14-боб:
Аллоҳдан ўзгасига ўтиниб ёлбориш ва Ундан ўзгасига дуо қилишлик ширкдан эканлиги ҳақидаги боб
Ушбу боб турли аср ва замонларда айрим одамлар қўл ураётган ширк турларини баён қилаётган боблар оқимида келди.
“Ширкдан эканлиги”, яъни, Аллоҳгина қодир бўладиган нарсаларда Ундан ўзгасига ўтиниб ёлборишлик катта ширк турларидандир.
“الإستغاثة” (ал-Истиғоса) Ўтиниб ёлборишлик – ёрдам талаб қилишлик бўлиб, бу фақат оғир дамларда бўлади.
Дуога келсак, у оғир ва бошқа вақтларда умумий бўлиб, дуони ўтиниб ёлборишликка боғлашлик умумни хосга боғлашликдандир.
Махлуққа ўтиниб ёлборишлик икки қисм:
Биринчи қисми: Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина қодир бўладиган нарсаларда махлуққа ўтиниб ёлборишлик. Бу катта ширк. Чунки у ибодатни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзгасига сарф этишликдир.
Инсон урушда душманига қарши унга кўмак ва ёрдам бериши учун ўзгасига ўтиниб ёлбориши каби махлуқнинг қудрати етадиган нарсаларда махлуққа ўтиниб ёлборишликка келсак, бу жоиздир. Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ҳақларида айтгани каби:
“(Бас Мусонинг) гуруҳидан бўлган киши ундан душман томондан бўлган кимсага қарши ёрдам сўради”. (Қасос: 15). Ўлик ва ғоибларга ўтиниб ёлбориш каби қудрати етмаган нарсада махлуққа ўтиниб ёлборишлик эса катта ширкдир. Чунки у ҳеч қачон бирор нарсага қодир бўлмайдиганларга ўтиниб ёлборяпти. Сағана, авлиё, солиҳ зотлар, ўликларга ўтиниб ёлбораётган ёки жин ёҳуд шайтонлардан иборат ғоибларга ўтиниб ёлбораётган, буларнинг бари маън қилинганлар туридандир.
Дуога тўхталадиган бўлсак, у юқорида ўтганидек ўтиниб ёлборишликдан умумийроқдир. У (дуо) икки турли: ибодат ва сўров дуоси.
Ибодат дуоси: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Унинг исм ва сифатлари билан олқиш айтишлик.
Сўров дуоси эса: Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ҳожат-(истак)ларни талаб қилишликдир.
Фотиҳа сурасида ушбу икки тур жамланади. Аллоҳ таолонинг ушбу қовли:
“Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси Аллоҳ учундир”. (Фотиҳа: 2). Бу ибодат дуоси. Чунки у Аллоҳга ҳамду-сано айтишликдир. Ушбу қовли:
“Меҳрибон ва Раҳмли”. (Фотиҳа: 3). Ибодат дуоси.
“Жазо (қиёмат) кунининг Эгаси — Подшоҳи”. (Фотиҳа: 4). Ибодат дуоси.
“Сенгагина ибодат қиламиз”. (Фотиҳа: 5). Ибодат дуоси.
“Ва Сендангина мадад сўраймиз”. (Фотиҳа: 5). Суранинг охиригача сўров дуосидир.
Шунинг учун Аллоҳ жалла ва аъла ҳадис қудсийда айтадики: Намоз-(дуо)ни Ўзим ва бандам ўртасида икки қисмга бўлдим. Яъни, Фотиҳани. У Зот Фотиҳани намоз деб атади. Чунки у дуодир. Чунки унинг аввали Аллоҳга ибодат дуоси, охири эса сўроб дуосидир. Ибодат ва сўров дуоси ўртасидаги алоқа шуки, ибодат дуоси сўров дуосини ўз ичига олган.
“Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси, Меҳрибон ва Раҳмли, жазо (қиёмат) кунининг Эгаси — Подшоҳи бўлмиш Аллоҳ учундир”. (Фотиҳа: 2-3-4)-деган вақтда бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан сўраётганини ўз ичига олади. Сўров дуоси ибодат дуосини ўз ичига олади. Яъни, ибодат дуоси сўров дуоси остига дохилдир. Аллоҳдан ўз ҳожатларини сўраётган киши, ушбу сўрашлик билан у Аллоҳга ибодат қилишлигини ўз ичига олади.
Аллоҳ таолонинг ушбу қовли: “Ва Аллоҳни куйиб, сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг! Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!”. (Юнус/106).
Ундан кейинги оят:
“Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У мағфиратли, меҳрибондир”. (Юнус: 107). Юнус сурасининг охирги икки ояти.
Аллоҳ жалла ва аъла пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деяпти: илтижо қилманг!. Бу Аллоҳ томонидан пайғамбарига Ундан ўзгасига дуо-илтижо қилишдан қайтарув бўлиб, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга йўналтирилган ушбу хитоб у кишининг умматларига ҳам йўналтирилган. Далил ушбуни у кишига хос эканига далолат қилиши бундан мустасно. Ушбу нидо пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг умматларига умумийдир. Чунки пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ишдан қайтарилган эканлар, у кишидан бошқаси авлороқ бобдандир.
“Ва Аллоҳни қўйиб,...”. (Юнус: 106). Яъни, Аллоҳдан ўзгасига.
“Сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага илтижо қилманг!”. (Юнус: 106). Чунки дуо қилинаётгандан ё яхшиликни жалб қилишлик ёки зарарни даф қилишлик талаб қилинади. Бу эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога хосдир. Чунки зарарни даф қилишлик ва яхшиликни жалб қилишликка қодир бўлган Зот Удир. Ўлик, қабр эгалари, санам, бут, дарахт ва тошларга дуо қилишлик эса яхшиликни жалб қилмайди ва зиённи даф қилмайди. Аллоҳдан ўзга дуо қилинаётганларнинг бари ана шу ўриндадир. Фойда ҳам, зарар ҳам беролмайди. Чунки у ё ҳаракатсиз-(ўлик) тош ёки сурат ва ҳайкал ёҳуд бузилган қабр ёкида дарахт ва бундан бошқалар бўлиб, улар фойдани жалб қилиш ва зарарни даф қилишга қудрати етмайдиган махлуқотлардир. Дуо эса ушбуга қодир бўлган Зотга йўналтирилишга ярайди. У эса Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодир.
“Бас, агар шундай қилсангиз”. (Юнус: 106). Яъни, сизга на фойда ва на зарар етказмайдиган нарсалар бўлмиш Аллоҳдан ўзгасига дуо-(илтижо) қилсангиз... Бу фараз қилиш бобидан бўлиб, аслида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай қилишлари маҳолдир. Бироқ фараз қилсакки, у киши шундай қилсалар -ҳолбуки у киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам халқларнинг энг мукаррами- батаҳқиқ, у киши золимлардан бўлиб қоладилар. Энди у кишидан бошқа Аллоҳдан ўзгасига дуо қиладиганлар ҳақида нима дейиш мумиин? Бу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлига ўхшашдир.
“Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилардан бўлиб қолурсан!”. (Зумар: 65). Яъни, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишидан бошқа ўтган пайғамбарларга шундай ваҳий қилинганки, агар улардан бири Аллоҳдан ўзгасига дуо қилса ва ширк келтирса дея фараз қилинадиган бўлса -улар бундан йироқ зотлардир алайҳимуссалоту вассалам- амали ҳабата бўлиб, зиёнкорлардан бўлиб қолади. Гарчи пайғамбарлардан бўлсада. Энди улардан бошқалар ҳақида нима дейсиз? Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Иброҳим алайҳиссалом ва у кишининг зурриётларини зикр қилганда шундай деди:
“Унинг зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳорунни (ҳам ҳидоят қилдик). Чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни (ҳам ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Исмоил, ал-Ясаъ (Юшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни (ҳам ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик”. (Анъом: 84-86). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу оятларда пайғамбарларини ёд этгач шундай деди:
“Агар улар мушрик бўлганларида килган амаллари беҳуда кетган бўлур эди”. (Анъом: 88). Агар ушбу пайғамбарлар ширк келтирса, албатта, қилган амаллари беҳуда кетган бўларди. Яъни, барча амаллари ботил бўларди. Бу эса ширк амалларни беҳуда кетказувчи эканига далолат қилади. Гарчи халқларнинг яхшиси бўлмиш пайғамбарлардан содир бўлсада. Энди улардан қуйи бўлганлардан содир бўлса қандай бўларкин? У миллатдан чиқиб, жамийки амаллари беҳуда бўлади. Демак, дуо ибодатдир. Балки у ибодат турларининг энг улканларидандир. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Дуо – ибодатдир”. (Термизий (2969), Ибн Можжа (3838)). Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларидек:
“Ҳаж – Арафадир”. (Термизий (889), Насоий (3044), Абу Довуд (1949), Ибн Можжа (3015), Аҳмад (4/335) ва Доримий (1887)). Яъни, ҳаж рукнларининг энг каттаси Арафадир. Шунингдек, ибодат турларининг энг улкани дуодир.
Сўнг субҳанаҳу ва таоло шундай деди:
“Бас, агар шундай қилсангиз у ҳолда албатта золимлардандирсиз!”. (Юнус: 106). Яъни, мушриклардан. Чунки ширк зулм турларининг энг каттасидир. Аллоҳ таоло айтганидек:
“Чунки ширк келтириш катта зулмдир”. (Луқмон: 13). Зулм аслида: бир нарсани ўзга бир ўринга қўйишдир. Ширк эса ибодатни мустаҳиқ-(лойиқ) бўлмаган ўринга қўйишлик. Шунинг учун зулм турларининг энг улканига айланди.
“Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур”. (Юнус/107).
“Агар Аллоҳ сизга бирон зиён етказса,...”. (Юнус: 107). Бу Аллоҳдан ўзгасига дуо қилишни ботилга чиқаришликни қарор топтиришдир.
“Уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг фазлу марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир”. (Юнус: 107). Бу ҳам Аллоҳдан ўзгасига дуо қилишни ботилга чиқаришликдир. Чунки ушбу дуо қилинаётганлар на зиённи кетказиш ва на яхшиликни жалб қилишга қудрати етади. Бу Аллоҳ таолонинг ушбу қовлидагидекдир:
“(Эй Муҳаммад, мушрикларга) айтинг: «(Аллоҳдан) ўзга (илоҳ) деб гумон қилган кимсаларингизни чорланглар! Улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар”. (Исро: 56).
“Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Аллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз – агар Аллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса, ўша (бутлар) У зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Аллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У зотнинг марҳаматини ушлаб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Аллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи – суянгувчи зотлар ёлғиз Унга таваккул қилурлар»”. (Зумар: 38). Аллоҳ таолонинг ушбу қовли:
“Аллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас уни ушлаб-тўсиб қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб қолса, бас У зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У қудрат ва ҳикмат эгасидир”. (Фотир: 2). Ва у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу қовлларида ворид бўлганидек:
“Билгилки, агар одамлар сенга бирор фойда етказишлик учун йиғилсалар, Аллоҳ сенга ёзган фойданигина етказадилар. Агар сенга бирор зиён етказиш учун тўплансалар, Аллоҳ сенга ёзган зиённигина етказадилар. Қаламлар кўтарилган, саҳифалар қуриган”. (Термизий (2516), Аҳмад (1/308)).
Фойда ва зарар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодандир. Демак, яхшиликни талаб қилиш ва ёмонликни кўтариш ва зиённи кетказиш учун дуо қилишга лойиқ Зот Удир. Ушбу нарсаларга Молик бўлган Зот У бўлиб, жамийки махлуқотлар унга эга эмас. Шунингдек, Анъом сурасида:
“Агар Аллоҳ сизни (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сизни бирон яхшилик билан ушласа, бас, билингки, У ҳамма нарсага қодирдир”. (Анъом: 17). Фойда ва зарар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қўлида бўлиб, бандалар Аллоҳга юзланишлари, ёлғиз Аллоҳга дуо қилиб, У субҳанаҳу ва таоло билан бирга ўзгасига дуо қилмасликлари вожиб бўлади.
Ва ушбу қовли: “Бас (шундай экан) сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар”. (Анкабут/17).
Оятнинг тугалланиши:
“Аниқки сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу-рўз беришга қодир эмаслар. Бас (шундай экан) сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан) сизлар Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут: 17). Бу Аллоҳ таоло Ўзининг Халили-(дўсти) Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида, ўз қавмларига хитоб қилганларидан иборат зикр қилганлари жумласидандир. Аллоҳ таоло деди:
“Иброҳимни (эсланг) - у ўз қавмига деган эди: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва Ундан қўрқинглар! Агар билгувчи бўлсангизлар мана шу сизлар учун яхшироқдир. Сизлар Аллоҳни қўйиб фақат бутларга ибодат қилмоқдасизлар ва (уларни «илоҳлар» деб) ёлғон тўқимоқдасизлар. Аниқки сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу-рўз беришга қодир эмаслар. Бас (шундай экан) сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар ва Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан) сизлар Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут: 16-17).
Аллоҳ субҳанаҳунинг ушбу қовли эса:
“Аниқки сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу-рўз беришга қодир эмаслар”. (Анкабут: 17). Чунки ризқ Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан бўлиб, У Раззоқдир:
“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир”. (Зориёт: 56-58).
“Агар (Раҳмон) Ўз ризқини ушлаб-тўхтатиб қўйса сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!”. (Мулк: 21). Агар Аллоҳ осмондан ризқ сабаби бўлмиш ёмғирни тўсиб қўйса ва одамларнинг бари ёмғирни йўқдан бор қилиш учун жамланса, ҳаргиз (бунга) қодир бўлмайдилар.
“Бас (шундай экан) сизлар ризқни (ёлғиз) Аллоҳ даргоҳидан истанглар”. (Анкабут: 17). Яъни, ризқни Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан талаб қилинглар. Албатта Аллоҳ У Зотга дуо қилган кишига яқин ва уни ижобат қилувчидир. Ризқни бирор нарсага эга бўлмаган бутлардан талаб қилманглар.
“Унгагина ибодат қилинглар, Унгагина шукр қилинглар, (зотан) сизлар Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут: 17). Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан бандаларини ризқни Ундан ўзгасидан талаб қилмасликлари, Унга ибодат қилиб, ўзгасига ибодат қилмасликларига йўлланмадир. Чунки улар У Зотга ибодат қилсалар, У уларга ризқу-рўз беради. Аллоҳ таоло айтганидек:
“Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан бирон ризқ истамасман ва улар Мени таомлантиришини истамасман. Зеро Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз бергувчи”. (Зориёт: 56-58). Демак, ризқ Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога ибодат қилиш билан жалб қилинади. Маъсиятларга келсак, батаҳқиқ, у ризқ тўсилишига сабаб бўлади. Ер юзида ҳосил бўлаётган яхшилик ва ризқу-рўз сабаби тоат ва ибодатдир. Аста-секин ҳалокатга бошлаш нуқтаи назаридан бўлиши бундан мустасно.
Ушбу оят ўзидан олдингиси каби бўлиб, унда дуо, ҳожат-(истак)ларни талаб қилиш, бало-мусибатларни кетказиш ва ризқ талаб қилишлик билан Аллоҳ субҳанаҳуга юзланишликнинг вожиб экани ҳамда Ундан ўзгаси ризққа эга эмаслиги уқтириляпти.
“Аниқки сизлар Аллоҳни қўйиб ибодат қилаётган нарсалар сизларга ризқу-рўз беришга қодир эмаслар”. (Анкабут: 17). Ахир қандай қилиб ризқ унга молик бўлмагандан талаб қилинади?! Ўзидан йўқ ўзгага беролмайди.
“(Зотан) сизлар Унгагина қайтарилурсизлар”. (Анкабут: 17). Ўлимдан кейин охират диёрида. Шунда У Зот сизларни амалларингизга қараб жазо-(мукофот)лайди.
Бу эса жазо-(мукофот) диёри бор экани ҳамда яхши амаллар қилсангиз яқинда гўзал мукофотга йўлиқишингиз ва агар ёмон амаллар қилсангиз яқинда ёмон жазога йўлиқишингиз, сизлар аҳамиятсиз, зое қилинган ва ташлаб қўйилган эмаслигингизга огоҳлантирувдир. Ҳисоб мавқифида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан ваъдалашилган ўринда бўлишингиз муқаррардир. Шундай экан ўлимдан олдин ўзингизни ўзгартиринг, Аллоҳга юзланинг, ибодатни У Зот учун холис қилиб, амалларни ўнгланглар. Чунки сизлар Аллоҳга қайтарилажаксиз. Ушбу ваъдалашилган ўриндан бирор киши қолиб кетмайди, на кофир ва на мусулмон.
Ва ушбу қовли: “Аллоҳни қўйиб, Қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!”. (Аҳқоф/5).
Оятнинг тугалланиши:
“Ҳолбуки у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан ғофилдирлар! (Қиёмат кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар!”. (Аҳқоф: 5-6). Ҳамда Аҳқоф сурасининг охиригача бўлган оятлар.
Аллоҳдан ўзга
“Қиёмат кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган”. (Аҳқоф: )-га дуо қилаётган кимсаданда қаттиқ йўлдан озган бирор киши йўқ. Санамлар бирор кун бўлсада бирор кишига ижобат қилдими? Қабр бирор кун бўлсада кимгадур ижобат қилдими? Аллоҳни қўйиб ибодат қилинаётган дарахт бирор кишига ижобат қилдими? Ҳеч қачон. Агар мушрикнинг мақсади ҳосил бўлди деб фараз қилсакда, бу Аллоҳни қўйиб ибодат қилинаётган нарса томонидан эмас. Балки у Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан унга имтиҳон ва секит-аста ҳалок қилиш учун жорий қилганики, ҳатто ушбу (ҳосил бўлган мақсадни) қабрдан деб ўйлайди. Натижада ширкда бардавом бўлади, Аллоҳ сақласин.
Дарҳақиқат, Шайхул Ислом рисолаларининг бирида -ёки росилаларининг кўплаб ўрнида- қабрларга ибодат қилувчилар учун ҳосил бўлаётган ҳожат-(истак)ларни ўталиши маслакларининг тўғри эканига далолат қилмайди. Чунки мақсаднинг ҳосил бўлиши Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан синов ва имтиҳон ҳамда аста-секин ҳалок қилишлик учун бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек:
“Бас, (эй Муҳаммад), сиз ушбу Сўзни – Қуръонни ёлғон дейдиган кимсаларни Менга қўйиб беринг! Яқинда Биз уларни ўзлари билмайдиган – сезмайдиган томондан аста-секин (ҳалокатга дучор қилажакмиз)!”. (Қалам: 44).
“Куфр йўлини тутган кимсалар уларга берган мухлатимизни зинҳор ўзлари учун яхшилик деб ҳисобламасинлар! Балки биз уларга фақат гунохларини зиёда қилишлари учунгина мухлат берамиз”. (Оли Имрон: 178). Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу кофир ва мушрик қиёмат куни азобланиши учун гуноҳларни зиёда қилсин дея муҳлат беради ва секин-аста ҳалок қилади. Бу унинг тўғри-салоҳиятли экани учун эмас. Агар қабрларга сиғинадиганлар учун мақсадларидан бирор нарса ҳосил бўлса, бу Аллоҳнинг уларни хор қилиши ва секин-аста ҳалок қилишидандир, деган маънодаги жумлаларни зикр қилганлар.
Шайх яна шайтонлар гоҳида қабрда ётган кишининг суратига кириши ва қабрга ибодат қилаётган кимсалар олдига ушбу қабрда ётган киши суратида чиқиб, уларга хитоб қилиши, биз ҳожат-(истак)ларингни ўтаймиз дейиши мумкинлигини зикр қилганлар. Шайтон гоҳида улар олдига олисдаги нарсаларни олиб келади, гоҳида одамларнинг молларидан бир қанча нарсаларни ўғирлаб, уларга олиб келади. Улар эса бу маййит томонидан (бўлди) деб ўйлайдилар. Маййит ушбу ишлардан бирортасини билмайди. Маййит ўзи билан машғул, қабрида ё неъматда ёки азобда.
Одамлар қиёмат куни йиғилиб, ўша мушрик ва ўликлар қайта тирилганда, уларга ибодат қилган кимсага душман бўладилар ва энг муҳтож бўлиб турганларида дунёда уларга ибодат қилган анави кимсалардан пок-(безор) эканликларини эълон қиладилар. Аллоҳ таоло айтганидек:
“У кунда пешволар эргашувчилардан тонадилар ва ҳаммалари азобни (кўзлари билан) кўрадилар. (У кунда уларни боғлаб турадиган) баҳонаю сабаблар узилади”. (Бақара: 166).
“(Эсланг, Аллоҳ) уларнинг (яъни мушрикларнинг) барчаларини тўплаб, сўнгра фаришталарга «Ана у (мушриклар) сизларга ибодат қилгувчи бўлганмидилар?» дейилган кунда. (Фаришталар): «Пок Парвардигор, Сен Ўзинг бизларнинг дўстимиздирсан, улар эмас. Йўқ, улар жинларга ибодат-итоат қилар эдилар. Уларнинг кўплари (жинларга) иймон келтиргувчидирлар», дерлар”. (Сабаъ: 40-41). Яъни, шайтонларга. Чунки уларни ушбу нарсага чорлаган шайтонлардир. Улар эса ижобат қилдилар. Улар фаришталарга эмас, балки уларни шу ишга буюрган шайтонларга ибодат қилдилар. Хулоса шуки, қиёмат куни Аллоҳдан ўзга ибодат қилинган ҳар бир нарса-(шахс, жисм) ўзига ибодат қилганлардан пок-(безор) эканини эълон қилади ва ўрталарида, дуо қилувчилар билан дуо қилинганлар ўртасида адоват юз беради.
Ва яна ушбу қовли: “Ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ...”. (Намл/62).
Бу Аллоҳ таоло томонидан мушрикларга савол йўллашлик бўлиб, У Зот: сизлар Аллоҳ азза ва жаллага фаровонлик ҳолатида ширк келтирасизлар. Бироқ оғир ва музтар ҳолатга тушиб қолсангиз Аллоҳга, У Зот учун динни холис қилган ҳолда дуо қиласизлар ва У сизларни қутқаради. Ахир нима учун Унга фаровонлик ҳолатида ширк келтирасизлар?-деяпти. Аллоҳ таоло айтганидек:
“Қачон денгизда сизларга бирон мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. Энди қачонқи, У зот сизларга нажот бериб қуруқликка чиқариб қўйгач, сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир”. (Исро: 67). Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтяптики: сизларни оғир дамлардан ўзингиз эътироф этишингизга кўра фақат Аллоҳ қутқарар экан, ахир қандай қилиб фаровонлик ҳолатида Унга ширк келтирасизлар. Бу ахир ўзаро зиддият эмасми?
“Ва (унинг) мушкулини осон қиладиган”. (Намл: 62). Яъни, Ундан ўзга мушкулни осон қиладиган бирортаси йўқ. Мушриклар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан ўзга мушкулни осон қиладиган бирортаси йўқ эканини эътироф этардилар. Унда нима учун Ундан ўзгасига ибодат қилдилар?.
Оятнинг тугалланиши:
“Ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар!”. (Намл: 62). Одамлар ўртасида дунёни навбатма-навбат алиштириб турган, бойлик ва камбағаллик, иззат ва хорлик ҳамда мулкни одамлар ўртасида алмаштириб турган Зот ким? Аллоҳ таолонинг ушбу қовли эса:
“Ҳамда сизларни ернинг халифа-эгалари қиладиган зотми?!”. (Намл: 62). Мол, кўчмас мулк ва барча нарсада ўзингиздан олдинги авлод ўрнини эгаллайсиз. Бир авлод (бошқа бир) авлод ўрнини босади. Ушбу тадбирни бошқариб турган Зот ким? Ушбу санамларми? Асло ундай эмас. Балки у Аллоҳдир. Улар буни эътироф этадилар.
Сўнг шундай деди:
“Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?!”. (Намл: 62). Ёки ибодатга Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло билан бирга яна бирортаси лойиқми? Бу эса уларнинг йўли бўлмиш Аллоҳдан ўзгасига ибодат қилишлари ботил эканини бўйинларига қўйишдир.
Шунинг учун айтдики:
“Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир!”. (Намл: 63). Яъни, ширкдан пок бўлгандир.
Юқоридаги оятда улкан фойда бор: Аллоҳ таоло дуони ибодат деб атади.
“Ва уларнинг (Аллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар!”. (Аҳқоф: 6). Чунки У Зот оятнинг аввалида шундай деди:
“Дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?!”. (Аҳқоф: 5). Дуо ибодат бўлар экан, бас, уни Аллоҳдан ўзгасига сарф этишлик ширкдир. Бошқа оятда ворид бўлганидек:
“Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман», деди. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар...”. (Ғофир: 60). Яъни, Менга дуо қилишдан. Дуони ибодат деб атади. Дуо ибодат бўлар экан, уни Аллоҳдан ўзгасига сарф этишлик ширкдир.
Табароний ривояти: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида мўминларга озор берадиган бир мунофиқ бор эди. Шунда баъзи (саҳобалар): “Қани биз билан турингларчи, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ушбу мунофиқнинг (таъзирини бериб қўйсинлар дея) ўтиниб ёлборамиз”,-дедилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга ўтиниб ёлборилмайди. Балки Аллоҳ таолодан ўтиниб мадад сўралади”,-дедилар”. (Табароний “Мажмаъ Аз-Заваид” (10/159) Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилди).
“Бир мунофиқ бор эди”. Бу ўринда унинг исми зикр қилинмади. У Абдуллоҳ ибн Убай мунофиқларнинг бошлиғи экани ворид бўлган.
Мунофиқ – нифоқ(дан олинган бўлиб), у яхшиликни намоён қилиб, ёмонликни яширишдир. У икки турли: эътиқодий нифоқ ва амалий нифоқ.
Эътиқодий мунофиқлик катта куфр бўлиб, унинг соҳиби дўзахнинг энг қуйи даражасидадир. Унинг маъноси иймонни зоҳир қилиб, ичида куфрни яширишликдир.
Мунофиқликнинг сабаби шуки, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижрат қилганларидан кейин ислом азиз бўлганда маълум бир кимсалар мусулмонлар билан ҳаёт кечиришни хоҳладилар. Бироқ улар мусулмонлар орасида исломни ошкор қилганларидагина яшашга қодир эдилар. Улар эса исломни хоҳламас ва яхши кўрмасдилар. Шунда мунофиқлик ҳийласига таяндилар. У исломни мусулмонлар билан бирга яшашлик учун ошкор қилиш ва қалб тўрларида эса куфрда қолишликлари эди. Натижада мунофиқлар дея аталдилар. Бу эътиқодий мунофиқликдир.
Амалий мунофиқликнинг маъносига келсак, ақидалари соғлом, ўзлари Аллоҳга иймон келтирган баъзи мусулмонлар бўлиб, бироқ улар мунофиқларнинг айрим сифатлари билан сифатланадилар. Мисол учун: сўзлашганда ёлғон гапириш, аҳд-(битим)ни бузиш, ваъдага хилоф қилиш. У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
“Мунофиқнинг аломати учта: гапирса ёлғон сўзлайди, ваъда берса бузади, омонат топширилса хиёнат қилади”. (Бухорий (33), Муслим (59), Термизий (2631), Насоий (5021) ва Аҳмад (2/357)). Бу амалий мунофиқлик. Унинг соҳибу мўмин. Бироқ унда мунофиқларнинг хислатларидан бири бор. У жуда хатарлидир. Гоҳида ундан тавба қилинмаса катта мунофиқликка олиб боради.
“Мўминларга озор берадиган”. У ўзининг сўзи ва тасарруфотлари билан мусулмонларга тазйиқ ўткизиб, уларни масхара қилиб, айбларини қидирарди. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминларга тил текказиб, хатоларини изларди. Бу эса мусулмонларга озор етказиш мунофиқликдан эканига далолат қилади.
“Шунда баъзи (саҳобалар):...”,-дедилар”. Ушбу сўз айтувчисининг номи зикр қилинмади. Баъзи ривоятларда у киши Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу эканликлари ворид бўлган.
“Қани биз билан турингларчи, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга...ўтиниб ёлборамиз”. Яъни, у кишидан ҳимоя сўраймиз. У киши билан уни биздан тўхтатиб, тийиб қўйишлари учун ҳимояланамиз.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу лафзни инкор этиб, айтдиларки:
“Менга ўтиниб ёлборилмайди. Балки Аллоҳ таолодан ўтиниб мадад сўралади”. Ҳолбуки Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу мунофиқни тўхтатиб қолишга ва мусулмонларни унинг ёмонлигидан қутқаришга қодир эдилар. Албатта шундай эди. Бу жоиз бўлган ёлборишликдир. Чунки у Росул соллаллоҳу алайҳи ва салламга қудратлари етадиган нарсада ёлборишлик. Бироқ Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан одоб сақлаш ва мусулмонларга таълим беришлик нуқтаи назаридан Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан беодоблик бўлган ушбу лафзларни тарк этишга йўлладилар. Гарчи у аслида жоиз бўлсада. Айтдиларки:
“Менга ўтиниб ёлборилмайди”. Бу таълим беришлик ва жоиз бўлган ёлборишликдан маън қилинган ёлборишликка йўл очилиб қолмаслиги учун баҳоналарни тўсишлик бобидандир. Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам жоиз нарсани ножоиз нарсага олиб боришидан қўрққан ҳолда маън қилдилар. Худди қабр олдида намоз ўқиш ва дуо қилишдан маън қилганлари каби. Гарчи намоз ўқувчи ва дуо қилувчи фақат Аллоҳга дуо қилиб, Унинг учунгина намоз ўқисада. Бироқ бу ширк воситаларидан биридир. Шунингдек, бу ўринда ҳам Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам воситаларни тўсиш ва мусулмонларга таълим бериш нуқтаи назаридан бундай нолойиқ лафзлардан йироқ бўлишлари учун ушбу лафзни инкор этдилар.
Демак, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам қодир бўлган нарсаларида ўзларига ёлборишликни инкор қилар эканлар, энди қандай қилиб у кишидан Аллоҳ субҳанаҳу ва таологина қодир бўладиган нарсаларда ўтиниб ёлборилсин? Қандай қилиб ўликларга ўтиниб ёлборилсин. Бу қаттиқ инкор қилинадиган нарсадир.
Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғларида Аллоҳга нисбатан одоб сақлаган ҳолда у кишига жоиз бўлган ёлборишликни маън қилар эканлар, энди у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин қандай ёлборилсин? У кишидан қуйи одамларга қандай ёлборилсин ахир?.
Бу маън қилинган ва ҳаром ишдир. Бу мусанниф роҳимаҳуллоҳнинг ушбу ҳадисдан бобга шоҳид ўлароқ келтирган услубларидир.
Демак, Бусирийнинг сўзига тўхталадиган бўлсак:
Эй махлуқотларнинг энг мукаррами, менга не бўлдики (зарари) кенг тарқалган ҳодисотлар тушганда сиздан ўзгага илтижо қиляпман.
Агар қайта борар вақтимда фазлу-марҳамат ўлароқ қўлимдан тутувчи бўлмасангиз, акс ҳолда эй қадами қоқилган деяверинг.
Батаҳқиқ, дунё ва унинг зарраси сизнинг саховатингиз ҳамда лавҳ(ул маҳфуз) ва қалам илми сизнинг илмингиздандир.
Ахир бу катта ширк эмасми?
Қиёмат куни фақат Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам қутқарадилар, дўзахдан фақат Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб чиқадилар деяпти. Унда Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қайерда?!
Сўнг: албатта, дунё ва охиратнинг бари Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам саховатларидандир. Аллоҳнинг амри ила лавҳул маҳфузда битилган ва қалам илми Росул илмининг баъзиси деяпти. Демак, Росул ғайбни биларканда.
Ушбу қасида -афсуслар бўлсинким- гўзал суратда ва катта ҳарфлар билан босмадан чиқарилиб, атрофга тарқатилиб, ўқитилаяпти. Ҳамда унга Аллоҳ жалла ва аъланинг Китобига қаратилаётган аҳамиятдан кўра кўпроқ аҳамият қаратиляпти. Куч ва қувват фақат Олий, Буюк Аллоҳдадир.
Хулоса шуки, Росул соллаллоҳу алайҳи ва саллам хос саҳобаларига ушбу сўзни инкор қилиб:
“Менга ўтиниб ёлборилмайди”-деган эканлар, бу шу дунёдадир, ҳолбуки у киши уларни ушбу мунофиқдан халос қилишга қодир эдилар. Энди у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламга вафотларидан кейин ўтиниб ёлборишлик қандай бўларкин? У кишидан қуйи авлиё ва солиҳларга ўтиниб ёлборишлик қандай бўларкин? Бу ботил ишдир. Аллоҳгагина ўтиниб ёлборишлик жоиз бўлади. Бу эса ушбу бобга шоҳид ўрнидир:
“Аллоҳдан ўзгасига ўтиниб ёлбориш ва Ундан ўзгасига дуо қилишлик ширкдан эканлиги ҳақидаги боб”. Боғлиқлик очиқ-ойдиндир, барча ҳамду-санолар Аллоҳга хосдир. Буларнинг бари тавҳид дахлсизлиги, ақида мусаффолиги ҳамда гарчи узоқ вақтдан кейин бўлсада ширкка олиб борувчи ҳар бир нарсани маън қилишлик учундир.
Ширк борасида ҳеч қачон енгил ёндашилмайди. Ширкка олиб борувчи йўлларга ҳеч қачон енгил муносабатда бўлинмайди. Нуҳ қавмида нима юз берганини яхши биласизлар. Улар орасида ширк суратларни илиб қўйишлик ва солиҳлар борасида ҳаддан ошишлик сабаб рўй берди. Улар ўз вақтида ширк келтирмагандилар. Бироқ бу кейинчалик ширкка восита бўлди. Ўшалар вафот этгач илм унутилди ёки ўчирилдида ушбу суратларга ибодат қилинди. Демак, воситалар борасида енгил ёндашилар экан, бу ширкка олиб боради. Бизга ширк, унинг восита ва сабабларидан маън қилишлик, ширкий лафзлар ва ширкка олиб борувчи ҳар қандай нарсага йўл қўймаслигимиз вожиб бўлади. Ҳамда ақида ва тавҳид ҳимояси, мусулмонларга залолат, куфр ва илҳоддан хавотир олишлик нуқтаи назаридан шунга ўхшаш ишлардан огоҳ қилишимиз вожиб бўлади. Чунки умматда ушбу ширк ва залолат юз бериши фақат ва фақат одамлар ақида борасида енгил муносабатда бўлиб, уламолар ширкнинг хатарини баён қилиб, унинг сабабларидан огоҳ этишдан сукут сақлаганларида бўлди. Одамларни ширк ва қабрларга ибодат қилаётганларини кўриб, уларни қайтармадилар. Бу уларга чиройли гумон қилганимизда. Улар буни ўзларида инкор қилдилар. Бироқ инкор қилишлик вожиботини адо этмадилар, деймиз. Аммо улар буни жоиз деб билдилар дейдиган бўлсак, бу ширк ва куфрдир. Чунки кимда-ким унга рози бўлса уни қилаётган кимса каби бўлади.
Аллоҳ азза ва жалладан биз учун динимиз ва ақидамизни сақламоғини, бизни Унинг йўлига ҳикмат, гўзал мавъиза ва энг гўзал суратда мужодала қилиш билан даъват қилувчилардан қилмоғини сўраймиз.