Ислом динига кириш учун нима қилиш керак?
Савол: Бир христиан эркак хотини билан бирга Ислом динини қабул қилмоқчи бўлганида, фатво сўрашдан илгари, уларни ювиниш ва ўз ихтиёрлари ва розиликлари билан шаҳодат калималарини талаффуз қилиш ҳамда хатна қилинишга буюриб юбордим. Энди бўлса шундай қилганим тўғри бўлганми ёки нотўғрими, шу ҳақда сўрамоқчиман. Сизлардан бу ҳақдаги салаф солиҳ қавлларини ҳамда кофирнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида Ислом динини қабул қилиш шакли қандай бўлганини ёзма ҳолатда жўнатишингизни сўраб қоламан.
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кофирларни Ислом динини қабул қилишга чорлар эканлар, уларни «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулулоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчисидир) деб шаҳодат келтиришга буюрар эдилар. Агар улар бунга итоат этишса, аҳамияти ва вазият тақозосига қараб Исломнинг бошқа қонунларига буюрар эдилар. Бу ҳақда Имом Бухорий ва Имом Муслимларнинг «Саҳиҳ»ларида Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ушбу ривоят бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз (разияллоҳу анҳу)ни Яманга жўнатар эканлар:
«Сиз китоб аҳлидан бўлган халқлар олдига кетаяпсиз. Уларни чорлаганингиз биринчи нарса «Ла илаҳа иллаллоҳ» (Аллоҳдан бошқа ҳақ илоҳ йўқлиги) бўлсин»» (Имом Бухорий 1389; Имом Муслим 19; Термизий 625; Насоий 2435; Ибн Можа 1783; Имом Аҳмад 1/233; Доримий 1614).
Бошқа бир ривоятда эса шундай дейилган:
«(Уларни) Аллоҳни яктолашга чақиринг. Агар сизга бунда итоат қилишса уларга Аллоҳ бир кеча ва кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиринг. Агар сизга бунда ҳам итоат қилишса Аллоҳ уларга боёнларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақани фарз қилганини билдиринг. Агар бунда (ҳам) улар сизга итоат этишса, уларнинг қимматбаҳо молларини (садақа ўлароқ) олишдан йироқ туринг ва мазлумнинг дуосидан қўрқинг! Чунки, у (дуо) билан Аллоҳнинг ўртасида парда йўқдир!» (Имом Бухорий 1331; Имом Муслим 19; Термизий 625; Насоий 2435; Абу Довуд 1584; Ибн Можа 1783; Имом Аҳмад 1/233; Доримий 1614).
Бу ҳақда ривоят қилинган ҳадислардан бири Саҳл ибн Саъд Соъидий разияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ва Имом Муслимлар ривоят қилган ушбу ҳадисдир: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Алий разияллоҳу анҳуга Хайбар куни байроқни тутқазар эканлар:
«Душманга ўз ерларида дуч келмагунча йўлингизда давом этинг. Кейин уларни Исломга чақиринг ва уларга фарз бўлган Аллоҳ таолонинг ҳақларидан хабар беринг. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таолонинг сиз туфайли бир одамни ҳидоят қилиши, сиз учун қизил юнгли туяларингиз бўлишидан кўра яхшироқдир!» – дедилар» (Имом Бухорий 3973; Имом Муслим 2406; Имом Аҳмад 5/333).
Бошқа ривоятда эса:
«Уларни: «Ла илаҳа иллаллоҳ ва Муҳаммадур Расулуллоҳ (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир)» – деб гувоҳлик беришга чақиринг!» – дейилган (Имом Бухорий 1425; Имом Муслим 19; Термизий 625; Насоий 2435; Абу Довуд 1584; Ибн Можа 1783; Имом Аҳмад 1/233; Доримий 1614).
Салаф солиҳ кофир одамнинг Ислом динини қабул қилар экан ғусл қилиши зарурлиги ҳақида фарқли фикрлар билдирдилар. Имом Молик, Имом Аҳмад ва Абу Савр (раҳимаҳумуллоҳ)лар Абу Довуд ва Насоий (раҳимаҳумаллоҳ)ларнинг Қайс ибн Осим разияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган:
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Ислом динини қабул қилиш учун борганимда, мени сув ва сидр ўти билан ғусл қилиш – ювинишга буюрдилар» ҳадисини ҳужжат қилиб, (кофирнинг Ислом динини қабул қилар экан) ғусл қилиши фарз эканини таъкидладилар (Термизий 605; Абу Довуд 355; Аҳмад ибн Ҳанбал 5/61). Чунки буйруқ, фарзни ифодалайди.
Имом Шофиъий ва айрим ҳанбалий мазҳабига мансуб уламолар кофирнинг Ислом динини қабул қилар экан ғусл қилиши мустаҳаб эканини, бироқ, Исломни қабул қилишдан илгари жунуб бўлган бўлсагина ғусл қилиши фарз эканини айтганлар.
(Имом Аъзам) Абу Ҳанифа (раҳимаҳуллоҳ) эса, ҳар қандай ҳолатда ҳам Ислом динини қабул қилган кофирнинг ғусл қилиши зарурий эмаслигини айтганлар.
Машруъ бўлган иш эса, юқоридаги ҳадис ва ўша ҳадис маъносидаги бошқа ҳадисларга кўра, кофирнинг Ислом дини қабул қилгач ғусл қилишидир.
Хатна қилишга келсак, хатна эркакларга нисбатан вожиб бўлса, хотинларга нисбатан ҳурмат, холос. Агар Исломга чорланган одамнинг хатна қилинишини кечиктирилса, зарари йўқдир. Чунки хатна қилишга зудлик билан чорлаш, уни динимиздан нафратланишига сабабчи бўлиши мумкин.
Шунга кўра, сизнинг христиан эркак ва рафиқасини Ислом динини қабул қилишлари асносида буюрган нарсаларингиз тўғридир.
Тавфиқ Аллоҳдандир. Аллоҳ пайғамбаримизга, Унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.