42-боб:
Аллоҳ таолонинг ушбу: “Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг.” (Бақара: 22), қавли ҳақидаги боб
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ушбу оят борасида айтдики: “Тенгдош (исбот қилишлик)лар ширк бўлиб, у тун қоронғусида силлиқ қора харсангтош устида ўрмалаб кетаётган чумолидан-да махфийроқдир. Ва у, ушбу сўзингга ўхшаш: Аллоҳ ва тириклигинга қасамки, эй фалончи! Ҳамда менинг ҳаётимга қасамки. Ва ушбу сўз: Агар ушбу кучукча бўлмаганда албатта, бизникига ўғри тушарди. Агар ҳовлида ушбу ўрдак бўлмаганда ўғри тушарди. Ҳамда кишининг ўз шеригига айтган ушбу сўзи: (Агар) Аллоҳ ва сен хоҳласанг. Ҳамда ушбу кимсанинг қавли: Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганидами. Ушбу (сўзларингда) фалончи деб айтма. Буларнинг бари ширкдир”. Ибн Абу Ҳотим ривояти. (Ибн Абу Ҳотимдан “Тафсир Ибн Касир” (1/57)да нақл қилинди).
Шайх раҳимаҳуллоҳ дедилар:
“Аллоҳ таолонинг ушбу: … қавли ҳақидаги боб”, яъни, ушбу оят изоҳи борасида ворид бўлган саҳобаларнинг сўзлари.
Тафсир-(изоҳ) Аллоҳнинг Каломи билан ўрганилади. Аллоҳнинг Каломи бир-бирини изоҳлайди. Ёки Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ёҳуд саҳобалар ёкида саҳобаларнинг ўқувчилари бўлмиш тобеинларнинг сўзидан ўрганилади. Ана шулар тафсир манбалари. Қуръон раъй ёки Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам(нинг ҳадислари) ва у кишидан илм олган саҳобалари(нинг асарлари)дан (изоҳ) олмаган кейингиларнинг сўзлари билан изоҳланмайди. Чунки Аллоҳ Қуръонни нозил қилди ва уни баён қилишликни Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламга топширди.
“Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун … бу эслатмани — Қуръонни нозил қилдик”. (Наҳл: 44).
Қуръонни изоҳлашликдаги манба, уламолар ёдга олишганидек, беш нарсадир:
Биринчи манба: Қуръонни Қуръон билан изоҳлаш. Чунки Қуръон бир-бирини изоҳлайди.
Иккинчи манба: Қуръонни Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари билан изоҳлаш. Чунки у баён қилувчидир.
Учинчи манба: Қуръонни саҳобаларнинг изоҳи билан изоҳлаш. Чунки улар Расул соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўқувчилари.
Тўртинчи манба: Баъзи уламолар наздида Қуръонни тобеинларнинг сўзлари билан изоҳлаш. Чунки улар (илмни) саҳобалардан олишди. Улар Қуръони Карим маъноларини бошқалардан кўра билувчироқдир.
Бешинчи манба: Араб тили талабига биноан изоҳлаш. Чунки Қуръон араб тилида нозил бўлган.
Шунинг учун муаллиф (раҳимаҳуллоҳ)ни шу ва бошқа бобларда оятлар изоҳида саҳоба ёки тобеинларнинг сўзини келтиришларини кўрасиз. Чунки у, тафсир манбаларидандир.
“Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 22). Бу, Бақара сурасидаги оятнинг охири. Боши эса Аллоҳ таолонинг ушбу қавли:
“Эй инсонлар, сизларни ва сизлардан илгари ўтганларни тақво эгалари бўлишингиз учун яратган Парвардигорингизга ибодат қилингиз. У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни том қилиб қўйди ва осмондан сув тушириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди. Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 21-22).
Уламолар деди: Бу, мусҳафи шарифдаги аввалги нидо:
“Эй инсонлар, … Парвардигорингизга ибодат қилингиз”. (Бақара: 21). Чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу сура бошида одамларнинг Қуръони Карим олдида уч қисмга бўлинишларини ёдга олди:
Биринчи қисм: Қуръонга зоҳиран ва ботинан иймон келтирганлар. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида зикр қилинган тақводорлардир:
“Ғойибга ишонадиган, … тақволи кишилар учун раҳбар – йўлбошчидир”. (Бақара: 2-3). Ушбу қавлигача:
“Парвардигорлари тарафидан ҳидоят топганлар ана ўшалардир”. (Бақара: 5).
Иккинчи қисм: Қуръонга зоҳиран ва ботинан куфр келтирганлар. Улар Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида зикр қилинганлардир:
“Куфр йўлини тутган кимсалар эса хоҳ (Аллоҳ азобидан) қўрқитинг, хоҳ қўрқитманг, уларга баробардир — иймон келтирмайдилар. Аллоҳ уларнинг дилларини ва қулоқларини муҳрлаб қўйган. Кўзларини эса парда қоплаб олган. Улар учун буюк азоб бордир”. (Бақара: 6-7).
Учинчи қисм: Қуръонга зоҳиран иймон келтириб, ботинан куфр келтирганлар. Улар мунофиқлар. Улар, Қуръонга ҳам зоҳиран, ҳам ботинан куфр келтирган кофирлардан-да ёмонроқ. Шунинг учун Аллоҳ улар ҳақида ўн нечадир оят нозил қилди. Ҳолбуки кофирлар ҳақида икки оятда зикр қилди. Чунки улар (мунофиқлар) кофирлардан-да хатарлироқ. Бу, Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида (зикр қилинган):
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаганлари ҳолда фақат ўзларинигина алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир. Уларга: «Ер юзида бузғунчилик қилманглар», дейилса, «Биз ислоҳ қилувчилармиз», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, улар албатта бузғунчилардир, лекин ўзлари буни сезмайдилар. Уларга: «Мана бу кишилардек иймон келтиринглар», дейилса, «Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?» — дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар”. (Бақара: 8-13). Ушбу қавлигача:
“Агар Аллоҳ хоҳласа қулоқ ва кўзларини йўқ қилган бўлур эди. Шубҳасиз, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир”. (Бақара: 20). Ушбу оятларнинг бари учинчи тур бўлмиш мунофиқлар ҳақида.
Субҳанаҳу шундан кейин деди:
“Эй инсонлар,…”. (Бақара: 21). Одамларнинг барчасига, мўмин-у кофир, араб-у ажам, барига нидо қилиб, уларни Ўзига ибодат қилишга амр қилди. Бу эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари умумий экани ҳамда у киши одамларнинг барчасига пайғамбар қилиб юборилганларига далилдир. Аллоҳ таоло айтганидек:
“Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман. У шундай зотки, самовот ва ер Унинг мулкидир”. (Аъроф: 158). Аллоҳ таоло деди:
“Барча оламларни (охират азобидан) қўрқитгувчи бўлсин деб Ўз бандаси (Муҳаммад)га Фурқон — Қуръон нозил қилган зот — Аллоҳ баракотли - Буюкдир”. (Фурқон: 1). У Зот Қуръонни одамларга ва барча оламларга ҳидоят дея васф қилди. Демак, у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатлари инс-у жинни ўз ичига олади.
“Парвардигорингизга ибодат қилингиз”. (Бақара: 21). Раббингизни ибодатда яккаланглар. Чунки арабларнинг кўпи Қуърон нозил бўлиш вақтида Аллоҳга ибодат қилардилар. Бироқ улар У Зот билан бирга ўзгасига ҳам ибодат қилишарди. Агар ибодат Аллоҳ учун холис бўлмаса ботил ибодат бўлади. Шунинг учун уларни, У Зотни ибодатда яккалашликлари, Унга ибодатни холис қилишликларига буюрди.
Сўнг Аллоҳ таолога ибодат қилишни вожиб эканига далилни зикр қилиб, шундай деди:
“Сизларни … яратган”. (Бақара: 21). Чунки ибодат Холиқ-(Яратувчи) субҳанаҳу ва таоло учунгина ярайди. Яратмайдиганга ибодат қилиниши тўғри эмас. Бу ўринда санам, ўлик, авлиё ва солиҳлар, дарахт ва тошларга ибодат қилиш ботилга чиқариляпти. Чунки улар яратишга қодир эмас. Яратишга қодир бўлмаганга ибодат қилиниши тўғри эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло Ҳаж сурасида деди:
“Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас унга қулоқ тутинг: Аниқки, сизлар Аллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида ҳам бир чивин ярата олмаслар”. (Ҳаж: 73). Холиқ, У ибодатга лойиқ бўлган Зотдир. Улар буни инкор этмасдилар. Балки яратадиган Аллоҳ дея иқрор бўлардилар:
“(Эй Муҳаммад), қасамки, агар сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Аллоҳ», дерлар”. (Зухруф: 87). У сизларни ва сизлардан олдингиларни яратганлигини эсласангиз шояд тақво қиларсизлар. Буни ёдга олишларингиз шояд сизларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тақво қилишликка ундаса. Натижада Унга ибодат қилиб, Унинг азобидан қўрқсангиз. Чунки Аллоҳнинг азобидан фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилиш сақлайди. У сизларни яратди. Ҳамда сизлар учун У субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишда кўмак оладиган фойдаларни яратди. Сизларни ва сизлар учун ушбу нарсаларни яратди. Сизлар ўзингиз учун бирор нарса яратмадингиз. Экинни ўстириб-ундирган сизлар эмас. Ёмғирни ёғдирган сизлар эмас. Ерни яратган ва унда наботот ўсиб, униши учун яроқли қилган сизлар эмас. Осмонни яратган ва унда бандаларнинг фойдалари бўлган ҳолда уни бутун оламга шифт қилган сизлар эмас.
“У зот сизлар учун Ерни қароргоҳ … қилиб қўйди”. (Бақара: 22). Унинг устида ўтирасизлар, ухлайсизлар ва яшайсизлар. Ўлсангиз унинг ичига дафн қилинасизлар ва ундан қайта тириласизлар:
“Биз сизларни (ердан) яратдик, яна унга кайтарурмиз ва (қиёмат кунида) сизларни яна бир бор ундан чиқарурмиз”. (Тоҳа: 55).
“Биз ерни (барча жонзотлар маскан тутиб яшашлари учун) бир тўшак, … қилиб қўймадикми?!”. (Набаъ: 6).
Сўнг Аллоҳ ушбу кенг ерни барқарор қилди. У одамларни тебратмаслиги ва тартибсиз ҳолга келмаслиги учун унда қўзғалмас тоғларни барпо қилди.
“Осмонни том қилиб қўйди”. (Бақара: 22). Яъни, шифт. Чунки осмон ернинг устида. Аллоҳ унда бандаларнинг фойдаси бўлган юлдузлар, қуёш ва ойни яратди. Ҳамда уни шайтонлардан сақлади. Шунинг учун Аллоҳ таоло деди:
“Биз осмонни қулаб тушмайдиган том қилиб қўйдик”. (Анбиё: 32).
“Ва осмондан сув тушириб…”. (Бақара: 22). У ёмғир. Осмон эса булут. Чунки осмон икки қисм: олий ва юқори маъносидаги осмон. Олий ва юқори бўлган ҳар бир нарсага осмон дейилади. Иккинчи: Етти қават осмон.
“Унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб мевалар чиқарди”. (Бақара: 22). Ушбу ёмғир воситасида. Бу ёмғир бир сув бўлишига қарамай, Аллоҳ унинг воситасида турли-туман меваларни чиқаради. Тупроқ бир бўлишига қарамай, шу тупроқ ва шу сувдан турли таъм, ранг ва ҳидли мева турларини чиқаради. Уни бундай тартибга солган ким? У Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.
“Сизларга ризқ бўлсин, деб”. (Бақара: 22). Ундан озуқа бўлсин деб ейсизлар ва турли меваларидан (еб) роҳатланасизлар. Ушбу нарсаларни йўқдан бор қилган ким? Бир жинсдан ададини Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина биладиган турлар мавжуд.
“Бас, … ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 22). Бу, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан тавҳидга буйруқдан кейин ширкдан қайтарувдир.
Тенгдошдан мурод: ўхшаш, мисли, тенги.
Яъни, Аллоҳга ўхшаш ва тенгдош исбот қилиб, уларни Унга ўхшаш қилманглар ва уларни ибодатда Унга шерик қилманглар. Улар сизларга ўхшаш махлуқ бўлиб, ўзлари учун ҳам на фойда, на зарар, на ўлим, на ҳаёт ва на қайта тирилишга эгалик қиладилар.
“Билиб туриб…”. (Бақара: 22). У субҳанаҳу ва таолонинг тенгдоши йўқ. Яратиши ва бошқаришида бирор киши Аллоҳга шерик эмаслигини биласизлар.
У субҳанаҳу ва таоло ушбу икки оятда ҳужжатни қоим қилди. Уларни яратгани, ерни улар учун тўшак-(қароргоҳ) ва осмонни том қилгани, ёмғир ёғдириши ҳамда меваларни чиқариши. Буларнинг бари улар эътироф этадиган очиқ ақлий далиллардир. Бу эса улар зиммасига тавҳид, улар қўл урган ширкни ботилга чиқариш ҳамда унга бирон ҳужжат, далил йўқ экани, балки ҳужжат ва далил Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилишни вожиб эканига (далолат қилишини) юклашликдир:
“Ким ўзи учун ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган ҳолда Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилса, бас унинг ҳисоб-китоби Парвардигорининг ҳузурида бўлур. Албатта кофир бўлган кимсалар нажот топмаслар”. (Мўминун: 117).
“Айтинг (эй Муҳаммад): «Агар ростгўй бўлсангиз, ҳужжат келтиринг!»”. (Бақара: 111).
“Биз (у кунда) ҳар бир умматдан бир гувоҳни (яъни пайғамбарни) чиқариб, (уларга «Аллоҳ ёлғиз эмас», деб келтирган ширкларингиз ҳақ бўлса қани) ҳужжат-далилларингизни келтиринглар-чи», дедик. Бас улар (илоҳлик) ҳаққи-ҳуқуқи (ёлғиз Аллоҳники эканини) билдилар”. (Қасос: 75). Уларнинг ширк қилишларига алсо ҳужжат йўқ. Балки узил-кесил ҳужжатлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ибодатда яккалашликка (далолат қилади).
Бу эса рубубият тавҳидига иқрор бўлиш етарли эмаслигига далолат қилади. Тавҳид – Аллоҳ Яратувчи, ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Ўлдирувчи дея иқрор бўлишдир, дейдиганлар хатога йўл қўувчилар бўлиб, тавҳидни билишмабди. Чунки бу, агар кифоя қиларли тавҳид бўлганда, албатта, мушриклар муваҳҳид бўларди. Чунки улар Аллоҳ Яратувчи, ёмғирни ёғдирадиган ва ушбу ишларни қилган ризқ берувчи эканини билганликларини хабар берди. Буни билсалар-да муваҳҳид бўлмадилар. Балки уларни Ўзига ибодат қилишга буюриб, шундай деди:
”Парвардигорингизга ибодат қилингиз". (Бақара: 21). Бу эса улар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ибодатда яккаламагунларигача ушбу нарсаларни билишликлару етарли эмаслигига далолат қилади. Демак, тавҳид – Аллоҳ таолони ибодатда яккалашликдир. Тавҳид – калом уламолари айтгани каби рубубият тавҳидига иқрор бўлиш эмас. Улар (калом уламолари) тавҳидни тушунишмади. Балки барча ташвиш, мунозара ва далилларини рубубият тавҳидига қаратдилар. Бу эса (аниқ) натижа ҳамда Абу Лаҳаб, Абу Жаҳл ва бошқаларда мавжуд бўлган нарса кетидан қувишликдир. Улар Аллоҳ Яратувчи, ризқ берувчи, Тирилтирувчи, Ўлдирувчи эканига иқрор бўлардилар.
“Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ушбу оят борасида айтдики: “Тенгдош (исбот қилишлик)лар ширк бўлиб…”. Ширкнинг Аллоҳдан ўзгасига жонлиқ сўйиш, назр аташ, дуо қилиш ва ўтиниб мадад сўраш каби ошкора тури бор. Бу очиқ, ошкор ширк. Чунки у кўринади ва эшитилади.
Бу ўринда яширин ширк ҳам бор. У икки турли:
Биринчи тур: Мақсад ва ниятлардаги ширк. Бу яширин. Чунки у қалбда бўлади. Қалблардаги нарсани эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билади. Биров кўрсин ёки эшитсин учун намоз ўқиётган кимса каби. Уни фақат Аллоҳ билади.
Иккинчи тур: Яширин ширк. Чунки одамларнинг кўпи уни билмайди. У, ақидада эмас, бу ўринда зикр қилинган лафздаги ширк.
“У тун қоронғусида силлиқ қора харсангтош устида ўрмалаб кетаётган чумолидан-да махфийроқдир”. Махфий деб аталашининг сабаби шуки, ундан огоҳ бўладиганлар оз бўлади.
Сўнг у киши (Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо) одамлар тилларида айтадиган сўзларни мисол тариқасида келтирдилар.
“Ва у, ушбу сўзингга ўхшаш: Аллоҳ ва тириклигинга қасамки, эй фалончи! Ҳамда менинг ҳаётимга қасамки”. Аллоҳдан ўзгаси билан онт ичиш кўплаб одамларнинг тилларида юрадиган ширк жумласидан. Ҳолбуки улар уни ширк деб билмайдилар. Айримларининг кўпинча айтадиган сўзи: Пайғамбарга қасам, омонат ҳаққи, ҳаётинга қасам. Дарҳақиқат, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Кимки Аллоҳдан ўзгаси билан онт ичса, дарҳақиқат, куфр ёки ширк келтирибди”. (Бухорий (5757), Муслим (1646), Термизий (1535), Насоий (3766), Абу Довуд (3251), Ибн Можжа (2094), Аҳмад (2/69), Молик (1037) ва Доримий (2341)).
Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичиш кичик ширк. Агар қасам ичилаётган нарсани Аллоҳни улуғлагандек улуғлашни қасд қилмаган бўлса. Агар махлуқни Аллоҳни улуғлагандек улуғлашни қасд қилган бўлса, батаҳқиқ, бу қасам катта ширк бўлади.
Қабр ва сағаналар билан қасам ичаётганлар, уларни Аллоҳни улуғлагандек улуғлаётганлар, у ана шу турдандир.
Чунки уларнинг кўпи Аллоҳ билан қасам ичишга енгил муносабатда бўлади. Сағана ёки валий билан қасам ичишга эса енгил муносабатда бўлмайди. Агар унга: Аллоҳга қасам ич, дейилса қасамга шошилади. Агар унга: маъбудинг, улуғлайдиганинг ва сэн уни кўкларга кўтарадиган валий билан қасам ич, дейилса қалтирайди ва қасам ичишдан бош тортади. Ушбу валий (азоб билан) ушлашидан қўрқади. Бу эса шак-шубҳасиз катта ширк.
Лафздаги ширклардан кишининг мана бу қавли:
“(Агар) Аллоҳ ва сен хоҳласанг. Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганидами”. Чунки Аллоҳ билан бошқасини “Ва” билан жамлашлик жоиз эмас. “Ва” шериклик қилишни талаб этади.
Тўғриси эса Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизни йўллаган нарса:
“Аллоҳ сўнг фалончи хоҳласа”, дейишингиз. Чунки “Сўнг” шериклик қилиш учун (қўлланилмайди). Балки тартиб-(кетма-кетлик) учун (қўлланилади). Махлуқнинг хоҳишини Холиқнинг хоҳишидан кейинга қўяди. Аллоҳ таоло айтганидек:
“Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хохласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хохларсизлар”. (Таквир: 29). Банда шак-шубҳасиз ўз хоҳишига эга. Бироқ у Аллоҳ субҳанаҳунинг хоҳишига тобе.
Ана шу, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ушбу оят изоҳида айтган сўзларидир:
“Бас, билиб туриб ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 22). Оят тенгдош исбот қилишликдан қайтаради. Бу эса катта ва кичик ширкни ўз ичига олади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо кичик ширкни, ундан-да оғирроғи бўлмиш катта ширкка огоҳлантириш беришлик учун мисол қилдилар. Агар кичик ширк жоиз бўлмас экан, катта ширк ҳақида нима дейсиз? Салафлар катта ширк ҳақида нозил бўлган оятларни кичик ширкдан маън қилиш учун далил сифатида ёдга олардилар. Чунки у, ширк туридан. Аллоҳ таолонинг ушбу қавли:
“Бас, … ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 22). Буни ҳам, уни ҳам ўз ичига олади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзлари билан бирга ушбу икки оятдан кўплаб масалалар истифода қилинади:
Биринчи масала: Тавҳид, буюрилган ишларнинг энг улкани. Чунки Аллоҳ таоло мусҳаф шарифдаги биринчи нидони у (тавҳид) билан бошлади.
Иккинчи масала: Оятда рубубият тавҳидига иқрор бўлиш тавҳид борасида етарли эмаслигига далил бор. Чунки Аллоҳ, мушриклар буни билишларини хабар бериб, шундай деди:
“Билиб туриб”. (Бақара: 22). Ушбу зикр қилинган ва булардан бошқа нарсаларнинг Яратувчиси фақат Аллоҳ таолодир. Унда нима учун бирор нарса яратмаганлардан иборат Ундан ўзгасига ибодат қиласизлар?
Учинчи масала: Юқоридаги икки оятда рубубият тавҳидини улуҳият тавҳидига далил қилиб келтириш ҳамда рубубият тавҳиди васила, улуҳият тавҳиди эса ғоя экани(га ишора қилинди). Чунки у (улуҳият тавҳиди) мақсад қилингани ва махлуқотлардан талаб қилинганидир. Чунки У Ўзига ибодат қилишга буюрганда рубубият тавҳидини ёдга олди. Бу эса рубубият тавҳидини улуҳият тавҳидига далил қилишликдир.
Тўртинчи масала: Тавҳидга буюришлик етарли эмас. Балки ширкдан қайтариш шартдир. Чунки Аллоҳ таоло биринчи оятда шундай деди:
“Парвардигорингизга ибодат қилингиз”. (Бақара: 21). Иккинчи оятнинг сўнгида эса шундай деди:
“Бас, … ўзгаларни Аллоҳга тенглаштирманг”. (Бақара: 22). Бу эса икки иш: тавҳидга буюриш ва ширкдан қайтаришни жамлашлик шарт эканига далолат қилади. Тавҳидга буюришга чекланиб, ширкдан қайтармайдиган кимса талаб қилинган ишни адо этмабди. Чунки бу бирор нарсани рўёбга чиқармайди. Бу эса Қуръонда кўп. Тавҳидга буйруқнинг ёнида доим ширкдан қайтарув мавжуд. Аллоҳ таоло деди:
“Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғут-(шайтон)дан йироқ бўлинглар”. (Наҳл: 36). Бу буйруқ ва қайтариқ.
“Бас, ким тоғут-(шайтон)дан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса”. (Бақара: 256). Бу ўринда тоғутга куфр келтириш ва Аллоҳга иймон келтириш (зикр қилинди). Аллоҳга иймон келтириш етарли эмас. Балки тоғутга куфр келтиришдан ўзга чора йўқ. Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига шундай деган:
“Аллоҳга бандалик қилинглар ва Унга ҳеч нарсани шерик қилманглар”. (Нисо: 36).
“Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга бирон ҳақ Илоҳ йўқдир”. (Аъроф: 59). Демак, икки иш ўртасини, тавҳидга буюриш ва ширкдан қайтариш орасини жамлашлик шарт.
Бешинчи масала: Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) ёдга олган, кўпчилик одамларнинг тилида айланадиган ушбу лафзлар ширк жумласидандир. Бироқ у кичик ширк. Лафздаги ширк деб ҳам аталади. Гарчи уни қалбида қасд қилмаган бўлса-да. Ҳамда у тенгдош исбот қилишликдандир.
Олтинчи масала: Салафлар катта ширк ҳақида нозил бўлган оятларни кичик ширкка далил қилиб келтирардилар. Чунки Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) бу оятни шунга далил сифатида зикр қилдилар. Сабаби, кичик ширк катта ширкка олиб боради. Оятда ширкнинг лафз, ният ва феъл билан (бўладиган) барча жиҳатларидан узоқлашиш(га буюрилди).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимда-ким Аллоҳдан ўзгаси ила онт ичса, дарҳақиқат, куфр ёки ширк келтирибди”. Термизий ривоят қилиб, “Ҳасан” даражасида деди. Ҳоким саҳиҳ деди. (Тоялисий (1896), Аҳмад (2/34, 86), Абу Довуд (3/570), Термизий (5/253), Ибн Ҳиббон (1177), Ҳоким (1/18), (4/297)да икки шайх шартига кўра саҳиҳ деди ва Заҳабий унга иқрор бўлди, Байҳақий (10/29)).
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) шундай деди: “Мен учун ёлғончи бўлган ҳолимда Аллоҳ ила онт ичишим ростгўй бўлган ҳолимда Ундан ўзгаси билан онт ичишимдан кўра суюклироқдир”. (Абдурраззоқ (8/469), Табароний “Кабир” (8902), Мунзирий “Тарғиб” (3/607), Ҳайсамий “Мажмаъ Аз-Заваид” (4/177)).
“Кимда-ким Аллоҳдан ўзгаси ила онт ичса…”. Яъни, Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичса. Пайғамбарга қасам, омонатга қасам ёки ҳаётинга қасамки, шундай-шундай қилмадим, дейиши каби ёки шунга ўхшаш махлуқ билан қасам ичишлар.
Онт ва қасам ичишлик – улуғланадиган нарсани ёдга олиш билан ўзига хос тарзда бирор нарсани таъкидлашликдир.
У, қасам ичилинаётган нарсани улуғлашлик демакдир. Улуғлашлик эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлади. Махлуқ фақат Аллоҳ ёки Аллоҳ азза ва жалланинг сифатларидан бири билан қасам ичади.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога келсак, У Ўзи хоҳлаган махлуқоти билан қасам ичади. Махлуқ эса фақат Аллоҳ билан қасам ичади. Унга ким бўлишидан қатъий назар У Зотдан ўзгаси билан онт ичиши жоиз эмас. На пайғамбар, на фаришта, на солиҳлар ва на каъба билан. Фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билангина қасам ичади.
Ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Кимда-ким Аллоҳдан ўзгаси ила онт ичса…”. Ким бўлишидан қатъий назар. Фаришта, пайғамбар, авлиё, муқаддас қадамжолар ёки булардан бошқаси бўлсин.
“Дарҳақиқат, куфр ёки ширк келтирибди”. Бу ё ровий томонидан Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куфр келтирибди, дедиларми ёки ширк келтирибди, дедиларми дея шак қилиш-(иккиланиш)ликдир. Ё “Ёки” (сўзи) “Ва” маъносида. Чунки “Ёки” араб тилида гоҳида “Ва” маъносида келади. Шунда маъно:
“Дарҳақиқат, куфр ва ширк келтирибди” бўлади. Яъни, куфр ва ширкни жам қилибди. Чунки ширк ва куфр ўртасида умумий ва хос (жиҳатлардан боғлиқликлар бор). Ҳар бир мушрик кофир. Ҳар бир кофир эса мушрик бўлмайди.
Гоҳида шу ўринда савол тушади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қавллари каби баъзи ҳадисларда Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичиш ворид бўлган:
“Отасига қасамки, агар ростгўй бўлса нажот топибди”. (Бухорий (46), Муслим (11), Насоий (5028), Абу Довуд (3252), Аҳмад (1/162), Молик (425) ва Доримий (1578)). Ҳолбуки у киши (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу қавллари мавжуд:
“Кимда-ким Аллоҳдан ўзгаси ила онт ичса, дарҳақиқат, куфр ёки ширк келтирибди”. (Бунга) қандай жавоб берилади?
Уламолар бунга икки жавоб билан жавоб беришган:
Биринчи жавоб: Бу ва шунга ўхшашлардан қасам қасд қилинмаган. Балки у, қасамни қасд қилмай тилларда юрадиган сўз.
Иккинчи жавоб: Бу, қайтарувдан олдин бўлган. Бошида Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичиш жоиз бўлган. Шундан кейин Аллоҳдан ўзгаси билан онт ичишдан қайтарилган.
“Отасига қасамки, … нажот топибди”, қавллари ва шунга ўхшашлар Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичишдан қайтарув ила нахс қилинган-(бекор қилинган). Ана шу (қавл) шарҳда рожиҳ деб билганларидир.
Ҳадисдан сарлавҳага шоҳид ўрни шуки, Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичиш ўзгаларни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога тенглаштириш жумласидандир. Чунки тенгдошнинг мисоли: ўхшаш. Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичадиган кимса қасам ичилаётган нарсани Аллоҳга тенглаштирибди ва У субҳанаҳу ва таолога ўхшатибди.
“Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) шундай деди: “Мен учун ёлғончи бўлган ҳолимда Аллоҳ ила онт ичишим ростгўй бўлган ҳолимда Ундан ўзгаси билан онт ичишимдан кўра суюклироқдир”. Ёлғон ҳаром ва гуноҳи кабиралардан бири. Бироқ у Аллоҳдан ўзгаси билан онт ичишдан енгилроқ. Чунки Аллоҳдан ўзгаси билан қасам ичиш ширк. Аллоҳга ёлғон қасам ичиш эса ҳаром ва маъсият. Бироқ у ширкдан қуйи. Чунки ширк гуноҳи кабираларнинг энг каттаси. Ёлғоннинг гуноҳи ширкнинг гуноҳидан енгилроқ.
Шайхул Ислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ шундай дедилар:
“Чунки Аллоҳ билан ёлғон қасам ичишликда тавҳид мавжуд. Аллоҳдан ўзгаси билан рост қасам ичишликда эса ширк мавжуд. Тавҳиднинг ҳасаноти ростгўйликнинг ҳасанотидан улканроқдир”. Ширнинг гуноҳи ёлғоннинг гуноҳидан оғирроқ.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Аллоҳ ва фалончи хоҳласа, деб айтманглар! Балки: Аллоҳ сўнг эса фалончи хоҳласа, денглар!”. Абу Довуд саҳиҳ санад ила ривоят қилди. (Аҳмад (5/384, 394, 398), Абу Довуд (5/259), Тоялисий (430), Насоий (991)).
Иброҳим Ан-Нахаъийдан шундай нақл қилинади: “Аллоҳдан ва сендан паноҳ сўрайман, (дейишлик) макруҳдир. Аллоҳдан сўнг эса сендан паноҳ сўрайман, дейишлик жоиздир”. Айтдиларки: “Агар Аллоҳ сўнг эса фалончи бўлмаганида..., деб айтади. Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида..., деб айтманглар”.
“Аллоҳ ва фалончи хоҳласа, деб айтманглар! Балки: Аллоҳ сўнг эса фалончи хоҳласа, денглар!”. Бу, Расул соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан “Аллоҳ ва фалончи хоҳласа”, деган сўз билан Аллоҳ ва махлуқ ўртасини хоҳиш-(ирода)да жамлашликдан қайтарувдир. Чунки “Ва” мутлақ жамлаш ва шерик қилиш учун (қўлланилади). Гўёки сиз хоҳиш-(ирода)ни Аллоҳдан ва махлуқдан содир бўлган дедингиз. Бу эса лафздаги ширк. Иборани тўғирлангани эса бундай дейилмоқлигидир: “Аллоҳ сўнг фалончи хоҳласа”.
Бу ўринда икки масала бор:
Биринчи масала: Махлуқнинг хоҳишини Холиқнинг хоҳишига “Ва” билан атф қилиш-(боғлаш)дан қайтарув. Ҳамда уни “Сўнг” билан боғлашликнинг жоиз экани. Фарқи шуки, “Ва” шерик қилишни тақозо этади. “Сўнг” эса тартиб ва кетма-кетликни талаб этади. Шунда махлуқнинг хоҳишини Холиқнинг хоҳишидан кейинга қўйган бўласиз.
Иккинчи масала: Ҳадисда, махлуқ ўз хоҳишига эга эмас. Балки у мажбурланган. У ўз ихтиёри ва иродасига эга эмас, деб айтадиган жабарийларга раддия ўлароқ махлуққа хоҳиш исбот қилишликка далил бор. У (жабария) ботил йўл. Махлуқ ўз хоҳишига эга. Бироқ у (хоҳиш) Аллоҳнинг хоҳишидан кейин. Аллоҳ таоло деди:
“(Эй инсонлар), сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина (У зот томонга йўл тутишни) хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир”. (Инсон: 30).
“Сизларнинг орангиздаги Тўғри йўлда бўлмоқни хохлаган кишилар учун бир эслатмадир. Сизлар фақат бутун оламлар Парвардигори бўлмиш Аллоҳ хохласагина (Тўғри йўлда бўлишни) хохларсизлар”. (Таквир: 28-29). У субҳанаҳу ва таоло махлуққа хоҳиш-(ирода) исбот қилди. Ҳамда уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳишидан кейинга қўйди. Махлуқнинг хоҳиши Холиқ субҳанаҳу ва таолонинг хоҳишидан кейин туради.
Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)нинг ҳадисларидаги учинчи масала: Ким бир нарсадан маън қилса, унинг ўрнини тўғри босувчи нарсани зикр қилади. Агар ўрнини босувчи нарса бўлса. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу иборадан маън қилганларида унинг ўрнини тўғри босувчи нарсани зикр қилдилар. У ҳам бўлса: “Аллоҳ сўнг фалончи хоҳласа”, қавлидир.
“Иброҳим Ан-Нахаъийдан шундай нақл қилинади: “Аллоҳдан ва сендан паноҳ сўрайман, (дейишлик) макруҳдир”. Паноҳ сўрашлик ибодат турларидан бири бўлиб, уни Аллоҳ субҳанаҳу ва таологагина сарф қилишлик жоиз бўлади. “Аллоҳдан ва сендан паноҳ сўрайман”, дейишингиз жоиз эмас. Чунки сиз шундай десангиз, Холиқ билан махлуқни шерик қилиб қўясиз. Уларнинг ҳар иккисига таянасиз. Бу эса ширк. Иборани тўғрилангани эса бундай деб айтишингиздир: “Аллоҳдан сўнг эса сендан паноҳ сўрайман”. “Сўнг” деб айтасиз. “Сўнг” билан “Ва” орасидаги фарқ шуки, “Сўнг” махлуққа таянишликни Холиқ субҳанаҳу ва таолога таянишликдан кейинга қўяди. Махлуққа, қодир бўлган ишларида таянилади. Бирор шахсга бориб, ундан сизни душманингиздан тўсишини талаб қиласиз. Агар ушбу шахс душманингиздан тўсишга қодир бўладиган тирик бўлса. Мутлақ паноҳ сўрашликка келсак, батаҳқиқ, у фақат Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун бўлади. Ўликдан паноҳ сўраш мутлақо жоиз эмас.
“Агар Аллоҳ сўнг эса фалончи бўлмаганида..., деб айтади. Агар Аллоҳ ва фалончи бўлмаганида..., деб айтманглар”. Бу, юқорида шарҳланди.
Бу, одамларга ақида масалаларини, ақидага нима путур етказиши ва нима ноқис қилишини таълим бериш вожиб эканига далолат қилади. Чунки ҳозирда аксар одамлар, Аллоҳ хоҳлагани мустасно, ақидани таълим бериш ва уни таълим олишдан юз ўгирган. Унга аҳамият бермайдилар ва унга даъват қилмайдилар, Аллоҳ хоҳлаганлар мустасно. Кўпчилик, агар ақидага шикаст етса бирор фойда бермайдиган ён-(чекка) ишларни диққат марказларида тутадилар. Ҳатто улар ўнглашни истаётган ушбу ён-(чекка)даги хатолар тўғри бўлса, агар ўнгланса ва тўғри бўлса, ақидани ўнгламай туриб улардан фойда йўқ. Ақида – асос. Авваламбор уни таълим олишимиз, унга даъват қилишимиз, муомала, одоб ва ахлоқлардаги хатоларни тўғирлашдан олдин бу борадаги хатоларни тўғирлашимиз вожиб бўлади.
Ушбу ишларнинг одамлар орасида тарқалишига сабаб тавҳидни дарс бериш, ақидани шарҳлаш ҳамда муҳозара, анжуман, матбуот ва ойномаларда унга оз даъват қилингани учундир. Натижада одамларнинг ақидаларини барбод қилишни хоҳлайдиган инс ва жиндан иборат шайтонлар сабабли ушбу ишлар кенг тарқалди. Ақида бобига аҳамият қаратиш ва уни тўғирлашлик энг муҳим вазифалардандир:
“Бас, (эй Муҳаммад), ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!”. (Муҳаммад: 19). Амал қилиш ва истиғфор айтишдан олдин
“Ҳеч қандай ҳақ илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор”. (Муҳаммад: 19)нинг маъносини билишдан бошлади. Чунки у, дин ишларининг бари унинг устига қуриладиган асос-(пойдевор)дир.