эса, аксинчадир. (Яна) бунга мисол ўлароқ Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳунинг ортиқча ўсим-рибо (риба ал-фазл) ҳақидаги фикрини келтирамиз. Quote:Ортиқча ўсим – бир жинсдаги икки эваздан бирининг бошқасига ортиқчаси билан сотиш. Масалан, бир дирҳамни икки дирҳамга сотишдир.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Дарҳақиқат, рибо-ўсим – насияда бўлади» деганлари ҳам, Убода ибн Сомит ва бошқалар разияллоҳу анҳумнинг ривоятларида: «Ўсим – насияда ҳам, ортиқ беришда ҳам бўлади» – деганлари ҳам ворид бўлгандир. Уламолар Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан кейин ўсимнинг икки турли: ортиқча ва насия бўлишига ижмоъ қилдилар. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо эса ўсимнинг насиядагина бўлишини айтар, ортиқча ўсимни инкор қилар эди. Масалан, бир кило буғдойни икки кило буғдойга нақд сотишнинг, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг фикрича зарари йўқ эди. Чунки у, ўсим – насиядагина бўлади, деб ўйлар эди. (Яна ҳам ойдинлатмоқчи бўлсак), масалан, бир мисқол тиллони икки мисқол тиллога нақд сотсангиз (алиштирсангиз), Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумонинг фикрича рибо эмас, бироқ, менга бир мисқол тиллони берсангиз ва мен сизга бир-биримиздан айрилганимиздан сўнгра бадалини (икки мисқол тиллони) берсам, бу – ўсим-рибодир. Чунки, Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо: «Бу ҳаср ўсимнинг бошқа шаклда содир бўлишига монеъдир. Quote:Юқоридаги ҳадисда ўтган «дарҳақиқат» сўзи ўзидан кейин келган сўзнинг бир ҳолатдагина истеъмол қилишини тақозо этиши.Маълумки, «иннамаа-дарҳақиқат» сўзи чекланишни ифодалайди ва ўсим ундан бошқасида бўлмаслигига далолат қилмоқда. Аслида эса Убода разияллоҳу анҳунинг ҳадиси «(Бир жинсдан бўлган икки нарсанинг) бир-биридан ортиқчага сотилиши-алиштирилиши» ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Ортиқча бўлган ёки орттирилишини талаб қилган одам – рибо қилибди» – деб айтган ҳадисларига биноан, ўсим эканини кўрсатмоқда. Хўш, биз Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо далил қилган ҳадисга қандай муносабатда бўлишимиз керак? Бизнинг муносабатимиз шуки, ушбу ҳадисни рибонинг ортиқчада ҳам бўлишига далолат қилган бошқа ҳадис билан бир хил бўлиши мумкин бўлган усулга қайтарамиз ва шундай деймиз: «Жоҳилият аҳли суянган ва Аллоҳ таолонинг: «Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилмангиз!» (Оли Имрон: 130) оятидаги оғир рибо – насия ўсимдир. Аммо ортиқча ўсим (рибо ал-фазл) ўта оғир рибо эмас. Шунинг учун ҳам ибн Қоййим раҳимаҳуллоҳ «Эъломул-муваққиъийн» китобида ортиқча ўсимнинг ҳаромлиги мақсадларни эмас, воситаларни ҳаром қилиш бобидан эканини қайд қилган». Еттинчи сабаб: Олим заиф ҳадисни олган ёки заиф далил келтирган. Бу ҳолат жуда ҳам кўп содир бўлади. Унинг, яъни, заиф ҳадисни далил қилишнинг мисолларидан бири, айрим уламоларнинг тасбиҳ намозини «мустаҳаб» деб ҳисоблашларидир. Бу намоз икки ракаат бўлиб, унда Фотиҳа сураси ўқилади ҳамда ўн беш марта тасбиҳ айтилади. Рукуъда ҳам, саждада ҳам ва мен билмаган бошқа сифатларида ҳам шунча тасбиҳ айтилади. Чунки мен, у намознинг шаръан борлигига ишонмайман. Бошқа олимлар эса тасбиҳ намозининг макруҳ бидъат экани, у ҳақда келган ҳадиснинг саҳиҳ эмаслигини айтадилар. У олимлардан бири – Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ бўлиб: «Бу намознинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлгани саҳиҳ эмас» – деган бўлса, шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ эса: «Тасбиҳ намози ҳақидаги ҳадис – ёлғон (сохта) ҳадисдир» – деган. Ҳақиқатан ҳам, бу ҳадиснинг санади ҳақида фикр юритган одам, унинг ҳатто шариатга нисбатан ҳам тутуруқсиз эканини кўради. Чунки ибодат қалбга фойдали бўлиши керак-ки, қалб ундан фойда олиши учун бу ибодат ҳар вақт ва ҳар жойда машруъ бўлиши керак. Ёки фақатгина фойдали бўлиб, машруъ бўлмаслиги керак. Ривоят қилинган ҳадисга кўра ушбу намозни одам бир йилда бир марта ёки бир ойда бир марта ёхуд умри давомида бир марта ўқиши керак. Бунинг шариатда ҳеч ўхшаши йўқдир. Бу – ушбу ҳадиснинг матн ва санад нуқтаи назаридан тутуруқсиз эканига далолат қилади. Тасбиҳ намози ҳақидаги ҳадиснинг ёлғон эканини айтган шайхулислом ибн Таймийя каби олимлар тўғри айтишган (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин!). Шунинг учун ҳам, шайхулислом ибн Таймийя раҳимаҳуллоҳ: «Бу намозни ҳеч бир имом мустаҳаб демаган» – деб айтган. Менинг буни мисол келтиришимдан мақсад, кўпгина эркак ва аёллар бу ҳақда сўрайдилар. Мен бу бидъатнинг машруъ ишга айланиб қолишидан қўрқаман ва у намозни, баъзи кимсаларга оғир бўлсада, «бидъат» деб атайман. Чунки биз, Аллоҳ Ўз Китоби – Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида нозил қилмаган барча нарсани бидъат деб эътиқод қиламиз. Шунингдек далил нуқтаи назаридан заиф бўлган далилни олган одамнинг ҳам далили кучли, бироқ, уни бу ерда далил қилиши заиф бўлиши мумкин. Масалан, уламолар «Боланинг «бисмиллаҳ»и, онасининг «бисмиллаҳ»идир» ҳадисидан олган ҳукм. Илм аҳлларига кўра ҳадиснинг маъноси: «Она ҳайвон бўғизлангач, унга айтилган «бисмиллаҳ» боласи учун ҳамдир. Яъни, онаси бўғизлангач боласи қорнидан чиқарилган бўлса, бу бола учун «бисмиллаҳ»ни айтишга ҳожат йўқ. Чунки, ўлган нарсага «бисмиллаҳ» айтишнинг фойдаси йўқ»дир. Уламоларнинг баъзилари «(Она ҳайвон қорнидаги) болага айтилган «бисмиллаҳ», онасига айтилган айтилган «бисмиллаҳ» кабидир» ҳадисидан мақсад, икки жон томирни кесиб, қонни оқизишдир, – дедилар. Бу – мақсаддан йироқ фикрдир. Унинг йироқлигини қоннинг ўлгандан кейин оқмаслиги очиқ кўрсатмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса: «Қони оқизилган ва Аллоҳнинг исми айтилган гўшт бўлса е!» – дедилар. Маълумки, қонни ўлгандан сўнг оқизиш имкони йўқдир. Мен огоҳлантирмоқчи бўлганим мазкур сабаблар саноқсиз сабаблардан айримларигина, холос. Хўш, биз нима қилишимиз керак? Мавзуга киришар экан шуни эслатган эдим: «Одамлар эшитиладиган, кўриладиган ва ўқиладиган оммавий ахборот воситалари, уламоларнинг фарқли қарашлари ёки бу воситаларда гапираётганларнинг ихтилофлари сабабли шубҳаниб, «Биз кимга эргашайлик?!» – демоқдалар. Овчига кийиклар сурувси кўпайиб келса,
Бундай пайтда биз шундай деймиз: «Биз «уламоларнинг ихтилофи» деб айтган жумламиздаги уламолардан – билими ва диндорлигига ишонганимиз олимларни назарда тутаяпмиз. «Билимли» деб ҳисоблансаларда илм аҳлидан бўлмаган «билимдонларни» эмас. Чунки биз, уларни олим, айтган гапларини эса илм аҳлларининг ёдда сақланган сўзлари, деб ҳисобламаймиз. Уларнинг қайси бирини овлашга ҳайрон бўлиб қолади... Биз «уламолар» сўзидан Умматга насиҳат қилиш, мусулмончилиги ва билими билан машҳур бўлган уламоларни назарда тутмоқдамиз. Бу уламоларнинг фарқли қарашларига бўлган муносабатимиз икки жиҳатдандир: 1 – Бу имомлар Аллоҳнинг Қуръони ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати тақозо қилган нарсаларда бир-бирларига қандай фарқли қарашлар билдирдилар? Бунга юқорида ихтилоф сабаблари ҳақида айтиб ўтган гапларимиздан жавоблар олиниши мумкин. Ҳолбуки, ихтилофнинг биз айтмаган ва билими чуқур бўлмасада толиби илмлар ҳам била оладиган сабаблари кўпдир. 2 – Уламоларга эргашишга қандай муносабат билдирамиз? Одам, худди мазҳабга таассуб қилганлардек, тўғрилик бошқаларда бўлса ҳам битта имомнинг сўзидан чиқмай, унга эргашиб кетаверадими? Ёки ўзи мансуб бўлган имомларга мухолиф бўлсада, ўзидаги кучли деб ҳисоблагани далилга эргашадими? Жавоб – иккинчисидир. Яъни, далилни билган одам, модомики ижмоъга зид эмас экан, имомлардан бирига хилоф бўлсада, далилга эргашиши керак. Агар бирон киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқасининг сўзини ҳар бир замон ва маконда қилиш ёки тарк этиш нуқтаи назаридан олиш керак, деб эътиқод қилса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқасида пайғамбарлик хусусияти борлигига гувоҳ бўлган бўлади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларининг ҳукмигина шундай бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бировнинг сўзларини олиш ёки олмаслик мумкиндир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламники эса фақат олинади ва асло рад қилинмайди! Бу ерда ўйлаб кўришимиз керак бўлган бир иш бор. Биз ҳануз «Далиллардан ҳукмларни ким чиқара олади?» – деган саволга жавоб изламоқдамиз. Бу – муаммога айланди. Чунки, ҳар бир одам: «Мен – бу ишга лойиқман!» – демоқда. Бу, аслида, яхши эмас. Албатта, Қуръон Карим ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннати одамнинг йўлбошчиси бўлиши, мақсад ва асос нуқтаи назаридан тўғри. Бироқ, маъно ва моҳиятини билмасада, далилни айтган одамга дарвозаларни ланг очиб: «Сиз хоҳлаган нарсасини айта оладиган мужтаҳидсиз!» дейишимиз, шариат, шахс ва жамиятнинг бузилишига олиб келади. Одамлар бу бобда уч қисмга бўлинадилар: 1 – Аллоҳ билим ва тушунча берган олим; 2 – Билим савияси етук олимлик даражасига етмаган илм толиби; 3 – Ҳеч нарсани билмайдиган саводсиз оми. Буларнинг биринчиси – ижтиҳод ва гапириш ҳаққи бўлган одамдир. Ҳатто у, унга мухолифлар нақадар кўп бўлмасин, далиллар тақозо қилган ҳукмларни айта олади. Чунки у, буларни айтишга мажбур. Аллоҳ таоло: «Агар (улар ўзларига келган хабарни ҳар кимга ёйиб юрмасдан) пайғамбарга ва ўзларидан бўлган бошлиқларгагина етказганларида эди, уни (яъни мана шу хабарнинг ҳақиқатини) билмоқчи бўлган кишилар ўшалардан билган бўлар эдилар» (Нисо: 83), деган. Бу одамлар – Аллоҳ ва Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари далолат қилган маънолардан ҳукм чиқаришга лойиқ олимлардир. Иккинчи қисм одамлар, Аллоҳ билим берган, бироқ, билимлари аввалги қисмдаги одамлар даражасига етмаган одамлардир. Уларнинг умумий, мутлақ ва ўзига етиб келган ҳукмларни олишининг зарари бўлмасада, у ҳукмларни айтар экан эҳтиёт бўлиши, ўзидан билим савияси баланд одамлардан сўрашни канда қилмаслиги керак. Чунки, у хато қилиши, умумий бўлган ҳукмларни хос қилиб изоҳлаши ёки мутлақ ҳукмларни чеклаб қўйиши ёхуд муҳкам – ҳукми аниқ бўлган ҳукмларни, билмасдан, насх-бекор қилиб юбориши мумкин. Учинчи қисмдаги одамлар – илми бўлмаган саводсиз оми одамлардир. Бу одамларнинг, Аллоҳнинг қуйидаги сўзларига кўра, илм аҳлидан сўрашлари фарздир: «Агар (бу ҳақда) билмайдиган бўлсангизлар, аҳли илмларидан сўранглар!» (Наҳл: 43). Ҳа, бу одамлар сўрашлари керак. Хўш, кимдан сўрайдилар? Шаҳарда уламолар кўп бўлиб, уларнинг ҳар бирини «олим» деб аталади. Уларнинг қайси биридан сўралади? Сиз уларнинг тўғриликка яқин бўлганини қасд қиласиз ва ундан сўраб, сўзларини қабул қиласиз. Ёки: «Ўзингиз илм аҳли дея билганингиз одамдан сўрайверинг. Чунки танланган одам гоҳида муайян масъалада тўғри жавоб беришга муваффақ бўлсада, ундан кўра афзалроқ одам бу масъалани ечишга муваффақ бўлмаслиги мумкин» – деймиз. Бироқ, бу масъалада уламолар ихтилоф қилдилар. Айримлари шундай дедилар: «Саводсиз омининг она шаҳрида яшаётган ва билими кучли деб ишонган ҳар бир олимдан сўраши вожибдир. Чунки, бемор даволаниш учун касаллигини жуда яхши билган малакали докторни излаганидек, қалб давоси учун ҳам билим савияси кучли деб ўйлаганингиз олимни танлашингиз керак. Чунки илм, қалб касалликларининг давосидир». Бошқалари эса бунинг вожиб эмаслигини айтдилар. Чунки билими кучли бўлган одам ҳар бир масъалада ҳам ўта билимдон бўла олмайди. Бу гапни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонидаги одамларнинг, олимлари бўлишига қарамай, оддий саҳобалардан ҳам сўраганлари, қувватлайди. Менинг бу масъаладаги фикрим шуки, саводсиз оми одам дини ва билимида афзалроқ деб кўрган олимдан сўрайверади. Бироқ, унинг сўраши вожиб эмас. Чунки, афзал бўлган одам ҳам бирон бир муайян масъалада хато қилиши мумкин. Ундан кўра билим савияси озроқ бўлгани эса тўғри ечимни топиши мумкин. Бу – бирламчи фикрдир. Аслида, билими, тақвоси ва диндорлиги тўғриликка яқинроқ бўлган олимдан сўраши афзалдир. Уламолар ўртасидаги ихтилоф - Admin - 09-11-2010 Сўзимнинг охирида аввало ўзимга, кейин эса мусулмон биродарларим, хусусан, толиби илмларга шундай насиҳат қилмоқчиман: Инсон бошига келган илмий масъалада ҳукмларни мукаммал билмагунча жавоб беришга шошилманглар. Чунки, сиз билмай Аллоҳга ёлғон гапириб қўйишингиз мумкин. Зеро фатво бераётган одам Аллоҳ билан бандалар ўртасидаги воситачи бўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган Аллоҳнинг шариатини етказади: «Уламолар – пайғамбарлар ворисларидир». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: «Қозилар уч турли бўлиб, улардан бири – ҳақиқатни билиб, ҳақиқат билан ҳукм қилгани жаннатдадир» – деб хабар бердилар. Муҳими, бошингизга бирон муаммо, хусусан, одамларнинг кўплари билмайдиган оғир иш келдими, қалбингиз билан Аллоҳга берилинг ва Унга тушунтириши ҳамда билдириши учун ялиниб, ёлборинг! Устозларимиздан айримлари Аллоҳ таолонинг: «Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилгувчи бўлманг. Аллоҳдан мағфират қилишни сўранг! Албатта Аллоҳ мағфират қилгувчи ва меҳрибон бўлган зотдир» (Нисо: 105, 106) оятидан ҳукм чиқариб: «Бирон масъала ҳақида сўралган одам кўп истиғфор айтиши керак» – деган эди. Чунки кўп истиғфор айтиш, билимнинг унутилиши ва жоҳилликнинг сабабчиси бўлган гуноҳлар таъсирини йўқ қилиб ташлайди. Зотан Аллоҳ таоло ҳам шундай деган: «Сўнг аҳд-паймонларини бузганлари сабабли уларни лаънатладик ва тошбағир қилиб қўйдик. Улар (Тавротдаги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбар бўлишлари ҳақидаги) сўзларини ўз ўринларидан ўзгартирадилар, ўзларига эслатма қилиб берилган нарсалардан эса (кўп) ҳиссасини унутиб юборганлар» (Моида: 13). Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳдан ушбу байтлар нақл қилинган: Вакийъга қилдим эсарликдан шикоят
Истиғфорнинг Аллоҳнинг бандасининг уфқини очишига катта омил эканида ҳеч шубҳа йўқдир.Гуноҳ қилмасликка қилди насиҳат Ва деди: Билгингки, илм бир нурдир Аллоҳ нурин осийга бермайди, албат! Аллоҳ таолодан ўзим ва сизлар учун муваффақият ва тўғрилик тилайман. Бизни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам устивор сўз билан барқарор қилиши, ҳидоятлаганидан сўнг қалбимизни адаштирмаслиги ва Ўз даргоҳидан бизга раҳматлар юборишини сўрайман. Дарҳақиқат, У – инъом этувчи Ваҳҳобдир. Аввалда ҳам, охирда ҳам Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳ пайғамбаримиз Муҳаммад, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин. 1. Рамазон ойининг фазилатлари - Admin - 09-13-2010 Рамазон ойининг фазилатлари
Маълумки, Рамазон ойи бошқа ойларда бўлмаган улуғ фазилатлари ва қатор хусусиятлари билан ажралиб туради. Қуйида уларнинг баъзиларини санаб ўтамиз: 1. Рамазон шундай қадрли ва ғанимат ойки, унда тутилган рўзанинг савобини бевосита Аллоҳ таолонинг Ўзи беради, унда қилинган умра савоби ҳаж савобига тенгдир. 2. Бу ойда мўмин бандаларнинг кичкина гуноҳлари ўз-ўзидан кечириб юборилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Агар катта гуноҳлардан сақланиб юрилса, беш вақт намоз, жума намози ўзидан кейинги жума намозигача, Рамазон келгуси Рамазон ойигача ўртада қилинган гуноҳлар учун каффорот бўлади» (Муслим ривояти.). «Ким Рамазон рўзасини фарзлигига иймон келтириб, савобини умид этиб тутадиган бўлса, унинг илгари қилган гуноҳлари албатта мағфират қилинади» (Муттафақун алайҳи). 3. Рамазонда шайтон ва жинларнинг ашаддийлари кишанланади. Дўзах қопқалари ёпилиб, Жаннат дарвозалари очилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Рамазоннинг биринчи кунидан шайтонлар ва жинларнинг ашаддийлари кишанланади. Дўзах қопқалари ёпилиб, уларнинг биронтаси очилмайди. Жаннат дарвозалари очилиб, уларнинг биронтаси ёпилмайди. Бир фаришта: «Эй яхшилик талабгори, савоб ишларга кириш! Эй ёмонлик талабгори, гуноҳ ишлардан тийил!», - деб нидо қилиб туради. Бу ойда яна Аллоҳ марҳамати билан дўзахдан қутулиш бордир. Бундай фазилатлар унинг ҳар бир кечасида мавжуддир» (Термизий ва Ҳоким ривояти). 4. Унда минг ойдан кўра яхшироқ Қадр кечаси яширилган. Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Лайлатул-Қадрни Рамазон ойининг охирги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан изланглар» (Бухорий ривояти). 5. Бу ойнинг рўзаси билан машғул бўлган рўзадорнинг оғзидан келадиган нохуш ҳид Аллоҳнинг наздида мушкдан кўра яхшироқ ҳисобланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «... Рўзадорнинг оғзидан келувчи нохуш ҳид Аллоҳ наздида мушкдан кўра яхшироқдир ...» (Бухорий ривояти.). 6. Аллоҳ таоло рўзадорлар учун тайёрлаб қўйган жаннатини ҳар куни қайта-қайта ясатиб туради. Ҳадиси Қудсийда айтилишича, Аллоҳ таоло рўзадорлар жаннатини зийнатлар билан тўлдиради ва унга қараб: «Бандаларим машаққат ва озорлардан қутулиб, сенинг ҳузурингга келишларига озгина қолди», - дейди. 7. Фаришталар рўзадорлар ҳаққига то улар оғизларини очгунларича истиғфор айтиб турадилар. 8. Бу ой хайр-эҳсонлар ойидир. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зот бу ойда бошқа ойларга қараганда ҳам сахийроқ бўлиб кетардилар. Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилишича, «У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг саховатлиси эдилар. Рамазонда, Жаброил алайҳиссалом йўлиққан пайтда эса янада саховатлироқ бўлиб кетардилар». 9. Бу ой Қуръон тиловати, зикр ва истиғфор ойидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ойда Қуръонни тўлиқ ҳолда Жаброил алайҳиссалом назарларидан ўтказиб олар эдилар. Вафот топадиган йилларида эса Аллоҳнинг китобини бу улуғ фаришта назоратларидан икки марта ўтказиб олганлар. У зот Рамазон ойида Қуръон тиловатини кучайтириб, тунги намоздаги қироатларни узайтирар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларини маҳкам ушлаган салаф уламолари бу ойда Қуръонни бир неча бор хатм қилиб чиқишарди. Улардан айримлари хатмни ҳар беш кунда тугатсалар, айримлари уч кунда хатм қилардилар. 10. Бу ой тунги намозлар, нафл ибодатлар ойи ҳамдир. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон кечаларини ибодат билан ўтказиб чиқардилар. Қачон унинг охирги ўн кунлиги келса, оила аъзоларини ҳамда намозга кучи етадиган каттаю кичикни уйғотардилар» (Муслим ривояти). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг уйда ўқийдиган нафл ибодатларини Рамазонда масжидга чиқиб, жамоат кўз ўнгида уч кун мобайнида ўқиганлари у зотнинг бу ойдаги тунги намозларга кучли эътибор қаратганларидан дарак беради. Саҳобалар бу ойда у зотнинг нафл намозларга бўлган эътиборларини кўриб, уни ўзларига доимий одат қилиб олдилар. Бу яхши одат салафлар замонидан то ҳозирги кунгача етиб келмоқда. Бу тунги намозлар уламолар истилоҳида «таровиҳ» деб номланади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу намозни Бухорий ривоятига кўра 11 ракаат ўқиганлар. Сиз унинг узунлигию гўзаллиги ҳақида сўрамай қўяверинг. Ким таровиҳни шу кўринишда, яъни қироати, рукуъ ва саждаларини узоқ қилган ҳолда ўқиса, унга 11 ракаат ўқиш афзал бўлади. Аммо ким унда қироат, рукуъ ва саждаларни қисқароқ ва енгилроқ қилса, унда ракаатлар сонини кўпайтириши афзал. Шунинг учун ҳам салафлар ва улардан кейинги замонлардаги мусулмонлар бу намозни 20 ракаат, баъзи жойларда 36, 41 ракаат қилиб ўқишган. Бироқ кўп диёрларда таровиҳ 20 ракаат ўқилган. Абу Ҳанифа, Шофеъий, Аҳмад, Молик ва Довуд Аз-Зоҳирийлар таровиҳ намозини витрдан ташқари 20 ракаат ўқишни ихтиёр қилганлар. Имом Молик «Муватто»да Язид ибн Румон сўзларига асосланиб, шундай деганлар: «Одамлар Умар замонларида Рамазон ойида 23 ракаат ўқишар эди». Бу намозни ўқиш барча муслим ва муслима учун суннат ҳисобланади. Мусулмонлар ғофил қолиб, бу намозни ўтказиб юборишдан сақланишлари лозим. Чунки Рамазондаги нафл намозлар учун бериладиган улуғ савоблар бошқа ойларда бу қадар мўл-кўл бўлмайди. Уламоларнинг даража ва фазилатлари - Admin - 09-15-2010 Уламоларнинг даража ва фазилатлари
Аллоҳ таоло айтади: “Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?!” (Зумар: 9); “Дарҳақиқат, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқадилар” (Фотир: 28); “Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) раҳбарларга бўйсунинглар!” (Нисо: 59). Илм аҳлларининг айтишларича, “раҳбарлар” уламолардир. Айрим муфассирлар эса уни амирлар ва уламолар, дея изоҳлаганлар. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларнинг ичларингиздан иймон келтирган ва илм ато этилган кишиларнинг мақомларини юксалтиради. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан огоҳдир” (Мужодала: 11). Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аллоҳ кимга яхшиликини раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” ҳадисини ривоят қилганлар. Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Росулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди” деганлар (Абу Довуд, Термизий, Доримий ривоятлари). Шайх Абдурраҳмон Саъдий таъкидлаганларидек: “Мусулмонларнинг тўғри йўлдаги уламоларини ҳурмат қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилишади” аҳли суннат ва жамоат эътиқодидан ҳисобланади. Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар” – деганлар. Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: “Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас” – деганлар. Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: “Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир” – деганлар. Шу маънода шоир айтади: Одамзот шаклда баробар яралмиш,
Мазкур оят, ҳадис ва ҳикматли сўзлардан уммат уламолари эга бўлган олий мақом ва даражалар намоён бўлмоқда. Шунинг учун одамлар уларни тақдирлашлари, ҳурматларини ўрнига келтиришлари, шараф ва обрў каби ҳақларини тўла қилиб беришлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади:Барчаси Одаму Ҳавводан таралмиш. Мақтанмоқ на ҳожат “Мен фалоний” деб, Асли насли обу тупроқдан тўралмиш. Афзаллик олимлар шаънига ярашар, Уларнинг нурила зулматлар ёришар. Инсоннинг қиймати илмла ўлчанар, Жоҳиллар “Зўрман” деб беҳуда кучанар. “Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Роббиси ҳузурида ўзи учун яхшидир” (Ҳаж: 30); “Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлади” (Ҳаж: 32). Ушбу оятдаги “шаира” сўзи, уламолар таъкидлаганидек, Аллоҳ таоло изн берган, ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсадир. Уламолар, шубҳасиз, юқоридаги оятларда Аллоҳ изн берган ҳамда ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсалар қаторига биринчи бўлиб қўшиладилар. Демак, уламоларга озор бериб, уларни айблаш Аллоҳга бўлган тоат-ибодатдан юз ўгириш ва уни камситишдир. Баъзи олимларнинг: “Уламоларнинг обрўлари жаҳаннам чуқурларидан бирининг лаби олдидадир” - деган сўзлари ушбу маънони чуқур ифодалайди. Ислом умматининг мунаввар чироқлари бўлмиш уламоларга озор беришнинг нақадар хатарли экани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда ҳам таъкидланмоқда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: ”Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда шундай деган: Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий ривояти). Муҳтарам китобхон, судхўрлик билан шуғулланган одам шу ишини ташлаб, тавба қилмагунича Аллоҳ унга уруш эълон қилганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Бироқ, юқоридаги ҳадисда баён қилинганидек, Аллоҳнинг дўстларига адоват қилган кимсага қарши Аллоҳ уруш эълон қилганини ҳаммамиз ҳам биламизми?! Бирон олим ҳақида сўз кетар экан, мазкур таҳдидларни хаёлимизга келтирамизми?! Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеий роҳимаҳумаллоҳларнинг: “Агар фақиҳлар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак, Аллоҳнинг дўсти йўқ экан” деб айтганларини, имом Шофеийнинг эса: “Фуқаҳолар – илмларига амал қилган олимлардир” деб айтганини нақл қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: “Бир фақиҳ (олим)га озор берган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган одам эса Аллоҳ таолога озор берибди”. Шояд бу хабарлар уламоларнинг фазилатини ифодалаш ҳамда уларга нисбатан адо этилиши керак бўлган ҳуқуқларни эслатишга кифоя қилса. Уламолар гўшти заҳарлидир! - Admin - 09-15-2010 Тилнинг ўрни ва хатари
Тилнинг хатари ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз зарур. Чунки биз тилларимизга эрк бериб, уни тойилишдан қутқариб қолишда сустлик қилмоқдамиз. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизга лутф қилган аъзо – тил неъматининг фазилатларига ишора қилмоқчимиз. Тилнинг нақадар буюк неъмат эканини Мусо алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари ифодаламоқда: “Тилимдан тугунни - дудуқликни ечиб юборгин” (Тоҳа: 27); «.... ва тилим бурро эмасдир» (Шуаро: 13); “Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир” (Қасас: 34). Аллоҳ таоло бандасига миннат қилиб шундай деди: “Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб қилмадикми (яратмадикми)?!” (Балад: 8-9). Агар бу неъматдан маҳрум бўлган инсон – соқовнинг ҳолини бир тафаккур қилиб кўрсак, тил неъматининг қадрини чуқурроқ идрок этамиз: “Соқов одам ўзининг ички туйғуларини тўла ифода эта оладими?!”. У бирон бир нарсани ифода этмоқчи бўлса, анчагина аъзоларини ҳаракатга келтиради. Бироқ у на ўзини қондира олади ва на бошқаларга тўлақонли тушунтира олади. Тушунтирганда ҳам, кўп қийналиб тушунтиради. Демак, тил – Аллоҳ ато этган ва лутф қилган буюк неъматлардан бири экан. Шундай экан, биз уни сақлай олдикми?! Уни яхшиликларга ишлатдикми, ёлғондан, уламоларнинг ва бошқаларнинг шаънларига доғ туширадиган сўзлардан сақлай олдикми?! Илоҳий хабарлар бу аъзо ишининг муҳимлиги ва уни сақлашда қилинган сустликнинг аянчли оқибатларига ишора қилмоқда. Аллоҳ таоло туҳмат ҳақида шундай деди: “Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у, Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир)” (Нур: 15). Мунофиқлар ҳақида шундай деди: “Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитадилар” (Аҳзоб: 19); “Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани - ёлғонни айтурлар” (Фатҳ: 11). Шунинг учун ҳам, тилни эҳтиёт қилиш ва унга эрк бермаслик ҳақида буйруқ келган. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!” (Аҳзоб: 70); “У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” (Қоф: 18); “(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган, ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)” (Исро: 36). Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: “Одамларни жаҳаннамга улоқтираётган нарса уларнинг тилларининг ҳосиласи эмасми ахир?!”, муттафақун алайҳ бўлган ушбу ҳадисда эса: ”Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсага (яъни тили ва жинсий аъзосини сақлашга) кафил бўлса, мен унга жаннатга (киришига) кафил бўламан” дейилган (Имом Бухорий ривояти). Кўпчилик, хусусан мухлис инсонлар, оёқлари ўртасини ҳаромдан сақлашга кафил бўладилар. Бу ҳам катта неъмат, аслида. Аллоҳ уларга доимо тавфиқ ато этсин. Бироқ биз тилларимизни кафолатга ола биляпмизми? Бирор кунимиз олим ёки бошқаси бўлсин, бирон бир мусулмоннинг обрўсига тил теккизмасдан ўтаяптими?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мусулмон – унинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир” (Муттафақун алайҳ) деб айтган сўзларига амал қилиб ҳамда “Банда ўйламасдан шундай бир сўзни айтадики, шу сабабли жаҳаннам ичра машриқ ва мағриб ўртасидан ҳам узоқроқ ўринга тойилиб кетади” деб айтилган ҳадисдаги огоҳлантиришга риоя қилиб, ҳамма ўзини сарҳисоб қилиб кўрсин. Бу хатарли мавзуда фикр юритсин. Шоирнинг ушбу сатрлари қандай доноларча битилган-а: Кишига ҳар офат тилидан келар,
Бошқа шоир деди:Бу сўзим ҳақлигин ҳар оқил билар. Гар қадам тойилса, тизза шилинар Тил тойилса-чи, бош дорга илинар. Тилингни сақлагин, эй азиз инсон!
Яна бир шоир шундай деди:Ўзингни чақмасин, у ғаддор илон. Не-не кураклари ерга тегмаган Полвонларни тили гўрга киритган. Хомушлик зийнату, сукут шижоат.
Ҳотим Асам роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хабарчи сўзларингни ёзиш учун ёнингга ўтирса сўзларингни диққат билан талаффуз қиласан-у, Аллоҳга кўндаланг қилинадиган сўзларингни айтишда эҳтиёт бўлмайсан!”Лақмалик сен учун бўлмасин одат. Сукутга бир бора қилсанг сен афсус, Минг бора қиларсан Сўзга надомат! Бу ерда баён қилиш керак бўлган яна бир муҳим мавзу бор. Уламоларни ғийбат қилиш ёмон ва ғийбатнинг энг хунук турларидан эканини билдик, бироқ, бу - улардан бошқаларнинг “гўшти” ҳалол эканига далолат қилмайди. Балки у ҳам ҳаром. Аллоҳ таоло айтади: “Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир” (Ҳужурот: 12); “Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари боис озор берадиган кимсалар бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар” (Аҳзоб: 58). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни баён қилиб дедилар: “Мусулмонга мусулмоннинг қони, обрўси ва моли ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти). Ҳажжатул-вадоъда шундай дедилар: ”Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз сизларга шу шаҳрингиз ва шу ойингиздаги шу кунингиз каби ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!” (Муттафақун алайҳ). Бошқа бир ҳадисда ушбу сўзлар бор: – “Ғийбат нима эканини биласизларми? Саҳобалар: – “Аллоҳ ва расули билувчироқ!” - дедилар. – Биродарингизни у ёқтирмайдиган нарса билан тилга олишингиздир. – Агар биродаримда мен айтаётган нарса бўлса-чи? – Агар сиз айтаётган нарса дўстингизда бўлса уни ғийбат қилган, агар унда ўша нарса бўлмаса унга туҳмат қилган бўласиз” (Имом Муслим ривояти). Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ “Сунан”ида Анас розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ушбу ривоятини келтирган: «Мен (Меърожга) олиб чиқилганимда тирноқлари мисдан бўлган одамлар ёнидан ўтдим, улар юзлари ва кўксиларини тирнаётган эдилар. – Ё Жибрил, булар кимлар? - деб сўрадим. У: – Улар одамларнинг “гўштлари”ни еган ва уларнинг обрўларини поймол қилганлар - деди. Агар оддий одамларга тил теккизган, уларнинг обрўларини поймол қилганларнинг ҳоли шу бўлса, уламоларга тил теккизганларнинг ҳоли не кечаркин?!. Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг бу маънода нафис ва зарҳал ҳарфлар билан ёзилишга сазовор иборалари бор. Чунки бу сўзлар кўплаб толиби илмларнинг ҳолатига айнан мос келади: “Кўплаб парҳезкор инсонларни кўрасизки, зулму бузуқликлардан сақланган бўлишади. Бироқ, айтаётган сўзларига аҳамият бермай, тиллари тириклар ва ўликлар обрўсига чанг солади”. |