Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Бир томони қуруқликда, иккинчи томони эса денгизда бўлган шаҳар (ҳақида) эшитгансизлар". Улар: "Ҳа, эй Росулуллоҳ", дейишди. У киши: "Исҳоқ ўғилларидан бўлган етмиш мингта киши унга ғазот қилмагунларича қиёмат бўлмайди. У (шаҳарга) келиб тушишгач, қурол билан ҳам, ўқ отиш билан ҳам жанг қилмайдилар. (Балки шундай) деб айтадилар: "Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу Акбар". Шунда унинг (шаҳарнинг) бир томони (қулаб) тушади".
Савр: "(Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам) денгиз (томони қулаб тушади)", деб айтдиларми ё (қуруқлик томоними) билмай қолдим ", дедилар.
"Иккинчи бор: "Ла илаҳа иллаллоҳ, Аллоҳу Акбар", дейишади. Шунда унинг (шаҳарнинг) бошқа томони (қулаб) тушади. Учинчи бор: "Ла илаҳа иллаллоҳ. Аллоҳу Акбар", деб айтишади. Шунда уларга (шаҳарга кириш) кўрсатиб қўйилади-да, унга кириб бориб, ўлжаларни қўлга киритадилар. Ўлжаларни (ўрталарида) тақсимлаб турганларида, (баланд) овозда қичқирганча бир киши келиб: "Дарҳақиқат Дажжол чиқди", дейди. Шунда (бор ўлжаларни) ташлаб, (ортларига) қайтиб кетадилар". (Муслим (2920), Қози Иёз шундай дедилар: "Баъзилар: "Маълум бўлишича: "(Исҳоқ ўғилларидан эмас, балки) Исмоил ўғилларидандир", дейишди. (Ҳақиқатда) ушбу маънога ҳадис ва унинг оқими далолат қиляпти. Чунки у киши (соллоллоҳу алайҳи ва саллам) арабларни ирода қилдилар. (Ҳадисда айтиб ўтилган) шаҳар эса: Қустонтиниядир).
Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят: "Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдим. У кишининг эгниларида оқ кийим бўлим, ухлаб ётардилар. Мен у кишининг ҳузурларига киргач, уйғониб кетдилар ва шундай дедилар: "Бирон бир банда Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб, сўнгра ана шу асосида вафот этса, албатта жаннатга киради". Мен: "Зино ва ўғирлик қилса ҳам-а?", дедим. У киши: "Зино ва ўғирлик қилса ҳам", дедилар. Мен: "Зино ва ўғирлик қилса ҳам-а?", дедим. У киши: "Зино ва ўғирлик қилса ҳам", дедилар. Мен: "Зино ва ўғирлик қилса ҳам-а?", дедим. У киши: "Абу Зарнинг хоҳишига зид ўлароқ зино ва ўғирлик қилса ҳам", дедилар". (Бухорий (5827), Муслим (94)).
Абу Зар розияллоҳу анҳу (ҳар сафар) ушбу ҳадисни айтсалар: "Абу Зарнинг хоҳишига зид ўлароқ", деб қўярдилар.
Саъд Ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Зуннуннинг балиқ ичида қилган дуоси: "Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман. Мен золимлардан бўлдим". Мусулмон киши бирор нарса (бораси)да ушбу билан дуо қилар экан, албатта Аллоҳ уни ижобат қилади". (Термизий (3505), Аҳмад (1465), Насоий "Кубро" (10492), Ҳоким "Мустадрок" (1/684), Абу Яъло "Муснад" (772) ва Албоний "Силсила ас-Соҳиҳа" (1744)да саҳиҳ санадилар).
Абу Бакрата розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "(Бошига) ғам-андуҳ тушган кишининг дуоси: "Аллоҳим, Сенинггина раҳматингни умид қиламан. Мени кўз очиб-юмуш лаҳзаликчалик ўзимга ташлаб қўйма. Ишимнинг барини ўнгла. Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ". (Абу Довуд (5090), Аҳмад (27898), Бухорий "Адаб ал-Муфрад" (701), Ибн Ҳиббон "Соҳиҳ" (970) ва Албоний "Соҳиҳ ал-Жамиъ" (3388)да ҳасан даражасида дедилар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: "Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам оғир дамларда шундай деб, дуо қилардилар: "Буюк, Ҳалим Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Буюк аршнинг Робби Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Осмонлар-у ер ва мукаррам аршнинг Робби Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ". (Бухорий (6346), Муслим (2730)).
Али розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Сенга шундай сўзларни ўргатайинки, уларни айтадиган бўлсанг, мағфират қилинган бўлсангда Аллоҳ сени (гуноҳларингни) кечиради: "Олий, Буюк Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Ҳикматли, Саҳоватли Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Етти осмон ва буюк арш Роббиси (бўлмиш) Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан поклайман. Барча мақтовлар оламларнинг Робби Аллоҳ учундир". (Термизий (3504), Албоний "Соҳиҳ ал-Жамиъ" (2621)да саҳиҳ санадилар).
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Сизлардан биронтангиз таҳорат қилиб, таҳоратини тўла қилса ёки комил қилса, сўнг: "Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси, деб гувоҳлик бераман", деб айтса, унга жаннатнинг саккизта эшиги очилиб, хоҳлаганидан киради". (Муслим (234)).
Саъд Ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимки муаззинни эшитган вақтда: "Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчиси, деб гувоҳлик бераман. Аллоҳни Роб, Муҳаммадни элчи ва исломни дин, деб рози бўлдим", деса, гуноҳи мағфират қилинади". (Муслим (386)).
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тонг отар маҳал ҳужумга шайланардилар. Азонга қулоқ тутардилар. Азон эшитсалар (ушбу шаҳар билан жанг қилишдан) тийилардилар, акс ҳолда (яъни, азон эшитмасалар) ҳужумга ўтардилар. Шунда бир кишини: "Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар", деганини эшитдилар ва айтдиларки: "Фитрат (яъни, ислом)да". Сўнг (ҳалиги киши): "Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ, Ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ", деди. Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Дўзахдан чиқдинг", дедилар. (Не кўз билан) кўришсаки, у эчки боқар экан". (Муслим (382)).
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Аллоҳни улуғлаб айтадиган зикрларингиз: Тасбиҳ (субҳаналлоҳ, деб айтиш), таҳлил ("Ла илаҳа иллаллоҳ", деб айтиш) ва таҳмиддир (Алҳамдулиллаҳ, деб айтиш). Ушбулар арш атрофида айланиб, хурмо (дарахтининг зивиллаган) овози каби ўз эгаларини ёдга оладиган овозлари бўлади. Ахир биронтангиз ўзини доимий эслатиб турадиган нарсаси бўлишини ёқтирмайдими?". (Ибн Можжа (3809), Албоний "Соҳиҳ ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб" (1568)да саҳиҳ санадилар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Сени бундан-да яхши бўлган бир кўчатга йўллаб қўяйми? Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбар, деб айтасан. Сенга ушбу калималарни ҳар бири учун жаннатда бир дарахт (кўчат) ўтқазилади". (Ибн Можжа (3708), Ҳоким (1/693) ва Албоний "Соҳиҳ ал-Жамиъ" (2613)да саҳиҳ санадилар).
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Мен кечаси сайр қилдирилганимда (исро кечаси) Иброҳимни кўрдим. У: "Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтиб, шуни хабар беринки, жаннат пок бир замин (бўлиб), суви тотли (чучук) ва у (жаннат) текисликдир. Кўчати эса: Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбардир", деди". (Термизий (3462), Табароний "Кабир" (10/173) ва Албоний "Саҳиҳ ал-Жамиъ" (5152)да ҳасан даражасида дедилар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбар, деб айтишим, мен учун қуёш порлаб (нур сочиб) турган нарсалардан (яъни, жамийки нарсалардан) яхшироқдир". (Муслим (2695)).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Субҳаналлоҳ, Алҳамдулиллаҳ, Ла илаҳа иллаллоҳ ва Аллоҳу Акбар, деб ўзингизни дўзахдан ҳимоя қилинглар. Чунки улар (ушбу калималар) қиёмат куни олдинги ва кейинги бўлиб ҳамда нажот берувчи бўлиб келади. Улар боқий қолувчи солиҳ амаллардир". (Насоий "Кубро" (6/212) 10648-рақам, Ҳоким (1/725) ва Албоний "Соҳиҳ ал-Жамиъ" (3214)да саҳиҳ санадилар).
Жубайр ибн Мутъим розияллоҳун анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимки: "Аллоҳим Сенга мақтов айтиб, барча айбу нусқонлардан поклайман. Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бераман. Сендан мағфират сўраб, тавба қиламан", деб бирор зикр мажлисида айтса, ушбулар унга босилган муҳр каби бўлиб қолади. Кимки ушбуларни лағв мажлисида айтса, унга каффорот бўлиб қолади". (Насоий "Кубро" (6/112) 10257-рақам, Ҳоким (1/720) ва Албоний "Соҳиҳ ал-Жамиъ" (6430)да саҳиҳ санадилар).
"Сени барча айбу нуқсонлардан поклайман", яъни, Олийлигинга лойиқ бўлмайдиган ҳар қандай нарсадан поклайман.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят: "Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жанг, ҳаж ёки умрадан қайтаётиб, ҳар бир дўнгалак (ердан ўтсалар) уч мартта такбир айтиб, сўнг шундай дердилар: "Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир. Қайтаётиб тавба қилувчи, Роббимизга ибодат қилиб, мақтов айтувчи(миз). Аллоҳ вадасида ростгўй бўлиб, бандасига нусрат бериб, ёлғзи Ўзи аҳзоб (гуруҳларни) мағлуб этди". (Бухорий (1797), Муслим (1344)).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимки бир кунда юз мартта: "Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир", деб айтса, унга ўнта қул озод қилган(нинг ажру-савоби) бўлиб, юзта ҳасанот китобат қилинади ва юзта гуноҳи ўчирилади ҳамда ўша куни то кеч кирғизгунча шайтондан ҳифзу-ҳимояда бўлади. (Ушбу) кишидан кўра ундан кўпроқ амал қилгандан ўзга бирор киши афзалроқ амал қилолмайди". (Бухорий (3293), Муслим (2691)).
Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимки: "Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир", деб ўн мартта айтса, Исмоил болаларидан тўртта қулни озод қилгандек бўлади". (Муслим (2693)).
Абу Айёш аз-Зурақий розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимки тонг отгач: "Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир", деб айтса, унга Исмоил болаларидан бир қулни озод қилган(лик ажри) бўлади. Унга ўнта ҳасанот ёзилиб, ўнта гуноҳи ўчирилади ва ўн даража кўтарилади. Ва то кеч кирғизгунча шайтондан ҳимаояда бўлади. Агар кеч кирганда айтса, унга то тонг оттиргунча ушбу (ёқорида айтилган ажрлар) бўлади". (Абу Довуд (5077), Ибн Можжа (3867), Аҳмад (16147) ва Албоний "Соҳиҳ ал-Жамиъ" (6418)да саҳиҳ санадилар).
Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Истиғфор (турларининг) саййиди: "Аллоҳим, Сен Роббимсан ва Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳду паймонинг ва вадангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам этироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни Кечирувчисан", деб айтишингдир". Ва (яна) шундай дедилар: "Кимки ушбуни кундузи унга яқин-аниқ ишонч ҳосил қилган ҳолатда айтса ва ўша куни кечга бормай вафот этса, бас, у жаннат аҳлидан бўлади. Кимки ушбуни тунда, унга яқин-аниқ ишонч ҳосил қилганда ҳолатда айтса ва тонгга етмай вафот этса, бас, у жаннат аҳлидандир". (Бухорий (6306)).
Имом Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ "Ал-Вабил Ас-Соййиб" (8)да шундай дедилар: "Аллоҳ таоло бандасига яхшиликни ирода қилса унга тавба, надомат, итоат, хокисорлик, (Роббисигагина) ҳожатманд бўлиш ва Ундан ёрдам сўраш, Унгагина чин дилдан таяниш, давомий тавба-тазарру, дуо ва Аллоҳнинг душмани (шайтон): Кошки бу кишини тарк қилиб, уни ушбу (гуноҳ)га йўлламасам, деб қоладиган асли гуноҳ бўлиб, бироқ Унинг раҳматига сабаб бўладиган ҳасанотлардан иборат У Зотга қурбат ҳосил қиладиган амаллардан имкон қадар (кўпроқ адо этиш) эшигини очиб қўяди.
Ушбу баъзи салафларнинг мана бу қовллари маъносидир: "Банда шундай бир гуноҳни қиладики, унинг сабабидан жаннатга киради ва шундай бир ҳасанотни қиладики, унинг сабабидан дўзахга киради".
"Ахир, қандай қилиб?", дейишди.
"(Банда) бир гуноҳга қўл уради-да, ушбу гуноҳ кўз олдидан кетмайди. Ундан (ушбу гуноҳнинг аччиқ самарасидан) хавфсираб, қўрқувга тушиб, йиғлаб, надоматлар чекиб, Роббиси азза ва жалладан ҳаё қилиб, Унинг ҳузурида бошини қуйи солиб, қалби синиқ ҳолатда (юрадиган) бўлиб қолганидан ушбу гуноҳ ўша банданинг саодати ва нажотига сабаб бўлиб қоладики, натижада ушбу гуноҳ кўплаб тоат-ибодатлардан фойдалироқ бўлиб қолади. Зеро ушбу гуноҳ ортидан банданинг саодати ва нажоти қўлга киритилиб, бу унинг жаннатга киришига сабаб бўлиб қолди.
Энди бир ҳасанотни қилади-да, бу билан Роббисига миннат ва кибр қилиб, ўзини (олий даражада) билиб, ўзидан ажабланадиган ва гердаядиган бўлиб қолади ҳамда: "Фалон-фалон ишларни қилиб қўйганман", дейди. Ушбу ҳасанот ўз кетидан ана шу гердайиш, кибр, фахрланиш ва ўзини катта олишни олиб келдики, бу унинг ҳалокатига сабаб бўлади.
Аллоҳ таоло ушбу бечорага яхшиликни ирода қилса, бўйнини эгиб, хокисор бўлиб, ўзини Унинг ҳузурида паст олишига олиб келадиган бир иш билан синайди. Агар унга бундан ўзгасини ирода қилса (яъни яхшиликни ирода қилмаса), уни гердайиб, кибрланишига ташлаб қўяди. Бу уни ҳалокатга етаклайдиган муваффаққиятсизликнинг ўзгинасидир.
Донишмандларнинг барчалари, тавфиқ бу: Аллоҳ таоло сени ўзинга топшириб қўймаслиги ва муваффаққиятсизлик эса: Аллоҳ таоло сени ўзинга топшириб қўйишидир, деб ижмо қилишган.
Кимгаки Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилса, унга хокисорлик, итоаткорлик, Аллоҳ таолога таянишнинг давомийлиги, Унинг Ўзигагина ҳожатманд бўлиш, ўз айби, жоҳиллиги, зулми ва тажовузларини кўра билиш, Робисининг фазлу марҳамати, эҳсони, саховати, яхшлиги, бойлик ато этгани ва мақтов айтишини мушоҳада қилиш бобини очиб қўяди.
Оқил киши ушбу икки йўл ўртасидан юриб боради. Ушбу икки йўл ортасининг ўзгасидан юриш имконияти ҳам йўқ. Ушбу икки (йўлнинг) бири қўлдан кетса, бас, у бир қанотини йўқотган қуш кабидир.
Шайхул Ислом –Исмоил ал-Ҳарвий- шундай дедилар: "Оқил киши (Аллоҳнинг берган) миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш ва ўз нафси ҳамда амалининг айбидан хабардор-иқрор бўлиш ораси бўйлаб юради.
Бу Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадисдаги ушбу қовлларининг маъносидир: "Истиғфор (турларининг) саййиди: "Аллоҳим, Сен Роббимсан ва Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Мен Сенинг қулингман. Мен қурбим етганича Сенинг аҳду паймонинг ва вадангда турибман. Ўзим қилган нарсалар ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам этироф этаман. Мени мағфират этгин. Албатта, фақат Сенгина гуноҳларни Кечирувчисан"
Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу: "Сенинг менга берган неъматларингни ҳам, қилган гуноҳларимни ҳам этироф этаман", деган қовлларида Аллоҳнинг берган миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш ва ўз нафси ҳамда амалининг айбу-нуқсонидан хабардор-иқрор бўлиш ораси жам бўлди.
Аллоҳнинг берган миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш, (кишини) неъмат ва эҳсонни ато этган Зотга муҳаббат, олқиш ва шукр қилишга йўллайди. Ўз нафси ҳамда амалининг айбу-нуқсонидан хабардор-иқрор бўлиш эса (кишини) хокисор, итоаткор, (Роббисигагина) ҳожатманд бўлиш, ҳар вақт тавба қилиш ҳамда ўзини бечораҳол-ношут деб билишга йўллайди.
Банда Аллоҳ таоло сари кириб бориши мумкин бўлган эшикнинг энг яқини, ўзини бечораҳол-ношут ҳис қилиш бобидир. Ўзини бирор (тилга олишга арзигулик) ҳолат ва мақомда ёки мақтаниб-миннат қила оладиган сабаб ва воситага эга эмас деб билишидир. Балки Аллоҳ таоло сари том маънода ҳожатманд ва (барча нарсадан) батамом мосуво қолганлик бобидан кириб боради. Шундай бир ҳолатда кирадики, ушбу (Роббисига бўлган) фақир-ҳожатмандлик ва хокисорлик қалб тўрини эгаллаб, натижада тилка пора бўла ёзган ҳолатдадир. Ушбу (қалб) синиқлиги-хокисорлиги уни барча жиҳатдан қамраб олгандир. Роббиси азза ва жаллага бўлган зарурати, батамом фақир ва муҳтожлигига ўз кўзи ила шоҳид бўлган. Вужудининг ҳар бир зоҳирий ва ботиний зарраси Роббиси табарока ва таолога тамомий муҳтож ва заруратдадир. Роббиси азза ва жалла уни кўз очиб юмгунча бўлган лаҳзага холий қўядиган бўлса ҳалок бўлиб, (қайтиб) тикланмайдиган даражада хасрат чекади. Аллоҳ таоло уни ўзига қайтариб, Ўзининг раҳмати билан ўнглаб-йўлга солишлиги бундан мустаснодир. Аллоҳ таоло сари убудият-чинакам бандаликни адо этишдан кўра яқинроқ йўл ва (қуруқ) даъводан кўра ғализроқ тўсиқ-ҳижоб йўқдир.
Убудият икки асос-қоидага жо бўлганки, унинг асоси: Комил муҳаббат ва тамомий хокисорликдир.
Ушбу икки асоснинг келиб чиқиш негизи юқорида айтиб ўтилган икки асосга бориб тақалади. У ҳам бўлса, муҳаббатга сабаб бўладиганАллоҳнинг берган миннат-марҳаматини мушоҳада қилиш ва тамомий хокисорликка сабаб бўладиган Ўз нафси ҳамда амалининг айбу-нуқсонидан хабардор-иқрор бўлиш. Банда Аллоҳ таоло сари юриб боришини ушбу икки асосга барпо қилар экан, душмани ундан фақат ғирром ва ғафлатга солибгина зафар қозона олиши мумкин. Аллоҳ азза ва жалла тезда яна уни қайта жонлантириб, Ўзининг раҳмати ила қайта тиклаб, ўнглаб қўяди".
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимки тўшагига ётганда: "Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир. Куч-қувват Олий, Буюк Аллоҳ биландир. Аллоҳни барча айбу нуқсонлардан поклайман. Барча мақтовлар Аллоҳга хосдир. Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Ва Аллоҳ Буюкроқдир", деса, гуноҳи ёки хатолари кечирилади. –(Ровий) Мисъар (ривоятда) шак қилдилар- Агарда денгиз кўпигичалик бўлса ҳам". (Насоий (6/202) 10647-рақам, Ибн Ҳиббон (5528) ва Албоний "Соҳиҳ ат-Тарғиб ва ат-Тарҳиб" (607)да саҳиҳ санадилар).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо оталари розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Кимки бозорга киришда: "Шериги йўқ, ёлғиз Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Барча мулк ва мақтов Унгагина хосдир. У тирилтириб, ўлдиради ва Ўзи ўлмайдиган тирик Зотдир. Ва У ҳар бир нарсага Қодирдир", деса, минг-минг (яъни, 1000х1000=1000000) ҳасанот ёзиб, минг-минг гуноҳини ўчиради ва минг-минг даража кўтариб, унга жаннатда уй қуради".(Термизий (3428), Ибн Можжа (2235), Аҳмад (329), Ҳоким (1/721) ва Албоний "Соҳиҳ ал-Жамиъ" (6231)да ҳасан даражасида дедилар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят: "Абу Бакр розияллоҳу анҳу: "Эй Росулуллоҳ, мени шундай бир калималарни айтишга буюрингки, уни тонг оттириб, кеч кирғизганимда (айтай)", дедилар. У киши соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Шундай дегин: "Осмонлару ернинг яратгувчиси, ғайбу ошкорни билгувчи, барча мавжудотнинг Робби ва Подшоҳи бўлган эй Аллоҳ! Гувоҳлик бераманки, Сендан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Баднафслигу шайтондан ва ширкдан асрашингни илтижо қиламан", дедилар. Ва айтдиларки: "Ушбуларни тонг оттириб, кеч кирғизганингда ва ўрнингга ётганингда айтгин". (Абу Довуд (5067), Термизий (3392), Аҳмад (7901), Ибн Ҳиббон (962), Ҳоким (1/694) ва Албоний "Силсила ас-Соҳийҳа" (2753)да саҳиҳ санадилар).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят: "Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Муоз (розияллоҳу анҳу)ни Яманга жўната туриб, шундай дедилар: "Уларни Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва мен Аллоҳнинг элчисиман, деб гувоҳлик беришга чақиринг. Агар улар бу борада сизга итоат қилишса, Аллоҳ таоло уларга бир кеча кундузда беш вақт намозни фарз қилганини билдиринг. Агар улар бу борада сизга итоат қилишса, Аллоҳ таоло уларга мол-дунёларида, бойларидан олиниб, камбағалларига қайтариладиган садақа фарз қилганини билдиринг". (Бухорий (1395), Муслим (19)).
"Ушбу ҳадисда элчиларнинг йўли баён қилиндики, улар даъватни биринчи бўлиб Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришга (чақиришдан) бошлашган. Чунки бу, дин унинг асосида барпо бўладиган аслу асосдир. Агар Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш рўй-рост амалга ошадиган бўлса, ана шу дамда ушбу асосга бошқа нарсаларни ҳам бино қилиш имкони бўлади.
Аммо Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик бериш ҳали рўй-рост амалга ошмаган бўлса, бошқа ишлардан фойда йўқдир. Ахир одамларда ширк бўла туриб намозга буюрмайсиз-ку. Уларни Аллоҳга мушрик бўлган ҳолатларида рўза, закот, қариндошлик алоқаларини боғлаш ва ҳаказоларга буюрмайсиз. Чунки сиз ҳали аввалги асосни қўймадингиз.
Бугунги кундаги кўплаб даъватчилар эса ушбу йўлга хилоф иш олиб боряптилар. Улар Аллоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришга аҳамият қаратмай, балки одамларни рибо билан муомала қилишни тарк этиш ва гўзал йўлга кўра муомала қилиш ҳамда Аллоҳ нозил қилган дин ила ҳукм қилишга даъват қиляптилар. Тавҳидни эса эслаб ўтмай, унга қайрилиб ҳам қарамайдилар. Гўёки у фарз эмасдек.
Улар қанчалик ўзларини меҳнатга тикишмасин, то бошқарув, намоз, закот ва ҳаждан иборат дин ишлари унинг устига қуриладиган аслу асосни рўй-рост амалга оширмас эканлар, ушбу амалларидан бирор фойда бўлмайди. Ана шу пайғамбарларнинг манҳажидир.
Ҳар бир элчи аввалги бор даъват қилганда Алоҳдан Ўзга ҳақ илоҳ йўқ, деб гувоҳлик беришга (бўлган чақириқдан) бўшлаган. Тавҳидга ва ақидани тўғирлашга даъват қилишган. Ана шундан кейин умматларини қолган дин ишларига буюришган. Фараз қилайликки, жамият рибодан узоқда, намозларни ўз вақтида адо этишга риоя қилади, масжидлар тўлиб тошган, хуллас барча амаллар адо этилади. Бироқ тавҳидни холис адо этиш топилмайди. Улар Аллоҳдан Ўзгасига дуо қиладилар. Пайғамбар, валий, (ўтган) солиҳ кишилар ва қабрларга… дуо-илтижо қиладилар. Демак уларнинг юқорида санаб ўтилган амалларидан бирон фоида йўқдир. Чунки улар ҳар қанча намоз ўқиб, рўза тутишса-да, мусулмон эмаслар". (Шайх Фавзоннинг "Тавҳид" китобига шарҳлари "Иъанатул Мустафид" (99)).